ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш /

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси олий ҳарбий таълим муассасаларида хорижий давлатлар ҳарбий кадрларини тайёрлаш ва ўқитиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 20.09.2021 й. ПҚ-5247-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 20 сентябрдаги

ПҚ-5247-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий

гвардияси олий ҳарбий таълим муассасаларида хорижий

давлатлар ҳарбий кадрларини тайёрлаш

ва ўқитиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси олий ҳарбий таълим муассасаларида (кейинги ўринларда - ОҲТМ) хорижий давлатлар ҳарбий кадрларини (кейинги ўринларда - хорижий ҳарбий кадрлар) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш (кейинги ўринларда - таълим бериш) тартибини белгилайди.

2. ОҲТМда хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш икки томонлама халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


3. ОҲТМда хорижий ҳарбий кадрлар учун йиллик қабул квоталари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


4. Хорижий ҳарбий кадрларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиясига хорижий давлатларнинг мудофаа ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлари тақдим этган мурожаатга асосан режалаштирилади.

5. Хорижий давлатларнинг мудофаа ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органларининг хорижий ҳарбий кадрлар таълим олиши учун мурожаат қилиш муддати, уларни кўриб чиқиш ва ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарор ўқиш бошлангунга қадар тўрт ойдан кам бўлмаган муддатда квоталар миқдорини аниқлашни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан қабул қилинади.

6. Хорижий давлатлар кесимидаги ҳар йилги квота, мутахассислик ва ўқитиш тури бўйича тақсимот Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан келишган ҳолда амалга оширилади.

7. Хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш:

олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича курсантлар умумий чекланган штат бирликларидан ташқари ажратиладиган қўшимча квоталар доирасида;

магистратура, ҳарбий интернатура, клиник ординатура ва докторантура дастури бўйича ОҲТМга ажратилган квоталардан ташқари қўшимча квоталар доирасида амалга оширилади.


8. ОҲТМда хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш харажатлари қуйидаги тартибда қопланади:

беғараз асосда - таълим ва таъминот (кийим-кечак, озиқ-овқат, пул таъминоти, коммунал хизмат) харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган пул маблағлари ҳисобидан, ўқиш даври мобайнида тураржой харажатлари (бакалавриат дастури бўйича ўқитиладиган курсантлардан ташқари), ўқув дастури бўйича амалга оширилган учиш соатлари ва учиш машқ тренажёрларидан фойдаланганлик (ишлатганлик) учун харажатлар юборувчи томонлар ҳисобидан;

имтиёзли асосда - таълим харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган пул маблағлари ҳисобидан, таъминот (кийим-кечак, озиқ-овқат, пул таъминоти, коммунал хизмат), ўқиш даври мобайнида тураржой харажатлари (бакалавриат дастури бўйича ўқитиладиган курсантлардан ташқари), ўқув дастури бўйича амалга оширилган учиш соатлари ва учиш машқ тренажёрларидан фойдаланганлик (ишлатганлик) учун харажатлар эса юборувчи томонлар ҳисобидан;

тўлов асосида - таълим ва таъминотнинг барча харажатлари юборувчи томонлар ҳисобидан.



2-БОБ. ХОРИЖИЙ ҲАРБИЙ КАДРЛАРГА

ТАЪЛИМ БЕРИШ ТАРТИБИ


9. ОҲТМга хорижий ҳарбий кадрлар кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади.


10. Хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш қуйидагича амалга оширилади:

олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича;

олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг магистратура, ҳарбий интернатура, клиник ординатура дастури бўйича;

магистратура олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг оператив-стратегик даражаси дастури бўйича;

олий таълимдан кейинги таълим даражасига мувофиқ келувчи докторантура дастури бўйича;

тайёргарлик курсларининг якка таълим ва факультатив дастурлари асосида;

қўшимча касбий дастурлар бўйича.


11. ОҲТМда хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, битирувчилар ҳарбий-касбий тайёргарлигининг малака талабларига татбиқ этилган асосий таълим дастурлари асосида амалга оширилади.


12. Хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш олий ҳарбий таълимнинг таълим дастурлари бўйича ўзбек ва рус тилида амалга оширилади.


13. ОҲТМ томонидан хорижий ҳарбий кадрларга мавжуд (шартнома (битим)ларда кўрсатилган) мутахассисликлар бўйича таълим берилади.


14. Хорижий ҳарбий кадрларга ўзбек ва рус тилини ўргатиш ОҲТМдаги тиллар (чет тиллар) кафедраси томонидан амалга оширилади.


15. Хорижий ҳарбий кадрларга тил ўргатиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

хорижий ҳарбий кадрларни ОҲТМ асосий курсларида таълим олиш учун етарли даражада тил билишини таъминлаш;

ОҲТМ тингловчи ва курсантларига қўйилган талаблар ва хорижий ҳарбий кадрларнинг тайёргарлик даражаси ўртасидаги тил билиш бўйича тафовутни бартараф этиш;

хорижий ҳарбий кадрларга ўзбек ва рус тилида таълим бериш ҳамда уларни ОҲТМ мутахассислигига мувофиқ таълим олишга тайёрлаш;

хорижий ҳарбий кадрларни ўзбек маданияти, урф-одатлари ва Ўзбекистон тарихи билан яқиндан таништириш.


16. Хорижий ҳарбий кадрларни тайёрлаш кундузги таълим шаклида амалга оширилади.


17. Талаб этилган ҳажмдаги таълим дастурларини ўзлаштирган хорижий ҳарбий кадрларга дастлабки "лейтенант" ҳарбий унвони, мутахассислиги бўйича тоифа берилади, белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясининг бакалавриат босқичини тамомлаган хорижий ҳарбий кадрларга дастлабки "тиббий хизмат лейтенанти" ҳарбий унвони ва "ҳарбий врач" мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ва кўкрак нишонлари тақдим этилади, ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги "тиббий хизмат катта лейтенанти" ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислиги бўйича гувоҳнома берилади.

Олий ҳарбий таълимнинг магистратура даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълим (оператив-тактик, оператив-стратегик даражаси) дастури бўйича талаб этилган ҳажмдаги таълим дастурларини ўзлаштирган хорижий ҳарбий кадрларга тегишли магистр даражаси ҳамда белгиланган давлат намунасидаги диплом ва кўкрак нишонлари тақдим этилади.

Кўкрак нишонлари учун белгиланган тўлов хорижий ҳарбий кадрлар томонидан амалга оширилади.

Олий таълимдан кейинги таълим даражасига мувофиқ келадиган докторантура дастурини тугатган ва белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган хорижий ҳарбий кадрларга тегишли фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилади.

Қисқа муддатли курсларни тамомлаган хорижий ҳарбий кадрларга белгиланган намунадаги гувоҳномалар (сертификатлар) берилади.


18. ОҲТМ хорижий ҳарбий кадрларни беғараз, имтиёзли ва тўлов асосида тайёрлаш тартиби, уларнинг пул таъминоти, моддий-техника ва бошқа таъминот турларининг ўзига хослиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида тузилган шартнома (битим)ларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ХОРИЖИЙ ҲАРБИЙ КАДРЛАРГА

ТАЪЛИМ БЕРИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


19. Хорижий ҳарбий кадрларга таълим бериш билан боғлиқ харажатларнинг юборувчи томон ҳисобидан тўланадиган қисми ўқув йили бошлангунига қадар ОҲТМ ҳисоб-китоблари асосида юборувчи томондан Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига пул ўтказиш орқали олдиндан тўланади.

20. Ўқишга қабул қилинган вақтда офицерлик унвонига эга бўлмаган, беғараз асосда таълим олувчи хорижий ҳарбий кадрларга "олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти" лавозими бўйича пул таъминоти тўланади.


21. Ўқишга қабул қилинган вақтда офицерлик унвонига эга бўлган, беғараз асосда таълим олувчи хорижий ҳарбий кадрларга, таълим олиш муддати ва курсидан қатъи назар:

а) малака ошириш курсларида:

"майор" ҳарбий унвони бўйича ҳарбий унвон маоши;

"мотоўқчи батальон командири" лавозими ва унга тенглаштирилган лавозимлар бўйича лавозим маоши;

б) олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълим (магистратура) дастури бўйича:

"подполковник" ҳарбий унвони бўйича ҳарбий унвон маоши;

"мотоўқчи батальон командири" лавозими ва унга тенглаштирилган лавозимлар бўйича лавозим маоши;

в) магистратура олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келувчи олий ҳарбий таълим (оператив-стратегик даражаси) дастури, докторантура дастури бўйича:

"подполковник" ҳарбий унвони бўйича ҳарбий унвон маоши;

"мотоўқчи бригадаси командири" лавозими ва унга тенглаштирилган лавозимлар бўйича лавозим маоши тўланади.

22. Ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган тўловлар ўқишга қабул қилинган кундан бошлаб, ўқишни якунлаган кунигача бўлган муддатда амалга оширилади.


23. Офицерлик унвонига эга бўлмаган хорижий ҳарбий кадрлар ўқиш даврида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларига белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат билан таъминланади.

Офицерлик унвонига эга бўлган хорижий ҳарбий кадрларнинг ўқиш даврида озиқ-овқат таъминоти ўз ҳисобидан амалга оширилади.


24. Хорижий ҳарбий кадрларнинг кийим-кечак таъминоти (беғараз асосда ўқитиладиган курсантлардан ташқари) юборувчи томон ҳисобидан қопланади ва таълим олаётган ОҲТМ ҳудудларида ўз армиясининг кийим русуми қоидаларини бузмаган ҳолда кийиб юради.


25. Офицерлик унвонига эга бўлган хорижий ҳарбий кадрлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилар тоифаси учун назарда тутилган меъёрлар бўйича амалий машғулотларнинг алоҳида турларини ўтказиш учун махсус кийим-кечак билан таъминланадилар.

26. Ўқиш даврида хорижий ҳарбий кадрларнинг тураржой таъминоти қуйидагича амалга оширилади:

олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича ўқиш даврида беғараз асосда ОҲТМ ётоқхоналарида тураржой билан таъминланади. Тўлов асосида ўқитиладиган курсантларнинг тураржой харажатлари юборувчи томон ҳисобидан қопланади;

олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг магистратура, ҳарбий интернатура, клиник ординатура, докторантура, малака ошириш курслари дастури бўйича ўқиш даврида тураржой иккиламчи ижарага олиш йўли билан таъминланади. Бунда иккиламчи ижарага олиш харажатлари юборувчи томон ҳисобидан тўланади.


27. Юборувчи томондан хорижий ҳарбий кадрлар ўқиш даврида ўқув режаларида белгиланган меъёрлардан ташқари қўшимча академик соатлар талаб қилинганда, ўтказилган қўшимча дарслар учун амалга оширилган сарф-харажатлар юборувчи томон ҳисобидан тўланади.


28. Хорижий ҳарбий кадрлар учувчи мутахассислиги йўналишида таълим олишда ҳаво транспортларини парвозда бошқариш, ердан кўтариш, қўндириш ҳамда аэропорт иншоотлари ва ускуналарини ёки фойдаланишда бўлмаган аэропорт ҳудудида жойлашган ҳаво транспортларини ишдан чиқариш ва машғулотлар жараёнида ёки машғулотдан ташқари вақтларда фойдаланиш натижасида уларга зарар етказган ҳолларда, уларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалалар халқаро шартномалар (битимлар) ва халқаро ҳуқуқ нормаларида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади ва етказилган зарар юборувчи томон ҳисобидан қопланади.


29. Хорижий ҳарбий кадрларнинг тиббий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари учун белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилади.

30. Хорижий ҳарбий кадрлар ўқув режалари ва таълим дастурларига мувофиқ бир ОҲТМ (ҳарбий қисм)дан бошқасига юборилганда ва қайтарилаётганда, уларни ташиш билан боғлиқ харажатлар қабул қилувчи томон ҳисобидан амалга оширилади.

Хорижий ҳарбий кадрларнинг таътилда бўлиш даврида доимий яшаш жойига бориши ва қайтиши билан боғлиқ харажатлар юборувчи томон ҳисобидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ТАЪЛИМ ОЛИШ ДАВОМИДА ХОРИЖИЙ ҲАРБИЙ

КАДРЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Хорижий ҳарбий кадрлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ОҲТМ илмий-тадқиқот ишларида (махфий грифдаги илмий-тадқиқот ишлари бундан мустасно), талабаларнинг илмий жамиятлари ва тўгаракларида қатнашиш;

ОҲТМ махфий бўлмаган кутубхоналари, спорт мажмуалари, клублари ва маданият саройларидан фойдаланиш;

дам олишнинг уюштирилган турларида қатнашиш.


32. Хорижий ҳарбий кадрлар қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилиш, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, республикада хорижий фуқароларнинг бўлиши ва ҳаракатланиши бўйича белгиланган қоидаларни бажариш;

ҳарбий интизомга қатъий риоя қилиш, машғулотлар ва ўқувларда қатнашиш, ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ўқув ишларининг барча турларини бажариш, имтиҳон ва синовларни белгиланган муддатларда топшириш;

ОҲТМ ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, ОҲТМ раҳбарлари ва командирларнинг кўрсатма ҳамда фармойишларини бажариш.

33. ОҲТМда белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этмаган, ўқув фани дастурини ўзлаштирмаган хорижий ҳарбий кадрларга белгиланган тартибда ўқишдан четлаштириш чоралар кўрилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик учун хорижий ҳарбий кадрлар белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан республика ҳудудидан чиқариб юборилади.


34. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этган хорижий ҳарбий кадрлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортилади.


35. Ўқишни тугатган ёки ОҲТМ рўйхатидан четлаштирилган хорижий ҳарбий кадрлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши шарт, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида, шунингдек, жамоавий ва шахсий шартномалар ҳамда контрактларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


36. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор деб топилган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 сентябрь


































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск