язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар/ Умумий характердаги имтиёзлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.02.2005 й. ПҚ-5-сон "Коммунал хизмат тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2005 й.

N ПҚ-5


КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ТАРИФЛАРИНИНГ

АСОССИЗ  РАВИШДА  ЎСИБ КЕТИШИГА  ЙЎЛ

ҚЎЙМАСЛИК ҲАМДА УЛАР УЧУН ЎЗ ВАҚТИДА

ВА ТЎЛИҚ ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИНИШИ УЧУН

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Коммунал хизматлар учун истеъмолчиларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш ва масъулиятини ошириш, тарифларнинг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик, шунингдек коммунал тармоқлардан фойдаланиш, уларни техник жиҳатдан замонавийлаштириш ва қайта жиҳозлаш, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тарифлар ва уй-жой-коммунал хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотлар дастури бажарилиши мониторингини олиб бориш республика комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) иловага* мувофиқ ташкил этилсин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

коммунал хизматларнинг рақобат бозорини шакллантиришга, ушбу соҳада хусусий корхоналарни ривожлантиришга кўмаклашиш;

коммунал хизматлар учун тарифларнинг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида коммунал хизматлар қиймати ва улар учун тарифлар миқдорини белгилашда харажатлар таркибини йилнинг ҳар чорагида ҳудудлар бўйича таҳлил қилиб бориш;

ўрта ва паст босимли газ қувурларида табиий газ, тегишли коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан иссиқ сув ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришда улар исроф бўлишининг чекланган нормаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

тасдиқланган дастурга мувофиқ коммунал хизматларни якка ва умумфойдаланиладиган тартибда ҳисобга олиш асбобларини ўрнатишни назорат қилиш ва улардан фойдаланишнинг тизимли мониторингини олиб бориш;

ишлаб чиқариш ва коммунал хизматлар кўрсатиш жараёнида замонавий энергия тежайдиган технологияларни тадбиқ қилиш ва назорат ўрнатишни ташкил этиш.


2. Белгилаб қўйилсинки:

барча юридик шахслар, коммунал хизматлар истеъмолчилари истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун календарь ой тамом бўлгандан кейин 30 кун мобайнида тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт;

шартномада белгиланган муддатлардан ўтиб кетган ҳар бир кун учун юридик шахслардан муддати ўтказиб юборилган сумманинг 0,4 фоизи, аҳолидан эса 0,1 фоизи миқдорида, аммо 50 фоиздан ошмайдиган микдорда, пеня қўшиб ундирилади. Олинган пеня суммалари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарини замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш учун тўлиқ ва мақсадли фойдаланилади;

коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўламаган истеъмолчилар ўрнатилган тартибда ушбу манбалардан узиб қўйилади;

газ ва сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олган, электр энергияси, табиий газ, совуқ ва иссиқ сув, иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказган, шунингдек ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашишга йўл қўйган қоида бузувчилар қонунчиликка мувофиқ то жиноий жавобгарликкача тортиладилар.

3. Белгилансинки, 2005 йил 1 июлдан бошлаб уй-жойлар ичидаги сув ўтказгичлари, канализация, иссиқлик, электр тармоқлари ва қурилмаларга техник умумий харажатлари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари (ХУМШ)да жамланган уй-жой мулкдорларининг маблағлари ҳисобидан қопланади ва, тегишли равишда, совуқ сув, иссиқлик ва электр энергияси етказиб берувчи корхоналарнинг харажатларига киритилмайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини ривожлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2002 йил 26 февралдаги ПФ-3038-сон Фармонига мувофиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига берилган солиқ имтиёзлари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг профессионал бошқарувчи компанияларига жорий этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сон қарорига мувофиқ 2005 йил 1 январдан бошлаб олинган коммунал хизматлар учун аҳоли томонидан ҳақ тўлаш истеъмолчиларнинг ихтиёрига кўра барча тижорат банки бўлимлари ва тўловларни қабул қилиш кассалари орқали чекловларсиз амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал хизматлар кўрсатиш корхоналарига улар томонидан кўрсатилган коммунал хизматлар, шу жумладан уй-жойларнинг мажбурий дастлабки тўловни амалга ошириш учун аҳолидан нақд пул маблағларини кассаларни четлаб мустақил йиғиш тақиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ҳ. Тўхтаев Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзкоммунхизмат" Агентлиги, "Ўзбекэнерго" ДАК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни пухта кўриб чиқсин ва икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда уй-жой мулкдорлари ва ундан фойдаланувчиларнинг коммунал хизматлар ҳақини, уй-жойлардан фойдаланиш ва сақлаш харажатларини ўз вақтида тўлаш учун жавобгарлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилсин.


7. Уй-жой мулкдорлари ва ундан фойдаланувчилар тузилган шартномаларга мувофиқ, коммунал хизмат, уй-жойлардан сақлаш харажатларини тўлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузган ҳолларда шаҳар ва туманларнинг ҳокимликлари коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ, тўланмаган қарзларни айбдор шахслардан белгиланган тартибда ундириб олиш тўғрисида фуқаролик судларига даьво аризалари киритсинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" Давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда бўш турган эгасиз уй-жойларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимликлари бўш ётган уй-жойларни уч ой муддатда хатлаб қўйсинлар.

Бўш ётган эгасиз уй-жойлар аниқланганида уларни белгиланган тартибда давлат мулкига ўтказиш учун судга мурожаат этиш мақсадида уларни ҳисобга олиб қўйиш таъминлансин;

олти ойдан ортиқ коммунал хизматлар ва уй-жойдан фойдаланиш харажатлари учун ҳақи тўланмаган бўш ётган уй-жойлар аниқланган тақдирда қонунчиликка мувофиқ уй-жой мулкдорларининг муайян жавобгарлиги тўғрисида қарор қабул қилиш учун фуқаролик судларига даъво аризалари киритилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат мулки қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда суд органлари ушбу қарор ижроси бўйича қабул қилган қарорларни суд ижрочилари томонидан ижро этиш тартиби тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

уй-жой коммунал соҳасидаги норматив-ҳуқуқий бошқариш аввало қонун ҳужжатлари билан амалга оширилишини назарда тутган ҳолда тегишли идоравий норматив ҳужжатларни танқидий қайта кўриб чиқсин ва уларни кескин камайтириш ҳамда тартибга келтириш чораларини кўрсин;

амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          И. Каримов



*) Илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2005 йил, 5-6-сон, 31-модда.