ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Транспортнинг техник таъминоти /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.12.2022 й. ПҚ-444-сон "Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.12.2022 й.

N ПҚ-444



ЭЛЕКТРОМОБИЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



"Яшил" иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, электромобиллардан фойдаланишни оммалаштириш ва уларни қувватлантириш станциялари тармоғи яратилишини рағбатлантириш ва ривожлантириш мақсадида:


1. Қурилиш вазирлиги ва Энергетика вазирлигининг 2024 йил 1 январдан бошлаб республикада қуриб битказиладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳаларига мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талабини белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қурилиш вазирлиги мазкур талабга жавоб бермайдиган объектлар лойиҳаларини тасдиқлашни (келишишни) тақиқлаш юзасидан уч ой муддатда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.


2. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2024 йил якунига қадар республикада электромобилларни қувватлантириш станциялари сонини камида 2 500 тага етказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин. Бунда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан 2023 йил давомида электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари ва нимстанцияларга туташ ҳудудлардан 1 500 та электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш учун ер участкалари аукционга чиқарилишини;

халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда жойлашган электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари ва нимстанциялари яқинида "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан камида 500 та электромобилларни қувватлантириш станциялари барпо этилишини;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг ер участкалари хатловдан ўтказилиб, 2023-2024 йилларда камида 500 та электромобилларни қувватлантириш станцияларини жойлаштириш учун ер участкалари "K-SAVDO" ААТ орқали аукцион савдоларига чиқарилишини назарда тутсин.


3. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

тадбиркорлик субъектларига электромобилларни қувватлантириш станциялари орқали электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларини қувватлантириш мақсадида электр энергиясини сотиш (реализация қилиш) ҳуқуқи берилади;

транспорт воситаларини қувватлантириш хизматининг тарифи (нархи), электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда белгиланади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва "Ўзнефтгазинспекция" билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар фаолият кўрсатаётган автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ қуйиш шохобчаларида камида 1 та (4 каналли) 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлантириш станциясини ўрнатиш чораларини кўрсин.


5. 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:

электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан, шунингдек, электромобилларни қувватлантириш станциялари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан;

асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш (ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги улуши 50 фоиз ва ундан юқори) бўлган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғидан;

транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод қилинсин.

Бунда, мазкур бандга асосан импорт қилувчилар томонидан "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКнинг ижобий хулосаси олинган ва божхона божи тўланмасдан олиб кириладиган товарлар рўйхатлари Марказнинг ва Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ҳамда келгусида импорт қилувчиларга рўйхатда кўрсатилган товарларни божхона божи тўламасдан импорт қилиш учун асос ҳисобланади.

Молия вазирлиги уч ой муддатда Солиқ кодексига ушбу банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


6. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзавтосаноат" АЖ ва соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда икки ой муддатда:

электромобилларни қувватлантириш станцияларини электр қувватига улаш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича умумий талаблар ва ягона стандартларни;

электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва даврий техник кўрикдан ўтказиш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги 2023 йил 1 июлга қадар "Яшил" иқтисодиётни ривожлантириш махсус жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирларини якунласин. Бунда:

халқаро аудиторлик ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Жамғармани шакллантириш манбаларини белгилаш, биринчи навбатда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит ва грант маблағлари ҳисобидан шакллантириш;

аҳоли ва тадбиркорлар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни ривожлантириш дастурини ва қўллаб-қувватлаш механизмларини белгилаш;

электромобилларни оммалаштириш ва улардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратсин.


8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзавтосаноат" АЖ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда электромобилдан фойдаланиш ва унга сервис хизмат кўрсатиш харажатлари, шунингдек, унинг атроф-муҳитга зарари ички ёнув двигателлида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига нисбатан камлиги тўғрисида маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиб борилишини таъминласин.


10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси Б.Ф. Исламов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 19 декабрь






















Время: 0.0172
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск