ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати / Назоратни амалга ошириш тартиби /

Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган Минимал талаблар (ЎзР ВМ 19.10.2022 й. 611-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 19 октябрдаги

611-сон қарорига

3-ИЛОВА



Назорат қилувчи органларнинг

"хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

      

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

1. Мазкур минимал талаблар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунни бузиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи "хавфни таҳлил этиш" тизимини ишлаб чиқишга доир минимал талабларни белгилайди. Ушбу минимал талаблар божхона органлари томонидан божхона назоратини амалга оширишда қўлланиладиган хавфни бошқариш тизимига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Мазкур минимал талабларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишни мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш қонунийлигини назорат қилиш ваколати берилган ташкилот;


назорат қилувчи орган - тадбиркорлик субъекти фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирлик, идора, уларнинг тизимидаги бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар;


тадбиркорлик субъекти - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;


текширув - тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири;


"хавфни таҳлил этиш" тизими - назорат қилувчи органлар томонидан тегишли назорат соҳаси бўйича аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти томонидан ўз фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш механизми.


3. Мазкур минимал талаблар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида "хавфни таҳлил этиш" тизимини ишлаб чиқишда инобатга олиниши мажбурийдир.


4. Ишлаб чиқилган "хавфни таҳлил этиш" тизими асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик хавфи қай даражада бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга асос бўла олмайди.


5. Минимал талабларга зид бўлган "хавфни таҳлил этиш" тизимлари тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишга асос бўлмайди.



2-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ

ҚИЛИШГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


6. Тадбиркорлик субъектининг қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки фаолиятини амалга оширишга тўғридан-тўғри аралашишни назарда тутувчи хатти-ҳаракатларни ўз ичига олмаслиги зарур.


7. Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин:

маъмурий маълумотлар (лицензия, рухсат этувчи ва давлат органларида мавжуд бошқа ҳужжатлар);

даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;

юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;

оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;

назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.


8. Хавф даражаси таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектидан ҳужжатлар ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


9. Хавф даражаси таҳлили назорат қилувчи орган томонидан бир йилда камида бир маротаба амалга оширилиши лозим.


10. Хавф даражаси таҳлили назорат қилувчи органнинг назорат ваколати доирасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектида ўтказилади.

Назорат қилувчи органнинг назорат ваколатига кирмайдиган тадбиркорлик субъекти фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш тақиқланади.



3-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАЛАРИ ТАСНИФИ

ВА УЛАРНИ МЕЗОНЛАШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


11. Хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантирилган кўрсаткичлар ва мезонларга тадбиркорлик субъекти фаолиятининг мувофиқлигини "балл" тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.


12. Баҳолаш жараёни ўрганиладиган маълумотлар асосида тадбиркорлик субъекти фаолиятида ҳуқуқбузарлик аломатлари ҳақида хабар берувчи энг камида 5 та асосий кўрсаткични ўз ичига олиши шарт.


13. Ҳар бир асосий кўрсаткичнинг баҳоси ушбу кўрсаткич остидаги суб-кўрсаткичлар баҳосининг йиғинидисидан келиб чиқади. Ҳар бир асосий кўрсаткичларнинг баҳоси ушбу кўрсаткичларнинг муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда бир-биридан фарқ қилиши мумкин.


14. Ҳар бир асосий кўрсаткич камида 5 та аниқлаштирувчи суб-кўрсаткични ўз ичига олган бўлиши лозим.


15. Суб-кўрсаткичларни баҳолашда қай ҳолларда неча балл баҳо берилишини аниқ кўрсатувчи мезонлар белгиланиши шарт. Мезонларни белгилашда ноаниқ ёки маълум бир сонлар оралиғида танлаш ҳуқуқини берувчи қоидаларни ишлатиш тақиқланади. Баҳолаш мезонлари аниқ ҳолат учун аниқ баҳони назарда тутиши лозим.


16. Баҳолаш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилиши лозим:

мезонлар асосида суб-кўрсаткичларни баҳолаш, ҳар бир суб-кўрсаткич баҳосини белгилаш;

суб-кўрсаткичларнинг баҳосини умумлаштириш орқали ҳар бир асосий кўрсаткич баҳосини чиқариш;

асосий кўрсаткичлар баҳосини умумлаштириш орқали ҳар бир тадбиркорлик субъекти фаолиятида ҳуқуқбузарлик хавфи даражасининг умумий баллари аниқланади.


17. Амалга оширилган баҳолаш натижасида аниқланган хавф даражасининг умумий баллари асосида тадбиркорлик субъекти томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи қуйидаги уч хил тоифага таснифланади:

хавфи юқори - баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг 20 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;

хавфи ўртача - баҳоланган барча тадбиркорлик субъекти баллари умумий йиғиндисининг хавфи юқори бўлган 20 фоиз қисмини истисно этган ҳолда, 50 фоиз қисмини ташкил этувчи энг юқори хавф даражаси балларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари;

хавфи паст - баҳоланган тадбиркорлик субъектининг хавф даражаси баллари паст бўлган қолган тадбиркорлик субъектлари.



4-БОБ. ТАСНИФЛАНГАН ХАВФ

ДАРАЖАЛАРИ ДОИРАСИДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ТАДБИРЛАР


18. Баҳолаш натижаларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектида қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилиши лозим.


19. Текширув ўтказишга ташаббус билан чиқиш фақат ҳуқуқбузарлик хавфи юқори таснифидаги тадбиркорлик субъекти доирасида профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг ҳам ҳуқуқбузарлик содир этиш аломатлари ижобий томонга ўзгармаган ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин.


20. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори таснифидаги тадбиркорлик субъектида профилактика тадбирларини ўтказмасдан ва уларнинг натижасини кутмасдан қуйидаги ҳолатлар доирасида тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқиш мумкин:

инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишининг юқори хавфи мавжуд бўлганда;

жамоат хавфсизлигига зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар;

атроф муҳитга жиддий зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганда;

жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга моддий зарар етказилаётганлиги ҳолатлари аниқланганда;

текширувлар ўтказилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари мавжуд бўлганда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.


21. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача таснифидаги тадбиркорлик субъектида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймасликка қаратилган профилактика тадбирларини ўтказиш шарт. Кейинги давр учун баҳолаш натижаларига кўра, тадбиркорлик субъекти фаолиятини баҳолаш натижасида салбий ўзгариш кузатилганда, тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш бўйича ташаббуси билан чиқиш мумкин.


22. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст таснифидаги тадбиркорлик субъекти фаолиятига ҳар қандай аралашувларга йўл қўйилмайди.


23. "Хавфни таҳлил этиш" тизими, ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан қатъи назар, тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли орган билан келишилган ёки хабардор этган ҳолда ўтказилишини назарда тутиши лозим.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


24. Назорат қилувчи органлар томонидан ишлаб чиқилган "хавфни таҳлил этиш" тизими мажбурий равишда ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


25. Назорат қилувчи органларида "Хавфни таҳлил этиш" тизимининг жорий этилишида шахсан ушбу органнинг раҳбари жавобгар ҳисобланади.

         

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 19 октябрь

       

        


























































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск