ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Халқ депутатлари кенгашлари. Депутатлар /

Ўзбекистон Республикасининг 02.12.2004 й. 706-II-сон "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.12.2004 й.

N 706-II



ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН

ВА ШАҲАР КЕНГАШИ ДЕПУТАТИНИНГ

МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг (бундан буён матнда депутат деб юритилади) ҳуқуқларини, мажбуриятларини ҳамда депутатлик фаолиятининг асосий кафолатларини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Депутат

Тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашига (бундан буён матнда халқ депутатлари Кенгаши деб юритилади) сайланган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ тегишинча вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси депутат ҳисобланади.


2-модда. Депутат фаолиятининг ҳуқуқий асослари

Депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


3-модда. Депутат ваколатларининг муддати

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига сайланади.

Сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинади. Бунда депутат сайлов округининг ҳудуди жойлашган халқ депутатлари Кенгаши ёхуд янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган халқ депутатлари Кенгаши таркибига киради, депутатнинг ваколатлари муддати эса мазкур халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига мувофиқ бўлади.

Депутатнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма ариза берган тақдирда;

у қонунга кўра депутатлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

у чақириб олинган тақдирда;

суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган тақдирда;

у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

у вафот этган тақдирда.

Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Депутат деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

Депутатнинг ваколатларини бошқа шахсга топшириш мумкин эмас.



4-модда. Депутатнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони

Депутатда гувоҳнома ва кўкрак нишони бўлади, бу гувоҳнома билан нишон унга депутат сифатида рўйхатга олинганидан кейин тегишли сайлов комиссияси томонидан берилади. Депутат гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.

Депутатнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисидаги намунавий низом, шунингдек, бундай гувоҳнома ва нишон намуналари ҳамда тавсифлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.



II. ДЕПУТАТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5-модда. Депутатнинг ҳуқуқлари

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат:

тегишли халқ депутатлари Кенгашининг доимий ҳамда муваққат комиссияларига сайлаш ва сайланишга;

тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида мунозараларда иштирок этишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;

тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида раислик қилувчига мажлисда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топширишга;

тегишли халқ депутатлари Кенгаши таркибидаги ўзи аъзо бўлган органнинг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида баён этишга ёки бу ҳақда мазкур халқ депутатлари Кенгаши раҳбарига ёзма равишда маълум қилишга;

тегишли ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга;

тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини мазкур халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, шунингдек, тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг бажарилишини текшириш тўғрисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларининг стенограммалари билан танишишга;

сайловчилар билан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, сиёсий партия ташкилоти билан учрашувлар ўтказишга;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонунчиликни бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли.

Депутат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6-модда. Депутатнинг мажбуриятлари

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида ҳамда мазкур Кенгаш томонидан тузилган қайси комиссия таркибига сайланган бўлса, шу комиссиянинг мажлисларида қатнашиши, овоз беришда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.

Депутатнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ҳамда қайси комиссия таркибида бўлса, шу комиссиянинг мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда мазкур халқ депутатлари Кенгаши ёки комиссия раҳбарига олдиндан хабар қилиши шарт.

Депутатнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


7-модда. Депутатнинг сайловчилар билан, уни

депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий

партия билан олиб борадиган ишлари

Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутати ўз округи сайловчилари билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туради, тегишли халқ депутатлари Кенгашида уларнинг манфаатларини ифода этади.

Депутат ўзига сайловчилардан тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқади, уларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўради, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади.

Депутат вақти-вақти билан, лекин йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот беради.

Депутатга сайловчилар билан олиб бориладиган ишлар учун тегишли халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланадиган тартибда муайян кунлар ажратилади.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун депутатга зарур шарт-шароит таъминланади. Ижро этувчи ҳокимият органлари унинг илтимосига кўра бино ажратилишини ташкил этадилар, депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиладиган, депутат томонидан фуқаролар қабул қилинадиган вақт ва жой ҳақида фуқароларга хабар берадилар, қабул ва учрашувларда иштирок этиш учун депутатнинг таклифига биноан ўзларининг масъул вакилларини юборадилар, шунингдек, депутатнинг жойлардаги ишига кўмаклашиш юзасидан бошқа чора-тадбирлар кўрадилар.

Сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган, шунингдек уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.


8-модда. Депутат сўрови

Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар. Депутат сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.

Судларнинг раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.


9-модда. Депутатлик одоби

Депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депутатнинг ўз мақомидан фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан ёки унинг топшириғига кўра тегишли халқ депутатлари Кенгашининг органи томонидан кўриб чиқилиши мумкин.


III. ДЕПУТАТ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ

10-модда. Депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни

ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш

Ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.

Депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўладилар. Депутатни ҳақорат қилиш, шунингдек, унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қанақа тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.


11-модда. Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи

Депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашида овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, шу жумладан, ваколатлари муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан депутат ҳақорат қилишга, туҳмат қилишга ёки қонунда жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда жавобгарликка тортилади.


12-модда. Депутатни дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Депутатни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида қуйи прокурор томонидан киритилган тақдимномани юқори турувчи прокурор чақиртириб олиши мумкин.

Депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилади.

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олган прокурор иш юритиш тамомланган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида тегишли халқ депутатлари Кенгашига ишни тергов қилиш, судда кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар қилиши шарт.

Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорига рози бўлмаган такдирда, юқори турувчи прокурор тегишинча юқори Кенгашга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қарорни бекор қилиш ва масалани тегишли халқ депутатлари Кенгаши қайта кўриб чиқиши учун топшириш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Агар депутат ўзи халқ депутатлари Кенгаши депутати бўлган вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудидан ташқарида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш талаб қилинмайди.



13-модда. Депутатнинг мансабдор шахслар

томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқи

Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Фаолияти давлат сири ҳамда қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ корхоналар, муассасалар, ташкилотларга депутатнинг кириш тартиби қонунда белгиланади.


14-модда. Депутатлик фаолиятини ишлаб

чиқариш ёки хизмат вазифасини бажариш

билан уйғун тарзда олиб бориш

Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари депутатни у ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда депутатнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.


15-модда. Депутатни ҳарбий

йиғинлардан озод қилиш

Депутат ўз ваколатлари амал қилаётган муддат мобайнида ҳарбий йиғинлардан озод қилинади.



16-модда. Депутат фаолиятининг ахборот

ҳамда моддий-техника таъминоти

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштиради.

Депутатга техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади.


17-модда. Депутатнинг

транспортда текин юриш ҳуқуқи

Депутат тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) текин юриш, шунингдек, йўл патталарини навбатсиз сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутатнинг транспортда текин юриш тартиби ва шартлари, транспорт ташкилотлари билан бу борада ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 3-4-сон, 20-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 1-сон, 10-модда










































Время: 0.1481
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск