ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Оммавий ахборот воситалари / Телерадиоузатиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.11.2005 й. ПФ-3678-сон "Мустақил телерадио каналларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

08.11.2005 й.

N ПФ-3678



МУСТАҚИЛ ТЕЛЕРАДИО КАНАЛЛАРНИ

ИСЛОҲ ҚИЛИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш, очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, одамлар онгида демократик қадриятларни шакллантиришда мустақил оммавий ахборот воситаларини, энг аввало, алоҳида аҳамиятга эга бўлган телерадиоэшиттириш фаолиятини ривожлантириш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Бугунги кунда телерадиоэшиттириш соҳаси 50 та телестудия, 13 та радиостанция, 36 та кабелли телевидение студияларидан иборат давлат ва нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини ўзига қамраб олади.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси республикадаги телерадиоэшиттириш тизимининг энг йирик субъекти бўлиб, унда ҳозир олти мингга яқин журналист, бошқа ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Компания ўз кўрсатув ва эшиттиришларини тўртта теле ва тўртта радиоканал орқали республика ҳудудининг 98 фоизига тарқатади, кўрсатув ва эшиттиришларнинг ўртача бир кунлик ҳажми 54 ва 93,2 соатни ташкил этади.

Кейинги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида телерадиоэшиттириш тизими мукаммал ва замонавий ишлаб чиқариш-техника базасига эга бўлди. Энг янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда телерадио дастурларини тарқатиш тармоғининг қабул қилиш-узатиш тизимларини реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Телерадио кўрсатувлари ва эшиттиришларини ишлаб чиқариш ҳамда шакллантириш жараёни замонавий рақамли ускуналар ва медиатехнологиялар тадбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг фаолияти ҳали замонавий талаб ва андозаларга тўла жавоб беради, деб бўлмайди.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясини бошқаришнинг мавжуд тизими, бошқарув тузилмаларидаги бир-бирини такрорлаш ва параллелизм, телерадиоканалларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатдан мустақил эмаслиги телерадиоиндустрия бозорини ривожлантиришга, ғоя ва дастурларнинг ижобий рақобатига тўсиқ бўлмоқда. Молиялаштириш тизимининг марказлаштирилгани, телерадиоэшиттириш соҳаси мутахассисларининг ижодий ва техник хизматларига янги дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга жамоалар қўшган аниқ ҳиссасини ҳисобга олмай туриб, ҳақ тўланаётгани Ўзбекистон телерадиокомпанияси журналистлари ва бошқа ходимларининг юқори унум билан, ижодий ташаббус ва фаоллик кўрсатиб меҳнат қилишига йўл бермаяпти.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси, аввало, унинг ҳудудий бўлинмалари кўрсатув ҳамда эшиттиришларининг профессионал даражаси, ғоявий-бадиий савияси ва сифати ҳамон пастлигича қолмоқда.

Мавжуд шарт-шароитлар телерадиожурналистларнинг мамлакатда ва жаҳонда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга ўз вақтида ва тезкорлик билан эътибор қаратиш борасидаги фаолиятнинг янада сустлашувига олиб келмоқда.

Мустақил телерадио каналларини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли ҳамда жамиятнинг ҳар томонлама ва холис ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришда мамлакатимизнинг электрон оммавий ахборот воситалари ролини ошириш мақсадида:


1. Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Молия вазирлигининг Ўзбекистон телерадиокомпаниясини Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Ўзбекистон МТРК) этиб қайта ташкил қилиш ва унинг таркибига қуйидагиларни:

"Ўзбекистон" телеканали ва "Ўзбекистон" радиоканали негизида ташкил қилинадиган "O'zbekiston" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси;

"Спорт" телеканали негизида ташкил қилинадиган "Sроrt" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси;

"Тошкент" телеканали ва "Дўстлик" радиоканали негизида ташкил қилинадиган "Toshkent" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси;

"Республика телемаркази", "Республика радио ва овоз ёзиш уйи", "Нукус телерадиомаркази" корхоналари негизида ташкил қилинадиган "Reapublika teleradiomarkazi" давлат унитар корхонаси;

"Ўзбектелефильм" студияси негизида ташкил қилинадиган "O'zbektelefilm" давлат унитар корхонаси;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят телерадиокомпаниялари, шунингдек бошқа ижодий, ишлаб чиқариш-техника бўлинмаларини, 1-иловага* мувофиқ киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолини, шунингдек чет эл жамоатчилигини Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида рўй бераётган, ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган демократик ўзгаришлар тўғрисида кенг хабардор қилиш;

аҳолининг таълим ва маданий савиясини ошириш, миллий анъаналарни, тарихий ва маънавий меросни сақлаб қолиш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни шакллантириш, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган теле- ва радиодастурлар сифатини, профессионал ва бадиий даражасини таъминлаш;

Ўзбекистон МТРК телерадиоканаллари, таркибий бўлинмалари фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини, ахборот хизматлари бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш, теле-радио кўрсатув ва эшиттиришларини ташкил қилиш жараёнига бозор механизмларини тадбиқ этиш, ушбу соҳага мамлакатимиз ҳамда чет эл корхоналари, ташкилотлари ва молия институтларининг сармояларини жалб қилиш;

замонавий талаблар ҳамда стандартларга мувофиқ техника базасини янада ривожлантириш, телерадиодастурлар тайёрлашга ахборот, компьютер ва медиатехнологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

Ўзбекистон МТРК бўлинмалари ижодий ва техник ходимларининг касб маҳоратини такомиллаштириш, ижодий фаоллигини ошириш мақсадида уларни самарали қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун зарур ташкилий шарт-шароитлар яратиш;

давлат ва нодавлат хорижий телерадиокомпаниялар, ахборот агентликлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан телерадиоэшиттириш соҳасида ахборот алмашиш бўйича самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

янгидан ташкил қилинган маъмурий, ижодий (телерадиоканаллар), ишлаб чиқариш-техник ва хўжалик тузилмалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар телерадиокомпаниялари юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган мустақил корхона ва ташкилотлар сифатида Ўзбекистон МТРК таркибига киради;

Ўзбекистон МТРК таркибига кирган давлат унитар корхоналарининг фаолияти давлат бюджети маблағлари, ҳомийлар ва реклама маблағлари, шунингдек қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телевидение ва радиода реклама учун бериладиган вақтнинг (кўрсатув ва эшиттиришнинг ҳар бир соати учун 10 фоизигача) йўл қўйиладиган нормаларини, шунингдек уни тарқатиш тартибини белгилаб берадиган қонун ҳужжатлари талабларининг телерадиоканаллар, ўзига қарашли ташкилот ва корхоналар томонидан сўзсиз бажарилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканали ва "Ёшлар" радиоканали негизида "Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти ташкил қилинсин.

Белгилансинки:

"Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти акцияларининг 50 фоизи давлат улуши, қолган 50 фоизи эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқи улуши ҳисобланади;

"Yoshlar" телерадиоканали" АЖда акцияларнинг давлат улушини бошқариш ҳуқуқи Ўзбекистон МТРКга топширилади;

"Yoshlar" телерадиоканали" АЖни бюджетдан молиялаштиришни камайтириш ва ўзини-ўзи тўла таъминлашга ўтказиш 2010 йилгача (ҳар йили - 20%дан) босқичма-босқич амалга ошириб борилади, мазкур даврда фақат давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган корхоналар, муассаса ва ташкилотларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар сақлаб қолинади.

5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг ушбу Фармон 2-бандида белгиланган энг муҳим вазифалари билан бир қаторда қуйидагилар асосий устувор йўналишлар этиб белгилансин:

"O'zbekiston" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси учун:

давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсати соҳасидаги энг муҳим қарорлари, мамлакатни демократлаштириш, янгилаш ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган, ҳуқуқий демократик давлатни, очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлардан мамлакат аҳолиси, шунингдек чет эл жамоатчилигини ҳар томонлама ва холис хабардор қилиб бориш;

умуммиллий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-сиёсий ва социал муаммолар - иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, фермерлар ҳаракати, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларини ривожлантириш масалаларини кенг ёритиш;

фуқароларнинг таълим даражасини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим йўналишлари бўйича уларнинг ўз фикрини баён қилиши билан боғлиқ муаммоларни кенг муҳокама қилиш, теле- ва радиодастурлар тайёрлаш;

халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини сақлаб қолишга, фольклор-этнографик анъаналарни ривожлантиришга, миллий ҳамда жаҳон адабиёти, мусиқаси, театри, киноси, тасвирий санъатининг энг яхши намуналари билан таништиришга қаратилган муҳим ижтимоий, гуманитар-маърифий телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил қилиш.

"Sport" телерадиоканали " давлат унитар корхонаси учун:

Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз ва чет эллардаги муҳим спорт тадбирларини, республикамиз спортчиларининг ютуқларини ёритишга йўналтирилган телерадио кўрсатув ва эшиттиришларини тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, болалар спорти ва оилавий спортни оммавий равишда ривожлантириш, жамиятдаги барча ижтимоий гуруҳларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, дам олишнинг фаол ва ижтимоий фойдали шаклларини ташкил қилиш, оммавий равишда ривожлантиришга, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини қайта тиклаш ҳамда ривожлантиришга бағишланган теле- ва радиодастурларни тайёрлаш;

хорижий телерадиокомпанияларнинг энг яхши дастурларини, шу жумладан жаҳон спорти, олимпия ҳаракати тарихига, халқаро спорт ташкилотлари фаолиятига бағишланган дастурларни олиб кўрсатиш;

республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларини тўғридан-тўғри трансляция қилишни ташкил этиш;

"Toshkent" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси учун:

Ўзбекистон пойтахти ва Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётини, бу ерда содир бўлаётган ижтимоий аҳамиятга молик бошқа катта воқеалар ва тадбирларни ёритиш;

маҳаллий ҳокимият ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг мамлакат пойтахтини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим муаммоларини ҳал этиш, фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш масалаларига бағишланган дастурлар тайёрлаш;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг кўп миллатли аҳолиси манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-гуманитар, ўқув, маданий-маърифий кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил қилиш.

"Yoshlar" телерадиоканали" акциядорлик жамияти учун:

мамлакатни демократик янгилаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида ёшларнинг иштирокини кенг ёритиш;

умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, йигит ва қизларни халқимизнинг тарихий анъаналари, маънавий қадриятлари, миллий маданиятимиз ва жаҳон цивилизациясининг илғор ютуқлари асосида маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, маърифатли, билимли ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз замонавий ёшларининг ички маънавий дунёсини намоён этишга йўналтирилган телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш авлоднинг фаол ҳаётий позициясини шакллантиришга қаратилган республика ва халқаро миқёсдаги турли теле-, радиофестивалларни ташкил қилиш.

Ўзбекистон МТРКнинг асосий вазифаларини, шунингдек телерадиоканаллар ўртасида теле-, радиомаҳсулот сифатини, бадиий ва профессионал савиясини оширишга, аҳолининг хилма-хил ва ишончли ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган дастурлар ва ижодий ғояларнинг соғлом рақобатини ривожлантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, ушбу бандда кўрсатилган устувор йўналишларини муттасил чуқурлаштириб, кенгайтириб ва янгилаб бориш Ўзбекистон МТРКнинг энг муҳим вазифаси деб белгилансин.


6. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг "Respublika teleradiomarkazi" давлат унитар корхонаси давлат мулки ҳисобланувчи ва телерадиотузилмаларга шартнома асосида берилувчи телерадиомаҳсулот ишлаб чиқариш воситалари, энерготаъминот объектлари, узатиш қурилмалари Ўзбекистон МТРКнинг бино ва муҳандислик-техник иншоотларининг асосий фондига эгалик қилувчи ташкилот ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.

Қуйидагилар "Respublika teleradiomarkazi" давлат унитар корхонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон телерадиоташкилотларига, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, теле-, радиомаҳсулот ишлаб чиқариш ва эфирга тайёрлаш бўйича, шу жумладан, йўлдош тизимларидан, кўчма телевидение ва радиостанциялардан фойдаланган ҳолда шартнома асосида техник, технологик, сервис ва бошқа хизматлар кўрсатиш;

телерадиомаҳсулот ишлаб чиқариш жараёнига дастурларнинг бадиий савияси ва сифати юқори бўлишини таъминлайдиган замонавий ахборот, компьютер ва медиатехнологияларни тадбиқ этиш;

телерадиомаҳсулотлар ишлаб чиқариш моддий-техника базаси, воситалари, узатиш қурилмалари, бинолар ва антенна иншоотларидан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, модернизациялаш ва янада ривожлантириш, уларни энергия билан узлуксиз таъминлаш.

Белгилансинки, янги ташкил этилаётган телерадиоканаллар, ижодий бўлинмалар ихтиёрига таҳририят ишини ташкил этиш учун зарур бўлган оргтехника, мебель анжомлари ва бошқа мулк берилади.


7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тўғрисидаги низом 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Ўзбекистон МТРК раисига, зарур ҳолларда, компания ва тобе ташкилотларнинг ташкилий тузилмасига Ўзбекистон МТРК тизимидаги ходимларнинг чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси:

Иқтисодиёт вазирлиги (У. Розиқулов), Молия вазирлиги (С. Раҳимов), Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (М. Асқаров) билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу Фармон талабларига мувофиқ Ўзбекистон телерадиокомпаниясини қайта ташкил этиш ва унинг негизида мустақил телерадиотузилмалар ташкил қилиш Дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон телерадиокомпаниясини қайта ташкил этиш жараёнида телерадиоэшиттириш тизимининг узлуксиз ва сифатли фаолият кўрсатишини таъминласин;

Ўзбекистон телерадиокомпаниясини қайта ташкил этиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этсин;

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (А. Азизхўжаев), Молия вазирлиги (С. Раҳимов) билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистан телерадиокомпанияси таркибидаги бадиий жамоаларни 4-иловага* мувофиқ меҳнат ҳақи фонди билан бирга белгиланган тартибда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфига ўтказсин.


9. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (А. Азизхўжаев) вазирлик тизимида Ўзбекистон МТРК томонидан ўтказиладиган бадиий жамоалардан иборат Ижодий уюшма ташкил этсин, уларнинг таркиби, ижодий фаолият йўналиши сақлаб қолинсин ва тўлақонли фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратилсин;

Ўзбекистон МТРК билан биргаликда Ижодий уюшма ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида ижодий ҳамкорликнинг узоқ муддатли дастури ва ҳар йили тузиладиган шартномалар асосида ушбу Фармоннинг 8-бандида кўрсатилган ижодий жамоаларнинг теле-, радиоканаллардаги чиқишларини таъминласин.


10. Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (М. Асқаров) Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда уч ой муддатда:

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг тақсимот балансларини тайёрласин ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг янги ташкил этиладиган давлат унитар корхоналарига белгиланган тартибда мулкни топшириш-қабул қилиш ишларини амалга оширсин;

муассислар йиғилишини ўтказиб, мулкни инвентаризация қилсин ва ташкил этилаётган "Yoshlar" телерадиоканали" ёпиқ акциядорлик жамияти низом жамғармасини қонунда белгиланган тартибда шакллантирсин.


11. Молия вазирлиги (С. Раҳимов), Иқтисодиёт вазирлиги (У. Розиқулов) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясини ва унга қарашли тузилмаларни молиялаштириш тартиби ва сметасига, шунингдек ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда унинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва модернизация қилиш инвестиция дастурларига тегишли ўзгартишлар киритсин.


12. 2010 йил 1 январигача бўлган давр мобайнида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва унинг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар даромад солиғидан, шунингдек импорт қилинадиган ускуна ва материалларга божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин, бўшайдиган маблағлар уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилсин.

Молия вазирлиги (С. Раҳимов) мазкур имтиёзлар берилиши натижасида олинадиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистоннинг ижтимоий тараққиётида телевидение ва радионинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 7 майдаги ПФ-1462-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Б. Мустафоев) бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу Фармондан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари бўйича қарор қабул қилсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 45-сон, 338-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2005 йил, 11-сон, 392-модда



































































Время: 0.1901
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск