Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар / Монополияга қарши қонунчиликнинг умумий қоидалари /

Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2005 й. 129-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 19 майдаги

129-сон қарорига

ИЛОВА


Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация

божларини қўлланиш мақсадида текшириш

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини қўллашдан олдин текшириш ўтказиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомда "Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган асосий тушунчалардан фойдаланилади.


2. Муҳофаза чораси, агар текшириш натижасида бирор-бир товарнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига импорт қилиниши ортиб кетган ҳажмда (Ўзбекистон Республикасида ўхшаш товарни ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмига нисбатан мутлақ ёки нисбий ифодада) ва иқтисодиёт тармоғига зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказиш хавфини туғдирадиган шароитларда амалга оширилаётганлиги текшириш натижасида аниқланган тақдирда ушбу товарга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига демпинг нархлари бўйича товарни импорт қилиш иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфини туғдираётганлиги текшириш натижалари бўйича аниқланган бўлса, ана шундай импорт предмети бўлган товарга нисбатан антидемпинг божи қўлланиши мумкин.

Агар ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ёки ташиш жараёнида хорижий давлат (хорижий давлатлар иттифоқи) махсус субсидиясидан фойдаланилган бирор-бир товарнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига импорт қилиниши иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётгани ёки жиддий зарар етказиши хавфини туғдираётганлиги текшириш натижалари бўйича аниқланган бўлса, ана шундай бирор-бир товарга нисбатан компенсация божи қўлланиши мумкин.


3. Муҳофаза чоралари, антидемпинг ёки компенсация божлари жорий этилишидан олдин мазкур Низом қоидаларига мувофиқ текшириш ўтказилиши лозим.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар импортининг ортиб кетганлигини, импорт товарининг демпинг нархлардалигини ёки субсидия билан таъминланган товар импорт қилинаётганлигини ҳамда бунинг оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг борлигини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказади.

Ваколатли орган текшириш натижалари бўйича муҳофаза чораларини, антидемпинг ёки компенсация божларини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.


5. Қуйидагилар текшириш ўтказилишида манфаатдор шахслар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товарни ишлаб чиқарувчилари ёхуд қатнашчиларининг кўпчилиги ана шундай товар ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари бирлашмаси;

текшириш объекти ҳисобланган товарни ишлаб чиқарувчи хорижий ишлаб чиқарувчи, Ўзбекистон Республикасининг хорижий экспортчиси ёки импортчиси, ёхуд қатнашчиларининг кўпчилиги бундай товарни ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) экспорт қилувчилар ҳисобланган хорижий шахслар бирлашмаси, шунингдек қатнашчиларининг кўпчилиги бундай товарнинг импортчилари ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари бирлашмаси;

текшириш объекти ҳисобланган товар келиб чиққан ёки экспорт қилинадиган хорижий давлат ҳукумати ва (ёки) мамлакатнинг ваколатли органи, ёхуд мазкур товар келиб чиққан ёки экспорт қилинадиган мамлакатлар кирадиган хорижий давлатлар иттифоқининг ваколатли органи.

Агар текшириш шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилса ва бундай шахслар текшириш ўтказилишига ёрдам беришга қодир бўлса, ваколатли орган уларнинг текширишда манфаатдор шахс сифатида қатнашиш ҳуқуқини чекламайди.


6. Текшириш давомида манфаатдор шахслар мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ расмийлаштирилган ваколатларга эга бўлган ўз вакиллари орқали иш юритадилар.

Агар текшириш давомида манфаатдор шахс ўзининг ваколатли вакили орқали иш юритган тақдирда, ваколатли орган манфаатдор шахсга текшириш мавзуси тўғрисидаги ахборотни фақат ушбу манфаатдор шахснинг ваколатли вакили орқали маълум қилади, ваколатли вакилни топиш мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.



II. ТЕКШИРИШ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА АРИЗА

БЕРИШ ВА ТЕКШИРИШНИ БОШЛАШ ТАРТИБИ


7. Муҳофаза чораларини, антидемпинг ёки компенсация божларини қўлланишдан олдин ўтказиладиган текшириш иқтисодиётнинг тегишли тармоғи манфаатларини ифодаловчи юридик ёки жисмоний шахсларнинг ёзма аризаси бўйича (кейинги ўринларда ариза деб юритилади), ёхуд мазкур банднинг иккинчи хатбоши қоидаларига мувофиқ, ваколатли органнинг ташаббуси билан ўтказилади.

Товар импорти кўпайганлиги, демпинг нархларидаги товар импорти ёки субсидия билан таъминланган товар импорти мавжудлиги ва бундай импорт оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг борлиги далиллари бўлган тақдирда, текшириш ваколатли органнинг ўз ташаббусига кўра ўтказилиши мумкин.


8. Ариза умумий ишлаб чиқариши Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг мазкур ариза юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдирган қисми томонидан ишлаб чиқарилган жами ўхшаш товарнинг эллик фоиздан ортиқроғини ташкил этадиган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари томонидан қўллаб-қувватланса, у берилган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг аризани қўллаб-қувватловчилари улушига Ўзбекистон Республикасида ўхшаш товарни жами ишлаб чиқаришнинг камида йигирма беш фоизи тўғри келиши керак.

Ариза берувчининг ахборотларни олиш имконияти ҳисобга олинган ҳолда аризада қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

ариза берувчи ҳақидаги, олдинги даврда иқтисодиёт тармоғида ўхшаш товарни ишлаб чиқариш ҳажми ва қиймати тўғрисидаги маълумотлар;

мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ишлаб чиқарилган ўхшаш товарнинг ҳажми ва қиймати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек бундай товарни ишлаб чиқариш умумий ҳажмида ҳар бир ишлаб чиқарувчининг улуши кўрсатилган ҳолда номидан ариза берилаётган мамлакатнинг барча ўхшаш товарни ишлаб чиқарувчилари рўйхати;

агар зарур маълумотлар мавжуд бўлса, ҳар бир ана шундай ишлаб чиқарувчи томонидан ўхшаш товарни ишлаб чиқаришнинг ҳажми тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда ана шундай товарни мамлакатимизда ишлаб чиқарадиган бошқа ишлаб чиқарувчиларни аризаси билан биргаликда қўллаб-қувватлаши даражасининг далиллари. Агар ариза берувчи Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товарнинг бошқа ишлаб чиқарувчилари аризаси билан биргаликда қўллаб-қувватлаш даражаси исботини тақдим этмаса, ваколатли орган текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида ўз ихтиёридаги мавжуд маълумотлар асосида аризанинг қўллаб-қувватланиш даражасини белгилаши мумкин;

Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди, мазкур товарнинг келиб чиқиши ёки жўнатилиш мамлакати (мамлакатлари) номи, мазкур товарнинг таниқли хорижий ишлаб чиқарувчилари ва (ёки) экспорт қилувчилари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек мазкур товарнинг Ўзбекистон Республикасидаги таниқли импорт қилувчилари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорт қилинадиган товарнинг тавсифи;

товар нархи ҳамда олдинги давр учун мутлақ ва нисбий миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига уни импорт қилиш ҳажмининг ўзгариши, бундай импортнинг ички бозордаги ўхшаш товар нархига ва иқтисодиёт тармоғига таъсири ҳамда импорт қилинадиган товарнинг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги улуши тўғрисидаги маълумотлар;

антидемпинг божи жорий этиш таклиф қилинаётган товарнинг демпинг нархларда импорт қилинаётганлигининг далиллари;

махсус субсидиянинг мавжудлиги далиллари, имконияти бўлганда шундай субсидиянинг миқдори кўрсатилган ҳолда;

товар импортининг ўсиши, демпинг нархлар бўйича товар импорти ёки субсидияланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлигининг далиллари;

бундай чора ёки божнинг миқдори ва амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божига нисбатан таклиф;

иқтисодиёт тармоғининг ариза берувчи томонидан таклиф этилаётган муҳофаза чораларининг амал қилиш муддати мобайнида хорижий рақобат шароитларида ишлашга мослаштиришга доир чора-тадбирлар режаси (муҳофаза чоралари қўлланган тақдирда).


9. Аризадаги қиймат кўрсаткичлари қиёслаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикасини юритишда фойдаланиладиган пул бирлигида келтирилиши керак.


10. Аризадаги мавжуд ахборот мазкур ишлаб чиқарувчига бевосита тегишли бўлган маълумотлар бўйича бундай ахборотни тақдим этган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг раҳбарлари, шунингдек уларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилиши учун масъул бўлган ходимлари томонидан тасдиқланиши керак.


11. Аризанинг махфий бўлмаган нусхаси (агар аризада махфий ахборот мавжуд бўлса) илова қилинган ҳолда ваколатли органга тақдим этилади ва бундай ариза ваколатли органга тушган кунда рўйхатдан ўтказилиши керак.


12. Ваколатли орган текшириш бошланиши тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида ариза олинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида аризада тақдим этилган маълумотларнинг етарлилиги ва ишончлилигини мазкур Низомнинг 8-банди қоидаларига мувофиқ ўрганади.


13. Агар ваколатли орган маълумотларни етарли эмас деб ҳисобласа, у ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда бу ҳақда ариза берувчига ёзма шаклда маълум қилади ва унга ўз аризасига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш имкониятини беради.

Агар ариза берувчи ўз аризасини ўзгартирса ёки унга қўшимча киритса, аризани кўриб чиқиш муддати ушбу ўзгаришлар ёки қўшимчалар олинган кундан бошланади.

Агар ариза берувчи ваколатли орган томонидан сўралаётган қўшимча маълумотларни хабар олинган санадан бошлаб 15 календарь кун мобайнида тақдим этмаса ва бундай маълумотларни тақдим этиш муддатини кечиктириш тўғрисида илтимос қилмаса, ваколатли орган аризани кўриб чиқишни рад этишга ҳақлидир, бу ҳақда ариза берувчига ёзма шаклда хабар беради.


14. Ариза текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ёки текшириш давомида ариза берувчи томонидан қайтариб олиниши мумкин. Агар ариза текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар қайтариб олинса, бундай ариза берилмаган деб ҳисобланади.

Агар ариза текшириш ўтказиш давомида қайтариб олинса, муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари жорий этилмасдан ваколатли органнинг қарори билан текшириш тўхтатилиши ёки давом эттирилиши мумкин.


15. Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар аризадаги мавжуд маълумотлар, ариза олинганлиги ва уни кўриб чиқиш тўғрисидаги маълумотлар оммавий ошкор қилиниши мумкин эмас.


16. Ваколатли орган мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган муддат тамом бўлгунга қадар текширишни бошлаш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кун текшириш бошланган сана ҳисобланади.

Ваколатли орган текшириш ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, бундай қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда ариза берувчини текшириш ўтказишнинг рад этилиши сабаблари тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Ваколатли орган текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилганда текшириш бошланган санадан бошлаб 10 календарь кун мобайнида текшириш объекти ҳисобланган товар экспорт қилинган хорижий давлатнинг (хорижий давлатлар иттифоқининг) ваколатли органини Евро-Осиё иқтисодий ҳамжамияти аъзоси бўлган давлатларни, шунингдек унга маълум бўлган бошқа манфаатдор шахсларни қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади ва ўзининг расмий нашрида текшириш бошланганлиги тўғрисида билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди, билдиришномада қуйидагилар бўлиши керак:

текшириш объекти ҳисобланган товарнинг тавсифи;

текшириш объекти ҳисобланган товар экспорт қилинадиган ёки товар келиб чиқадиган хорижий давлат (хорижий давлатлар иттифоқи)нинг номи;

текшириш бошланадиган сана;

демпинг нархлар ёки махсус субсидиялар бўйича товар импорти мавжудлигини аниқлаш учун асос (антидемпинг ёки компенсация божи қўлланганда);

аризанинг қонунийлигини ва текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳолатларнинг қисқача баёни;

текширишни ўтказишнинг тахминий жадвали;

манфаатдор шахслар текшириш мавзуси бўйича ўз фикрларини ва ахборотини йўллашлари мумкин бўлган манзил;

манфаатдор шахслар текшириш мавзуси бўйича ўз фикрлари ва ахборотини ёзма шаклда тақдим этиши мумкин бўлган муддат;

манфаатдор шахслар оғзаки эшитишлар ўтказилишини сўраши мумкин бўлган муддат (муҳофаза чоралари қўлланган тақдирда).

Текширишни бошлаш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатлар ваколатли орган томонидан белгиланади ва 30 календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас.


17. Текширишни бошлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда ваколатли орган аризанинг холисона кўриб чиқилишига риоя қилинишини ва у бўйича иқтисодиётнинг тегишли тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари фикрларининг мумкин қадар кўпроқ ҳисобга олинишини таъминлайди.



III. МУҲОФАЗА ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛИШИДАН

ОЛДИН ТЕКШИРИШ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


18. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига товар импорти кўпайганлиги муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг мавжудлигини аниқлаш мақсадида, ваколатли орган текшириш давомида иқтисодиёт тармоқларига таъсир этувчи миқдорий ифодаланган объектив характердаги омилларни баҳолайди, жумладан:

ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмига нисбатан текшириш объекти ҳисобланган товарнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорти суръатлари ва миқдорининг мутлақ ёки нисбий ифодаси;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ўхшаш товарнинг Ўзбекистон Республикаси ички бозорида сотиш ҳажмининг ўзгариши;

ўхшаш товарни ишлаб чиқариш ҳажмининг, меҳнат унумдорлигининг, ишлаб чиқариш қувватларини иш билан таъминлашнинг, фойда ва зарарлар миқдорининг, шунингдек иқтисодиёт тармоқларида иш билан бандлик даражасининг ўзгариши;

текшириш объекти ҳисобланган импорт қилинадиган товарнинг ушбу товарнинг ёки ўхшаш товарнинг Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида сотишнинг умумий ҳажмидаги улуши.


19. Ваколатли орган товар импорти кўпайганлиги муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлигини ихтиёридаги ишга тааллуқли барча далиллар ва мавжуд ахборотни ўрганиб чиқиш натижалари асосида аниқлаши керак.

Ваколатли орган товарнинг ўсиб бораётган импортидан ташқари ўша даврда иқтисодиёт тармоғига зарар етказаётган ёки зарар етказиш хавфини солаётган бошқа барча маълум омилларни ўрганиб чиқади. Ушбу омиллар натижасида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфини ваколатли орган товар импорти кўпайганлиги муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарга ёки жиддий зарар етказилиши хавфига тегишли деб ҳисобламаслиги зарур.


20. Ваколатли орган иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлашда мазкур Низомнинг 18-бандида санаб ўтилган омилларга қўшимча равишда қуйидаги омилларни баҳолаши керак:

текшириш объекти ҳисобланган товар келиб чиққан хорижий давлат (хорижий давлатлар иттифоқи)нинг ҳақиқий ва потенциал экспорт имкониятлари;

текшириш объекти ҳисобланган товар импорти Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида ўсиб борувчи миқдорларда амалга оширилиши эҳтимоли.


21. Манфаатдор томонларнинг текшириш бошланиши тўғрисидаги оммавий билдиришномада белгиланган муддатда тақдим этган ёзма шаклдаги илтимоси асосида ваколатли орган оғзаки эшитишлар ўтказилишини таъминлайди.

Оғзаки эшитишлар давомида текшириш мавзуси тўғрисида қарама-қарши нуқтаи назарга эга бўлган манфаатдор шахслар текшириш ўтказилиши муносабати билан далилларни тақдим этиши ва ўз фикрини баён қилиши мумкин.

Текшириш ўтказилиши муносабати билан далиллар тақдим этиш ва ўз фикрини баён қилиш имконияти манфаатдор шахсларга мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ, махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда берилади.


22. Текширишни ўтказиш давомида сўров тушган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида текширишни ўтказиш мақсадлари учун зарур ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни, бундай ахборотни олиш манбаини кўрсатган ҳолда ваколатли орган сўрашга, манфаатдор шахслар эса тақдим этишга ҳақлидир.


23. Текшириш объекти ҳисобланган товардан ишлаб чиқаришда фойдаланадиган истеъмолчилар ва истеъмолчиларнинг жамоат ташкилотлари вакиллари мазкур товар чакана савдода сотилган ҳолларда ўтказилаётган текширишга тааллуқли бўлган ахборотни тақдим этишга ҳақлидир.


24. Текшириш мавзусига тегишли бўлган, хорижий тилда тузилган материал ва ахборотларга тасдиқланган таржима илова қилиниши керак.


25. Манфаатдор шахс ваколатли органга текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ахборотдан фойдаланишни рад этган ёки бундай ахборотни мазкур Низомнинг 22-бандида белгиланган муддатда унга тақдим этмаган ҳолларда текшириш натижалари бўйича дастлабки ва узил-кесил хулосалар ваколатли орган томонидан унинг ихтиёридаги мавжуд ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.


26. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар текширишни ўтказишда ёрдам кўрсатишлари ҳамда ваколатли органнинг сўрови бўйича текширишни ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни тақдим этишлари керак.


27. Агар текшириш бошланиши санасидан бевосита олдинги икки календарь йил мобайнида аризани қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Республикасининг бир нафар ишлаб чиқарувчисига ана шундай товарни миллий ишлаб чиқаришнинг ўттиз беш фоиздан ортиғи тўғри келса ёки текширши объекти ҳисобланган товар импортининг умумий ҳажми ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида сотиш умумий ҳажмининг йигирма беш фоизидан камини ташкил этса, ваколатли орган муҳофаза чоралари Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги рақобатга таъсирининг оқибатлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг хулосасини сўраши мумкин. Бундай хулоса Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан, мазкур Низомнинг 8-бандида санаб ўтилган материаллар илова қилинган ҳолда ваколатли органнинг сўрови тушган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида тақдим этилиши керак.

28. Текширишни ўтказиш муддати текшириш бошланган санадан бошлаб тўққиз ойдан ортиқ бўлмаслиги керак. Текшириш ваколатли орган томонидан ўтказилган текшириш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этилган кунда тугалланган ҳисобланади.


29. Ўтказилган текшириш натижалари бўйича ваколатли орган текшириш якунланган кундан бошлаб ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда ваколатли орган ўз ихтиёридаги мавжуд ахборотни ўрганиб чиқиш асосида чиқарган асосий хулосалар тўғрисидаги билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди.


30. Текшириш ўтказилиши текшириш объекти ҳисобланган товарнинг божхона расмийлаштирувига ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига киритилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.


31. Агар хорижий давлат ёки экспорт қилувчи иқтисодиёт тармоғига етказилган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш мажбуриятларини қабул қилса, текшириш ваколатли орган томонидан тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин.



IV. МУҲОФАЗА ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШ


32. Муҳофаза чораси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган миқдорда бундай муддат мобайнида ва иқтисодиёт тармоқларининг ўзгараётган иқтисодий шароитларга иқтисодий мослашиши жараёнини енгиллаштириш учун қўлланади.

Товар импорти кўпайишини чеклаш бўйича товар импортининг миқдори ва (ёки) қийматига (импорт квотаси) нисбатан чеклов тариқасида, импорт божидан ташқари ундириладиган махсус бож тариқасида қўлланадиган чоралар ёки товар импорти кўпайишини чеклашга қаратилган бошқа чоралар муҳофаза чоралари ҳисобланади.


33. Товар импортини миқдорий чеклаш тариқасидаги муҳофаза чорасининг қўлланиши товар импорти ҳажмини олдинги даврдаги товар импортининг ўртача ҳажми даражасидан (миқдори ва (ёки) қиймати даражасида) камайтирмаслиги керак, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун товар импортининг бошқа даражасини белгилаш зарурлигига асос бўлган ҳоллар бундан мустасно.


34. Импорт квотасини текшириш объекти ҳисобланган товарнинг етказиб берувчилари бўлган хорижий давлатларга (хорижий давлатлар иттифоқларига), мазкур товарни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига экспорт қилишдан манфаатдор бўлган хорижий давлатлар (хорижий давлатлар иттифоқи) ўртасида импорт квотасини тақсимлаш масаласи бўйича маслаҳат ўтказиш таклиф этилиши мумкин.

Импорт квотасини тақсимлаш масаласи бўйича маслаҳат ўтказиш имкони бўлмаган ёки кўрсатиб ўтилган маслаҳатлашувлар давомида бундай тақсимлаш тўғрисида аҳдлашувга эришилмаган ҳолларда импорт квотаси текшириш объекти ҳисобланган товарни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига экспорт қилишдан манфаатдор бўлган хорижий давлатлар (хорижий давлатлар иттифоқлари) ўртасида мазкур товар импортининг умумий миқдори ёки умумий қиймати асосида олдинги давр учун ушбу товарни мазкур хорижий давлатлардан (хорижий давлатлар иттифоқларидан) импорт қилишда шаклланган мутаносибликда тақсимланади. Айрим хорижий давлатлардан (хорижий давлатлар иттифоқларидан) импорт ўсишининг фоиз нисбатида олдинги давр учун текшириш оъекти ҳисобланган товар импорти умумий ўсишига нисбатан номутаносиб кўпайган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ушбу хорижий давлатлар (хорижий давлатлар иттифоқлари)дан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига мазкур товар импорти ўсишининг мутлақ ва нисбий кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда импорт квотасини ана шундай хорижий етказиб берувчи давлатлар (хорижий давлатлар иттифоқлари) ўртасида тақсимлаши мумкин.


35. Муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати тўрт йилдан ортиқ бўлмаслиги керак, мазкур бандга мувофиқ бундай чоранинг амал қилиш муддати узайтирилиши ҳоллари бундан мустасно.

Агар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун муҳофаза чораси зарурияти сақланиб қолаётганлиги ҳамда иқтисодиётнинг мазкур соҳаси иқтисодий мослашиш жараёнида эканлиги далилларининг мавжудлиги қайта текширув натижасида ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узайтирилиши мумкин. Бунда муҳофаза чораси амал қилишининг умумий муддати саккиз йилдан ошмаслиги керак.

Муҳофаза чорасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилишда бундай чора унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда амал қилган муҳофаза чорасига нисбатан кўпроқ чеклайдиган бўлиши мумкин эмас.


36. Агар муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати бир йилдан ортиқ бўлса, амалдаги муҳофаза чорасини юмшатиш имкониятини аниқлаш мақсадида ҳамда натижалари бўйича муҳофаза чораси унинг амал қилишининг қолган муддати мобайнида тенг оралиқларда юмшаши мумкин бўлганда, ваколатли орган Вазирлар Маҳкамасига амал қилиш муддати мобайнида унинг қўлланиши натижалари тўғрисида ахборот тақдим этади

Агар муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати 3 йилдан ортиқ бўлса, у ҳолда бундай чора муддатининг ярми тамом бўлишидан кечикмай, ваколатли орган такрорий текшириш ўтказиши керак, унинг натижаларига кўра махсус муҳофаза чоралари сақланиб қолиши, юмшатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.


37. Алоҳида ҳолларда, агар текширув тугаллангунга қадар муҳофаза чораларини қўлланишда сусткашлик қилиш иқтисодиёт тармоғига кейинчалик бартараф этиш қийин бўлган даражада жиддий зарар етказиши мумкин эканлиги ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг товар импорти ўсиши ва иқтисодиётнинг тармоғига жиддий зарар етказилаётганлиги ёки жиддий зарар етказиш хавфи ўртасидаги алоқаларнинг мавжудлиги тўғрисидаги дастлабки хулосаси асосида, ваколатли орган томонидан узил-кесил хулоса олиш мақсадида текширув давом эттирилиши шарти билан, муваққат муҳофаза чорасини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Муваққат муҳофаза чораси муваққат махсус бож тарзида қўлланади.


38. Ваколатли орган Вазирлар Маҳкамасига дастлабки хулоса тақдим этилиши билан бир вақтда текшириш объекти ҳисобланган товар экспорт қилинадиган хорижий давлатнинг (хорижий давлатлар иттифоқининг) ваколатли органини, шунингдек унга маълум бўлган бошқа манфаатдор шахсларни вақтинчалик махсус бож жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.


39. Муваққат махсус божнинг амал қилиш муддати 200 кундан ортиқ бўлмаслиги керак.


40. Агар товар импорти кўпайганлиги оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги текширув натижаларига кўра ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, тўланган муваққат махсус бож суммалари тўловчига қонун ҳужжатларида божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак.

Агар махсус бож тарзидаги муҳофаза чораси муваққат махсус бождан кам миқдорда қўлланган бўлса, орадаги фарқ тўловчига қонун ҳужжатларида божхона божларини қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак. Агар махсус бож тарзидаги муҳофаза чораси муваққат махсус бождан кўп миқдорда қўлланган бўлса, орадаги фарқ тўловчидан ундирилмайди.


41. Агар текшириш натижалари бўйича муҳофаза чорасини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилинса, у ҳолда вақтинчалик муҳофаза чорасининг амал қилиш муддати муҳофаза чораси амал қилишининг умумий муддатига қўшиб ҳисобланади.



V. ДЕМПИНГ НАРХЛАРИ БЎЙИЧА ТОВАР ИМПОРТИ

ҲОЛАТИНИ ВА ЗАРАР МАВЖУДЛИГИНИ АНИҚЛАШ


42. Агар мазкур товарнинг экспорт нархи унинг нормал қийматидан паст бўлса товар демпинг нархлари бўйича импорт қилинган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасига экспорт қилиш учун сотилган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нарх товарнинг экспорт нархи ҳисобланади.

Экспортчи мамлакатнинг ички бозорида истеъмол учун мўлжалланган ўхшаш товарнинг одатдаги савдо жараёнидаги нархи ёки ўхшаш товар экспортчи мамлакат бозорида сотилмаганда ёки шундай товарни сотиш ҳажмининг пастлиги ёки экспортчи мамлакатнинг ички бозоридаги алоҳида вазият туфайли зарур даражада қиёслаш мумкин бўлмаганда - ана шундай товарнинг нархи, экспортчи мамлакатдан учинчи мамлакатга экспорт қилинадиган ўхшаш товарларни қиёслаш асосида аниқланадиган нарх, агар у намунавий бўлса, ёхуд товар келиб чиққан мамлакатдаги ишлаб чиқариш оқилона харажатлари асосида маъмурий, савдо ва умумий харажатларнинг ҳамда фойданинг қўшилган нархи товарнинг нормал қиймати ҳисобланади.


43. Товарни экспорт қилувчи хорижий давлатнинг ички бозорида савдонинг одатдаги боришида ўхшаш товарни сотишга, агар бундай сотувлар кўрсатиб ўтилган хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига мазкур товарни экспорт қилиш умумий ҳажмининг камида беш фоизини ташкил этса, товарнинг нормал қийматини белгилаш учун етарли деб қаралади. Савдонинг одатдаги боришида ўхшаш товарни сотишнинг пастроқ даражаси, демпинг импорт мавзуси ҳисобланган товарнинг экспорт нархини савдонинг оддий боришида ўхшаш товар нархи билан зарур даражада қиёслашни таъминлаш учун бундай сотувлар етарли эканлигининг далили мавжуд бўлганда товарнинг нормал қийматини аниқлаш учун мақбул деб ҳисобланади.

Товарни экспорт қилувчи хорижий давлатнинг ички бозорида ўхшаш товарни сотиш ёки ўхшаш товарни кўрсатиб ўтилган хорижий давлатдан учинчи мамлакатга маъмурий, савдо чиқимлари ва умумий чиқимларни ҳисобга олган ҳолда товар бирлигига нисбатан ишлаб чиқариш чиқимларидан (доимий ёки ўзгарувчан) паст нархлар бўйича сотиш, фақатгина агар, ваколатли орган ўхшаш товарнинг бундай сотилиши камида 6 ой мобайнида, анча миқдорларда ва барча чиқимлар қопланишини таъминламайдиган нархларда сотилганлигини аниқлаган тақдирда савдонинг одатдаги боришига мувофиқ эмас деб қаралиши ҳамда товарнинг нормал қийматини аниқлашда ҳисобга олинмаслиги мумкин. Агар сотиш пайтида товар бирлигига чиқимлардан паст бўлган ўхшаш товарнинг нархи текшириш қамраб оладиган даврда товар бирлигига ўртача чиқимлардан ортиқ бўлса, у ҳолда бундай нархларга камида 6 ой мобайнида барча чиқимлар қопланишини таъминлайди деб қаралади.

Агар ваколатли орган товарнинг нормал қийматини аниқлашда ҳисобга олинадиган битишувлар бўйича ўртача сотиш нархи товар бирлигига ўртача чиқимлардан пастлигини ва нархлар бўйича сотув ҳажми товар бирлигига чиқимларнинг товарнинг нормал қийматини аниқлашда ҳисобга олинадиган битишувлар бўйича сотув ҳажмининг камида 20 фоизини ташкил этишини аниқласа анча миқдорларда амалга ошириладиган деб ҳисобланади.


44. Чиқимлар унга нисбатан текшириш ўтказилаётган хорижий давлатнинг экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчисининг ҳисобга олиш ҳужжатлари асосида ҳисоблаб чиқилади, бунда бундай ҳужжатлар мазкур хорижий давлатдаги бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг умумий қабул қилинган принциплари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши ҳамда ўхшаш товарни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ чиқимларни акс эттириши шарт. Ваколатли орган чиқимларни тақсимлаш тўғрилиги исботининг ўз ихтиёрида мавжуд бўлган барча далилларини ҳисобга олади, бунда мазкур чиқимларни тақсимлаш одатда хорижий давлатнинг экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчиси томонидан амортизация ва эскиришнинг тегишли даврларини аниқлашга, капитал қўйилмаларга ажратмаларга ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун бошқа харажатларни қоплашга нисбатан амалиётда қўлланилиши шарт. Мазкур хатбошига мувофиқ чиқимларни тақсимлашда чиқимларга бўлғуси ва (ёки) жорий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга мўлжалланган харажатларнинг нодаврий моддаларини ёки текшириш қамраб олинадиган даврдаги чиқимлар ишлаб чиқаришнинг қарор топиши даври операциясига таъсир кўрсатиши ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда тузатиш киритилади. Ишлаб чиқаришнинг қарор топиш даври операциясига киритиладиган тузатишлар ишлаб чиқаришнинг қарор топиши даври охиридаги чиқимларни экс эттиради ёки, агар, ушбу давр текшириш билан қамраб олинадиган давр ташқарисига чиқса, энг охирги чиқимларни акс эттиради, ушбу чиқимларни зарур асослар мавжуд бўлган тақдирда ваколатли орган текшириш давомида ҳисобга олади.

Маъмурий, савдо чиқимлари ва умумий чиқимларнинг, шунингдек фойданинг жами миқдорий кўрсаткичлари, унга нисбатан текшириш ўтказилаётган хорижий давлатнинг экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчиси томонидан тақдим этилаётган савдонинг одатдаги боришида ўхшаш товарни ишлаб чиқариш ва сотиш тўғрисидаги ҳақиқий маълумотлар асосида аниқланади. Агар бундай жами кўрсаткичларни кўрсатиб ўтилган тарзда аниқлаш мумкин бўлмаса, улар қуйидагилар асосида аниқланиши мумкин:

ўша тоифадаги товарни ишлаб чиқариш ёки келиб чиқиш мамлакатининг ички бозорида сотиш муносабати билан унга нисбатан текшириш ўтказилаётган хорижий давлатнинг экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчиси томонидан тўланган ёки олинган ҳақиқий сумма;

унга нисбатан текшириш ўтказилаётган хорижий давлатнинг бошқа экспорт қилувчилари ёки ишлаб чиқарувчилари томонидан ўхшаш товарни ишлаб чиқариш ёки келиб чиқиш мамлакатининг ички бозорида сотиш муносабати билан тўланган ёки олинган ўртача ҳақиқий сумма;

бошқа исталган оқилона усул орқали, бунда ушбу усул билан аниқланган фойда ўша тоифадаги товарни келиб чиқиш мамлакатининг ички бозорида сотишда хорижий давлатнинг бошқа экспорт қилувчилари ёки ишлаб чиқарувчилари томонидан одатда олинадиган фойдадан ортиқ бўлмаслиги керак.


45. Ушбу товарнинг экспорт нархи мавжуд бўлмаган ёхуд экспорт ва импорт қилувчи ёки учинчи шахс ўртасида алоқа ёки келишув мавжудлиги муносабати билан ваколатли орган ишончини қозонмаган ҳолларда, бундай товарнинг экспорт нархи импорт қилинган товарлар мустақил харидорга биринчи марта қайта сотилган нарх асосида ёки агар импорт қилинган товарлар мустақил харидорга қайта сотилмаса ёки улар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига импорт қилинган шаклда қайта сотилмаса ваколатли орган томонидан аниқланиши мумкин бўлган бошқа усул билан ҳисоблаб чиқилиши мумкин.


46. Товарнинг экспорт нархини унинг нормал қиймати билан қиёслаш савдо операциясининг айни бир босқичида ва имкони борича айни бир вақтда амалга оширилган сотувларга нисбатан амалга оширилади. Қиёслаш жараёнида қиёсланаётган нархларга керакли ўзгартиришлар киритилиши мумкин, бунда жумладан сотишдаги, солиқ солишдаги, савдо даражаларидаги, миқдорлардаги, жисмоний хусусиятлардаги шароитларнинг ва ҳолатларнинг фарқлари ҳамда нархлар қиёсланишига уларнинг таъсири далиллари тақдим этиладиган исталган бошқа фарқлар эътиборга олинади. Мазкур Низомнинг 45-бандида кўрсатилган ҳолларда, харажатларга, жумладан импорт билан қайта сотиш ўртасидаги даврда тўланган божлар ва солиқларга, шунингдек олинган фойдага тузатишлар киритиш зарур. Ваколатли орган товарнинг экспорт нархини унинг нормал қиймати билан зарур даражада таққослашни таъминлаш учун зарур бўлган ахборотни манфаатдор шахслардан сўрашга ҳақлидир.

Агар товарнинг экспорт нархини унинг нормал қиймати билан таққослаш бир валютадан бошқа валютага қайта ҳисоблаб чиқишни талаб қилса, у ҳолда бундай қайта ҳисоблаб чиқиш товар сотилган кундаги айирбошлаш курсидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Агар хорижий валютани шошилинч бозорда сотиш экспорт етказиб бериш билан бевосита боғлиқ бўлса, у ҳолда муддатда сотишда қўлланиладиган айрибошлаш курсидан фойдаланилади. Айирбошлаш курсларидаги тебранишлар эътиборга олинмайди ва текшириш мобайнида ваколатли орган текшириш даврида айирбошлаш курсларининг барқарор ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда экспорт нархларига тузатиш киритиш учун уларга камида 60 календарь кунни тақдим этади.

Демпинг маржаси мавжудлиги текшириш давомида товарнинг ўртача нормал қийматини қиёсланадиган барча экспорт етказиб беришлар бўйича ўртача нормал қийматига таққослаш асосида ёхуд товарнинг нормал қийматини таққосланадиган ҳар бир экспорт етказиб беришлар бўйича экспорт нархлар билан таққослаш йўли билан аниқланади. Ўртачалик асосида аниқланган товарнинг нормал қиймати, агар ваколатли орган экспорт нархлар тузилмаси ҳар хил харидорлар, минтақалар ўртасида ёки етказиб берилган даврларга боғлиқ равишда жиддий фарқ қилса ва, агар нима учун бундай фарқлар товарнинг ўртача нормал қийматини таққосланадиган барча экспорт етказиб беришлар бўйича ўртача нархлар билан қиёсланган ёхуд товарнинг нормал қиймати ҳар бир таққосланадиган экспорт етказиб беришларнинг экспорт нархлари билан таққосланиши ҳолатида тегишли тарзда ҳисобга олинмаслигининг изоҳи мавжуд бўлса алоҳида экспорт етказиб беришлар нархлари билан таққосланиши мумкин.


47. Товарлар бевосита келиб чиқиш мамлакатидан импорт қилинмаган, балки Ўзбекистон Республикасига учинчи мамлакатдан экспорт қилинган ҳолларда унинг бўйича товарлар экспорт мамлакатидан Ўзбекистон Республикасига сотилаётган нарх экспорт мамлакатидаги таққосланадиган нарх бўйича қиёсланади. Агар товарлар фақат товарни экспорт қилувчи мамлакат орқали узатилса ёхуд бундай товарлар товарни экспорт қилувчи мамлакатда ишлаб чиқарилмаса ёхуд экспорт мамлакатида уларга таққослаш нархлари мавжуд бўлмаган тақдирда таққослаш товарнинг келиб чиқиш мамлакатидаги нарх билан амалга оширилади.


48. Иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги демпинг нархлари бўйича товар импорти ҳажми сифатида ўрганиб чиқиш натижалари ва ушбу импортнинг Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги ўхшаш товар нархига таъсири ҳамда бундай импортнинг ўхшаш товарни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарувчиларга тегишли таъсири асосида белгиланади.


49. Демпинг нархлари бўйича товар импорти ҳажмини ўрганиб чиқишда ваколатли орган мутлақ ифодада демпинг нархлар бўйича бундай товар импорти кўпайиши юз берганлигини ёхуд ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилишга нисбатан кўпайган ёки камайганлигини аниқлайди.

Демпинг нархлари бўйича товар импорти таъсирининг Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товар нархига таъсирини ўрганиб чиқишда ваколатли орган Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товар нархига таққослаганда демпинг нархлар бўйича импорт таъсири остида нарх анча камайганлиги ёки йўқлигини аниқлайди ёки бундай импорт бирор-бир тарзда анча даражада нарх пасайишига олиб келишини ёки акс ҳолда юз бериши мумкин бўлган нархлар ошишига тўсқинликнинг анчагина даражасига олиб келишини аниқлайди.


50. Агар бир вақтда ўтказиладиган текшириш мавзуси биттадан ортиқ хорижий давлатдан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бирор-бир товарни импорт қилиш ҳисобланса, ваколатли орган бундай импортнинг таъсирини, агар у, (1) бир хорижий давлатдан товар импортига нисбатан аниқланган демпинг маржаси энг кам йўл қўйиладиган демпинг маржасидан ортиқ эканлигини, ҳар бир хорижий давлатдан мазкур товарнинг импорти ҳажми эса мазкур Низомнинг 73-банди иккинчи хатбоши қоидаларини ҳисобга олган ҳолда унчалик кўп бўлмаганлигини, ва (2) импортнинг таъсирини баҳолаш жамлик асосида импорт товарлар билан рақобат шартларини ва импорт товар билан Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товари ўртасидаги рақобат шартларини ҳисобга олган ҳолда мумкин эканлигини аниқлаган тақдирда баҳолаши мумкин.


51. Демпинг нархлари бўйича товар импортининг иқтисодиёт тармоғига таъсирини ўрганиш иқтисодиётнинг мазкур тармоғи ҳолатига таъсир кўрсатадиган барча иқтисодий омиллар ва кўрсаткичларга баҳо беришни, шу жумладан қуйидагиларни ўз ичига олади:

сотув, фойда, маҳсулотни ишлаб чиқариш, бозордаги улуш, унумдорлик, инвестициялардан олинадиган даромадлар ёки қувватлардан фойдаланишнинг амалда ва потенциал қисқариши;

Ўзбекистон Республикасининг ички бозори нархларига таъсир кўрсатувчи омиллар;

демпинг маржаси миқдори;

пул оқимлари ҳаракатига, товар захиралари, иш билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатлари, инвестицияларни жалб этиш имкониятига амалдаги ёки потенциал салбий таъсир.


52. Демпинг нархлари бўйича товар импортининг таъсири, агар мавжуд маълумотлар ишлаб чиқариш жараёни, ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиш ва фойда сингари мезонлар асосида мазкур ишлаб чиқаришни ажратиб кўрсатиш имконини берса ўхшаш товарнинг мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқаришга нисбати бўйича баҳоланади. Агар мавжуд маълумотлар ўхшаш товарни ишлаб чиқаришни ажратиб кўрсатиш имконини бермаса, у ҳолда демпинг нархлари бўйича товар импортининг таъсири улар бўйича зарур ахборот мавжуд бўлган ўхшаш товарни ўз ичига оладиган товарларнинг энг тор гуруҳи ёки товарлар номенклатурасини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқаришга нисбатан баҳоланади.


53. Демпинг нархлари бўйича товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлаш ваколатли орган ихтиёрида мавжуд бўлган ишга тегишли барча исботлар ва ахборотни ўрганиб чиқишга асосланиши керак.

Ваколатли орган айни бир даврда иқтисодиёт тармоғига зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказилиши хавфини туғдираётган демпинг нархлари бўйича товар импортидан ташқари ҳар қандай бошқа маълум бўлган омилларни ўрганади. Ушбу омиллар натижасида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказилиши хавфи ваколатли орган томонидан демпинг нархлари бўйича товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфига тегишли деб ҳисобланмаслиги керак.


54. Иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилишини аниқлашда ваколатли орган мазкур Низомнинг 51-бандида санаб ўтилган омилларга қўшимча равишда, жумладан, қуйидаги омилларни аниқлаши керак:

бундай импортнинг бундан кейин кўпайишининг реал имкониятидан далолат берувчи демпинг нархлари бўйича товар импортининг ўсиш суръатлари;

товарни экспорт қилувчида етарлича экспорт имкониятлари мавжудлиги ёки бошқа экспорт бозорларининг мазкур товарнинг исталган қўшимча экспортини ютиб юбориш имконияти ҳисобга олинган ҳолда демпинг нархлари бўйича мазкур товар импорти кўпайишининг реал имкониятларидан далолат берувчи улар кўпайишини қайтариб бўлмаслигининг аёнлиги;

Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товарга нархнинг пасайишига ёки тўхтатиб турилишига ҳамда демпинг нархлари бўйича импорт мавзуси ҳисобланган товарга талабнинг янада ўсишига олиб келиши мумкин бўлган товар нархлари даражаси;

унга нисбатан текшириш ўтказилаётган товар захиралари.

Иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисидаги қарор, агар юқорида кўрсатиб ўтилган омилларни жамлаган ҳолда ўрганиб чиқиш натижалари бўйича текшириш давомида ваколатли орган демпинг нархлари бўйича товар импорти давом этишини қайтариб бўлмаслиги ва антидемпинг божлар қўлланилмаган тақдирда бундай импортнинг иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши тўғрисидаги хулосага келса қабул қилинади.



VI. АНТИДЕМПИНГ БОЖЛАРИ ҚЎЛЛАНИШИДАН

ОЛДИН ТЕКШИРИШ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


55. Текшириш бошланиши тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ваколатли орган унга маълум бўлган текшириш объекти ҳисобланган товарнинг хорижий экспорт қилувчиси ва (ёки) ишлаб чиқарувчиларига саволлар рўйхатини юборади, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларни бундай шахсларнинг фикрига кўра ўтказилаётган текширишга алоқадор бўлган барча исботларни ёзма шаклда тақдим этиш имконияти ҳақида хабардор қилади.

Чет тилда тузилган текшириш мавзусига тегишли бўлган материаллар ва ахборотга тасдиқланган таржима илова қилиниши керак.

Текшириш объекти ҳисобланган, саволларнинг кўрсатиб ўтилган рўйхатини олган хорижий экспорт қилувчилар ва (ёки) товарни ишлаб чиқарувчилар улар бундай рўйхатни олган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида ваколатли органга ўз жавобларини тақдим этишлари керак. Текшириш объекти ҳисобланган хорижий экспорт қилувчилар ва (ёки) товарни ишлаб чиқарувчиларнинг сабаблари кўрсатилган ёзма шаклда баён қилинган илтимосига кўра ушбу муддат ваколатли орган томонидан, агар бундай узайтириш текширишнинг боришини бузмаса, 5 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Мазкур банднинг мақсадлари учун билдиришнома ва саволлар рўйхати текшириш объекти ҳисобланган хорижий экспорт қилувчилар ва (ёки) товарни ишлаб чиқарувчилар томонидан, шунингдек бошқа манфаатдор шахслар томонидан почта орқали жўнатилган кундан бошлаб 7 календарь кундан кейин ёки уларнинг экспорт қилувчи мамлакат ва (ёки) товарнинг келиб чиқиши мамлакати дипломатик ваколатхонасига берилган кундан бошлаб олинган деб ҳисобланади.

Саволлар рўйхатига жавоб, агар у мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган 30 кунлик муддат тамом бўлган кундан ёки уни узайтириш муддати тамом бўлган кундан бошлаб 7 календарь кундан кечикмай ваколатли органга тушса ваколатли орган томонидан олинган деб ҳисобланади.

Бир манфаатдор шахс томонидан текшириш мавзуси бўйича исбот сифатида ёзма шаклда тақдим этилган ахборот ваколатли орган томонидан мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда бошқа манфаатдор шахсларнинг ёзма илтимосига кўра уларнинг танишиши учун тақдим этилади.


56. Текшириш бошланиши тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ваколатли орган ариза нусхасини (агар аризада махфий ахборот мавжуд бўлмаса) ёки бундай аризанинг махфий бўлмаган версияси нусхасини унга маълум бўлган манфаатдор шахсларга, шунингдек текшириш ўтказилиши муносабати билан уларнинг манфаатига дахл қилинган бошқа манфаатдор шахсларга уларнинг ёзма илтимоси бўйича тақдим этади.


57. Манфаатдор шахсларнинг ёзма шаклда баён қилинган илтимоси асосида ваколатли орган барча манфаатдор шахсларга текшириш мавзуси тўғрисида қарама-қарши нуқтаи назарга эга бўлган манфаатдор шахслар билан учрашиш ва ўтказилаётган текшириш муносабати билан ўз исботлари ва мулоҳазаларини тақдим этиш имкониятини беради. Манфаатдор шахсларга мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда ўтказилаётган текшириш муносабати билан ўз исботлари ва мулоҳазаларини тақдим этиш имконияти берилади. Ваколатли органнинг вакиллари манфаатдор шахсларнинг бундай учрашувларида қатнашишга ҳақлидир.


58. Текшириш давомида манфаатдор шахслар ахборотни оғзаки шаклда тақдим этишга ҳақлидир.

Ваколатли орган фақат манфаатдор шахслар томонидан оғзаки шаклда тақдим этилган ахборотни ҳисобга олади, ушбу ахборот текшириш давомида ушбу шахслар томонидан ёзма шаклда тақдим этилиши ва мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда бошқа манфаатдор шахсларга тақдим этилиши мумкин.


59. Текшириш ўтказиш давомида ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни текшириш мақсадлари учун зарур бўлган сўров олинган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида бундай ахборот олиниши манбаини кўрсатган ҳолда ваколатли орган сўрашга, манфаатли шахслар эса тақдим этишга ҳақлидир.


60. Ваколатли орган манфаатдор шахсларга уларнинг ёзма илтимосига кўра текширишга алоқадор бўлган ва мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ҳисобланмаган текшириш давомида унинг томонидан фойдаланиладиган барча ахборот билан танишиш имкониятини беради.


61. Текшириш давомида тақдим этилган ахборотни текшириш ёки ўтказилаётган текшириш муносабати билан қўшимча маълумотлар олиш мақсадида ваколатли орган, зарурият бўлганда, мазкур хорижий давлатнинг ваколатли органи билан келишув бўйича хорижий давлат ҳудудида текшириш ўтказиши мумкин.


62. Текшириш давомида тақдим этилган ахборотни текшириш ёки ўтказилаётган текшириш муносабати билан қўшимча маълумотлар олиш мақсадида ваколатли орган текшириш объекти ҳисобланган товарниннг мамлакатимиздаги импорт қилувчилари жойлашган жойга ёки ўхшаш товарнинг мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилари жойлашган жойга боришга, манфаатдор шахслар билан маслаҳатлашувлар ва музокаралар олиб боришга, текшириш объекти ҳисобланган товарнинг намуналари билан танишишга ва текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир.


63. Манфаатдор шахс текшириш ўтказиш мақсадлари учун ваколатли органнинг зарур бўлган ахборот билан танишишини рад этган ёки бундай ахборотни мазкур Низомнинг 59-бандида кўрсатилган муддатда тақдим этмаган ҳолларда текшириш натижалари бўйича дастлабки ва узил-кесил хулосалар ваколатли орган томонидан унинг ихтиёридаги мавжуд ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.


64. Мазкур товардан ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган текшириш объекти ҳисобланган товарнинг истеъмолчилари ва истеъмолчилар жамоат ташкилоти вакиллари мазкур товар одатда чакана савдода сотилган ҳолларда ўтказилаётган текширишга алоқадор бўлган ахборотни тақдим этишга ҳақлидир.


65. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар текшириш ўтказилишига ёрдам беришлари ва ваколатли органнинг сўрови бўйича текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни тақдим этишлари керак.


66. Агар текшириш бошланиши санасидан бевосита олдинги 2 календарь йил мобайнида аризани қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Республикасининг бир ишлаб чиқарувчисига ўхшаш товарни миллий ишлаб чиқаришнинг 35 фоизидан ортиғи тўғри келса ёки текшириш объекти ҳисобланган товар импортининг умумий ҳажми Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товарни сотиш умумий ҳажмининг 25 фоизидан камни ташкил этса, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг антидемпинг бож таъсирининг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги рақобатга оқибатлари тўғрисида хулосасини сўраши мумкин. Бундай хулоса Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколатли органнинг сўрови тушган кундан бошлаб мазкур Низомнинг 8-бандида санаб ўтилган материаллар илова қилинган ҳолда 30 календарь кун мобайнида тақдим этилиши керак.

67. Ваколатли орган томонидан ўтказилган текшириш натижалари бўйича хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилгунга қадар ваколатли орган ўзига маълум бўлган манфаатдор шахсларни мазкур таклифларни тайёрлашга асос бўлган асосий далиллар тўғрисида хабардор қилади.


68. Ваколатли орган, қоидага кўра, текшириш объекти ҳисобланган маълум бўлган ҳар бир хорижга экспорт қилувчи ёки товарнинг хорижий ишлаб чиқарувчисига нисбатан индивидуал демпинг маржасини аниқлайди.

Текшириш объекти ҳисобланган экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар, товарни импорт қилувчилар ёки текшириш билан қамраб олинган товарлар турлари индивидуал демпинг маржасини аниқлаш имконини бермайдиган даражада кўп бўлганда, ваколатли орган индивидуал демпинг маржасини аниқлашни чеклаши ёхуд ўрганиш пайтида ўзи эга бўлган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда манфаатдор шахслар ёхуд товарлар сонини мақбултириши ёхуд мазкур давлатдан экспорт ҳажми улушини энг кўп қилиши мумкин. Мазкур банднинг мақсадлари учун текшириш объекти ҳисобланган экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчиларни ёки товарлар турларини танлаш, тегишли экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар ёки импорт қилувчиларнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда, улар билан маслаҳатлашиш асосида амалга оширилади.

Ваколатли орган мазкур банд қоидаларига мувофиқ текширишни чеклаган ҳолларда, у, шунга қарамай, дастлаб танланмаган, бироқ зарур ахборотни текшириш давомида кўриб чиқиш учун ушбу ахборот қабул қилинадиган муддатда тақдим этган хорижий давлатнинг ҳар қандай экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчиси учун индивидуал демпинг маржасини аниқлайди.


69. Ваколатли орган хорижий давлатнинг экспорт қилувчилари ёки ишлаб чиқарувчилари сони индивидуал демпинг маржасини аниқлаш имконини бермайдиган ва текширишни ўз вақтида тугаллашга халақит берадиган даражада кўп бўлган ҳолларда текшириш объекти ҳисобланган маълум бўлган барча хорижий экспорт қилувчилар ёки товарнинг хорижий ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ягона демпинг маржасини белгилайди.


70. Агар бир неча хорижий давлатлардан бирор-бир товарнинг демпинг нархлари бўйича импортга нисбатан бир неча текшириш бир вақтнинг ўзида ўтказилаётган бўлса, бундай текширишлар ваколатли орган томонидан бир текширишга бирлаштирилиши мумкин. Бунда ҳар бир хорижий давлатдан бундай товар импортига нисбатан аниқланган демпинг маржаси энг кам йўл қўйиладиган демпинг маржасидан кўп бўлиши, ҳар бир хорижий давлатдан демпинг нархлари бўйича мазкур товар импорти ҳажми эса мазкур Низомнинг 73-банди иккинчи хатбоши қоидалари ҳисобга олинган ҳолда кам бўлмаслиги шарт.


71. Текшириш ўтказиш муддати текшириш бошланган санадан бошлаб ўн икки ойдан ошмаслиги керак. Фавқулодда ҳолларда кўрсатиб ўтилган муддат ваколатли органнинг қарорига кўра, бироқ 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Ўтказилган текшириш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этилган кунда текшириш тугалланган ҳисобланади.


72. Агар ваколатли орган аризани кўриб чиқиш пайтида ёхуд демпинг нархлари бўйича товар импорти исботи йўқлигига ёхуд бундан келиб чиққан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлигига ишонч ҳосил қилса ариза рад этилади.


73. Агар ваколатли орган демпинг маржаси экспорт нархининг 2 фоизидан камни ташкил этганлигини ёки демпинг нархлари бўйича товарнинг ҳақиқий ёки потенциал импорти ҳажми ёхуд бундай импорт билан боғлиқ бўлган иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфи унча кўп эмаслигини аниқласа текшириш дарҳол тўхтатилади.

Агар бундай импорт ҳажми ўхшаш товарларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти умумий ҳажмининг 3 фоизидан камни ташкил этса муайян хорижий давлатдан демпинг нархлари бўйича товар импорти ҳажми унча кўп ҳисобланмайди. Бунда товарнинг демпинг импорти индивидуал улуши ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш умумий ҳажмининг 3 фоизидан камни ташкил этадиган хорижий давлатларга жами ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш умумий ҳажмининг кўпи билан 7 фоизи тўғри келиши шарт.


74. Текшириш ўтказиш текшириш объекти ҳисобланган товарнинг божхона расмийлаштирувига ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига чиқарилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.



VII. АНТИДЕМПИНГ БОЖЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШ


75. Экспорт қилувчидан нарх қайта кўриб чиқилиши ёки товарнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига унинг нормал қийматидан паст нарх бўйича (нархлар бўйича мажбурият) экспорти тўхтатилиши тўғрисида ихтиёрий мажбуриятлар олинган бўлса, агар бундай мажбуриятларни ўрганиб чиқиш натижасида ваколатли орган бундай мажбуриятлар қабул қилиниши иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфи бартараф этилишини аниқласа текшириш антидемпинг божлари ёки муваққат антидемпинг божлари қўлланмасдан ваколатли органнинг қарори билан тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин.

Товарга нархлар даражаси нархлар бўйича мажбуриятларга мувофиқ бу демпинг маржасини бартараф этиш учун зарур бўлганидан юқори бўлиши мумкин эмас. Агар бундай ошириш иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун етарли бўлса товарга нархларнинг оширилиши демпинг маржасидан кам бўлиши мумкин.

Агар хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш бўйича мажбуриятлар қабул қилинса текшириш ваколатли орган томонидан тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин.


76. Ваколатли орган томонидан демпинг нархлари бўйича товар импорти мавжудлиги ва бундай импорт муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида дастлабки хулоса чиқарилмагунга қадар нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчи томонидан қабул қилинмайди.

Агар текшириш объекти ҳисобланган товарнинг реал ёки потенциал экспорт қилувчилари сони кўплиги муносабати билан ёки умумдавлат сиёсати манфаатлари билан боғлиқ сабабларга кўра ваколатли орган бундай мажбуриятлар қабул қилинишини амалга ошириб бўлмайди деб ҳисобласа нархлар бўйича мажбуриятлар қабул қилинмайди. Бундай ҳолатда ваколатли орган экспорт қилувчиларга ушбу экспорт қилувчиларнинг мажбуриятларини қабул қилиб бўлмаслигининг сабабларини маълум қилади ва экспорт қилувчиларга уларнинг мажбуриятлари қабул қилинмаслиги муносабати билан ўз мулоҳазаларини билдириш имкониятини беради.


77. Экспорт қилувчи томонидан нархлар бўйича мажбуриятлар қабул қилинган тақдирда текшириш унинг илтимосномаси ёки ваколатли органнинг қарори бўйича давом эттирилиши мумкин. Агар текшириш натижаларига кўра демпинг нархлари бўйича товар импорти ёки бундай импорт оқибатида жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилса, нархлар бўйича мажбуриятлар ўз кучини йўқотади, чиқарилган хулоса кўп даражада нархлар бўйича мажбуриятлар мавжудлиги натижаси ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда кўрсатиб ўтилган мажбуриятлар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган муддат мобайнида ўз кучида қолади. Агар текшириш натижалари бўйича ваколатли орган демпинг нархлари бўйича товар импорти ёки бундай импорт муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида хулоса чиқарган тақдирда, экспорт қилувчилар томонидан қабул қилинган нархлар бўйича мажбуриятлар бундай мажбуриятлар шартларига мувофиқ амал қилишда давом этади.


78. Ваколатли орган нархлар бўйича мажбуриятлари қабул қилинган экспорт қилувчидан мазкур экспорт қилувчи томонидан бундай мажбуриятлар бажарилишига тегишли бўлган ахборотни, шунингдек ушбу ахборотни текширишга розиликни сўрашга ҳақлидир. Сўралаётган ахборотнинг тақдим этилмаслиги қабул қилинган мажбуриятларнинг экспорт қилувчи томонидан бузилиши деб ҳисобланади.


79. Нархлар бўйича мажбуриятлар экспорт қилувчи томонидан бузилган ёки чақириб олинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси антидемпинг божини ёки муваққат антидемпинг божини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


80. Антидемпинг божи демпинг нархлари бўйича импорт мавзуси ҳисобланган ва иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказилиши хавфини солаётган товарнинг барча экспорт қилувчилар томонидан етказиб берилишига нисбатан антидемпинг божи адвалор ёки махсус бож тарзида қўлланади, улар томонидан мазкур Низомнинг 75-79-моддалари қоидаларига мувофиқ мажбуриятлар қабул қилинган экспортчилар товари бундан мустасно.

Антидемпинг божи ставкаси демпинг маржаси миқдоридан ортиқ бўлмаслиги керак.


81. Мазкур Низомнинг 68-банди қоидаларига мувофиқ ваколатли орган томонидан индивидуал демпинг маржасини аниқлашда антидемпинг божи демпинг нархлари бўйича товар импорти мавзуси ҳисобланган товарнинг ҳар бир маълум бўлган хорижий экспортчиси ёки хорижий ишлаб чиқарувчисига нисбатан индивидуал асосда қўлланади.

Мазкур Низомнинг 69-банди қоидаларига мувофиқ ваколатли орган томонидан ягона демпинг маржасини аниқлашда антидемпинг божи демпинг нархлари бўйича товар импорти мавзуси ҳисобланган товарнинг ҳар бир маълум бўлган хорижий экспортчиси ёки хорижий ишлаб чиқарувчисига нисбатан камситмаслик асосида қўлланади.


82. Антидемпинг божи иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфини солаётган демпингга қаршилик қилиш учун зарур бўлган миқдорда ва муддатда қўлланади.


83. Антидемпинг божининг амал қилиш муддати уни қўлланиш бошланган ёки демпинг нархларидаги товар импорти нуқтаи назаридан ҳам, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги нуқтаи назаридан ҳам охирги марта қайта кўриб чиқилган пайтдан эътиборан беш йилдан ошмаслиги лозим, антидемпинг божининг амал қилиш муддати тугагунга қадар бошланган қайта кўриб чиқиш жараёнида антидемпинг божининг амал қилишини тугатиш демпинг нархларидаги товар импортининг ва иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг давом этишига ёки тикланишига олиб келиши ваколатли орган томонидан аниқланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда антидемпинг божи қайта кўриб чиқиш учун асос бўлган такрорий текширув натижалари олингунга қадар қўлланаверади.

Антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув ваколатли органнинг ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг сўровига кўра улар антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тасдиқловчи ахборотни тақдим этганларидан кейин амалга оширилади. Антидемпинг божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув шу текширувни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн икки ой мобайнида тугалланиши керак.

Антидемпинг божини қўлланишни давом эттириш ёки бундай божнинг ставкасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, такрорий текширув натижаларига биноан ваколатли органнинг хулосаси асосида аниқланади.


84. Алоҳида ҳолларда, лекин текширув бошланганидан кейин камида олтмиш календарь кун ўтгач, агар текширув тугаллангунга қадар олинган маълумот товар демпинг нархларида импорт қилинаётганлигидан ва бундай товар импортидан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилаётганлигидан ёки жиддий зарар етказилиши хавфи борлигидан далолат берса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат антидемпинг божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


85. Вақтинчалик антидемпинг божи ставкаси дастлаб ҳисоблаб чиқилган демпинг маржаси миқдоридан ортиқ бўлмаслиги керак.


86. Агар муваққат антидемпинг божи ставкаси дастлаб ҳисоблаб чиқилган демпинг маржаси миқдорига тенг бўлса, у ҳолда вақтинчалик антидемпинг божининг амал қилиш муддати тўрт ойдан ортиқ бўлмаслиги керак, муваққат антидемпинг божи амал қилишининг ушбу муддати мазкур товарнинг Ўзбекистон Республикасига экспортининг анча қисмини етказиб берадиган экспорт қилувчиларнинг илтимоси асосида 6 ойгача узайтирилиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Агар муваққат антидемпинг божи ставкаси дастлаб ҳисоблаб чиқилган демпинг маржасидан кам бўлса, у ҳолда муваққат антидемпинг божининг амал қилиш муддати 6 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак, муваққат антидемпинг божи амал қилишининг ушбу муддати мазкур товарнинг Ўзбекистон Республикасига экспортининг анча қисмини етказиб берадиган экспорт қилувчиларнинг илтимоси асосида 9 ойгача узайтирилиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.


87. Агар демпинг нархларидаги товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаётганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги текширув натижаларига кўра ваколатли орган томонидан аниқланган бўлса, тўланган муваққат антидемпинг божи суммаси тўловчига қонун ҳужжатларида божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак. Агар антидемпинг божи муваққат антидемпинг божидан кам миқдорда жорий этилган бўлса, орадаги фарқ тўловчига қонун ҳужжатларида божларни қайтариш учун белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак. Агар антидемпинг божи муваққат антидемпинг божидан кўп миқдорда жорий этилган бўлса орадаги фарқ тўловчидан ундирилмайди.



VIII. ИМПОРТ ҚИЛИНАДИГАН ТОВАРНИНГ

СУБСИДИЯ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАНЛИГИНИ

ВА ЗАРАР МАВЖУДЛИГИНИ АНИҚЛАШ


88. Компенсация божи агар субсидия махсус бўлса субсидия билан таъминланган товар импортига нисбатан қўлланиши мумкин.

Агар субсидия билан таъминлайдиган орган ёки унинг асосида субсидия билан таъминлайдиган орган иш кўрадиган қонунчилик субсидиядан фақат аниқ корхоналарнинг фойдаланилишини чекласа субсидия махсус ҳисобланади. Мазкур Низомнинг мақсадлари учун аниқ бир ишлаб чиқарувчи ва (ёки) экспорт қилувчи ёки хорижий давлат иқтисодиётининг аниқ тармоғи ёхуд ишлаб чиқарувчилар гуруҳи (иттифоқ, бирлашма) ва (ёки) хорижий давлат иқтисодиётининг экспорт қилувчилари ёки тармоқлари аниқ корхоналар ҳисобланади.


89. Агар субсидия билан таъминлайдиган орган ёки субсидия билан таъминлайдиган орган иш кўришига асос бўладиган қонун ҳужжатлари субсидияни ўз-ўзидан олиш ҳуқуқини (шу жумладан ишлаб чиқаришда банд бўлганлар сонига, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ равишда) белгилайдиган холис мезонлар ёки шартларни ҳамда бундай мезонлар ва шартларга қатъий риоя қилинган ҳолда унинг миқдорини аниқласа субсидия махсус ҳисобланмайди.


90. Агар мазкур Низомнинг 88-89-бандларига мувофиқ субсидиянинг специфик эмаслиги кўриниб турганлигига қарамай субсидия махсус ҳисобланишини тахмин қилишга асос мавжуд бўлса, бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади. Қуйидагилар бундай омилларга тегишлидир: аниқ корхоналарнинг чекланган сони билан субсидия билан таъминлаш дастуридан фойдаланиш, аниқ корхоналар томонидан субсидия билан таъминлаш дастуридан устун даражада фойдаланилиши, айрим корхоналарга субсидияларнинг номутаносиб катта суммалари берилиши, субсидия билан таъминловчи орган томонидан аниқ корхоналарга субсидия берилишининг имтиёзли (преференциал) усули танланиши.

Фойдаланилиши субсидия билан таъминловчи органнинг юрисдикцияси остида белгиланган жуғрофий минтақада жойлашган аниқ корхоналар билан чекланган субсидия махсус субсидиялар ҳисобланади.

Агар:

субсидия экспорт натижалари билан қонун бўйича боғлиқ бўлса ёки амалда ягона ёки бир неча шартларидан бири сифатида боғлиқ бўлса ҳар қандай субсидия махсус ҳисобланади. Агар юридик жиҳатдан экспорт натижалари билан боғлиқ бўлмаган субсидия бериш амалда юз берган ёки келажакда бўлиши мумкин бўлган экспорт билан ёки амалиётдаги экспорт тушуми билан боғлиқ бўлса субсидия экспорт натижалари билан амалда боғлиқ бўлган деб ҳисобланади; ёки

субсидия импорт ўрнига мамлакат товарларидан фойдаланиш билан қонун бўйича боғлиқ бўлса ёки ягона ёки амалда бир неча шартлардан бири сифатида боғлиқ бўлса ҳар қандай субсидия махсус субсидия ҳисобланади.


91. Субсидия миқдори субсидия билан таъминлашга нисбатан ўтказилаётган текшириш даври мобайнида субсидия олувчига берилган имтиёздан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Қоидага кўра, мазкур давр учун субсидия олувчининг охирги ҳисобот йили қабул қилинади, бироқ бу ишга тегишли бўлган ишончли молиявий маълумотлар ва бошқа маълумотлар мавжуд бўлган текшириш бошлангунгача исталган бошқа камида 6 ойлик давр бўлиши мумкин.

Ваколатли орган томонидан субсидия олувчига берилган имтиёз сифатида субсидия миқдорини ҳисоблаб чиқишда қуйидаги принциплар эътиборга олиниши керак:

хорижий давлатнинг корхонанинг устав сармоясида иштирок этишига, агар инвестициялар тўғрисидаги қарор мазкур хорижий давлат ҳудудида хусусий инвесторларнинг одатдаги инвестиция амалиётига жавоб бермайдиган сифатида баҳоланиши мумкин бўлмаса, имтиёз берилиши сифатида қаралмайди;

хорижий давлат томонидан берилган кредитга имтиёз берилиши сифатида қаралмайди, кредит олувчи корхона хорижий давлат томонидан берилган кредит бўйича тўлайдиган сумма билан корхона амалда бозорда олиши мумкин бўлган қиёсланадиган тижорат кредити учун тўлаши мумкин бўлган сумма ўртасида тафовут мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолда ушбу икки сумма ўртасидаги тафовут имтиёз деб ҳисобланади;

кредитнинг хорижий давлат томонидан кафолатланишига имтиёз берилиши сифатида қаралмайди, кредит олувчи корхона хорижий давлат томонидан кафолатланган кредит учун тўлайдиган сумма билан у хорижий давлатнинг кафолатисиз қиёсланадиган тижорат кредити учун тўлаши мумкин бўлган сумма ўртасида тафовут мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолда воситачилик ҳақидаги тафовутга тузатиш киритилган ҳолда икки сумма ўртасидаги тафовут имтиёз деб ҳисобланади;

хорижий давлат томонидан товарлар етказиб берилиши ёки хизматлар кўрсатилишига ёхуд товарлар харид қилинишига имтиёз сифатида қаралмайди, етказиб бериш муқобилдан кам ҳақ эвазига амалга оширилган ёхуд харид қилиш муқобилдан ортиқ бўлган ҳақ эвазига амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно. Ҳақ тўлашнинг муқобиллиги етказиб бериш ёки харид қилиш мамлакатидаги мазкур товарлар ёки хизматлар учун мавжуд бозор шартлари билан белгиланади (шу жумладан нарх, сифат, фойдаланиш мумкинлиги, тез сотиш имконияти, транспортда ташиш ва харид қилиш ёки сотишнинг бошқа шартлари).


92. Субсидия миқдорини белгилашда субсидиянинг умумий суммасидан қуйидаги элементлар чиқариб ташланади:

ариза бериш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тўлов ёки субсидияни аниқлаш ёки олиш учун зарур бўлган бошқа харажатлар;

субсидияни компенсация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида товар экспортига нисбатан қўлланадиган экспорт божлари, солиқлар ва бошқа тўловлар.


93. Агар субсидия қайта ишланган, ишлаб чиқарилган, экспорт қилинган ёки транспортда ташилган товар миқдорига мувофиқ тақдим этилмаса, субсидия миқдори субсидия билан таъминлашни текшириш даври мобайнида кўриб чиқилаётган товарни ишлаб чиқариш, сотиш ёки экспорт қилиш даражасидан тегишли тарзда субсидиянинг умумий қийматини ажратиб олиш йўли билан белгиланади.

Агар субсидия асосий фондларни сотиб олиш ёки кейинчалик сотиб олиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлса, субсидия миқдори субсидияни иқтисодиётнинг тегишли тармоғида ушбу активларнинг реал амортизациясини акс эттирувчи даврга тақсимлаш йўли билан ҳисоблаб чиқилади. Шу тарзда ҳисоблаб чиқилган текшириш даврига тегишли бўлган субсидия миқдори, ушбу давргача сотиб олинган асосий фондлар билан боғлиқ бўлган субсидия миқдори мазкур банднинг биринчи хатбошига мувофиқ ажратиб кўрсатилади.

Агар субсидия асосий фондларни сотиб олиш билан боғлиқ бўлмаса, текшириш даври мобайнида олинган имтиёз суммаси ушбу даврга тегишли бўлади ва мазкур банднинг биринчи хатбошига мувофиқ ажратиб кўрсатилади, уни бошқа даврга тегишли деб топишни оқлайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.


94. Иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги ҳам субсидия билан таъминланган импорт ҳажми ва ушбу импортнинг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги ўхшаш товар нархига таъсири сифатида, ҳам бундай импортнинг ўхшаш товарни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарувчиларга тегишли таъсири сифатида ўрганиб чиқиш натижалари асосида белгиланади.


95. Субсидия билан таъминланган товар импорти ҳажмини ўрганишда ваколатли орган мазкур товар импорти мутлақ ифодада ёхуд ўхшаш товарни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилишга нисбатан кўпайганлиги ёки йўқлигини аниқлайди.

Субсидия билан таъминланган товар импортининг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги ўхшаш товар нархига таъсирини ўрганишда ваколатли орган ўхшаш товарнинг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги нархи билан таққослаганда субсидия билан таъминланган товар импорти таъсири остида анчагина нарх пасайиши бўлган ёки бўлмаганлигини ёки бундай импорт бирор тарзда акс ҳолда юз берган тақдирда нарх анча даражада пасайишига ёки нархнинг ошишига жиддий даражада тўсқинлик қилишига олиб келиши ёки келмаслигини аниқлайди.


96. Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бирор-бир товарнинг биттадан ортиқ хорижий давлатдан импорт қилиниши агар бир вақтда ўтказиладиган текшириш мавзуси бўлса ваколатли орган, агар у (1) мазкур товар бўйича ҳар бир хорижий давлатдаги субсидиянинг миқдори унинг қийматининг бир фоизидан ортиқни ташкил этганлигини, ҳар бир хорижий давлатдан мазкур товар импорти ҳажми эса мазкур Низомнинг 73-банди иккинчи хатбоши қоидалари ҳисобга олинган ҳолда у қадар катта эмас деб ҳисобланишини, ва (2) жамлаш асосида импорт таъсирини баҳолаш импорт товарлар ўртасидаги рақобат шароитлари ва импорт товарлар билан Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товари ўртасидаги рақобат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда мумкин эканлигини аниқлаган тақдирда ваколатли орган бундай импортнинг таъсирини фақат жамлаш асосида баҳолаши мумкин.


97. Субсидия билан таъминланган товар импортининг иқтисодиёт тармоғига таъсирини ўрганиш иқтисодиётнинг мазкур тармоғи ҳолатига таъсир этувчи барча иқтисодий омиллар ва кўрсаткичларни, шу жумладан қуйидагиларни баҳолашни ўз ичига олади:

ишлаб чиқариш, сотув, фойда, бозордаги улуш, унумдорлик, инвестициялардан олинган даромад ёки қувватлардан фойдаланиш ҳажмининг амалда ва потенциал қисқариши;

Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги нархларга таъсир этувчи омиллар;

пул оқимлари ҳаракатига, товар захираларига, иш билан бандликка, иш ҳақига, ишлаб чиқариш ҳақининг ўсишига, инвестицияларни жалб этиш имкониятига амалдаги ёки потенциал салбий таъсир.


98. Субсидия билан таъминланган товар импортининг таъсири, агар мавжуд маълумотлар мазкур ишлаб чиқаришни ишлаб чиқариш жараёни, ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиш ва фойда сингари мезонлар асосида ажратиб кўрсатиш имконини берса ўхшаш товарни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришга нисбатан баҳоланади. Агар мавжуд маълумотлар ўхшаш товарни ишлаб чиқаришни ажратиб кўрсатиш имконини бермаса, у ҳолда субсидия билан таъминланган товар импортининг таъсири улар бўйича зарур ахборот мавжуд бўлган ўхшаш товарни ўз ичига оладиган товарларнинг энг тор гуруҳи ёки товарлар номенклатурасини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришга нисбатан баҳоланади.


99. Субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлигини аниқлаш ваколатли орган ихтиёридаги ишга тегишли барча мавжуд исботлар ва ахборотни ўрганишга асосланиши керак.

Ваколатли орган ўша даврда иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини солаётган субсидия билан таъминланган товар импортидан ташқари маълум бўлган исталган бошқа омилларни ўрганади. Ушбу омиллар оқибатида жиддий зарар ёки жиддий зарар етказиш хавфи ваколатли орган томонидан субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарга ёки жиддий зарар етказилиши хавфига тегишли деб топилиши керак эмас.


100. Иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфини аниқлашда ваколатли орган мазкур Низомнинг 51-бандида санаб ўтилган омилларга қўшимча равишда, жумладан, қуйидаги омилларни баҳолаши керак:

кўриб чиқилаётган субсидия ёки субсидияларнинг хусусияти ва уларнинг савдога таъсир кўрсатиши эҳтимоли;

бундай импортнинг кейинчалик аниқ кўпайиши имкониятидан далолат берувчи субсидия билан таъминланган товар импортининг ўсиш суръатлари;

товарни экспорт қилувчида етарлича экспорт имкониятлари мавжудлиги ёки мазкур товарнинг ҳар қандай қўшимча экспортини бошқа экспорт бозорлари ютиб юбориши эҳтимоли ҳисобга олинган ҳолда мазкур субсидия билан таъминланган товар импорти кўпайишининг аниқ имкониятларидан далолат берувчи улар кўпайишининг муқаррар қайтариб бўлмаслиги;

Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товарга нархлар пасайишига ёки тўхтатиб турилишига ҳамда демпинг нархлари бўйича импорт мавзуси ҳисобланган товарга талабнинг янада ўсишига олиб келиши мумкин бўлган товарга бўлган нархлар даражаси;

уларга нисбатан текшириш ўтказилаётган товар захиралари.

Иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисидаги қарор, агар текшириш давомида юқорида кўрсатиб ўтилган омиллар жамланган ҳолда ўрганилиши натижалари бўйича ваколатли орган компенсация божлари қўлланилмаган тақдирда субсидия билан таъминланган товар импорти давом этишини қайтариб бўлмаслиги ва бундай импорт билан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши тўғрисидаги хулосага келса, қабул қилинади.



IX. КОМПЕНСАЦИЯ БОЖЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШДАН

ОЛДИН ТЕКШИРИШ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


101. Ариза кўриб чиқиш учун қабул қилингандан кейин ва текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ваколатли орган унга нисбатан компенсация божи жорий этиш таклиф этилаётган товар экспорт қилинадиган хорижий давлатнинг ваколатли органига хорижий давлатнинг тахмин қилинаётган махсус субсидияси мавжудлиги, миқдори ва оқибатларига нисбатан вазиятни аниқлаштириш ва ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида маслаҳатлашув ўтказишни таклиф қилиши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар текшириш мобайнида ҳам давом этиши мумкин.

Хорижий давлатнинг ваколатли органига хорижий давлатнинг тахмин қилинаётган махсус субсидияси мавжудлиги, миқдори ва оқибатларига нисбатан вазиятни аниқлаштириш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказилиши ваколатли орган томонидан текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинишига, шунингдек текшириш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан дастлабки ёки узил-кесил хулосалар чиқарилишига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан компенсация чоралари қўлланиши тўғрисида қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилмайди.


102. Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ваколатли орган ўзига маълум бўлган текшириш объекти ҳисобланган товарнинг хорижга экспорт қилувчилари ва (ёки) ишлаб чиқарувчиларига ҳамда манфаатдор хорижий давлатга саволлар рўйхатини юборади, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларни, бундай шахсларнинг фикрига кўра ўтказиладиган текширишга дахлдор бўлган барча исботларни ёзма шаклда тақдим этиш имконияти тўғрисида маълум қилади.

Чет тилда тузилган текшириш мавзусига тегишли бўлган материал ва ахборотга тасдиқланган таржима илова қилиниши керак.

Текшириш объекти ҳисобланган товарнинг кўрсатиб ўтилган саволлар рўйхатини олган хорижий экспорт қилувчилари ва (ёки) ишлаб чиқарувчилари бундай рўйхат улар томонидан олинган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида ўз жавобларини ваколатли органга тақдим этишлари керак. Текшириш объекти ҳисобланган товарнинг хорижий экспорт қилувчилари ва (ёки) ишлаб чиқарувчиларининг ёзма шаклда баён қилинган асосланган илтимоси бўйича мазкур муддат ваколатли орган томонидан узайтирилиши, бироқ агар бундай узайтириш текширишнинг боришини бузмаса, 5 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Мазкур банднинг мақсадлари учун билдиришномалар ва саволлар рўйхати улар почта орқали юборилган кундан ёки уларнинг экспорт қилувчи мамлакат ва (ёки) товар келиб чиққан мамлакатнинг дипломатик ваколатхонасига берилиши кунидан бошлаб 7 календарь кундан кейин текшириш объекти ҳисобланган товарнинг хорижий экспорт қилувчилари ва (ёки) ишлаб чиқарувчилари, шунингдек манфаатдор шахслар томонидан олинган деб ҳисобланади.

Саволлар рўйхатига жавоб ваколатли орган томонидан, агар у мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган 30 кунлик муддат тамом бўлган кундан бошлаб ёки уни узайтириш муддати тамом бўлган кундан бошлаб 7 календарь кундан кечикмай ваколатли органга тушса олинган деб ҳисобланади.

Бир манфаатдор шахс томонидан текшириш мавзуси бўйича исботлар сифатида ёзма шаклда тақдим этилган ахборот ваколатли орган томонидан мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда бошқа манфаатдор шахсларнинг ёзма илтимосига кўра уларнинг танишиши учун тақдим этилади.


103. Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ваколатли орган ариза нусхасини (агар аризада махфий ахборот мавжуд бўлмаса) ёки бундай аризанинг махфий бўлмаган версияси нусхасини унга маълум бўлган манфаатдор шахсларнинг, шунингдек ўтказилаётган текшириш муносабати билан манфаатларига дахлдор бошқа манфаатдор шахсларнинг ёзма илтимоси бўйича уларга тақдим этади.


104. Текшириш давомида манфаатдор шахслар ахборотни оғзаки шаклда тақдим этишга ҳақлидир.

Ваколатли орган фақат манфаатдор шахслар томонидан оғзаки шаклда тақдим этилган ахборотни ҳисобга олади, ушбу ахборот текшириш давомида ушбу шахслар томонидан ёзма шаклда тақдим этилиши ва мазкур Низомнинг XI бўлимига мувофиқ махфий ахборотни ҳимоя қилиш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда бошқа манфаатдор шахсларга тақдим этилиши мумкин.


105. Текширишни ўтказиш давомида ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни текшириш мақсадлари учун зарур бўлган сўров олинган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида бундай ахборот олиниши манбаини кўрсатган ҳолда ваколатли орган сўрашга, манфаатли шахслар эса тақдим этишга ҳақлидир.


106. Ваколатли орган манфаатдор шахсларга уларнинг ёзма илтимосига кўра текширишга алоқадор бўлган текшириш давомида ўзи фойдаланадиган ва махфий ҳисобланмаган барча ахборотлар билан танишиш имкониятини беради.


107. Текшириш давомида тақдим этилган ахборотни текшириш ёки ўтказилаётган текшириш муносабати билан қўшимча маълумотлар олиш мақсадида ваколатли орган, зарурият бўлганда, мазкур хорижий давлатнинг ваколатли органи билан келишув бўйича хорижий давлат ҳудудида текшириш ўтказиши мумкин.


108. Текшириш давомида тақдим этилган ахборотни текшириш ёки ўтказилаётган текшириш муносабати билан қўшимча маълумотлар олиш мақсадида ваколатли орган текшириш объекти ҳисобланган товарниннг мамлакатимиздаги импорт қилувчилари жойлашган жойга ёки ўхшаш товарнинг мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилари жойлашган жойга боришга, манфаатдор шахслар билан маслаҳатлашувлар ва музокаралар олиб боришга, текшириш объекти ҳисобланган товарнинг намуналари билан танишишга, текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир.


109. Манфаатдор шахс текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ахборот билан танишишни ваколатли органга рад этган ёки бундай ахборотни мазкур Низомнинг 105-бандида кўрсатилган муддатда тақдим этмаган ҳолларда текшириш натижалари бўйича дастлабки ва узил-кесил хулосалар ваколатли орган томонидан унинг ихтиёридаги мавжуд ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.


110. Мазкур товардан ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган текшириш объекти ҳисобланган товарнинг истеъмолчилари ва истеъмолчилар жамоат ташкилоти вакиллари мазкур товар одатда чакана савдода сотилган ҳолларда ўтказилаётган текширишга алоқадор бўлган ахборотни тақдим этишга ҳақлидир.


111. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар текшириш ўтказилишига ёрдам беришлари ва ваколатли органнинг сўрови бўйича текшириш ўтказиш мақсадлари учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан махфий ахборотни тақдим этишлари керак.


112. Агар текшириш бошланиши санасидан бевосита олдинги 2 календарь йил мобайнида аризани қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Республикасининг бир ишлаб чиқарувчисига ўхшаш товарни миллий ишлаб чиқаришнинг 35 фоизидан ортиғи тўғри келса ёки текшириш объекти ҳисобланган товар импортининг умумий ҳажми Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ўхшаш товарни сотиш умумий ҳажмининг 25 фоизидан камни ташкил этса, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг антидемпинг бож таъсирининг Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги рақобатга оқибатлари тўғрисидаги хулосасини сўраши мумкин. Бундай хулоса Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколатли органнинг сўрови тушган кундан бошлаб мазкур Низомнинг 8-бандида санаб ўтилган материаллар илова қилинган ҳолда 30 календарь кун мобайнида тақдим этилиши керак.

Ваколатли орган томонидан ўтказилган текшириш натижалари бўйича хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилгунга қадар ваколатли орган ўзига маълум бўлган манфаатдор шахсларни мазкур таклифларни тайёрлашга асос бўлган асосий далиллар тўғрисида хабардор қилади.


113. Ваколатли орган, қоидага кўра, текшириш объекти ҳисобланган маълум бўлган ҳар бир хорижий экспорт қилувчи ёки товарнинг хорижий ишлаб чиқарувчисига нисбатан субсидиянинг индивидуал миқдорини аниқлайди.

Текшириш объекти ҳисобланган экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар, товарни импорт қилувчилар ёки текшириш билан қамраб олинган товарлар турлари субсидиянинг индивидуал миқдорини аниқлашга имкон бермайдиган даражада кўп бўлган ҳолларда ваколатли орган субсидиянинг индивидуал миқдорини аниқлашни чеклаши ёхуд ўрганиш пайтида ўзи эга бўлган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда манфаатдор шахслар ёхуд товарлар сонини мақбуллаштириши ёхуд мазкур давлатдан экспорт ҳажми улушини энг кўп қилиши мумкин. Мазкур банднинг мақсадлари учун текшириш объекти ҳисобланган экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчиларни ёки товарлар турларини танлаш тегишли экспорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар ёки импорт қилувчиларнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда улар билан маслаҳатлашиш асосида амалга оширилади.

Ваколатли орган мазкур банд қоидаларига мувофиқ текширишни чеклаган ҳолларда, у, шунга қарамай, дастлаб танланмаган, бироқ зарур ахборотни текшириш давомида кўриб чиқиш учун ушбу ахборот қабул қилинадиган муддатда тақдим этган хорижий давлатнинг ҳар қандай экспорт қилувчиси ёки ишлаб чиқарувчиси учун субсидиянинг индивидуал миқдорини аниқлайди.


114. Ваколатли орган хорижий давлатнинг экспорт қилувчилари ёки ишлаб чиқарувчилари сони индивидуал демпинг маржани аниқлашни амалда мумкин қилмайдиган ва текширишни ўз вақтида тугаллашга халақит берадиган даражада кўп бўлган ҳолларда текшириш объекти ҳисобланган барча маълум бўлган хорижий экспорт қилувчилар ёки товарнинг хорижий ишлаб чиқарувчиларига нисбатан субсидиянинг ягона миқдорини белгилайди.


115. Агар бир неча хорижий давлатлардан бирор-бир товарнинг демпинг нархлари бўйича импортга нисбатан бир неча текшириш бир вақтнинг ўзида ўтказилаётган бўлса, бундай текширишлар ваколатли орган томонидан бир текширишга бирлаштирилиши мумкин. Бунда ҳар бир хорижий давлатдан бундай товар импортига нисбатан аниқланган демпинг маржаси энг кам йўл қўйиладиган демпинг маржасидан кўп бўлиши, ҳар бир хорижий давлатдан демпинг нархлари бўйича мазкур товар импорти ҳажми эса мазкур Низомнинг 73-банди иккинчи хатбоши қоидалари ҳисобга олинган ҳолда камроқ бўлмаслиги шарт.


116. Текшириш ўтказиш муддати текшириш бошланган санадан бошлаб ўн икки ойдан ошмаслиги керак. Фавқулодда ҳолларда кўрсатиб ўтилган муддат ваколатли органнинг қарорига кўра, бироқ 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Ўтказилган текшириш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этилган кунда текшириш тугалланган ҳисобланади.


117. Агар ваколатли орган аризани кўриб чиқиш пайтида ёхуд субсидия билан таъминланган товар импорти исботи йўқлигига ёхуд бунинг оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлигига ишонч ҳосил қилса ариза рад этилади.


118. Агар ваколатли орган махсус субсидия миқдорининг энг камлигини аниқласа текшириш тўхтатилади. Агар махсус субсидия миқдори товар қийматининг бир фоизидан камни ташкил қилса, ушбу банд мақсадлари учун махсус субсидия миқдори энг кам ҳисобланади.


119. Текшириш ўтказиш текшириш объекти ҳисобланган товарнинг божхона расмийлаштирувига ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига чиқарилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.



X. КОМПЕНСАЦИЯ БОЖЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИШ


120. Қуйидагилардан:

текшириш объекти ҳисобланган товар экспорт қилинадиган хорижий давлатдан субсидия бекор қилиниши ёки қисқартирилиши ёхуд субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатларини бартараф этиш мақсадларида бошқа муқобил чора-тадбирлар кўрилиши бўйича;

текшириш объекти ҳисобланган товарнинг экспорт қилувчидан экспорт қилувчи орган уларни қабул қилиш иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этадиган тарзда товарга нархлар кўриб чиқилиши тўғрисидаги ихтиёрий мажбуриятлари олингандан кейин текшириш компенсация божлари ёки муваққат компенсация божлари қўлланмасдан ваколатли органнинг қарори билан тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин. Товарга нархлар даражаси нархлар бўйича мажбуриятларга мувофиқ бу субсидия таъсирини бартараф этиш учун зарур бўлганидан юқори бўлиши мумкин эмас. Агар бундай ошириш иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун етарли бўлса товарга нархларнинг оширилиши субсидия миқдоридан кам бўлиши мумкин.

Агар хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш бўйича мажбуриятлар қабул қилинса ҳам текшириш ваколатли орган томонидан тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин.


121. Ваколатли орган томонидан субсидия билан таъминланган товарлар мавжудлиги ва бундай импорт муносабати билан иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар ёки жиддий зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида дастлабки хулоса чиқарилмагунга қадар мажбуриятлар хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан қабул қилинмайди.

Агар текшириш объекти ҳисобланган товарнинг реал ёки потенциал экспорт қилувчилари сони кўплиги муносабати билан ёки умумдавлат сиёсати манфаатлари билан боғлиқ сабабларга кўра ваколатли орган бундай мажбуриятлар қабул қилинишини амалга ошириб бўлмайди деб ҳисобласа мажбуриятлар қабул қилинмайди. Бундай ҳолатда ваколатли орган экспорт қилувчиларга ушбу экспорт қилувчиларнинг мажбуриятларини қабул қилиб бўлмаслигининг сабабларини маълум қилади ва экспорт қилувчиларга уларнинг мажбуриятлари қабул қилинмаслиги муносабати билан ўз мулоҳазаларини билдириш имкониятини беради.


122. Мазкур Низомнинг 123-моддасига мувофиқ хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан мажбуриятлар қабул қилинган тақдирда текшириш товар экспорт қилинадиган хорижий давлатнинг илтимосномаси бўйича давом эттирилиши мумкин. Агар текшириш натижалари бўйича субсидия билан таъминланган товар йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилса, мажбуриятлар ўз кучини йўқотади, чиқарилган хулоса кўп даражада мажбуриятлар мавжудлиги натижаси ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда кўрсатиб ўтилган мажбуриятлар иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун зарур бўлган муддат мобайнида ўз кучида қолади.


123. Ваколатли орган мажбуриятлари қабул қилинган хорижий давлат ёки экспорт қилувчидан мазкур хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан бундай мажбуриятлар бажарилишига тегишли бўлган ахборотни, шунингдек ушбу ахборотни текширишга розиликни сўрашга ҳақлидир. Сўралаётган ахборотнинг тақдим этилмаслиги қабул қилинган мажбуриятларнинг хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан бузилиши деб ҳисобланади.


124. Мажбуриятлар хорижий давлат ёки экспорт қилувчи томонидан бузилган ёки чақириб олинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси компенсация божи ёки муваққат компенсация божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


125. Компенсация божи махсус субсидияни тақдим этган хорижий давлатга маслаҳат ўтказиш таклиф этилгандан кейин қўлланади. Компенсация божи кўрсатиб ўтилган давлат таклиф этилган маслаҳатларни рад этган ёки бундай маслаҳатлашувлар давомида ўзаро мақбул қарорга эришилмаган тақдирда қўлланади.


126. Компенсация божи субсидия билан таъминланган товар импорти мавзуси ҳисобланган ва иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказаётган ёки жиддий зарар етказилиши хавфини солаётган товарнинг барча экспорт қилувчилар томонидан етказиб берилишига нисбатан компенсация божи адвалор ёки махсус бож шаклида қўлланади, мазкур Низомнинг 120-124-моддалари қоидаларига мувофиқ мажбуриятлар қабул қилган экспорт қилувчиларнинг товари бундан мустасно.

Компенсация божи ставкаси субсидия билан таъминланган ва экспорт қилинган товар бирлигига ҳисоблаб чиқилган субсидия миқдоридан ортиқ бўлмаслиги керак. Компенсация божи ставкаси, агар бундай кам ставка иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини бартараф этиш учун етарли бўлса субсидия миқдоридан кам бўлиши мумкин.


127. Компенсация божи иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарни ёки жиддий зарар етказилиши хавфини солаётган субсидия билан таъминлашга қаршилик кўрсатиш учун зарур бўлган миқдор ва муддатларда қўлланади.


128. Компенсация божининг амал қилиш муддати уни қўлланиш бошланган ёки субсидия билан таъминланган товар импорти нуқтаи назаридан ҳам, иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг бор-йўқлиги нуқтаи назаридан ҳам охирги марта қайта кўриб чиқилган пайтдан эътиборан беш йилдан ошмаслиги лозим, компенсация божининг амал қилиш муддати тугагунга қадар бошланган қайта кўриб чиқиш жараёнида компенсация божининг амал қилишини тугатиш субсидия билан таъминланган товар импортининг ва иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарарнинг ёки жиддий зарар етказилиши хавфининг давом этишига ёки тикланишига олиб келиши ваколатли орган томонидан аниқланган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда компенсация божи қайта кўриб чиқиш учун асос бўлган такрорий текширув натижалари олингунга қадар қўлланаверади.

Компенсация божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув ваколатли органнинг ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг сўровига кўра улар компенсация божини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тасдиқловчи ахборотни тақдим этганларидан кейин амалга оширилади. Компенсация божини қайта кўриб чиқиш мақсадидаги такрорий текширув шу текширувни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн икки ой мобайнида тугалланиши керак.

Компенсация божини қўлланишни давом эттириш ёки бундай божнинг ставкасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, такрорий текширув натижаларига биноан ваколатли органнинг хулосаси асосида аниқланади.


129. Алоҳида ҳолларда, лекин текширув бошланганидан кейин камида олтмиш календарь кун ўтгач, агар текширув тугаллангунга қадар олинган маълумот товар субсидия билан таъминланган товар импорти ва бундай товар импортидан иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилаётганлигидан ёки жиддий зарар етказилиши хавфи борлигидан далолат берса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат компенсация божини қўлланиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


130. Муваққат компенсация божи ставкаси дастлаб ҳисоблаб чиқилган субсидия миқдоридан ортиқ бўлмаслиги керак.

Муваққат компенсация божининг амал қилиш муддати тўрт ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.


131. Агар текшириш натижалари бўйича ваколатли орган томонидан субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилмаганлиги ёки жиддий зарар етказилиши хавфи йўқлиги аниқланса, муваққат компенсация божининг тўланган суммаси тўловчига божхона божларини қайтариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак. Агар компенсация божи муваққат компенсация божига қараганда кам миқдорда жорий этилган бўлса, тафовут тўловчига божхона божларини қайтариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб берилиши керак. Агар компенсация божи муваққат компенсация божига қараганда катта миқдорда жорий этилган бўлса тафовут тўловчидан ундирилмайди.



XI. МАҲФИЙ АХБОРОТ


132. Текшириш давомида ваколатли органга тақдим этиладиган махфий ахборот уни тақдим этган манфаатдор шахснинг ёзма рухсатномасисиз ошкор қилинмайди.

Манфаатдор шахс томонидан ваколатли органга тақдим этилган ахборот мазкур шахс томонидан бундай ахборотнинг ошкор қилиниши учинчи шахсга рақобат устунлиги беришидан ёки ахборотни тақдим этган шахслар учун, ёки мазкур шахс ундан бундай ахборотни олган шахслар учун номақбул оқибатларга олиб келишидан далолат берувчи асослар тақдим этилган тақдирда махфий ахборот сифатида қаралади.

Ваколатли орган махфий ахборотни тақдим этган манфаатдор шахсдан ахборотнинг махфий бўлмаган версияси тақдим этилишини талаб қилишга ҳақлидир. Маҳфий бўлмаган версияда тақдим этилган махфий ахборотнинг моҳиятини тушуниш учун етарли бўлган маълумотлар мавжуд бўлиши керак. Агар ваколатли органнинг махфий ахборотнинг махфий бўлмаган версияси тақдим этилиши тўғрисидаги талабига жавобан манфаатдор шахс мазкур ахборот махфий бўлмаган версия шаклида баён қилинмаслигини билдирган тақдирда, бундай шахс махфий ахборотни махфий бўлмаган версияда баён қилиш мумкин эмаслигининг исботини тақдим этиши керак.

Агар ваколатли орган манфаатдор шахс томонидан тақдим этилган асос бундай шахс томонидан тақдим этилган ахборотни махфий ахборотга тегишли деб топиш имконини бермаслигини аниқласа ёки махфий ахборотнинг махфий бўлмаган версиясини тақдим этмаган манфаатдор шахс маҳфий ахборотни маҳфий бўлмаган версия шаклида баён этиш мумкин эмаслигининг асосини тақдим этмаса ёхуд бундай баён этиш мумкин эмаслигининг асоси ҳисобланмаган маълумотларни тақдим этса, ваколатли орган бундай ахборотни ҳисобга олмаслиги мумкин.


133. Ваколатли орган махфий ахборот ошкор этилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавоб беради.



XII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


134. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатли орган томонидан муҳофаза чоралари, антидемпинг ёки компенсация божлари жорий этилиши, қўлланиши, қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги хулоса тақдим этилган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида бундай чоралар жорий этилиши, қўлланиши, қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилиниши ёхуд уларнинг қўлланмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.


135. Ваколатли орган текширишнинг тўхтатиб турилиши, тўхтатилиши, шунингдек муҳофаза чоралари, антидемпинг ёки компенсация божлари жорий этилиши, қўлланиши, қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилинишига тегишли исталган қарор тўғрисида билдиришномалар эълон қилинишини таъминлайди. Бундай билдиришномалар текшириш объекти ҳисобланган товар экспорт қилинадиган хорижий давлатнинг (хорижий давлатлар иттифоқининг) ваколатли органига ва ваколатли органга маълум бўлган бошқа манфаатдор шахсларга юборилади.


136. Муваққат антидемпинг ёки муваққат компенсация божлари жорий этилиши тўғрисидаги оммавий билдиришномада ваколатли органнинг текшириш объекти ҳисобланган товар импортининг демпинг ёки субсидия билан таъминланганлиги мавжудлигига ва бунинг оқибатида иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилганига ёки жиддий зарар етказилиши хавфига нисбатан дастлабки хулосанинг тушунтирилиши, шунингдек фактларга асослар ва улар асосида муваққат антидемпинг ёки муваққат компенсация божи жорий этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлиши керак.


137. Натижаси бўйича антидемпинг ёки компенсация божи жорий этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган текширишнинг тугалланганлиги тўғрисидаги оммавий билдиришномада текшириш натижалари бўйича ваколатли органнинг қабул қилинган узил-кесил хулосаси тушунтирилиши, шунингдек фактларга асослар ва улар асосида бундай қарор қабул қилинган ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлиши керак.


138. Текширишни бошлаш тўғрисидаги билдиришнома ва мазкур Низомда назарда тутилган бошқа оммавий билдиришномалар ваколатли органнинг расмий нашрида расман эълон қилиниши керак.





Низомга

1-ИЛОВА


Муҳофаза чораларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш

СХЕМАСИ

Текшириш босқичлари

Масъул вазирликлар, идоралар, шахслар

Механизм

Муддатлари

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларини ифодаловчи юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда - ариза берувчи)

Ваколатли органга иқтисодиёт тармоғининг товар импорти ўсганлиги ва бундай импорт билан иқтисодиёт тармоғига зарар етказилаётганлиги ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза беради.

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларидан келиб чиқиб ариза берувчи томонидан белгиланади

Ваколатли орган


Аризадаги маълумотларнинг етарлилиги ва ишончлилигини ўрганади ҳамда текширишни бошлаш ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ариза олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида


Ўз ташаббусига кўра текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

I. Текширишни бошлаш

Ваколатли орган

Агар аризадаги маълумотлар етарли бўлмаса, бу ҳақда ариза берувчига хабар беради.

Ариза олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ариза берувчи

Аризани ўзгартиради ёки тўлдиради.

Хабар олинган санадан бошлаб 15 кун мобайнида

Ваколатли орган

Агар ариза берувчи аризани ўзгартирса ёки унга қўшимчалар қўшса, аризани кўриб чиқиш муддати ваколатли орган ушбу ўзгартиришларни олган кундан бошланади. Агар ариза берувчи ўзгартирилган аризани тақдим этмаса ва муддатни чўзишни илтимос қилмаса, аризани кўриб чиқишни рад этишга ҳақлидир, бу ҳақда ариза берувчига маълум қилади.

Ваколатли орган

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишда хорижий давлатнинг ваколатли органини ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади ҳамда текшириш бошланганлиги тўғрисида билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди.

Текшириш ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ариза берувчини рад этиш сабабларидан хабардор қилади

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ваколатли орган


Текширишни ўтказади, текшириш давомида товар импортининг ўсиши, иқтисодиёт тармоғига зарар етказилганлигини ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлигини ва улар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаларини аниқлайди.

Текшириш бошланган санадан бошлаб 9 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида

Ваколатли орган

Манфаатдор шахсларни далилларни тақдим этиш имкониятидан хабардор қилади, шунингдек улардан зарур ахборотни сўрашга ҳақлидир. Манфаатдор шахсларнинг илтимослари асосида оғзаки эшитишлар ўтказилишини таъминлайди.

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин


II. Текширишни ўтказиш

Экспорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар, манфаатдор шахслар

Манфаатдор шахслар текшириш мавзуси бўйича ўз фикрлари ва ахборотни, шунингдек ваколатли органнинг сўрови бўйича ахборотни тақдим этадилар.

Билдиришнома ёки сўров олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида

Ваколатли орган

Вазирлар Маҳкамасига муҳофаза чораларини қўлланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса киритади

Текшириш якунлари бўйича

Ваколатли орган

Текшириш натижалари бўйича текширишнинг асосий хулосалари тўғрисидаги билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди.

Текшириш тугалланган кундан бошлаб кўпи билан 10 кун муддатда

III. Муҳофаза чораларини қўлланиш

Вазирлар Маҳкамаси

Муҳофаза чораларини жорий этиш ёки қўлланмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Ваколатли органнинг хулосаси тақдим этилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида

Вазирлар Маҳкамаси

Фавқулодда ҳолларда ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат махсус бож шаклида муваққат муҳофаза чорасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Текшириш тугаллангунга қадар




Низомга

2-ИЛОВА


Антидемпинг божларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш

СХЕМАСИ

Текшириш босқичлари

Масъул вазирликлар, идоралар, шахслар

Механизм

Муддатлари

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларини ифодаловчи юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда - ариза берувчи)

Ваколатли органга иқтисодиёт тармоғининг демпинг нархлари бўйича импорт ва бундай импорт билан иқтисодиёт тармоғига зарар етказилаётганлиги ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза беради.

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларидан келиб чиқиб ариза берувчи томонидан белгиланади

Ваколатли орган


Аризадаги маълумотларнинг етарлилиги ва ишончлилигини ўрганади ҳамда текширишни бошлаш ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ариза олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида


Ўз ташаббусига кўра текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

I. Текширишни бошлаш

Ваколатли орган

Агар аризадаги маълумотлар етарли бўлмаса, бу ҳақда ариза берувчига хабар беради.

Ариза олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ариза берувчи

Аризани ўзгартиради ёки тўлдиради.

Хабар олинган санадан бошлаб 15 кун мобайнида

Ваколатли орган

Агар ариза берувчи аризани ўзгартирса ёки унга қўшимчалар қўшса, аризани кўриб чиқиш муддати ваколатли орган ушбу ўзгартиришларни олган кундан бошланади. Агар ариза берувчи ўзгартирилган аризани тақдим этмаса ва муддатни чўзишни илтимос қилмаса, аризани кўриб чиқишни рад этишга ҳақлидир, бу ҳақда ариза берувчига маълум қилади.

Ваколатли орган

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишда хорижий давлатнинг ваколатли органини ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади ҳамда текшириш бошланганлиги тўғрисида билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди.

Текшириш ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ариза берувчини рад этиш сабабларидан хабардор қилади.

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ваколатли орган


Текширишни ўтказади, текшириш давомида демпинг, иқтисодиёт тармоғига зарар етказилганлигини ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлигини ва улар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаларини аниқлайди.

Текшириш бошланган санадан бошлаб 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида. Муддат ваколатли орган томонидан 6 ойга узайтирилиши мумкин.

Ваколатли орган

Ўзига маълум бўлган экспорт қилувчиларга ва (ёки) товарни ишлаб чиқарувчиларга саволлар рўйхатини юборади ҳамда бошқа манфаатдор шахсларни далилларни тақдим этиш имкониятидан хабардор қилади.

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин


II. Текширишни ўтказиш

Экспорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар, манфаатдор шахслар

Ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар сўров-номага ўз жавобларини тақдим этади. Манфаатдор шахслар текшириш мавзуси бўйича ўз фикрлари ва ахборотни тақдим этади.

Рўйхат ёки билдиришнома олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида. Жавобларни тақдим этиш муддати 5 кунга узайтирилиши мумкин

Ваколатли орган

Ўзига маълум бўлган манфаатдор шахсларни улар асосида хулоса тайёрланган асосий далиллардан хабардор қилади.

Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этилгунга қадар

Ваколатли орган

Вазирлар Маҳкамасига антидемпинг божларини қўлланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса киритади

Текшириш якунлари бўйича

III. Антидемпинг божларини қўлланиш

Вазирлар Маҳкамаси

Антидемпинг божларини жорий этиш ёки қўлланмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Ваколатли органнинг хулосаси тақдим этилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида

Вазирлар Маҳкамаси

Фавқулодда ҳолларда ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат антидемпинг божларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Текшириш бошлангандан кейин камида 60 кундан сўнг




Низомга

3-ИЛОВА


Компенсация божларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш

СХЕМАСИ

Текшириш босқичлари

Масъул вазирликлар, идоралар, шахслар

Механизм

Муддатлари

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларини ифодаловчи юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда - ариза берувчи)

Ваколатли органга иқтисодиёт тармоғининг  субсидия билан таъминланган товар импорти ва бундай импорт билан иқтисодиёт тармоғига зарар етказилаётганлиги ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза беради.

Иқтисодиёт тармоғи манфаатларидан келиб чиқиб ариза берувчи томонидан белгиланади

Ваколатли орган


Аризадаги маълумотларнинг етарлилиги ва ишончлилигини ўрганади ҳамда текширишни бошлаш ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ариза олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида


Ўз ташаббусига кўра текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

I. Текширишни бошлаш

Ваколатли орган

Агар аризадаги маълумотлар етарли бўлмаса, бу ҳақда ариза берувчига хабар беради.

Ариза олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ариза берувчи

Аризани ўзгартиради ёки тўлдиради.

Хабар олинган санадан бошлаб 15 кун мобайнида

Ваколатли орган

Агар ариза берувчи аризани ўзгартирса ёки унга қўшимчалар қўшса, аризани кўриб чиқиш муддати ваколатли орган ушбу ўзгартиришларни олган кундан бошланади. Агар ариза берувчи ўзгартирилган аризани тақдим этмаса ва муддатни чўзишни илтимос қилмаса, аризани кўриб чиқишни рад этишга ҳақлидир, бу ҳақда ариза берувчига маълум қилади.

Ваколатли орган

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишда хорижий давлатнинг ваколатли органини ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади ҳамда текшириш бошланганлиги тўғрисида билдиришнома эълон қилинишини таъминлайди.

Текшириш ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ариза берувчини рад этиш сабабларидан хабардор қилади.

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида

Ваколатли орган


Текширишни ўтказади, текшириш давомида субсидия билан таъминланган товар импорти, иқтисодиёт тармоғига зарар етказилганлигини ёки зарар етказилиши хавфи мавжудлигини ва улар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаларини аниқлайди.

Текшириш бошланган санадан бошлаб 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида. Муддат ваколатли орган томонидан 6 ойга узайтирилиши мумкин.

Ваколатли орган

Ўзига маълум бўлган экспорт қилувчиларга ва (ёки) товарни ишлаб чиқарувчиларга, шунингдек манфаатдор хорижий давлатга саволлар рўйхатини юборади ҳамда бошқа манфаатдор шахсларни далилларни тақдим этиш имкониятидан хабардор қилади.

Текширишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин


II. Текширишни ўтказиш

Экспорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар, манфаатдор шахслар

Ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар сўров-номага ўз жавобларини тақдим этади. Манфаатдор шахслар текшириш мавзуси бўйича ўз фикрлари ва ахборотни тақдим этади.

Рўйхат ёки билдиришнома олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида. Жавобларни тақдим этиш муддати 5 кунга узайтирилиши мумкин

Ваколатли орган

Ўзига маълум бўлган манфаатдор шахсларни улар асосида хулоса тайёрланган асосий далиллардан хабардор қилади.

Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этилгунга қадар

Ваколатли орган

Вазирлар Маҳкамасига компенсация божларини қўлланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса киритади.

Текшириш якунлари бўйича

III. Компенсация божларини қўлланиш

Вазирлар Маҳкамаси

Компенсация божларини жорий этиш ёки қўлланмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Ваколатли органнинг хулосаси тақдим этилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида

Вазирлар Маҳкамаси

Фавқулодда ҳолларда ваколатли органнинг дастлабки хулосаси асосида муваққат компенсация божларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Текшириш бошлангандан кейин камида 60 кундан сўнг


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 21-сон, 149-модда.


Время: 0.2014
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск