ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Одил судловга юбориш. Процессуал қонунчилик / Жиноят процессуал қонунчилиги /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.08.2005 й. ПФ-3644-сон "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

08.08.2005 й.

N ПФ-3644


ҚАМОҚҚА ОЛИШГА САНКЦИЯ

БЕРИШ ҲУҚУҚИНИ СУДЛАРГА

ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотининг энг муҳим вазифаси инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва хусусий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Сўнгги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлшн, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Судларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштирилиши қонунан мустаҳкамлаб қўйилди, бу эса ишларни кўриб чиқиш сифати ошишини таъминлади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтирди. Ишларни кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилиши суд хатоларини ўз вақтида тузатиш, суд ишларини юритишда сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмокда. Кассация инстанцияси ислоҳ қилинди: фуқаролар қонуний кучга кирган суд қароридан норози бўлган тақдирда ўз ҳуқуқларини мазкур инстанцияда шахсан ва бевосита ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдилар. Суд процессида айблов билан ҳимоянинг ҳуқуқий жиҳатдан тенглигини, уларнипг тортишув принципини амалга оширишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Дастлабки тергов муддатлари икки йилдан бир йилгача ҳамда айбланувчиларни қамоқда сақлаш муддатлари бир ярим йилдан 9 ойгача, алоҳида ҳолларда эса 1 йилгача қонун йўли билан қисқартирилди. Шунингдек, ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш доираси чекланди.

Қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини либераллаштириш бўйича юқоридаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши судгача тергов, одил судловнинг тезкорлиги ва сифати ошишини, суд процесси иштирокчилари ҳуқуқларига риоя этилишининг процессуал кафолатлари кенгайишини таъминлади.

Мамлакатда рўй бераётган судгача терговни либераллаштириш далолати сифатида фуқароларни қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасидан фойдаланиш сўнгги 4 йилнинг ўзида икки баравардан кўпроққа қисқарди.

Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришнинг энг муҳим вазифаси судгача тергов босқичида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича суд ваколатларини кенгайтириш, энг аввало, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратура органларидан судларга ўтказишдан иборатдир. Ушбу чора фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик борасидаги конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Шу билан бирга бу шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига ҳам тўла мос келади.

Айни вақтда қамоқка олишга санкция бериш ҳуқуқини судлар ваколатига ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларига пухта ишлаб чиқилган тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилганидан; бу соҳадаги хорижий тажриба ўрганилганидан; судлар томонидан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий, процессуал механизмлари ишлаб чиқилганидан; суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизими кадрларини тегишлича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда бошқа тайёргарлик тадбирлари ўтказилганидан кейин изчиллик билан амалга оширилиши лозим.

Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал мажбурлов чораларини қўллашга санкция бериш ҳуқуқи судларга босқичма-босқич ва изчил ўтказилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фуқароларни суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини белгиловчи 19, 25 ва 44-моддаларига мувофиқ:


1. Жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи 2008 йил 1 январдан эътиборан судлар ваколатига ўтказилсин.

Белгилансинки, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қонунда белгиланган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолатларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судлар ваколатига мувофиқ уларнинг қарори бўйича амалга оширилиши лозим.


2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида", "Прокуратура тўғрисида"ги қонунларига қамоққа олишга санкция бериш, қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш тартиби ва жараёнларини белгиловчи, шунингдек судгача иш юритиш босқичида инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш борасида қўшимча кафолатларни белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрласин. Шу билан бирга мазкур Фармоннинг 1-бандига мувофиқ нафақат қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари, балки идоравий ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган норма ва нормативлар ҳам қайта кўриб чиқилиши зарур.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, молия, иқтисодиёт, адлия, ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси икки ой муддатда қамоққа олишга санкция бериш бўйича прокуратура органларининг ваколатлари судларга ўтказилишини ҳисобга олиб, умумий юрисдикция судларини ташкилий-кадрлар жиҳатдан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрласин.


4. Ўзбекистон Республикаси адлия, ички ишлар вазирликлари, Олий суди, Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати суд қарорига биноан қамоққа олиш тартиби жорий этилиши муносабати билан судьялар ҳамда прокуратура органлари, ИИВ ва МХХ тергов бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.


5. Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг муҳокамасига киритилсин.


6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 32-33-сон, 242-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 8-сон, 294-модда















































Время: 0.1400
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск