Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маданият /

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2005 й. 96-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 5 апрелдаги

96-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият

ва спорт ишлари вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) маданият ва спорт соҳасидаги давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Вазирлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари, туман (шаҳар) маданият ва спорт ишлари бўлимлари, "Ўзбектеатр" ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси, "Ўзбекдавлатцирки" республика бирлашмаси, "Ўзбекмузей" республика жамғармаси ҳамда Вазирликка қарашли бошқа маданият, спорт ва таълим муассасалари киради.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари икки томонлама бўйсунадилар ҳамда Вазирликка ва маҳаллий давлат ҳокимияти тегишли органига ҳисоб берадилар.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари молия органлари томонидан белгиланган ҳажмлар ва муддатларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича харажатлар сметасининг ижроси тўғрисида тегишли молия органларига ҳисобот тақдим этадилар ҳамда нусхасини Вазирликка топширадилар.


4. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари, Вазирлик тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


II. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

маданият ва оммавий спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, асрлар давомида шаклланган юксак маънавиятини, халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳар томонлама ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан бой ва уйғун камол топган шахсларни тарбиялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

миллий истиқлол ғоясидан, Ўзбекистон халқининг маданий ва маънавий-ахлоқий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда аҳоли ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ишларини амалга ошириш, одамларнинг маданий ва эстетик эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш;

театр, мусиқа, хореография, тасвирий санъат, цирк, халқ амалий ва эстрада санъатини янада ривожлантириш, уларнинг ғоявий-бадиий ва маънавий савиясини ошириш, халқ тарихининг энг ёрқин саҳифаларини ва унинг ҳозирги ҳаётини, мамлакатнинг эркин демократик тараққиётини ёритиб берадиган асарлар яратишда ижодий жамоаларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

маданий-оммавий ва байрам тадбирларининг чуқур ғоявий мазмун билан бойитилишини таъминлаш, республиканинг ижодий уюшмалари ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ижодкор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз талант ва истеъдодларини тўла намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда ёшлар ва болаларни спорт билан шуғулланиш зарурлигини англаш руҳида тарбиялаш, уларга соғлом турмуш тарзи ва спортга муҳаббат иштиёқини сингдириш, ёшларни меҳнатга ва республика қуролли кучларида хизмат қилишга тайёрлаш;

Олимпия, паралимпия ҳамда сурдлимпия ўйинларида, жаҳон ва Осиё қитъаси чемпионатларида, халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган ва юқори спорт натижаларига эриша оладиган юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш учун спорт-таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, жумладан, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

республикада болалар спорти ҳаракатини ривожлантиришга кўмаклашиш;

"Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" узлуксиз спорт мусобақаларининг уч босқичли тизимини ташкил этиш ва ўтказиш;

миллий спорт турлари бўйича халқ ўйинлари, спорт мусобақаларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

турар жойлар ва маҳаллаларда маданий-маърифий фаолиятни, аҳолини маданий ва жисмоний жиҳатдан тарбиялашни ташкил қилишда, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ишларини ўтказишда давлат ва жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, маҳаллий ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш ва уларга кўмаклашиш;

давлатлараро ва халқаро маданий ҳамда спорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва спорт мусобақалари ўтказиш, маданият, санъат ва спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш ишларини ташкил қилиш;

маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, объектлари ва иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан энг юқори даражада тўлиқ ва самарали фойдаланишни таъминлаш;

маданият ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш, республика маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш муассасаларини, ўқув юртларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;

профессионал, халқ ва ҳаваскорлик ижодиётини, оммавий жисмоний тарбия ва спорт, оммабоп маданий-маърифий ва спорт дастурларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек маданият ва спорт соҳасида оммабоп адабиётларни чоп этиш ҳамда видео ва кино материаллар чиқариш.

8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг маданият ва спорт соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиш мониторингини олиб боради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

маданият ва спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқади, қабул қилинган халқаро битимларнинг бажарилишини таъминлайди;

театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини ривожлантиришни таъминлайди, ижодий жамоаларга халқимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларини, унинг ҳозирги ҳаётини, мустақил ривожланиш тажрибасини акс эттирувчи асарлар яратишда ҳар томонлама ёрдам беради;

кадрларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида тайёрлаш жараёнини ташкил қилади, кишиларнинг ўзининг умумтаълим ва маданий савиясини оширишга интилишини рағбатлантириш, уларни миллий, жаҳон маданияти ва санъатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш ишларини амалга оширади;

Вазирлик тизими кадрлари малакасини оширишни, уларни қайта тайёрлашни, аттестациядан ўтказишни, шунингдек хорижда тажриба орттиришини, ўқитишни таъминлайди;

музейларда миллий мустақиллик ғояларига ҳамоҳанг бўлган, ўзбек халқининг бой маданий меросини, унинг инсоният тарихидаги роли ва аҳамиятини, унинг ривожланиш босқичларини ҳаққоний акс эттирувчи экспозицияларнинг ташкил этилишини, шунингдек замонавий ривожланиш истиқболларини чуқур ўрганишни, музейшунослик, музейлар фондларидаги экспонатларнинг ягона каталогини юритиш бўйича умуммиллий сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлайди;

республика аҳолисини Ўзбекистон халқлари тарихи тўғрисида хабардор қилувчи чет элларда сақланаётган қадимий буюмлар, шунингдек мамлакатимиз музейларида намойиш қилинаётган ноёб экспонатлар билан кенг таништириш воситасида одамларда умуминсоний қадриятларни, бой миллий маданий меросни ҳурмат қилиш ва эътироф этиш туйғусини тарбиялашга кўмаклашади;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, қўриқлаш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;

маданий мерос объектларини таъмирлаш, консервация, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат дастурларининг амалда рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

маданий мерос объектларини аниқлаш, рўйхатдан ўтказиш, муҳофаза қилиш, тарғиб этиш ва улардан фойдаланишни таъминлайди;

маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритади, уларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказишни ташкил қилади ва амалга оширади;

маданий қимматга эга бўлган буюмларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда классификациясини аниқлайди;

маданий бойликларнинг четга олиб чиқиб кетилиши, вақтинчалик олиб чиқиб кетилиши тўғрисида қарорлар қабул қилади;

четга олиб чиқиб кетиладиган ва четдан олиб келинадиган, шунингдек вақтинчалик олиб чиқиб кетиладиган ва вақтинчалик олиб келинадиган маданий бойликларни рўйхатдан ўтказади;

четга олиб чиқиб кетиладиган, вақтинчалик олиб чиқиб кетиладиган, шунингдек вақтинчалик олиб чиқиб кетилгандан кейин қайтариб олиб келинган маданий бойликларнинг экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

маданий бойликларни четга олиб чиқиб кетиш ва вақтинчалик олиб чиқиб кетиш ҳуқуқига сертификатлар беради;

тутиб қолинган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мусодара қилинган маданий бойликларни давлат тегишли органларидан қабул қилиб олади, уларни экспертизадан ўтказади ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

Вазирлик тизимига кирувчи ташкилотларнинг жамоалари ва яккахон ижрочиларининг гастроль-концерт фаолиятини, шу жумладан чет эллардаги гастроль-концерт фаолиятини ташкил қилади;

республикада ва хорижий мамлакатларда профессионал санъат ва ҳаваскорлик санъати фестиваллари, кўрик-танловлари, шунингдек кўргазмалар ўтказишни ташкил қилади;

Эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши билан биргаликда республика маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, концерт заллари ва стадионларида ўтказиладиган маданий-маърифий ҳамда концерт тадбирларининг тематик, репертуар режалари ва дастурларини такомиллаштиришга доир ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди; (ЎзР ВМ 13.09.2013 й. 249-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)

мамлакатимиз таълим муассасаларида дарс бериш учун республика ва хорижий мамлакатларнинг таниқли ижрочиларини ҳамда санъат ва спорт арбобларини, етакчи мутахассис педагогларини таклиф қилади;

чет элларда ўқиётган ва самарали ижодий фаолият кўрсатаётган ижодкор ёшларнинг республикада ўтказиладиган кўриклар, танловлар ҳамда фестивалларда қатнашишини таъминлайди;

иқтидорли ёшлар ва санъат арбобларининг ижодий сафарларини ташкил қилишни ҳамда уларнинг халқаро кўламда ва республика миқёсида санъат ва спорт соҳасида ўтказиладиган кўрикларда, танловларда, фестивалларда, бошқа анжуманларда иштирок этишини таъминлайди;

культурологияни, театршуносликни, санъатшуносликни, мусиқашуносликни ва мазкур соҳадаги бошқа илмий йўналишларни ривожлантириш, олий ўқув юртларида ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўради;

драматик, мусиқали, мусиқали-драматик асарлар, тасвирий ва амалий санъат ва ҳайкалтарошлик асарлари яратишга давлат буюртмаларини амалга оширади;

ижодий жамоалар, маданият, санъат ва спорт мутахассисларини, арбобларини, шунингдек спортчиларни ҳамда уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, бошқа вакилларни халқаро танловлар, фестиваллар, спорт мусобақаларида ва чет эллардаги бошқа тадбирларда қатнашиш учун тайёрлашни, жўнатишни ва қабул қилинишини таъминлайди;

мамлакатда спорт турларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари спортчилари ва аъзоларини спорт инвентарлари, жиҳозлари, кийим-кечак ва пойабзал билан таъминлайди;

республикада маданият ва спортни ривожлантиришнинг аҳволи мониторингини амалга оширади, мамлакатда уларни ривожлантиришга доир ҳар йиллик прогнозларни шакллантиради;

жаҳон илмий-техника тараққиёти ютуқлари, хорижий мамлакатларда маданият ва спортни ривожлантиришнинг илғор тажрибаси умумлаштирилишини, ушбу ютуқларнинг тармоқда жорий этилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда маданият ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар ривожланишига, шунингдек аҳолини жисмоний тарбиялашга кўмаклашади, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этади ва ушбу ишлар олиб борилишини мувофиқлаштиради;

маданият ва спорт бўйича ўқув дастурлари, қўлланмалари ва бошқа илмий-методик адабиётларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек уларни тасдиқлайди;

маданият ва спортни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни, маданият ва спорт соҳасига тааллуқли дастурий-методик ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди, уларнинг тўғри бажарилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда маданият ва спорт арбобларини, шу жумладан спортчиларни, тренерларни, спорт фахрийларини ва бошқа мутахассисларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (уюшмалари) ва жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

Ўзбекистондаги спортнинг миллий турларини ва халқ ўйинларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашади, мамлакатда ва чет элларда спортнинг миллий турлари бўйича спорт мусобақалари, халқ ўйинлари бўйича жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши молиялаштирилишини, шунингдек халқаро спорт майдонларида спортнинг миллий турлари тарғиб қилиниши ва ривожлантирилишини белгиланган тартибда таъминлайди;

халқаро ва республика спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилишини, спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассислар таъминотини, спортчиларни, Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини тайёрлашни ва уларнинг Олимпиада ва Осиё ўйинларида, жаҳон, Осиё чемпионатлари, кубоклари ва биринчиликларида ҳамда бошқа халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишини, халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари тўланишини белгиланган тартибда таъминлайди;

спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган халқаро спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида спортнинг алоҳида турлари бўйича қатнашадиган спортчиларни, Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини тасдиқлайди ва уларнинг иштирок этишини таъминлайди;

аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маданий тадбирлар ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда мамлакатнинг давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашади;

ўзига қарашли ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришда ва уларни ахборот билан таъминлашда, маслаҳат бериш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ҳамда бошқа ёрдам турларини кўрсатишда уларга кўмаклашади;

барча мавжуд маданият ва спорт иншоотларини, кутубхоналар, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, истироҳат боғлари, музейлар ва бошқа маданий-маърифий муассасаларни хатловдан ўтказади;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштиради;

маданият ва спорт соҳасидаги улкан ютуқлар учун мукофотлар таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини бериш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

халқаро маданият ҳамда спорт алоқаларини амалга оширади ва ривожлантиради;

маданият ва спорт муассасаларининг давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилишини белгиланган тартибда таъминлайди;

спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритади, уни юритиш тартибини белгилайди;

халқаро ва республика миқёсидаги Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини шакллантиради ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг молиялаштирилиши ва ўтказилишини таъминлайди;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома беради;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари таркибларини ва уларнинг яқин захирасини тасдиқлайди, Ўзбекистон спорт делегацияларини жамлайди, уларнинг тайёргарлик кўришини ҳамда халқаро спорт мусобақаларида ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида иштирок этишини таъминлайди.

9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг ҳудудий бўлинмалари, ўзига қарашли бошқа ташкилотлар орқали амалга оширади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маданият ва спорт соҳасида давлатлараро ҳамкорлик масалалари бўйича музокараларда иштирок этиш ҳамда республика Ҳукуматининг топшириғига кўра шартномалар ва битимларни имзолаш, идоравий мансуб ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро фойдали муносабатлар асосида хорижий мамлакатлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишига кўмаклашиш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа мамлакатлар ташкилотлари билан маданият ва спортни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар, битимлар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳисобот шаклларида назарда тутилган, Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни олиш;

маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказганлик ва ҳужжатларни расмийлаштирганлик учун махсус йиғим ундиришдан тушадиган, улар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиладиган маблағларнинг бир қисмини олиш;

тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлик тизимига кирувчи ташкилотлар тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Ҳукуматга киритиш;

маданият ва спорт бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртларидан, шу жумладан чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида таклиф этиш;

белгиланган тартибда умумхалқ байрамлари, юбилейлар, маданий ва оммавий жисмоний тарбия-спорт тадбирлари ташкил этиш;

Вазирлик тизимига кирувчи спорт, театр-томоша ташкилотлари, маданий-маърифий ва таълим муассасаларини жиҳозлаш учун зарур бўлган ёритиш ва овоз кучайтириш асбоб-ускуналарини, мусиқа асбобларини, спорт жиҳозлари, анжомлари, спорт формаларини ва бошқа зарур жиҳозларни марказлаштирилган тартибда сотиб олиш;

музей фондларини ва асарлар кўргазмаларини тўлдириш учун тарихий-бадиий қимматга эга бўлган кино, тасвирий ва декоратив-амалий санъат асарлари ҳамда материалларини, ноёб қадимий буюмларни, шунингдек саҳна ва мусиқа асарларини, қўшиқларни аниқлаш ва сотиб олиш, музейлар фондларидаги экспонатларнинг ягона каталогини нашр этиш;

республикада ўтказиладиган халқаро танловлар, кўриклар, фестиваллар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижий жамоаларни ва алоҳида ижрочиларни таклиф этиш;

Вазирлик тизимига кирувчи ўқув юртларида ва таълим муассасаларида дарс бериш, шунингдек мастер-класслар ўтказиш учун юқори малакали профессорлар ва ўқитувчиларни, республикамиздаги ва чет эллардаги таниқли санъат ва спорт арбобларини таклиф этиш;

маданият ва спорт соҳасида иқтидорли ёшлар вакилларини аниқлаш, уларни чет элларга ўқишга юбориш;

бадиий ҳаваскорлик жамоаларига, маданият муассасаларига "Халқ", "Болалар намунали жамоаси", "Халқ музейи" унвонлари, республика спорт унвонлари ва тоифалари бериш, кубоклар, медаллар, нишонлар, дипломлар, ёрлиқлар ва совринлар билан мукофотлаш;

Вазирликка ажратиладиган, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган мавжуд бюджетдан ташқари молиявий маблағларни унинг томонидан ўтказиладиган маданий-оммавий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этишга, маданият, санъат ва спорт арбобларини турли танловлар, спорт мусобақалари ва шу кабиларга тайёрлашга ҳамда уларда қатнаштиришга йўналтириш;

маданият ва спорт соҳасида илмий-методик ишланмалар бўйича корхоналар ва ташкилотларни белгиланган тартибда ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш, тармоқ мутахассислари малакасини ошириш, шунингдек маданий ва спорт-соғломлаштириш корхоналари, иншоотлари қуриш;

юқори малакали ва спорт захираси спортчиларини тайёрлаш ишларини амалга ошириш, соҳа тармоқларини ривожлантиришни, идоравий мансублигидан қатъи назар, спорт мактаблари, клублари ва спортга тайёрлаш марказларини ихтисослаштиришни мувофиқлаштириш;

фестиваллар, танловлар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ғолиблари, совриндорлари, қатнашчилари ва фахрий меҳмонларини эсдалик совғалари билан мукофотлаш;

энг иқтидорли санъат арбоблари, алоҳида фидокорлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён қилган маданият ва спорт соҳаси ходимлари номзодларини мукофотлашга белгиланган тартибда тақдим этиш.

Вазирлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

11. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилишга ҳақлидир.

Вазирлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.


12. Вазирлик маданият ва спорт соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилиши ва ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши таъминланиши учун жавоб беради.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган вазир бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосарлари, шу жумладан, икки нафар биринчи ўринбосарлари бўлади.

14. Вазир:

Вазирлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурат бўлганда, Вазирлик марказий аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади, шунингдек Вазирлик марказий аппарати, Вазирлик тизимига кирувчи ташкилотлар ва муассасалар штат жадвалини, шунингдек харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, Вазирлик тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар ва муассасалар низомларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Вазирликнинг марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлинмалар, Вазирлик тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Маданият ва спорт ишлари вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг маданият ва оммавий спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, халқнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, асрлар давомида шаклланган юксак маънавиятини, халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳар томонлама ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан бой ва уйғун камол топган шахсларни тарбиялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек аҳоли ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ишларини амалга ошириш, одамларнинг маданий ва эстетик эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

Туман (шаҳар) маданият ва спорт ишлари бўлимлари ўз фаолиятини туман (шаҳар) ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Вазир томонидан тайинланади.

Туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари тегишли туман (шаҳар) ҳокими тақдимномасига биноан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари бошлиқлари томонидан тайинланади.


17. Маданият ва спорт ишлари вазирлигини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 14-сон, 104-модда.













































Время: 0.1490
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск