ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 21.05.2004 й. 4-сон "Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

21.05.2004 й.

N 4


ЖАЗОЛАРНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ИҚТИСОДИЁТ

СОҲАСИДАГИ  ЖИНОЯТЛАРГА НИСБАТАН

ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, судлар иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга оид ишлар бўйича жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни асосан тўғри қўллаб келмоқдалар.

Шу билан бирга ушбу соҳада содир этилган жиноятлар билан боғлиқ ишларни кўриш пайтида қонунни қўллашда, жумладан, жиноятларни квалификация қилиш, жазо тайинлаш масалаларида хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Судларнинг жиноий қилмишни маъмурий ҳуқуқбузарликдан, давомли талон-торож қилиш жиноятини такроран содир этилган талон-торож жиноятидан баъзан фарқлай олмаётганликлари асослантирилмаган қарорлар чиқарилишига сабаб бўлмоқда.

"Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида" 2001 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга оид ишларни кўришда жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай риоя этилиши шарт эканлигига қаратилсин.


2. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилотларнинг мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача миқдорда талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибини ташкил этади.

Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бундай ҳолда майда талон-торож неча марта содир этилганлиги аҳамият касб этмайди.

Талон-торож миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Талон-торож этилган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланмоқ лозим.


3. Корхона, муассаса, ташкилот мулкини ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик ва ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш (Жиноят кодексининг 167, 168, 169-моддалари) учун жиноий жавобгарлик фақат талон-торож суммаси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 61-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ошган тақдирда келиб чиқади. Алоҳида квалификация белгилари мавжуд бўлган ҳоллар ҳам бундан мустасно эмас.

Шуни таъкидлаш керакки, қонунга кўра ўғирлик ва фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг мулкини талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож суммаси миқдоридан қатъи назар келиб чиқади. Бироқ, талон-торож миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчининг (судланувчининг) шахсига оид маълумотларни ҳамда моддий зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда жиноят ишини Жиноят кодексининг 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этиши керак.

4. Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти мол-мулк мулкдорнинг эгалигидан олинган ҳамда айбдор уни тасарруф этиш ёки ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш имкониятига эга бўлган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади (босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно).

Агар айбдор ўзганинг мол-мулкини қўлга киритган бўлса-ю, бироқ ҳали уни ўз мулки сифатида тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаса, қилмиш талон-торож қилишга суиқасд тариқасида квалификация этилмоғи керак (босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно).

Қасд бир бутун мулкни талон-торож қилишга қаратилган бўлиб, унинг муайян бир қисми талон-торож қилинган ҳолларда ҳам жиноят тугалланган ҳисобланмайди.


5. Қонунга кўра, ҳукм тахминларга асосланиши мумкин эмас. Шу туфайли моддий қимматликлар камомади фактининг ўзи, агар унинг сабаблари тергов ва суд томонидан аниқланмаган бўлса, талон-торож қилиш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин эмаслигини судлар назарда тутишлари керак.

Шахсни ўзганинг мулкини талон-торож қилишда (ЖК 167-моддаси) айбдор деб топиш учун бу мулк айбдор томонидан ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига қаратилганлигини тасдиқловчи аниқ фактларга асосланмоқ зарур.


6. Судлар шуни эътиборда тутсинларки, қилмишни квалификация қилиш учун талон-торож содир этишнинг хусусиятларини (давомли ёки такроранлигини) тўғри аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.

Давомли талон-торож қилиш деб, умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил этувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлар билан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда текин олиб қўйиш (эгаллаб олиш) тушунилади.

Давомли жиноятда айбдорнинг хатти-ҳаракати содир этилган барча талон-торож эпизодлари бўйича зарар суммаларини қўшганда ҳосил бўлган миқдордан келиб чиқиб квалификация қилинади.

Жиноятнинг такроран содир этилган-этилмаганлиги масаласини ҳал қилишда Жиноят кодексининг 32-моддаси мазмунидан келиб чиқиш лозим.

Такроран содир этилган талон-торожни квалификация қилишда барча эпизодлар бўйича аниқланган умумий талон-торож суммаси эмас, балки зарар миқдори энг кўп бўлган эпизод бўйича талон-торож суммаси асос қилиб олинади.


7. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини  талон-торож қилиш ЖК 167-моддасининг иккинчи қисми диспозициясида алоҳида квалификация белгиси сифатида назарда тутилганлиги сабабли, мансабдор шахснинг бундай хатти-ҳаракатлари, агар айбдорнинг қасди ўзганинг мулкини эгаллашга қаратилган бўлса, ЖК 192-11 ёки 205-моддаси билан қўшимча квалификация қилинмайди.

Бироқ мансабдор шахснинг қилмишида алоҳида, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш қасди билан боғлиқ бўлмаган ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш тарзидаги жиноят таркиби мавжуд бўлса, бундай қилмиш тегишинча ЖК 167 ва 205-моддаларида ёки 192-11-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинмоғи керак.

8. Тушунтириб ўтилсинки, агар мансабдор шахс ўзи содир этган талон-торож жиноятини енгиллаштириш ёки яшириш мақсадида расмий ҳужжатларга била туриб ёлғон маълумотлар ва ёзувлар киритган бўлса, унинг қилмиши тегишинча ЖК 167 ва 209-моддаларида ёки ЖК 167 ва 228-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинмоғи керак.

Агар мансаб сохтакорлиги мансабдорлик жиноятининг субъекти бўлмаган бошқа шахслар билан иштирокчиликда содир этилган бўлса, бундай иштирокчиларнинг ҳаракатлари, башарти улар талон-торож жинояти иштирокчиси бўлмаса, ЖК 228-моддаси билан эмас, балки мазкур Кодекснинг 28, 209-моддалари билан квалификация қилинмоғи керак.


9. Судлар шунга эътибор беришлари керакки, Жиноят кодекси Махсус қисмининг қатор моддалари нормаларида муайян шарт мавжуд бўлиб, унга кўра қуйидаги ҳолларда маҳкумга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазонинг қўлланилиши истисно этилади:

ЖК 167, 168, 180, 181, 181-1, 184, 185-2, 192-4, 192-11-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун - жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда;

ЖК 132, 173, 175, 198, 202 ва 233-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун - жиноят оқибатида етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда.

Шу муносабат билан қонуннинг мазкур нормаларида назарда тутилган шарт бажарилган ҳолларда тегишли апелляция, кассация инстанцияси суди, моддий зарар қайси судлов босқичида қопланганлигидан қатъи назар, қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси турини, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан эса, жазо турини ўзгартириш масаласини дарҳол ҳал этиши шарт.

10. Моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида кўрсатилган қоида, башарти айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, шу жумладан, ўтказилган оператив-қидирув тадбири натижасида, зарар етказилишининг олди олинган бўлса, қўлланилмайди.

11. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, судланувчилардан бири томонидан моддий зарарнинг тўлиқ қопланиши жиноятнинг барча иштирокчиларига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлади.

12. Судлар иқтисодиёт соҳасидаги жиноятга оид ишлар бўйича зарарни қисман қоплаган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда ЖК 57-моддасини қўллаш масаласини муҳокама этиши мумкин.

Жумладан, жиноят натижасида етказилган зарар суммасининг камида ярми айбдор томонидан қопланганлиги жазони жиддий камайтирувчи ҳолат деб топилиши мумкин.

Суд томонидан солидар жавобгарлик белгиланган ҳолларда зарарни қисман қоплаган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда ҳам худди шу принципга амал қилиниши керак.


13. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар кўпинча бошқа жиноятлар, масалан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб сохтакорлиги ва шу сингари жиноятлар билан биргаликда содир этилади.

Суд ҳар бир шундай иш бўйича моддий зарарни қоплаган шахсга нисбатан талон-торож қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлар экан, ишнинг муайян ҳолатларини инобатга олиб, унинг бошқа жиноятлари учун, агар бу жиноятларни содир этганлик учун қонунда муқобил жазолар назарда тутилган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосини тайинлаш қанчалик мақсадга мувофиқ эканлигини муҳокама этиши шарт.

14. Қонун моддий зарар қопланган ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида назарда тутилган шартлар қўлланилиши имкониятини маҳкумнинг судланганлик ҳолати билан боғламайди.

Бундан келиб чиқадики, қонунда белгиланган мазкур ҳуқуқий кафолатлар рецидив жиноятга, шу жумладан, муқаддам озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаб чиққан шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

15. Жиноят оқибатида етказилган моддий зарарнинг қопланиши жабрланувчининг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг муҳим кафолати эканлиги ҳамда судланувчи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқариши муносабати билан судлар зарарнинг қопланишига имкон берадиган барча ҳуқуқий воситалардан фойдаланиши шарт.

Шу мақсадда, моддий зарар бир гуруҳ шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида етказилган жиноят ишларини кўраётганда суд ишнинг муайян ҳолатларини инобатга олиб ҳамда Фуқаролик кодексининг 1000-моддасида белгиланган талабларга амал қилиб, бундай шахсларга нисбатан солидар эмас, балки ҳиссали жавобгарлик юклашга ҳақли.

Моддий жавобгарлик тури, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш усулини белгилашга оид масалаларни ҳал этишда Олий суд Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги "Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги 26-сонли қарорида берилган тушунтиришлардан келиб чиқиш лозим.

16. Битта иш бўйича, бироқ алоҳида содир этилган ва умумий қасд билан қамраб олинмаган, айримлари талон-торож қилганлик учун, бошқалари эса, мансабга совуққонлик билан қараганлик ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан солидар моддий жавобгарлик белгиланмайди. Мазкур хатти-ҳаракатлар талон-торож содир этилишига маълум даражада шароит яратиб берган ҳоллар ҳам бундан мустасно эмас.


17. Жиноят оқибатида етказилган моддий зарар озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган шахс томонидан ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг қопланган тақдирда кассация инстанцияси суди бу жазо турини ЖК 61, 62-моддаларида назарда тутилган қоидаларга асосан бошқа жазо тури билан алмаштиради.

Бунда, агар моддий зарар қопланган кунга қадар ўталган жазо муддати бошқа жазо тури учун қонунда белгиланган энг кўп миқдордан ошган бўлса, суд жазони ўталган деб ҳисоблайди ҳамда маҳкумни дарҳол қамоқдан озод қилади.


19. Судлар шуни эътиборга олиши лозимки, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга оид ишлар бўйича моддий зарар қопланганлиги муносабати билан озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг тайинланиши, маҳкум жаримани тўлашдан ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, бу жазони яна озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазоси билан алмаштириш имкониятини истисно этмайди.

20. Судларнинг эътибори қаратилсинки, жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонун нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам апелляция, кассация инстанциялари судлари ҳар бир иш бўйича жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни қўллашда йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида аниқлашлари ва тузатишлари, шунингдек хусусий ажримлар чиқариш орқали уларга муносабат билдиришлари керак.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                      Ф.Ф.Муҳитдинова



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                     Х.М.Ҳасанов



































Время: 0.1467
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск