Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.09.2004 й. 12-сон "Далиллар мақбуллигига оид Жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.09.2004 й.

N 12


ДАЛИЛЛАР МАҚБУЛЛИГИГА ОИД

ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНИ

НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Жиноят-процессуал қонунининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган асосий принципи - айбсизлик презумпциясига кўра шахс унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Ҳукм фақат қонунда белгиланган тартибда тўпланган далилларга асосланган бўлиши лозим.

Суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, жиноят иши бўйича суриштирув, дастлабки тергов юритиш ва уни судда кўриш даврида жиноят-процессуал қонунининг далиллар ва исбот қилишга оид нормаларига асосан риоя этилмоқда.

Шу билан бирга суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашни тартибга солувчи қонун талабларини бузиш ҳоллари барҳам топмаган.

Жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатларидан фуқароларни ҳимоя қилиш самарасини кучайтириш, улар томонидан Конституция ва Жиноят-процессуал кодекси талабларига риоя этилиши ва бажарилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, ЖПК 11-моддасида мустаҳкамланган қонунийлик принципига мувофиқ ҳар бир жиноят иши бўйича иш юритиш жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шарт.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади.

Номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.


2. Суриштирув, тергов органлари ва судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутади.

Далиллар мақбуллигининг шартлари қуйидагилар:

далил тегишли субъект томонидан, яъни, далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши;

фактга оид маълумотлар фақат ЖПК 81-моддасининг иккинчи қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши;

далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши;

далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки, далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал этилмаслиги далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлади.  


3. Далиллар, жумладан, қуйидаги ҳолларда номақбул деб топилади, агар:


1) далил суриштирувчи томонидан суриштирув тамом бўлганидан сўнг, терговчи, прокурорнинг ёзма топшириғисиз ўтказилган тергов ҳаракати давомида олинган бўлса, тергов ҳаракати белгиланган тартибда ишни ўз юритувига олмаган ёки тергов гуруҳи таркибига киритилмаган терговчи томонидан ўтказилган бўлса, тергов ҳаракати ЖПК 76-моддасида белгиланган асосларга кўра рад этилиши шарт бўлган шахс томонидан ўтказилган бўлса;

2) маълумотлар тергов ва суд ҳаракати ўтказилмасдан ёки қонунда назарда тутилмаган манбадан, масалан, жиноят-процессуал қонунида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тезкор-қидирув тадбирлари вақтида олинган бўлса;

3) далил қонунга хилоф усул билан, яъни, уни тўплаш юзасидан қонунда назарда тутилган қоидаларга амал қилинмаган ҳолда олинган бўлса, жумладан:

а) прокурорнинг санкцияси олиниши шарт бўлган ҳолларда тергов ҳаракатининг санкция олинмасдан ўтказилиши (кечиктириб бўлмайдиган ҳоллар бундан мустасно);

б) тергов ҳаракатида холис сифатида иш бўйича манфаатдор шахснинг, шу жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ходимлари ёки уларга жамоатчилик асосида кўмаклашувчи бошқа шахсларнинг иштироки;

в) кўрсатувларнинг, шу жумладан, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатувларнинг қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар орқали олиниши;

г) эксперт хулосасининг экспертиза тайинлаш вақтида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳуқуқлари бузилган ҳолда, шунингдек эксперт рад этилиши шарт бўлган ҳолда олиниши;

д) ҳимоячининг, иштироки шарт бўлган ҳолларда унинг иштирокисиз гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан кўрсатув олиниши;

е) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи яқин қариндошларининг ЖПК 116-моддаси талабларига хилоф равишда ўз розилигисиз гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига тегишли ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши;

4) далилларни қайд этишнинг процессуал формаси бузилган бўлса:

тергов ва суд ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга оид маълумотлар йўқлиги;

тергов ва суд ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тушунтирилмаганлиги;

тергов ва суд бошланган ва тугалланган вақтнинг кўрсатилмаганлиги;

ЖПК 90-93-моддаларида назарда тутилган бошқа талабларнинг бажарилмаганлиги.

Жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилган тарзда олинган бошқа ҳолларда ҳам далиллар номақбул деб топилиши мумкин.


4. Тергов органлари ва судлар шуни назарда тутишлари лозимки, тўплаш пайтида йўл қўйилган қонун бузилиши сабабли номақбул деб топилган айрим далиллардан исбот қилишда тегишли процессуал ҳаракатлар белгиланган талабларга амал қилган ҳолда ўтказилгандан сўнг фойдаланилиши мумкин (масалан, тергов ёки суд ҳаракати ўтказиш баённомаларида айрим маълумотлар ёки бандларнинг йўқлиги, башарти бу камчиликни холислар, ушбу ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларини, зарур ҳолларда эса, терговчини сўроқ қилиш орқали бартараф қилиш имконияти бўлса).

Шу билан бирга, номақбул деб топилган айрим далилларни уларнинг юридик табиатига кўра тиклашнинг имконияти йўқ (масалан, қонунга мувофиқ розилиги олиниши шарт бўлган ҳолларда жабрланувчини, гувоҳни унинг розилигини олмай туриб такроран сўроқ қилиш,  шахсни ёки нарсани таниб олиш учун такроран кўрсатиш ва ҳ.к.). Бу эса, исбот қилувчи субъектни муайян ҳолатни тасдиқловчи восита сифатида мазкур далилга таяниш ҳуқуқидан маҳрум этади.


5. Тергов органлари ва судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, иш бўйича ҳар қандай қарор қабул қилишда, шу жумладан, айблов хулосаси ва ҳукмда номақбул далилларга асосланиш мумкин эмас.

Номақбул деб топилган далилларни тиклашнинг имконияти бўлмаган ҳолларда суд ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтармасдан, тўпланган далиллар мажмуидан келиб чиққан ҳолда ишни мазмунан ҳал этиши керак.


6. Қонун бузилиши оқибатида олинган далил суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан номақбул деб топилиши мумкин.

Далилни номақбул деб топиш масаласи гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар томонидан қўйилиши мумкин.


7. Суд далилни номақбул деб топганда, уни далиллар мажмуидан чиқариш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилади ва бу ҳақда ҳукмнинг тавсиф қисмида кўрсатади.


8. Судларга тушунтирилсинки, ишни мазмунан кўриш пайтида ҳар бир инстанция суди, тарафларнинг илтимосномаси билан чиқарилган далилни мақбул деб топиш тўғрисидаги масалани қайта муҳокама этиши мумкин.


9. Судлар ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув, тергов олиб бориш, шунингдек суд муҳокамаси даврида жиноят-процессуал қонунининг исбот қилишнинг умумий шартларига оид талабларига риоя қилинганлигини синчиклаб текширишлари ва йўл қўйилган қонун бузилиши ҳоллари юзасидан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари, зарур ҳолларда эса, Жиноят кодексининг мансабдорлик жиноятлари ёки одил судловга қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этишлари шарт.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                              Ф.Ф.Муҳитдинова


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                             Х.М.Ҳасанов

































Время: 0.1308
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск