язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Пахтачилик/ Вазирликлар, идоралар, илмий тадқиқот муассасалари, элита уруғчилик хўжаликлари, пахта етиштирувчи хўжаликлар, ғўза уруғчилиги ва селекциясига алоқадор бўлган мансабдор шахсларнинг якуний натижалар учун жавобгарлиги тўғрисида Низом (АВ 12.02.2005 й. 1449-сон билан рўйхатга олинган КСХВ 07.01.2005 й. 1/7-сон, ИВ 47-сон ва МВ 16-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2005 йил 12 февралда 1449-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги ва

Молия вазирлигининг

2005 йил 7 январдаги

1/7, 47, 16-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Вазирликлар, идоралар, илмий тадқиқот

муассасалари, элита уруғчилик хўжаликлари,

пахта етиштирувчи хўжаликлар, ғўза уруғчилиги

ва селекциясига алоқадор бўлган мансабдор

шахсларнинг якуний натижалар учун

жавобгарлиги тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Республикада ғўза уруғчилиги ва селекциясига оид чиқарилган қонунлар, Ҳукумат қарорларини ўз вақтида ва тўғри бажарилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда ғўза уруғчилиги ва селекцияси масаласига алоқадор бўлган барча ташкилот раҳбарларининг ва масъул ходимларининг масъулиятини оширишга қаратилган бўлиб, уларнинг жавобгарлигини белгилайди.

Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Уруғчилик тўғрисида"ги, "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 декабрдаги "Ғўза уруғчилигини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 604-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ушбу Низомда қўлланиладиган тушунчалар:


уруғлик - ўсимликнинг нав ва дурагайларни сақлаб қолиш, такрор етиштириш учун ишлатиладиган ботаник донлари ёки бошқа қисмлари;


сертификатланган (репродукцион) уруғликлар - давлат стандартлари талабларига тўлиқ жавоб берадиган уруғликлар;


дурагай уруғликлар -туркумдошларни чатиштиришдан олинадиган уруғликлар;


генетик сифат (нав сифати) - муайян нав уруғликнинг генетик (нав) жиҳатидан қанчалик тоза эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;


экинбоплик ҳусусияти - уруғликларнинг экишга қанчалик яроқли эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;


уруғлик туркуми - бир турдаги (муайян экин, нав, репродукция, тоифа, генетик (нав) тозаликдаги, муайян йил ҳосилидан олинган келиб чиқиши бир), ҳужжат билан тасдиқланган махсус жамланган уруғликнинг бир хил миқдори;


апробация қилиш - ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатидан қанчалик тоза эканлигини, касалликларга, зараркунандаларга чидамлилиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида далада ўтказилган тадқиқот;


патент эгаси (лицензиар) - селекция навининг эгаси, дурагай эгаси ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олган шахс.



II. ВАЗИРЛИКЛАР, ИДОРАЛАР, ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ

МУАССАСАЛАРИ, ЭЛИТА УРУҒЧИЛИК ХЎЖАЛИКЛАРИ,

ПАХТА ЕТИШТИРУВЧИ ХЎЖАЛИКЛАР, ҒЎЗА УРУҒЧИЛИГИ

ВА СЕЛЕКЦИЯСИ МАСАЛАСИГА АЛОҚАДОР БЎЛГАН

МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Пахтачиликни ривожлантириш кенгашининг раиси, вазирнинг агротехнологиялар масалалари бўйича ўринбосари, Пахтачиликни ривожлантириш бошқармасининг бошлиғи:

- ғўза уруғчилиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга;

- ғўза навларини самарали жойлаштирилишини таъминлашга масъулдирлар.


Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг бош директори, Марказнинг илмий котиби, Ғўза селекцияси, уруғчилиги ва агротехнология бўлимининг бошлиғи, вилоят филиалларининг раҳбарлари:

- ғўза уруғчилиги соҳасида назарий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш борасидаги яратилган янги қўлланмаларни ишлаб чиқаришга кенг миқёсда жорий этишга;

- марказ тасарруфидаги тажриба станциялари ва хўжаликларда илмий тадқиқотларни амалга оширишга;

- грантлар асосида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш орқали янги яратилган тезпишар, ҳосилдор ва тола сифати оқ рангли бўлиб, жаҳон талабларига жавоб берадиган навларни ишлаб чиқаришга жорий этишга;

- ғўза уруғчилиги ва селекцияси соҳасидаги фан ютуқларини жорий этиш ва деҳқончилик маҳсулотлари хосилдорлигини ошириш бўйича тавсия этилган қўлланмалар ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилган янгиликлардан кутилган натижа ва самарани таъминлашга масъулдирлар.


Пахтачилик илмий тадқиқот институтининг бош директори, Ғўза селекцияси ва уруғчилиги бўлим бошлиғи, институт филиаллари директорлари ва тажриба хўжаликлари раҳбарлари:

- институтда яратилган ғўза навларининг турли минтақаларда етиштиришга мос агротехникасини ишлаб чиқиш ва тавсиялар тайёрлашга;

- Республиканинг турли тупроқ иқлим шароитларига мос ғўзанинг юқори ҳосилли, эртапишар, тола сифати рақобатбардош, жаҳон бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган касаллик ва зараркунандаларга, шўрга ва сувсизликка чидамли, технологик жихатдан мустаҳкам ва тола чиқими юқори, чигити мойдор, экиш ва ҳосилни териб олишни механизациялашга мослашган ўрта ва ингичка толали ғўза навларини яратишга ва жорий этишга;

- ғўзанинг турли тупроқ иқлим шароитига мос келадиган янги ва истиқболли навларининг бирламчи уруғларини етиштиришга ва кўпайтиришга;

- яратилган ғўза навларининг жорий этиш майдони, бирламчи уруғларининг талаб даражасида етиштирилганлиги ва ушбу навларнинг иқтисодий самарадорлик натижасини таъминлашга масъулдирлар.


Ўзбекистон Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтининг бош директори, ғўза селекцияси ва уруғчилиги билан шуғулланувчи лойиҳалар раҳбарлари, тажриба хўжаликлари директорлари ва янги навлар уруғларини кўпайтирувчи лабораториялар мудирлари:

- Ўзбекистон Фан ва технология марказининг грантлари асосида ғўзанинг янги ўрта ва ингичка толали тезпишар, серҳосил, ҳашарот ва зараркунандаларга чидамли, тола сифати жаҳон талабларига жавоб берадиган, ҳамда экстремал шароитлар га (шўрланиш ва сув танқислигига) бардошли бўлган навларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғларини кўпайтириш билан шуғулланишга;

- ғўзанинг мавжуд генетик ресурсларини ўрганиш, бойитиш, янгилаш, генетик келиб чиқиши бир хил ва узоқ ғўза турларини чатиштириш, ирсиятга турли услублар орқали таъсир этиш ва ўзгарган шакллар олиш, генетик ресурслардан селекцияда кенг фойдаланиш йўли билан янги ғўза навларини яратиш ва ишлаб чиқаришга кенг жорий қилишга;

- уруғлик чигит сифатларини ошириш услублари ҳамда ғўзанинг бирламчи уруғчилиги ва уруғшунослиги услубларини такомиллаштириш ва янгиларини ишлаб чиқишга масъулдирлар.

Институтнинг юқорида қайд этилган раҳбарларининг фаолияти ишлаб чиқариш талабларига жавоб берадиган ва толасининг сифат кўрсаткичлари халқаро андозаларга мос келувчи ғўза навларини яратишга йўналтирилган илмий изланишларни олиб бориш ва жорий этилаётган навларнинг белгиланган шароитда кутилаётган иқтисодий самараси бўйича баҳоланади.


Республика қишлоқ хўжалиги экинлари бирламчи уруғчилиги ва уруғшунослик станциясининг директори, бўлим бошлиқлари ва лаборатория мудирлари, лойиҳалар раҳбарлари:

- ғўзанинг бирламчи уруғчилиги ва уруғшунослигининг муқобил илмий асослари ва тизимини ишлаб чиқиш ва мукаммаллаштиришга;

- юқори сифатли суперэлита, элита ва биринчи авлод уруғлари етиштириш самарадорлигини ошириш усулларини ҳамда уруғчилик бўйича стандартларни ишлаб чиқиш, уруғлик етиштиришнинг техник шартларини тайёрлашга масъулдир.

Яратилган услубий қўлланмалар ва усулларни ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали етиштириладиган кўп ва юқори сифатли маҳсулот миқдори станциянинг якуний иш натижаси ҳисобланади.

Станциянинг фаолияти яратилган услублардан олинадиган якуний натижа билан баҳоланади.


Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясининг раиси, Пахта ва бошқа техник экинлари навларини синаш бўлимининг бошлиғи:

- нав оригинаторлари томонидан яратилган янги ғўза навларининг синовини турли минтақаларда жойлашган нав синаш шоҳобчаларида юқори агротехника шароитида олиб бориш, навларни ҳар томонлама объектив ва синчиклаб баҳолашга;

- турли тупроқ иқлим шароитида етиштиришга мослашган, ҳашарот ва зараркунандаларга чидамли истиқболли навларни ажратиб олишга;

- кенг миқёсда ишлаб чиқаришда синаб кўриш, улардан энг юқори навдор ва ҳосилдор кўрсаткичга эга бўлганларини Давлат реестрига киритишга масъулдирлар.

Давлат нав синаш комиссияси томонидан ишлаб чиқаришга тавсия қилинган ва жорий этилган янги ғўза навларининг агротехник тадбирлари тўғри бажарилганда кўзда тутилган самарага эришилишига масъулдир.


Республика Ғўза уруғчилиги маркази бошлиғи, элита ва авлодли уруғликлар етиштириш бўлимининг бошлиғи, вилоят пахта уруғчилиги бирлашмаларининг раислари:

- давлат реестрига киритилган ғўза навларининг сифатли элита ва юқори репродукцияли уруғларини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этишга;

- элита уруғларини етарли ҳажмда тайёрлаш ва навдорликнинг давлат стандарти талабларига мувофиқ бўлишини ҳамда асосий пахта майдонларини элита, R1, R2 ва қисман R3 уруғликлари билан экилишини таъминлашга;

- бир йиллик заҳира фонди учун тайёрланаётган уруғликларнинг сифатини Давлат стандартларига жавоб берадиган ҳолда тайёрлашга;

- уруғчилик хўжаликларини тендер асосида танлаб олишга ва белгиланган талаблар асосида уруғлик етиштиришга;

- ғўза навларининг тасдиқланган тартибига қатъий риоя этган ҳолда жойлаштиришга;

- Марказнинг юқорида кўрсатилган раҳбарлари Давлат стандарти талабларига жавоб берадиган юқори сифатли уруғлик пахтани етиштиришга масъулдирлар.


Давлат реестрига киритилган ва Республика ҳудудларига тавсия этилган ғўза навларининг суперэлита, элита ва биринчи авлод уруғларини етиштирувчи элита уруғчилик хўжаликларининг ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг раислари ва бош агрономлари:

- дастлабки уруғ кўпайтириш хўжаликларидан ёки нав оригинаторларидан якка танлов, оилавий терим уруғларини нав муаллифлари тавсия этган услуб бўйича кўпайтиришга;

- уруғлик экилган майдонларини бегона нав ўсимликларидан тозалашга, энг яхши якка танловлар ҳамда оилавий теримлар тайёрлашга;

- тайёрланган уруғлик пахтани лаборатория таҳлилидан ўтказишга, олинган маълумотларни умумлаштириш ва яроқсиз оилаларни чиқариб ташлашга;

- касал келтирувчи бегона экинларни уруғлик майдонлари атрофига экилмаслиги ҳамда бошқа навлар билан чатиштиришга йўл қўймасликка;

- суперэлита ва элита майдонларни жойлаштириш учун сув билан яхши таъминланган ҳосилдор (унумли) ерларни танлашга, барча агротехник тадбирларга риоя қилишга, кўпайтирилаётган уруғларнинг нав тозалигига масъулдирлар.


"Ўзпахтасаноат" уюшмасининг раиси, тегишли бўлим бошлиқлари, вилоятлар Пахтасаноат бирлашмалари ва уруғлик пахтани қайта ишловчи корхоналари раҳбарлари:

- уюшма тизимидаги уруғчиликка ихтисослаштирилган махсус пахта тозалаш корхоналари хўжаликларда етиштирилган уруғлик пахтани ДСТ 642-95 стандарти, "Пахта тайёрлаш, қабул қилиш ва сақлаш" йўриқнома талабларига асосан қабул қилиш ва сақлашга;

- "Уруғлик пахтани дастлабки қайта ишлаш ва уруғлик чигит тайёрлаш регламенти" ПДКИ-44-2002 "Уруғлик чигитни дорилаш бўйича тавсиянома"га асосан дорилашга;

- ғўза навларини жойлаштиришнинг тасдиқланган тартибига қатъий риоя этган ҳолда уруғлик чигит етказиб беришга;

- уруғлик чигитни дорилаш, тайёрлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг белгиланган муддатларига қатъий риоя этишга;

- заҳирага қолдирилган уруғлик чигитни стандартлар асосида сақланишини таъминлашга ва ундан кейинги фойдаланишни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг рухсати билан амалга оширишга масъулдирлар.

Уюшманинг юқорида қайд этилган раҳбарлари уруғлик пахтани белгиланган тартибда қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, тозалаш, саралаш, туксизлантириш, дорилаш ва дориланган чигитларни ўрнатилган тартибда омборларда сақлаб, экиш мавсумида пахта етиштирувчи хўжаликларга ўз вақтида етказиб бериш учун жавобгардир.


Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш Давлат маркази "Ўздавуруғназоратмарказ"нинг бошлиғи, Дала назорати бўлими бошлиғи, Марказий синов лаборатория мудири, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят "Давуруғназоратмаркази" ва пахта уруғчилик лаборатория мудирлари:

- қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлигини ва уруғ сифатини назорат қилишга;

- қишлоқ хўжалик экинлари уруғларни сертификациялашга;

- уруғлар сифатини аниқлаш усулларини ишлаб чиқишга, такомиллаштиришга, уруғ етиштириш ва сифатини аниқлаш бўйича Давлат стандартларини, янги услубий қўлланмалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқишга;

- қишлоқ хўжалиги экинларининг районлашган ва истиқболли навларни нав софлигини методик асосида таҳлил қилишга;

- ғўза навларининг тасдиқланган жойлаштириш тартибига риоя этилган ҳолда экилишини назорат қилишга;

- уруғликка олинадиган қишлоқ хўжалик экинлари апробациясини тўғри ўтказилишини назорат қилишга, лаборатория таҳлилларидан ўтказилган уруғликларни архивда тўғри сақлашга;

- лабораториялар томонидан уруғликнинг стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларнинг ҳаққонийлигига;

- белгиланган тартибда тендердан ўтмаган уруғчилик хўжаликларидан уруғлик пахтани ихтисослашган пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилинишини тақиқлашга масъулдирлар.



III. ҒЎЗА УРУҒЧИЛИГИ ВА СЕЛЕКЦИЯСИ МАСАЛАСИГА

АЛОҚАДОР БЎЛГАН МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИНИ АНИҚЛАШ ВА УЛАР ТОМОНИДАН

ЕТКАЗИЛГАН МОЛИЯВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


Ушбу Низомнинг II-бўлимида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминламаган ёки лозим даражада бажарилишини таъминламаган мансабдор шахслар қонунларда белгиланган тартибда моддий, интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Мансабдор шахсларнинг айбдорлик даражасини ва етказилган зарар миқдорини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғи билан уруғчилик ва селекция соҳасига оид олимлар ва мутахассислар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат бўлган идоралараро комиссия томонидан амалга оширилади.


Идоралараро комиссиясининг ваколатлари:

- белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминламаган ёки лозим даражада бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларнинг айбдорлик даражасини аниқлашдан;

- мансабдор шахслар томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бажарилишини таъминламаганлиги ёки лозим даражада бажарилишини таъминламаганлиги оқибатида етказилган зарарни аниқлашдан;

- ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича ваколатли орган ёки раҳбарларга таклифлар киритишдан;

- белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминламаган ёки лозим даражада бажарилишини таъминламаган масъул ходимлар томонидан етказилган моддий зарарларни ундириш тўғрисида даъво аризалари киритишдан;

- белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминламаган ёки лозим даражада бажарилишини таъминламаган масъул ходимларни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш учун тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларига киритишдан иборатдир.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 7-сон, 60-модда.