Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.1998 й. 204-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 13 майдаги

204-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида

НИЗОМ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Умумий таълим негизида ўқитиш муддати уч йил бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ҳамда "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳарбий академик лицейлар фаолиятининг хусусиятлари алоҳида қонун ҳужжатида белгиланади.

1.2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билим асосларини чуқур ўрганишни, танланган касб-ҳунар бўйича кичик мутахассис сифатида мустақил амалий ишлаш учун кадрлар тайёрлашни таъминлайди.

Таълимнинг ушбу тури мақсади ва вазифаларини рўёбга чиқариш учун зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техникавий ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлайдиган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳисобланадилар.


1.3. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари юридик шахс ҳисобланади, қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади, Устав ва мазкур Низом асосида фаолият кўрсатади.

Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган коллежлар фаолияти хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи тўғрисидаги Низом билан белгиланади.

1.4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси Устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган "Таълим муассасаси Уставини ишлаб чиқиш тартиби"га ҳамда мазкур Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади, таълимни бошқаришнинг ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рўйхатдан ўтказилади.



2. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ

МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


2.1. Касб-ҳунар бўйича чуқурлаштирилган, табақалаштирилган таълим бериш, ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланишини ва уларнинг ўз қобилиятлари ва мойилликларига мувофиқ танлаган касб-ҳунар бўйича мутахассисликларни эгаллашини таъминлаш ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мақсади ҳисобланади.


2.2. Қуйидагилар ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг вазифалари ҳисобланади:

давлат таълим стандартлари доирасида умумтаълим ва касб-ҳунар дастурларини бажариш;

ўқувчиларнинг узлуксиз таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириши, танланган мутахассисликлар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун зарур ва етарли бўлган билимлар ҳамда касб тайёргарлиги даражасини чуқурлаштириш;

республика иқтисодиётининг малакали кичик мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш.


2.3. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади.

Академик лицей - ўқитиш муддати уч йил, давлат таълим стандартларига мувофиқ ўрта махсус маълумот беради, ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланишини, чуқурлаштирилган, табақалаштирилган ҳолда ўқитишни таъминлайди.

Академик лицейларда ўқувчилар ўқишни олий таълим муассасида давом эттириш ёки меҳнат фаолиятида рўёбга чиқариш мақсадида билимлар даражасини оширишни ва махсус касб-ҳунар кўникмаларини шакллантиришни таъминлайдиган ўқиш йўналишини (таълим фанлари ва курсларини пухта ўзлаштириш соҳаси: гуманитар, табиий-илмий) ихтиёрий равишда танлайдилар.

Академик лицейлар, қоидага кўра, олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилади, уларнинг ўзаро муносабатлари уларнинг уставлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиб борилади.

Соҳа бўйича, табақалаштирилган ҳолда пухта ўқитишни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан битим асосида академик лицейларга ҳомийлик қиладилар.

Касб-ҳунар коллежи - ўқитиш муддати уч йил, давлат таълим стандарти доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти беради, ўқувчиларнинг касб-ҳунар лаёқатларини, кўникма ва ўқувларини ривожлантиришни, уларнинг танланган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир нечта мутахассисликка эга бўлишини таъминлайди.

Касб-ҳунар коллежларида касбга ўқитиш йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ, республика ҳудудларини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, шунингдек меҳнат бозорининг кичик мутахассисларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Касб-ҳунар коллежлари учун ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари томонидан барқарор ишлайдиган корхоналар ва ташкилотлардан васийлар белгиланади, шунингдек турдош олий таълим муассасалари томонидан уларга ҳомийлик амалга оширилади.

Касб-ҳунар коллежида касб-ҳунар ва таълим дастурларини бажариш ўқитишнинг икки томонлама тизими асосида амалга оширилиши мумкин, бунда ўқув-таълим жараёни ва касб-ҳунарга тайёрлаш тегишли равишда коллежда ва корхонада олиб борилади.


2.4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва ходимларининг ижтимоий кафолатлари, уларни қўллаб-қувватлаш ва уларга бериладиган имтиёзлар қонун ҳужжатларига ва тегишли меъёрий ҳужжатларга, шунингдек таълим муассасаси Уставига мувофиқ белгиланади.


2.5. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳудудларнинг демографик ва географик шароитларини, тегишли соҳа мутахассисларига бўлган маҳаллий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, ўқувчиларни оиладан узоқлаштирмасдан имкони борича кўпроқ қамраб олиш шароитларидан келиб чиқиб ташкил этилади.



3. АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАРГА ВА КАСБ-ҲУНАР

КОЛЛЕЖЛАРИГА ЎҚУВЧИЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ.

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА УНИНГ МАЗМУНИ


3.1. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш умумий ўрта таълим негизида мактабларнинг 9-синфини битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ва умумий ўрта таълимни тугатишда улар томонидан олинган рейтинг кўрсаткичлари натижалари бўйича, уларнинг академик лицейда ва касб-ҳунар коллежида ўқиш йўналишини ихтиёрий равишда танлашини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Қабул қилиш чоғида битирувчига унинг қобилиятини, касб-ҳунарга иштиёқини ва қизиқишини ҳисобга олган ҳолда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари томонидан бериладиган тавсияномалар ҳисобга олинади.

3.2. Академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида умумий таълим ва касб-ҳунар дастурлари уч курсда амалга оширилади. Ўқувчилар ўқув курслари бўйича гуруҳларга, ўқиш йўналишлари бўйича эса бўлинмаларга бирлаштирилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқув йили 2 семестрга бўлинади. Ўқувчилар учун камида 10 ҳафта ва кўпи билан 12 ҳафта давом этадиган таътиллар белгиланади.


3.3. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади. Дарсларнинг давом этиш муддати, гуруҳларнинг тўлдирилиши, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-тарбия жараёнини мақбуллаштиришнинг бошқа масалалари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат стандартига мувофиқ белгиланади.


3.4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари давлат таълим стандарти билан белгиланадиган қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

умумтаълим дастурлари - академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари учун;

фанлар ва ўқиш йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган, соҳа бўйича ва ихтисослаштирилган таълим дастурлари - академик лицейлар учун;

ўқиш йўналишлари бўйича умумтехникавий касб-ҳунар ва махсус дастурлар - касб-ҳунар коллежлари учун.


3.5. Имкониятлари чекланган шахслар учун ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ўқув дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади.

3.6. Ўқитиш сифати ва даражасининг давлат таълим стандартига мувофиқлигини таъминлаш учун қуйидаги назорат тартиботларини ўтказиш назарда тутилади:

жорий назорат - сўровлар, коллоквиумлар, семинарлар, контроль ишлар ва тестлар тарзида билимлар, малака ва кўникмалар текширилади;

оралиқ назорат - семестр тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин амалга оширилади. Унинг асосида ўқувчи рейтингги аниқланади. Билимлар, малака ва кўникмаларни баҳолаш учун оралиқ назорат имтиҳонлар, тестлар, синовлар, курс ва малака ишлари шаклида ўтказилади;

якуний назорат - академик лицейда, касб-ҳунар коллежида ўқиш тугаллангандан кейин давлат аттестацияси: имтиҳонлар, тестлар, малака ишлари, диплом лойиҳаларини ҳимоя қилиш шаклида амалга оширилади.


3.7. Ҳар бир курсда ўқиш тугагандан кейин рейтинг назорати ва аттестация натижаларига кўра ўқувчиларни кейинги курсга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларни курсдан курсга ўтказиш академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи директорининг буйруғи билан амалга оширилади. Шартли равишда ўтказишларга йўл қўйилмайди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг бир туридан бошқасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.


3.8. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурининг умумий таълим ва махсус бўлимларини (касб-ҳунар дастурларидан ташқари) мустақил равишда ўзлаштирган ёшларга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ экстернат тартибида якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилиши мумкин.


3.9. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар тайёрлаш таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида:

илғор педагогик технологияларни яратиш ва ўзлаштириш бўйича мақсадли инновация лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш, илмий-тадқиқот муассасаларининг филиалларини, ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплекслари ва марказларини ташкил этиш;

янги ахборот ва педагогик технологияларни ўзлаштириш учун тажриба майдончаларини ташкил этиш орқали илмий тадқиқот натижаларини ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш;

ўқитишни корхоналардаги унумли меҳнат билан бирлаштириш асосида кадрлар тайёрлаш ва уларни тарбиялашнинг икки томонлама тизимини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежларида қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун ўқувчиларни иш ўринлари билан таъминлаш;

корхоналар ва улар бирлашмаларининг ҳам алоҳида мутахассисларни ва гуруҳларни мақсадли тайёрлаш, ҳам ҳар хил турдаги ва даражадаги ўқув муассасаларини муассис, васий, ҳомий сифатида маблағ билан таъминлашда қатнашиши;

ўқув юртларини замонавий асбоб-ускуналар, аппаратлар ва анжомлар билан жиҳозлаш, академик лицейларда ўқиётганларга олий таълим муассасаси ва илмий-тадқиқот ташкилотининг, касб-ҳунар коллежларида ўқиётганларга - тегишли васий ва олий таълим муассасасининг ўқув-моддий базасидан фойдаланиш имконини бериш;

ўқиётганларнинг меҳнат фаолиятига ва товар маҳсулот чиқарган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнига фаол киришишлари учун шароитлар яратиш;

илғор технологиялар соҳаси педагогларини бевосита ишлаб чиқаришда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўли билан амалга оширилади.


3.10. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирувчиларга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади, унда:

академик лицейлар учун - фанлар бўйича ўқитилган соҳа;

касб-ҳунар коллежлари учун - Классификаторга мувофиқ мутахассислик (мутахассисликлар) бўйича берилган малака кўрсатилади.

Дипломларга ўзлаштирилган умумтаълим ва махсус (касб-ҳунар) фанлар (курслар), соатлар ҳажми ва улар бўйича баҳолар (рейтинглар), шунингдек битирувчининг умумий рейтингги ва якуний давлат аттестациясининг натижалари кўрсатилган қўшимча варақ илова қилинади.

Академик лицейни тугатганлик тўғрисидаги диплом олий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳамда олинган билимларни меҳнат фаолиятида рўёбга чиқариш ҳуқуқини беради.

Касб-ҳунар коллежини тугатганлик тўғрисидаги диплом олинган мутахассисликка мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳамда олий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳуқуқини беради.



4. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


4.1. Тегишли маълумотга, касб-кор тайёргарлигига ҳамда юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд ҳукми билан педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланган шахслар бу ишга қўйилмайди.


4.2. Академик лицейларга ва касб-ҳунар коллежларига профессор-ўқитувчиларни ва муҳандис-педагогларни ишга қабул қилиш таълимни бошқариш давлат ваколатли органи белгилаган тартибда аттестация натижаларига кўра амалга оширилади.


4.3. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари профессор-ўқитувчиларининг ҳамда муҳандис-педагогларининг ўқув-педагогик юкламаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


4.4. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларининг (ўқув фанлари ва соатлари бўйича) вазифасини вақтинчалик бажариб туриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг меъёрий ҳужжатлари билан белгиланади.


4.5. Иш жараёнида ваколатли органлар томонидан академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг профессор-ўқитувчи ҳамда муҳандис-педагоглари даврий равишда аттестациядан ўтказиб турилади.


4.6. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари маъмурияти ўқитувчилар ва муҳандис-педагог кадрларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини, уларнинг масъулияти ва касб маҳоратини оширишга қаратилган аниқ йўналишли ишларни амалга оширади.



5. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР

ТАЪЛИМИНИ БОШҚАРИШ


5.1. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига ташкилий, ўқув-услубий ва илмий раҳбарлик қилиш, давлат таълим стандартини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув таълим ва касб-ҳунар дастурларини бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази), унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тармоқ вазирликлари, идоралар ва корхоналар билан биргаликда амалга оширилади.

Тармоқ вазирликлари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва корхоналар касб-ҳунар коллежлари икки томонлама бўйсунишда бўлади. Тармоқ вазирликлари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва корхоналар уларни моддий ва молиявий таъминлашни, ўқувчиларни касбга ўргатишни ва уларда амалий кўникмаларни шакллантиришни амалга оширадилар, мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар, битирувчиларни ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар.

Маданият ишлари вазирлиги, Бадиий академия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги касб-ҳунар коллежлари уларнинг тасарруфида бўлади.


5.2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини директор бошқаради. Давлат таълим муассасасининг директори таълимни бошқаришга ваколатли бўлган юқори орган томонидан, зарур ҳолларда тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда, аккредитация қилинган нодавлат таълим муассасаларида - таъсис ҳужжатларига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Директор таълим муассасасининг фаолияти натижалари учун шахсан жавоб беради.


5.3. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ходимларининг лавозим ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, раҳбарларнинг ваколатлари ва функциялари қонунчиликка, тегишли меъёрий ҳужжатларга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг Уставига мувофиқ белгиланади.


5.4. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида педагогика Кенгашлари тузилади, улар таълим муассасаси директори ҳузуридаги ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва такомиллаштиришга кўмаклашувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Педагогика Кенгашининг функциялари таълим муассасаси устави билан белгиланади.


5.5. Таълим муассасаларида васийларни, ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар ва корхоналар, жамоат ташкилотлари, жамғармаларнинг вакилларини ўз ичига олувчи, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва мактаб Уставига мувофиқ иш олиб борувчи жамоатчилик бошқаруви органлари (васийлик кенгашлари) тузилиши мумкин.


5.6. Мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш Давлат тест маркази ҳузуридаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан амалга оширилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар муассасаси аттестация натижаларига кўра давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин.



6. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИ

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА УНИНГ

МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ


6.1. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси фаолиятини маблағ билан таъминлаш амалдаги қонунчиликка мувофиқ:

бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

балансида ўқув юртлари турган вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар, корхоналар маблағлари;

таълим муассасасининг уставдаги вазифаларига мувофиқ бўлган таълим хизматлари, илмий-педагогик ва ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширишдан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ва мақсадли бадаллари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6.2. Таълим муассасасининг молиявий маблағлари унинг тасарруфида бўлади ва улардан қонунчилик ва таълим муассасасининг уставдаги вазифаларига мувофиқ фойдаланилади.


6.3. Давлат таълим муассасасининг моддий воситалари, бинолари, иншоотлари ва асбоб-ускуналари унинг хўжалик тасарруфида бўлади ҳамда улардан уставдаги вазифаларни ҳал қилиш учун фойдаланилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг устахоналари, лабораториялари ва бошқа объектларининг жиҳозланиши намунавий нормативлар билан белгиланади.


6.4. Таълим муассасаси белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ва бухгалтерия ҳисоботини юритади.

Таълим муассасасида хўжалик ва молиявий интизомга риоя этилиши давлат ваколатли органи томонидан назорат қилинади.



7. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлатлараро ва ҳукуматлараро битимлари, шунингдек таълим соҳасидаги идоралараро битимлар асосида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, қонунчиликка ва ўз Уставига мувофиқ ўзларининг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича хорижий шериклар билан битимлар тузиш ҳуқуқига эгадирлар.

Таълим муассасалари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлар учун мутахассислар тайёрлаши мумкин.







































Время: 0.2054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск