язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда. NB! Мазкур карорнинг 2, 3, 4 ва 7-бандлари: Тошкент шахри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида мазкур карор расмий эълон килинган кундан эътиборан; республиканинг бошка худудларида 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 й. 897-сон "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда "ижтимоий карта" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство РУз. Получить демо доступ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2024 й.

N 897




АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШДА "ИЖТИМОИЙ

КАРТА" ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон қарорига асосан 2024 йил 1 декабрдан бошлаб аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари босқичма-босқич "Ижтимоий карта" ахборот тизимидан (кейинги ўринларда - "Ижтимоий карта" АТ) фойдаланган ҳолда ижтимоий карта орқали тақдим этилиши белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан "Oxinus Holding Limited" (Бирлашган Араб Амирликлари) компанияси (кейинги ўринларда - Ҳамкор) билан "Ижтимоий карта" ахборот тизимини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, саноат эксплуатациясига тушириш ва такомиллаштириб бориш (кейинги ўринларда - Лойиҳа) тўғрисида белгиланган тартибда келишув тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

а) ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш молиявий агент вазифасини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг резидент тижорат банклари (кейинги ўринларда - молиявий агент) томонидан амалга оширилади. Бунда:

барча фуқаролар учун дастлаб электрон ижтимоий карта муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади;

банк картаси шаклидаги ижтимоий карта фуқароларнинг хоҳишига кўра муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади;

б) ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш бўйича аризалар қуйидагилар орқали тақдим этилади:

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП);

"Ижтимоий карта" мобил иловаси (кейинги ўринларда - мобил илова);

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда - "Инсон" маркази) ҳамда алоҳида ҳолларда ижтимоий ходимлар;

молиявий агент;

в) ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш:

мазкур қарорга 1-иловада назарда тутилган шахслар учун уч иш куни ичида бепул амалга оширилади. Бунда ижтимоий карта унинг амал қилиш муддати тугамасидан олдин, шу жумладан, яроқсиз ҳолга келганда ёки йўқотилганда, пулли асосда алмаштирилади;

1-иловада назарда тутилмаган бошқа шахсларга ижтимоий картани берганлик учун банк хизматлари тўлови базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизидан ошмаслиги лозим;

электрон ижтимоий карта барча фуқароларга мобил илова орқали реал вақт режимида бепул асосда муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.

Мазкур қарорга 1-иловада назарда тутилган шахслар учун муомалага чиқарилган ва фойдаланиш учун тақдим этилган ижтимоий карта Агентлик томонидан белгиланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ҳақ ундирилмаган ҳолда ўн беш кун муддатда етказиб берилади.


3. Ижтимоий картани самарали амалиётга татбиқ этиш ҳамда "Ижтимоий карта" АТ ва мобил илованинг лозим даражада ишлашини таъминлаш мақсадида:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб "Ижтимоий карта" АТ ва мобил иловани техник қўллаб-қувватлаш ижтимоий карта бўйича тўлов хизматларини кўрсатувчи тўлов ташкилотининг туну-кун фаолият кўрсатадиган техник хизмати томонидан амалга оширилади.

Бунда Агентликнинг "1070" қисқа рақами орқали ижтимоий картага доир қабул қилинган мурожаатлар мазкур кичик бандда назарда тутилган техник хизматга йўналтириб борилади;

б) 2025 йил 1 февралдан бошлаб:

ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Агентликнинг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи "1070" қисқа рақамли ва туну-кун фаолият кўрсатадиган хизмати (кейинги ўринларда - "Ишонч телефони") фаолияти тест режимида йўлга қўйилади;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича "Ишонч телефони" орқали бепул СМС-хабарнома юбориш тартиби жорий этилади. Бунда юбориладиган СМС-хабарномалар ижтимоий ахборот ҳисобланади ва уларни юбориш билан боғлиқ харажатлар махсус тарифларда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

мобил илова ва СМС-хабарномалар доирасида фуқаролар билан уларнинг ижтимоий ҳимояга доир ҳуқуқларини амалга ошириш ва давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан доимий ва манзилли мулоқот ўрнатилади;

в) 2025 йил 1 июлдан бошлаб "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси доирасида мазкур қарорга 2-иловада назарда тутилган ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари (кейинги ўринларда - рақамли сервис) жорий этилади. Бунда:

ЯИДХП ва мобил иловада ушбу рақамли сервислардан фойдаланиш имконияти яратилади ва улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилинади;

рақамли сервисларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропортларда ички рейсларни рўйхатдан ўтказишда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи поездларга чиқишда, давлат, корпоратив ва бошқа хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, электрон хизмат кўрсатишда ҳамда фуқароларни қабул қилишда тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди;

г) 2025 йил якунига қадар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларнинг банк ҳисобварақларига ўтказиладиган ижтимоий тўловлар, шунингдек, мазкур қарорга 3-иловада назарда тутилган имтиёзлар ва ижтимоий кафолатларга эга бўлган фуқаролар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими билан интеграция қилинган ҳолда, электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиб, "Ижтимоий карта" АТда ягона ҳисобот юритилади;

д) "Ижтимоий карта" АТ доирасида "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш хизматлари (OneID, E-imzo, MyID, Mobile-ID ва бошқалар) молиявий агент, лойиҳа офиси ва тўлов ташкилотига бепул кўрсатилади;

е) 2025 йил 1 октябрдан бошлаб "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш тизими доирасида "Ижтимоий карта" АТнинг идентификация қилиш тизими жорий этилади.

Мазкур банднинг "в" кичик бандига мувофиқ фуқаролар ўз хоҳишига кўра керакли ҳужжатни қоғоз шаклида ёки мобил илова орқали рақамли шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб янги тайинланган ижтимоий тўловлар ижтимоий карта орқали тўланганда, олувчининг илгари тайинланган бошқа ижтимоий тўловлари ҳам ижтимоий карта орқали тўлаб берилади;

б) 2025 йил 1 февралдан бошлаб:

белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга мувофиқ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда - БҲМ) ўттиз фоизидан ошмайдиган реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш учун маблағлар ушбу воситаларга муҳтожлик белгиланган шахсларнинг ижтимоий картасига ўтказиб берилади;

ижтимоий карта орқали тўланган нафақа, компенсация ва бошқа тўловлар (пенсиялар бундан мустасно) (кейинги ўринларда - ижтимоий тўлов) маблағларидан ижтимоий тўловларни олувчи оилаларнинг аъзолари, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда охирги 12 ой давомида "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзоларига спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу маҳсулотлар учун тўловни қабул қилиш тақиқланади;

в) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ижтимоий карта транспорт картаси, шу жумладан, жамоат транспорти учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаҳар йўналишлари бўйича тариф режаларидан фойдаланган ҳолда имтиёзли транспорт картаси вазифасини бажаради.

Бунда ижтимоий картанинг транспорт картаси ҳамда имтиёзли транспорт картаси вазифалари "Автоматлаштирилган тўлов тизими оператори" МЧЖ билан интеграция қилиш орқали амалга оширилади;

г) 2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий тўловлар фуқароларнинг фақатгина ижтимоий карталарига ўтказилади.


5. Белгилансинки:

Агентлик "Ижтимоий карта" АТни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, саноат эксплуатациясига тушириш ва такомиллаштириш бўйича давлат буюртмачиси ҳисобланади;

Лойиҳани амалга ошириш бўйича харажатлар лойиҳа-техник ҳужжатларига мувофиқ Ҳамкор томонидан белгиланган тартибда қопланади;

Агентлик ва Ҳамкор томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсис этиладиган масъулияти чекланган жамият Лойиҳани амалга ошириш бўйича давлат буюртмасининг ижрочиси (кейинги ўринларда - лойиҳа офиси) ҳисобланади;

мобил илова бепул асосда реал вақт режимида электрон шаклда юклаб олинади ва ўрнатилади.


6. Лойиҳа доирасида қуйидагиларга рухсат берилсин:

а) Агентликка:

2025 йил 1 июлга қадар "Инсон" марказлари операторлари учун Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган техник талабларга мувофиқ махсус мобил қурилма (планшет)ларни харид қилиш;

ижтимоий тўловларни тўлашнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий карта тажриба-синов тариқасида жорий этилган ҳудудларда, заруратга кўра, фуқароларга ижтимоий тўловларни умумий тартибда тўлаш;

б) "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Uzbekistan Airways" акциядорлик жамиятларига мактаб ўқувчилари, талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерларга (нафақа олувчиларга) имтиёзли чипталарни сотишда "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумотларни бепул олиш;

в) Лойиҳа офисига:

истисно тариқасида, лойиҳа-техник ҳужжатлар бўйича ижобий эксперт хулосаси олингунга қадар "Ижтимоий карта" АТни яратиш ва молиялаштириш;

тўлов хизматларини кўрсатувчи тўлов ташкилоти билан шартнома тузиш;

"Ижтимоий карта" АТ бўйича тренинглар ўтказиш ва консультатив қўллаб-қувватлаш бўйича субпудрат шартномаларини тузиш;

Ўзбекистон Республикаси резиденти (юридик шахс) билан "Ижтимоий карта" АТни техник қўллаб-қувватлаш ва "Ижтимоий карта" АТнинг оператори функцияларини бажариш тўғрисида шартнома тузиш.

Белгилансинки, лойиҳа доирасида уни амалга ошириш учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди бўйича Лойиҳа офиси ягона етказиб берувчи ҳисобланади.


7. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий картаси тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ижтимоий карталарни расмийлаштириш, муомалага чиқариш ва фойдаланиш;

ижтимоий карталарни алмаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш;

"Ижтимоий карта" АТнинг маълумотлар базасини юритиш.


8. Агентлик Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 июлга қадар "Ишонч телефони"ни мазкур қарорнинг 3-банди "а" кичик бандида назарда тутилган тўлов ташкилотининг техник қўллаб-қувватлаш хизмати билан интеграция қилинишини таъминласин.


9. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 2, 3, 4 ва 7-бандлари:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан;

республиканинг бошқа ҳудудларида 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 27 декабрдаги

897-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ижтимоий карта бепул муомалага чиқариладиган

ва фойдаланиш учун тақдим этиладиган

шахслар тоифаларининг

РЎЙХАТИ

             

1. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар (шахслар).


2. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар.


3. Кўп болали оилаларнинг аъзолари.


4. Ногиронлиги бўлган шахслар.


5. Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар.


6. Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар парвариши билан банд бўлган шахслар.


7. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.


8. Васийлар (ҳомийлар), тутинган ота-оналар.


9. Муомалага лаёқатсиз шахслар.


10. Муомала лаёқати чекланган шахслар.


11. Муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг қонуний вакиллари

.

12. Пенсионерлар.


13. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган талабалар.


14. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган ўқувчилар (тингловчилар).


15. Шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар.

         

Изоҳ. Мазкур рўйхатга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан, зарур ҳолларда, ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

        

         




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 27 декабрдаги

897-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат

хизматлари портали ва "Ижтимоий карта" мобил

иловасида жорий этиладиган ҳужжатларнинг

унификацияланган рақамли сервислари

РЎЙХАТИ

              

1. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти.


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси.


3. Ҳайдовчилик гувоҳномаси.


4. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома.


5. Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома.


6. Никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома.


7. Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон).


8. Пенсия (нафақа) гувоҳномаси.


9. Фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси (ID-картаси).


10. Ногиронлик тўғрисида маълумотнома.


11. Транспорт воситасининг мажбурий суғурта (фуқаролик жавобгарлиги) бўйича суғурта полиси.


12. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжат.


13. Талабалик гувоҳномаси.


14. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома.


15. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома.


16. Турар жой объектларининг кадастр паспорти.


17. Жисмоний шахснинг шахсий автомототранспорт воситасини бошқа шахсларга бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома.

           

           




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 27 декабрдаги

897-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Ижтимоий карта" ахборот тизими

орқали ҳисоби юритиладиган имтиёзлар

ва ижтимоий кафолатлар

РЎЙХАТИ


Т/р

Имтиёз ва ижтимоий кафолат номи

        

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

       

Маълумот алмашинуви

бўйича масъул орган

        

         

I. ИМТИЁЗЛАР

         

1.

Шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш


Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги ЎРҚ-278-I-сон Қонуни


Транспорт вазирлиги

2.

Кафолатланган давлат ижтимоий хизматлари


Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган "Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги ЎРҚ-415-сон Қонуни


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

3.

Протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация техник воситаларини олишда кўмаклашиш


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги ЎРҚ-641-сон Қонуни


4.

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат муассасаларида кафолатланган тиббий, ижтимоий, касбий ҳамда жисмоний реабилитация ва абилитация қилиш


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги ЎРҚ-641-сон Қонуни


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


5.

Ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурлари ва махсус дастурлар доирасида имтиёзли шартлар асосида уй-жой ва имтиёзли ипотека кредити


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги ЎРҚ-641-сон Қонуни


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

6.

Имтиёзли шартлар асосида ижтимоий уй-жой олиш


7.

Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни дори воситалари билан бепул ёки имтиёзли таъминлаш


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги ЎРҚ-641-сон Қонуни


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

8.

Ногиронлиги бўлган шахсларни тўловдан озод қилган ҳолда ёки имтиёзли шартлар асосида махсус ўқув қўлланмалари ва адабиётлар, шунингдек, сурдотаржимонлар хизматларидан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги ЎРҚ-641-сон Қонуни


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


9.

Нодавлат таълим ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларни (болаларни) имтиёзли ўқитиш


         

II. ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАР

         

10.

Малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 16 июнда қабул қилинган "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги ЎРҚ-848-сон Қонуни


Адлия вазирлиги

11.

Давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 29 августда қабул қилинган "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги ЎРҚ-265-I-сон Қонуни


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

12.

Бепул умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги ЎРҚ-637-сон Қонуни


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


13.

Профессионал таълим олиш ҳуқуқи


14.

Маданий мерос объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги ЎРҚ-269-II-сон Қонуни


Маданий мерос агентлиги


15.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар (шахслар)нинг инклюзив таълим олиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги ЎРҚ-637-сон Қонуни


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


16.

Давлат олий таълим ташкилотларида танлов асосида ўқиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги ЎРҚ-637-сон Қонуни


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


         

                 

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 декабрь