ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат зоналари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.06.2022 й. ПФ-153-сон "Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

13.06.2022 й.

N ПФ-153



МАХСУС ИҚТИСОДИЙ, КИЧИК САНОАТ,

ЁШЛАР САНОАТ ВА ТАДБИРКОРЛИК ЗОНАЛАРИ

ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШНИНГ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (кейинги ўринларда - саноат зоналари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада соддалаштириш, инвестициялар жалб қилиш учун шароитларни яхшилаш, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлаш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:


1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат муассасаси шаклидаги кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар (кейинги ўринларда - ягона дирекциялар) сифатида қайта ташкил этилсин ҳамда уларга қўшимча равишда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ривожлантириш, улар ҳудудидаги ер майдонлари, бино ва иншоотларни электрон онлайн-аукционга чиқариш вазифалари юклатилсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари тугатилиб, уларнинг вазифалари тегишинча махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ҳамда ягона дирекцияларга юклатилсин.


3. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режалариёки техник-иқтисодий асосларига "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКнинг хулосасини олиш талаби бекор қилинсин.

Бунда, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этилаётган лойиҳаларнинг "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилинади.


4. 2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда ягона дирекциялар томонидан ўн иш кунида қабул қилинади;

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида аукционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади;

саноат зоналари ҳудудида реализация қилинадиган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи учун тўловни тўлиқ амалга оширган харидорларга мазкур ижара ҳуқуқини кредит маблағларини ушбу ер участкасида лойиҳани амалга ошириш учун йўналтириш шарти билан кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади;

саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда сотиб олиш тўловларини йигирма тўрт ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;

махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда импорт қилинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар рўйхати бўйича мурожаати (келгусида ишлаб чиқариш ва экспорт қилинадиган маҳсулот бирлигида уларнинг сарф нормаларини кўрсатган ҳолда) махсус иқтисодий зоналар дирекцияси томонидан мурожаат келиб тушганидан бошлаб еттииш кунида тасдиқланади ва электрон равишда Давлат божхона қўмитасига тақдим этилади;

импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг ушбу рўйхатга мувофиқлиги ҳамда ҳар ярим йилда рўйхатдаги товарлар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти устидан назорат божхона органлари томонидан амалга оширилади.


5. Ташқи савдо ва логистика ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига махсус иқтисодий зоналар ҳудудида хизмат кўрсатиш йўналишида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ва қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлган ҳолларда иштирокчи мақомини олишга рухсат берилсин.


6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига зарур ҳолларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда, туман (шаҳар)ларда кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш дирекцияларини ташкил этиш ҳуқуқини бериш;

махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва ягона дирекцияларга ҳар бир лойиҳа учун алоҳида лойиҳа менежерлари фаолиятини йўлга қўйиш;

махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва ягона дирекциялар раҳбарларига дирекциялар тузилмаларига, зарур ҳолларда, ўзгартириш киритиш ваколатини бериш;

кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги бино-иншоотларни ҳамда ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган пул маблағларини ягона дирекцияларга қарашли зоналарда белгиланган тартибда инфратузилма яратиш, уларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтириш.

7. Белгилаб қўйилсинки:

саноат зоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларнинг дирекциялари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилади;

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича инвестиция буюртманомалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан беш кун муддатда тасдиқланади;

ягона дирекциялар раҳбарларини тайинлаш ҳамда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар бош режаларини тасдиқлаш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан амалга оширилади;

кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг бош режалари туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


8. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида ер ва бино-иншоот муносабатларини тартибга солиш, шу жумладан уларни хусусийлаштириш масалалари бўйича ҳукумат қарорини тасдиқласин.


9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда инвесторларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва ягона дирекциялар ҳамда давлат идоралари билан ҳамкорлик жараёнларида "ягона дарча" тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилсин.


10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг:

"Қорақалпоқ-агро" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини тугатиш ҳамда унга ажратилган ер майдонларини кейинчалик ушбу ер майдонларида боғдорчилик ва узумчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тегишли ҳокимликлар захирасига қайтариш;

фармацевтика соҳасига ихтисослашган махсус саноат зоналари ҳудудларида ушбу зоналарнинг асосий йўналиши бўйича жойлаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига зарар етказмайдиган бошқа йўналишдаги корхоналарни ўрнатилган тартибда жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


11. Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "Қорақалпоқ-агро" эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ер майдонларининг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари захирасига қайтарилишини ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


14. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б. Воитов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 13 июндаги

ПФ-153-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонида:


а) 1-бандда:

учинчи хатбошидаги "маъмурий кенгашларининг" сўзлари "дирекцияларининг" сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги "махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашлари" сўзлари "Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари" сўзлари билан алмаштирилсин;

ўн биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинадиган ўхшаши бўлмаган технологик ускуналар ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" (кейинги ўринларда - Марказ) ДУКнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади";

ўн иккинчи хатбошидаги "ўн беш" сўзлари "беш" сўзи билан алмаштирилсин;

саккизинчи, тўққизинчи, ўнинчи, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн олтинчи хатбошилар тегишинча саккизинчи-ўнинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;


б) 3-банднинг "в" кичик банди, 5-банднинг учинчи хатбошиси ва 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3356-сон қарорида 1 ва 4-бандлар, 6-банднинг олтинчи хатбошиси ҳамда 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июндаги "Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4363-сон қарори 6-бандидаги "2022" рақами "2025" рақами билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4574-сон қарорининг 7-банди қуйидаги мазмундаги "д" кичик банди билан тўлдирилсин:

"д) Кластер ҳудудида ер участкаларини ажратиш уларни Дирекция томонидан электрон онлайн аукционга чиқариш орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонида белгиланган тартибда амалга оширилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 июнь























































Время: 0.1863
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск