ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисида умумий қоидалар / Гаров. Ипотека. Ушлаб қолиш. Закалат. Кафиллик. Кафолат /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 736-XII-сон "Гаров тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 736-ХII



ГАРОВ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Гаров тушунчаси

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Гаровга кўра қарздор (гаровга қўювчи) гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан бошқа кредиторларга қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига қонунда назарда тутилган тартибда ҳақли бўлади.

Қонун бўйича ҳақиқий бўлган ҳар қандай мажбуриятнинг: заём, банк кредити, ижара, олди-сотди, юкларни ташиш ва ҳуқуқнинг ҳар қандай субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар, давлат) Ўртасидаги бошқа мажбуриятларнинг бажарилиши гаров билан таъминланиши мумкин. Мажбурият пул бирликларида (миллий валютада ёки чет эл валютасида) ифодаланган бўлиши лозим.


2-модда. Гаров тўғрисидаги қонунчилик

Гаров билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида гаров билан боғлиқ муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.

Ушбу Қонуннинг қоидалари, агар "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ипотека билан боғлиқ муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гаров тўғрисидаги қонунчилигидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Гаровнинг вужудга келиш асослари

Гаров шартнома ёки қонун ҳужжатларига кўра вужудга келади.

Гаровнинг вужудга келишини назарда тутувчи қонун ҳужжатида қандай мажбуриятга кўра ва айнан қайси мол-мулк гаровда турган деб эътироф этилиши лозимлиги кўрсатилган бўлиши лозим.


4-модда. Гаров турлари

Гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқ гарови тарзида амал қилиши мумкин.


5-модда. Гаров нарсаси

Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.

Гаров тўғрисидаги шартномада, қонун асосида вужудга келадиган гаровга нисбатан эса қонунда гаровга қўювчи келгусида қўлга киритадиган ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар гарови назарда тутилиши мумкин.

Агар шартномада ёки қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг нарсаларини ва таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган самара, маҳсулот ва даромадларга нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда татбиқ этилади.

Тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлганлиги туфайли ёхуд давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари нуқтаи назаридан гаров қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган фуқароларнинг айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонунчиликда белгиланган тартибда ман этилиши ёки чекланиши мумкин.


6-модда. Гаров билан таъминланадиган талаблар

Агар шартномада ёки қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаров талабнинг амалда қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди.

Гаров келгусида пайдо бўлувчи талабларга нисбатан ҳам, башарти томонлар бундай талабларнинг гаров билан таъминланиш миқдори тўғрисида келишиб олсалар, белгиланиши мумкин.


7-модда. Бир нечта шахсга биргаликда қарашли

бўлган мол-мулк ёки ҳуқуқлар гарови

Биргаликдаги умумий мулк бўлган мол-мулк фақат барча мулкдорларнинг ёзма розилиги билан гаровга берилиши мумкин.

Бир нечта шахсга биргаликда қарашли бўлган ҳуқуқ унинг барча эгалари розилиги билангина гаровга қўйилиши мумкин.

Мулкдорнинг умумий улушли мулкдаги ўз улушини гаровга қўйиши қолган мулкдорларнинг розилик беришини талаб қилмайди.


8-модда. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи

Юридик ёки жисмоний шахслар гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи бўлишлари мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Ашёнинг мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкин, гаровга қўйиладиган ҳуқуқнинг эгаси бўлган шахс ҳуқуқни гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мулкдорнинг розилигисиз ашёвий ҳуқуқни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.

Агар тасарруфдан чиқарилганда бошқа шахс ёки органнинг розилиги ёки рухсатини олиш талаб этиладиган мол-мулк ипотека нарсаси бўлса, бундай мол-мулк ипотекаси учун ҳам шундай розилик ёки рухсат олиш зарур.

Давлат мулкида бўлган ва ҳеч кимга хўжалик юритиш ҳуқуқида бириктирилмаган кўчмас мулк гарови тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Мол-мулк тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи билан биркитиб қўйилган корхона, шу мол-мулк эгасининг ёки у ваколат берган органнинг розилиги билан умуман корхонанинг, мулкий мажмуалар сифатида унинг тузилмалари ва бўлинмаларининг, шунингдек алоҳида бинолар ва иншоотларнинг гаровини амалга оширади.

Ўзига биркитиб қўйилган мол-мулкни бевосита идора қилиш ҳуқуқига эга бўлган муассаса (ташкилот) ўзига рухсат этилган хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобига орттирилган ашёлар ёки ҳуқуқларни гаровга беришга ҳақлидир.

Мулк ҳуқуқининг кейинчалик бошқа мулкдорга ўтиши тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқаруви остидаги мол-мулк гаровига дахл қилмайди.

Ижарачи ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ижарага берувчининг розилигисиз ўзининг ижарага оид ҳуқуқларини гаровга ўтказишга ҳақлидир.

Бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар, қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга оид муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан айни бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар ҳамда айни бир хил мажбуриятларга эга бўладилар.


9-модда. Гаров ҳуқуқининг вужудга келиши

Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар шартномага ёки қонунчиликка мувофиқ гаров нарсаси гаровга олувчида туриши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтда, агар гаров нарсаси шартнома имзолангунга қадар берилган бўлса, шартнома имзоланган пайтда вужудга келади.

Гаров нарсаси бўлган мол-мулк қонунда белгиланган асосда ва тартибда мажбурий олиб қўйилган ҳолларда, агар бунинг эвазига гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилган бўлса, гаров ҳуқуқи шу мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади.

Мол-мулк қисқа муддатли (олти ойга қадар) кредитга сотилган тақдирда, гаров ҳуқуқи сотиб олувчи ва мол-мулк савдосининг ана шу турини амалга ошириш ўз фаолияти доирасига кирадиган сотувчи ўртасида шартнома тузилган пайтдан вужудга келади.



10-модда. Гаров тўғрисидаги шартноманинг мазмуни

Гаров тўғрисидаги шартномада тарафларнинг номи, жойлашган ери (яшаш жойи), гаровнинг тури, гаров нарсаси ва унинг баҳоси, гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг моҳияти, миқдори ва бажарилиш муддати, гаровга қўйилган мол-мулкнинг тавсифи, шунингдек тарафларнинг келишувига эришилган бошқа маълумотлар ёхуд гаров нарсасини ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятни идентификация қилиш учун етарли бўлган маълумотлар кўрсатилади. Унда гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги ҳам кўрсатилиши керак.

Гаров нарсаси мол-мулкни умумий тавсифлаш орқали, шу жумладан мазкур мол-мулкни алоҳида тур ёки тасниф сифатида тавсифлаш воситасида идентификация қилиниши мумкин.

Гаров билан таъминланадиган мажбурият гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан қопланиши мумкин бўлган мажбуриятнинг энг кўп суммасини кўрсатиш йўли билан идентификация қилиниши мумкин.

Гаров нарсасини баҳолаш гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасидаги келишувга кўра ёки баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ гаров нарсасини баҳолашдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


11-модда. Гаров тўғрисидаги шартноманинг

шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш

Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак.

Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тартибда тасдиқланиши кеpак бўлган шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши лозим, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномалар мустасно.

Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ушбу модданинг қоидаларига риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.


12-модда. Гаров нарсасини суғурта қилиш

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи қўйилган мол-мулк кимдалигига қараб:

1) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши хавфидан унинг тўла қиймати бўйича, борди-ю мол-мулкнинг тўла қиймати гаров билан таъминланган талабнинг миқдоридан ошиб кетса, талаб миқдоридан кам бўлмаган суммага гаровга қўювчи ҳисобидан суғурталаши;

2) гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун, шу жумладан уни учинчи шахсларнинг тажовузлари ва талабларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши;

3) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши хавфи пайдо бўлганлиги тўғрисида иккинчи томонни дарҳол огоҳлантириши шарт.

Шартнома ёки қонунчилик билан гаровга қўювчи зиммасига давлат бошқарув органлари томонидан унинг хўжалик фаолиятини тўхтатиб қўювчи ёхуд унга халақит берувчи ёки унга салбий таъсир этувчи хатти-ҳаракатлар содир этилиши ва ҳужжатлар қабул қилиниши (мол-мулкни мусодара, реквизиция қилиш), шунингдек тугатилиши ёки хўжалик субъекти тўлов қобилиятини йўқотган деб эътироф этилиши ҳолларида суғурта қилиш мажбурияти юкланиши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулк суғурта қилинганда гаров билан таъминланган мажбурият суммасидан ортиқ бўлмаган суммада суғурта товонини олувчи - гаровга олувчи ҳисобланади. Гаровга қўювчи суғурта товонининг қолган суммасини олади.

Суғурта ҳоллари содир бўлганда гаровга олувчи ўз талаблари суғурта товони суммасидан имтиёзли қондирилиши ҳуқуқига эга бўлади.



13-модда. Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш

Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.


14-модда. Гаров нарсасининг тасодифан нобуд бўлиш хавфи

Агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфини ўз зиммасига олади.

Гаровга олувчи ўзига топширилган гаров нарсаси тўлиқ ёки қисман нобуд бўлганлиги ёки шикастланганлиги учун, агар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 333-моддасига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкинлигини исботлай олмаса, жавоб беради.

Гаровга олувчи нобуд бўлган гаров нарсаси учун унинг ҳақиқий қиймати миқдорида, гаров нарсаси шикастланганлиги учун эса гаров нарсаси гаровга олувчига топширилаётганда баҳоланган суммага қараб қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида белгиланган мақсад бўйича фойдаланиб бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ҳамда унинг нобуд бўлганлиги учун товон тўланишини талаб қилишга ҳақли, у билан гаровга олувчи ўртасида нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкни тиклаш ёки алмаштириш тўғрисида ёзма равишда битим тузилган ҳамда гаровга олувчи бу битимнинг шартларини лозим даражада бажараётган ҳоллар бундан мустасно.

Шартномада гаровга олувчининг гаров нарсаси нобуд бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида гаровга қўювчига етказилган бошқа зарарни ҳам тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор гаровга қўювчи гаров нарсаси нобуд бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида етказилган зарарни тўлаш тўғрисида гаровга олувчига қўйган талабни гаров билан таъминланган мажбуриятларни қоплаш учун ҳисобга олишга ҳақли.


15-модда. Навбатдаги гаров

Гаровда турган мол-мулкни гаровга қўювчи томонидан ўзга шахсга (гаровга олувчига) бошқа талабларни таъминлаш учун бериш навбатдаги гаров ҳисобланади.

Навбатдаги гаровга, агар у гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда тақиқланмаган бўлса ҳамда башарти олдинги ва навбатдаги гаровга олувчилар томонидан гаров реестрига тегишли ёзув киритилган бўлса, йўл қўйилади.

Агар олдинги гаров шартномасида навбатдаги гаров шартномасини тузиш мумкин бўлган шартлар назарда тутилган бўлса, бундай гаров шартномаси олдинги шартномада кўрсатилган шартларга амал қилган ҳолда тузилиши керак. Кўрсатилган шартлар бузилган тақдирда олдинги гаровга олувчи шу туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашни гаровга қўювчидан талаб қилишга ҳақлидир.

Навбатдаги гаровга олувчининг талаби олдинги гаровга олувчиларнинг талабларидан кейин, қонунда белгиланган тартибда ушбу мол-мулкнинг қийматидан қаноатлантирилади.

Гаровга берувчи гаровга олувчиларнинг ҳар бирига мазкур мол-мулкнинг барча мавжуд гаровлари тўғрисида, шунингдек ушбу гаровлар билан таъминланган мажбуриятларнинг миқдори ҳақида хабар бериши шарт ҳамда бу мажбуриятлар бажарилмаганлиги туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарарлар учун жавобгар бўлади.



16-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган

ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтганида

гаровнинг сақланиши

Гаровга қўйилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки уни хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи гаровга қўювчидан ушбу мол-мулкни ҳақ олиб ёки ҳақ олмасдан бошқа шахсга бериш натижасида ёхуд универсал ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтган тақдирда гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади, бундан муомаладаги товарларнинг гарови ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи (хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи) гаровни сақламаган ҳолда бошқа шахсга ўтишига гаровга олувчи розилик билдирган ҳоллар мустасно.

Агар гаровга олувчи билан келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси гаровга қўювчининг ўрнига ўтади ва унинг ҳамма мажбуриятларини бажаради.

Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулки ҳуқуқий ворислик тартибида бир неча шахсга ўтган бўлса, ҳуқуқий ворисларнинг (мол-мулкни олувчиларнинг) ҳар бири гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармасликнинг гаровдан келиб чиқадиган оқибатларига мазкур мол-мулкнинг ўзига ўтган қисмига мутаносиб равишда жавоб беради. Агар гаров нарсаси бўлинмаса ёки бошқа асосларга кўра ҳуқуқий ворисларнинг умумий мулки бўлиб қолса, улар солидар гаровга қўювчиларга айланадилар.


17-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома бўйича

ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш

Гаровга олувчи талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш йўли билан кредиторнинг ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини қонунчиликка мувофиқ бошқа шахсга ўтказишга ҳақли.

Гаровга олувчининг гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларидан бошқа шахс фойдасига воз кечиши, агар гаров билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарздордан талаб қилиш ҳуқуқидан ҳам ўша шахс фойдасига воз кечилган бўлса,ҳақиқий бўлади.

Агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечишни ҳам англатади.


18-модда. Гаров билан таъминланган мажбурият

бўйича қарзни бошқа шахсга ўтказиш

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан, агар гаровга қўювчи кредиторга янги қарздор учун қонунчиликка мувофиқ жавоб беришга розилик берган бўлмаса, гаров бекор бўлади.


19-модда. Гаровга олувчининг ҳуқуқлари

Агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчи қуйидагиларга ҳақли:

учинчи шахсларни гаров нарсасига бўлган ўз ҳуқуқлари тўғрисида гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш орқали хабардор қилиш;

гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартларда ундирувни гаров нарсасига қаратиш;

гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш;

гаровга қўйилган мол-мулк йўқолганлиги ва шикастланганлиги учун у кимнинг фойдасига суғурта қилинганидан қатъи назар, агар йўқолиш ёки шикастланиш гаровга олувчи жавоб берадиган сабабларга кўра содир бўлмаган бўлса, ўша асосларга суғурта товонидан қаноатланиш олиш;

давлат бошқарув органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг гаровга олувчининг ҳуқуқлари бузилган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш хусусида судда даъво қўзғатиш ва ҳужжатлар чиқариш натижасида етказилган зарар қопланишини тегишли органлардан талаб қилиш;

гаровга қўювчининг гаров нарсасига мулк ҳуқуқи ушбу Қонунга мувофиқ тугатилган тақдирда, ўз талабини гаровга қўювчига берилиши лозим бўлган суммадан имтиёзли қаноатлантириш;

қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бир қисмини бажарган тақдирда, гаровдаги барча мол-мулк учун ҳуқуқини сақлаб қолиш;

қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш ёки ундирувни гаров нарсасига қаратиш;

гаровга қўювчи ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлиги оқибатида етказилган зарар қопланишини талаб қилиш.

Закалат қўйилганда, гаровга олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари қуйидагиларга ҳақли;

ўзига берилган гаров нарсасидан шартномада назарда тутилган ҳоллардагина, гаровга қўювчига фойдаланишга доир мунтазам ҳисобот тақдим этган ҳолда фойдаланиш;

ашёни мажбурият тўлиқ бажарилгунга қадар ушлаб туриш;

гаровдаги мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан, шу жумладан гаровга қўювчининг эгалигидан талаб қилиб олиш.

Гаровдаги мол-мулкни гаровга қўювчида қолдирган ҳолдаги гаровда,ипотекада, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, гаровга олувчи қуйидагиларга ҳақли:

гаров нарсасининг ҳужжатлар бўйича амалда мавжудлигини, миқдори, ҳолати ва сақланиш шароитини текшириш;

ушбу Қонуннинг 12-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлар бажарилишини гаровга қўювчидан талаб қилиш;

гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан қилинаётган, унинг йўқотилиши ёки шикастланиши хавфини туғдираётган тажовузлар тўхтатилишини, улар ким томонидан содир этилаётганидан қатъи назар, талаб қилиш;

гаровга қўювчи гаров нарсасини суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бузган тақдирда, гаров нарсасини ўз ҳисобидан, аммо гаровга қўювчининг манфаатларини кўзлаб, суғурта харажатларини ундан ундириб олган ҳолда суғурта қилиш.

Муомаладаги товарлар гаровида, ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, гаровга қўювчи гаров шартларини бузган тақдирда, гаровга олувчи бундай бузилиш тузатилгунга қадар гаровдаги товарларга ўз белгилари ва муҳрларини (муҳрлар мавжуд бўлган тақдирда) босиш орқали муомаладаги товарлар билан операцияларни тўхтатиб туришга ҳақли.

Мулкий ҳуқуқлар гаровида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари гаровга олувчи қуйидагиларга ҳақли:

гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати бошланишидан қатъи назар, агар гаровга қўювчи ушбу Қонунда назарда тутилган мажбуриятларни бузган бўлса, гаровдаги ҳуқуқнинг ўзига ўтказилишини суд тартибида талаб қилиш;

гаровга қўйилган ҳуқуқ тўғрисидаги масала кўриб чиқиладиган суд ишига учинчи шахс сифатида қўшилиш;

ушбу Қонунда назарда тутилган мажбуриятларни гаровга қўювчи бузган тақдирда, гаровга қўйилган ҳуқуқни учинчи шахслар бузишидан ҳимоя қилиш учун мустақил чоралар кўриш;

гаровга қўювчи навбатдаги гаров тўғрисидаги қоидаларни бузган ва у ушбу Қонунда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган ҳолларда, гаров билан таъминланган мажбурият муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш, агар унинг талаби қондирилмаса, ундирувни гаров нарсасига қаратиш.

Гаров нарсаси томонлардан қайси бирида (гаровга олувчида ёки гаровга қўювчида)турган бўлишидан қатъи назар, гаровга олувчи ушбу Қонун, 26-моддасининг тўртинчи қисми, 28-моддасининг бешинчи қисми ва 29-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади.



20-модда. Гаровга олувчининг мажбуриятлари

Агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчи:

ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажариши;

гаров билан таъминланган мажбурият бажарилиши туфайли гаров бекор бўлганда ёхуд мажбуриятлар ўзи томонидан гаровдаги мол-мулкнинг йўқолиши ёки шикастланиши хавфини туғдирадиган тарзда қўпол бузилганда гаровга қўювчининг талабига биноан гаровдаги мол-мулкни гаровга қўювчига зудлик билан қайтариб бериши;

ўз айби бўлган тақдирда, гаров нарсаси тўлиқ ёки қисман йўқолгани ёки шикастлангани туфайли етказилган зарарни гаровга қўювчига ушбу Қонуннинг 34-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган миқдорда қоплаши шарт.

Шартномада назарда тутилган ҳолларда гаровга олувчи:

асосий мажбуриятни бажариш мақсадида ёки гаровга қўювчи манфаатларини кўзлаб гаров нарсасидан самара ва даромадлар чиқариб олиши;

гаровга қўювчи ҳисобидан гаровга эгалик қилиш билан боғлиқ солиқлар ва йиғимлар тўлаши шарт.

Қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажарган тақдирда, гаровга олувчи гаров тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни амалга оширувчи органга реестрга тегишли ўзгартишларни киритиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Гаровга олувчи кўрсатилган талабни бузгани тақдирда, гаровга қўювчи ундан бу мажбуриятни бажармаслик туфайли ўзига етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплашни талаб қилишга ҳақли.



21-модда. Гаровга қўювчининг ҳуқуқлари

Агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи қуйидагиларга ҳақли:

гаров билан таъминланган мажбуриятни ушбу Қонунда белгиланган тартибда муддатидан олдин бажариш;

гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини алмаштириш;

ушбу Қонуннинг 13-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда гаров нарсасини оқилона муддатда тиклаш ва уни бошқа тенг қимматли мол-мулкка алмаштириш;

ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган гаров нарсаси сотилгунга ёки гаровга қўйилган мулкий ҳуқуқлар реализация қилингунга қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг бажарилиши кечиктирилган қисмини бажариб, уларга ундирувни қаратишни тўхтатиш;

гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарзни гаровга олувчининг розилиги билан бошқа шахсга ўтказиш;

ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятлар гаровга олувчи томонидан қўпол бузилган тақдирда, гаровнинг муддатидан олдин бекор қилинишини талаб қилиш.

Закалат қўйилганда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, гаровга қўювчи қуйидагиларга ҳақли:

гаров нарсаси йўқолганлиги ёки шикастланганлиги туфайли етказилган зарар қопланишини гаровга олувчидан талаб қилиш;

гаров нарсаси йўқолганлиги ёки шикастланганлиги туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги гаровга олувчига нисбатан талабларни гаров билан таъминланган мажбуриятни узиш ҳисобига ўтказиш.

Гаровдаги мол-мулкни гаровга қўювчида қолдирган ҳолдаги гаровда, ипотекада, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, гаровга қўювчи қуйидагиларга ҳақли:

гаров нарсасидан белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланиш, шу жумладан ундан самара ва даромадлар чиқариб олиш;

гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини бошқа шахсга бериш, уни ижарага ёки бепул фойдаланиш учун бошқа шахсга топшириш ёхуд уни бошқача тарзда тасарруф этиш.

Гаровга қўювчининг гаровга қўйилган мол-мулкни васият қилиб қолдириш ҳуқуқини чеклайдиган келишув ҳақиқий эмас.

Муомаладаги товарлар гаровида ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари, гаровга қўювчи товарнинг умумий қиймати гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилганидан камаймаслиги шарти билан гаровга қўйилган товарнинг таркиби ва асл шаклини ўзгартиришга ҳақли.

Мулкий ҳуқуқлар гаровида гаровга қўювчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланади.



22-модда. Гаровга қўювчининг мажбуриятлари

Агар шартномада ёки қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи:

ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига гаровга қўйилган мол-мулкнинг барча мавжуд гаровлари тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши;

гаровга олувчида гаров билан таъминланган мажбурият муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш ва ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратиш ҳуқуқи вужудга келганида гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириши шарт.

Мол-мулк гаровга қўювчида қолдирилган ҳолдаги гаровда, ипотекада ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятлардан ташқари, гаровга қўювчи ушбу Қонуннинг 12-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган талабларни бажариши шарт.

Муомаладаги товарлар гаровида ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган мажбуриятлардан ташқари, гаровга қўювчи гаровдаги товар бўйича операцияларнинг алоҳида ҳисоб-китобини юритишга ҳақли.

Мулкий ҳуқуқлар гаровида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятлардан ташқари, гаровга қўювчи:

гаровга қўйилган ҳуқуқнинг ҳақиқийлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳаракатларни қилиши;

гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлишига ёки унинг қиймати камайишига сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатлар қилмаслиги;

гаровга қўйилган ҳуқуқни учинчи шахслар томонидан бўладиган тажовузлар ва талаблардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган чораларни кўриши;

гаровга олувчига гаровга қўйилган ҳуқуқда содир бўлган ўзгаришлар тўғрисидаги, унинг учинчи шахслар томонидан бузилганлиги ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши;

ўз қарздорини ҳуқуқлар гарови содир этилгани тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Агар гаровга олувчи билан келишувда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидалар гаровга қўювчининг ҳуқуқий ворисларига нисбатан гаровга қўйилган ҳуқуқлар борасида қўлланилади.



23-модда. Кредитор талабларининг учинчи

шахс томонидан қондирилиши оқибатлари

Кредитор талабларини тўлиқ ҳажмда қондирган учинчи шахсга талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаган гаров ҳам ўтади.



24-модда. Депозитга ўтказиш йўли билан гаров

тўғрисидаги шартномани бекор қилиш

Гаровга олувчи гаров билан таъминланган пул мажбурияти ижросини қабул қилишдан воз кечганида тегишли пул нотариал идора ёки банкнинг депозитига ўтказилади. Агар депозитга ўтказилган сумма қарзни тўлиқ қопласа, гаров тўғрисидаги шартнома ўз кучини йўқотади.


25-модда. Учинчи шахс (мулкий кафил)нинг гарови

билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор

томонидан бажарилмаслиги оқибатлари

Қарздор томонидан кредитор олдидаги мажбурият бажарилмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятини таъминлаш учун гаровни тақдим этган учинчи шахс (мулкий кафил) ундирувни гаров нарсасига қаратишдан сақланиш мақсадида бу мажбуриятни гаров нарсасининг қиймати доирасида бажаришга ҳақлидир.

Ундириш гаров нарсасига уни реализация қилиш йўли билан қаратилган тақдирда, мулкий кафил қарздордан унинг қийматини ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.


26-модда. Ундирувнинг гаров нарсасига қаратилиши

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган тақдирда ёки лозим даражада бажармаганда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиши мумкин.

Юридик шахс - гаровга қўювчи қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда, гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати бошланишидан қатъи назар, ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратишга ҳақли.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.

Агар шартномада ёки қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бир қисмини бажарган тақдирда, гаровга олувчи гаровга қўйилган барча мол-мулкка бўлган ҳуқуқни сақлаб қолади.

Агар бир нечта ашё ёки ҳуқуқ гаров нарсаси бўлса, гаровга олувчи ўз хоҳишига кўра ана шу барча мол-мулк ҳисобига ёки ашёлар (ҳуқуқлар)дан бирортаси ҳисобига талабини қондириши мумкин, бунда у кейинчалик ҳам гаров нарсасини ташкил этувчи бошқа ашёлар (ҳуқуқлар) ҳисобига талабини қондириш имконини сақлаб қолади.


27-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш тартиби

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.

Гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчининг талаблари гаровга қўйилган кўчар мол-мулк ҳисобидан суд ҳужжатига мувофиқ қондирилади. Агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ундирув гаровга олувчига топширилган гаров нарсасига гаров тўғрисидаги шартномада белгиланган тартибда қаратилиши мумкин.

Ундирув гаров нарсасига қуйидаги ҳолларда фақат суднинг қарорига мувофиқ қаратилиши мумкин:

1) қонунда бошқа шахснинг ёки органнинг розилиги ёки рухсати ҳақидаги талаб белгиланган бўлса;

2) гаров нарсаси тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга мол-мулк бўлса;

3) гаровга қўювчи йўқолган бўлса ва унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса.


28-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш

Ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган, гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий равишда реализация қилиш қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида, электрон онлайн-аукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади.

Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни очиқ кимошди савдосида сотишни бир йил муддатгача кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкнинг гарови билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди ҳамда кредиторнинг кечиктириш вақти мобайнида кўпайган зарарларининг ўрнини қоплашдан ва неустойкани тўлашдан қарздорни озод этмайди.

Агар мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа, гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади.

Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплаш учун етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда, қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчиларнинг гаров билан таъминланган талаблари миқдоридан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтарилади.

Гаровга қўйилган мол-мулкни суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини бажариш чоғида реализация қилиш бўйича кимошди савдолари электрон онлайн-аукцион шаклида амалга оширилади.



29-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни гаров

билан таъминланган мажбуриятни суддан

ташқари тартибда қоплаш учун қабул қилиш

Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишувга кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаров нарсасини реализация қилинмаган гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камрок суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли. Бунда гаровга олувчи ўзида олиб колинаётган мол-мулкнинг қабул қилинаётган қиймати билан мажбуриятнинг қопланган миқдори ўртасидаги ижобий фарқни (мавжуд бўлган тақдирда) тўлаши шарт.

Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзига олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.



30-модда. Гаровга қўйилган мулкий ҳуқуқларни реализация қилиш

Мулкий ҳуқуқлар гаровида гаров нарсасини реализация қилиш гаровга қўювчининг гаровга қўйилган ҳуқуқдан келиб чиқувчи талабдан гаровга олувчи фойдасига воз кечиши орқали амалга оширилади.

Гаровга олувчи ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳуқуқи вужудга келган пайтда гаровга қўйилган ҳуқуқ суд тартибида ўзига ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.



31-модда. Гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан

олдин бажариш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка

қаратиш

Гаровга қўювчи мажбуриятни муддатидан олдин бажаришга ҳақли, гаровга олувчи эса, агар бу қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд мажбурият моҳиятидан ёки иш муомаласи одатларидан ёхуд бошқа одатда қўйиладиган талаблардан келиб чиқса, муддатидан олдинги ижрони қабул қилиши шарт.

Гаровга олувчи қонунда назарда тутилган ҳолларда, гаров билан таъминланган мажбурият муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга ҳақли.


32-модда. Гаровнинг бекор бўлиши

Гаров қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида;

гаровга олувчи ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларни қўпол равишда бузган тақдирда гаровга қўювчининг талаби билан;

гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида, агар гаровга қўювчи ушбу Қонун 13-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса;

гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинган тақдирда, шунингдек ушбу Қонуннинг 29-моддасида назарда тутилган асослар бўйича уни реализация қилиш мумкин бўлмаган тақдирда;

гаров нарсаси бўлган мол-мулк гаровга қўювчидан қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилган тақдирда;

агар гаровга қўювчи кредиторга янги қарздор учун жавоб беришга розилик бермаган бўлса, гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилган тақдирда;

даъво муддати ўтганлиги сабабли гаров билан таъминланган мажбурият бўйича ўз талабларини қондириш кредитор учун мумкин бўлмай қолган тақдирда;

гаров нарсасини ташкил этувчи ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


II. ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН МОЛ-МУЛКНИ

ГАРОВГА ОЛУВЧИГА БЕРИБ ҚЎЙИЛАДИГАН

ГАРОВ (ЗАКАЛАТ)

33-модда. Закалат тушунчаси

Гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчидан гаровга олувчи ихтиёрига бериладиган гаров - закалат деб эътироф этилади.


34-модда. Гаровга олувчининг гаровга қўйилган

мол-мулк йўқолгани ёки шикастлангани

учун жавобгарлиги

Гаровга олувчи, агар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлигини исботлай олмаса, ўзига бериб қўйилган гаров нарсасининг тўлиқ ёки қисман йўқолгани ёки шикастлангани учун жавоб беради.

Гаров нарсаси гаровга олувчига топшириш чоғида қанча суммага баҳоланган бўлишидан қатъи назар, гаровга олувчи гаров нарсаси йўқолганлиги учун унинг ҳақиқий қиймати миқдорида, унга шикаст етказилганлиги учун эса - бу қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида ундан бевосита ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ва унинг йўқолганлиги учун ҳақ талаб қилишга ҳақли.

Шартномада гаровга олувчининг гаров нарсаси йўқолгани ёки шикастлангани туфайли етказилган бошқа зарарларни ҳам гаровга қўювчига қоплаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.


35-модда. Ашёларнинг ломбардда гаровга қўйилиши

Фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни қисқа муддатли кредитларни таъминлаш учун гаровга қабул қилиш ихтисослашган ташкилотлар - лицензияси бўлган ломбардлар томонидан тадбиркорлик фаолияти сифатида амалга оширилиши мумкин.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан гаров паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Гаровга қўйилаётган ашёлар ломбардга топширилади.

Ломбард гаровга қабул қилган ашёларни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг нархларига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши шарт.

Ломбард гаровга қўйилган ашёлардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас.

Ломбард ашёларнинг йўқолиши ёки шикастланиши енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, гаровга қўйилган ашёларнинг йўқолганлиги ёки шикастланганлиги учун жавобгар бўлади.

Башарти, ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш учун белгилаб қўйилган тартибда ушбу мол-мулкни сотишга ҳақли. Шундан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса ҳам, ломбарднинг гаровга қўювчига (қарздорга) талаблари бекор бўлади. Агар қарз ва бошқа харажатлар тўланганидан кейин тушум суммасининг қолдиғи бўлса, у гаровга қўювчига қайтарилади.

Ломбардлар томонидан фуқароларга уларнинг ашёларини гаровга олиб кредит бериш қоидалари қонунчилик билан белгиланади.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартноманинг гаровга қўювчининг ҳуқуқларини ушбу Қонун ёки бошқа қонунлар билан унга берилган ҳуқуқларга қараганда чеклаб қўядиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


III. ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН МОЛ-МУЛК ГАРОВГА

ҚЎЮВЧИДА ҚОЛДИРИЛАДИГАН ГАРОВ.

МУОМАЛАДАГИ ТОВАРЛАРНИНГ

ГАРОВ НАРСАСИ

36-модда. Гаровга қўйилган мол-мулк гаровга

қўювчида қолдириладиган гаров нарсаси

Корхоналар, бинолар, иншоотлар, квартиралар, транспорт воситалари ва ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгиланган бошқа гаров нарсалари гаровга қўйилган мол-мулкни гаровга қўювчида қолдириладиган гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Бўлакларга ажраладиган самара, агар у ажралиш чоғидан бошлаб учинчи шахс ҳуқуқлари объектига айланмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Гаров нарсаси гаровга олувчи қулфлаб қўйган ва унинг муҳри босилган ҳолда (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин.

Гаров нарсаси гаров тўғрисида далолат берувчи белгилар қўйилган ҳолда гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин (қатъий гаров).

Гаровга қўювчи томонидан учинчи шахсга вақтинча эгалик қилиш ёки фойдаланишга бериб қўйилган гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган ҳисобланади.

Гаровга олувчи томонидан учинчи шахсга сақлаш учун берилган гаров нарсаси гаровга олувчида қолдирилган деб ҳисобланади.


42-модда. Муомаладаги товарларнинг гаров нарсаси

Хомашё, ярим тайёр маҳсулотлар, материаллар, товар захиралари, бутловчи буюмлар, тайёр маҳсулот муомаладаги товарларнинг гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Муомаладаги товарлар гаровида гаров нарсаси гаровга қўювчида қолади.

Гаровга қўйилган муомаладаги товарлар қиймати пасайишига, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уларнинг гарови билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи томонидан тасарруфдан чиқарилган муомаладаги товарлар қўлга киритувчининг мулкига, хўжалик юритишига ёки бевосита бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб гаров нарсаси деб ҳисобланмайди, гаровга қўювчи қўлга киритган, гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилган товарлар уларга нисбатан гаровга қўювчининг мулк ҳуқуқи пайдо бўлган пайтдан бошлаб гаров нарсасига айланади.


IV. ҲУҚУҚЛАР, ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР ГАРОВИ

43-модда. Ҳуқуқлар - гаров нарсаси сифатида

Гаровга қўювчига тегишли эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқлари, шу жумладан ижарачининг ҳуқуқлари, мажбуриятларидан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқлар (талаблар) ва ўзга мулкий ҳуқуқлар гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ талаблар, хусусан ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар ҳақидаги ва бошқа шахс фойдасига воз кечиш қонун билан ман қилинган ўзга талаблар ҳуқуқ гарови нарсаси бўлиши мумкин эмас.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни, шунингдек ўзга табиий ресурсларга нисбатан бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйишга қонунчиликда белгиланган меъёр ва шартларда йўл қўйилади.

Муддатли ҳуқуқ унинг амал қилиш муддати тугагунга қадаргина гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Гаровга қўювчи ўз қарздорини амалга оширилган ҳуқуқлар гаровидан хабардор қилиши шарт. Агар шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчига нисбатан қарздор ҳисобланувчи шахс гаровга олувчи мажбуриятини бажариши лозим.



44-модда. Қарздорнинг гаровга қўювчи олдидаги

мажбуриятларини бажаришининг оқибатлари

Агар гаровга қўювчининг қарздори гаров билан таъминланган мажбурият гаровга қўювчи томонидан бажарилгунга қадар ўз мажбуриятини бажарса, бунда гаровга қўювчи олган барча нарсалар гаров нарсасига айланади, башарти гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчи бу ҳақда гаровга олувчини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчи ўз қарздоридан мажбуриятни бажариш ҳисобига пул суммалари олишда гаровга олувчининг талабига кўра гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш ҳисобига тегишли суммаларни ўтказиши шарт.



45-модда. Қимматли қоғозлар гарови

Қимматли қоғозлар гарови тўғрисидаги шартнома ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартибда тузилади.

Қимматли қоғоз билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқ гаровида бу қимматли қоғоз, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга олувчига ёхуд сақлаш учун нотариал идорага депозитга топширилади.

Гаров нарсаси ҳисобланувчи қимматли қоғозлардан келадиган даромадлар, агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчига тегишли бўлади.


V. ГАРОВДА ТОМОНЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ

46-модда. Гаров тўғрисидаги шартноманинг ўзгармаслиги

Шартнома тузилганидан кейин қонунчиликда гаровга олувчининг ва (ёки)гаровга қўювчининг аҳволини ўзгартирувчи нормалар белгиланган ҳолда, гаров тўғрисида илгари тузилган шартноманинг талаблари унинг бутун амал қилиш муддатида ўз кучини сақлаб қолади.


47-модда. Гаровга олувчининг ва гаровга

қўювчининг гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган

ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган асосларга

биноан бекор бўлганида гаровга олувчининг

манфаатларини ҳимоя қилиш

Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси ҳисобланувчи мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши (қайта сотиб олиниши), реализация қилиниши ёки давлат мулкига айлантирилиши оқибатида қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилади ёки тегишли товон тўланади. Бу ҳолда гаров ҳуқуқи эвазига берилган мол-мулкка ёхуд унинг товонига нисбатан жорий қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар давлат органининг гаровга қўйилган мол-мулкни ёки ҳуқуқларни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан гаровга қўйилган кўчмас мулк турган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор муносабати билан гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи бекор бўлган ёки гаровга қўйилган ҳуқуқлар бекор бўлган тақдирда жорий қилинади.

Гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан амалда бу мол-мулкнинг мулкдори бошқа шахс эканлиги асосида ёхуд жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганда ана шу мол-мулкка нисбатан гаров бекор бўлади.


48-модда. Гаровга олувчининг гаров нарсасига

бўлган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши

Агар давлат бошқарув органи ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органи қонунчиликка номувофиқ ҳужжат чиқариши натижасида гаров нарсасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича гаровга олувчининг ҳуқуқлари бузилса, бундай ҳужжат гаровга олувчининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни чиқариш натижасида гаровга олувчига етказилган зарар тегишли давлат бошқарув органи ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Гаровга қўйилган мол-мулк ўзида турган ёки туриши лозим бўлган гаровга олувчи уни ўзганинг ғайриқонуний эгалигидан, шу жумладан гаровга қўювчининг эгалигидан талаб қилишга ҳақли.

Шартнома шартларига кўра ўзига ўтказилган гаров нарсасидан фойдаланиш ҳуқуқи гаровга олувчига берилган ҳолда, у бошқа шахслардан, шу жумладан гаровга қўювчидан ўз ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини, бу бузилишлар эгаликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бўлса ҳам, талаб қилиши мумкин.



VI. ХАЛҚАРО МУОМАЛАДАГИ ГАРОВ

49-модда. Гаров тўғрисидаги шартномага

нисбатан қўлланиладиган қонунчилик

Гаров тўғрисидаги шартноманинг шакли, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартноманинг ижро этилиши ва бекор қилиниши, шартномани бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликнинг оқибатлари, талаблардан ўзганинг фойдасига воз кечиш ва қарзни ўтказиш, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра танланган мамлакатнинг қонунчилиги билан тартибга солинади.

Гаров тўғрисидаги шартномага нисбатан қўлланилиши лозим бўлган қонунчилик тўғрисида томонлар ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, гаровга қўювчи қайси мамлакатда таъсис этилган бўлса, ўз турар жойига ёки асосий фаолият жойига эга бўлса, ана шу мамлакат қонунчилиги қўлланилади.

Кўчмас мулк гарови гаров тўғрисидаги шартномага нисбатан қўлланилиши лозим бўлган қонунчилик тўғрисида томонлар ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шу мол-мулк турган мамлакатнинг қонунчилиги қўлланилади.

Ижро этиш усуллари ва тартиби, шунингдек лозим даражада бажарилмаган тақдирда кўрилиши керак бўлган чоралар борасида қўлланиладиган қонунчиликдан ташқари шартнома ижро этилаётган мамлакатнинг қонунчилиги ҳам эътиборга олинади.


50-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида

кимошди савдосида сотиш

Гаров тўғрисидаги ташқи савдо шартномасида томонлар гаров тўғрисидаги шартномани тузишда ёки кейин келишиб олиш асосида гаровга қўйилган мол-мулкни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида кимошди савдосида сотишни белгилаб қўйишга ҳақлидир.

Гаровга қўйилган мол-мулкни кимошди савдосида сотиш тартиби кимошди савдоси қайси давлат ҳудудида ўтказиладиган бўлса, ана шу давлатнинг қонунчилиги билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида жойлашган гаровга қўйилган мол-мулк мамлакатдан ташқарида кимошди савдосида сотилаётганда Ўзбекистон Республикасининг божхонага оид қонунчилигида назарда тутилган талаблар бажарилмоғи лозим.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1998 йил, 5-6-сон, 96-модда



































Время: 0.1718
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск