ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари. Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.10.2022 й. 561-сон "Давлат тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.10.2022 й.

N 561




ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИ

КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Давлат тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг таҳсил олиш жараёнида меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари ва муносиб даромад олишлари учун қўшимча шароитлар яратиш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва ўқишдан бўш вақтларини самарали ташкил этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида, шунингдек коронавирус пандемияси давом этаётганлигини инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 25 ноябрдаги 713-сон қарори 4-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг "Даволаш иши" ва "Педиатрия иши" таълим йўналишлари битирувчи курс талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестри (5 ой) давомида доимий яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларида амалиёт ўташини, режадаги маъруза ва ўқув машғулотларининг назарий қисмини масофавий шаклда олиб борилишини жорий қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида (кейинги ўринларда - тажриба-синов лойиҳаси) 2022/2023 ўқув йилида:

барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг "Даволаш иши", "Педиатрия иши" ва "Тиббий-профилактика иши" бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига (кейинги ўринларда - талабалар) меҳнат шартномаси асосида тўлиқ ставкагача бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, тез тиббий ёрдам муассасаларида шифокор ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларида мавжуд шифокор вакант ўринларида;

барча тиббиёт олий таълим муассасалари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг магистратура ва клиник ординатура мутахассисликларининг битирувчи курс талабаларига ўз йўналишидаги мутахассислик бўйича мавжуд вакант ўринларда меҳнат шартномаси асосида тўлиқ ставкагача фаолият кўрсатишларига рухсат бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

"Даволаш иши", "Педиатрия иши" ва "Тиббий-профилактика иши" бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари ўқув режаларидаги фанлар ва амалий машғулотларнинг назарий қисми масофавий шаклда ўзлаштирилади;

тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг масъул профессор-ўқитувчилари устоз-шогирд тизими асосида талабалар, магистр ва клиник ординаторларга бириктирилади;

талабалар, магистр ва клиник ординаторлар томонидан аҳолига кўрсатилган тиббий ёрдам сифатига уларга бириктирилган тиббиёт муассасаларининг шифокорлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари бевосита масъул этиб белгиланади;

талабаларга бириктирилган шифокорлар ҳар иш куни якуни бўйича талабалар томонидан аҳолига кўрсатилган тиббий ёрдам юзасидан муҳокама ўтказади ва уларга тегишли тавсиялар бериб боради.


3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда туман (шаҳар)лар кесимида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ва тор доирадаги шифокорлар, тез тиббий ёрдам муассасаларида шифокорлар, шунингдек Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларида шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқласин ҳамда биринчи босқичда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Сурхондарё вилоятида, иккинчи босқичда эса 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чораларини кўрсин;

бир ҳафта муддатда талабалар, магистр ва клиник ординаторлар томонидан аҳолига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини бириктирилган шифокорлар ва профессор-ўқитувчилар томонидан назорат қилиш, уларнинг аниқ вазифаларини белгиловчи тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига тегишли тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини бириктирсин;

талабаларга бириктириладиган тегишли тиббиёт муассасаларининг шифокорларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 17 майдаги ПФ-136-сон Фармонига мувофиқ Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан устамалар белгиланишини таъминласин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тажриба-синов лойиҳаси якунларига кўра, 2023 йил 1 августга қадар эришилган натижалар ҳамда қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 25 ноябрдаги 713-сон қарори 4-бандининг "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг "Даволаш иши", "Педиатрия иши" ва "Тиббий-профилактика иши" таълим йўналишлари битирувчи курс талабалари учун ўқув йили давомида (қоида тариқасида, доимий яшаш жойларидаги ёки ўзларининг розилиги билан бошқа жойлардаги) тиббиёт муассасаларида амалиёт ўташини, режадаги маъруза ва ўқув машғулотларининг назарий қисмини масофавий шаклда олиб борилишини жорий қилиш;".


5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 октябрь















































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск