Внимание!

NB! Мазкур Конунга 2024 йил май ойидан киритиладиган ўзгартиришларни ЎзР 14.02.2024 й. ЎРК-907-сон Конунига каранг


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мулк ҳуқуқи. Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / Давлат мулки /

Ўзбекистон Республикасининг 09.03.2023 й. ЎРҚ-821-сон "Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.03.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 13.06.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.03.2023 й.

N ЎРҚ-821



ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ ТЎҒРИСИДА

     

Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 15 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 13 июнда маъқулланган

        

     

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

       

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

ва қўлланилиш соҳаси

        

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Табиий ресурсларни (ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, фойдали қазилмалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар), моддий маданий мерос объектларини, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, олтин захирасини, валюта фондини, уй-жой фондини ва бошқа давлат фондларини бошқариш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг алоҳида қонунлари билан тартибга солинади.



2-модда. Давлат мулкини бошқариш

тўғрисидаги қонунчилик

         

Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Хорижда турган давлат мулкини бошқариш ушбу мулк турган давлатнинг қонунчилиги инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

         

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат иштирокидаги корхона - устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори эллик фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамияти ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамияти, шунингдек давлат унитар корхонаси;


давлат муассасаси - бошқарув вазифаларини, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки бошқа нотижорат тусдаги вазифаларни амалга ошириш учун давлат органи ёки ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳамда тўлиқ ёхуд қисман у томонидан молиялаштириладиган ташкилот;


давлат мулки - республика мулкидан ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган оммавий мулк;


давлат мулки реестри - давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон ахборот базаси;


давлат улуши - xўжалик жамиятларининг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат унитар корxоналарига, давлат муассасаларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган акциялар ёки улушлар;


давлат унитар корхонаси - давлат мулки негизида ташкил этилган ва оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган тижорат ташкилоти.



4-модда. Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

        

Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат мулкининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш;

давлат мулки ушбу Қонунда кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлганда унга эгалик қилиш;

рақобат ривожланган соҳаларда давлат мулкини хусусийлаштириш, қайта ташкил этиш ва тугатиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш;

замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш;

очиқ ва шаффоф ҳисобот тизимини яратиш;

давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш, шунингдек уларни ички ва ташқи бозорларда рақобатлашишга қодир бўлган, самарали корхоналарга босқичма-босқич айлантириш бўйича чоралар кўриш.



5-модда. Давлат мулкини бошқаришнинг

асосий принциплари

          

Давлат мулкини бошқаришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

ҳисобдорлик;

очиқлик ва шаффофлик;

соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг тенглиги;

давлат мулкига эгалик қилишнинг асосланганлиги;

давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги;

мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилганлиги;

атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишнинг устуворлиги.



6-модда. Қонунийлик принципи

         

Давлат мулкини бошқариш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.



7-модда. Ҳисобдорлик принципи

        

Давлат иштирокидаги корхоналар ўз фаолиятининг иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотнинг, шунингдек ўзининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) тақдим этиб борилишини таъминлайди.

Давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўзларига бириктирилган давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда Агентликка тақдим этади.

Агентлик давлат иштирокидаги корхоналарда молиявий натижадорлик ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир йилда камида бир марта, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига эса уларнинг сўровлари бўйича ҳисобот бериб боради.



8-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

        

Давлат мулки тўғрисидаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиши керак, бундан қонунга мувофиқ улар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайдиган давлат мулки мустасно.

Давлат мулкини жисмоний ва нодавлат юридик шахсларга реализация қилиш, шунингдек ижарага ва ишончли бошқарувга бериш оммавий савдолар орқали (аукционлар, танловлар ёки музокараларга оммавий таклиф этиш йўли билан) амалга оширилиши керак.

Давлат мулкини бошқариш самарадорлиги тўғрисидаги ҳисобот оммавий аxборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан давлат мулкини бошқариш субъектларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши керак.



9-модда. Соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг

тенглиги принципи

         

Давлат мулкини бошқариш давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартиришга, хусусан, уларнинг товар ва молия бозорларидаги устун мавқеини бекор қилишга, шунингдек харидларнинг очиқ ва шаффоф тизимини яратишга қаратилган бўлиши керак.

Давлат иштирокидаги корхоналарга ва нодавлат юридик шахсларга улар хўжалик фаолиятини юритиши учун тенг шарт-шароитлар яратилади, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналарга қўшимча имтиёзлар ва преференциялар берилмайди.



10-модда. Давлат мулкига эгалик қилишнинг

асосланганлиги принципи

         

Давлат мулкига эгалик қилишга ушбу мулк қуйидаги мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мувофиқ бўлган тақдирда йўл қўйилади:

асосий фаолиятни табиий монополиялар соҳасида амалга ошириш;

аҳоли учун зарур бўлган, кўрсатилиши хусусий сектор учун норентабел бўлган таянч хизматларни кўрсатиш;

фаолиятни стратегик манфаат, шунингдек аҳоли хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида амалга ошириш ёки миллий иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ушбу Қонунга мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкининг мавжуд бўлиши.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан давлат мулкига эгалик қилишнинг ўзгача мезонлари ҳам белгиланиши мумкин.



11-модда. Давлат мулкидан фойдаланишнинг

самарадорлиги принципи

          

Давлат мулкини бошқариш субъектлари ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда фуқаролар ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қаноатлантириш ҳамда уларнинг фаровонлиги мақсадида давлат мулкидан самарали фойдаланиш чораларини кўриши керак.



12-модда. Мулкдор ва тартибга солувчи

вазифаларининг ажратилганлиги принципи

         

Давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолат мулкдорнинг вазифаларини давлат органидан Агентликка ўтказиш ёки мазкур корхонани тугатиш ёхуд тартибга солувчининг вазифаларини ушбу давлат органидан бошқа давлат органига ўтказиш йўли билан бартараф этилади.



13-модда. Атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни

муҳофаза қилишнинг устуворлиги принципи

         

Давлат мулкини бошқариш атроф-муҳитни, шу жумладан биосфера ва экологик тизимлар барқарорлигини сақлашга, одамларнинг экологик жиҳатдан хавфсизлигини ҳамда фуқароларнинг ҳаёт учун қулай табиий муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бўлиши керак.



2-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИГА БЎЛГАН

МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ

ВА БЕКОР ҚИЛИНИШИ АСОСЛАРИ


14-модда. Давлат мулкига бўлган мулк

ҳуқуқининг юзага келиши асослари

        

Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра юзага келади.

Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра ҳам юзага келиши мумкин:

шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда, шу жумладан гарчи қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ҳамда бошқа битимлар тузилганда;

мол-мулкни ва (ёки) мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда;

суд қарорлари асосида.



15-модда. Давлат мулкига бўлган мулк

ҳуқуқининг бекор қилиниши асослари

           

Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилинади.

Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи қуйидаги асосларга кўра ҳам бекор қилиниши мумкин:

хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ;

давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи мулкий ҳуқуқларни (улушларни) олиш эвазига бошқа шахсга ўтганда.



3-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИ, УНИНГ ТОИФАЛАРИНИ

ЎЗГАРТИРИШ. ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ

СУБЪЕКТЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

        

       

16-модда. Республика мулки

         

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 214-моддасида назарда тутилган давлат мулки республика мулки жумласига киради.

Республика бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағлари ёки давлатнинг бошқа маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган ўзга мол-мулк, шу жумладан давлат унитар корхонаси, давлат муассасаси, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши, шунингдек интеллектуал мулк объектлари республика мулки жумласига кириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида турган давлат мулки ҳам республика мулки жумласига киритилиши мумкин.

Республика мулкини бошқариш ва сақлашга доир харажатларни молиялаштириш республика бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



17-модда. Муниципал мулк

          

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 215-моддасида назарда тутилган давлат мулки муниципал мулк жумласига киради.

Маҳаллий бюджет маблағлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган ўзга мулк, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тасарруфида турган муниципал уй-жой фонди, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва мактабгача таълим тизимларининг корхоналари ҳамда муассасалари, маданият ва маданий фаолият ташкилотлари, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши ҳамда интеллектуал мулк объектлари муниципал мулк жумласига кириши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида турган давлат мулки ҳам муниципал мулк жумласига киритилиши мумкин.

Муниципал мулкни бошқариш ва сақлашга доир харажатларни молиялаштириш тегишинча маҳаллий бюджетларнинг, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



18-модда. Давлат мулкининг тоифасини ўзгартириш

         

Давлат мулки республика мулки тоифасидан муниципал мулк тоифасига, муниципал мулк тоифасидан эса республика мулки тоифасига ўтказилиши мумкин.

Давлат мулки тоифасининг ўзгартирилиши давлатнинг мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тугатилишига олиб келмайди.

Давлат мулкининг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Агентлик томонидан давлат мулки реестрига тегишли ёзувларни киритиш орқали амалга оширилади.



19-модда. Хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки

         

Қуйидаги давлат мулки хусусийлаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги ер (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно), ер ости бойликлари, шунингдек сув омборлари, шу жумладан қор ва сел натижасида тўпланган сув омборлари, сув хўжалигининг йирик ва ўта муҳим объектлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари;

пул белгиларини, қимматли қоғозларни, орденларни, медалларни ҳамда почта маркаларини ишлаб чиқаришни таъминловчи корхоналар ва ташкилотлар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиянинг, Ички ишлар вазирлигининг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг корхоналари, муассасалари, шунингдек ҳарбий техникавий мулки (саноатда утилизация қилингунига қадар ёки саноатда утилизация қилинмайдиган мулки);

ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

радиоактив элементларни кавлаб олишни, ишлаб чиқаришни, транспортда ташишни, қайта ишлашни, радиоактив чиқиндиларни кўмишни, уран ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

қурол-яроғ ва ўқ-дориларни, ҳимоя воситаларини, ҳарбий техникани, улар учун эҳтиёт қисмларни, бутловчи қисмларни ҳамда асбоб-ускуналарни, пиротехника буюмларини, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материалларни ва ускуналарни ишлаб чиқишни, ишлаб чиқаришни, таъмирлашни ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар;

кучли таъсир этувчи заҳарларни, гиёҳвандлик моддаларини ва заҳарли моддаларни ишлаб чиқарувчи, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар бўлган экинларни экишни, етиштиришни ҳамда қайта ишлашни амалга оширувчи корхоналар;

Ўзбекистон Республикасининг давлат захиралари, фуқаро муҳофазаси ҳамда сафарбарлик мақсадидаги объектлар ва мулк;

ядровий қурилмалар, сақлаш пунктлари (ядровий материалларни, ядровий реакторларнинг иссиқлик ўтказмайдиган тўпламларини, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш пунктлари), ядровий ёқилғи, ядровий реакторларнинг иссиқлик ўтказмайдиган тўпламлари, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, ядровий материаллар (табиий уран, уран-235 изотопи билан бойитилган барча шаклдаги уран, уран-233 изотопи, плутоний, америций, калифорний элементларининг барча изотоплари, Np-237 изотопи ва таркибида барча санаб ўтилган изотоплар бўлган аралашмалар);

портлаш хавфи бўлган ва заҳарли моддаларни транспортда ташишни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

санитария-эпидемиология станциялари, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази, атроф-муҳит ҳолатини назорат қилиш ва табиатни муҳофаза қилиш хизматлари;

махсус вазифаларни бажарувчи корхоналар (Республика махсус алоқа узели, 15361 рақамли ҳарбий қисм, Электромагнит мослашув маркази);

дафн этиш жойлари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан бошқа давлат мулки ҳам хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки жумласига киритилиши мумкин.



20-модда. Давлат мулкини бошқариш субъектлари

        

Давлат мулкини бошқариш субъектлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Агентлик;

махсус ваколатли давлат органлари;

давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Давлат мулкини бошқариш субъектлари давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган ўз ваколатларини бошқа давлат органларидан, ўзга ташкилотлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан, жисмоний ва юридик шахслардан мустақил равишда амалга оширади.



21-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг давлат мулкини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

           

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат мулкини бошқаришда давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга ошириш юзасидан давлат органларининг ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ривожлантириш дастурларини тасдиқлайди;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни саралаш тартибини (танлов регламентини) тасдиқлайди;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;

давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) давлат мулкига сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилади;

давлат мулкини текин фойдаланишга бериш тўғрисида қарор қабул қилади;

кўчмас мулкни бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тартибини белгилайди;

хорижда турган давлат мулкини бошқариш тартибини белгилайди;

корпоратив бошқарувчининг малака аттестатини олиш тартибини белгилайди;

давлат мулки реестрини юритиш тартибини белгилайди;

давлат унитар корхоналарини ва давлат муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш ҳамда уларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди;

давлат унитар корхонаси ва давлат муассасаси, шу жумладан давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги мулкий муносабатларни ўзгартириш тартибини белгилайди;

давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлмаган, реализация қилиниши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши лозим бўлган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини ҳар йили 1 октябрга қадар бўлган муддатда тасдиқлайди;

давлат иштирокидаги корхоналарни, давлат муассасаларини ташкил этиш ва қайта ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг (бундан буён матнда монополияга қарши курашиш органи деб юритилади) олдиндан берилган розилиги асосида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



22-модда. Агентликнинг давлат мулкини

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

          

Агентлик давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Агентлик:

давлат мулкини бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат мулкининг реестрини юритади;

давлат муассасаларининг, шу жумладан давлат органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат мулкини бошқариш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат мулкидан фойдаланиш қоидаларини ва давлат мулкини бошқариш самарадорлигини баҳолаш тартибини белгилайди;

давлат унитар корхоналарига ва давлат муассасаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган давлат мулкининг ортиқча қисмини, шунингдек фойдаланилмаётган ёки лозим даражада фойдаланилмаётган давлат мулкини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра давлат мулкини хўжалик жамиятларининг устав фондига (устав капиталига) киритиш тўғрисида қарор қабул қилади;

давлат улушига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифасини амалга оширади, бундан акциядорнинг (иштирокчининг) вазифалари ушбу Қонунга мувофиқ махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга ошириладиган ҳоллар мустасно;

давлат мулкининг, шу жумладан хорижда турган давлат мулкининг сотувчиси вазифаларини бажаради, шунингдек уларнинг ижарага берилишини ва ишончли бошқарувга ўтказилишини ташкил этади;

монополияга қарши курашиш органи, манфаатдор вазирликлар, қўмиталар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини таҳлил (инвентаризация) қилади ва сақлаб қолиниши, реализация қилиниши ёки тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши лозим бўлган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини белгилайди ҳамда уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда дивиденд сиёсатини белгилайди, давлат улуши бўйича ҳисобланган ва тўланган дивидендларнинг (ажратмаларнинг) ҳисобини юритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув қоидаларини тасдиқлайди;

корпоратив бошқарув принципларига мувофиқ давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолари ва ижроия органлари раҳбарларини уларнинг бошқарув органлари орқали тайинлашни (танлов ўтказишни, сайлашни) ташкил этади;

тегишли давлат органлари билан келишувга кўра давлат кўчмас мулк объектларини (бундан хусусийлаштирилмайдиган объектлар мустасно), идоравий мансублигидан қатъи назар, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини хўжалик жамияти этиб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади;

давлат органларидан, давлат мулкидан фойдаланаётган шахслардан давлат мулкини бошқариш билан боғлиқ ахборотни ва ҳужжатларни сўраб олади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органлари мажлисларида уларнинг раҳбарларини алмаштириш масаласи юзасидан ташаббус билан чиқади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ёки махсус масалалар бўйича аудиторлик текшируви ўтказиш ташаббуси билан чиқади;

давлат мулкини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун ишончли бошқарувчилар, маслаҳатчилар ва экспертларни жалб этади, шунингдек уларга тўланадиган ҳақ миқдорини белгилайди.

Агентлик қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Агентлик республика мулки жумласига кирувчи давлат мулкини ишончли бошқарувга беришда, шунингдек Агентликка оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган давлат мулкини ижарага беришда наф олувчи бўлади.

Агентлик томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари томонидан ижро этилиши шарт.



23-модда. Махсус ваколатли давлат органларининг

давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан алоҳида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш учун махсус ваколатли давлат органлари белгиланиши мумкин.

Махсус ваколатли давлат органлари:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифаларини амалга оширади;

акциядор (иштирокчи) вазифаларини амалга оширишда давлат иштирокидаги корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти ҳолатини таҳлил қилади.

Махсус ваколатли давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



24-модда. Давлат муассасаларининг, шу жумладан

давлат органларининг давлат мулкини бошқариш

соҳасидаги ваколатлари

         

Давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари:

оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўзига бириктирилган давлат мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага беради;

оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўзига бириктирилган давлат кўчар мулкини, шу жумладан транспорт воситаларини қонунчиликда белгиланган ўз ваколатлари доирасида тасарруф этади;

ўз таркибига кирувчи ташкилотларга тегишли кўчмас мулкни бир ташкилотдан бошқа бирига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш тўғрисида Агентлик билан келишувга кўра қарор қабул қилади;

ўз бўйсунувидаги давлат унитар корхоналарининг ва давлат муассасаларининг муассиси вазифаларини амалга оширади ҳамда уларнинг самарали бошқарилишини таъминлайди.

Давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



25-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг давлат мулкини бошқариш

соҳасидаги ваколатлари

         

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган ҳолларда хўжалик жамиятларидаги давлат улушларига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифаларини амалга оширади;

маҳаллий бюджет маблағлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган давлат унитар корхоналарида, давлат муассасаларида муассис вазифаларини амалга оширади;

давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлмаган давлат иштирокидаги корхоналарни сотиш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади;

муниципал мулкни белгиланган тартибда ижарага ёки ишончли бошқарувга беради;

муниципал мулкни давлат унитар корхоналарига ва давлат муассасаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириш тўғрисида ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади;

муниципал мулк ҳисобидан ташкил этилган давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органлари орқали уларнинг кузатув кенгашлари аъзоларини ва ижроия органлари раҳбарларини тайинлашни (танлов ўтказишни, сайлашни) белгиланган тартибда, корпоратив бошқарув принципларига мувофиқ ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишинча ўз тасарруфидаги ҳудудда турган тегишли ҳудуддаги қуйидаги муниципал мулкни сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилади:

бинолари ва иншоотларининг умумий майдони икки минг квадрат метргача бўлган кўчмас мулк объектларини, шу жумладан молиялаштириш манбаларига эга бўлмаган ва қурилиши тугалланмаган шу ўлчамдаги кўчмас мулк объектларини;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушини, башарти ушбу корхоналар асосий воситаларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик минг бараваридан кўп бўлмаса ва улар ходимларининг ўртача йиллик сони беш юз нафардан ошмаса.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан бинолар ҳамда иншоотларнинг умумий майдони икки минг квадрат метрдан ортиқ бўлган, бироқ беш минг квадрат метрдан кўп бўлмаган муниципал мулкни (бундан хусусийлаштирилмайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан хусусийлаштириладиган давлат мулки мустасно) сотиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ

ВА (ЁКИ) УНДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

        

       

26-модда. Давлат мулкига эгалик қилиш

ва (ёки) ундан фойдаланиш

      

Давлат мулкига эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланиш давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Давлат мулки ижарага, ишончли бошқарувга, текин фойдаланишга, сақлашга ва гаровга, шунингдек давлат-хусусий шериклик шартлари асосида берилиши мумкин.

Хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ва (ёки) ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан концессия шартномасига асосан йўл қўйилади.

Давлат мулки ўзига бириктирилган шахслар давлат мулкидан оқилона ва самарали эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланилишини таъминлайди ҳамда ўзига ишониб топширилган мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, унга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш учун масъулдир.

Давлат мулкининг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ, ушбу давлат мулки ўзига бириктирилган давлат органлари, давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари томонидан амалга оширилади.



27-модда. Давлат мулкини ижарага бериш

         

Давлат мулки жисмоний шахсларга ва нодавлат юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион асосида (бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно), аукцион ўтказилиши тўғрисида камида ўн беш кун олдин хабардор қилинган ҳолда ижарага берилади.

Давлат мулкини ижарага бериш шартномаси ижарага олувчи ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ўртасида тузилади.

Давлат мулкини ижарага бериш шартномаси бир йил муддатга тузилади, бундан қонунчиликда белгиланган муддатлар мустасно. Давлат мулкини ижарага олган жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахслар томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган тақдирда, давлат мулкини ижарага бериш муддати тугаганидан кейин мазкур мулк уларга электрон онлайн-аукцион ўтказилмаган ҳолда худди шу муддатга таклиф этилади.

Давлат мулки ўзига ижарага берилган жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахслар ижаранинг бутун муддати давомида ундан мақсадли фойдаланилишини, унинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлайди.

Давлат мулкини ижарага бериш шартномасида давлат мулкининг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилиши назарда тутилиши керак.

Давлат мулкини ижарага бериш шартномаси бекор қилинган тақдирда, давлат мулкининг ажралмас қисми бўлган яхшиланишларнинг қийматини ижарага олувчига қайтармаслик тўғрисидаги шарт давлат мулкини ижарага бериш шартномасида назарда тутилиши мумкин.



28-модда. Давлат мулкини ишончли бошқариш

         

Давлат мулки жисмоний шахсларга ва нодавлат юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион воситасида ишончли бошқарувга берилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Давлат мулкини ишончли бошқариш Агентлик ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ва ишончли бошқарувчи ўртасида тузиладиган давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига асосан юзага келади.

Давлат унитар корхоналари ва бошқа мулкий мажмуалар, кўчмас мулкнинг алоҳида қисмлари, давлат улуши, мутлақ ҳуқуқлар ва бошқа давлат мулки давлат мулкини ишончли бошқариш объекти бўлиши мумкин.

Давлат мулкини ишончли бошқариш шартномаси тасдиқланган йиллик бизнес-режаларни бажариш шарти билан беш йилгача бўлган муддатга тузилади, бундан қонунчиликда белгиланган муддатлар мустасно.

Давлат мулкини ишончли бошқариш шартномаси тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилинаётганда, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бошқа тараф камида уч ой олдин хабардор қилиниши керак.

Давлат мулкининг ишончли бошқарувга берилиши мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига сабаб бўлмайди.

Давлат мулкини давлат органларига ишончли бошқарувга беришга йўл қўйилмайди.



29-модда. Давлат мулкидан текин фойдаланиш

         

Давлат мулки юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ текин фойдаланишга берилади.

Давлат мулкини текин фойдаланишга бериш балансда сақловчи томонидан юридик шахс билан тузиладиган давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига асосан амалга оширилади.

Давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномаси ҳар бир молия йили учун алоҳида тузилади.

Кўчмас ва кўчар мулк объектлари давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасининг объекти бўлиши мумкин.

Юридик шахслар ўзига текин фойдаланишга берилган давлат мулкидан текин фойдаланишнинг бутун муддати давомида мақсадли фойдаланилишини, унинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлайди.

Текин фойдаланишга берилган давлат мулкининг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасида давлат мулкининг ажралмас қисми бўлган яхшиланишларнинг қийматини давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномаси бекор қилинган тақдирда фойдаланувчига қайтармаслик тўғрисидаги шарт назарда тутилиши мумкин.



30-модда. Давлат мулкини давлат-хусусий

шериклик шартлари асосида бериш

           

Давлат мулкини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, шу жумладан концессия шартномаси бўйича якка тартибдаги тадбиркорга, юридик шахсларга ёки юридик шахсларнинг бирлашмаларига бериш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



31-модда. Давлат мулкини сақлаш

            

Давлат мулки унинг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш учун юридик шахсларга сақлашга топширилиши мумкин.

Давлат мулкини сақлашга топшириш балансда сақловчи ва юридик шахс ўртасида тузиладиган давлат мулкини сақлаш тўғрисидаги шартнома ёки давлат мулкини сақлаш учун қабул қилиш ҳақидаги битимга асосан амалга оширилади.

Давлат мулкини сақлаш тўғрисидаги шартномада ёки давлат мулкини сақлаш учун қабул қилиш ҳақидаги битимда давлат мулкини сақлаганлик учун ҳақ тўланиши назарда тутилиши мумкин.

Сақловчи давлат мулкини сақлашда техник нормативларга ҳамда уни сақлаш ва (ёки) муҳофаза қилиш шартларига доир талабларга риоя этилишини таъминланиши шарт.

Сақловчи сақлаш учун қабул қилинган давлат мулкининг йўқолганлиги, камомади ёки шикастланганлиги учун жавобгар бўлади. Агар сақловчи давлат мулкининг йўқолганлиги, камомади ёки шикастланганлиги ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир бўлганлигини исботласа, жавобгарликдан озод қилинади.



32-модда. Давлат мулкини гаровга бериш

         

Давлат мулки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ юридик шахсларга гаровга берилиши мумкин. Масъулияти чекланган жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушини гаровга бераётганда, агар жамият уставида жамиятнинг ёки унинг иштирокчиларининг розилигини олиш зарурлиги назарда тутилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингунига қадар мазкур розиликни олиш талаб этилади.

Давлат мулкини гаровга бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ваколатли шахс (гаровга берувчи) ва гаровга олувчи ўртасида тузиладиган гаров шартномаси асосида амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган давлат мулкини, шунингдек ушбу Қонуннинг 35-моддасида кўрсатилган ҳолларда давлат мулкини гаровга беришга йўл қўйилмайди.

Давлат мулкини жисмоний шахсларнинг ва нодавлат юридик шахсларнинг мажбуриятларини таъминлаш учун гаровга бериш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



5-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИ НЕГИЗИДА КОРХОНАЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ

       

        

33-модда. Давлат иштирокидаги корхонани

ташкил этишнинг умумий қоидалари

        

Давлат иштирокидаги корхона давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлган тақдирда ташкил этилиши мумкин.

Давлат иштирокидаги корхонани ташкил этиш монополияга қарши курашиш органининг олдиндан берилган розилиги олинганидан кейин:

республика мулки негизида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра;

муниципал мулк негизида - маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра амалга оширилади.



34-модда. Хўжалик жамиятининг акцияларини

(улушларини) давлат мулки сифатида олиш

        

Хўжалик жамиятининг акцияларини (улушларини) давлат мулки сифатида олиш Агентликнинг таклифига кўра, монополияга қарши курашиш органининг хулосасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади, бундан хўжалик юритувчи субъектнинг соф фойдасини (давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни) унинг устав фондига (устав капиталига) капитализация қилиш ҳоллари мустасно.

Хўжалик жамиятининг акцияларини (улушларини) давлат мулки сифатида олишга, агар бу давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Хўжалик жамиятининг акцияларини (улушларини) давлат мулки сифатида олиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағлари ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



35-модда. Давлат иштирокидаги корхона

ва давлат муассасасини ўзгартириш

          

Давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлмаган давлат унитар корхонаси ёки давлат муассасаси хўжалик фаолиятини юритишда бошқа нодавлат юридик шахслар билан тенг шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятининг самарадорлигини, очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда корпоратив бошқарувни жорий этиш мақсадида хўжалик жамияти этиб ўзгартирилиши лозим.

Давлат мулкининг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш мақсадида, ўзгартирилаётган давлат унитар корхонасининг ёки давлат муассасасининг раҳбари ўз розилигига асосан ўзгартириш натижасида ташкил этилган хўжалик жамиятининг раҳбари этиб тайинланиши мумкин.

Давлат унитар корхонаси хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётганда унинг мулки инвентаризациядан ўтказилади ва хўжалик жамияти устав фондининг (устав капиталининг) миқдори мулк баҳолашдан ўтказилмаган ҳолда, солиқ органларига тақдим этилган охирги бухгалтерия баланси маълумотларига асосан белгиланади.

Давлат муассасаси хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётганда унинг мулки инвентаризациядан ўтказилади ва хўжалик жамияти устав фондининг (устав капиталининг) миқдори мулк баҳолашдан ўтказилмаган ҳолда, давлат муассасаси мулкининг қолдиқ (баланс) қиймати бўйича белгиланади.

Давлат унитар корхонаси ёки давлат муассасаси хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётганда мазкур хўжалик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушига нисбатан акциядорнинг (иштирокчининг) вазифалари Агентлик томонидан амалга оширилади.

Давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини хўжалик жамияти этиб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ва мазкур жараён якунлангунига қадар ушбу корхонага ёки муассасага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган давлат мулкини сотишга, ҳисобдан чиқаришга, гаровга беришга, юридик шахсларнинг устав фондларига (устав капиталларига) киритишга ёки уни бошқача тарзда тасарруф этишга ёхуд бошқача усуллар билан давлат мулкига нисбатан мажбуриятларни юзага келтиришга йўл қўйилмайди (бундан жорий хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳоллар мустасно).

Давлат унитар корхонаси ёки давлат муассасаси хўжалик жамияти этиб ўзгартирилаётганда хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки киритилмайди.



36-модда. Давлат муассасасини ташкил этиш

          

Давлат муассасаси давлат мулки негизида ташкил этилади.

Давлат муассасаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажараётганда қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари, шунингдек давлат мулкини бошқариш субъектларининг маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштирилади.



6-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ

КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШ

       

       

37-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарни

бошқаришнинг умумий қоидалари

        

Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш, шу жумладан уларнинг бошқарув органларини шакллантириш қонунчиликда белгиланган тартибда корпоратив бошқарув принципларига мувофиқ амалга оширилади.



38-модда. Давлат иштирокидаги корхоналар

фаолиятини молиялаштириш

          

Давлат унитар корхонасининг фаолияти ўз маблағлари, давлат органлари ва ташкилотларининг (мулкдорларнинг) маблағлари ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари фаолиятини молиялаштириш уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



39-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарда

корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш

         

Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида тегишинча Агентлик, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

давлат иштирокидаги корхоналар бошқарув органларининг ҳисобдорлигини назорат қилади ва тегишли бизнес-режалар кўрсаткичлари бажарилмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўради;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг ривожлантириш стратегиялари тасдиқланишини мувофиқлаштиради ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашлари таркибига мустақил аъзоларни жалб этади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳисоботларини молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрлаш ва халқаро кредит рейтингларига эришиш масалаларини мувофиқлаштиради;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг соҳага оид бўлмаган активларини қисқартириш чораларини кўради;

харидлар жараёнларини аудитдан ўтказиш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш ички назоратининг самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашлари томонидан ҳар чоракда ижроия органларининг корхона фаолиятининг самарадорлиги, шу жумладан амалга оширилган харидлар тўғрисидаги ҳисоботлари эшитиб борилишини назорат қилади;

корпоратив бошқарув тизимининг жорий этилиши йилига камида бир марта баҳолашдан ўтказилишини назорат қилади;

давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари ва ижроия органлари аъзоларининг жавобгарлиги суғурта қилинишини назорат қилади.



40-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарда

корпоратив бошқарув тизими жорий

этилишини баҳолаш тартиби

         

Давлат иштирокидаги корхонада корпоратив бошқарув тизимининг жорий этилиши баҳолашдан ўтказилади. Баҳолаш натижалари давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда унинг аъзоларига ҳақ тўлаш механизми мазкур баҳолаш натижаларига боғланган ҳолда ишлаб чиқилади.

Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув тизимининг жорий этилишини баҳолаш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.



41-модда. Давлат иштирокидаги корхоналар

фаолиятининг самарадорлигини

баҳолаш мезонлари

        

Давлат иштирокидаги корхоналарда уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилади.

Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари самарадорликнинг белгиланган даврийлик бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган муҳим кўрсаткичларини ўз ичига олади.

Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари давлат иштирокидаги корхонанинг стратегик ривожланиш режаларига асосланган, ижроия органи фаолиятининг самарадорлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган, миқдорий ўлчовга оид баҳолаш мезонларидан иборатдир.

Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари рўйхати давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

Давлат иштирокидаги корхоналар Агентликнинг махсус ахборот тизимига бизнес-режалари кўрсаткичларининг ва самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги, шу жумладан ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўланганлиги, мавжуд қарздорлик, маҳаллийлаштириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳақидаги ахборотни, шунингдек молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотни қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштиради.



7-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАНИНГ

БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИГА

ДОИР АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

        

       

42-модда. Давлат иштирокидаги корхонанинг

юқори бошқарув органи

        

Қуйидагилар давлат иштирокидаги корхонанинг юқори бошқарув органи ҳисобланади:

хўжалик жамияти акциядорларининг (иштирокчиларининг) умумий йиғилиши;

давлат унитар корхонасининг муассиси.

Давлат иштирокидаги корхона акциядорларининг (иштирокчиларининг) умумий йиғилишида давлат вакили - давлат улушини ишончли бошқаришни амалга оширадиган инвестиция активларини ишончли бошқарувчи ёки тегишли ишончномага асосан давлат улуши бўйича овоз бериш ваколатига эга бўлган жисмоний шахс иштирок этади.

Давлат иштирокидаги корхоналар акциядорларининг (иштирокчиларининг) умумий йиғилиши кун тартибига қуйидаги масалалар киритилаётганда кузатув кенгаши уларни олдиндан кўриб чиқади ва кузатув кенгашининг давлат улуши бўйича сайланган аъзолари улар бўйича овоз бериш тартиби тўғрисидаги таклифларни тегишинча давлат улушига нисбатан акциядорлар (иштирокчилар) бўлган Агентликка, махсус ваколатли давлат органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади:

соф фойдани тақсимлаш ва унинг бир қисмини дивидендларга йўналтириш;

корхонани қайта ташкил этиш ёки тугатиш;

шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;

ташкилий тузилмани тасдиқлаш;

корхонанинг ижроия органини сайлаш, тайинлаш, ёллаш, унинг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиш;

эълон қилинган акцияларнинг энг юқори миқдорини белгилаш;

акцияларни бўлиш ва консолидациялаш;

корхонанинг устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш;

мулкни гаровга бериш;

йирик битим тузиш ёки корхонанинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш.

Агентлик, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг кун тартибидаги, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган масалалар бўйича овоз бериш тартиби тўғрисидаги ёзма кўрсатмани давлат вакилига йиғилиш ўтказилгунига қадар камида бир кун олдин беради. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилмаган қолган масалалар бўйича давлат вакили қонунчиликка ва давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ мустақил равишда қарорлар қабул қилади.



43-модда. Давлат иштирокидаги корхонанинг

кузатув кенгаши

           

Давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгашлари ташкил этилади. Кузатув кенгаши аъзолари ушбу Қонуннинг 44-моддасида назарда тутилган тартибда танлаб олинади ва акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг, муассиснинг қарори асосида уч йил муддатга сайланади.

Давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда корхона манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади ҳамда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат улуши бўйича кузатув кенгаши аъзоси бўлган шахс давлат иштирокидаги корхоналарнинг бештадан ортиқ кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашларига кузатув кенгашининг мустақил аъзолари ҳам киритилади.

Давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши фаолияти самарадорлиги ушбу Қонуннинг 40-моддасига асосан ўтказиладиган корпоратив бошқарув тизимининг жорий этилишини баҳолаш натижаларига кўра баҳоланади.

Давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгашининг давлат улуши бўйича сайланган аъзолари ўз ваколатлари доирасида кузатув кенгаши мажлисларида мустақил равишда қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга. Мустақил равишда қарорлар қабул қилишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар юзага келган тақдирда мазкур шахслар ўз мажбуриятларини бажаришни рад этиши керак.

Давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши қошида кузатув кенгаши аъзолари орасидан аудит бўйича қўмита, тайинловлар ва ҳақ тўлаш бўйича қўмита, харидлар бўйича қўмита ҳамда зарур бўлганда бошқа қўмиталар ташкил этилиши мумкин.



44-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг

кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши

бўйича номзодларни танлаш

           

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича номзод тегишинча Агентлик, махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тузилган танлов комиссияси томонидан танланади.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг давлат улуши бўйича кузатув кенгаши аъзоларини танлаш қоидалари (танлов регламенти) Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Танлов регламентида давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, кузатув кенгашлари аъзолигига номзодларга қўйиладиган мезонлар белгиланиши ва мазкур мезонлар асосида танлов ўтказилиши назарда тутилиши керак.

Давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти соҳасини лицензиялаш, тартибга солиш ёки назорат қилиш вазифаларини амалга оширувчи давлат органларининг ходимлари, шунингдек, молия-хўжалик фаолиятини текширишни амалга оширувчи органларнинг ходимлари ушбу корхоналар кузатув кенгашининг таркибига киритилиши мумкин эмас, Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.



45-модда. Давлат иштирокидаги корхонанинг

ижроия органи

           

Давлат иштирокидаги корхонанинг ижроия органи раҳбари кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилиши ёки муассис томонидан уч йил муддатга сайланади ҳамда унинг фаолияти натижалари қониқарсиз деб баҳоланган тақдирда муддатидан олдин лавозимидан озод этилиши мумкин.

Давлат иштирокидаги корхонанинг ижроия органига тўланадиган ҳақ миқдори акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилиши ёки муассис томонидан тасдиқланган мукофотлашнинг шаффоф тизимига асосланиши керак.



8-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ

         

      

46-модда. Давлат мулки реестрини

юритишнинг умумий қоидалари

      

Давлат мулки реестрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ва шаклда Агентлик томонидан амалга оширилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган давлат мулки мустасно.

Давлат мулки реестрида республика мулкининг ва муниципал мулкнинг ҳисоби алоҳида юритилади. Муниципал мулкнинг ҳисоби Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида, туманлар (шаҳарлар) кесимида алоҳида юритилади.

Давлат мулки реестрининг маълумотларидан ваколатли давлат органлари томонидан давлат мулкини бошқариш ва унинг яхлитлигини ҳамда бут сақланишини таъминлаш билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда фойдаланилади.

Давлат мулки реестрини юритиш давлат мулкини ҳисобга олиш ва ахборотга оид мақсадлар учун мўлжалланган ҳамда ҳуқуқни белгиловчи ёки ҳуқуқни тасдиқловчи факт бўлиб ҳисобланмайди.

Махфийликнинг алоҳида тартиби татбиқ этиладиган давлат мулкининг, шу жумладан ҳарбий ва махсус мақсадлар учун мўлжалланган алоҳида тартибга бўйсунувчи, алоҳида муҳим ва муайян тартибга бўйсунувчи объектларнинг, шунингдек гидротехника иншоотларининг ҳисобини юритиш қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



47-модда. Давлат мулки реестрида ҳисобга

олиниши лозим бўлган давлат мулки

         

Давлат мулки реестрида қуйидаги давлат мулкининг ҳисоби юритилади:

давлат улуши;

давлат унитар корхоналари;

давлат муассасалари;

давлат унитар корхоналарига ва давлат муассасаларига ёки уларнинг таркибий бўлинмаларига бириктирилган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари, моддий маданий мерос объектлари, интеллектуал мулк объектлари ҳамда автомототранспорт воситалари.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган давлат мулки реестрини юритиш тартибида давлат мулки реестрида ҳисобга олиниши лозим бўлган бошқа давлат мулки ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган давлат мулкининг ҳисобини юритиш қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



48-модда. Давлат мулки реестрини

шакллантириш босқичлари

             

Давлат мулки реестри ягона марказлаштирилган электрон ахборот маълумотлар базаси шаклида юритилади.

Давлат мулки ўзига бириктирилган (шу жумладан эгалик қилиш, фойдаланиш ҳуқуқи асосида ёки бошқача тартибда бириктирилган) юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу мулкнинг идоравий ҳисоби юритилишини, унинг инвентаризация қилинишини ҳамда қайта баҳоланишини таъминлайди. Бунда давлат мулкининг идоравий ҳисобини юритиш давлат мулкининг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлашга, шунингдек ҳисобга олинмаган давлат мулкини аниқлашга ҳамда кейинчалик уни тегишли давлат мулкини бошқариш субъектига бириктиришга қаратилган бўлиши керак.

Давлат мулки ўзига бириктирилган юридик шахслар ушбу Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда электрон ахборот тизими орқали Агентликка тақдим этади.

Давлат мулки реестрини шакллантиришда Агентлик қуйидаги ташкилотларнинг давлат мулки тўғрисидаги дастлабки маълумотларидан фойдаланади:

акциядорлик жамиятларининг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат улуши бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси давлат корхонасининг;

масъулияти чекланган жамиятларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат улуши, давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари, шунингдек давлат мулки бўлган интеллектуал мулк объектлари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг;

давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг;

давлат мулки бўлган моддий маданий мерос объектлари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг;

давлат мулки бўлган автотранспорт воситалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг.



49-модда. Давлат мулки реестрини

юритишга доир талаблар

          

Давлат мулки реестрини юритиш ушбу Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида киритиш, тўлдириш, янгилаб бориш ҳамда давлат мулки таркиби ҳақидаги ҳақиқий, холис ва ишончли маълумотларни акс эттиришга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажариш йўли билан амалга оширилади.

Давлат мулки реестрини юритишда давлат мулки тўғрисидаги маълумотлар давлат мулкига тааллуқли ўзгаришлар ҳақидаги тарих сақланган ҳолда тўлиқ ҳажмда акс эттирилиши керак. Бунда мулкнинг давлат мулки реестрига киритилиши ва унинг кейинчалик давлат мулки таркибидан чиқарилиши алоҳида ҳисобга олинади. Давлатнинг мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тугатилиши ушбу мулк тўғрисидаги маълумотлар киритилишини ва унинг ҳисоби юритилишини тўхтатиш учун асос бўлади.



9-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ

СОҲАСИДАГИ АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШ

         

        

50-модда. Давлат иштирокидаги корхоналар

фаолиятининг самарадорлиги тўғрисидаги

ҳисоботни ошкор қилиш

        

Давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналар ҳар йили 1 июлга қадар бўлган муддатда давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўтган молия йилидаги фаолияти натижалари тўғрисидаги ахборотни Агентликка у томонидан белгиланган шакл бўйича тақдим этади.

Агентлик ҳар йили 1 августга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўтган молия йилидаги фаолиятининг самарадорлиги тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.



51-модда. Давлат мулкини сақлаш харажатлари

тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва шаффофлиги

        

Давлат мулкининг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ тегишинча ушбу давлат мулки ўзига бириктирилган давлат органлари, Агентлик, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа юридик шахслар томонидан молиялаштирилади.

Давлат мулкининг яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тўғрисидаги ахборот ушбу давлат мулки ўзига бириктирилган юридик шахсларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади, бундан қонунга мувофиқ ошкор қилинмайдиган маълумотлар мустасно.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

       

     

52-модда. Низоларни ҳал этиш

         

Давлат мулкини бошқариш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



53-модда. Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

         

Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



54-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

         

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



55-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

            

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



56-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

             

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

       

     

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 10 март


"Халқ сўзи", 2023 йил 10 март










































































Время: 0.2065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск