язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.06.2005 й. ПФ-3619-сон "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.06.2005 й.

N ПФ-3619


ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ

ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти асоссиз чекланишига йўл қўймаслик, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси талабларига сўзсиз риоя этиш мақсадида:


1. 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (иловага мувофиқ) фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилсин.


2. Қуйидагилар белгилансин:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари, улар томонидан текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади;

назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларини ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказганлиги учун шахсан жавобгар, ҳатто жиноий жавобгар ҳам бўладилар.


3. Қуйидагилар белгилансин:

давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим;

зарарларнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан ана шу етказилган зарар учун айбдор бўлган давлат органларининг мансабдор шахсларига, қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорларда юкланиши мумкин;

тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низолар иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди ва Савдо-саноат палатаси бир ой муддатда белгиланган тартибда "Ҳакамлар суди тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин ва бунда тадбиркорлик субъектлари ҳамда бирлашмаларининг ўзлари томонидан ҳакамлар суди ташкил этилиши назарда тутилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси назорат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузганликлари учун жазо муқаррарлигини, уларнинг хатто жиноий жавобгарликка тортилишини таъминлаган ҳолда, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари сўзсиз бажарилиши устидан назоратни кучайтирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қуйидаги қарорларнинг лойиҳаларини тайёрласин ва белгиланган тартибда тақдим этсин:

2005 йилнинг 1 июлигача - тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни тайинлаш ва ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси. Бунда текширишлар сонини кескин камайтириш ҳамда назорат органлари мансабдор шахсларининг рухсат берилмаган текширишлар ўтказилганлиги учун жавобгарлигини кучайтириш, хатто жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилсин;

2005 йилнинг 1 августигача - айрим фаолият турлари билан шуғулланиш учун рухсат олиш тартиб-таомилини қисқартириш ва соддалаштириш, шу жумладан муддатлари чекланмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга лицензиялар (рухсатномалар) бериш тизимини жорий этиш, жумладан, шундай таомилни амалдаги лицензиялар (рухсатномалар)га ҳам тадбиқ этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди ва Олий суди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2005 йилнинг 1 июлига қадар:

ушбу Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган тоифадаги ишларни кўриб чиқиш тартиб-таомилини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича;

хўжалик судларига даъво тақдим этилиши чоғида тўланадиган хорижий валю тадаги давлат божи ставкаларини миллий валютадаги давлат божларининг амалдаги ставкалари билан унификация қилиш бўйича;

суд ишларининг қўшимча тоифаларини ҳисобга олган ҳолда судлар таркиби ва моддий-техника базасни мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш масалалари бўйича судьяларни қайта тайёрлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекисон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг 14.06.2005 й.

ПФ-3619-сонли Фармонига

ИЛОВА



Тадбиркорлик субъектларига нисбатан фақат суд

тартибида қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари

РЎЙХАТИ


1. Фаолиятни тугатиш.


2. Фаолиятни тўхтатиб қўйиш. Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф-хатар юзага келишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни кўпи билан ўн иш кунигача тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно.


3. Қонунда назарда тутилган ҳолатларни мустасно қилган ҳолда, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш.

4. Молиявий санкцияларни қўллаш. Солиқ ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня қўшиш, шунингдек тадбиркорлик субъекти содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлиш ва молиявий санкция жарималарини ихтиёрий равишда тўлаш ҳоллари бундан мустасно.


5. Ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш.


6. Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш лицензиялари (рухсатномалари)ни ўн иш кунидан кўпроқ муддатга тўхтатиб қўйиш ёки амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар бундан мустасно).



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 23-24-сон, 167-модда.