Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ёқилғи-энергетика комплекси /

Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 27.01.2005 й. 32-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 27 январдаги

32-сон қарорига

1-ИЛОВА



Электр энергиясидан фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


I. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА АТАМАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган:


электр энергиясини қабул қилувчи - электр энергиясини қабул қилиб олиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган қурилма ёки ускуна;


энергия қурилмаси - электр энергиясини ишлаб чиқариш, ўзгартириш, трансформация қилиш, узатиш, тақсимлаш ҳамда уни энергиянинг бошқа турига айлантириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, электр узатиш линиялари ва ёрдамчи ускуналар (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан бирга);


энергия таъминоти ташкилоти - энергияни шартнома бўйича сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;


энергия таъминоти ташкилоти абоненти - энергия таъминоти ташкилоти тармоқларига бевосита уланган ва у билан электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасига эга бўлган истеъмолчи, унинг электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқи энергия таъминоти ташкилотининг истеъмолчи ёки унинг юқори ташкилоти билан шартномасида келишилган бўлади. Маиший истеъмолчилар учун - квартира, иморат ёки шахсий мулк бўлга иморатларнинг ҳудудий бирлашган гуруҳи;


энергия таъминоти ташкилотининг субабоненти - энергия таъминоти ташкилотининг розилиги билан абонентнинг электр тармоқларига бевосита уланган ва абонент билан электр энергиясидан фойдаланиш юзасидан шартномага эга бўлган истеъмолчи. Энергия субабонентга берилганда абонент энергия таъминоти ташкилоти олдида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш бўйича жавобгар ҳисобланади;


электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегараси - электр тармоғининг баланс бўйича мансублиги билан аниқланадиган энергия таъминоти ташкилоти ва абонент ўртасидаги электр тармоғининг бўлиниш нуқтаси;


ҳисобга олиш нуқтаси - электр билан таъминлаш схемаси нуқтаси, унда ўлчаш асбоби (ҳисоб-китоб ҳисоблагичи, ҳисобга олиш тизими ва шу кабилар) ёрдамида ёки бошқача усулда электр энергияси сарфи миқдори аниқланади;


ҳисобга олишни назорат қилиш прибори - назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳисобга олиш прибори, унинг кўрсаткичлари асосида тармоқнинг мазкур нуқтасидаги электр энергияси сарфи аниқланади;


электр энергияси ва қувватини ҳисобга олиш прибори - ҳисобга олиш (шу жумладан актив электр қувватини ҳисобга олиш) приборлари, шунингдек жамловчи қурилмалар ва ҳисобга олишнинг автоматик тизимлари, улар Электр қурилмаларини ўрнатиш қоидаларига ҳамда Ёқилғи ва энергияни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш, улардан фойдаланишни ташкил қилиш қоидаларига мувофиқ ўрнатилади;


истеъмолчининг уланган қуввати - истеъмолчининг энергияни ишчи кучланишга (бевосита ток қабул қилувчиларга бериладиган кучланишга) айлантирувчи трансформаторларининг ва 1000 Вольт (В)дан ортиқ кучланишли электр двигателларининг электр тармоқларига уланган жами қуввати. Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларига энергия трансформаторлардан ёки энергия таъминоти ташкилотининг кам вольтли тармоқларидан берилганда истеъмолчининг уланган қуввати учун фойдаланишга рухсат этилган қувват қабул қилинади, унинг миқдори энергия таъминоти ташкилоти томонидан белгиланади ҳамда электр энергияси бериш ва ундан фойдаланиш шартномасида кўрсатилади;


аввалдан буюртма берилган қувват - истеъмолчининг энергия тизимининг энг катта юкламасида қатнашувчи ҳисобланган энг катта қуввати (юкламаси). Истеъмолчининг энг катта юкламаси тегишли ҳисобга олиш асбоблари (ҳисоб-китоб ҳисоблагичларининг ярим соатлик кўрсаткичлари бўйича) ёки энергия тизимининг энг катта юкламали соатларида ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими кўрсаткичлари билан аниқланади;


ҳисоб-китоб даври - электр энергиясининг истеъмол сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган электр энергияси учун истеъмолчи ва энергия таъминоти ташкилоти ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган вақт даври (ой). Томонлар билан келишилган ҳисоб-китоб даври шартномада кўрсатилади;


оралиқ ҳисоб-китоб - ҳисоб-китоб даври мобайнида истеъмол қилинган энергия ва қувват учун тўловчи абонент томонидан қисман ҳақ тўлаш;


якуний ҳисоб-китоб - ҳисоб-китоб даври тугагач истеъмол қилинган энергия ва қувват учун тўловчи абонент билан ҳисоб-китоб қилиш;


тўлов ҳужжати - тўлов талабномаси, унинг асосида энергия таъминоти ташкилотининг ҳисоб-китоб рақамига пул маблағлари ўтказилади, шунингдек билдиришнома, унинг бўйича тўлов нақд пул билан амалга оширилади;


электр энергияси истеъмолининг шартномавий миқдори - тегишли ҳисоб-китоб даврида абонент томонидан истеъмол қилинадиган энергиянинг энергия таъминоти ташкилоти ва абонент ўртасидаги шартномада белгиланган миқдори;


электр билан таъминлашдаги танаффус (узиб қўйиш) - истеъмолчига электр энергияси беришни тўхтатиш, автоматик қурилмаларнинг муваффақиятли ишлаши туфайли ёки истеъмол қилишнинг чекланишига олиб келмайдиган, бир вақтнинг ўзида бир нечта линиялар бўйича энергия олувчи истеъмолчилар учун битта ёки бир нечта энергия таъминоти линияларининг узиб қўйилиши туфайли содир бўладиган танаффуслар бундан мустасно;


чеклаш - шартномада назарда тутилган тадбирларнинг қўлланиши оқибатида муайян оралиқ вақт давомида, шунингдек энергия таъминоти ташкилотининг электр тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига электр энергияси ва (ёки) қуввати бериш миқдорининг камайиши;


етарли миқдорда берилмаган электр энергияси (кам бериш) - энергия таъминотидаги танаффус, шу жумладан узиб қўйиш ва чеклаш вақтида истеъмолчи тўлиқ олмаган электр энергияси миқдори;


электр энергияси сифати - бу электр энергиясининг тақсимланиш чегарасида энергия кўрсаткичларининг стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида ёки энергия таъминоти шартномасида белгиланган талабларга мувофиқлигидир;


энергия таъминотининг технологик брони - технологик жараённи, ишлаб чиқариш циклини тугаллаш учун зарур бўлган электр қуввати ёки энергия сарфи (ҳажми);


энергия таъминоти бўйича авария брони - мулкчиликнинг барча шаклларидаги хўжалик юритувчи субъектни қисман ёки тўлиқ тўхтатишда ускуналарни сақлаш, инсонлар ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш, авария ва қўриқлаш ёритгичлари, шамоллатиш, сув ҳайдаш, сув таъминоти, иситиш, ёнғин хавфсизлиги воситалари учун зарур бўлган энг кам миқдордаги электр қуввати ёки энергия сарфи;


режали узиб қўйиш - энергия таъминоти ташкилотининг энергия қурилмаларини режали - эҳтиётан таъмирлаш жадвали бўйича таъмирлаш ёки профилактика қилиш даврида абонентлар билан олдиндан келишилган ва уларни (камида 3 сутка олдин) огоҳлантирган ҳолда истеъмолчига энергия беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса;


блок-станциялар - энергия тизимининг электр тармоғига бевосита ёки абонентлар тармоғи орқали уланган ҳамда ягона оператив-диспетчерлик бошқаруви бўйича ишлайдиган саноат ва идоравий истеъмолчиларнинг электр станциялари.



II. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2. Мазкур Қоидалар "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида", "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида", "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган ва энергия таъминоти ташкилотларининг электр энергияси истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларини белгилайди ҳамда энергия таъминоти ташкилотлари ҳамда электр энергияси истеъмолчилари бўлган юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.


3. Саноат маҳсулоти тури сифатида электр энергияси узатиш энергия таъминоти ташкилоти ва шу ташкилот тармоғига энергия қурилмалари бевосита уланган истеъмолчи (абонент) ўртасида тузилган шартнома асосида мазкур Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Намунавий шартномалар шакллари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ("Ўздавэнергоназорат") томонидан тасдиқланади.

Субабонентлар абонент билан электр энергиясидан фойдаланиш учун шартномани энергия таъминоти ташкилотининг розилигига кўра тузадилар.

Абонент ва энергия таъминоти ташкилоти ўртасидаги шартномада қуйидагилар назарда тутилади:

шартнома мавзуси;

истеъмол қилишнинг белгиланган режимларига риоя қилишнинг ва электр энергияси сифати кўрсаткичларини келишишнинг мажбурийлиги;

тармоқлар ва энергия ускуналарининг баланс бўйича мансублик чегаралари;

электр энергияси учун ҳақ тўлаш бўйича истеъмолчиларнинг тариф гуруҳлари;

истеъмолчининг тасарруфидаги тармоқлар ва энергия ускуналаридан, ҳисобга олиш приборларидан фойдаланишнинг хавфсизлигини ва уларнинг созлигини ҳамда энергия таъминотининг ишончлилигини таъминлаш;

субабонентларни абонентнинг тармоғига улаш (истеъмолчининг номи, қуввати, ҳисобга олиш приборлари, тарифлар ва бошқа маълумотлар);

алоҳида шартлар;

аҳдлашувчи томонларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал этиш тартиби;

томонларнинг реквизитлари.

Табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчиларга электр энергияси сотишда шартномада ушбу истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашнинг энг кам даражаси ҳам назарда тутилиши керак.

4. Энергия таъминоти ташкилотларига, истеъмолчида ҳисобга олишнинг кўп тарифли приборлари мавжуд бўлган тақдирда, электр энергиясига тарифларни сутка вақти зоналари (тиғиз соатлар, ярим тиғиз соатлар, тунги юклама) ва йил фасллари (ёзги ва қишки давр) бўйича табақалаштириш ҳуқуқи берилади.

Истеъмолчи томонидан фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш учун "Ўзстандарт" агентлиги ёки унинг ўлчов воситаси турини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг сертификатига эга бўлган ҳудудий бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилган ҳамда электр энергиясини ҳар бир сутканинг камида тўртта вақт даври бўйича алоҳида ҳисобга олиш имконини берадиган кўп тарифли ҳисоблагичлар ёки ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари қўлланилиши мумкин.

Энгергия таъминоти ташкилоти электр энергиясининг амалдаги истеъмолини аниқлаш учун абонентлардаги ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ҳар ойда ёзиб олиши керак.


5. Энергияга тариф ўзгарган тақдирда, санасидан қатъи назар, шартнома ўз кучида қолади ва истеъмолчи олинган энергия учун янги тариф жорий этилган кундан бошлаб ҳақ тўлашга мажбурдир.

Бунда электр энергияси учун тариф оширилган тақдирда истеъмолчилар электр энергиясининг аванс тарзида ҳақ тўланган миқдори учун (ўн икки ойдан кўп бўлмаган вақт учун) қўшимча тўловлардан озод қилинади.


6. Томонлар шартнома тузиш, уни ўзгартириш, бекор қилиш ёки унинг муддатини узайтириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва мазкур Қоидаларга амал қилади.


7. Янги энергия қурилмаларини фойдаланишга топшириш ва янги субабонентларни улаш энергия таъминоти ташкилоти томонидан "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг ишлатишга ижозати олинганидан сўнг амалга оширилади.


8. Энергияни ўз тармоқлари орқали берувчи ташкилотлар (блок-станциялар, абонентлар) охирги йилларда энергиянинг ўртача истеъмоли таҳлили асосида аниқланадиган ўз электр тармоқларига уланган бошқа объектларнинг энергия истеъмолини ҳисобга олган ҳолда энергиянинг умумий (йиғма) миқдори юзасидан энергия таъминоти ташкилоти билан шартнома тузадилар.


9. Истеъмолчи (аҳолидан ташқари) ўзига тегишли тармоқларга кучланиши 1000 В.гача бўлган янги хусусий электр қурилмаларни рухсат этилган қувват миқдори даражасида улаши мумкин (биноларни электр билан иситиш ва рекламадан ташқари).


10. Энергия таъминоти ташкилоти абонентга (аҳолидан ташқари) энергияни уланган тармоқ орқали энергия таъминоти шартномасида назарда тутилган миқдорда ва томонлар ўзаро келишган энергия бериш режимига риоя қилган ҳолда беришга мажбурдир.

Истеъмолчи "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан энергиядан нооқилона фойдаланган (имзоланган далолатномага мувофиқ), энергияни тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режасини бажармаган тақдирда, энергия таъминоти ташкилоти энергиядан нооқилона фойдаланишнинг аниқланган ҳолатларидан келиб чиқиб энергия истеъмолининг шартномавий миқдорини камайтиришга ҳақлидир.


11. Энергия таъминоти ташкилоти тизимидаги аварияларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ёки одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш зарур бўлганда ва фойдаланилган энергия учун ҳақ тўланмаганда истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда энергияни узатишда танаффус ёки чеклашларга йўл қўйилиши мумкин.


12. Объектнинг электр таъминоти лойиҳасида кўзда тутилган ўзаро захираланувчи манбаларни автоматик ишга тушириш ёки асосий манбани қайта автоматик тиклаш вақтида электр энергиянинг узиб қўйилиши (сабабларидан қатъи назар), электр таъминотида танаффус деб ҳисобланмайди.


13. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари устидан давлат назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан амалга оширилади.


14. Энергиянинг исроф қилиб сарфланиши ва истеъмолчи энергия қурилмаларининг авария хавфи туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати учун "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси энергия беришни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


15. Махсус қоидалар бўйича фойдаланиладиган электр қурилмалари устидан энергетика назорати амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.


16. Давлат энергетика назоратининг амалга оширилиши абонентларни фойдаланилаётган энергетика тармоқлари, прибор ва ускуналарнинг зарур техник ҳолати ва хавфсизлиги таъминланиши, энергия истеъмолининг белгиланган режимига риоя қилиниши учун жавобгарликдан, шунингдек энергиядан фойдаланиш пайтида пайдо бўладиган авариялар, ёнғинлар, энергияни ҳисобга олиш приборларининг носозликлари ва бошқа қоидабузишлар тўғрисида энергия таъминоти ташкилотларини дарҳол хабардор қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.


17. Энергетика тармоқлари, прибор ва ускуналарнинг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга нисбатан қўйиладиган талаблар, шунингдек уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


18. Ушбу Қоидалар бузилганлиги учун жавобгарлик "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Фуқаролик кодексига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.



III. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ЭЛЕКТР

ҚУРИЛМАЛАРИНИ УЛАШ УЧУН ТЕХНИК ШАРТЛАР


19. Электр энергиясининг барча истеъмолчилари, шу жумладан хусусий уй-жойларда яшовчи истеъмолчилар электр энергиясидан фойдаланишда энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларига электр қурилмаларининг янги ва қўшимча қувватлари уланиши учун техник шартларни олишга мажбурдирлар.

Электр қурилмаларининг электр таъминотини лойиҳалаштириш, ускуналарни монтаж қилиш ва уларни энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларига техник шартларсиз улаш тақиқланади.


20. Кучланиши 1000 Вольт ва ундан юқори бўлган янги трансформаторларни, двигателларни улаш ёки қўшимча қувватини ошириш, шунингдек энергия таъминоти ташкилотининг тармоқ трансформаторларига паст кучланишли қурилмаларни янгидан улаш ёки уларнинг рухсат берилган қувватини ошириш учун техник шартлар истеъмолчи-буюртмачидан (қурувчидан) ёки унинг топшириғи бўйича бош лойиҳалаш ташкилотидан буюртма олинганидан сўнг энергия таъминоти ташкилоти томонидан белгиланган тартибда бир ой муддатда берилади.

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш учун техник шартлар тадбиркорлик субъектларининг ёхуд туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)нинг буюртмасига кўра уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда берилади.

21. Истеъмол қилинадиган қувватни кўпайтирмайдиган, бироқ истеъмолчининг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартирадиган электр қурилмаларининг тоифалари ўзгарган тақдирда (электр таъминоти ишончлилиги бўйича) истеъмолчи бунга энергия билан таъминловчи ташкилотдан қўшимча техник шартлар олишга мажбурдир.


22. Истеъмолчи буюртманомада лойиҳалаштирилаётган объектни тавсифловчи маълумотларни қисқача шаклда кўрсатади: юклама миқдори, истеъмолчининг электр таъминоти ишончлилиги бўйича тоифаси, ўрнашган жойи (янгидан ташкил этилаётган корхонанинг аҳоли пункти билан боғлиқ картография материали), объектни лойиҳалаштириш ва қуриш муддатлари, баланс бўйича кимга тегишлилиги.


23. Электр қурилмалари энергия таъминоти ташкилотининг абонентлари (асосий истеъмолчилар) тармоғидан энергия оладиган истеъмолчилар - субабонентлар техник шартларни энергия таъминоти ташкилотининг рухсати билан асосий истеъмолчилардан оладилар ва уланиш учун абонентдан техник шартларни олган субабонент унга корхона, бино, иншоотни унинг тармоқларига улаш учун лойиҳа ҳужжатларини келишиш учун тақдим этади.

Агар субабонентнинг юкламаси кўпайиши муносабати билан абонентнинг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартириш ёки энергия таъминоти ташкилоти билан тузилган шартномада қайд этилган трансформаторлар ва юқори вольтли двигателлар қувватини кўпайтириш талаб этилса, абонент бунга техник шартларни энергия таъминоти ташкилотидан олади.


24. Техник шартларга мувофиқ ишлаб чиқилган корхоналар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқаришларининг энергия таъминоти лойиҳалари (ишчи лойиҳалар) корхоналар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқаришлар комплекс лойиҳаси тасдиқлангунга қадар энергия таъминоти ташкилоти билан келишилиши керак.


25. Уланишга техник шартларни бажариш барча истеъмолчилар ва лойиҳалаш ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, унинг амал қилиш муддати техник шартларда кўрсатилади ва объектни, унинг навбатини ёки алоҳида қурилишни лойиҳалаштириш, қуриш ёки қайта тиклашнинг норматив муддатлари билан белгиланади.

Техник шартларнинг амал қилиш муддати энергия таъминоти ташкилоти билан келишилгандан кейин узайтирилиши мумкин. Техник шартларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин улар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Истеъмолчи янги техник шартларни ва янги ёки қўшимча қувватлар уланишига рухсатномани мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда олади.


26. Истеъмолчиларнинг янги юкламалари билан боғлиқ янги электр қурилмаларини қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва қайта тиклаш (подстанциялар, электр узатиш линиялари, трансформатор пунктлари ва ҳоказоларни) истеъмолчиларнинг кучлари ва маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



IV. КУЧЛАНИШНИ БЕРИШ ВА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ

ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШГА

РУХСАТ БЕРИШ


27. Истеъмолчиларнинг (фойдаланилаётган уй-жойларда уланаётганларидан ташқари) барча янгидан уланаётган ва қайта тикланаётган электр қурилмалари берилган техник шартларга мувофиқ бажарилиши ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши, келишилган лойиҳа ва техник қабул қилиш-топшириш ҳужжатлари билан таъминланган бўлиши лозим.


28. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўз назоратидаги объектларда ишлаб чиқариш хавфсизлиги бўйича хорижий технологияларни қўллаш имконияти тўғрисида эксперт хулосасини беради.


29. Янгидан ўрнатилган ва қайта тикланаётган электр қурилмаларини фойдаланишга топшириш, мазкур Қоидаларга мувофиқ, уларни ўрнатиш тугагандан, ишга тушириш-созлаш ишлари бажарилгандан сўнг, истеъмолчида тегишли электротехник ходимлар ва электр хўжалиги учун масъул шахс мавжуд бўлганда, электр қурилмаларни хавфсизлик техникаси ва ёнғин ўчириш бўйича ҳимоя воситалари билан бутланганда ва электр энергиядан фойдаланиш шартномаси тузилганда ҳамда истеъмолчида текширилган ҳисобга олиш приборлари ўрнатилганда мумкин бўлади.


30. Истеъмолчи электр қурилмаларни ишга туширишидан олдин ўрнатувчи ташкилотдан уларни мазкур Қоидаларга мувофиқ далолатнома бўйича қабул қилиши ва "Ўздавэнергоназорат" инспециясининг ваколатли вакилига (инспекторга) Электр қурилмаларининг тузилиши қоидалари, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ лойиҳавий, техникавий, қабул қилиш-топшириш ва фойдаланиш ҳужжатларини ҳамда электр қурилмани кўриб чиқиш ва уни ишга тушириш мумкинлигини аниқлаш учун тақдим этиши керак.

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини ўрнатишда камчиликлар, улашга берилган техник шартлардан чекинишлар аниқланганда, шунингдек техник ҳужжатлар ва электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш учун тайёргарлик кўрган ходимлар мавжуд бўлмаган тақдирда аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар улардан фойдаланишга рухсат бериш тақиқланади.


31. Янги ёки қайта тикланган электр қурилмаларига кучланиш бериш электр энергиясидан фойдаланиш учун шартнома тузилгандан, ҳисобга олиш приборлари текширилгандан ва ўрнатилгандан кейин уларни фойдаланишга қўйиш тўғрисида "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси вакили (инспектор) томонидан имзоланган далолатнома мавжуд бўлган тақдирда энергия таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.


32. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва энергия таъминоти ташкилоти, истеъмолчининг электр қурилмасини техник кўрикдан ўтказиб, ишлатишга ижозат берган ҳолда, ишлатиш жараёнида уларни бир маромда ишлаши учун жавоб бермайди.


33. Мавсумий хусусиятли электр қурилмаларига эга бўлган истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) ҳар йили уларни ишга туширишдан олдин "Ўздавэнергоназорат" инспекциясига ёзма равишда мурожаат қилиб, кўрикдан ўтказиш учун инспекция вакилини таклиф қилишлари керак.



V. ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИ ВА ТАРМОҚЛАРИНИНГ

ҲОЛАТИ УЧУН ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


34. Истеъмолчининг янгидан ўрнатилган ёки қайта тикланадиган энергия қурилмаларини энергия таъминоти ташкилотининг тармоқларига улашнинг техник шартларига мувофиқ тармоқлар ва ускуналарнинг баланс бўйича мансублиги белгиланади, улар бўйича электр тармоқлари ва ускуналарининг техник ҳолати ва фойдаланилиши учун истеъмолчи билан энергия таъминоти ташкилоти ўртасидаги жавобгарлик чегараси белгиланади, бу шартномага илова қилинадиган далолатномада қайд этилади.

Тармоқлар ва ускуналарга хизмат кўрсатишнинг чегараларини ва уларнинг ҳолати учун жавобгарликни белгилаш юзасидан далолатнома энергия таъминоти ташкилотининг вакиллари ва абонент томонидан имзоланади.

Бунда жавобгарлик чегаралари қуйидагича белгиланади:*

1000 В ва ундан юқори кучланишли электр қурилмалари учун:

а) ёпиқ тақсимлаш қурилмаларининг ташқи томонидан ҳаво линиясининг ўтиш изолятори бирлаштирувчисида ва симнинг очиқ тақсимлаш қурилмалари изоляторлари портал тортиладиган тизма шоданинг қисувидан чиқишда;

б) таъминловчи ёки узатувчи линияларнинг кабели ёки ҳаводаги кириш симлари учликларида.

Турли ташкилотларга тегишли, (ёпиқ ёки ажратгичлар орқали) тармоқланган симларга эга бўлган 1000 В ва ундан юқори кучланишли электр узатиш линияларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан жавобгарлик чегараси асосий линиянинг тармоқланиш қилинган таянчида белгиланади. Асосий линия тасарруфида бўлган ташкилот тармоқланган симларни уловчи қисқичларнинг ҳолати учун жавобгардир.

1000 В гача кучланишли электр қурилмалари учун:

а) ҳаво тармоғида - бино ёки қувур тургичда ўрнатилган биринчи изоляторларда;

б) кабель билан киритишда - бинога кириш жойида таъминловчи кабель учликларида.


35. Истеъмолчи тасарруфидаги электр қурилмаларини ишлатиш ва улардан фойдаланишни ташкил этишда уларнинг техник ҳолати ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши учун жавобгардир.


36. Техник фойдаланиш ва хавфсизлик техникасининг амалдаги қоидаларида ҳисобга олинмаган электр қурилмаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг ўзига хос шартлари мавжуд бўлган тақдирда (ер ости, портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқаришлар, электр тортиш кучи ва бошқалар) истеъмолчилар ушбу электр қурилмаларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича махсус йўриқномаларга эга бўлишлари шарт.


37. Шартномавий мажбуриятларни томонлардан бири бажармаган тақдирда қоида бузувчи томон қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ жавоб беради.



VI. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ПРИБОРЛАРИНИ ЎРНАТИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


38. Электр энергияси истеъмолчиларининг электр қурилмалари, энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмол қилинган электр энергия бўйича ҳисоб-китобни амалга ошириш учун ўлчаш доираси ва аниқлик тоифаси бўйича меъёрий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ бўлган ҳисобга олиш приборлари билан мажбурий тартибда таъминланган бўлиши лозим.


39. Электр энергияга ҳақ тўлаш учун ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини энергия таъминоти ташкилоти, абонентлар ёки субабонентларнинг тармоқларига уланиши тақиқланади.


40. Турли тариф гуруҳларидаги бир нечта истеъмолчилар электр таъминотининг битта манбаидан таъминланганда ҳисобга олиш приборлари ҳар бир тариф гуруҳи учун алоҳида ўрнатилиши лозим.


41. Ҳисобга олиш приборлари (шу жумладан актив ва реактив қувват ва энергияни ўлчаш воситалари ҳамда жамловчи қурилмалар ва автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимлари) мазкур Қоидаларга мувофиқ ўрнатилади ва Электр ускуналарининг тузилиши қоидалари талабларига жавоб бериши шарт.

Ҳисобга олиш приборлари, ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар, шу жумладан алоқа линиялари, автоматлаштирилган тизимлар сақланиши ва уларнинг техник ҳолати учун ҳисобга олиш приборлари ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари балансида бўлган ташкилот жавоб беради.

Бундан ташқари, электр энергиясини назорат тартибида ҳисобга олиш (электр энергияси сарфининг белгиланган нормалари бажарилишини назорат қилиш) учун ҳисобга олиш приборлари алоҳида цехларда, энергия сиғимли агрегатларда, технология линияларида, биноларда, алоҳида объектларда ўрнатилади.


42. Кўп квартирали уй-жойларда электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш учун тўлов электр ҳисоблагичлари ҳар бир квартирага ўрнатилади.

Ҳар бир квартирага ўрнатишдан ташқари, уй-жойларда уйнинг умумий эҳтиёжлари (зинапояларни ёритиш, лифтлар, насосларнинг ишлаши ва ҳоказолар) учун сарфланадиган электр энергияси бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун тўлов электр ҳисоблагичлари ўрнатилади.


43. Тўлов электр ҳисоблагичлари, шунингдек энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмолчиларнинг ҳисоб-китоб қилишига мўлжалланган электр энергияси ва қувватини ҳисобга олишнинг бошқа воситалари истеъмолчининг маблағлари ҳисобига сотиб олинади, давлат текширувидан ўтказилади ва ўрнатилади ҳамда энергия таъминоти ташкилотининг вакили томонидан рўйхатдан ўтказилади.


44. Ҳисобга олиш схемаси бузилган тақдирда (ток ва кучланишнинг ўлчов трансформаторлари ишдан чиқиши, иккиламчи коммутация, истеъмолчининг айби билан тўлов электр ҳисоблагичлари шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) электр ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, давлат текширувидан ўтказиш ва ўрнатиш, шу жумладан улаш бўйича энергия таъминоти ташкилотининг хизматларига ҳақ тўлаш истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


45. Истеъмолчи ўлчов занжирларининг зарур техник ҳолатини, хавфсиз фойдаланилишини ва ўзи фойдаланадиган электр энергиясини ҳисобга олиш приборларининг созлигини таъминлаши шарт.

Шартнома бўйича электр энергиясидан маиший истеъмол учун фойдаланувчи фуқаро абонент сифатида иш кўрган тақдирда электр тармоқларининг, шунингдек энергия истеъмолини ҳисобга олиш приборларининг зарур техник ҳолатини ва хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти энергия таъминоти ташкилоти зиммасига юкланади. Хонадонда, уйда ўрнатилган пломбалар ва ҳисоблагичларнинг бутлиги учун уй ёлловчиси, ижарачиси, эгаси жавоб беради.

Умумий фойдаланиладиган жойларда хизмат кўрсатиш ва электр энергияси етказиб бериш учун шартнома тузишда жавобгарлик уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотга юкланади.


46. Энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китоблар учун фаол ва реактив энергия ва қувватни ҳисобга олиш энергия таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи ўртасидаги энергия тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасидаги ҳисобга олиш нуқтасида амалга оширилади.


47. Энергия тизимидан истеъмолчи тармоғи орқали энергия таъминоти ташкилотининг электр тармоғига электр энергияни транзитли узатишда истеъмолчи тармоғидаги электр энергияси йўқотилишининг бир қисми истеъмолчи тармоғига келган жами электр энергия миқдорига нисбатан истеъмолчи томонидан энергия таъминоти ташкилотига ўтказилган энергия миқдорига мутаносиб равишда энерготизим тармоқларидаги йўқотилишга ўтказилади.


48. Тўлов ҳисоблагичлари билан биргаликда фойдаланиладиган ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичлари ва ўлчов трансформаторлари (шунингдек синов блоклари, ўтувчи клеммниклар қопқоқлари, кучланишнинг ажратувчи ўлчов трансформаторлари симлари) кожухлар маҳкамланган жойида ва ҳисоблагич клеммник қопқоғида "Ўзстандарт" агентлигининг ёки унинг ҳудудий бошқармасининг ва энергия таъминоти ташкилотининг белгиланган намунадаги пломбаси бўлиши керак.

Электр ҳисоблагичлар ва ўлчов трансформаторларини вақти-вақти билан текшириш "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланган муддатларда истеъмолчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши керак.


49. Ҳисобга олиш приборлари билан биргаликда фойдаланиладиган ўлчов трансформаторларини бошқа жойга ўрнатиш ва алмаштириш фақат энергия таъминоти ташкилотининг розилиги билан амалга оширилади.


50. Электр энергиясини ҳисобга олиш схемасини ўзгартириш ёки бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишларни бажариш учун абонент ишларни бошлашдан олдин бу ҳақда энергия таъминоти ташкилотини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Таъмирлаш даврида электр энергияси ҳисоби энергия таъминоти билан келишилган вақтинчалик схемалар ёки ҳисоб-китоблар бўйича амалга оширилиши мумкин.



VII. БЕРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


51. Бевосита энергия таъминоти ташкилотлари тармоқларидан ва бошқа ташкилотлар ёки энергия таъминоти ташкилоти абонентларининг тармоқларидан узатилаётган электр энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган амалдаги электр энергияси тарифлари асосида ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.


52. Тариф гуруҳлари бўйича электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчиларни тақсимлаш Электр ва иссиқлик энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳлари тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Электр энергияси тарифлари бир ставкали, икки ставкали ва табақалаштирилган ставкаларга бўлинади.


53. Бир ставкали тариф истеъмолчига берилган ҳар бир кВт соат электр энергияси учун ҳақ тўлашдан иборатдир.


54. Икки ставкали тариф энергия тизимининг энг катта юкламасида (ёки уланган қувватида) иштирок этувчи томонидан, аввалдан буюртма берилган энг катта қувватнинг ҳар бир кВти учун йиллик ҳақ тўлашдан ва узатилган электр энергиянинг ҳар кВтЧс га ҳақ тўлашдан иборат бўлади.


55. Табақалаштирилган тариф сутканинг қуйидаги даврларида истеъмол қилинган ҳар бир кВтЧс электр энергияси учун ҳақ тўлашдан иборат бўлади:

ярим тиғиз давр - асосий тариф (сутканинг ёруғ вақти);

тиғиз давр - энг юқори тариф (энергия тизимининг энг катта юкламали вақти - эрталабки ва кечки "энг катта миқдор");

тунги давр - имтиёзли тариф (сутканинг қоронғи вақти).

Асосий тариф (Т)нинг миқдори белгиланган тартибда аниқланади ва тасдиқланади.


56. 750 килоВольтАмпер (кВА) ва ундан юқори электр қуввати билан уланган саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар икки ставкали тариф бўйича, бошқа барча электр энергия истеъмолчилари, уланган қувватларидан қатъи назар, бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладилар.


57. Бир неча тариф гуруҳларига эга бўлган истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар ҳар бир тариф гуруҳига ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади. Узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш тарифларга ва шартномада қайд этилган белгиланган тартибга мувофиқ электр ҳисоблагичлар кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.


58. Берилган электр энергияси учун истеъмолчи билан ҳисоб-китоблар энергия таъминоти ташкилоти томонидан ёзиб бериладиган тўлов ҳужжатлари бўйича, бериладиган электр энергияси қийматининг шартномадаги миқдоридан камида 30 фоизини навбатдаги ой учун олдиндан тўлаган ҳолда амалга оширилади (аҳолидан ташқари), истеъмол қилинган электр энергияси учун якуний ҳисоб-китоблар ҳисоб-китоб ойи тугаганидан сўнг 30 кун мобайнида амалга оширилади.

Истеъмолчи (электр энергияни узатишда махсус тартиб ўрнатилган истеъмолчилардан ташқари) томонидан ҳисоб-китоб ойи тугаганидан сўнг 30 кун мобайнида тўлов ҳужжатлари бўйича ҳақ тўланмаган тақдирда энергия таъминоти ташкилотиэлектр энергияси беришни тўхтатади. Бунда энергия таъминоти ташкилоти томонидан энергия тизими тармоқларига улаш ва электр энергияси бериш булар билан боғлиқ харажатларни ундиришни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


59. Энергия таъминоти ташкилоти вакили абонент билан биргаликда ҳар ойда ҳисобга олиш приборларидаги кўрсаткичларни ёзиб олади ва ҳисобот ойидаги энергия сарфини аниқлайди.

Абонент томонидан ҳисобга олиш приборларидаги кўрсаткичлар ёзиб олинмаганда ва электр энергияси истеъмоли тўғрисида ҳисобот тақдим этилмаган тақдирда энергия таъминоти ташкилоти ҳисоб-китобни электр истеъмолининг шартномадаги миқдори бўйича амалга оширади, кейинчалик энергия таъминоти ташкилоти томонидан абонент билан биргаликда аниқланадиган амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилади.


60. Энергия таъминоти шартномаси бўйича маиший истеъмол учун энергиядан фойдаланувчи фуқаро абонент сифатида иш кўрган тақдирда энергия таъминоти ташкилоти абонентни шартнома бажарилиши рад этилишидан камида бир ой олдин огоҳлантириш шарти билан абонент томонидан фойдаланилган энергия учун абонент ҳақ тўламаганлиги сабабли шартномани бажаришни бир томонлама тартибда рад этишга ҳақлидир.

Энергия таъминоти шартномаси бўйича юридик шахс ва юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс абонент сифатида иш кўрган тақдирда, энергия таъминоти ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича шартномани бажаришни бир томонлама тартибда рад этишга ҳақлидир.


61. Тўлов ҳужжатида хатолар ёки ҳисоблагичлар кўрсаткичидаги ноаниқликлар аниқланган тақдирда, тўловчи бу ҳақда дарҳол энергия таъминоти ташкилотига хабар бериши керак.


62. Энергия таъминоти ташкилоти тўловчи томонидан ариза берилган кундан бошлаб ўн суткадан кечикмай ҳисоб-китобни текшириши, зарур бўлганда эса жойнинг ўзига бориб ҳисоблагичларни текшириши ҳамда текшириш натижаларини ҳақ тўловчига маълум қилиши керак.


63. Ҳисоблагични текшириш тўғрисида ёки тўлов ҳужжатидаги хато тўғрисида ариза берилиши тўловчини белгиланган муддатда тўлов ҳужжати бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.


64. Электр энергиясини ҳисобга олишнинг ҳисоб-китоб приборларида қоида бузишлар аниқланган тақдирда, энергия таъминоти ташкилоти истеъмолчи билан биргаликда фойдаланилган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилиши керак.


65. Агар ҳисоблагичлардаги четга чиқишлар мазкур прибор учун белгиланган аниқлик чегараларидан ортиқ бўлмаса, бундай четга чиқишлар йўл қўйилиши мумкин бўлган четга чиқишлар деб ҳисобланади.


66. Агар текширишдан кейин қайта ҳисоб-китоб қилиш зарурлиги аниқланса, бундай қайта ҳисоб-китоб қилиш энергия таъминоти ташкилоти томонидан электр энергияси учун навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзишда амалга оширилади.


67. Энергия таъминоти ташкилоти "Ўздавэнергоназорат" инспекциясини ёзма равишда хабардор қилиб қуйидаги ҳолларда:

истеъмолчида ҳисобга олиш прибори бўлмаганда;

ҳисобга олиш прибори абонентнинг айби билан шикастланганда;

ҳисобга олиш приборларини ишга тушириш схемаси ўзгарганда ёки ҳисоблагичдан ташқари юклама уланганда шартномага мувофиқ абонентни электр тармоғидан узиб қўяди.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси инспекторлари томонидан шунга ўхшаш қоида бузилишлари аниқланганда унинг талаби билан истеъмолчи электр тармоғидан узиб қўйилади.


68. Электр энергия ҳисоби абонентнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда, сарфланган энергия учун ҳисоб-китоб энергия таъминоти ташкилотининг қарори бўйича, ҳисобга олиш бузилгунга қадар бўлган олдинги ойнинг ўртача суткалик сарфи бўйича ёки кейинги давр учун ҳисобга олиш тиклангандан кейин амалга оширилади.

Электр энергиянинг ўртача суткалик сарфи бўйича ҳисоб-китоб даври бир ойдан ошмаслиги керак, шу вақт ичида ҳисоб-китоб ҳисоби тикланиши зарур.

Агар ҳисоб-китобни ҳисобга олиш приборини объектив сабабларга кўра, белгиланган муддатда тиклаш имконияти бўлмаса (ток трансформаторининг, электр ҳисоблагичнинг йўқлиги, ўтиб бўлмайдиган йўллар ва шу кабилар туфайли), абонентга берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб тартиби ва ҳисобга олишни тиклаш муддати абонент ва энергия таъминоти ташкилотининг икки томонлама битими билан белгиланади.

Тўлиқ етказиб берилмаган электр энергияси миқдори чеклашдан олдинги (иш ёки дам олиш суткаларида) электр таъминоти нормал бўлган яқин даврдаги ўртача суткалик электр энергияси истеъмоли билан электр энергияси тўлиқ берилмаган сутка мобайнидаги ҳақиқий истеъмол ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.


69. Барча истеъмолчиларга 1 кВт соат учун тўлов истеъмолчига берилган, баланс бўйича мансублик бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоб-китоб ҳисоблагичида ҳисобга олинган актив электр энергияси учун белгиланади.


70. Ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичи бўлиниш чегарасида ўрнатилмаган тақдирда электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасидан электр ҳисоблагич ўрнатилган жойигача электр энергияси йўқотилиши миқдори истеъмолчилар билан биргаликда ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади ва тўлов учун истеъмолчига берилган фойдали электр энергияси билан жамланади.


71. Обектлар бошқа жисмоний ёки юридик шахсларга берилган, сотилган ҳолларда истеъмолчи, бериш ёки сотиш вақтидаги фойдаланилган энергия учун қарзни албатта тўлаган ҳолда, энергия таъминоти ташкилоти билан ўзаро ҳисоб-китобни солиштириши шарт.


72. Абонент эгаллаб турган бинодан кетган тақдирда бу ҳақда энергия таъминоти ташкилотини хабардор қилиши ва кетиш кунигача электр энергия учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт, шундан кейин энергия таъминоти ташкилоти объектга электр энергияси беришни тўхтатади. Янги абонентни расмийлаштириш ва электр қурилмаларини электр тармоғига улаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


73. Агар томонлар форс-мажор ҳолатлари оқибатида ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармаса томонлардан ҳеч бири бунинг учун жавоб бермайди.


74. Агар ушбу Қоидаларнинг 73-бандида кўрсатилган форс-мажор ҳолатлари мажбуриятларнинг шартномада белгиланган муддатларда бажарилишига таъсир қилса, у ҳолда ушбу муддатлар форс-мажор ҳолатларнинг амал қилиш вақтига узайтирилади.


75. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан электр қурилмалари энергия таъминоти ташкилотининг электр тармоқларига энергия таъминоти ташкилотининг тегишли рухсатисиз ўзбошимчалик билан уланган тақдирда электр қурилмалари электр тармоғидан дарҳол узиб қўйилади, истеъмолчидан эса рухсатсиз фойдаланилган энергия қиймати охирги текшириш кунидан бошлаб (лекин даъво муддатидан кўп эмас) ўтган вақт мобайнида сутканинг 24 соати учун белгиланган қувват бўйича уланган электр ускуналарининг ишлаши ҳисобидан ундирилади.


76. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, энергия таъминоти ташкилотининг уч фазали тармоқдан фойдаланиш бўйича рухсатига эга бўлган истеъмолчилар электр энергия учун истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳларига белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлайдилар.



VIII. ИККИ СТАВКАЛИ ТАРИФ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ

БИЛАН БЕРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


77. Уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш, аммо ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бинолар: цехлар, завод бошқарувлари, фабрика-завод жамоат ташкилотлари, омборлар, гаражлар ва шу кабилар, шунингдек хусусий темир йўл кириш жойлари корхона ҳудудини ёритиш ва бошқа эҳтиёжларга, саноат (заводнинг ички, шахта ва кон) электр транспорти учун сарфланган электр энергияси учун икки ставкали тариф бўйича ҳақ тўланади.

Икки ставкали тариф, истеъмолчи томонидан буюртма берилган (банд қилинган), энергия тизими юкламаси (асосий ставка) максимумида қатнашувчи энг юқори қувватининг 1 киловатти (квт) учун йиллик тўловдан ва истеъмолчига берилган актив электр энергиясининг (қўшимча ставка) 1 киловатт-соат (кВт.с) учун тўловдан иборат бўлади.


78. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган (турар жой шаҳарчалари, алоҳида уй-жойлар, ётоқхоналар, меҳмонхоналар, келувчилар учун уйлар, кинотеатрлар, клублар, маданият уйлари, шифохоналар, поликлиникалар, тиббиёт пунктлари, ошхоналар, болалар боғчалари ва яслилари ва ш. к.) бинолар ва хоналарни ёритиш ва бошқа эҳтиёжлар учун саноат ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар сарф қиладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.


79. Цехлар ёки объектлар ташкилотдан алоҳида жойлашган, у билан умумий тақсимланган электр тармоғига эга бўлмаган ҳолларда, бу цехлар ёки бошқа алоҳида объектлар билан ҳисоб-китоблар, ташкилотнинг ўзи учун қўлланаётган ҳисоб-китоб тарифидан қатъи назар, тегишли истеъмолчилар гуруҳлари учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади, агар ушбу цехлар ва объектларнинг электр энергияси ҳисоби корхонанинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимига уланмаган бўлса.


80. Ҳисобга олиш прибори сифатида "энергияни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими"ни ва "энг катта миқдорни кўрсатувчи ҳисоблагичлар"ни ўрнатган истеъмолчилар ҳисобга олиш тизими томонидан қайд этилган амалдаги энг катта қувват миқдори бўйича ҳисоб-китоб қиладилар.


81. Истеъмолчи томонидан аввалдан буюртма берилган, энергия тизимининг энг катта юкламасида иштирок этадиган қувват шартномада йилнинг ҳар чораги бўйича қайд этилади ва энергия таъминоти ташкилоти томонидан ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари билан аниқланадиган истеъмолчининг амалдаги ўртача ярим соатлик энг катта юкламаси бўйича вақти-вақти билан назорат қилинади.


82. Энергия тизимининг энг катта юкламали даврида истеъмолчининг амалдаги истеъмол қувватини назорат қилиш вақти энергия таъминоти ташкилоти томонидан чораклар бўйича белгиланади ва шартномада қайд этилади.

Энергия таъминоти ташкилоти энергия тизимининг энг катта юкламали соатларидаги юкламани назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Назорат даврлари эрталаб 2 соатдан, кечқурун 3 соатдан ошмаслиги керак.


83. Энергия тизимининг энг катта юкламали соатларида истеъмолчининг амалдаги юкламаси шартномада кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлса, чорак охирида ҳисоб-китоб чораги учун 1 кВт учун белгиланган ҳақ бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинади. Қўшимча қувват учун ҳақ тўланиши кейинчалик шартномада буюртма берилган қувватга нисбатан ортиқ қувватдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Бунинг учун энергия таъминоти ташкилотининг ҳар бир аниқ ҳолат учун тегишли рухсати бўлиши керак.

Автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими ёки энг катта юкламани қайд этувчи ҳисоблагич ўрнатилганда аввалдан буюртма берилган қувват учун ҳар ойда приборлар қайд этган амалдаги энг катта қувват бўйича ҳақ тўланади.


84. Корхона цехларининг жойлашишига ва уларнинг электр таъминоти схемаларига кўра корхона энг катта қўшма юкламасининг жами қийматини аниқлаш мумкин бўлмаса, ҳисоб-китоблар истеъмолчининг аввалдан буюртмаланган қувватларига кўра алоҳида таъминлаш манбалари бўйича амалга оширилади.


85. Агар электр энергияга икки ставкали тариф бўйича ҳақ тўлайдиган абонент энергиянинг бир қисмини субабонентга бир ставкали тариф бўйича берса, у энергия таъминоти ташкилотига энергия тизимининг энг катта юкламасида иштирок этувчи субабонентларга берилган ушбу юклама қийматига камайтирилган қувват учун ҳақ тўлайди. Қувватнинг камайтирилиши ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади.


86. Субабонентларнинг энг катта юкламасини қайд этувчи электр ҳисоблагичлар мавжуд бўлмаса, уларнинг амалдаги юкламаси йилнинг шундай даврида субабонентнинг суткалик юкламаси жадваллари асосида аниқланиши ва абонентнинг энергия таъминоти ташкилоти билан тузган шартномасида қайд этилиши лозим.


87. Мавсумий иш хусусиятига эга бўлган истеъмолчилар учун асосий тўлов миқдори истеъмолчининг тегишли иш даври учун ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади ва шартномада чораклар ёки ойлар бўйича қайд этилади.



IX. ЕТКАЗИБ БЕРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

УЧУН БИР СТАВКАЛИ ТАРИФ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ

БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


88. Электр қуввати 750 кВА гача уланган саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар, қишлоқ хўжалиги истеъмолчилари, электрлаштирилган темир йўл ва шаҳар транспорти (трамвай, троллейбус, метрополитен) - ҳаракатга солиш мақсадида, шу жумладан ёритиш ва ҳаракатлантирувчи подстанцияларининг бошқа эҳтиёжлари, эскалаторлар ҳаракати, платформаларни ёритиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини ташкил этиш учун сарфланадиган электр энергияси учун, аҳоли, аҳоли пунктлари, шунингдек иситиш, иссиқ сув таъминоти ва совитиш (намликни бир хилда сақлаш), реклама ва чироқлар билан безатиш учун электр энергиясидан фойдаланадиган истеъмолчилар бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладилар.


89. Реклама, чироқлар билан безатиш, бино ва иморатларни ёритиш учун электр энергиясидан фойдаланувчи истеъмолчилар, истеъмол қувватидан қатъи назар, энергия таъминоти ташкилотининг рухсатини олишга ва тегишли тариф гуруҳи бўйича ҳисоб-китоб қилишга мажбурдирлар.

Электр энергиясидан электр билан иситиш мақсадида фойдаланиш учун "Ўздавэнергоназорат" инспекциясига бошқа турдаги ёнилғи ўрнига электр энергиясини қўллашни келишиш учун техник-иқтисодий асослашни тақдим этиш лозим, қурилиш нормалари ва қоидаларида кўзда тутилган овқат тайёрлаш ва иситиш учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно.

Электр билан иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишни келишиш тартибини "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси белгилайди.


90. Бир ставкали тариф истеъмолчиларига етказиб берилган электр энергияси миқдори томонларнинг электр тармоқларини баланс бўйича мансублик чегарасидаги электр ҳисоблагичлар воситасида ҳисобланади.



Х. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН

ТАРИФ БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


91. Табақалаштирилган тариф электр энергиясини энергия таъминоти ташкилотларидан олувчи истеъмолчиларга жорий этилади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланади.


92. Электр ва иссиқлик энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳлари тўғрисидаги низомда белгиланган ҳамда кўп тарифли ҳисоблагичлар билан жиҳозланган истеъмолчиларнинг I, II, III, IV, VI, VII, VIII тариф гуруҳлари томонидан сарфланадиган электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳақ тўланади.


93. Асосий, энг катта ва имтиёзли тарифларнинг амал қилиш вақти энергия таъминоти ташкилоти томонидан йил чораклари бўйича белгиланади ва шартномада қайд этилади.



XI. ЕТКАЗИБ БЕРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

УЧУН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ

БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


94. Қишлоқ хўжалиги абонентининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига сарфланадиган электр энергия ҳисоб-китобини соддалаштириш учун ишлаб чиқариш юкламаси алоҳида линияларда ва тармоқланиш нуқталарида жамланади, бунда ҳисобга олиш приборлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектлари гуруҳига ўрнатилади.


95. Подстанцияда умумий ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичи мавжуд бўлганда қишлоқ хўжалиги абонентида ишлаб чиқариш ва коммунал-маиший эҳтиёжлар ҳамда бошқа эҳтиёжлар учун электр энергияси сарфини алоҳида ҳисобга олиш вақтинча мавжуд бўлмаганда, ишлаб чиқариш эҳтиёжларига электр энергияси сарфини аниқлаш учун умумий ҳисоблагич воситасида ҳисобга олинган жами сарфдан маиший ҳисоблагич бўйича аниқланадиган маиший истеъмолга электр энергияси сарфи ҳамда бошқа ноишлаб чиқарувчиларнинг электр энергияси сарфи чиқариб ташланади.


96. Истеъмолчиларнинг умумий тўлов ҳисоблагичи бўлганда, истеъмолчиларнинг ток қабул қилгичлар қувватидан ва улардан фойдаланиш соатлари сонидан келиб чиқиб аниқланадиган ҳар бир истеъмолчининг ишлаб чиқариш, коммунал-маиший ва бошқа эҳтиёжларига энергия сарфи шартномада жами электр истеъмолига нисбатан фоизларда кўрсатилади.



XII. ЕТКАЗИБ БЕРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

УЧУН ХУСУСИЙ УЙ-ЖОЙ МУЛКДОРЛАРИ ШИРКАТЛАРИ ВА

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ-ФОЙДАЛАНИШ ТАШКИЛОТЛАРИ

ҲАМДА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ

97. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал-фойдаланиш ташкилотлари умумий уй-жой эҳтиёжига сарфланадиган электр энергияси учун энергия таъминоти ташкилотлари билан электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасидаги ҳисобга олиш нуқтасида ўрнатилган ҳисоблагичлар бўйича, белгиланган тарифга мувофиқ ҳисоб-китоб қиладилар.

98. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал-фойдаланиш ташкилотлари томонидан техник мақсадларга (лифтлар, насослар ишлаши ва бошқалар учун) сарфланадиган электр энергияси алоҳида ҳисобга олиниб, истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳи учун белгиланган тариф бўйича ҳақ тўланади.

99. Янги уй-жойларни ўз балансига қабул қилиб олган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал-фойдаланиш ташкилотлари ушбу уйларни электр тармоғига улашга рухсат олиш учун энергия таъминоти ташкилотига ҳар бир уй-жойга ўрнатилган ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичи учун (электр ҳисоблагичнинг тартиб рақами, тури, тайёрловчи завод, давлат текширувидан ўтган йили, кўрсаткичлари ва квартиранинг тартиб рақами билан) ведомость тақдим этиши лозим.

Илгаридан фойдаланиб келинган уй-жойларга ёки хусусий мулк ҳуқуқи билан алоҳида фуқароларга тегишли бўлган уйларга янги электр симларини улашга, шунингдек боғ участкаларига, шахсий автомашиналар учун гаражларга ва шу кабиларга электр симини улашга рухсат олиш учун истеъмолчи энергия таъминоти ташкилотига тегишли ариза бериши шарт.


100. Уй-жойларнинг электр ускуналари ва тармоқларидан фойдаланишга уларни фойдаланувчи ташкилот қабул қилиб олиб расмийлаштиргандан кейин рухсат берилади.

Электр қурилмаларига кучланишни улаш электр энергиясидан фойдаланиш шартномаси тузилгандан кейин амалга оширилади.


101. Энергия таъминоти ташкилоти масъул ёлловчиларга, ижарачиларга, турар жой бинолари эгаларига шахсий ҳисоб рақамлари очади, уларнинг ҳар бирига электр энергияси учун тўлов ҳужжатларини мустақил ёзиш учун квитанция бланкалари ва билдиришномалар билан биргаликда ҳисоб-китоб дафтарчалари беради.


102. Шахсий ҳисоб рақамини бошқа абонентга қайта расмийлаштириш ҳамда ҳисобга олиш приборларини кўчириш фақат энергия таъминоти ташкилотининг рухсати билан амалга оширилади.

Илгари электр тармоғига уланган квартирага кўчиб кирган янги уй-жой мулкдори 5 кун муддатда энергия таъминоти ташкилотида шахсий ҳисоб рақамини ўз номига расмийлаштириши шарт. Кўрсатилган муддатда расмийлаштирилмаса, тўлов тўланмаганлиги учун барча масъулият уй-жойнинг янги мулкдори зиммасига юкланади.


103. Умумий ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичи бўйича ҳисоб-китоб қилишда аниқ мақсадли коммунал фонд биносида истиқомат қилувчилардан бири томонидан электр энергияси учун у тўлаши лозим бўлган сумма тўланмаган тақдирда, энергия таъминоти ташкилоти хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (коммунал-фойдаланиш ташкилоти) билан якка тартибдаги яшовчилар ўртасида тузилган ўзаро шартномага мувофиқ иш кўради.

Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича яшовчилар ўртасидаги низолар суд тартибида кўриб чиқилади.


104. Коммунал квартирада бир нечта оила яшаганда ҳисоб-китоб даврида сарфланган электр энергиясини алоҳида оилалар ўртасида тақсимлаш назорат электр ҳисоблагичи кўрсаткичлари бўйича, улар мавжуд бўлмаганда эса - ҳар бир оиладаги ток қабул қилувчининг қуввати ҳамда улардан фойдаланиш соатлари сони бўйича амалга оширилади.

Умумий фойдаланиладиган жойларда сарфланадиган электр энергияси миқдори амалда яшовчилар сони бўйича алоҳида оилалар ўртасида тақсимланади.

Назорат электр ҳисоблагичларининг тўғри ишлашини назорат қилиш, уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш ва электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиш яшовчиларнинг ўз зиммасидаги мажбурият ҳисобланади.

Энергия таъминоти ташкилоти умумий ҳисоб-китоб ҳисоблагичи орқали электр энергиясидан фойдаланувчи фуқаролар ўртасида ҳеч қандай ҳисоб-китобни амалга оширмайди.


105. Электр энергияси учун тўлов ҳужжатлари бўйича ўз вақтида ҳақ тўлаш, квартирадаги ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичининг сақланиши ва бутлигини таъминлаш бўйича ушбу Қоидаларга риоя қилиниши учун жавобгарлик хонадон эгасининг зиммасига юкланади.


106. Ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичлари зинапоя майдончаларида ўрнатилган тақдирда уларнинг сақланиши ва бутлиги учун уй-жой тасарруфида бўлган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва коммунал-фойдаланиш ташкилоти жавоб беради.

Зинапоя майдончаларида ўрнатилган электр ҳисоблагичлар шикастланган ёки ўғирланган тақдирда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва коммунал-фойдаланиш ташкилоти электр ҳисоблагичларни ўз ҳисобидан тиклашлари шарт.

107. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари, бинолар ва турар жойларни ҳамда бошқа биноларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ижарага берувчи бошқа ташкилотлар, энергия таъминоти ташкилотининг рухсатисиз ижарачиларга (электр энергиясидан фойдаланиш мақсадларидан қатъи назар) тегишли бўлган электр қурилмаларини уйнинг ички тармоқларига улаш ҳуқуқига эга эмас.

108. Ижарачилар (юридик шахслар) бинони эгаллаш учун далолатнома олингандан ёки бино (уй) эгаси билан шартнома тузилгандан кейин уч кун муддатда ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун энергия таъминоти ташкилотига мурожаат қилиши шарт.


109. Томонларнинг тармоқлар бўлиниши чегарасидан абонентларгача узлуксиз электр таъминоти учун энергия таъминоти ташкилотлари билан шартнома тузган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва коммунал-фойдаланиш ташкилотлари жавоб беради.


XIII. МАИШИЙ АБОНЕНТЛАР (АҲОЛИ) БИЛАН

ФОЙДАЛАНИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


110. Маиший истеъмолчилар (аҳоли) хонадонларда шахсий эҳтиёжлар учун, ёрдамчи хўжаликлар, томорқа боғ объектларида шахсий фойдаланиш учун сарфланадиган электр энергияси учун, турмушда қўлланиладиган ток қабул қилувчи қуввати ва вазифасидан ҳамда ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичлари ўрнатилган жойдан қатъи назар, ягона бир ставкали тариф бўйича ҳақ тўлайдилар.


111. Электр ҳисоблагич маиший абонент томонидан сотиб олинади ва давлат текшируви ҳамда рўйхатдан ўтказиш учун энергия таъминоти ташкилотига топширилади.

Маиший абонентнинг жой тайёрлиги тўғрисидаги буюртманомаси бўйича электр ҳисоблагич прибори маиший абонент иштирокида энергия таъминоти ташкилотининг вакили томонидан ўрнатилади.


112. Энергия таъминоти ташкилоти билан келишган ҳолда электр энергиясидан электр ҳисоблагичсиз вақтинчалик фойдаланишга рухсат этилади, бунда тўлов ўрнатилган ток қабул қилгичларнинг қуввати ва уларнинг ишлаш соатлари сони бўйича амалга оширилади.

Ушбу ҳолда бир ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлашга рухсат берилади, шундан кейин абонент ҳисоблагич ўрнатиш учун узиб қўйилади.


113. Абонент электр ҳисоблагичлар кўрсаткичлари тўғрилигига шубҳаланса, энергия таъминоти ташкилотига белгиланган тартибда ариза беради.

Агар ҳисоблагич йўл қўйилиши мумкин бўлган нуқсонлар доирасида ишлаётганлиги аниқланса, абонент ҳисоблагични текшириш ёки алмаштириш билан боғлиқ харажатларни тўлайди.


114. Маиший абонентнинг ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичини ишга тушириш схемаси ўзгартирилганлиги, шикастланганлиги, пломба бузилганлиги, диск сунъий равишда тўхтатиб қўйилганлиги ва электр энергияси истеъмоли кўрсаткичларини пасайтириш мақсадидаги бошқа қоида бузишлар аниқланганда, энергия таъминоти ташкилоти абонент томонидан охирги текшириш кунидан бошланган, бироқ даъво бериш муддатидан ортиқ бўлмаган даврда электр энергиясидан фойдаланганлик учун қайта ҳисоб-китоб қилади.


115. Ҳисобга олиш электр ҳисоблагичига эга бўлмаган абонент тўловни ҳисобга олиш электр ҳисоблагичи бўлмаган вақт учун, лекин даъво аризасидагидан кўп бўлмаган муддат учун, энергия таъминоти ташкилоти томонидан ток қабул қилувчи ускуналарнинг белгиланган қуввати бўйича аниқланадиган ҳисоб-китоб миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ абонентдаги юкламани бирйўла ишга солиш қувватидан кўп бўлмаган миқдор учун амалга оширади.

Агар ҳисобга олиш ҳисоблагичига эга бўлмаган абонент бирор-бир сабабга кўра мазкур турар жойда вақтинчалик яшамаса, энергия таъминоти ташкилотини бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.


116. Маиший абонентлардан электр энергияси учун белгиланган тариф қийматидан ортиқча бирор-бир қўшимча суммалар ундириш тақиқланади.


117. Хонадонлар, хусусий уйлар, боғ участкалари, гаражларда якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи маиший абонентлар фойдаланилган электр энергияси учун тадбиркорлик эҳтиёжлари учун истеъмол қилиш ҳажмларини ҳисобга олиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти тури (савдо, хизматлар, товарлар ишлаб чиқариш ва бошқалар) бўйича электр энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳига мувофиқ ҳақ тўлайдилар.

Бунда тадбиркорлик фаолияти учун сарфланадиган электр энергиясини ҳисобга олувчи алоҳида электр ҳисоблагич ўрнатилиши зарур.


118. Тўлов бўйича уч ойдан ортиқ қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда энергия таъминоти ташкилоти электр энергиясини бериш тўхтатилишидан камида бир ой олдин абонентни огоҳлантириш шарти билан фойдаланилган энергия учун абонент ҳақ тўламаганлиги муносабати билан шартномани бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечишга ҳақлидир.

Электр энергияси бериш абонент томонидан қарз тўлангандан ва улаш харажатлари қоплангандан кейин навбатда туриш тартибида тикланади.

Электр энергияси учун қарздорлик билан боғлиқ бўлган энергия таъминоти ташкилоти ва маиший абонентлар ўртасидаги барча низоли масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


119. Энергия таъминоти ташкилотидан ҳар бир маиший абонентга "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан белгиланган намунадаги ҳисоб-китоб дафтарчаси берилади, электр энергияси тўлови улар бўйича амалга оширилади. Ҳисоб-китоб дафтарининг ҳар бир варағида квитанция ва билдиришнома мавжуд бўлади, уларга абонент шахсий ҳисоб рақамининг тартиб рақамининг изи туширилган бўлиши керак.

Тўлов ҳужжатининг ҳар иккала қисми (билдиришнома ва квитанция) бир хилда, аниқ, ўчириб ёзишларсиз тўлдирилиши керак. Тўлов ҳужжатларида фамилия, манзил, тўловнинг жорий ва олдинги санаси ҳамда ҳисоблагичнинг уларга мувофиқ бўлган кўрсаткичлари, кўрсаткичлар тафовути ва тўлов суммаси кўрсатилиши керак.


120. Овқат тайёрлаш учун марказлаштирилган тартибда электр плиталар билан жиҳозланган уйларда яшовчи маиший абонентлар электр энергияси учун тегишли тариф бўйича ҳақ тўлайдилар.


121. Ҳисоб-китоб даврида маиший абонент томонидан электр энергияси истеъмол қилиш ҳажми абонентда ўрнатилган ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича аниқланади.


122. Ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичлардан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва олдиндан ҳақ тўлашни ҳисобга олган ҳолда тўлов ҳужжатларидан кўчирма олиш ҳар ойда энергия таъминоти ташкилотининг вакили ёки абонентнинг ўзи томонидан олдиндан ҳақ тўлаш, ҳисоб-китоби қайси давр учун амалга оширилаётганидан қатъи назар, тўлов пайтида амалда бўлган тариф бўйича амалга оширилади.

Агар тўлов ҳужжати (билдиришнома-квитанция) энергия таъминоти ташкилотининг вакили томонидан тўлдирилса, у абонентга топширилади, абонент бўлмаган тақдирда эса - бир хонадонда ёки хусусий уйда у билан бирга яшовчи исталган вояга етган шахсга топширилади.


123. Агар ҳисоб-китоб ҳисоблагичи ўрнатилган бинони навбатдаги айланиб чиқишда бино ёпиқ бўлса, энергия таъминоти ташкилотининг вакили олдинги давр учун электр энергиясининг амалдаги сарфи тўғрисидаги маълумотлар асосида тўлов ҳужжатини тўлдиради, бу ҳақда абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида тегишли белги қайд этилади.

Энергия таъминоти ташкилотининг назоратчиси амал қилишининг тегишли муддати кўрсатилган, исми-шарифи ёзилган гувоҳномага эга бўлган тақдирда хонадондаги электр ҳисоблагичларни соат 8.00 дан бошлаб соат 20.00 гача текшириб кўриш ҳуқуқига эгадир.


124. Электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш қурилмасига эга бўлган ҳисоблагичлар ўрнатилган абонентлар электр энергияси учун электрон карточкалар ёрдамида ҳақ тўлайдилар.

Ҳисоб-китоб олдиндан ҳақ тўлаш принципи бўйича амалга оширилади. Ҳақ тўланган электр энергияси миқдорининг амалдаги сарфи бўйича абонент электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш пунктига келиши ва электр энергиясининг навбатдаги улушига ҳақ тўлаши керак.


125. Тўлов ҳужжати бўйича ҳақ тўлаш абонент томонидан аҳолидан тўловларни қабул қилувчи ташкилот орқали ҳар ойнинг 1-10-кунларида амалга оширилади.


126. Абонент тўлов билдиришномасини мустақил ёзади ва ҳисоб-китоб дафтарчасида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ суммани тўлайди.

Тўлов ҳужжатларини тўлдириш ва ҳақ тўлаш пайтида абонент томонидан йўл қўйилган хатолар улар аниқланиши давомида даъво муддати мобайнида энергия таъминоти ташкилоти томонидан ҳисобга олинади.


127. Банк ҳужжатида кўрсатилган сана тўлов амалга оширилган вақт ҳисобланади.

Агар билдиришнома, квитанция ёки касса аппарати оттискида кўрсатилган суммалар ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлса, у ҳолда банк ҳужжатида (банк штампида) кўрсатилган сумма қабул қилинади.


128. Аҳолидан тўловларни қабул қиладиган ташкилот (Халқ банки ва бошқа тижорат банклари, "Ўзбекистон почтаси" давлат-акциядорлик компаниясининг бўлимлари) билдиришномаларни ўрам ва бандеролларга жамлайдилар.

Ҳар қайси бандеролда (банк бўлими томонидан муайян даврда қабул қилиб олинган маиший абонентлар билдиришномалари тўпламида) энергия таъминоти ташкилотига бериш вақтида ёрлиқ бўлиши лозим, ёрлиқда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

бандеролни шакллантириш бошланган ва тугалланган сана;

бандеролдаги ҳужжатлар сони;

қабул қилиб олинган тўловларнинг умумий суммаси;

касса хизмати кўрсатилганлиги учун тўлов сифатида ушлаб қолинган сумма;

энергия таъминоти ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказиладиган сумма.


129. Маиший абонентлар тўлов бўйича бир ва ундан кўп ой учун қарз мавжуд бўлганда тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

130. Арифметик хатоликлар, тарифларни нотўғри қўллаш туфайли пайдо бўладиган кам ва ортиқча тўловлар амалдаги тариф бўйича кВт.с.да қайта ҳисоблаб чиқилади ва энергия таъминоти ташкилоти томонидан, уларнинг аниқланишига қараб даъво муддати доирасида, ортиб борувчи якун бўйича, кўрсаткичлардаги тафовут ёки қўшимчалар билан ҳисобга олинади.


131. Амалдаги тарифлар ўзгарганда энергия таъминоти ташкилоти томонидан эски тариф бўйича қарзни тўлаш санаси белгиланади, бу сана оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига маълум қилинади.

Кўрсатилган санадан кейинги кундан бошлаб тўлов фақат янги тариф бўйича амалга оширилади.


132. Агар амалдаги тарифлар ўзгарган даврда эски тариф бўйича тўлов белгиланган муддатдан кейин амалга оширилган бўлса, у ҳолда тўлов суммаси кВт.с.да янги тариф бўйича қайта ҳисобланади ва даъво муддати доирасида, ортиб борувчи якун билан ҳисобга олинади.


133. Абонент, ўз хоҳишига кўра, камида 1 ойга, аммо 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин, бу ҳолда тариф ўзгарса ҳам, қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.


134. Бир ҳисоб-китоб даври тугагач ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини абонент айби билан чиқариб олиш мумкин бўлмаганда, бунда агар абонентнинг ўзи энергия таъминоти ташкилотига сарфланган электр энергияси микдори ва у бўйича тўланган ҳақ тўғрисида маълумот тақдим қилмаса, шунингдек олдиндан ҳақ тўланмаган бўлса, энергия таъминоти ташкилоти абонентни электр энергияси бериш тўхтатилишидан бир ой олдин огоҳлантириш шарти билан абонент томонидан фойдаланилган энергия учун ҳақ тўланмаганлиги сабабли шартномани бажаришни бир томонлама тартибда рад этишга ҳақлидир.


135. Қайта ҳисоб-китоблар қуйидагича: ёритувчи ток қабул қилувчи асбобларнинг қуввати ва уларни ишлатиш соатлари сони бўйича; абонентда штепсел розеткалари бўлганда (ток қабул қилувчи асбоб ва розеткалар сонидан қатъи назар) - 600Вт қувватдан суткасига 24 соат фойдаланиш ҳисобидан; қуввати 600 Вт дан ортиқ бўлган иситиш приборлари ёки бошқа электр ускуналаридан фойдаланиш ҳолларида, абонент фойдаланаётган ускуналарни амалдаги қуввати бўйича, уларнинг суткасига 24 соат ишлатилиши ҳисобидан амалга оширилади.


136. Электр энергиясидан фойдаланишда абонент томонидан йўл қўйилган қоида бузишлар энергия таъминоти ташкилоти ва абонентнинг икки нусхадаги икки томонлама далолатномаси билан расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси абонентга берилади ва айни бир вақтда электр энергиясидан фойдаланиш қоидасини бузган абонент электр энергиясидан узиб қўйилади.


137. Энергия таъминоти ташкилоти ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдорини далолатнома асосида аниқлайди ва абонентга тўлаш учун қўшимча тўлов ҳужжати ёзиб беради.

Қоида бузилиши юзасидан даъво муддатини ҳисобга олган ҳолда тўлов ҳужжатини ёзишда амалдаги тариф қўлланади.

Абонент энергия таъминоти ташкилотининг қарори юзасидан норозилик аризаси бериш ҳуқуқига эга, бироқ бу уни қўшимча тўлов ҳужжати бўйича суммани белгиланган муддатда тўлашдан озод қилмайди.

Қўшимча тўлов ҳужжати бўйича ҳақ 10 кун муддатда тўланмаганда энергия таъминоти ташкилоти абонентни электр энергиясидан узиб қўяди ва абонентдан кўрсатилган суммани мажбурий тартибда ундириш тўғрисида судга даъво аризаси беради.


138. Абонент ва энергия таъминоти ташкилоти ўртасида пайдо бўладиган низоли масалалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

Томонлар келишувга эришмаган тақдирда низолар суд тартибида ҳал этилади.



XIV. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ

(ЮРИДИК ШАХСЛАР) ВА ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ

ТАШКИЛОТИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


139. Электр энергияси истеъмолчилари қуйидагиларга мажбур:

электр энергияси ва истеъмол қилинадиган қувват учун шартномадаги микдорнинг камида 30 фоизи миқдорида олдиндан ҳақ тўлаш ва истеъмол қилинган электр энергияси учун якуний ҳисоб-китобни ҳисоб-китоб ойи тугаганидан сўнг 30 кун мобайнида амалга ошириш;

энергия таъминоти ташкилоти талабига кўра қуйидагиларни ҳисобга олиш ва хабар қилиш**:

ҳар суткалик, ҳар ойлик сарфлар ва истеъмол қилинадиган қувватнинг ҳақиқий миқдори;

энергия тизимининг энг катта ва энг кичик юкламали даврларида реактив энергия ва қувватнинг ҳар суткалик сарфи;

энергия тизимининг энг катта юкламаси вақтида ҳар 30 дақиқадаги актив энергия (қувват) сарфи.


140. Электр энергияси истеъмолчилари энергия таъминоти ташкилотидан қуйидагиларни талаб қилиш ҳуқуқига эга:

электр энергиясини электр тармоқларининг бўлиниш чегарасига шартномада кўрсатилган миқдорда етказиб бериш;

электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасида электр энергиясининг сифат кўрсаткичларини шартнома ва стандартларда белгиланган қийматда сақлаш;

энергия таъминоти ташкилотининг электр тармоқларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида огоҳлантириш;

электр энергиясининг тегишли миқдори учун олдиндан тўлов амалга оширилган тақдирда электр энергиясининг шартномавий миқдорини ўзгартириш. Бундай талабнома назарда тутилаётган ўзгартиришлардан (жорий ой тугашидан) 10 кундан кечикмай берилиши лозим.

141. Энергия таъминоти ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

электр энергиясини электр тармоқларининг бўлиниш чегарасига шартномада кўрсатилган миқдорда етказиб бериш;

электр энергияси сифат кўрсаткичларини электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасида шартнома ва стандартлар билан белгиланган даражада сақлаб туриш;

энергия таъминоти ташкилотининг электр тармоқларини режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 сутка олдин огоҳлантириш;

электр энергияси беришнинг режадан ташқари тўхтатилиши сабабларини хабар қилиш;

ҳисоб-китоб электр ҳисоблагичларини амалдаги давлат норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ алмаштириш муддатларини хабар қилиш;

жорий этиладиган чеклашлар ҳақида чеклашнинг жорий этилиш ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда ўз вақтида хабар қилиш;

электр энергиясининг энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ истеъмолчига узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

истеъмолчиларнинг электр энергиясининг тўлиқ берилмаганлиги ёки электр таъминотидаги бошқа қоида бузилишлари тўғрисидаги аризаларини истеъмолчидан ариза олинган кундан бошлаб 10 кундан кечикмай кўриб чиқиш ва ушбу Қоидаларга мувофиқ муфассал жавоб юбориш;

истеъмолчининг белгиланган тартибда киритилган таклифларига мувофиқ беш кун муддатда ойлик шартномавий миқдорга ўзгартиришлар киритиш, электр энергиянинг ойлик шартномавий миқдорини кўпайтириш (камайтириш) имконияти бўлмаган тақдирда эса - бу тўғрисида истеъмолчига рад этишнинг сабабини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабар қилиш.

142. Энергия таъминоти ташкилоти қуйидаги ҳолларда электр энергия етказиб беришни тўхтатиш ҳуқуқига эга:

электр энергияси электр истеъмолининг шартномадаги миқдоридан ортиқча сарфланганда ёки электр истеъмолининг белгиланган режими бузилганда;

электр энергиясидан электр истеъмоли шартномасисиз фойдаланилганда;

"Ўзстандарт" агентлиги идоралари томонидан текширилган истеъмол қилинаётган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари бўлмаганда;

белгиланган миқдорда олдиндан тўлов тўланмаганда;

ускуналар энергия таъминоти ташкилоти тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганда ёки қувват шартномада белгиланган миқдордан ошириб юборилганда;

ускуналар ҳисобга олиш приборларидан ташқари уланганда ёки электр энергияни ҳисобга олиш схемаси бузилганда;

фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда. Электр энергиясини узиб қўйиш техноген ва авария оқибатларига олиб келиши мумкин бўлган ўта хавфли ва узлуксиз технологик жараёнли саноат корхоналарининг муддати ўтган қарздорлиги пайдо бўлган ҳолларда, тўламаганлик учун электр энергияси узатишни чеклаш энергия таъминотининг технологик ва авария брони миқдоригача, тўлиқ узиб қўйиш эса - фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин;

энергия таъминоти ташкилотининг вакили ҳисобга олиш приборларига кўриш учун қўйилмаганда.


143. Энергия таъминоти ташкилоти:

истеъмолчи электр истеъмолининг белгиланган режимига риоя қилмай, электр истеъмоли ёки қувватнинг шартномавий миқдоридан ошиб кетишига йўл қўйган, энергия таъминоти ташкилоти томонидан белгиланган электр истеъмолини чеклаш жадвалини бажармаган суткаларда паст сифатли электр энергия етказиб берилганлиги учун;

захира манбаини автоматик улаш (ЗМАУ), автоматик қайта улаш (АҚУ) ва автоматик давртезликли ўчириш (АДЎ)ларнинг ишлаш вақтида электр энергияни етказиб беришдаги танаффуслар учун истеъмолчи олдида моддий жавобгар бўлмайди.


144. Энергия таъминоти ташкилоти ва электр энергияси истеъмолчиларининг шартнома мжбуриятларини бажармаганлик ёки зарур даражада бажармаганлик учун моддий жавобгарлиги қонун ҳужжатлари ва шартномада белгиланади.



XV. РЕАКТИВ ҚУВВАТ ВА ЭНЕРГИЯ КОМПЕНСАЦИЯСИ

УЧУН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ БЎЙИЧА ТАРИФДАН

ЧЕГИРМАЛАР ВА ТАРИФГА УСТАМАЛАР


145. Реактив энергия (қувват) ўрнини тўлдириш учун чегирмалар (устамалар) бир ҳисоб нуқтаси бўйича ўртача ойлик электр энергияси истеъмоли 30 минг кВтЧс дан ортиқ бўлган саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар, электрлаштирилган (электр энергияси билан юрадиган) темир йўл ва шаҳар транспорти, қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларига нисбатан татбиқ этилади.


146. Реактив қувват ва энергия ўрнини тўлдириш учун чегирмалар (устамалар) реактив қувват ва энергияни ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида белгиланади ҳамда 1 кВАР энг катта юклама учун тўлов ва (ёки) истеъмол қилинган 1 кВАР реактив энергия учун тўлов тарзида ундирилади.


147. Устамалар энергия таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчи таъминланадиган электр тармоқнинг катта юкламали соатларида абонент шартномавий миқдордан ортиқча реактив қувват ва энергия истеъмол қилганда ва энерготизимнинг кичик юкламали соатларида реактив энергия ҳосил қилинганда қўлланилади.


148. Истеъмолчи томонидан электр тармоқнинг катта юкламали соатларида энергия тизими тармоғида реактив энергия ҳосил қилинганда ва электр тармоқнинг кичик юкламали соатларида энергия тизими тармоғидан реактив энергия истеъмол қилинганда, агар истеъмолчи бундай иш режимида ишлаши зарурати шартномада кўрсатилган бўлса, энергия тизими томонидан тарифдан чегирмалар тақдим этилади.


149. Электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатлари - бу сутканинг абонент томонидан реактив қувватнинг истеъмол қилиниши туфайли энергия таъминоти ташкилоти тармоғида электр энергиясининг қўшимча равишда йўқотилишга олиб келадиган даврларидир.

Энергия таъминоти ташкилоти электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатларини истеъмолчининг ва у фойдаланадиган тармоқнинг реактив юкламаси жадваллари асосида ҳар қайси истеъмолчи учун якка тартибда белгилаши мумкин.

Ҳар суткадаги катта ва кичик юкламали соатлар йиғиндиси 24 соатга тенг, шу жумладан:

катта юкламали соатлар - соат 07.00 минутдан соат 23.00 дақиқагача;

кичик юкламали соатлар - соат 23.00 минутдан соат 07.00 дақиқагача.


150. Реактив қувват ва энергия истеъмоли ҳамда ҳосил қилиниши ҳисобга олиш автоматик тизимлари ёки тўхтатгичли ҳисобга олиш приборлари ёрдамида қайд этилади.

Электр тармоқнинг катта ва кичик юкламали даврларида контакт соатлар орқали ишга тушириладиган тўхтатгичсиз ҳисобга олиш приборлари ишлатилишига йўл қўйилади.

Электрлаштирилган темир йўл ва шаҳар транспортини ҳаракатлантириш учун куч берадиган подстанциялар битта тўхтатгичсиз ҳисоблагич билан жиҳозланади ва ҳисоб-китоблар реактив энергия истеъмоли ёки ҳосил қилиниши йиғиндиси учун тарифга белгиланган устамаларга мувофиқ амалга оширилади.


151. Истеъмолчининг амалдаги реактив қуввати устидан назорат электр тармоғининг қатта юкламали соатларида 30 дақиқали энг катта реактив юкламани қайд этадиган электр ҳисоблагич ёки бошқа ҳисобга олиш приборлари бўйича амалга оширилиши керак. Реактив қувватнинг энг катта миқдорини энергия тизимининг энг катта юкламали соатларида қайд этишга рухсат берилади.

Таъминловчи линиялар бир нечта бўлса ҳисобга олинадиган реактив қувват сифатида, махсус ускуна - жамлагич билан аниқланадиган 30 дақиқалик жами реактив энергиясининг энг катта миқдори қабул қилинади.

Жамлагич бўлмаса, жами юкламанинг энг катта қиймати ҳар бир таъминловчи линия бўйича электр ҳисоблагичнинг кўрсатувчи элементлари воситасида қайд этилган энг катта миқдорларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади.

Энергия тизими томонидан истеъмолчини электр тармоқнинг катта юкламали соатларида реактив энергияни ҳосил қилиш ва (ёки) унинг кичик юкламали соатларида реактив энергиядан мажбурий истеъмол қилиш зарурати аниқланса, энергияни ҳисобга олиш усули энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида келишилади ҳамда шартномада акс эттирилади.


152. Саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

электр тармоқнинг катта юкламали соатларида энергия тизими тармоғидан 1 ойда истеъмол қилинадиган реактив қувватнинг иқтисодий қиймати;

электр тармоқнинг катта юкламали соатларида энергия тизими тармоғидан истеъмол қилинадиган 30 дақиқалик реактив қувватнинг иқтисодий қиймати;

реактив энергиянинг электр тармоқнинг катта юкламали соатларида ва (ёки) реактив энергияни шу соатларда 1 ой ичидаги истеъмолининг техникавий чегаралари. Бу чегаралардан ошиб кетганда энергия таъминоти ташкилоти электр энергиянинг ҳисоб нуқтасида қувватнинг электр энергиядан фойдаланиш шартномасида электр тармоқнинг энг катта юкламали соатлари учун белгиланган даражасидан пасайиб кетиши учун жавоб бермайди;

электр тармоғининг катта юкламали соатларида энергия тизимига бир ойда ҳосил қилинган ва (ёки) унинг кичик юкламали соатларида мажбурий истеъмол қилинган реактив энергиянинг чегаравий қийматлари.

Электр тармоғининг катта юкламали соатларида реактив энергия ва қувватнинг иқтисодий қиймати, айнан шу соатларда реактив қувват ва (ёки) реактив энергия истеъмолининг бир ойдаги техник чегаралари энергия таъминоти ташкилоти томонидан энергия тизимининг ҳар қайси тўплами бўйича тизим ҳисоб-китобидаги абонентларни таъминлайдиган тақсимлаш тармоқлари режимларининг ҳисоб-китобига асосан белгиланади.

Юқорида қайд этилган ҳисоб-китоб мавжуд бўлмаганда тўлов фақат ҳақиқий истеъмол қилинган реактив энергия учун, қўшилган қиймат солиғисиз, актив энергия учун амалдаги тарифнинг 5 фоизига тенг нарх бўйича ундирилади.


153. Электрлаштирилган темир йўл транспортининг ҳаракатлантирувчи подстанциялари ва метрополитеннинг подстанциялари томонидан электр энергиясидан фойдаланиш шартномасида реактив энергия истеъмол қилишнинг бир ойдаги иқтисодий қиймати ва техник чегараси кўрсатилади.

Темир йўл транспортининг ўзгармас ва ўзгарувчан токли ҳаракатлантирувчи подстанциялари томонидан реактив энергия истеъмол ва ҳосил қилинишининг иқтисодий қиймати ва техник чегараси контакт тармоқда уланган ҳаркатлантирувчи подстанциялар учун йиғинди тарзида кўрсатилади, уларнинг энергия истеъмоли учун ҳисоб-китоблари битта энергия таъминоти ташкилоти билан амалга оширилади.


154. Агар реактив энергия ва қувватнинг истеъмол ва ҳосил қилиниши автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимлари ёки энг катта юкламани қайд этувчи ҳисобга олиш приборлари билан ёзиб бориладиган бўлса, 1 ойдаги реактив энергия истеъмол ва ҳосил қилишнинг ҳамда электр тармоқнинг катта юкламали соатларида реактив қувватнинг иқтисодий қиймати ва техник чегаралари шартномада йил чораклари бўйича ёки ҳар ойда қайд этилади.


155. Агар электр энергиясини ҳисобга олиш нуқтаси истеъмолчига тегишли бўлган трансформаторнинг паст кучланишли томонида бўлса, истеъмолчи трансформатордаги реактив қувват ва энергия йўқотилиши учун шартномада белгиланган тариф бўйича ҳақ тўлайди.



XVI. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ СИФАТИ УЧУН ЭЛЕКТР

ЭНЕРГИЯСИ ТАРИФИДАН ЧЕГИРМАЛАР

ВА УНГА УСТАМАЛАР


156. Электр энергияси сифати учун тарифдан чегирмалар (унга устамалар) амалдаги тарифлар бўйича белгиланади. Электр энергияси сифати учун тарифларга устамалар жарима санкцияси ҳисобланмайди ва шартномага мувофиқ ундирилади.


157. Электр энергияси учун ҳисоб-китобларда қўлланадиган электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари (ЭСК) рўйхати энергия тизими ва истеъмолчининг биргаликдаги таклифлари асосида белгиланади, бошқа томоннинг розилиги талаб қилинмайди.


158. Агар истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги ҳақиқий улуши йўл қўйиладиган даражадан ошса, у ҳолда санкциянинг муайян миқдори тарифга устама, акс ҳолда - тарифдан чегирма ҳисобланади.


159. Ҳар қайси ЭСК бўйича чегирмалар (устамалар) миқдори кўриб чиқилаётган ЭСКнинг ҳисоб-китоб давридаги нисбий жами чиқиш давомийлиги кўрсаткичларига (Т1 ва Т2) қараб йўл қўйилиши мумкин бўлган тегишлича нормал ва энг катта қийматлари учун ҳисобланади. Т1 ва Т2 қийматлари ўлчаш вақти давомида аниқланади, ўлчаш вақтининг давомийлиги ҳар бир ЭСК бўйича шартномада белгиланади, лекин у 1 иш суткасидан кам бўлмаслиги керак. Автоматлаштирилган ўлчаш воситалари мавжуд бўлганда Т1 ва Т2 қийматлари узлуксиз равишда ўлчаниши лозим. Даврий ўлчашлар амалга оширилганда ўлчаш натижалари татбиқ этиладиган ҳисоблаш ўтказиладиган вақт оралиғи энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасидаги келишув бўйича (лекин бир чоракдан кам эмас) белгиланади ва шартномада қайд этилади.


160. Истеъмолчининг шартномада қайд этилган ҳар қайси ЭСК бўйича электр энергияси сифати ёмонлашувидаги ҳақиқий улушлари қиймати эпизодик ўлчашлар асосида белгиланади ва ўлчаш баённомасига ёзилади. Ҳақиқий улушларнинг ушбу қийматларидан томонлардан бири уларни қайта кўриб чиқиш масаласини қўйгунга қадар фойдаланилади.


161. ЭСКни ўлчаш энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи томонидан биргаликда, шартномада белгиланган муддатларда ўтказилади. Шартномада ўлчашлар даврийлиги тўғрисида кўрсатмалар бўлмаганда, шунингдек истеъмолчининг ёки энергия тизимининг иш шароитлари кескин ўзгарганда ўлчашлар исталган томонлардан бирининг ташаббусига кўра ўтказилиши мумкин. Бошқа томон ўлчашларни ўтказишнинг аниқ санасини 3 кун муддатда келишиб олиши керак. Ўлчашлар ташаббус кўрсатган томоннинг мурожаатидан кейин 10 кун муддатда бажарилиши лозим.


162. Кучланишдаги тафовутлар носинусоидаллик коэффициентлари ва кучланишдаги ўзгаришлар энергия таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасидаги келишув бўйича ё фазалардан биттасида, ёхуд барча фазаларда ўлчанади. Барча фазаларда ўлчашда Т1 ва Т2 ўртача миқдор сифатида аниқланади.


163. Истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги ҳақиқий улушини аниқлаш тартиби электр энергиясидан фойдаланиш шартномасида кўрсатилади.



XVII. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ БЕРИШНИ

ЧЕКЛАШ ЁКИ ТЎХТАТИШ ШАРТЛАРИ


164. Электр энергияси истеъмолчига унинг билан тузилган шартномага мувофиқ берилади.

Электр энергияси истеъмолини чеклаш, шунингдек истеъмолчилар юкламалари жадвалларини тартибга солиш тадбирларини амалга ошириш "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси томонидан тасдиқланган тартибда амалга оширилади.

Истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмол қилишини чеклаш абонент билан келишилган чеклашлар жадвалига мувофиқ амалга оширилади.


165. Энергия тизимида қувват ва энергия танқислиги пайдо бўлганда қувват ва истеъмол бўйича чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари жорий этилади.


166. Қувват ва электр истеъмоли бўйича чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари истеъмолчилар томонидан энергия таъминоти ташкилоти билан биргаликда ишлаб чиқилади ҳамда жойлардаги шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари билан келишилади.


167. Электр энергиясини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари энергия тизимида электр энергия ва қувват танқислиги ҳолларида электр станциялари ва электр тармоқ ускуналарининг йўл қўйиб бўлмайдиган шароитларда ишлашининг олдини олиш, энергия тизимининг барқарор параллел ишлашини таъминлаш, авариялар юзага келишининг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларнинг тартибсиз узиб қўйилишини бартараф этиш учун тузилади.


168. Электр энергияси истеъмолини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясининг энергия таъминоти ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан биргаликда, ташкилотнинг технологик ва авария бронини белгилаш далолатномаси асосида тузилади ҳамда уларни бажариш ушбу жадвалларга киритилган барча истеъмолчилар учун мажбурий ҳисобланади.


169. Электр энергияси истеъмолини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари жорий йилнинг 1 октябридан кейинги йилнинг 1 октябригача бўлган давр учун тузилади ва истеъмолчиларга маълум қилинади.


170. Қуйидаги турдаги жадваллар тузилади:

энергия тизимида ёқилғи ёки гидроресурслар етишмаганда электр энергия (кВтЧс да) истеъмолини чеклаш жадвали. Жадвалда электр энергия истеъмолини технологик бронгача, кейинчалик эса авария бронигача (чеклашга мансуб бўлмаган объектлардан ташқари), истеъмолни 5 та тенг навбатга бўлган ҳолда қисқартирилиши кўзда тутилиши лозим;

энергия тизимида қувват етишмаганда қувват (кВт да) истеъмолини чеклаш жадвали. Жадвалда энергия тизимининг эрталабки ва кечки энг катта юкламалари ўтиши соатларида истеъмол қилинадиган қувватни, уни 5 та тенг навбатга бўлган ҳолда авария бронигача камайтирилиши кўзда тутилиши лозим;

қувватни чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини киритиш учун вақт бўлмаганда юзага келган қувват етишмаслиги оқибатида авария пайдо бўлиши хавфида қўлланиладиган электр энергиянинг узиб қўйиш жадвали. Жадвалда, узиб қўйилиши мумкин бўлмаган объектлардан ташқари, энергия тизими истеъмолчилари истеъмол қиладиган қувватни, 5 та тенг навбатга бўлган ҳолда тўлиқ узиб қўйиш кўзда тутилиши лозим.

Бундан ташқари, энергия тизими электр энергияси узатиш линиясидан энергия оладиган истеъмолчиларни узиб қўйишнинг махсус жадвалини ишлаб чиқади.

Электр энергияни узиб қўйиш жадвалига ва махсус жадвалга асосан автоматик қурилмаларга, телебошқаришга ёки доимий хизмат кўрсатувчи ходимлар ва ишончли телефон алоқасига эга бўлган подстанциялар киритилиши лозим. Истеъмолчилар электр энергияни истеъмол қилишда электр таъминотининг авария бронигача чеклаб қўйилиши мумкин.


171. Чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини амалга киритиш тартиби қуйидагича:

электр энергияси ва қувват истеъмолини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг фармойиши билан амалга киритилади. Диспетчерлик бошқарувининг барча даражаларида электр энергияси истеъмолини чеклашни жорий этиш юзасидан фармойишлар оператив дафтарга чеклашнинг миқдори, бошланиш ва тамом бўлиш вақти ёзилган ҳолда берилади;

энергия таъминоти ташкилоти истеъмолчиларга кейинги суткаларда электр энергияси истеъмолини чеклаш жадвалларининг амалга киритилиши тўғрисида жорий сутканинг соат 14.00 дан кечикмай, чеклашнинг миқдорини, бошланиш ва тамом бўлиш вақтини кўрсатган ҳолда маълум қилади.

Электр энергияси истеъмолини чеклаш жадвалларини шошилинч равишда жорий этиш зарур бўлганда, бу ҳақдаги билдиришнома, сутканинг вақтидан қатъи назар, чеклашнинг амал қилиши бошланишидан 1 соат олдин истеъмолчиларга етказилади.

Узиб қўйиш жадваллари истеъмолчилар томонидан энергия таъминоти ташкилотидан узиб қўйиш жадваллари жорий этилиши тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин дарҳол жорий этилади.

Электр энергияси истеъмолини узоқ даврга камайтириш зарур бўлганда қувватни узиб қўйиш жадвалига тенг бўлган электр энергияси ва қуввати истеъмолини чеклаш жадвали амалга киритилади.

Чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига киритилган ташкилотлар ва муассасалар, шу жумладан узлуксиз технологик ишлаб чиқаришга эга бўлган ташкилотлар (чеклаш ва узиб қўйишга тегишли бўлмаган объектлардан ташқари) раҳбарлари чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларининг энергия таъминоти ташкилотлари томонидан кўрсатилган муддатда сўзсиз бажарилишини ташкил этишлари шарт, акс ҳолда улар узиб қўйиш ва чеклаш жадвалларини бажарилмаганлиги ва энергия марказларидан мажбурий узиб қўйиш оқибатлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Энергия таъминоти ташкилоти электр энергияси ва қувватини чеклаш жадвалларини амалга киритиш тўғрисидаги фармойиш истеъмолчилар томонидан бажарилмаганда, огоҳлантиришдан кейин, истеъмолчиларга электр энергияси ва қуввати истеъмолини белгиланган даражада камайишини таъминлайдиган миқдорда электр энергияси беришни мажбурий равишда чеклайди.



XVIII. БЛОК-СТАНЦИЯГА ЭГА БЎЛГАН

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАР


172. Энергия тизимининг электр тармоғига бевосита ёки абонентлар тармоғи орқали уланган саноат ва идора истеъмолчиларининг электр станциялари блок-станциялар ҳисобланади. Улар ўзаро келишилган қарорлар бўйича ишлаши керак ва энергия тизимининг ягона оператив-диспетчерлик бошқарувига бўйсунишлари шарт.

Блок-станциялар бўйича электр энергиясини ишлаб чиқариш йиллик режалари ва блок-станциялар томонидан энергия тизимига электр энергияси бериш йиллик режалари энергия таъминоти ташкилоти ва блок-станция шартномаси билан расмийлаштирилади ва тасдиқланади.

Блок-станциялар томонидан энергия таъминоти ташкилоти тармоғига электр энергияси берилиши шартномага мувофиқ белгиланади.


173. Энергия таъминоти ташкилотининг диспетчерлик хизмати шартномада келишилган ойлик режага мувофиқ блок-станцияга ҳар бир сутка учун юклама ва энергия тизими тармоғига электр энергияси бериш жадвалини белгилайди.

Блок-станция томонидан юклама диспетчерлик жадвали билан белгиланган миқдордан камайтирилса, энергия таъминоти ташкилоти блок-станцияга эга бўлган саноат корхонаси бўйича, блок-станция томонидан юклама камайтирилган миқдорда қувватга чеклашлар киритиш ҳуқуқига эга, блок-станция юкламасининг камайишига форс-мажор вазиятлари сабаб бўлган ҳолатлар бундан мустасно.


174. Энергия таъминоти ташкилоти тармоғига бериладиган, шунингдек энергия таъминоти ташкилотидан истеъмол қилинадиган актив ва реактив электр энергияси ва қувватни ҳисобга олиш блок-станция ўрнатган, тескари айланиши тормозланган ҳисоблагичлар билан амалга оширилади.

Электр ҳисоблагичларнинг маълумотлари энергия таъминоти ташкилотига фойдаланиш учун берилади.

Блок-станцияга тегишли бўлган энергия миқдорини оширувчи трансформаторларда электр энергиясининг йўқотилиши электр энергиясини туман тармоғига беришда ҳам, электр энергиясини энергия таъминоти ташкилотидан олишда ҳам блок-станция ҳисобига тегишли бўлади.


175. Блок-станцияга эга бўлган истеъмолчи электр энергиясини энергия таъминоти ташкилоти тармоғига берганда ва электр энергияни энергия таъминоти ташкилотидан олганда энергия таъминоти ташкилоти ва мазкур истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китоблар ҳисоб-китоб давридаги электр энергиясининг сальдо миқдори учун амалга оширилади.


176. Истеъмолчи томонидан ўз блок станциясидан энергия таъминоти ташкилоти тармоғига берилган электр энергияси миқдори энергия таъминоти ташкилотидан олинган электр энергияси миқдоридан ортиқ бўлса, электр энергиясининг сальдо миқдори учун ҳақ энергия таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоб-китоб тарифи бўйича тўланади.

Блок-станциялар томонидан энергия тизимлари тармоғига бериладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб тарифлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.

Агар блок-станцияга эга бўлган истеъмолчи томонидан энергия таъминоти ташкилоти тармоғига берилган электр энергияси миқдори, у энергия таъминоти ташкилотидан олган энергиядан кам бўлса, у ҳолда истеъмолчи электр энергиясининг сальдо миқдори учун ҳақни истеъмолчиларнинг у мансуб бўлган гуруҳи учун белгиланган тариф бўйича тўлайди.


177. Блок-станция томонидан энергия таъминоти ташкилоти тармоғига берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар шартномага мувофиқ амалга оширилади.


178. Туман тармоғига электр энергиясининг блок-станция айби билан тўлиқ берилмаган миқдори келишилган шартномадаги миқдор ва тармоққа ҳақиқий берилган электр энергияси миқдори ўртасидаги фарқ бўйича аниқланади.


179. Блок-станция форс-мажор ҳолатлари (ёнғинлар, сув тақчиллиги, сув тошқинлари, электр тармоқларида момақалдироқдан ҳимояловчи воситалар мавжуд бўлгандаги момақалдироқ, яхмалак, бўрон, қор бўрони, қор кўчкилари ва шу кабилар) туфайли электр энергияси беришдаги узилишлар учун жавоб бермайди.


180. Агар энергия таъминоти ташкилоти тармоғига берилган электр энергияси миқдори энергия таъминоти ташкилотидан олинган электр энергияси миқдоридан ортиқ бўлса, блок-станцияга эга бўлган истеъмолчи энергияни истеъмолчига тўғридан-тўғри шартнома бўйича бериш ҳуқуқига эга бўлади.



---------------------------

*) Истеъмолчининг розилиги билан энергия таъминоти ташкилоти томонидан электр қурилмаларидан фойдаланиш хусусиятлари билан изоҳланадиган жавобгарликнинг бошқа асосланган чегараси ҳам белгиланиши мумкин.

а) ва б) кичик бандларда кўрсатилган уланмаларнинг ҳолати учун подстанциядан фойдаланувчи ташкилот жавоб беради.


**) Электр энергиясининг суткалик сарфи ва ҳақиқий (актив ва реактив) юклама истеъмолчи томонидан тартиб рақами қўйилган ва ип билан тикиб муҳрланган дафтарга ёзилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 3-4-сон, 26-модда.






































Время: 0.1379
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск