ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.07.2022 й. 369-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 7 июлдаги

369-сон қарорига

2-ИЛОВА



Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ

            

            

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

           

1. Мазкур Низом "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ҳамда "Нотариат тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия (кейинги ўринларда - лицензия) - шахснинг хусусий нотариал фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, чекланмаган муддатга бериладиган электрон ҳужжат;


лицензиат - хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган жисмоний шахс;


хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш (кейинги ўринларда - лицензиялаш) - лицензия олиш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, лицензияни бериш ва қайта расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ тартиб-таомиллар мажмуи;


талабгор - лицензияни олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


лицензияловчи орган - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари;


"Лицензия" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Лицензия" АТ) - лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган махсус электрон тизим;


лицензия талаблари ва шартлари - хусусий нотариал фаолият билан шуғулланишда лицензиат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини лицензиялаш паспортида (кейинги ўринларда - паспорт) белгиланган талаблар ва шартлар мажмуи;


лицензиялар реестри - берилган, амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган, бекор қилинган ва қайта расмийлаштирилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси.


3. Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. 25 ёшдан кичик ва 65 ёшдан катта бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин

Судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида 3 йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида 3 йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан 5 йил ўтмаган бўлса, 6 ой муддат стажировка ўтайди.


5. "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг 2-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатларда хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.


6. Талабгор лицензия олиш учун аризани "Лицензия" АТ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон шаклда юборади.

Ариза ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни ариза лицензияловчи органга келиб тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.


7. Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.

Талабгор лицензия олиш учун тақдим қилган аризасининг кўриб чиқилиш ҳолатини "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.


8. Лицензия лицензияловчи орган томонидан талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича чекланмаган муддатга берилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН АРИЗА БЕРИШ

ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


9. Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда - ЭРИ) фойдаланган ҳолда лицензия олиш учун "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидагилар акс эттирилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

доимий яшаш жойи;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда).

Талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганлиги ахборот тизими орқали тасдиқланади.


10. Талабгордан ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилмаган маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


11. Талабгор ариза бериш вақтида лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини тасдиқлаши лозим.


12. Талабгор аризага нотўғри маълумотлар киритилганлигини аниқлаган тақдирда, маълумотларни аризани лицензияловчи органга юборишдан олдин ўзгартиришга ҳақли.


13. Аризага киритилган маълумотлар "Лицензия" АТ ва ЯИДХП орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.

Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги "Лицензия" АТ орқали аниқланганда;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;

лицензиялар реестрида талабгорнинг хусусий нотариал фаолият бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда.

Мазкур бандда кўрсатилганлардан ташқари бошқа асослар билан аризани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.


14. Ариза "Лицензия" АТ орқали дастлабки тарзда таққосланиб текширилгандан сўнг талабгор томонидан "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга юборилади.


15. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор паспортнинг 8-бандида белгиланган муддатда қабул қилинади.


16. Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни "Лицензия" АТ орқали мустақил равишда олиши, шунингдек, талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.


17. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни "Лицензия" АТ орқали ушбу қарорни қабул қилиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахснинг ЭРИси билан тасдиқлаш орқали қабул қилади.

Қарор "Лицензия" АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.


18. Агар лицензияловчи орган паспортнинг 8-бандида белгиланган аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида талабгорга лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, талабгор бу ҳақида лицензияловчи органни "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилган ҳолда хусусий нотариал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Талабгорнинг лицензияни олишни кутишга розилигини билдириши, унинг кейинчалик лицензияловчи органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда талабгор белгиланган давлат божи тўловини амалга оширгандан кейин "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади. Бунда талабгор хусусий нотариал фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ва лицензияловчи органлар юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.


19. Талабгор "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг 2-моддаси биринчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса ёхуд 15-1-моддасида назарда тутилган муддатда лицензия олиш учун мурожаат қилмаса талабгорга лицензия бериш рад этилади.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда шу куннинг ўзида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.


21. Талабгор лицензия бериш рад этилганлиги, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


22. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида шу куннинг ўзида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ паспортнинг 7-бандида белгиланган миқдорда давлат божи тўлаш учун ҳисобварақ кўрсатилган хабарнома юборади.

Хабарнома юборилганлиги тўғрисида маълумот ва талабгорнинг шахсий кабинетига юбориладиган бошқа маълумотлар талабгор хоҳишига кўра мобил алоқа қурилмасига SMS-хабар шаклида ҳам юборилиши мумкин.


23. Талабгор хабарнома юборилган кундан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.

Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТ орқали автоматик тарзда талабгорга юборилади. Бунда талабгор лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат божи тўлови амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


24. Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,25 фоизи - ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек 0,5 фоизи - тўловларни Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ғазна ҳисобварағига;

60 фоизи - Адлия вазирлиги бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига;

қолган маблағлар - давлат бюджетига йўналтирилади.


25. Давлат божи тўланганидан сўнг "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.


26. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТда лицензиялар реестрига автоматик равишда киритилади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


27. Лицензиатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда у 5 иш куни ичида лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиши лозим.


28. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар лицензияловчи органга "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,25 фоизи - ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи - тўловларни Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ғазна ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Адлия вазирлиги бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.


29. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи органга келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида лицензия қайта расмийлаштириб берилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширади.

Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ

ҲАМДА ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш "Нотариат тўғрисида"ги Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш "Лицензия" АТ орқали расмийлаштирилади.


31. Лицензиялар реестрига киритилган ҳамда фаолиятини амалга ошираётган лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 июлдаги 464-сон қарори билан тасдиқланган Нотариат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ назорат қилинади.

Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузганлигини аниқлаганда, ушбу лицензиатни ҳисоб рўйхатига олган лицензияловчи органга аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берадилар.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАНЛАР ҚАРОРИ

ВА УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ)

УСТИДАН ШИКОЯТ БЕРИШ ВА УНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


32. Талабгор ёки лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарорлари устидан ёки мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиши мумкин.


33. Талабгор ёки лицензиат шикоятни лицензияловчи органга нисбатан Адлия вазирлигига тақдим этади.

Талабгор ёки лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарори ҳамда унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шикоят бошқа ваколатли органларга ҳам берилиши мумкин.


34. Шикоят қарор тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан, талабгор ёки лицензиатга лицензияловчи орган қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан 30 кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи орган томонидан тикланиши мумкин.


35. Шикоят ёзма, оғзаки (шахсий қабул ёки ишонч телефони орқали) ёки электрон шаклда ("Лицензия" АТдаги шахсий кабинет, электрон почта ёки ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали) берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарорни қабул қилган ёки ҳаракатни амалга оширган лицензияловчи органнинг номи;

шикоят берган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

шикоят берган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

шикоят берилган сана.

Шикоят ёзма шаклда берилганда шикоят қилувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.


36. Жисмоний шахс оғзаки шикоят (шахсий қабул орқали) қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган шикоятларда талабгор ёки лицензиатнинг электрон манзили ва ягона идентификатори (ЖШШИР) ҳамда бошқа реквизитлар кўрсатилиши керак.

Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги талабгор ёки лицензиатнинг шикоятини кўриб чиқиш натижаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда қабул қилишга бўлган розилигини англатади.


37. Адлия вазирлиги шикоят берилаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) тўғрисидаги тегишли ахборотни шикоят олинган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида ўрганиш учун сўраб олиши лозим.


38. Талабгор ёки лицензиатнинг талабига кўра шикоят унинг иштирокида кўриб чиқилиши мумкин.

Бунда Адлия вазирлиги талабгор ёки лицензиатнинг истагига кўра муҳокамани видеоконференц алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказишни таъминлаши шарт.


39. Шикоятни кўриб чиқиш якуни бўйича баённома тузилиши ва ушбу баённома адлия вазири ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланиши керак.


40. Адлия вазирлиги шикоят бўйича 15 кун ичида қарор қабул қилиши шарт.


41. Шикоят берган талабгор ёки лицензиат шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар уни чақириб олишга ҳақли. Шикоятни чақириб олиш ёзма ёки электрон шаклда ("Лицензия" АТ орқали) расмийлаштирилади.


42. Адлия вазирлиги шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

қарорни ўзгаришсиз қолдириш;

қарорга ўзгартишлар киритиш;

қарорни бекор қилиш ва зарур бўлган тақдирда, янги қарор қабул қилиш;

лицензияловчи орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган шикоят моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш.


43. Лицензияловчи органнинг қарори устидан шикоят қилинган тақдирда, шикоят Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан қарорнинг амал қилиши ва ижро этилиши тўхтатиб турилади, бундан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


44. Лицензиялар реестри "Лицензия" АТда электрон шаклда юритилади ва ундаги маълумот барча учун очиқ ҳисобланади.


45. Лицензиялар реестри автоматик тарзда шакллантирилади, унинг доимий юритилиши ва унга тегишли ўзгартиришларни киритиш лицензияловчи органлар томонидан амалга оширилади.

Лицензияловчи органлар лицензиялар реестрини юритишда ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибларга риоя қилиши лозим.


46. Лицензияловчи органлар қуйидаги маълумотларни лицензиялар реестрига ўз вақтида киритиб боришга жавоб беради:

лицензия қайта расмийлаштирилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги;

лицензия бекор қилинганлиги.


47. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

лицензиатнинг реестр тартиб рақами, унинг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

лицензияловчи орган номи;

реестрга киритилган сана;

фаолият олиб бориш манзили (ҳисоб рўйхатига олинганидан кейин);

лицензиянинг ҳолати (амалда, тўхтатиб турилган, тугатилган, бекор қилинган);

лицензия ҳолати ҳар бир ўзгаришининг асослари ва санаси.


48. Лицензиатлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар базаси лицензияловчи органлар фойдаланиши учун шакллантирилади ва унда лицензиялашда киритиладиган барча маълумотлар сақланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


50. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

          

            




Низомга

1-ИЛОВА



Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи

нотариуслар фаолиятини лицензиялаш

ПАСПОРТИ

          

1.

Лицензия номи:


Хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия


2.

Лицензияланадиган фаолият тури:


Хусусий нотариал фаолият


3.

Ариза берувчилар тоифаси:


Жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари


4.

Лицензияловчи орган:


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари


5.

Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:


Ариза.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

доимий яшаш жойи;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);


6.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


Йиғим ундирилмайди


7.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:


Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари


8.

Аризани кўриб чиқиш муддатлари:


5 кун


9.

Лицензия талаблари ва шартлари:


Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

нотариат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, Нотариусларнинг касб этикаси қоидаларига, нотариал ҳаракатлар махфийлиги ва нотариус қасамёдига риоя этиш;

Нотариал палатага аъзо бўлиш;

нотариал идора фаолиятини ташкил этишга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган минимал талабларни бажариш;

нотариал идора ташкил этган нотариал округда камида 2 йил ишлаш;

нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузиш;

ҳар 3 йилда камида 1 марта ўзининг касбий малакасини ошириш;

лицензия олиш ва (ёки) уни қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш;

ходимлар билан янги меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда юритиш;

лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш учун мурожаат қилиш.


10.

Лицензия беришда келишиладиган органлар:


Келишиш талаб этилмайди


11.

Лицензиянинг амал қилиш муддати:


Чекланмаган


12.

Изоҳ


Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият нотариал фаолият ҳисобланади.


           

           




Низомга

2-ИЛОВА



Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

            

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари








1-босқич


Талабгор

(Ўзбекистон Республикаси

фуқароси)


          

1. "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш ҳамда электрон шаклда ариза тўлдириш.

            


Хоҳишига кўра



             

2. Лицензия талаби ва шартларига риоя этишини тасдиқлаш.

           


Ариза бериш вақтида



           

3. Аризани "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳудудий адлия бошқармасига юбориш.

          


Маълумотлар текширилгандан кейин








2-босқич


Ҳудудий адлия

бошқармаси


          

1. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш (беришни рад этиш) тўғрисидаги қарор қабул қилиш.

          


Ариза келиб тушгандан

бошлаб 5 кун ичида



           

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, уни талабгорга "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда юбориш.

            


Қарор қабул қилинган кунда



           

3. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, давлат божи тўлаш учун ҳисобварақ кўрсатилган хабарномани юбориш.

          









3-босқич


         

Талабгор

(Ўзбекистон Республикаси

фуқароси)

         


Давлат божини тўлаш.

(Базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари)


Хабарнома юборилган кундан

бошлаб 30 кун ичида








4-босқич


"Лицензия"

ахборот тизими


          

1. QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни шакллантириш ва талабгорнинг "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига электрон шаклда юбориш.

           


Давлат божи тўланганда

автоматик равишда



2. Лицензия ҳақидаги маълумотни "Лицензия" ахборот тизимида реестрга киритиш.


        

Талабгор шахсий кабинетига

юборилганда автоматик

равишда

        

             

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 8 июль




























































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск