ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат зоналари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.07.2022 й. ПҚ-306-сон "Қорақалпоғистон Республикасида "Нукус технопарки" махсус саноат зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.07.2022 й.

N ПҚ-306



ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

"НУКУС ТЕХНОПАРКИ" МАХСУС

САНОАТ ЗОНАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қорақалпоғистон Республикасида саноат соҳасини жадал ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмларини жорий қилиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош замонавий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида "Нукус" эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги 30 гектар бўш ер майдонида "Нукус технопарки" махсус саноат зонасини (кейинги ўринларда - Технопарк) 30 йил муддатга ташкил этиш;

Технопарк фаолиятини бошқаришни "Нукус" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасига юклаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Технопарк таркибига кирувчи ҳудудлар чегаралари иловага мувофиқ тасдиқлансин ва ушбу ҳудудлар "Нукус" эркин иқтисодий зонасидан чиқариб ташлансин.


3. Қуйидагилар Технопарк фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

юқори қийматга эга бўлган, ташқи бозорда харидоргир ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш;

халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш;

ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш орқали экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш;

Технопарк иштирокчилари ўртасида ва бутун республика миқёсида мустаҳкам саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш орқали маҳаллий хомашё ва материаллар асосида юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;

Технопарк иштирокчилари учун ягона ишлаб чиқариш инфратузилмасини, шунингдек, сертификатлаш, лаборатория, кадрлар тайёрлаш ва бошқа зарур хизматларни кўрсатиш инфратузилмасини яратиш.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши уч ой муддатда Технопаркнинг бош режасини Қурилиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Бунда:

Технопарк бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети маблағлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Технопарк бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти тендер ёки танлов асосида аниқланади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва "Ўзсувтаъминот" АЖ билан биргаликда Технопаркнинг тасдиқланган бош режасига асосан:

уч ой муддатда 2023-2024 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси билан таъминлаш лозим бўлган объектлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;

жорий йилнинг 1 октябрига қадар объектларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда келишиш ишларини якунласин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

2023-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Технопаркнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан капитал қўйилмалар лимитлари ажратилади;

Технопарк доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ амалга оширилади.


7. Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тижорат банклари билан биргаликда Технопарк ҳудудида:

ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;

маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;

инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш чораларини кўрсин.


8. Белгилансинки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги иқтисодий фаол, салоҳиятли ишлаб чиқарувчи корхоналарни Технопарк ҳудудига жалб қилишга масъул ҳисобланади.


9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси К.Р. Сариев ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 6 июлдаги

ПҚ-306-сон қарорига

ИЛОВА



"Нукус технопарки" махсус саноат зонаси

таркибига кирувчи ҳудудлар чегараси


1-бошланғич нуқта Нукус шаҳридаги "Нукус ун заводи" корхонаси жанубий томонидан 600 метр масофада, саноат зонаси ҳудудида жойлашган.


1-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб жанубий йўналишда 464,22 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.


2-нуқтадан чегара Нукус шаҳридаги "Нукус-полимер" корхонаси томонига шимолий йўналишда 731,13 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.


3-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб ғарбий йўналишда 425,42 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.


4-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шарқий йўналишда 337,54 метр масофада 5-нуқтагача давом этади.


5-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шарқий йўналишда 307,63 метр масофада 1-нуқтагача давом этади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 июль














































Время: 0.0366
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск