Внимание!

NB! Мазкур Низомга 2024 йил май ойидан киритиладиган ўзгартиришларни АВ 06.02.2024 й. 3380-1-сон билан рўйхатга олинган ИЛМА директорининг Буйругига каранг.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Крипто активлар /

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 15.08.2022 й. 3380-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 14.07.2022 й. 32-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 15 августда 3380-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2022 йил 14 июлдаги

32-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги

хизматлар провайдерлари фаолиятини

лицензиялаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


крипто-актив - маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, қиймати ва эгасига эга мулкий ҳуқуқ;


маълумотларнинг тақсимланган реестри - маълумотларни ихтисослаштирилган блокларда тақсимловчи технология бўлиб, бунда ҳар бир янги блок олдинги блок билан криптографик имзо орқали боғланади;


крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари (бундан буён матнда хизматлар провайдерлари деб юритилади) - жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар;


крипто-биржа - крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш учун электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;


майнинг-пул - майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;


крипто-депозитарий - крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;


крипто-дўкон - крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;


охирги бенефициар мулкдор - хизматлар провайдерини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс.


2. Хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (бундан буён матнда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


3. Хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун намунавий лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - юридик шахсларигаберилади.


4. Хизматлар провайдерлари фаолиятининг турлари қуйидагилардан иборат:

крипто-биржа;

майнинг-пул;

крипто-депозитарий;

крипто-дўкон.


5. Хизматлар провайдерлари фаолиятининг ҳар бир тури бўйича алоҳида лицензия берилади.


6. Лицензия чекланмаган муддатга берилади.


7. Хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган вақтдан бошлаб вужудга келади.


8. Лицензияни бошқа юридик шахсга бериш тақиқланади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


9. Қуйидагилар хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа ва (ёки) техник ҳамда дастурий воситалар мажмуининг мавжудлиги;

б) крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни, платформа иштирокчиларининг идентификация маълумотларини, хизматлар провайдерларининг платформа иштирокчилари билан муносабатларига оид материалларни (шу жумладан, платформа иштирокчилари ўртасида), шунингдек иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш;

в) крипто-активлар айланмаси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

г) мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги рекламага қўйиладиган талабларга риоя қилиш;

д) яширин майнинг (махсус дастурий таъминотдан фойдаланиш орқали учинчи шахсларнинг ҳисоблаш қувватларида, уларга билдирмаган ҳолда ёки розилигисиз майнингни амалга ошириш бўйича фаолият) ҳамда аноним крипто-активлар билан операцияларни, шу жумладан аноним крипто-активлар майнингини (анонимлик принципи бўйича ишлаётган крипто-активлар) амалга оширмаслик;

е) платформа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни лицензияловчи органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;

ж) қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаш;

з) хизматлар провайдерларини:

террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар томонидан бошқаришга йўл қўймаслик;

и) хизматлар провайдерларининг устав жамғармасида (капиталида) ушбу банднинг "з" кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг ҳамда оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этишига йўл қўймаслик.


10. Қуйидагилар крипто-биржаларга қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

крипто-активларни котировкалашни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида амалга ошириш;

ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси (капитали) мавжудлиги, шундан уч минг бараварини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйиш.


11. Крипто-активлар айланмаси ҳамда хизматлар провайдерлари фаолиятига оид рекламада:

а) крипто-активлар Ўзбекистон Республикасида тўлов ва тўловни қабул қилиш воситаси эмаслиги, давлат томонидан таъминланмаганлиги, крипто-активлар билан операцияларни амалга оширишда таваккалчиликлар мавжудлиги, яъни пул маблағлари, крипто-активлар эвазига алмаштирилган бошқа фуқаролик ҳуқуқи объектлари крипто-активларнинг нархлари ўзгарувчанлиги, техник носозлик (хато)лар, қонунга хилоф ҳаракатлар, шунингдек талон-торож қилиш ҳолатлари натижасида бутунлай йўқотилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантириш жойлаштирилиши;

б) ўз ичида оферта мавжуд бўлган рекламада шартнома тузишга оид барча талаблар ҳамда мазкур офертани акцепт қилишга қаратилган барча ҳаракатлар ёритилиши;

в) агарда рекламада бўлиб ўтган, моделлаштирилган ва келажакда бўлиши мумкин бўлган кўрсаткичлар ёритилса, ушбу рекламада истеъмолчиларга мазкур кўрсаткичларнинг аниқ маноси тушунтирилиши ҳамда улар асосида қилинган хулоса эҳтимолли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилиши;

г) қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлмаслиги шарт:

крипто-актив ва хизматлар провайдерлари хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятнинг самарадорлиги (даромади) ҳақидаги ваъда ёки кафолат, бундан аудиторлик ташкилотининг ушбу фаолиятнинг самарадорлигини (даромади) ўтган давр учун тасдиқловчи маълумотларни рекламада ёритиш мустасно;

бонус ва чегирма ҳақидаги маълумотлар;

крипто-активлар билан битимларни тузиш бойишнинг енгил усули эканлиги ҳақидаги маълумотлар;

крипто-активлар билан боғлиқ фаолиятнинг ўрни профессионал ёки шахсий ютуқларга эришишда муҳимлиги ҳақидаги маълумотлар;

вояга етмаган шахсларнинг образлари;

крипто-актив ёки хизматлар провайдерлари хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятда қатнашмасликни қораловчи билдиришлар.


12. Хизматлар провайдерларининг устав жамғармаси (капитали) фақат улар таъсисчиларининг ўз маблағлари ва бошқа мол-мулкларидан шакллантирилади.

Хизматлар провайдерларининг устав жамғармасини (капиталини) шакллантириш учун кредит ёки гаров ёхуд бошқа маблағлар жалб қилинишига йўл қўйилмайди.


13. Хизматлар провайдерларининг номланиши ёки рамзларида "давлат", "ҳукуматга оид", "миллий", "Ўзбекистон" ҳамда Ўзбекистон Республикаси шаҳарларининг номларини тўлиқ ёки қисқартирилган ҳолда, исталган тилда ва ҳар қандай шаклда ишлатилиши тақиқланади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


14. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), фаолиятни амалга ошириш жойи, электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, лицензияланадиган фаолиятнинг тури, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш ёки қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги акс эттирилган ариза;

б) лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчи ҳақидаги мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдоргача кўрсатилади;

в) лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 9-банди "з" кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома;

г) крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун устав жамғармаси (капитали) шакллантирилганлиги ҳамда устав жамғармасининг (капиталининг) тегишли қисми захирага қўйилганлиги ҳақида тижорат банкининг маълумотномаси.

Лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганда, лицензияловчи орган мазкур Низомнинг 9-банди "з" кичик бандида назарда тутилган ҳолатларни ўзи мустақил тарзда текширади.

Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг раҳбари томонидан тасдиқланиши (имзоланиши) керак.

Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


15. Қабул қилинган аризалар тўғрисидаги маълумот лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ, ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ

ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


16. Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.


17. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан йигирма иш куни ичида қабул қилинади.


18. Таркиби лицензияловчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддат ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда улар асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.


19. Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида тўрт иш куни ичида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


20. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади.


21. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида расмийлаштирилади.


22. Лицензия QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Электрон шаклда берилган лицензия манфаатдор шахслар томонидан қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда, қоғозда чоп этилган лицензиялар электрон шаклда берилган лицензияларга тенглаштирилади.


23. Агар лицензиат лицензия берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида давлат божи тўламаган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


24. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;

лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги.

Лицензияни беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёхуд бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.


25. Мазкур Низомнинг 24-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, лицензияловчи орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорига бир иш куни ичида юборилади.


26. Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек лицензия талабгори кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.


27. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарнома юборилган тақдирда, лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.


28. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда, лицензияни беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


29. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва талабгор мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.

Лицензия талабгори рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


30. Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни бериш ёхуд уни беришни рад этиш талабгорнинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Талабгорларнинг аризаларини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.


31. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан талабгорга илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши мустасно.


32. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


33. Лицензиат - юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


34. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни мазкур Низомнинг 33-бандида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.


35. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 14-банди биринчи хатбошисида назарда тутилган тартибда берилади.


36. Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.


37. Лицензия қайта расмийлаштирилаётганда, лицензияловчи орган томонидан лицензиялар электрон реестрига (бундан буён матнда лицензиялар реестри деб юритилади) тегишли ўзгартиришлар киритади.


38. Лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТУГАТИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


39. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги аниқланганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини унинг зиммасига юкловчи қарори бажарилмаганда.


40. Лицензиянинг амал қилишини ўн кунгача муддатга тўхтатиб туриш лицензияловчи орган томонидан, ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса - суд томонидан амалга оширилади.


41. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда, кўрсатилган муддат лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


42. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай юборилади.


43. Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича ёки лицензияни бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритади.


44. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиат бу ҳақда лицензияловчи органга тасдиқнома юборади.

Лицензияловчи орган тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.


45. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, бир иш кунидан ошмаган муддатда лицензиялар реестрида лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги ҳақидаги маълумотни жойлаштиради.


46. Агар лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат мазкур муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.


47. Лицензиат ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензиянинг амал қилиши тугатилади.


48. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида лицензиялар реестрига жойлаштирилиши керак.


49. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.

Лицензиянинг амал қилиши тугатилган ҳолларда лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.


50. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

лицензия берилганлиги учун давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 54-бандида белгиланган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда;

лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


51. Лицензияни бекор қилиш мазкур Низомнинг 50-банди иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда лицензияловчи органнинг қарори асосида амалга оширилади.

Лицензия мазкур Низомнинг 50-банди бешинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади.

Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда хабар юборади.


52. Лицензия ушбу Низомнинг 50-банди саккизинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.


53. Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Лицензияловчи орган бекор қилинган лицензиялар тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.


54. Лицензия талаблари ва шартларини бир маротаба қўпол равишда бузилишларига қуйидагилар киради:

а) яширин майнингни ҳамда аноним крипто-активлар билан операцияларни, шу жумладан аноним крипто-активлар майнингини амалга ошириш;

б) хизматлар провайдерларини:

террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар томонидан бошқарилиши;

в) хизматлар провайдерларининг устав жамғармасида (капиталида) ушбу банднинг "б" кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг ва оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши;

г) кредит ёки гаровга олинган маблағлар ва бошқа маблағлардан хизматлар провайдерларининг устав жамғармасини (капиталини) шакллантириш учун фойдаланиш;

д) крипто-биржа устав жамғармаси (капитали) миқдорини лицензия талаблари ва шартларида белгиланган миқдордан камайтириш;

е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги серверларда электрон платформа ва (ёки) техник ҳамда дастурий воситалар мажмуини жойлаштириш.

Мазкур банднинг "а" - "е" кичик бандларида кўрсатилмаган лицензия талаблари ва шартларининг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилишлари мунтазам равишда бузилишлар деб ҳисобланади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


55. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


56. Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

хизматлар провайдерларидан крипто-активлар айланмаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш муддатларини белгилаш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки лицензияни бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқариш ва (ёки) судга мурожаат қилиш;

лицензиясиз хизматлар провайдери фаолияти амалга оширилаётганлиги тўғрисида аниқланган фактлар ҳақидаги маълумотларни белгиланган тартибда тегишли органларга қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун юбориш.


57. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


58. Лицензияловчи орган хизматлар провайдерлари турлари бўйича лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

юридик шахс - лицензиат номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефони;

таъсисчиларнинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушлари ҳақида маълумот;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, амал қилишини тугатиш ҳамда бекор қилиш асослари ва санаси.


59. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


60. Лицензияловчи органнинг лицензияни беришни рад этиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарорлари, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


61. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Хизмат провайдерлар фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс


1. Лицензия олиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ариза ва тегишли ҳужжатларни лицензияловчи органга юборади.


талабгор хоҳишига кўра









2-босқич

Лицензияловчи орган


Ҳужжатлар лицензияловчи орган томонидан қабул қилиб олинади.


тақдим этилган кунда









3-босқич

Лицензияловчи орган


Ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


20 иш куни ичида








Лицензияловчи орган


1. Лицензияловчи орган раҳбари томонидан тасдиқланадиган эксперт комиссияси томонидан ҳужжатларни кўриб чиқилади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади.


2. Эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорни қабул қилади.


3. Лицензия бериш ёки беришни рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганлиги юзасидан лицензия талабгорини хабардор қилади.


15 иш куни ичида





3 иш куни ичида





2 иш куни ичида









4-босқич

Лицензия талабгори


Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат божини тўлайди.


лицензияловчи орган томонидан белгиланган муддатда









5-босқич

Лицензияловчи орган


1. Давлат божи тўланганидан сўнг, лицензияни расмийлаштириб беради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


2. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланмаган тақдирда, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.


уч кун ичида



Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан ўттиз кундан сўнг









6-босқич

Лицензияловчи орган


Лицензия бериш учун зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, агар ушбу камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса, лицензия талабгорига камчиликларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатда бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборади.


бир иш куни ичида









7-босқич

Лицензия талабгори


Камчиликларни бартараф этган ҳолда, тегишли ҳужжатларни лицензияловчи органга тақдим этади.


хабарномада кўрсатилган муддатда









8-босқич

Лицензия талабгори


Лицензия бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этади.


рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда









9-босқич

Лицензияловчи орган


Лицензия талабгори томонидан такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


беш иш куни ичида









10-босқич

Лицензиат


1. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради.


2. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради.


3. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.


қайта рўйхатдан ўтганидан сўнг, беш иш куни ичида лицензия қайта расмийлаш-

тирилгунига қадар









11-босқич

Лицензияловчи орган


1. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда, лицензияни қайта расмийлаштиради ва беради.


2. Лицензия қайта расмийлаштирилганлиги ҳақида лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.


беш иш куни ичида









12-босқич

Лицензияловчи орган


1. Лицензияни амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда лицензиянинг амал қилишини тугатади.


2. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.


белгиланган асослар юзага келганда доимий



      





Низомга

2-ИЛОВА



Хизматлар провайдерларининг раҳбарияти (рахбари

ва ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги

МАЪЛУМОТ


1-жадвал

Хизматлар провайдерларининг раҳбарияти (раҳбари ва ўринбосарлари)


Лавозими


Фами-

лияси,

исми,

отаси-

нинг исми


Фуқа-

ролиги


ЖШШИР

(Ўзбекистон

Республикаси

резидентлари

учун)


Шахсини тасдиқловчи ҳужжат


Ҳужжат

тури


Серия ва

рақами


Берилган

вақти

ва амал

қилиш

муддати


Ким

томонидан

берилган


1


2


3


4


5


6


7


8















               


2-жадвал

Хизматлар провайдерларининг таъсисчилари


Фами-

лияси,

исми,

отаси-

нинг

исми ёки

юридик

шахс

номи


Улуш

миқ-

дори


Фуқа-

ролиги

(жис-

моний

шахслар

учун) ёки

давлат

рўйха-

тидан

ўтган

жойи

(юридик

шахслар

учун)


ЖШШИР

(Ўзбекистон

Республикаси

резидентлари-

жисмоний

шахслар учун)

ёки СТИР

(Ўзбекистон

Республикаси

резидентлари-

юридик шахслар

учун)


Шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат

рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома


Ҳужжат

тури


Серия ва

рақами


Берилган

вақти

ва амал

қилиш

муддати


Ким

томонидан

берилган


1


2


3


4


5


6


7


8















          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 август






























Время: 0.1956
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск