ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси (ЎзР Президентининг 20.01.2023 й. ПҚ-10-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 20 январдаги

ПҚ-10-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органлари ходимларининг

касбий маданият ва хизмат интизоми

КОДЕКСИ

       

    

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси (кейинги ўринларда - Кодекс) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ИИВ) таълим муассасалари курсантлари ва тингловчилари (кейинги ўринларда - ходимлар)нинг хизмат ҳамда хизматдан ташқари фаолиятида одоб-ахлоқи ва интизомига қўйиладиган талабларни белгилайди, бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатларини, шунингдек, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш масалаларини тартибга солади.

Ички ишлар органлари ҳарбий тузилмалари бошлиқлари ва ҳарбий хизматчиларининг ҳарбий хизмат ҳамда ҳарбий хизматдан ташқари фаолиятида одоб-ахлоқи ва интизомига қўйиладиган талаблар, бошлиқлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом устави билан тартибга солинади.

Ички ишлар органлари ишчи ва хизматчиларининг меҳнат ҳамда меҳнатдан ташқари фаолиятида одоб-ахлоқи ва интизомига қўйиладиган талаблар, бошлиқлар ҳамда ишчи ва хизматчиларнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муносабатларига доир қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.


2. Кодексда белгиланган қоида ва талаблар ходимларнинг хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, чуқур масъулият ва ташаббускорлик ҳисси билан ёндашиш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, ватанпарварлик ва ўз касбига садоқаттуйғусини шакллантириш, содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олишга йўналтирилган.

Ҳар бир ходим ички ишлар органларида хизматга қабул қилинган кундан эътиборан Кодекс қоида ва талабларини билиши, уларга қатъий ва сўзсиз риоя қилиши мажбурий ҳисобланиб, эгаллаб турган лавозими ва бажарадиган ишининг хусусиятидан қатъи назар, уларнинг барчасига бирдек татбиқ этилади.

Кодекс қоидаларига амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.


3. Шахсий важ ва бошқа субъектив сабаблар ходимлар томонидан қонунчилик талаблари ва Кодекс қоидалари бузилишига асос бўла олмайди.



2-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА

КАСБИЙ МАДАНИЯТ ҚОИДАЛАРИ

         

4. Касбий маданият қоидалари қайси лавозимни эгаллашидан қатъи назар, ходимларнинг одоб-ахлоқи ва хизматда ўзини тутишнинг асосий талаб ва мезонларни ўз ичига олади.


5. Ходимлар касбий маданият қоидаларининг қуйидаги асосий талабларига амал қилишга мажбурдир:

фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотнинг камситилиши ёки афзал кўрилишига йўл қўймаслик;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳ ҳамда конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини инобатга олиш, ижтимоий барқарорлик, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликка кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўлиқ, холисона ва ўз вақтида қонуний кўриб чиқиш;

ўз хизмат бурчини виждонан бажаришига нисбатан фуқароларда шубҳа уйғотувчи хатти-ҳаракатдан тийилиш, шунингдек, ички ишлар органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик;

ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;

хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қиладиган ёки уларни бажаришда бирон-бир шахсий, мулкий ёки бошқа манфаатларга дахлдор бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ўзини тийиш;

гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик кўринишларига, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик ва қатъий равишда уларнинг олдини олиш;

ички ишлар органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишда расмий оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, уларнинг белгиланган тартибда ишончли маълумотларни олишига кўмаклашиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик;

ички тартиб қоидаларга, шунингдек, телефонда сўзлашиш ва кийиниш маданиятига қатъий риоя этиш;

ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда, шу жумладан, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган нохолис, субъектив материалларни жойлаштирмаслик;

ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда хизмат хоналари, давлат мулки, моддий-техника базасидан ҳамда ички ишлар органларининг бошқа мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш.


6. Ходимлар коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиши ва унинг профилактикасига фаоллик билан кўмаклашиши шарт.

Ходимлар ўз бошлиғи ёки ваколатли органларга ўзларини бошқа шахслар ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаб мурожаат қилган ҳар бир ҳолат, шунингдек, бошқа ходимлар томонидан содир этилган ҳар қандай ўзига маълум бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериши зарур.


7. Ходимлар хайрихоҳ, хушмуомала ва эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим.


8. Ходимлар фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, асоссиз руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим.


9. Хизмат вазифаларини бажариш вақтида ходимларнинг ташқи кўриниши иш шароити ва хизмат тадбири хусусиятини инобатга олган ҳолда, аҳолида ички ишлар органларига нисбатан ҳурмат уйғотиши, улар тоза ва ораста кийинган бўлиши зарур.


10. Ходимларга хизмат мажбуриятларини бажариш ва хизмат вақтида ёхуд хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланади.


11. Ходимлар мансаб ваколатларини сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг органлари манфаатлари йўлида амалга ошириши тақиқланади.


12. Ходимларга тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида ёки унинг номидан бу соҳада қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.

Ходимларга тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга рухсат берилмайди, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно.


13. Ходимлар ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказиш орқали шахсий фойда олиши мумкин эмас.

Ходимлар ўз мансаб ваколатларидан ноқонуний фойдаланиб, фуқаролар, жамият ёки давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказган тақдирда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


14. Ходимларга хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар ҳамда ҳар қандай кўринишдаги моддий бойликларни олиш ёхуд уларнинг хизматларидан фойдаланиш тақиқланади. Бундан ходим томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида олинган совғалар, шунингдек, мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, умумхалқ байрамлари, расмий равишда нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғалар мустасно.


15. Ходимлар фуқаролар билан муносабатда ўзларининг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўядиган, шунингдек, ҳар қандай афзалликлар, ғараз ва коррупцияни келтириб чиқарувчи вазиятлардан ўзини тийиши шарт.


16. Хизматдан ташқари вақтда ходимлар:

жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига амал қилиши, миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиши;

ички ишлар органларининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши;

дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги;

хизмат фаолияти билан боғлиқ маълумотларни оила аъзолари, таниш-билишлари ёки хизматга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслиги;

ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этмаслиги шарт.


17. Ходимлар чет эл ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудларига хизмат сафарлари давомида қонунчилик ҳужжатлари ва ИИВнинг норматив ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши лозим.



3-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА ХИЗМАТ

ИНТИЗОМИГА ОИД ТАЛАБЛАР

             

18. Ички ишлар органларида хизмат интизоми ходимлар томонидан ушбу Кодекс талабларига қатъий ва сўзсиз риоя этишдан иборат.

Хизмат интизоми ҳар бир ходимнинг хизмат бурчини юксак даражада англашига ва қўйилган вазифалар учун шахсий жавобгарлигини чуқур тушунишига асосланади.


19. Хизмат интизоми ҳар бир ходим зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклайди:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига амал қилиш, ИИВнинг норматив ҳужжатлари талабларини қатъий бажариш;

ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ бўлиш, фақат ва фақат халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишдан иборат бўлган ўз хизмат бурчини сўзсиз бажариш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси йўлида фидойилик билан хизмат қилиш;

ўзига юклатилган хизмат вазифалари ва функционал мажбуриятларини самарали амалга ошириш;

ишониб топширилган табель қуроли, мол-мулк ва техникани асраб-авайлаш;

ҳушёр бўлиш, давлат ва хизмат сирини қатъий сақлаш;

мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш;

ходимлар ўртасида ўзаро муносабатларга оид қоидаларга амал қилиш, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш;

хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслик;

доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб бориш, малака ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда намуна бўлиш.



4-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА БОШЛИҚЛАР

ВА ХОДИМЛАРНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ

          

20. Ходим хизмат вазифасини бажариш пайтида бевосита ва тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.


21. Ходимлар хизмат бўйича бўйсунадиган, шу жумладан, вақтинча бўйсунадиган раҳбарлар тўғридан-тўғри бошлиқлар бўлиб ҳисобланади.

Ходимга энг яқин бўлган тўғридан-тўғри раҳбар бевосита бошлиқ ҳисобланади.


22. Бошлиқ ўзи раҳбарлик қилаётган ички ишлар органи бўлинмасида хизмат интизомига риоя этилиши, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


23. Бошлиқ унга бўйсунувчи ходимлар томонидан Кодексга амал қилинишида талабчан бўлиши, юксак касбий маҳорат, қонунийлик талаблари ҳамда қасамёдга риоя этиш борасида доимий равишда уларга намуна кўрсатиши, хизмат бурчи ҳиссини кучайтириши ва қўллаб-қувватлаши, ташаббус, интилиш ва хизматларини рағбатлантириши, шунингдек, хизмат интизоми бузилган ҳолатларда таъсир чоралари қўлланилишини таъминлаши зарур.


24. Буйруқ ва топшириқлар бўйсуниш тартибида берилади. Юқори турувчи бошлиқ зарур ҳолларда ходимга бевосита бошлиғини хабардор қилмасдан буйруқ ёки топшириқ беришга ҳақли. Мазкур ҳолларда ходим ўзининг бевосита бошлиғини бундан хабардор қилиши зарур.


25. Ноқонунийлиги яққол кўриниб турган ва хизмат фаолиятига алоқаси бўлмаган буйруқ ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди.

Бошлиқ қўл остидаги ходимлардан уларнинг хизмат мажбуриятлари доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришни, шунингдек, қонунга ҳилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этишни талаб қилишга ҳақли эмас.

Ходим қонунга яққол зид бўлган (хизмат фаолиятига алоқадор бўлмаган) буйруқ ёки топшириқ олганда зудлик билан юқори турувчи раҳбарга ёки хизматни ўташ жойидаги шахсий хавфсизлик бўлинмасига хабар беради.

Ходим юқори турувчи раҳбар ёки шахсий хавфсизлик бўлинмасига хабар бериш имконияти бўлмаган тақдирда қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда ғайриқонуний буйруқ ва топшириқларни бажаришдан бош тортишга ҳақли, имкон пайдо бўлиши билан уларни хабардор қилиши лозим.


26. Бошлиқнинг буйруқ ва топшириқлари (қонунга зид буйруқ ва топшириқлардан ташқари) сўзсиз, аниқ ва ўз вақтида бажарилиши шарт. Буйруқ ва топшириқларни муҳокама этишга, шунингдек, уларни танқид қилишга йўл қўйилмайди.

Ходим буйруқ ёки топшириқнинг бажарилгани тўғрисида буйруқ ёки топшириқ берган бошлиққа, шунингдек, бевосита бошлиғига ахборот беради.

Буйруқ ёки топшириқни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда, ходим зудлик билан бу ҳақда буйруқ ёки топшириқ берган бошлиқни хабардор этиши шарт.


27. Бошлиқ ходимларни қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. У ўз хизмат бурчини ўташ пайтида маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, шунингдек, бошқа салбий омилларнинг намоён этилишига барҳам бериши керак.


28. Бошлиқ қуйидагиларга мажбур:

бўйсунувидаги ходимларга профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш;

жамоада соғлом маънавий-руҳий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш;

ходимларни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этишга ундамаслик ҳамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш, ходимлар учун қулай ва муносиб хизмат шароитларини яратиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш;

жамоада гуруҳбозлик ва фаворитизм (айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб-қувватлаш) кўринишларига йўл қўймаслик;

коррупция ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш, ходимларни ҳурмат қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик;

шахсий таркибни самарали бошқариш, ходимларнинг хизмат фаолиятини холисона баҳолаш;

ўзига бириктирилган мол-мулк ва молиявий маблағларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

ходимларнинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш, улар билан ўзаро яқин муносабат ўрнатиш, жамоани бирлаштириш, ходимлар томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, хизмат интизоми бузилишига муросасиз муносабатда бўлиш;

ходимларнинг, улар оила аъзоларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат принципларига амал қилиш, юқори турувчи раҳбарга қўл остидаги ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш;

ходимлар олдига қўйилаётган вазифа ва берилаётган топшириқларни аниқ ва тушунарли ифодалаш.



5-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА КАСБИЙ МАДАНИЯТ

ВА ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ ТАЪМИНЛАШ

          

29. Ички ишлар органларида касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларига риоя этиш ходимларда юксак онгу тафаккурни шакллантириш, маънавий-маърифий ишларни изчил олиб бориш, шунингдек, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш орқали таъминланади.


30. Ходимларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

а) миннатдорлик эълон қилиш;

б) қимматбаҳо ёки эсдалик совғаси ёхуд пул мукофоти билан тақдирлаш;

в) фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш;

г) идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш;

д) муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш;

е) эгаллаб турган лавозими билан назарда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш.

Шунингдек, рағбатлантириш тариқасида Кодекснинг 34-банди "а", "б" ва "в" ҳамда 35-банди "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган муқаддам қўлланилган интизомий жазо муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


31. ИИВ таълим муассасаларида Кодекснинг 30-бандида назарда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари ҳам қўлланилади:

а) таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келишга рухсат бериш;

б) "Ҳурмат тахтаси"га киритиш;

в) курсант (тингловчи)нинг ота-онаси ёки турар жойига миннатдорлик хати юбориш;

г) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ёки "Жалолиддин Мангуберди" стипендиясини тайинлаш.


32. Алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.


33. Ойлик иш ҳақи, даврий мукофотлар, қўшимча тўловлар, устама ҳақлари ва ходимларнинг пул таъминотида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш чораларига кирмайди.


34. Ходимларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

а) танбеҳ;

б) ҳайфсан;

в) қаттиқ ҳайфсан;

г) лавозим маошининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

д) махсус унвонини бир поғона пасайтириш;

е) эгаллаб турган лавозимидан озод этиш;

ж) гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш;

з) ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш.


35. ИИВ таълим муассасаларида Кодекснинг 34-бандида кўзда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари таълим муассасаларининг белгиланган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилиши мумкин:

а) навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш;

б) бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

в) курсантлар (тингловчилар) рўйхатидан ўчириш.

Ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чоралари ИИВ таълим муассасалари магистратура босқичи тингловчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.


36. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари бошлиқлар томонидан ўзига берилган ваколатлар доирасида қўлланилади.


37. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари, транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармалари, жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари бошлиқлари, бригада ва батальон командирлари, минтақавий мувофиқлаштириш марказлари раҳбарлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кодекснинг 30-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Кодекснинг 34-банди "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.


38. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосарлари - департамент бошлиқлари (ўз йўналишлари бўйича ҳудудий ва тармоқ ички ишлар органлари ходимларига нисбатан), Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда таълим муассасалари бошлиқлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кодекснинг 30-банди "а", "б" ва "в" кичик бандлари ҳамда 31-бандида ("г" кичик бандидан ташқари) назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Кодекснинг 34-банди "а", "б", "в" ва "г" кичик бандлари ҳамда 35-бандида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари - Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ички ишлар ходимларига нисбатан:

Кодекснинг 30-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Кодекснинг 34-бандида назарда тутилган ("д" ва "з" кичик бандидан ташқари) интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.


39. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Кодексда назарда тутилган барча рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди, қўлланилган интизомий жазоларни бекор қилиш орқали рағбатлантиради, шунингдек, ходимларни Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тавсия этади.


40. Ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш ва хизматдан бўшатиш ваколатига эга бошлиқлар ходимларга нисбатан Кодекснинг 34-банди "е", "ж" ва "з" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.


41. Қўл остидаги ходимларига нисбатан ўз ваколатларига кирмайдиган рағбатлантириш чораларини қўллаш зарурияти туғилган ҳолатда бошлиқ юқори турувчи раҳбарга бу ҳақда илтимоснома киритади.


42. Бошлиқ қўл остидаги ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг ўта жиддийлиги сабабли уни лозим даражада жазолаш учун ўзига берилган ваколатларни етарли эмас деб ҳисобласа, юқори турувчи раҳбарга ходимга нисбатан оғирроқ интизомий жазо қўллаш тўғрисида илтимоснома киритади.


43. Интизомий жазо чорасини қўллашда ўз ваколатини оширган ёки Кодексда назарда тутилмаган интизомий жазо чорасини қўллаган бошлиқ интизомий жавобгарликка тортилади, қўлланилган интизомий жазо эса юқори турувчи раҳбар томонидан бекор қилинади.


44. Ходим хизмат сафари ёки даволанишда бўлган вақтда хизмат интизомини бузган тақдирда мазкур хатти-ҳаракатдан хабар топган бошлиқ ушбу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўради ва бу ҳақда ходимнинг хизмат жойига хабар беради.


45. Рағбатлантириш чоралари алоҳида ходимга нисбатан ҳам, бир гуруҳ ходимларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Ходимга нисбатан бир ютуғи (натижаси) учун фақат битта рағбатлантириш чораси қўлланилиши мумкин.

Рағбатлантириш чорасини белгилашда ходимнинг хизмат кўрсаткичлари хусусияти, шунингдек, унинг аввалдан хизматга бўлган муносабати эътиборга олинади.


46. Кодекснинг 34-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо қўлланилган ходим мазкур жазони бекор қилиш орқали рағбатлантирилади. Интизомий жазони бекор қилиш ҳуқуқи уни қўллаган бошлиққа ёки унга тенг ваколатга эга, шунингдек, юқори турувчи ваколатли раҳбарга берилади.


47. Рағбатлантириш чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

миннатдорлик эълон қилиш - касбий маданият қоидаларига риоя этиб, юклатилган вазифани, бошлиқнинг буйруғи ёки топшириғини муваффақиятли бажарган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан;

қимматбаҳо ёки эсдалик совға ёхуд пул мукофоти билан тақдирлаш - касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларига риоя этган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек, захирага (истеъфога) чиқиши муносабати билан ёки мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра;

фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш - касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларига риоя этган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани учун, шунингдек, мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра ва ўқишни (ўқув йилини) муваффақиятли якунлаганда;

идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш - ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми, касбий маданияти ва кўп йиллик бенуқсон хизмати, ички ишлар органлари тизимини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшгани, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатгани, шунингдек, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшгани учун;

муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш - ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми, касбий маданияти, хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва фидойилиги, ички ишлар органлари амалий фаолиятига салмоқли илмий ҳисса қўшгани (илмий даражани олганда), хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришда намуна бўлгани учун (ички ишлар органларида хизмат ўташ масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ);

таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш - юклатилган вазифаларни, командирларнинг буйруқ ёки топшириқларини виждонан бажарган ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

"Ҳурмат тахтаси"га киритиш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув дастурларини аъло баҳоларга ўзлаштирган ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

ота-онасига ёки турар жойига миннатдорлик хати юбориш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув мавсумини аъло баҳолар билан якунлаган ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ёки "Жалолиддин Мангуберди" стипендиясини тайинлаш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув ва хизмат интизомига риоя қилишда намуна бўлган, ўқув йилини аъло баҳолар билан якунлаган ИИВ таълим муассасаларининг курсантларига нисбатан.


48. Қўлланилган рағбатлантириш чораси буйруқ билан эълон қилинади. Миннатдорлик эълон қилиш ва таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш буйруқ орқали ҳам, оғзаки ҳам эълон қилиниши мумкин.

Рағбатлантирилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган мажлис (йиғилиш)да тантанали тарзда эълон қилинади.

Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинган вақтда, қоида тариқасида, ходимларга фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо ёки эсдалик совға ёхуд пул мукофотлари, кўкрак нишонлари топширилади.


49. Буйруқ билан эълон қилинган рағбатлантириш чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Рағбатлантириш чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.


50. Кодексда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.


51. Содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо тайинланади.

Хизмат интизоми бир неча ходимлар томонидан бузилганда, интизомий жазо уларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида қўлланилади.

Содир этилганлиги маъмурий жазо тайинлашга олиб келган хатти-ҳаракатлар учун интизомий жазо қўллашга йўл қўйилмайди.

Интизомий жазо чоралари қўлланган ходимлар, агарда уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлса, жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.


52. Интизомий жазо чораларининг қўлланилиши асосли бўлиши ва содир этилган ножўя хатти-ҳаракат оғирлиги ҳамда айб даражасига мувофиқ келиши зарур. Интизомий жазо чораларини белгилаш чоғида ножўя хатти-ҳаракат хусусияти, содир этиш ҳолати, унинг оқибатлари, айбдорнинг аввалги хулқ-атвори, ички ишлар органларида хизмат ўтаган муддати, шунингдек, юклатилган хизмат вазифаларини бажаришга бўлган муносабати эътиборга олинади.

Ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат кам аҳамиятли бўлса, бошлиқ унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўлламаслиги ва бошқа бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида оғзаки огоҳлантириш бериш билан кифояланиши мумкин.

Жамоада юзага келган низоли вазиятларни ҳал этиш, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этган ходимларга жамоатчилик таъсирини ўтказиш мақсадида ички ишлар органларида сайлов асосида интизомий кенгашлар ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда фаолият кўрсатади.


53. Интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

танбеҳ - юклатилган вазифаларни, бошлиқнинг топшириқлари ва услубий кўрсатмаларни бажармаган, хизмат кийимини кийиш қоидаларини бузган ходимларга нисбатан;

ҳайфсан - норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Кодекс талабларини, хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш, фуқаролар ҳамда ҳамкасблари билан муомала маданияти қоидаларини бузган, белгиланган кун тартибига мунтазам равишда амал қилмаган ва хизмат мажбуриятларини бажармаган, жамоадаги маънавий-руҳий муҳитга салбий таъсир кўрсатган ходимларга нисбатан;

қаттиқ ҳайфсан - амалдаги "ҳайфсан" интизомий жазоси бўлган ходимларга нисбатан, касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Кодекс нормаларини такроран бузганлиги учун;

лавозим маошининг эллик фоиздан кўп бўлмаган миқдорда жарима - амалдаги интизомий жазоси бор-йўқлигидан қатъи назар, касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Кодекс нормаларини қўпол равишда бузган, хизмат бурчига масъулиятсиз ёндашган, иш самарадорлиги паст бўлган ходимларга нисбатан;

махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш - амалдаги интизомий жазоси бўлган, касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Кодекс нормаларини қўпол равишда бузган, хизматни ўташга лоқайдлик билан муносабатда бўлган, юклатилган хизмат мажбуриятларини бажармаган ходимларга нисбатан;

гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш - интизомий жазонинг қатъий чораси сифатида ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш учун асос бўладиган ножўя хатти-ҳаракатни содир этган ходимларга нисбатан;

ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш - хизмат интизомини қўпол равишда бузган, ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузган, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаган ходимларга нисбатан;

навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим ташкилоти ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш - юклатилган вазифаларни ёки командир (бошлиқ)нинг топшириқларини бажармаган, таълим ташкилотининг ўрнатилган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган ИИВ таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

курсант (тингловчи)лар рўйхатидан ўчириш - ИИВ таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларига нисбатан касбий маданият қоидалари ва хизмат интизоми талабларини бузганлиги, ўқув дастурини ўзлаштира олмаганлиги учун.


54. Амалдаги интизомий жазо бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини қўпол равишда бузган ходимга нисбатан ички ишлар органларидан бўшатиш интизомий жазоси ҳам қўлланилиши мумкин.

Қуйидагилар хизмат интизомини қўпол равишда бузиш деб эътироф этилади:

ходимнинг сабабсиз равишда узлуксиз уч кундан ортиқ муддатда хизмат жойида бўлмаслиги;

хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлиш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бузишга, одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф туғдиришга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш (агар бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса);

махфийликка оид тартиб-қоидаларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

ходимга ишониб топширилган табель қуроли ва унинг ўқларини, мол-мулк ва (ёки) техникаларни қасддан йўқ қилиш, зарар етказиш ёки унинг (уларнинг) йўқолишига сабаб бўладиган тарзда эҳтиётсизлик билан сақлаш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

маҳбуснинг ёки қўлга олинган шахснинг қочиб кетишига, пул маблағи ёки товар бойликларини ва ҳужжатларни йўқолишига сабаб бўлган тарзда пост ва конвой хизматини ўташ қоидаларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

Ходим хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст бўлгани сабабли интизомий жавобгарликка тортиш учун ушбу ҳолатни исботлаш мақсадида тиббий текширув натижаларига, агар ходим текширувдан бош тортса, камида икки ходим ёки бошқа шахслар кўрсатмаларига асосланилади.


55. Касбий маданият қоидаларини, шунингдек, бошлиқ ва ходимлар ўртасидаги муносабат қоидаларини қўпол равишда бузиш ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этиш ҳисобланади.

Жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини очиқдан-очиқ писанд қилмаслик билан боғлиқ бўлмаган оилавий келишмовчиликлар, жанжаллар ва маиший низолар ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат сирасига кирмайди.


56. Интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузиш, деганда буйруқ асосида эълон қилинган амалдаги интизомий жазоси бўлгани ҳолда, ходим томонидан хизмат интизомини бир неча бор бузиш тушунилади.


57. Махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тарзидаги интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, айбдорга бошқа интизомий жазо турлари тегишлича таъсир кўрсатмаган ҳолларда қўлланилади.


58. Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо қўлланилганда, ходим ушбу ножўя хатти-ҳаракати учун (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса) ички ишлар органлари хизматидан бўшатилмайди.

Гауптвахтада ҳибсда сақлаш муддати сафдорлар, сержантлар ва кичик офицерлар таркиби ходимлари учун - 10 суткагача, катта офицерлар таркиби ходимлари учун - 5 суткагача бўлиши мумкин.

Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо аёлларга нисбатан қўлланилмайди.


59. Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олиниши лозим. Агар ходим ушбу тушунтиришни беришдан бош тортса, тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилади.

Тушунтиришни беришдан бош тортиш ҳолати содир этилган қилмиш учун интизомий жазо тайинлашга тўсқинлик қила олмайди ва жазонинг оғирроқ кўриниши ва чораларини қўллашга олиб келмайди.

Интизомий жазо чораларини қўллаш пайтида бошлиқ ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, у билан муносабатда қўполликка йўл қўймаслиги зарур.


60. Интизомий жазонинг қўлланилиши ходимни ножўя хатти-ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.


61. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат бошлиққа маълум бўлган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, хизмат текшируви ўтказилганда эса - текширув тугаган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай қўлланилиши керак, бунда айбдорнинг хасталик ва таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди.

Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бир йилдан ортиқ муддат ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.


62. Маст ҳолатда бўлган айбдорга нисбатан интизомий жазо қўллаш, шунингдек, ундан ҳар қандай тушунтириш олиш ходим ҳушёр ҳолга келгунча кечиктирилади.


63. Қўлланилган интизомий жазо чораси буйруқ билан эълон қилинади. Навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам буйруқ орқали, ҳам оғзаки эълон қилиниши мумкин.

Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарор интизомий кенгаш хулосаси, шунингдек, ўтказилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган хизмат, комплекс ёки инспекторлик текширувлари асосида қабул қилинади.

Интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган йиғилиш (мажлис)да эълон қилинади.


64. Амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлган ходимнинг номзоди ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмайди.


65. Шикоят билан арз қилинган ҳолларда тайинланган интизомий жазони ижро этиш тўхтатилмайди.

Ходим интизомий жазо эълон қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида юқори турувчи бошлиққа ёки хизматни ўташ жойидаги шахсий хавфсизлик бўлинмасига шикоят билан мурожаат этиши мумкин.


66. Буйруқ асосида тайинланган интизомий жазо тайинланган вақтдан бошлаб бир йил ўтгач бекор қилинади (агар ходим шу муддат ичида янги интизомий жазога тортилмаса). Рағбатлантириш тартибида интизомий жазо бир йил ўтмасдан бекор қилиниши мумкин.

Агарда бир йил ичида ходимга нисбатан бир неча интизомий жазо тайинланса, уларни бекор қилиш муддати охирги тайинланган интизомий жазо чораси санаси бўйича ҳисобланади.


67. Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Интизомий жазо чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.



6-БОБ. БОШЛИҚНИНГ ҲАРАКАТЛАРИ

УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ

        

68. Ҳар бир ходим бошлиқнинг унга нисбатан қонунга зид ёки ноҳақ ҳаракатлари устидан юқори турувчи раҳбар ёки хизмат жойидаги шахсий хавфсизлик бўлинмасига ёзма шикоят беришга ҳақли.


69. Ходимнинг шикоятида баён этилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган юқори турувчи раҳбар ушбу мурожаатни беш кун муддатда ваколатли идорага юборади.


70. Юқори турувчи раҳбарга ёки хизмат жойидаги шахсий хавфсизлик бўлинмасига қонунчиликни бузиш фактлари ёхуд ўзига нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганлиги ҳақида мурожаат этганлиги учун қўл остидаги ходимни таъқиб этган бошлиқ интизомий тартибда жавобгарликка тортилади (агар унинг хатти-ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келмаса).


71. Ходимларнинг шикояти бир ой ичида ҳал этилади, қўшимча текширув талаб этмайдиганлари эса зудлик билан, бироқ келиб тушган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқилади.


72. Қасддан ёлғон шикоят билан мурожаат этган ходимлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

          

73. Кодекс нормаларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


74. Кодекс нормаларининг бузилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

          

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 21 январь











































































Время: 0.1841
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск