ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.01.2023 й. ПҚ-22-сон "Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.01.2023 й.

N ПҚ-22



ОЗИҚ-ОВҚАТ ТЕХНОЛОГИЯСИ

ВА МУҲАНДИСЛИГИ ХАЛҚАРО

ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда "Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" ғояси асосида иқтисодиётни фаол ривожлантириш, шу жумладан таълим ва қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни, озиқ-овқат саноатида янги механизмларни кенг жорий этиш, соҳада халқаро талаблар асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросини самарали ташкил этиш мақсадида:


1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида ҳамда Уммон Султонлигининг Atyab International Services компанияси иштирокида Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида белгилансин:

халқаро тенденцияларни акс эттиришга мослашган "илмга асосланган, амалиёт ва бизнесга йўналтирилган (science-based, practice-business-oriented) таълим" тамойили асосида халқаро тан олинган сифат стандартларини (Global G.A.P, Organic, HACCP ва бошқалар) жорий эта оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

соҳада ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологиялари, бозор тенденциялари, хавфсизлик ва сифат стандартлари (кодекси), тармоқни бошқариш усуллари ва маҳсулот бўйича маълумотлар каби йўналишларда таълимни ривожлантириш;

ўқув жараёнига малакали чет эллик ҳамда хорижий таълим муассасаларида таҳсил олган, малакасини оширган халқаро тажрибага эга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш;

озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида кичик ва ўрта бизнес учун рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантирадиган мукаммал технологлар, етук кадрлар ва бизнес раҳбарларини тайёрлаш;

мева-сабзавот, сут, гўшт, нон ва қандолат маҳсулотларини, мойли уруғлар, асал ва зираворларни қайта ишлаш ҳамда дон маҳсулотлари бўйича замонавий бизнес инкубация хизматларини кўрсатиш;

озиқ-овқат технологияси соҳасида амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.


3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Уммон Султонлигининг Atyab International Services компанияси (кейинги ўринларда - Компания) ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги, сифат назорати ва халқаро сертификатлаш тизимларини жорий этиш бўйича Келишув битими имзоланганлиги ҳамда Компания томонидан қуйидагилар амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин:

Институт фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, академик регламентлар, молиявий низом, йўриқномалар, маъмурий тартиб ва қоидаларни ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш;

озиқ-овқат хавфсизлиги, сифат назорати, халқаро сертификациялаш тизимларини ўз ичига олган ва аккредитациядан ўтган лабораториялар ташкил этишга кўмаклашиш;

тармоқда мавжуд муаммолар ечимини топиш ва махсус тадқиқотлар учун саноат академик интерфейсини яратиш;

Институт ҳузурида халқаро сифат ва назорат стандартларига жавоб берадиган мева-сабзавот, сут, гўшт, нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш линиялари бўйича 12 та инкубация марказларини ташкил этишга кўмаклашиш;

озиқ-овқатни қайта ишлаш саноати вакиллари ва соҳага алоқадор манфаатдор томонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, қисқа муддатли ўқув дастурлари бўйича ўқув режаларини ишлаб чиқиш, тренинглар ўтказиш, "устоз-шогирд" анъаналарини жорий этиш учун тармоқда саноат ҳамкорлигини яратиш;

йирик таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан Халқаро озиқ-овқат сифат назорати уюшмаси, Чикаго озиқ-овқат технологиялари институти, Канада озиқ-овқат технологиялари ва фанлари институти, Туркиянинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги уюшмаси ҳамда бошқа халқаро ва хорижий муассасалар билан билим ва инсон ресурсларини алмашиш учун институционал ҳамкорликни ривожлантириш.


4. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Компания иштирокида Институт ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агробизнес субъектлари салоҳиятини ошириш маркази - Capacity Building Center (кейинги ўринларда - Марказ)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


5. Марказ республиканинг озиқ-овқат тармоғи учун универсал ечим сифатида фаолият юритиб, қуйидаги йўналишларни ўз ичига олиши маълумот учун қабул қилинсин:

мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;

дон ва нон маҳсулотлари сифатини, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифатини таҳлил қилиш ва ушбу йўналишда мутахассисларни ўқитиш;

озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаш, стандартлаштириш ва ушбу фаолиятни тартибга солиш соҳасида тадқиқот олиб бориш ва мутахассисларни ўқитиш.


6. Белгилансинки, Институтни ташкил этиш учун назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Жаҳон банкининг "Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш" лойиҳаси доирасидаги 19,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


7. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳузуридаги Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми негизида Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳузуридаги Қўқон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш техникуми (кейинги ўринларда - Техникум) ташкил этилсин.


8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов) 2024 йил якунига қадар Техникумни Жаҳон банкининг "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш" лойиҳаси доирасидаги 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан модернизация қилиш, намойиш участкаларини қуриш ҳамда бинода таъмирлаш-қурилиш ишларини ташкил этиш чораларини кўрсин. Техникум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги "Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4795-сон қарорига асосан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.


9. Белгилансинки, Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар Институтга соҳага мос бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали 2-курсдан тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни имтиҳонларсиз якка тартибдаги суҳбат орқали қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.


10. Техникум Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси 92-уй манзилига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


11. Белгилаб қўйилсинки:

Институт тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади;

Институтда ўқитиш давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда инглиз, рус ва ўзбек тилларида ҳамда кундузги, сиртқи ҳамда масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;

Институт жалб этилган хорижий мутахассислар ва маҳаллий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил белгилайди;

Институтда таълим олувчиларни қабул қилиш квоталари манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда Бошқарув кенгаши қарори билан тасдиқланади;

кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Бошқарув кенгашига янги истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилади;

Институт Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳр, банк ҳисобварақлари, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлади;

Институт Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Ал-Фарғоний кўчаси, 204-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.


12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича дуал таълим тизимини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда:

Германия ва Венгрия тажрибасини ўрганган ҳолда озиқ-овқат саноати корхоналарида маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш йўналишлари бўйича дуал таълим тизимини жорий этиш орқали назарий билимлар - таълим муассасасида, амалий билимлар - ишлаб чиқариш корхоналарида "устоз-шогирд" анъаналари асосида ташкил этилиши;

дуал таълим асосида таълим олаётган талабаларнинг "стартап" лойиҳалари ҳамда дуал таълим ривожланган хорижий давлатлардан мутахассисларни таклиф этиш билан боғлиқ харажатлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.


13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2024 йил 1 январдан бошлаб Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш учун озиқ-овқат саноати ва уни қайта ишлаш бўйича илмий педагогик кадрлар (таянч докторантура (PhD) ва докторантура (DSc) тайёрлаш тизимини йўлга қўйсин.


14. Қуйидагилар:

Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти Бошқарув кенгашининг (кейинги ўринларда - Бошқарув кенгаши) таркиби 1-иловага мувофиқ;

Институтда 2023/2024 ўқув йилида тўлов-контракт асосида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


15. Бошқарув кенгаши (Ж.Ходжаев, А.Воитов):

а) Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини ўз ичига олган узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингларида иштирок этиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) қуйидаги чораларни кўрсин:

таълим йўналишлари, мутахассисликлар ҳамда ихтисосликлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

хорижий ва маҳаллий етакчи олий таълим муассасалари билан талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш;

Институтнинг молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режасини, даромад ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини муҳокама қилиш;

таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиш, Институт фаолиятини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро молия институтларидан грант маблағларини жалб этиш.


16. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

халқаро молия ташкилотларининг грантлари, муассислар маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик, илмий фаолият ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


17. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳар йили Давлат буюртмаси асосида тақсимланадиган квоталар доирасида Институтга давлат гранти асосида квоталар ажратиш чораларини кўрсин.


18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов):

а) 2024 йил якунига қадар:

Институтнинг бино ва иншоотлари қурилиши, шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари учун яшаш жойлари тайёрланиши ҳамда моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини;

халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Институт учун ўқув аудиториялари жиҳозлари харид қилиниши, бинолар комплекси ҳудудида ошхона ва ёрдамчи хоналар ташкил этилишини таъминласин;

б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023/2024 ўқув йилидан Институтда таълим жараёнини ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш учун Жаҳон банкининг "Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш" лойиҳаси доирасидаги 19,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ажратиш чораларини кўрсин;

в) 2023-2024 йилларда етакчи лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни жалб этган ҳолда Институтнинг янги ўқув кампуси халқаро стандартлар асосида қурилишини таъминласин;

г) уч ой муддатда таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва келишилишини, шунингдек, Институтнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


19. Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг виза талабномаларига биноан Институтга таклиф қилинадиган чет эллик профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


20. Фарғона вилояти ҳокимлиги (Х.Бозоров) Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида хориждан ва республиканинг бошқа ҳудудларидан таклиф этилган олим ва мутахассисларни турар жой билан таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳрида қурилаётган арзон уй-жойларни имтиёзли шартлар асосида ажратиш чораларини кўрсин.


21. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


22. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б. Воитов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 январдаги

ПҚ-22-сон қарорига

1-ИЛОВА



Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги

халқаро институти бошқарув кенгашининг

ТАРКИБИ

Ж.Ходжаев

-

Бош вазир ўринбосари, Бошқарув кенгаши раиси


А.Воитов

-

қишлоқ хўжалиги вазири, Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари


А.Шукуров

-

қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси, Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари


Д.Вахабов

-

Савдо-саноат палатаси раиси


А.Тўраев

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари


Ф.Қосимов

-

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари


С.Исламов

-

Тошкент давлат аграр университетининг биринчи проректори


К.Комилов

-

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори


Мохиб Ахмедхон

-

Уммон Султонлигининг "Atyab International Services" компанияси раҳбари


Мохсинуддин Суед

-

Уммон Султонлигининг "Atyab International Services" компанияси лойиҳаси раҳбари


Лавозим бўйича

-

Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ректори, Бошқарув кенгаши котиби


              

Изоҳ: Бошқарув кенгаши таркибига қишлоқ хўжалиги вазири томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 январдаги

ПҚ-22-сон қарорига

2-ИЛОВА



Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро

институтида 2023/2024 ўқув йилида тўлов-контракт

асосида ташкил этиладиган бакалавриат таълим

йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари

РЎЙХАТИ

Т/р

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари номи


I. Бакалавриат таълим йўналишлари

1.

Озиқ-овқат технологияси B.tech. (Food technology)


2.

Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти


3.

Иқтисодиёт: Озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти


4.

Аҳоли ва туристларнинг овқатланишини ташкил этиш сервиси


II. Магистратура мутахассисликлари

5.

Озиқ-овқат технологияси М.tech. (Food technology)


6.

Master of Business Administration (MBA)


         


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 январь



































Время: 0.2053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск