ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мулк ҳуқуқи. Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2022 й. ПФ-198-сон "Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

24.08.2022 й.

N ПФ-198



МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ДАХЛСИЗЛИГИНИ

ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ, МУЛКИЙ

МУНОСАБАТЛАРГА АСОССИЗ АРАЛАШУВГА

ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК, ХУСУСИЙ МУЛКНИНГ

КАПИТАЛЛАШУВ ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ:


1. Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилинсин:

а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:

ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;

юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;

б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:

турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;

суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида - мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

г) корпоратив муносабатлар соҳасида:

давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


2. 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (кейинги ўринларда - UZKAD тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгилансин.

Бунда:

UZKAD тизимига Гаров реестри, "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестри, Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри, "Давлат мулки" ахборот тизими, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари реестри, лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари ва кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган бошқа барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади;

онлайн маълумот алмашинуви пайтида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шу сабабли UZKAD тизимида бўлмаганлиги аниқланган тақдирда, уч кун ичида ушбу ҳуқуқ UZKAD тизимида ҳақ ундирмасдан ва ариза талаб қилмасдан давлат рўйхатидан ўтказилади ва маълумот тақдим этилади;

кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш UZKAD тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади, кўчмас мулк ҳақида ушбу тизимда бўлмаган бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди, маълумотларнинг ҳаққонийлиги давлат томонидан кафолатланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

жисмоний ва юридик шахсларга солиқларни ҳисоблаш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, давлат хизматлари, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда кўчмас мулкка оид барча маълумотлар тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан UZKAD тизимидан олинади;

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича "мулк тарихи"га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади ва улардан ҳақ эвазига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланилади, давлат сирига оид ҳамда "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида назарда тутилган маълумотлар бундан мустасно.

Кадастр агентлиги қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимларида давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни ҳар бир кўчмас мулк объектини босқичма-босқич идентификациялаган ҳолда UZKAD тизимига тўлиқ ўтказсин.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича республика марказлаштирилган жамғармаси - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда - республика компенсация жамғармаси) этиб;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича ҳудудий марказлаштирилган жамғармалар - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар (кейинги ўринларда - ҳудудий компенсация жамғармалари) этиб қайта номлансин.


4. Маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда, 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар натижасида етказилган зарарлар республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгилансин:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар;

давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мулкдорга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарар;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиён;

мазкур Фармоннинг 1-банди "б" кичик бандида назарда тутилган ҳолларда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар.


5. Белгилаб қўйилсинки:

ушбу Фармоннинг 4-бандига асосан республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинади, бундан мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

қонунчиликда ушбу Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган зарарларни қоплашнинг бошқа манбалари белгиланган ҳолларда, компенсация тўловлари республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик ушбу манбалар ҳисобидан қоплаб берилади;

суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланмаган ва (ёки) регресс тартибида ундириб олиш шартисиз давлат томонидан қоплаб берилиши кўрсатилган ҳолларда, республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар Давлат бюджетидан қоплаб берилади.


6. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатасининг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш мақсадида қуйидаги ҳуқуқий институтларни қонунчиликда ва юридик амалиётда қўллаш кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

а) фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларини, бунда:

инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмлари қўлланилади;

кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк белгиланган тартибда аукцион орқали сотилганда, кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчига мулкнинг қийматини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

б) маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари рўйхатини, бунда, мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлардан ташқари қуйидаги ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлади:

мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;

мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;

хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш;

мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;

мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш;

мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш;

мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш;

мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш;

в) қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатларни, шу жумладан унинг зарурий мудофаа турини, бунда:

мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади;

кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади;

мулкни ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки унга кириш ёхуд мулк дахлсизлигини бошқача тарзда бузиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;

г) гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан "Хабеас корпус" институтини, бунда, cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилади;

д) давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини давлат божи орқали тартибга солиш тизимини, бунда:

давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатларни қисқартириб, уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклаш, маҳрум қилиш ёки бошқа ҳар қандай кўринишда таъсир қилишга қаратилган даъволари, аризалари ва шикоятлари учун умумий асосларда давлат божи тўланиши, давлат божини тўлаш бўйича маблағлар бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларига киритилиши, ушбу маблағлардан оқилона ва асосли фойдаланилаётганлигини назорат қилиш назарда тутилади;

фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади, бунда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ундан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда давлат божи ундириш назарда тутилади;

иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (даъво қиймати ошишига қараб давлат божи ставкаси пропорционал равишда тушиб боради) давлат божи ставкаларини қўллаш жорий этилади.


7. Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги қонун лойиҳаларини киритсин:

"Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини, лойиҳада ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутсин;

тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини асоссиз ҳисобдан чиқарганлик, ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини тадбиркорлик субъектининг биринчи талабига биноан қайтармаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини.


8. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат мулки объектларини республика мулки ва муниципал мулк объектларига ажратиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўпламини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

республика мулки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар муниципал мулки, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларининг намунавий рўйхати;

республика мулки объектларини бошқаришда Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, бошқа давлат органлари ва давлат мулкидан фойдаланувчиларнинг вазифаларини аниқ чегаралаш;

республика мулки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар муниципал мулки, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларини бошқариш бўйича ваколатли тузилмаларни, уларнинг вазифаларини белгилаш;

2025 йилга қадар босқичма-босқич республика мулки объектларини республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ва тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш тизимига ўтиш.


9. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари 2022 йил якунига қадар ўзлари ҳамда тизим ташкилотлари бошқарувидаги давлат кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг кадастр органларида қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб тегишли ҳуқуқлари кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилмаган давлат кўчмас мулк объектлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан расмийлаштириладиган далолатнома асосида унинг тегишли ҳудудий бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказилади.


10. Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.


11. Адлия вазирлигига Халқаро мулк ҳуқуқлари индексида (IPRI) Ўзбекистон Республикасининг ўрнини тизимли таҳлил қилиб бориш ва уни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин.


12. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва адлия вазири Р.К. Давлетов белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 январга қадар, кейинчалик ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 24 августдаги

ПФ-198-сон Фармонига

ИЛОВА



Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли

ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз

аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг

капиталлашув даражасини ошириш

бўйича чора-тадбирлар

ДАСТУРИ


Т/р

Тадбир номи

Амалга ошириш

механизми

Ижро муддати

Масъул

ижрочилар

I. ХУСУСИЙ МУЛК ДАХЛСИЗЛИГИ ВА ҲИМОЯСИ

КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ

1.

Хусусий мулк ҳимоясининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

"Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш асосларининг қатъий рўйхатини белгилаш;

хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши билан боғлиқ қоидаларга аниқлик киритиш;

мол-мулкдан суднинг қарорисиз маҳрум қилиш мумкин эмаслигини қатъий белгилаш;

ундирувни мол-мулкка қаратиш йўли билан мол-мулк олиб қўйилаётганда, мулкдор ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш;

хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш ҳамда унинг бозор активидаги улушини оширишни янада кенгайтириш.

2022 йил ноябрь

Адлия вазирлиги, Олий суд,

Бош прокуратура, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси,

Савдо-саноат палатаси

2.

Ер ва биноларни ижарага олиш ва бериш қонунчилигини такомиллаштириш.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

ер ва бинолар ижара шартномаларининг муддатларини қатъий белгилаш, ерларни ижарага олиш муддатларини узайтириш;

ер участкаларини бирламчи ва иккиламчи ижарага бериш шаклларини белгилаш;

биноларни ижарага олиш шартномасини янгилаш, ўзгартириш ёхуд бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш муддатларини аниқ белгилаш;

ер участкаларини бирламчи ва иккиламчи ижарага бериш шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш (ҳисобга олиш) билан боғлиқ қоидаларни белгилаш;

ер ва биноларни ижара олувчининг мулкдан узоқ муддат фойдаланиш кафолатларини кучайтириш;

ер ва биноларни ижарага олувчи ва ижарага берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қатъий белгилаш;

иккиламчи ижара шартномаси томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

ижара ҳақини ошириш ёхуд камайтиришни (вақтинчалик/доимий) талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаш;

ижарага олувчи томонидан ижара объектига етказилган зарарни белгилаш ва уларни қоплаш;

ижарага олинган кўчмас мулкларни ижарага олиш даврида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар, табиий офатлар, фавқулодда ҳолатларга қарши суғурта қилиш ҳуқуқи.

2022 йил октябрь

Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги,

Қурилиш вазирлиги,

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

3.

Уй-жой олди-сотди шартномасида сотиб олувчининг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Лойиҳада сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ушбу уй-жойнинг олди-сотди шартномаси имзолангандан сўнг, агар шартнома шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бир ой ичида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан чиқиши шартлигини белгилаш бўйича Фуқаролик кодексининг 488-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш назарда тутилади.

2022 йил

декабрь

Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги

4.

Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатларни қайта кўриб чиқиш.

Қонун лойиҳаси. Лойиҳада қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади:

мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатларни қисқартириш;

мол-мулк жойлашган ҳудуд ва ушбу мол-мулкка эгалик қилиб келаётган шахснинг доимий яшаш жойига нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи дифференциал муддатларни белгилаш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатлар асосида мулк ҳуқуқи қайси ҳолатларда суд томонидан ва қайси ҳолатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эътироф этилишини белгилаш.

2022 йил

декабрь

Адлия вазирлиги, Олий суд,

Бош прокуратура, манфаатдор вазирлик ва идоралар


5.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни UZKAD тизимига тўлиқ ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар. Қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимларида давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир кўчмас мулк объектини идентификациялаган ҳолда қуйидаги босқичларда UZKAD тизимига тўлиқ ўтказилади:


Кадастр агентлиги

1-босқич - кўп квартирали уйлар;

2022 йил декабрь

2-босқич - давлат ташкилотларига тегишли объектлар ва ижтимоий объектлар;

2023 йил июнь

3-босқич - тижорат ташкилотларига тегишли объектлар;

2023 йил декабрь

4-босқич - якка тартибдаги турар жойлар ва бошқа объектлар.

2024 йил декабрь

6.

Мулкдор-жисмоний шахснинг ижро ҳужжатлари бўйича ундирувга қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулклари рўйхатини қайта кўриб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси. Лойиҳада оилавий мерос, ягона даромад келтирувчи меҳнат қуроли ёки активга, шунингдек, қарздорнинг улушларга ажратилмаган биргаликдаги ва (ёки) умумий мулкига ундирув қаратилмаслигига оид қоидаларни белгилаш назарда тутилади.

2022 йил октябрь

Адлия вазирлиги,

Олий суд,

Мажбурий ижро бюроси

7.

Якка тартибдаги тадбиркорларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда мулкий ҳуқуқлар дахлсизлигини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада якка тартибдаги тадбиркорларга экспорт қилувчи юридик шахслар каби мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт контрактини тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқини бериш назарда тутилади.

2022 йил октябрь

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги,

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил,

Савдо-саноат палатаси

8.

Давлат уй-жой фондидан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси. Лойиҳада қуйидагиларни белгиловчи давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш назарда тутилади:

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш;

уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш;

муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган хизмат турар жойларини фойдаланишга бериш;

давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш;

давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз тасарруфида бўлган уй-жойларнинг ҳудудлар кесимидаги реестрини шакллантириб, ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш.

2022 йил ноябрь

Давлат активларини бошқариш агентлиги,

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

тасарруфида уй-жойлар мавжуд вазирлик ва идоралар

9.

Юридик шахсларнинг ягона таъсисчиси, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор вафот этгандан сўнг мерос мулкидан фойдаланиш, унга эгалик қилиш ва уни тасарруф этишга оид муносабатларни такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

мерос мулкини ишончли бошқарувга бериш;

мулкдорнинг вафоти муносабати билан тадбиркорлик фаолиятининг тўхтаб қолмаслигини таъминлаш механизмлари;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқларга нисбатан мерос муносабатларини тартибга солиш масалалари.

2022 йил ноябрь

Адлия вазирлиги, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси

10.

Фермер хўжалиги тугатилган ҳолатларда ижарага олинган ер участкасига экилган кўп йиллик дов-дарахтларнинг харажатларини компенсация қилиш тартибини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада фермер хўжалиги тугатилган ҳолатларда ижарага олинган ер участкасига экилган дов-дарахтларнинг харажатларини компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқилиб, тегишли қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

2022 йил ноябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

Молия вазирлиги

II. МОЛ-МУЛКНИНГ КАПИТАЛЛАШУВ ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ

11.

Тижорат банкларига мижозларга банк хизматларини кўрсатишда "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олиш имкониятини яратиш.

Амалий чора-тадбирлар. Бунда қуйидагилар амалга оширилади:


Адлия вазирлиги,

Марказий банк,

Кадастр агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникация-ларини ривожлантириш вазирлиги

1. Марказий банк, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва тижорат банклари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;

2022 йил октябрь

2. Мавжуд электрон маълумотлар базалари ва тижорат банклари маълумотлар базаларининг техник жиҳатларини ўрганиш;

2022 йил ноябрь

3. Тижорат банкларига мижозларга банк хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон Фармонининг 4-бандида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиш имкониятини яратиш.

2022 йил ноябрь

12.

Автотранспорт воситаларини гаровга қўйиш тартибини соддалаштириш.

Амалий чора-тадбирлар. Бирламчи бозордан олинган автотранспорт воситасини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишда гаров реестрига киритилиши мажбурий бўлган маълумотларни қайта кўриб чиқиб, автотранспорт воситасининг давлат рақами ва автомобиль воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома ҳақидаги маълумотларни киритишни ихтиёрий этиб белгилаш.

2022 йил ноябрь

Адлия вазирлиги, Марказий банк,

Ички ишлар вазирлиги


13.

Активларни секьюритизация қилиш (активларни эркин айирбошланадиган қимматли қоғозларга айлантириш) истиқболларини таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш.

Таҳлилий маълумотнома ва амалий чора-тадбирлар режаси. Унда:

мол-мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш мақсадида активларни секьюритизация қилиш истиқболлари ўрганилади;

хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинади;

активларни секьюритизация қилиш ва уларни фуқаролик муомаласига киритиш самарадорлиги баҳоланади;

айрим давлат активлари эксперимент тариқасида секьюритизация қилинади.

2022 йил октябрь

Молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

14.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл суғурта ташкилотлари томонидан суғурта фаолияти амалга оширилишига йўл қўйилмаслиги билан боғлиқ чекловни бекор қилиш.

Қонун лойиҳаси. Лойиҳада чет эллик ташкилотларга филиал ёки ваколатхоналар очиш орқали суғурта фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилади.

2022 йил ноябрь

Молия вазирлиги

15.

Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш.

Суд қарорларини умумлаштириш. Бунда, суд амалиётини чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида судларга тегишли тушунтиришлар бериш назарда тутилади.

Хусусан, ер участкалари 2021 йил 1 августга қадар жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ҳамда компенсация тариқасида бошқа ер участкаси бериш назарда тутилган ҳолларда ушбу компенсация турини ўзгартириш мажбуриятини юклаш билан боғлиқ суд қарорлари ва уларнинг ижроси умумлаштирилиб, таҳлил қилинади.

2022 йил

ноябрь

Олий суд,

Бош прокуратура


Изоҳ: Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун қабул қилинадиган ҳужжатлар шакли заруратга қараб ўзгартирилиши, бошқа бандлардаги ҳужжатлар билан бирлаштирилиши ёки бир неча турдаги ҳужжатларга бўлиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 25 август


"Халқ сўзи", 2022 йил 25 август
























































Время: 0.2012
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск