ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат зоналари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.10.2022 й. 606-сон "Республика ҳудудларида инновация ва инвестиция фаолиятини жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.10.2022 й.

N 606




РЕСПУБЛИКА ҲУДУДЛАРИДА

ИННОВАЦИЯ ВА ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ЖАДАЛЛАШТИРИШНИНГ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижросини таъминлаш ҳамда иқтидорли ёшларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларни инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, улар учун замонавий шарт-шароитларга эга ўқув-ишлаб чиқариш комплексини яратиш ва олий таълим муассасаларида илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида:

а) Нукус, Бухоро, Жиззах ва Наманган шаҳарларида Тошкент шаҳрида барпо этилган "Inno" инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки (кейинги ўринларда - технопарк) шаклидаги технопаркларни 2023 - 2026 йилларда босқичма-босқич замонавий инфратузилмага эга ҳолатда барпо этиш;

мазкур технопаркларда 8 та стартап акселератор, 4 та бизнес инкубатор, 4 та ишлаб чиқариш майдони, 12 та коворкинг маркази фаолиятини йўлга қўйиш;

ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағларини, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағларини молиялаштириш манбаи этиб белгилаш;

б) Тошкент шаҳрида "Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази"ни ташкил қилиш;

в) Сурхондарё вилоятида республика даражасидаги масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга "Инвесторларга кўмак маркази"ни ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Технопарклар фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

технопаркда иқтидорли ёшларни, шу жумладан, барча олий таълим муассасалари талабалари, илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилари таҳлилий фикрлаши, уларни инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;

ёшларни инновацион тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида технопаркда бизнес-инкубаторлар ва тажриба майдончалари ишини ташкил этиш, уларнинг инновацион лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур инфратузилма, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, уларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари, шунингдек, акселерация дастурлари ва турли хизматлар кўрсатиш орқали кўмаклашиш;

ташаббускор ёшлар томонидан таклиф қилинган стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва уларни ишлаб чиқаришда амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш;

стартап лойиҳаларни амалга оширишда, шу жумладан, уларни тўлиқ ёки қисман молиялаштириш асосида қўллаб-қувватлаш ва муассислар таркибига кириш, рационализаторлик ва бошқа инновацион ташкилотларга прототипларни яратишга кўмаклашиш;

иқтидорли ёшларнинг лойиҳалари ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, уларда ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида мамлакатимиз ва етакчи чет эл компаниялари вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва маҳорат дарслари, ўқув курсларини ташкил этиш.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи "Inno" инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

технопарк фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган тадбирларни амалга ошириш босқичлари;

технопарк бошқарув компаниясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

технопаркда истиқболли стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш тартиби;

стартап лойиҳаларнинг инкубация ва акселлерация дастурларида иштирок этиш тартиби;

юридик шахсларни технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш тартиби.


4. 2023 - 2026 йилларда Жиззах, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарларида "Inno" инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш ва жойлаштириш режа-жадвали (кейинги ўринларда - режа-жадвал) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, 2-иловага мувофиқ вилоятларда ташкил этилаётган ҳудудий технопарклар дирекциялари ва уларнинг резидентларига "Inno" инновацион технопаркка берилган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йилдан бошлаб 2027 йилгача ҳар йили Давлат бюджетининг асосий параметрларини шакллантиришда Жиззах, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарларида инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркларини босқичма-босқич қуриш ва жиҳозлаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида асосланган ҳисоб-китобларига кўра ажратилишини кўзда тутсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Наманган ва Жиззах вилоятлари ҳокимликларига:

технопаркларни ташкил этиш ишларини режа-жадвалга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ва "Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 декабрдаги ПҚ-43-сон қарори талабларига асосан амалга ошириш;

ҳудудларнинг бош режаси асосида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида янгидан қурилиши белгиланган объектлар учун режа-жадвалда кўрсатилган манзиллардан ер участкалари белгиланган тартибга қатъий амал қилган ҳолда давлат захирасига ўтказилгандан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилишини таъминлаш;

ўз ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияларини Дастурда назарда тутилган объектлар бўйича буюртмачи этиб белгилаш;

технопарклар бино ва иншоотлари ўзига хос хусусиятга эга эканлигини инобатга олиб, лойиҳа ишларини ушбу соҳада тажрибага эга чет эллик соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш;

"Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари тегишлича технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, зарур моддий-техник база, асбоб-ускуна ва мебеллар билан жиҳозлаш, лойиҳа ишларини амалга ошириш ҳамда режа-жадвалга мувофиқ технопаркларни тўлиқ фойдаланишга топшириш вазифалари юклатилсин.


6. Белгилансинки:

режа-жадвалда кўрсатилган манзилларда технопаркларни ташкил этиш учун ер участкалари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан технопаркларга ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши таъминланади;

технопарк резидентларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги ПҚ-307-сон қарори билан берилган имтиёз ва преференциялар фақат резидентликка олиш ҳақидаги аризада кўрсатилган фаолият бўйича қўлланилади;

технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

технопарклар резиденти мақомини бериш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида комиссия ташкил этилади.


7. Технопарклар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳалари маркази) тузилмасида Инвестиция лойиҳалари марказининг мавжуд штатлари доирасида 4 нафар штат бирлиги ажратилган ҳолда Илғор лойиҳалар ва инжиниринг марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. Инвестиция лойиҳалари марказининг илғор лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва инжиниринг соҳасидаги қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

илмий ва инновацион ишланмалар ҳамда ишлаб чиқаришнинг янада кенг интеграцияси орқали илғор инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш чораларини кўриш;

маҳаллий ва халқаро лойиҳа институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

сифатли лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича мутахассислар тайёрлашни кўзда тутиш;

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари малакали ходимлари билан биргаликда саноат инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишдан бошлаб инвесторларни аниқлаб, амалга оширилгунга қадар ҳамроҳлик қилиш ва кузатиб бориш;

маҳаллий ва хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган иқтисодиёт тармоқларининг корхоналарини қуриш ва модернизациялаш бўйича тақдим этилган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш.


10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:

Инвестиция лойиҳалари марказининг янги таҳрирдаги низомини, янгиланган тузилмасини ишлаб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин ва Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази ходимларининг функционал мажбуриятларини тасдиқласин;

Инвестиция лойиҳалари марказининг штат бирлигига янгидан киритилган лавозимларни юқори малакали кадрлар ва истиқболли ёш мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин.


11. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг инновацион ёндашув асосида барча даражадаги масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга, инвесторлар ва тадбиркорларга "Ягона дарча" тамойили асосида кўмаклашиб борадиган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "Инвесторларга кўмак маркази"ни (кейинги ўринларда - Кўмак маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


12. Белгилансинки, Кўмак маркази вилоят ҳокимлиги балансида турган Термиз шаҳар, Ю. Ражабий кўчаси, 16в-уй манзилидаги бинога ижара тўловининг "ноль" ставкаси асосида жойлаштирилади.


13. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг юқори малакали ходимларидан иборат, таркиби ҳар ойда янгиланиб бориладиган Ишчи гуруҳ ташкил этилсин.

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) бир ҳафта муддатда Ишчи гуруҳ таркибини тасдиқласин. Ишчи гуруҳ Кўмак марказида фаолият юритиши белгилаб ўтилсин.


14. Куйидагилар Кўмак марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

инвесторларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни ва бюрократик тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш;

лойиҳаларни амалга оширишда юзага келадиган муаммолар, жумладан, ер участкалари, бино, кредитлар ажратиш каби масалаларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар кўриш;

инвесторларга давлат хизматлари, рухсат берувчи ҳужжатлар, жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, қурилиш ишларини амалга оширишга доир ҳужжатларни олишда кўмаклашиш;

тадбиркорларга лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик фаолиятини ва экспортни молиявий қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан олинадиган имтиёзлардан фойдаланишда кўмаклашиш;

инвесторларга давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари билан самарали ўзаро ҳамкорлик қилишда ёрдам бериш;

инвесторларга ҳуқуқий масалалар бўйича малакали ёрдам олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда кўмаклашиш;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг технологик салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда маркетинг тадқиқотларини ўтказиб, "тадбиркордан - экспортчигача" тамойили асосида экспорт салоҳиятини ошириш чораларини кўриш;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали расмийлаштиришда кўмаклашиш.


15. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

а) икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Кўмак маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом лойиҳаси ҳамда тузилмасини ишлаб чиқиб тасдиқлаш учун Ҳукумат комиссиясига киритсин:

аниқ йўналишлар бўйича Кўмак марказининг функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш механизмлари;

"Ягона давлат хизматлари портали" билан интеграциялашган ҳолда инвесторлар учун инклюзив давлат хизматларини "онлайн" ва "офлайн" шаклда кўрсатиш ҳамда доимий фаолият кўрсатувчи "Саll-маркази"ни ташкил этиш;

инвесторларни ва бошқа манбаларни жалб қилган ҳолда унинг фаолиятини молиялаштириш манбаларига аниқлик киритиш;

Кўмак маркази фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси таркибини шакллантириш ва унинг вазифаларини белгилаш.

б) Кўмак маркази фаолиятини ташкил этиш учун зарур мебель ва техник жиҳозлар билан таъминласин;

в) тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда Ишчи гуруҳ таркибини шакллантирсин ҳамда белгиланган тартибда Термиз шаҳрига хизмат сафарига юборилишини ташкил этсин;

г) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Кўмак марказини белгиланган тартибда зарур бўлган алоқа турлари ва воситалари билан таъминласин, шунингдек, кенг қамровли интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратиб берсин.


16. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Ходжаев, инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 15 октябрдаги

606-сон қарорига

2-ИЛОВА



2023 - 2026 йилларда Жиззах, Бухоро, Наманган ва

Нукус шаҳарларида "Inno" инновацион ўқув-ишлаб

чиқариш технопаркларини босқичма-босқич

ташкил этиш ва жойлаштириш

РЕЖА-ЖАДВАЛИ

Т/р

Ҳудуд номи

Жойлашиш манзили

Амалга ошириш муддати

1.

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳри, Ҳ. Носиров кўчаси 3-а уй манзилидаги 0,7 га ер майдонида

2023 йил

2.

Бухоро вилояти

Бухоро шаҳри, "Bukhara City" замонавий турар жой ва бизнес маркази мажмуаси ҳудудидаги 1,8 га майдондан иборат 49-лотнинг 1,0 га ер майдонида

2024 йил

3.

Наманган вилояти

Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, Ўрзу МФЙ "Янги Наманган шаҳарчаси" ҳудудидан 1,0 га ер майдонида

2025 йил

4.

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукус шаҳри, "Жана базар" МФЙ ҳудудидан 1,5 га бўш ер майдонида

2026 йил

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 октябрь





























Время: 0.0239
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск