ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Халқаро ҳамкорлик / Дипломатик, иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш ва янада чуқурлаштириш масалалари / МДҲ /

Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Шартнома

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси билан

Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро

ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни

ривожлантириш тўғрисида

ШАРТНОМА

Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон, бундан кейин "Олий Аҳдлашувчи Томонлар" деб аталувчилар,

икки мамлакат халқлари ўртасида тарихан шаклланиб келган дўстона муносабатлар, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланиб,

икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишни ифодалаб,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва принципларига содиқликлари тўғрисида баён этиб, халқаро ҳуқуқ ҳамда умум инсоний қадриятларнинг умум эътироф этилган нормаларининг устуворлигини тан олиб,

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг концепциясига ва Туркманистоннинг бетараф давлат сифатида концептуал принциплари ҳамда ташқи сиёсати қоидаларига асосланиб,

икки томонлама ҳамкорликка янги сифат бериш ва унинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадига эга бўлиб,

қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:



1-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, ўзаро ишонч ҳамда очиқлик, тенглик ва бир-бирларининг манфаатларини инобатга олиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатлараро икки томонлама муносабатлар ривожланишининг йигирма биринчи асрдаги асоси ҳисобланади деб аҳдлашиб олдилар.

Шу маънода Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз муносабатларини дўстона давлатлар сифатида доимо ривожлантирадилар.



2-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва амалий мулоқотни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон халқлари манфаатларига хизмат қиладиган уларнинг ташқи сиёсатини устувор йўналишлардан бири сифатида кенг ўзаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришга бўлган ўзгармас содиқликларини тасдиқлайдилар.



3-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги чегара тинчлик, дўстлик, хавфсизлик, барқарорлик ва икки давлат ҳамда халқлар орасидаги ишончни мустаҳкамлаш чегараси эканлигини тасдиқлайдилар.



4-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар халқаро тинчлик, ҳуқуқий тартибот, минтақавий ва глобал миқёсларда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш ишида жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Улар бу кўмакни зарур дипломатик воситалар ва усуллардан фойдаланиш, шунингдек халқаро ташкилотлар билан, биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан яқин ҳамкорлик воситасида амалга оширадилар.



5-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар низоларни бартараф этиш ва тартибга солиш, хавфсизлик ҳамда барқарорлик, ишончни мустаҳкамлаш масалаларини ҳал этиш ишида БМТ ва унинг Хавфсизлик Кенгаши ролининг янада кучайтирилишга, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида қайд этилган мақсад ҳамда принципларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратадилар.

Шу муносабат билан Олий Аҳдлашувчи Томонлар БМТнинг гиёҳвандлик воситаларнинг ноқонуний юргизилиши билан боғлиқ трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш Марказий Осиё минтақавий ахборот Марказини Тошкент шаҳрида ва БМТнинг превентив дипломатияси бўйича қароргоҳи Ашҳобод шаҳрида жойлашган Марказни тузиш зарурлигини эътироф этдилар.



6-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ барча масалалар бўйича икки давлат Раҳбарлари даражасидаги мунтазам учрашувлар ва маслаҳатлашувларни олиб боришга келишиб олдилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки давлат манфаатларига дахл қиладиган долзарб минтақавий масалалар бўйича ҳам олий давлат даражасида зарур маслаҳатлашувларни олиб борадилар.



7-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар терроризм, жиноятчилик, контрабанда, гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний юргизилиши, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликларга икки давлатнинг ҳуқуқ-тартибот, чегара, миграция ва божхона органлари йўналишлари бўйича ўзаро ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш орқали уларга қарши курашда саъй-ҳаракатларини янада бирлаштириш тўғрисида аҳдлашиб олдилар.

Шу мақсадларда Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки давлатнинг чегарабўйи туманларида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ҳамда давлат чегарасини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор аниқ тадбирларни қўллашга келишиб олдилар.



8-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама муносабатларга янги сифатли ҳар томонлама шерикчилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик даражасини бериш мақсадида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳалардаги, шунингдек таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни узоқ муддатли асосда кенгайтирадилар.



9-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд имкониятларидан янада тўлароқ фойдаланиш зарур деб ҳисоблайдилар. Шу мақсадларда Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро манфаат асосида иқтисодий ҳамкорликнинг турли шаклларидан фойдаланишга алоҳида эътиборни кучайтириб, унинг амалга оширилиши учун зарур саъй-ҳаракатларини қаратадилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий муносабатларнинг янги шаклларини икки томонлама ҳамжиҳатлик тажрибасига жорий қилишни рағбатлантирадилар. Улар товарлар ва хизматлар бозори, икки томонлама инвестициявий фаолиятнинг ишлашини кучайтирадилар.



10-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий шерикчиликнинг устувор йўналишларидан бири чегарабўйи савдо эканлигини эътироф этадилар.

Чегарабўйи савдони ташкил қилишни такомиллаштириш ва икки давлат ҳудудида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни амалга оширишни кучайтириш мақсадида Олий Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикасининг Хоразм ҳамда Бухоро вилоятлари, Туркманистоннинг Дашоуз ва Лебоп вилоятлари чегарабўйи пунктларида савдо марказларини очиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Савдо марказларини очиш ва уларнинг ишлаши билан боғлиқ аниқ масалалар икки давлат ҳукуматлари ўртасида тузиладиган алоҳида битимлар орқали белгиланади.



11-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар фан ва таълим соҳасида ҳамкорлик қиладилар ҳамда ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига кўмаклашадилар. Улар биргаликдаги илмий дастурлар, айниқса, илғор технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширадилар.

Олий Аҳдлашувчи Томонлар мутахассислар, олимлар ва илмий-техник ходимларнинг алмашувини рағбатлантирадилар.



12-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар соғлиқни сақлаш, санитар-эпидемиологик ҳолатнинг юқори даражасини таъминлаш, дори препаратлари ва тиббий техника ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.



13-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.

Улар бу соҳада экологик хавфсизликнинг халқаро тизимини яратишга интилиб, минтақавий ва глобал миқёсларда келишилган хатти-ҳаракатларга кўмаклашадилар.



14-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликка кўмаклашувчи маданий ҳамкорликнинг муҳимлигини эътироф этиб, маданий алмашувларни олқишлайдилар ва рағбатлантирадилар. Улар ўз ҳудудларида жойлашган археологик ҳамда тарихий маданий ёдгорликларга бошқа давлатлара халқаро ташкилотларнинг эътиборини жалб қилиш учун зарур чораларни қўллайдилар.



15-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар спорт ва туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар. Улар икки мамлакатнинг тегишли давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, спорт ва туристик уюшмалари, шунингдек ўқув муассасалари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантирадилар. Олий Аҳдлашувчи Томонлар биргаликдаги лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда мусобақалар ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказишда уларни қўллаб-қувватлайдилар.



16-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки давлатнинг оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Шу мақсадларда Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг матбуот, радио ва телевидение органлари ўзларининг ахборот ресурс ҳамда имкониятларини икки давлатнинг ютуқларини ёритиш, уларнинг халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланадилар.



17-модда


Олий Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон Президентларининг топшириқларига биноан икки давлатнинг ҳукуматлари ҳамда вазирлик ва идоралари раҳбарлари даражасида учрашув ҳамда маслаҳатлашувлар олиб борилишига келишиб олдилар.



18-модда


Ушбу Шартнома Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.

Ушбу Шартнома ҳеч қайси бир давлат ёки давлатлар гуруҳи манфаатларига қарши қаратилмаган.



19-модда


Ушбу Шартномани талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай масалалар Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида масалаҳатлашув ёхуд музокаралар орқали ҳал қилинади.



20-модда


Ушбу Шартнома ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари алмашинган кундан бошлаб кучга киради.

Бухоро шаҳрида 2004 йил 19 ноябрь (Санжар)да икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.

Ушбу Шартноманинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.



(имзолар)



"Ўзбекистон Республикаси Ҳалқаро шартномалар тўплами", 2005 йил, 1-сон

















Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск