язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Алоҳида корхоналар ва лойиҳалар бўйича ҳужжатлар/ Озиқ-овқат ва тамаки саноати/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2005 й. 15-сон "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.01.2005 й.

N 15



САМАРҚАНД ЧОЙ ҚАДОҚЛАШ

ФАБРИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасининг яратилган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва қадоқланган чой ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан "All Americas International.Inc." (АҚШ) корпорацияси ўртасида Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасини унинг негизида хорижий корхона ташкил этган ҳолда тўлиқ сотиш тўғрисида аҳдлашувга эришилганлиги;

"All Americas International.Inc." (АҚШ) корпорацияси ўз зиммасига Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасининг ишлаб чиқариш йўналишини сақлаб қолиш ва унинг илгари олинган хорижий кредит бўйича кредиторлик қарзини тўлаш мажбуриятларини қабул қилганлиги;

"All Americas International.Inc." (АҚШ) корпорацияси томонидан икки йил мобайнида корхонага унинг айланма маблағларини тўлдириш, корхонани замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш, кредиторлик қарзини тўлаш учун 6,4 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси белгиланган тартибда "All Americas International.Inc." (АҚШ) корпорацияси билан Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасини сотиш юзасидан шартнома тузсин, шартномада корпорацияга дастлабки сотиб олиш бадали тўлангандан кейин мулк эгаси ҳуқуқига (инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилгунгача мол-мулкни бегоналаштиришни чеклаган ҳолда) ордер беришни назарда тутсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Озиқовқатсаноат" уюшмаси ва "All Americas International.Inc." (АҚШ) корпорацияси билан биргаликда Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасининг кредиторлик қарзини, шу жумладан корхонани замонавийлаштириш учун ажратилган кредитни таркибий ўзгартиришни амалга оширсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси" хорижий корхонасида қадоқланган чой ишлаб чиқаришини ташкил этиш лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг 2005-2006 йиллар учун Инвестиция дастурига киритсин.


5. "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси" хорижий корхонаси, истисно тариқасида, унинг ишлаб чиқариш фаолияти бошланган вақтдан бошлаб 2 йил муддатга:

кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш доирасида корхонанинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун келтириладиган чой хом ашёси, асбоб-ускуналар, механизмлар, моддий-техника ресурслари учун божхона тўловларининг барча турларини тўлашдан (божхонада расмийлаштириш учун йиғимдан ташқари);

ўзи ишлаб чиқарган қадоқланган чойни сотишда қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2005 йилдан бошлаб республикага чой хом ашёси келтириш фақат қадоқлаш автоматларига эга бўлган юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан уларнинг ишлаб чиқариш қувватларидан ортиқ бўлмаган ҳажмларда амалга ошириладиган тартибни белгиласинлар.


7. 2005 йил 1 апрелдан бошлаб чакана савдо тармоқларида чойни қадоқланмаган ҳолда сотиш тақиқлансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси" хорижий корхонаси буюртманомаларига биноан ушбу лойиҳани амалга оширишга жалб этиладиган хорижий ходимларнинг ишлаши учун рухсатномалар берилишини белгиланган тартибда таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси" хорижий корхонаси буюртманомаларига биноан корхонани ташкил этиш ва унинг фаолиятида қатнашадиган хорижий фуқароларга визалар берилишини амалга оширсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси" хорижий корхонаси буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларнинг, уларни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда, вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С.Азимов ва М.З.Усмонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 2-сон, 9-модда