ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат хизматлари /

Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни Мобил-ID тизимида идентификациялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.08.2022 й. 479-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 августдаги

479-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида

жисмоний шахсларни Мобил-ID тизимида

идентификациялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистои Республикасида жисмоний шахсларни (кейинги ўринларда - фойдаланувчилар) Мобил-ID тизимида идентификациялаш, ундан фойдаланиш ва идентификацияни бекор қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Мобил-ID тизими - интерактив давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланувчини рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш, верификация қилиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчилар билан алоқани таъминлашга мўлжалланган мобил телефон рақамига боғланган идентификация тизими;


маълумотларни йиғиш пункти - Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун мурожаат қилган фойдаланувчиларнинг биометрик маълумотларини жамлаш, уларни Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш вазифаларини бажарувчи давлат хизматлари марказлари ҳамда нотариал идоралар;


Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун сўровнома (кейинги ўринларда - сўровнома) - маълумотларни йиғиш пунктида Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтадиган фойдаланувчининг шахсига доир ҳамда биометрик маълумотларини ўз ичига олган электрон ҳужжат;


ходим - маълумотларни йиғиш пунктининг фойдаланувчиларни Мобил-ID тизимида идентификациялаш учун сўровномани тўлдирувчи масъул ходими;


Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси (кейинги ўринларда - ЯИДХПнинг мобил иловаси) - Мобил-ID тизимида масофадан туриб идентификациядан ўтишни таъминловчи ҳамда давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган илова.


3. Фойдаланувчилар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтгандан кейин "Тасдиқланган фойдаланувчи" мақомини олади ва барча электрон давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин, бундан кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар мустасно.

Мобил-ID тизими орқали идентификациялаш юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Мобил-ID тизими "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.


5. Фойдаланувчилар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 177-сон қарорига мувофиқ бириктирилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ҳамда Ўзбекистон Республикасида телекоммуникациялар соҳасида тегишли лицензияга эга бўлган мобил алоқа операторлари томонидан берилган мобил телефон рақамга (ҳисоб баланси фаол бўлган ҳолда) эга бўлиши зарур.

Фойдаланувчи бир нечта мобил телефон рақамларига эга бўлганда унинг танловига асосан фақат бир мобил телефон рақами Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилади.


6. Мобил-ID тизимида идентификация ва қайта идентификациядан ўтиш:

бевосита маълумотларни йиғиш пунктига келиб мурожаат этганда 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида тўлов ундирилган ҳолда;

ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали мурожаат қилинганда бепул амалга оширилади.

Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилганда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилганлиги учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.


7. Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказларига мурожаат этганда:

15 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);

15 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

қолган маблағлар - "Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси ҳисобварағига ўтказилади;

б) нотариал идорага мурожаат этганда:

15 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);

15 фоизи - "Адлия оргаилари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси ҳисобварағига;

қолган маблағлар -нотариал идорага ўтказилади.


8. Фойдаланувчиларни Мобил-ID тизимида идентификациялаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИ ЙИҒИШ ПУНКТИ

ОРҚАЛИ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИ МОБИЛ-ID

ТИЗИМИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯЛАШ ТАРТИБИ


9. Фойдаланувчи Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзи келиб мурожаат этади.

Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтишни ишончнома асосида ёки вакил орқали амалга оширишга йўл қўйилмайди.


10. Фойдаланувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этади. Маълумотларни йиғиш пункти ходими фойдаланувчи номидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.


11. Маълумотларни йиғиш пункти орқали фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишда тақдим этилаётган мобил телефон рақам айнан мурожаат қилаётган фойдаланувчи номида расмийлаштирилган бўлиши талаб этилмайди.


12. Ходим фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган телефон рақамига ҳар бир кирувчи SMS-хабар учун белгиланган миқдорда тўлов ундирилиши ҳақида огоҳлантиради ва розилик билдирилганда кейинги ҳаракатлар амалга оширилади.

Фойдаланувчи ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган биометрик маълумотларини топшириши, унинг мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тўловларни тўлашга розилигини англатади.


13. Маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилганда ходим фойдаланувчининг юзини рақамли форматда расмга туширади ҳамда электрон шаклда қўл бармоғи изини олади.


14. Ходим фойдаланувчининг маълумотлари ва тақдим этилган мобил телефон рақамини "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизими (кейинги ўринларда - OneID тизими) орқали бирламчи текширувдан ўтказади. Бунда OneID тизимига уланган мобил телефон рақам ва Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш учун тақдим этилган мобил телефон рақам ўртасида фарқ мавжуд бўлса ёки тақдим этилган мобил телефон рақамига OneID тизимидаги бир нечта шахсий кабинетлар уланган бўлса, ходим фойдаланувчини тақдим этилган мобил телефон рақами фақат фойдаланувчининг OneID тизимидаги шахсий кабинетида қолдирилишини ва қолган шахсий кабинетлар ушбу мобил телефон рақамдан ўчирилиши ҳақида огоҳлантириб, келгуси босқичга ўтиш учун розилик олади. Мазкур бандда кўрсатилган ҳаракатлар фойдаланувчининг розилиги билан амалга оширилади.


15. Ходим реал вақт режимида фойдаланувчининг шахсига доир ва биометрик маълумотларини Мобил-ID тизимига юборади.


16. Мобил-ID тизими идентификациядан ўтказиш учун тақдим этилган мобил телефон рақамга амал қилиш муддати ўн беш дақиқа бўлган бир марталик тасдиқ кодни юборади.

Бир марталик тасдиқ код ўн беш дақиқа ичида Мобил-ID тизимига киритилмаса ёки фойдаланувчининг мобил телефон рақамига келмаса, ходим бир марталик тасдиқ кодни қайта олиш учун Мобил-ID тизимига тегишли сўровни қайта юборади.


17. Ходим фойдаланувчи томонидан тақдим этилган бир марталик тасдиқ кодни Мобил-ID тизимига киритади ва фойдаланувчига Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилганлик тўловини амалга ошириш учун инвойсни чоп этган ҳолда тақдим этади.

Мобил-ID тизимида бир марталик тасдиқ коднинг мослиги автоматик солиштирилади ва тасдиқ код мос бўлганда фойдаланувчининг мобил телефон рақамини ЯИДХПдаги шахсий кабинетига боғлайди. Агар фойдаланувчи Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш учун тақдим этган мобил телефон рақамига OneID тизимидаги бир нечта шахсий кабинетларга уланган бўлса, тегишли ҳаракатлар фойдаланувчининг мобил телефон рақамини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш жараёнида амалга оширилади.

Мобил-ID тизимида идентификациялаш якунланганда, бу ҳақда фойдаланувчининг Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақамига хабар юборилади.

Агар фойдаланувчи OneID тизимида илгари рўйхатдан ўтмаган бўлса, унга Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш жараёнида OneID тизимида шахсий кабинет очилади. Бунда фойдаланувчининг OneID тизимида шахсий кабинетига логин сифатида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами танланади. Фойдаланувчига логин ҳамда пароль кўрсатилган хабарнома юборилади.


18. Қуйидаги ҳолатларда фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш рад қилинади:

сўровномага киритилган маълумотларнинг нотўғри эканлиги ёки тўлиқ эмаслиги Мобил-ID тизими орқали аниқланганда;

2023 йил 1 январдан бошлаб Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш учун ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган тўлов тўланмаганда;

фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ бўлмаганда;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилмаганда;

фойдаланувчининг биометрик маълумотлари ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлари мос келмаганда;

фойдаланувчи ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган биометрик маълумотларни тақдим этишдан бош тортганда.

Фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


19. Фойдаланувчи ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган камчиликларни бартараф этган ҳолда исталган вақтда Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш бўйича қайта мурожаат қилиши мумкин. Бунда фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациялаш умумий тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ЯИДХПНИНГ МОБИЛ ИЛОВАСИ ОРҚАЛИ

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИ МОБИЛ-ID ТИЗИМИДА

ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


20. Фойдаланувчи масофадан туриб Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланади. Бунда фойдаланувчи мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.


21. ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишда тақдим этилаётган мобил телефон рақами айнан мурожаат қилаётган фойдаланувчи номига расмийлаштирилган бўлиши зарур. Бунда Мобил-ID тизимига киритилаётган мобил телефон рақами фойдаланувчи номида эканлигини текшириш ахборот тизимлари орқали амалга оширилади.


22. Мобил-ID тизими фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган телефон рақамига ҳар бир кирувчи SMS-хабар учун мобил операторлар томонидан белгиланган тўлов ундирилиши ҳақида огоҳлантиради ва розилик билдирилганда кейинги ҳаракатлар амалга оширилади.


23. Фойдаланувчи ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали мурожаат қилганда масофадан туриб идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо асосида ўзининг шахсини ва киритилган маълумотларни тасдиқлайди.

Бунда Face-ID маълумотлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг ахборот тизими билан, ID-картадаги электрон рақамли имзо маълумотлари Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимидаги маълумотлар билан солиштирилади.


24. Фойдаланувчининг маълумотлари ва тақдим этилган мобил телефон рақами OneID тизими воситасида автоматик бирламчи текширувдан ўтказилади. Бунда:

OneID тизимига уланган мобил телефон рақами ва Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш учун тақдим этилган мобил телефон рақам ўртасида фарқ мавжуд бўлса Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақам OneID тизимига киритилиши ва аввалги уланган мобил телефон рақами OneID тизимидан ўчирилиши ҳақида;

тақдим этилган мобил телефон рақамига OneID тизимидаги бир нечта шахсий кабинетлар уланган бўлса, тақдим этилган мобил телефон рақами фақат фойдаланувчининг OneID тизимидаги шахсий кабинетида қолдирилиши ва қолган шахсий кабинетлар ушбу мобил телефон рақамдан ўчирилиши ҳақида Мобил-ID тизими фойдаланувчини огоҳлантириб, келгуси босқичга ўтиш учун розилик олади.


25. Фойдаланувчи ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали юборган биометрик маълумотлари мос келганда ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо фойдаланувчига тегишли эканлиги аниқланганда, Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш учун тақдим этилган мобил телефон рақамга амал қилиш муддати бир соат бўлган бир марталик тасдиқ код юборилади.

Бир марталик тасдиқ код бир соат ичида Мобил-ID тизимига киритилмаса ёки фойдаланувчининг мобил телефон рақамига келмаса, фойдаланувчи бир марталик тасдиқ кодни қайта олиш учун Мобил-ID тизимига тегишли сўровни юборади.


26. Фойдаланувчи бир марталик тасдиқ кодни Мобил-ID тизимига киритади.

Мобил-ID тизимида бир марталик тасдиқ коднинг мослиги автоматик солиштирилади ва тасдиқ код мос бўлганда фойдаланувчининг мобил телефон рақамини ЯИДХПдаги шахсий кабинетига боғлайди.

Мобил-ID тизимида идентификациялаш якунланганда, бу ҳақда фойдаланувчининг Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақамига хабар юборилади.

Агар фойдаланувчи ЯИДХПда илгари рўйхатдан ўтмаган бўлса, унга Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш жараёнида ЯИДХПда шахсий кабинет очилади.


27. Қуйидаги ҳолатларда фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш рад қилинади:

сўровномага киритилган маълумотларнинг нотўғри эканлиги ёки тўлиқ эмаслиги аниқланганда;

фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ бўлмаганда;

фойдаланувчининг биометрик (Face-ID) ва ID-картадаги электрон рақамли имзо маълумотлари мос келмаганда;

фойдаланувчи биометрик (Face-ID) ва ID-картадаги электрон рақамли имзо маълумотларни киритишдан бош тортганда.

Фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


28. Фойдаланувчи ушбу Низомнинг 27-бандида белгиланган камчиликларни бартараф этган ҳолда исталган вақтда Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш бўйича қайта мурожаат қилиши мумкин. Бунда фойдаланувчини масофадан туриб Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. МОБИЛ-ID ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ,

УНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ,

МОБИЛ-ID ТИЗИМИДАГИ МОБИЛ ТЕЛЕФОН

РАҚАМИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ


29. Мобил-ID тизимидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

OneID тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг портал ва ахборот тизимларига киришда фойдаланувчиларнинг шахсини тасдиқлаш (аутентификация қилиш);

Мобил-ID тизимидан фойдаланаётган фойдаланувчининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (верификация қилиш);

электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича фойдаланувчилар томонидан берилган аризаларни тасдиқлаш;

фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари "Электрон ҳукумат" тизими орқали олганда бу ҳақида хабарномалар қабул қилиш;

фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат ташкилотлар "Электрон ҳукумат" тизими орқали олиши учун рухсат бериш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.


30. Мазкур Низомнинг 29-бандида Мобил-ID тизимидан фойдаланган ҳолда фойдаланувчиларнинг шахсини тасдиқлаш (аутентификация қилиш), аризаларни тасдиқлаш ва "Электрон ҳукумат" тизими орқали шахсга доир маълумотларни олишга рухсат бериш фойдаланувчининг Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига юборилган бир марталик уникал кодли SMS-хабарни киритиш орқали амалга оширилади.


31. Фойдаланувчи Мобил-ID тизимидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлашга шахсан ўзи масъул ҳисобланади. Бунда келгусида фойдаланувчи томонидан унинг Мобил-ID тизими орқали фойдаланадиган маълумотларнинг лозим даражада хавфсизлиги таъминланмаганлиги ёки Мобил-ID тизимидан фойдаланишни бошқа шахсларга берилиши натижасида унинг номидан аризалар йўлланилиши, фойдаланувчининг шахсига доир маълумотлар очиқланиб қолиши ва бошқа келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатлар фойдаланувчи зиммасида бўлади.


32. Мобил-ID тизими орқали давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича берилган аризалар мавжуд идентификация тизимлари воситасида ҳамда анъанавий шаклда берилган аризалар билан бир хил аҳамиятга эга.

Фойдаланувчининг Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига юбориладиган барча хабарнома ҳамда сўровлар учун тўлов фойдаланувчининг мобил рақами ҳисобидан ечилади. Бунда, мазкур тўлов миқдори ҳар бир хабар учун "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасаси томонидан амалдаги имтиёзли тарифлар асосида шакллантирилади.

Мобил-ID тизими имкониятларидан фойдаланиш учун фойдаланувчининг идентификациядан ўтган мобил телефон рақамида етарли маблағ бўлиши керак. Фойдаланувчининг Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақамида етарли маблағ мавжуд бўлмаганда ушбу рақамга Мобил-ID тизимидан хабарномалар келиши тўхтайди.


33. Мобил-ID тизимидаги идентификациянинг муддати чекланмайди, бундан ушбу Низомнинг 34-бандида белгиланган ҳолатлар мустасно.

Фойдаланувчи исталган вақтда маълумотларни йиғиш пункти ёки ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали Мобил-ID тизимидаги идентификацияни бекор қилиши ёки Мобил-ID тизимидаги мобил телефон рақамини ўзгартириши мумкин.

Фойдаланувчининг Мобил-ID тизимидаги мобил телефон рақамини ўзгартириши умумий асосларда ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Қуйидаги ҳолатларда фойдаланувчининг Мобил-ID тизимидаги идентификацияси бекор қилинади:

илгари Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтган мобил телефон рақам бошқа фойдаланувчи томонидан идентификациядан ўтказиш учун тақдим этилганда (аввалги фойдаланувчи);

Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақам мобил алоқа оператори эгалигига ўтганда, бундан мобил телефон рақам музлатилган ҳоллар мустасно;

фойдаланувчи Мобил-ID тизимидаги идентификациясини бекор қилишни сўраб мурожаат қилганда;

фойдаланувчи вафот этганда.

Фойдаланувчининг вафот этганлиги "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимидан интеграция асосида автоматик равишда аниқланади.

Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақам мобил алоқа оператори эгалигига ўтганлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда мобил алоқа операторлари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашиш орқали аниқланади.

Бунда, мобил алоқа операторлари Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилган мобил телефон рақам рўйхатини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тақдим қилинган маълумотлар асосида шакллантиради.

Мазкур бандда назарда тутилган асосларга кўра фойдаланувчининг Мобил-ID тизимидаги идентификацияси бекор қилингандан кейин фойдаланувчи умумий асосларда Мобил-ID тизимидан янгидан идентификациядан ўтади.


35. Фойдаланувчи Мобил-ID тизимидаги идентификациясини бекор қилишни сўраб маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилганда шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади.

Ходим маълумотларнинг мос келишини текширади ва фойдаланувчининг рақамли фотосуратини туширган ҳолда унинг Мобил-ID тизимидаги идентификациясини бекор қилади.


36. Фойдаланувчи ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали Мобил-ID тизимидаги идентификациясини бекор қилмоқчи бўлса, масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо асосида ўзининг маълумотларини тасдиқлаган ҳолда ўзининг Мобил-ID тизимидаги идентификациясини бекор қилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Мобил-ID тизимини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Мобил-ID тизимини жорий қилиш ва келгусида техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тенг миқдорда ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


38. Фойдаланувчиларнинг Мобил-ID тизимидаги мобил телефон рақамига тегишли хабарнома ва сўровлар Электрон ҳукумат хизматлари ҳақида ахборот бериш ва хабардор қилиш тизими орқали юборилади.


39. Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш бўйича мурожаат қилган шахслар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишни рад этиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маълумотларни йиғиш пункти мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


40. Ходим фойдаланувчиларни Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишда ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди. Ушбу маълумотларни ошкор қилиш, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиш тақиқланади.


41. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Фойдаланувчиларни Мобил-ID

тизимида идентификациялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Фойдаланувчи


Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХПнинг мобил иловасини юклаган ҳолда киради.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

1. Маълумотларни йиғиш пункти


1. Фойдаланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли асосида унинг маълумотларини Мобил-ID тизимига киритади, фуқаронинг юзини рақамли форматда расмга туширади, электрон шаклда қўл бармоғи изини олади.



Реал вақт режимида

2. ЯИДХПнинг мобил иловаси


2. Фойдаланувчи ЯИДХПнинг мобил иловасида масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда маълумотларни тасдиқлайди.



3. Маълумотларни йиғиш пункти, ЯИДХПнинг мобил иловаси


3. Мобил-ID тизими ҳамда бошқа ахборот тизимлари орқали фойдаланувчининг маълумотлари (шу жумаладан, биометрик маълумотлар) ва тақдим этилган мобил телефон рақамини OneID тизими орқали бирламчи текширувдан ўтказади.



4. Маълумотларни йиғиш пункти, ЯИДХПнинг мобил иловаси


4. Олинган биометрик маълумотларни (ID-картадаги электрон рақамли имзо маълумотлар ҳам) Мобил-ID тизимига юборади.









3-босқич

Фойдаланувчи


Мобил телефон рақамига келган тасдиқ кодни маълумотларни йиғиш пунктига тақдим этади ёки кодни ЯИДХПнинг мобил иловасига киритади.


Мурожаат қилинган вақтда, 1 соатдан ошмаган муддатда









4-босқич

1. Маълумотларни йиғиш пункти.


2. ЯИДХПнинг мобил иловаси.



1, 2. Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган мобил телефон рақамига келган тасдиқ кодни Мобил-ID тизимига киритади ва ариза берувчининг мобил телефон рақамини ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғлайди.


Реал вақт режимида

3. Маълумотларни йиғиш пункти



3. Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилганлиги учун тўловни амалга ошириш бўйича инвойс тақдим этади.








5-босқич

Фойдаланувчи


Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун тўловни амалга оширади (бундан - ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали мурожаат қилинган ҳамда тўлов ундирилмайдиган ҳолатлар мустасно).


Мурожаат қилинган вақтда



          





Низомга

2-ИЛОВА



Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш бўйича

СЎРОВНОМА


Жисмоний шахс тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси:



2. Исми:



3. Отасининг исми (мавжуд бўлса):



4. Мобил телефон рақами:



5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:



Фойдаланувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сифатида қуйидагилардан бири тақдим этилади:


1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - биометрик паспорт, идентификация ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;


2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган чет эл фуқароларига - хорижий давлат фуқаросининг паспорти;


3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга - ҳаракатланиш ҳужжати;


4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга - яшаш гувоҳномалари, идентификация ID-карталари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 31 август















































Время: 0.0161
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск