ЎзР Конунчилиги
ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Олий таълим (бакалавриат, магистратура)/ Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.03.2025 й. 149-сон қарорига илова)Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство РУз. Получить демо доступ
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 10 мартдаги
ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларида талабаларга
грантларни тақдим этиш ва қайта
тақсимлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом таълим грантларини иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ижтимоий фаол талабалар ўртасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш ҳамда қўшимча грант тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия - таълим грантига талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичларини аниқлаш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан ўқув ишлари бўйича проректор (директор ўринбосари) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузиладиган комиссия;
Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия - таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллигини аниқлаш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузиладиган комиссия;
Махсус комиссия - Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан тақдим этилган натижаларни умумлаштириб, кўриб чиқиш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда ташкил этиладиган комиссия;
таълим грантининг базавий сони - олий таълим ташкилотининг тегишли бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) кириш имтиҳонлари натижасига кўра давлат гранти асосида 1-курсга талабаликка тавсия этилган абитуриентлар сонига тенг грант ўрни;
таълим грантига талабгор - олий таълим ташкилотининг таълим гранти ажратилган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича иккинчи ва ундан кейинги курсларда таҳсил олаётган, таълим грантини қайта тақсимлашда иштирок этиш истагини билдирган талаба;
тўлиқ таълим гранти - бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим гранти;
тўлиқ бўлмаган таълим гранти - бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти;
GPA (Grade Point Average) - таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати;
қўшимча давлат гранти - олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида муайян ўқув йили якуни бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги талабаларнинг (кейинги ўринларда - белгиланган тоифадаги талабалар) навбатдаги ўқув йили учун ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган грант;
олий таълим ташкилоти гранти - молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари томонидан уларда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олувчи белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлганда, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисмини ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланадиган грант.
3. Ушбу Низом қабул жараёнлари ҳамда қабул параметрларини шакллантириш ва белгилаш алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Таълим гранти сони иккинчи ва ундан кейинги курслар учун бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида талабалар сонидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан тўлиқ таълим гранти ва тўлиқ бўлмаган таълим грантига ажратилади. Бунда:
тўлиқ таълим гранти - таълим гранти базавий сонининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
тўлиқ бўлмаган таълим гранти - таълим гранти базавий сонининг тўлиқ таълим грантидан қолган қисмининг икки баравари миқдорида белгиланади.
Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантларининг ўзаро нисбати ўқув йили якунланишидан камида олти ой олдин олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
5. Таълим грантлари ўқув йили якунлангандан сўнг бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида табақалаштирилган тарзда алоҳида қайта тақсимланади.
Таълим грантларини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш жараёни босқичларининг аниқ муддатлари ўқув йилининг давомийлигидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади ва ўқув йили якунлангунга қадар эълон қилинади.
6. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Махсус комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари ҳам жалб қилинади.
7. Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг грант ўрни таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда қуйидаги ҳолатларда инобатга олинмайди:
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқиши давлат гранти асосида тикланиши мумкин бўлган талабалар четлаштирилганда;
талаба белгиланган тартибда академик таътил олганда;
талаба академик мобиллик дастурлари асосида ҳамкор олий таълим ташкилотида таҳсил олиш учун бир ўқув йилидан кўп бўлмаган муддатга кетганда.
Ушбу бандда кўрсатилган тоифага кирувчи талабалар белгиланган тартибда ва муддатларда ўқишни давом эттириш учун қайтганда, навбатдаги таълим грантларини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этиши мумкин.
8. Олий таълим ташкилотларида таълим грантини қайта тақсимлаш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
9. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар фарзандлари мазкур Низомда қайд этилган грантлардан фақат биттаси бўйича талабгор бўлиш ҳуқуқига эга.
10. Бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги абитуриентлар (кейинги ўринларда - белгиланган тоифадаги абитуриентлар) учун давлат гранти асосидаги қўшимча қабул параметрлари ажратилади.
Белгиланган тоифадаги абитуриентлар учун ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланади.
Бунда муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган белгиланган тоифадаги абитуриентлар ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.
Мазкур имтиёз абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига ҳамда ушбу таълим йўналишига киришда Давлат комиссияси томонидан давлат грантига белгиланган минимал ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга нисбатан қўлланилади.
11. Белгиланган тоифадаги талабалар учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) кўрсаткичи) "3,5" ва ундан юқори бўлган талабаларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.
2-БОБ. ТАЪЛИМ ГРАНТИНИ ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН
ТАРТИБДА ҚАЙТА ТАҚСИМЛАШ ТАРТИБИ
12. Таълим грантига талабгорлар учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни юклаш имконияти яратилади.
13. Таълим грантига талабгорлардан жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади.
Ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди.
Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлганлиги сабабли вакант қолган таълим гранти ўринлари кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган таълим грантининг қайта тақсимотида инобатга олинади.
Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS - Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими орқали шакллантирилади. Бунда талабаларнинг GPA кўрсаткичи юздан бир улушда ҳисобланади.
14. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади ва мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.
Бунда талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи талабаларнинг GPA кўрсаткичини "16" сонига кўпайтириш орқали аниқланади.
15. Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ баҳолаш мезонига асосан Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан аниқланади ва 20 баллик мезонда баҳоланиб, ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.
Бунда талабаларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ баҳолаш мезонига асосан ҳисобланган натижани "5" сонига бўлиш орқали аниқланади.
16. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларни баҳолаш натижалари ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этилади.
17. Тақдим этилган маълумотлар асосида Махсус комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг натижалари умумлаштирилиб, уларнинг рўйхати баллар кетма-кетлиги бўйича шакллантирилади.
Таълим грантига талабгорларнинг энг кўп тўплаши мумкин бўлган максимал балл 100 баллни ташкил этади.
18. Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади.
Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида ҳам, талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичида ҳам бир хил натижа аниқланган ҳолатда мазкур талабгорлар учун ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Бунда тест синовларини ўтказиш муддатлари ва тартиби, тест саволлари сони ва баҳолаш мезонлари олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади.
19. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Махсус комиссиянинг фаолияти натижалари (талабгорларнинг аниқланган кўрсаткичлари) мунтазам равишда олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
20. Таълим грантини қайта тақсимлаш жараёнларидан норози бўлган талабгорлар учун ҳар бир кўрсаткич бўйича натижалар эълон қилингандан сўнг 48 соат давомида олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали апелляция бериш имконияти яратилади.
Апелляция аризалари уч кун муддат ичида кўриб чиқилади.
21. Махсус комиссия муайян ўқув йили учун таълим грантига талабгор талабаларнинг олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланган таълим грантлари (тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантлари) ўрнига мос равишда (баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда) шакллантирилган рўйхатини тасдиқлаш учун ҳар йили 15 августга қадар олий таълим ташкилоти кенгашига киритади.
22. Олий таълим ташкилоти кенгаши Махсус комиссия томонидан тақдим этилган рўйхат ва унга тегишли бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ҳар йили 20 августга қадар таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
23. Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарорига асосан таълим грантини олувчи талабалар рўйхати ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарори ушбу талабаларга тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантларини бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруқларини расмийлаштиришга асос бўлади.
3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА
ТАЛАБАЛАРГА ҚЎШИМЧА ДАВЛАТ ГРАНТИНИ
ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ
24. Давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун қўшимча давлат гранти тақдим этилади.
Бунда талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.
25. Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили 25 июлга қадар:
Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори эканлиги;
Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.
26. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижаларини ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этади.
27. Махсус комиссия талабгорларнинг маълумотларини умумлаштириб, қўшимча давлат грантига тавсия этиладиган талабалар рўйхатини ҳар йили 20 августга қадар олий таълим ташкилоти ректорига (директорига) тақдим этади.
28. Махсус комиссиянинг тавсияси талабаларга қўшимча давлат грантини бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруғини расмийлаштиришга асос бўлади.
29. Қўшимча давлат гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.
4-БОБ. МОЛИЯВИЙ МУСТАҚИЛЛИК БЕРИЛГАН
ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА ТАЛАБАЛАРГА
ГРАНТ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ
30. Молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотининг бакалавриат таълим йўналишига 2024/2025 ўқув йилидан ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлган белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилади.
Бунда молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари ҳар йили ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмгача бўлган миқдорда олий таълим ташкилоти грантини тақдим этади.
31. Олий таълим ташкилоти грантига талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.
32. Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили 25 июлга қадар:
Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 3,3 дан ва 4 гача эканлиги;
Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.
33. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижаларини ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этади.
34. Махсус комиссия талабгорларнинг маълумотларини умумлаштириб, олий таълим ташкилоти грантига тавсия этиладиган талабалар рўйхатини ҳар йили 20 августга қадар олий таълим ташкилоти ректорига (директорига) тақдим этади.
35. Махсус комиссиянинг тавсияси талабаларга олий таълим ташкилоти гранти бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруғини расмийлаштиришга асос бўлади.
36. Олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.
Бунда олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилган талабанинг GPA кўрсаткичи:
3,3 - 3,39 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 20 фоизи;
3,4 - 3,49 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи;
3,5 - 3,59 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 40 фоизи;
3,6 - 3,69 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи;
3,7 - 3,79 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 60 фоизи;
3,8 - 3,89 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 70 фоизи;
3,9 - 3,99 бўлганда - тўлов-контракт суммасининг 80 фоизи миқдоридаги қисми ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
37. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
1-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларида таълим
грантини қайта тақсимлаш
СХЕМАСИ
Босқичлар
|
Субъект
|
Чора-тадбирлар
|
Муддат
|
|||
1-босқич |
Талабгор (талаба) |
Олий таълим ташкилоти расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади.
|
Олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган муддатда
|
|||
2-босқич |
Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия |
1. Талабгорнинг ўзлаштириш кўрсаткичини баҳолайди. 2. Талабгорнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичини баҳолайди.
|
Олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган муддатда |
|||
3-босқич |
Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия
|
Талабгорни баҳолаш натижаларини Махсус комиссияга тақдим этади. |
Ҳар йили 1 августга қадар |
|||
4-босқич |
Махсус комиссия |
Талабгорнинг умумий натижасини шакллантириб, олий таълим ташкилоти кенгашига киритади.
|
Ҳар йили 15 августга қадар |
|||
5-босқич |
Олий таълим ташкилоти кенгаши |
Таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.
|
Ҳар йили 20 августга қадар |
|||
6-босқич |
Олий таълим ташкилоти |
Таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилади.
|
Ҳар йили 25 августга қадар |
2-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларида
таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий
фаоллигини аниқлаш бўйича баҳолаш
МЕЗОНЛАРИ
Т/р
|
Кўрсаткичлар
|
Балл
|
1. |
Китобхонлик маданияти |
0 - 20 |
2. |
"5 муҳим ташаббус" доирасидаги тўгаракларда фаол иштироки |
0 - 20 |
3. |
Талабанинг академик ўзлаштириши |
0 - 10 |
4. |
Талабанинг олий таълим ташкилотининг ички тартиб қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши |
0 - 5 |
5. |
Халқаро, республика, вилоят миқёсидаги кўрик-танлов, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришган натижалари |
0 - 10 |
6. |
Талабанинг дарсларга тўлиқ ва кечикмасдан келиши |
0 - 5 |
7. |
Талабаларнинг "Маърифат дарслари"даги фаол иштироки |
0 - 10 |
8. |
Волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллиги |
0 - 5 |
9. |
Театр ва музей, хиёбон, кино, тарихий қадамжоларга ташрифлар |
0 - 5 |
10. |
Талабаларнинг спорт билан шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши |
0 - 5 |
11. |
Маънавий-маърифий соҳага оид бошқа йўналишлардаги фаоллиги |
0 - 5 |
Жами балл: |
100 |
|
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 14 март


