ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2023 й. ПҚ-110-сон "Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.2023 й.

N ПҚ-110



АҲОЛИНИ СИФАТЛИ ИСТЕЪМОЛ

ТОВАРЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА

ҚАРАТИЛГАН ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА

         

             

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйиш, аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш мақсадида:


1. Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарликни кучайтириш;

этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарликни ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб ўрнатиш;

санитария қонунчилиги ва ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни кучайтириш;

ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан, адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

белгиланган талаблар ва шартларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатида лицензияси бекор қилинган ёки хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириши тугатилган тадбиркорлик субъектларига 1-иловага мувофиқ фаолият турлари билан шуғулланишига қўйиладиган чекловларни белгилаш.

Бош прокуратура Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.


2. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

2-иловага мувофиқ мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади;

ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади;

мусодара қилинган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган озиқ-овқат ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида йўқ қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда 2-иловада кўрсатилган мурожаатларни ягона ахборот тизими орқали қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибини тасдиқласин.


3. Белгилансинки:

2023 йил 1 июлдан бошлаб кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди;

2023 йил 1 августдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг товар белгилари белгиланган тартибда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади;

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади, бундан алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича лицензия ёки хабарномага эга бўлган субъектлар мустасно;

бириктирилган ҳудудда контрафакт ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолатларнинг содир этилиши ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

биржа савдоларида харид қилинган истеъмол ва техник этил спиртининг ўз эҳтиёжидан ортган қисмини реализация қилиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади;

йил давомида биржа савдолари орқали харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти миқдори тадбиркорлик субъектларининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати учун истеъмол ва техник этил спиртининг талабига нисбатан 110 фоиздан ошганда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тегишли ваколатли органлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан истеъмол ва техник этил спиртидан мақсадли фойдаланилишини жойига чиққан ҳолда ўрганади.


5. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тадбиркорлик субъектларнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати учун истеъмол ва техник этил спиртининг талаби ҳамда биржа савдолари орқали харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти миқдорининг ҳисобини юритиб борсин.


6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда:

"Asl belgisi" маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимини "Электрон ҳукумат" тизимининг Рақамли маълумотлар платформаси билан интеграция қилиш ҳамда ундаги маълумотлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли давлат органлари томонидан фойдаланиш имконини яратиш чораларини кўрсин;

лицензия (хабардорлик) талаблари ва шартларини бажармаган тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда чоралар кўрсин ва ҳар чоракда натижасини оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка эълон қилиб борсин;

2023 йил 1 июнга қадар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари акциз маркаларининг янги намунасини жорий этиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда лицензия, рухсат бериш ҳужжати ёки хабардорлик фаолияти (ҳаракати) тўхтатилган, бекор қилинган (тугатилган) тадбиркорлик субъектларининг хатланмаган ишлаб чиқариш хомашёлари ва реализация қилинадиган маҳсулотларини сотиш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Адлия вазирлиги контрафакт товарлар муомаласига барҳам бериш мақсадида уч ой муддатда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича назорат харидини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Бош прокуратура бир ой муддатда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ текширувларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига:

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда сифатсиз ва қалбаки товарларнинг истеъмолга яроқли товарлардан фарқи ва уларнинг инсон соғлиғига салбий таъсирини ёритиб боришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, "Сифат назорати" телекўрсатувини такомиллаштириш;

сифат назоратини амалга оширувчи ташаббускор жамоатчилик вакиллари томонидан тасвирга олинган видеолавҳаларни барча телеканаллар орқали намойиш этиш тавсия этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5031-сон қарори 1-бандининг "а" кичик банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"истеъмол этил спирти - ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тегишли лицензия (рухсат этиш, хабарнома ҳужжати) ва сериялаб ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга, шунингдек, фақат ўз эҳтиёжлари учун охирги истеъмолчи сифатида фойдаланиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларига;".


11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д. Кудбиев ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Қудратов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

          

            

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев

       

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 4 апрелдаги

ПҚ-110-сон қарорига

1-ИЛОВА



Лицензиялаш ва хабардор

қилиш тартиб-таомиллари доирасида

қўшимча талаблар ўрнатилаётган

фаолият йўналишлари

РЎЙХАТИ

               

I. Амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турлари:


1. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш.


2. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси.


3. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш.


4. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият.


5. Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш (бундан офтальмология тиббий буюмларини чакана реализация қилиш мустасно).


II. Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари:


6. Пиво ва пиво ичимликлари ишлаб чиқариш.


7. Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш.


8. Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш.


9. Тамаки маҳсулотлари билан улгуржи ва чакана савдо қилиш.


10. Пиво маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилиш.

           

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 4 апрелдаги

ПҚ-110-сон қарорига

2-ИЛОВА



Сертификатланмаган, сақлаш муддати

ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз

товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда

уларнинг айланмасига чек қўйиш бўйича

мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали

юбориладиган фаолият турларининг

РЎЙХАТИ

             

1.

Адлия вазирлиги

товар ишлаб чиқарувчининг номидан ёки товар белгисидан (шунга ўхшатиб) ёхуд товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ўтказиш;

муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузиш;

ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш;


2.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси

озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва реализация қилиш жойларида ҳашарот ва кемирувчиларнинг мавжудлиги;

озиқ-овқат маҳсулотини ушбу мақсадга мўлжалланмаган жойда тайёрлаш, сақлаш ва сотиш;

сифати бузилган озиқ-овқат маҳсулотини сотиш;

озиқ-овқат тайёрлаш ва сотиш жойининг санитария ҳолати ўта қониқарсиз ҳолатдалиги;


3.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

савдо объекти томонидан сотувга қўйилган товарга нархнома қўйилмаганлиги;

сотувга қўйилган товарнинг нархи касса чекидаги нархдан фарқ қилиши;

яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархдан юқори устама қўйган ҳолда сотиш;

ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт бўлган товарларни бундай талабларга риоя этмасдан сотиш;


4.

Ички ишлар вазирлиги

сифатсиз ёки контрафакт дори воситасилари ва тиббий буюмларни сотиш;

қалбаки, сертификати бўлмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш;

рецепт билан бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни рецептсиз сотиш;


5.

Солиқ қўмитаси

қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш;

мажбурий рақамли маркировка коди бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотини сотиш;

рухсати бўлмаган ҳолда алкоголь ва тамаки маҳсулотини сотиш;

сифатсиз спирт ва алкоголь маҳсулотини сотиш;


6.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси

истеъмолга яроқсиз гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки сотиш;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини ветеринария экспертизасидан ўтказмасдан реализация қилиш;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут ва сут маҳсулотларини белгиланмаган жойларда сотиш;

гўшт ва гўшт маҳсулотларини белгиланмаган транспорт воситаларида ташиш.


           

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 5 апрель






































































Время: 0.1928
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск