ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Тасвирий санъат. Музейлар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.06.2022 й. 308-сон "Узундара" археология ёдгорлигини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.06.2022 й.

N 308




"УЗУНДАРА" АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ВА УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Халқимизнинг қадимий ва бой маданиятини тиклаш, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳудудида жойлашган "Узундара" археология ёдгорлигини муҳофаза қилиш, илмий тадқиқ этиш, кенг тарғиб қилиш, консервациялаш ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда - Маданий мерос агентлиги), Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг:

Бойсун тумани ҳудудида жойлашган "Узундара" археология ёдгорлигини янада ишончли муҳофаза қилиш ва сақлаш мақсадида "Узундара" археология ёдгорлигини тарихий манзилгоҳ этиб белгилаш (кейинги ўринларда - "Узундара" тарихий манзилгоҳи) орқали алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудуд сифатида бошқариш;

"Узундара" тарихий манзилгоҳида олиб бориладиган археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш жараёнида топилган ашёларни намойиш қилиш мақсадида "Термиз" давлат музей-қўриқхонасининг филиали сифатида Юнон-Бақтрия тарихи музейини (кейинги ўринларда - Музей) ташкил этиш;

Бойсун туманида 2022 йилдан бошлаб, ҳар уч йилда бир марта август ойининг учинчи ҳафтасида "Юнон-Бақтрия" халқаро хайрия марафонини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги "Юнон-Бақтрия" халқаро хайрия марафонини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиш юзасидан таклифларни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашига киритиб борилишини таъминласин.


2. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Маданий мерос агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) 2022 йил 1 сентябрга қадар:

"Узундара" тарихий манзилгоҳи объектининг ер майдони ва кўчмас мулк объектининг чегараларини белгилаш, кадастр паспортини шакллантириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин;

"Узундара" тарихий манзилгоҳининг қўриқланадиган теграларини белгиланишини ташкил этсин, шунингдек, унинг чегараси лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"Узундара" тарихий манзилгоҳининг бошқариш режаларини тасдиқласин;

б) 2023 йил 1 декабрга қадар:

"Узундара" тарихий манзилгоҳи орқали ўтган қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган йўлларни айланма йўллар ҳисобига йўналишини ўзгартириш ва таъмирлаш ишларини амалга оширсин;

"Узундара" тарихий манзилгоҳи марказида тўпланиб қолаётган сувларни канализация коллекторларини ўрнатиш орқали чиқариб юборувчи канализация тармоқларини қуриш чораларини кўрсин;

"Service point" тоифасига кирувчи объектлар (автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, савдо ва санитария-гигиена шохобчалари)ни жойлаштириш ва қуриш чораларини кўрсин.


3. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар турли аттракцион ва осма дор йўли қурилиши йўналишида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларини ҳамда зарур ҳолларда хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда:

Бойсун туманидан ўтувчи М-39 автомагистрал йўлидан "Узундара" тарихий манзилгоҳига олиб чикувчи осма дор йўлини (канатка) қуриш;

Бойсун туманидаги "Юқори Мачай" ва "Пастки Мачай" маҳалла фуқаролари йиғинларини бирлаштирувчи Дарбанд дарасининг энг юқори чўққиларини боғловчи "Zipline" аттракционини қуриш ва ишга туширишни таъминлаш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин. Бунда:

даранинг энг юқори нуқталарида тоғ ва маҳаллий қишлоқларни томоша қилиш имконини берувчи майдон, унга чиқиш учун махсус лифт ва зина;

дарадаги тоғларни бирлаштирувчи дор йўли;

кириш қисмига йирик дарвоза ва енгил конструкцияли меҳмонхона уйлари, шунингдек бошқа хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши инобатга олинсин.


4. Маданий мерос агентлиги:

а) бир ой муддатда Музейни ташкил этиш ва унинг фаолиятини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Туризм ва маданий мерос вазирлигига киритилишини таъминласин;

б) 2022 йил якунига қадар Вазирлар Маҳкамасининг "2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 10 мартдаги 110-сон қарорида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан:

"Узундара" тарихий манзилгоҳини консервация қилиш, атрофини ўраб олиш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда туризм ахборот маркази ва енгил конструкцияли Музейни қуриш чораларини кўрсин;

Музей экспозицияларини жаҳон стандартларига мувофиқ "Smart" технологиялардан фойдаланган ҳолда жиҳозлаш, голограмма ҳамда "VR" тизимларидан кенг фойдаланишни ташкил қилсин;

"Узундара" тарихий манзилгоҳининг 3D-видеороликларини, археологик ва меъморий жозибасини сақлаб қолган макетларини яратсин;

"Узундара" тарихий манзилгоҳи ва унда сақланадиган ноёб ашёларни тарғиб қилиш мақсадида виртуал саёҳат дастури ҳамда 3D экспонатларини яратсин ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилиб борсин;

Фанлар академияси билан биргаликда "Узундара" тарихий манзилгоҳида олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида топилган маданий бойликларни Музейга топшириш, уларнинг каталогини тайёрлаш ва нашр қилиш чораларини кўрсин.


5. Маданий мерос агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат музейлари, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 7 июндаги

308-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги

975-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон

Республикаси Давлат бюджети маблағлари

ҳисобидаи молиялаштириладиган давлат

музейлари, уларнинг филиал ва бўлимлари

рўйхатига киритилаётган ўзгартириш


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат музейлари, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатининг "Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган музейлар" бўлимининг 11-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

11

"Термиз" давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиали:


Термиз шаҳри


Юнон-Бақтрия тарихи музейи*


Бойсун тумани


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 8 июнь









































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск