ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (6-12 боблар. 81-163-моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



6-12-Боблар


3-КИЧИК БЎЛИМ. ОБЪЕКТЛАР


6-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


81-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг турлари

Фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига ашёлар, шу жумладан пул ва қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар, ихтиролар, саноат намуналари, фан, адабиёт, санъат асарлари ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари, шунингдек шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа моддий ҳамда номоддий бойликлар киради.


82-модда. Фуқаролик ҳуқуқлари

объектларининг муомалада бўлиши

Фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида ёхуд бошқа усул билан, агар улар муомаладан чиқарилмаган ёки уларнинг муомалада бўлиши чеклаб қўйилмаган бўлса, бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин.

Муомалада бўлишига йўл қўйилмайдиган фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг турлари (муомаладан чиқарилган объектлар) қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлиши керак.

Муайян муомала иштирокчиларигагина қарашли бўла оладиган ёки муомалада бўлишига махсус рухсатнома билан йўл қўйиладиган фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг (муомалада бўлиши чекланган объектларнинг) турлари қонунда кўрсатилган тартибда белгиланади.


7-БОБ. МОДДИЙ НЕЪМАТЛАР


83-модда. Мол-мулкнинг турлари

Мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади.

Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради.

Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш ва улар бекор бўлишининг хусусиятлари қонун билан белгилаб қўйилади.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


84-модда. Кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт.

Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


85-модда. Корхона

Бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади.

Бутун корхона ёки унинг қисми олиш-сотиш, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкин.

Мулкий комплекс бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киради.



86-модда. Ашёларнинг таснифи

Ашёлар фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари сифатида қуйидагиларга бўлинади:

хусусий ва турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар;

бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар;

истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёлар;

асосий ва мансуб ашёлар;

мураккаб ашёлар.


87-модда. Хусусий ва турга хос аломатлари билан

белгиланадиган ашёлар

Алоҳида, фақат ўзигагина хос, уни бир хил ашёлар орасидан ажратиб турадиган ва шу тариқа хусусий аломатларга эга бўлган ашё хусусий аломатлари билан белгиланган ашё ҳисобланади. Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар жумласига ноёб, яъни ўзи бир дона бўлган ашёлар, шунингдек муайян усул билан ажратиб қўйилган ашёлар (муҳр босиш, алоҳида белгилар тушириш, номер, рақам бериш ва шу кабилар) киради.

Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар бошқаси билан алмаштириб бўлмайдиган ашёлардир.

Бир турдаги ҳамма ашёларга хос аломатларга эга бўлган ҳамда сони, оғирлиги, ўлчови ва шу кабилар билан белгиланадиган ашёлар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади.

Турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бошқаси билан алмаштирса бўладиган ашёлардир.



88-модда. Бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар

Бўлиш натижасида ҳар қайси қисми бутуннинг хоссаларини ўзида сақлаб қоладиган ва шу билан бирга ўзининг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини йўқотмайдиган ашё бўлинадиган ашё ҳисобланади.

Бўлиш натижасида қисмлари дастлабки ашёнинг хоссаларини йўқотадиган, унинг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини ўзгартирадиган ашё бўлинмайдиган ашё ҳисобланади.



89-модда. Истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёлар

Бир карра фойдаланиш натижасида йўқолиб кетадиган ёки дастлабки ҳолатида мавжуд бўлмай қоладиган ашёлар (хом ашё, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шу кабилар) истеъмол қилинадиган ашёлар ҳисобланади.

Қайта-қайта фойдаланишга мўлжалланган, бунда ўзининг дастлабки ҳолатини узоқ вақт давомида сақлаб қоладиган ҳамда аста-секин емирилиб борадиган ашёлар (бинолар, ускуналар, транспорт воситалари) истеъмол қилинмайдиган ашёлар ҳисобланади.



90-модда. Асосий ва мансуб ашёлар

Фойдаланиш туфайли вужудга келадиган муносабатларнинг моҳияти билан бошқа ашё (мансуб ашё)га боғлиқ мустақил ашё асосий ашё ҳисобланади.

Асосий ашёга хизмат қилиши керак бўлган ва у билан умумий хўжалик вазифаси орқали боғлиқ ашё мансуб ашё ҳисобланади.

Мансуб ашё, агар қонун ҳужжатлар ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий ашёнинг тақдирига боғлиқ бўлади.


91-модда. Мураккаб ашёлар

Агар турли хил ашёлар бирикманинг моҳияти билан белгиланадиган вазифаси бўйича фойдаланиш имконини берадиган яхлит бир бутунни ташкил этса, улар битта ашё (мураккаб ашё) ҳисобланади.

Мураккаб ашё хусусида тузилган битим, агар шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, унинг барча таркибий қисмларига тааллуқли бўлади.



92-модда. Ҳосил ва даромадларга бўлган ҳуқуқ

Ашёдан келадиган ҳосил ва даромадлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ашё эгасига тегишлидир.


93-модда. Ҳайвонлар

Қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мол-мулк тўғрисидаги умумий қоидалар ҳайвонларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди.


94-модда. Пул (валюта)

Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир.

Сўм ёзиб қўйилган қиймати бўйича қабул қилиниши шарт бўлган қонуний тўлов воситасидир.

Тўловлар нақд пул билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тарзида амалга оширилади.

Ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш ҳоллари, тартиби ва шартлари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


95-модда. Валюта қимматликлари

Валюта қимматликлари деб ҳисобланадиган мол-мулк турлари ва улар хусусида битимлар тузиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади.

Валюта қимматликларига мулк ҳуқуқи умумий асосларда ҳимоя қилинади.


96-модда. Қимматли қоғозлар

Мулкий ҳуқуқларни белгиланган шаклга ва мажбурий реквизитларга амал қилган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар қимматли қоғозлар ҳисобланиб, уларни тақдим этган тақдирдагина мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ёки бошқа шахсларга бериш мумкин бўлади.

Қимматли қоғозлар бошқа шахсга берилиши билан улар томонидан тасдиқланадиган ҳамма ҳуқуқлар ҳам ўша шахсга ўтади.

Қимматли қоғозлар жумласига қуйидагилар киради: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, коносамент, акция ҳамда қонунчилик билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради.


8-БОБ. НОМОДДИЙ НЕЪМАТЛАР


97-модда. Интеллектуал фаолият натижалари

Ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда интеллектуал фаолиятнинг аниқ ифода этилган натижалари ҳамда юридик шахснинг бу натижаларга тенглаштирилган ўзига хос воситалари, ана шу ишлар ёки хизматларни адо этаётган жисмоний ёки юридик шахснинг маҳсулотлари (фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ҳ.к.)га нисбатан фуқаронинг ёки юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқи эътироф этилади.

Мутлақ ҳуқуқ объекти бўлган интеллектуал фаолият натижалари ва ўзига хос воситаларидан учинчи шахслар ҳуқуқ эгасининг рухсати билангина фойдаланишлари мумкин.


98-модда. Хизмат ва тижорат сири

Фуқаролик қонунчилиги хизмат ёки тижорат сири бўлган ахборотни, башарти бу ахборот учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ҳақиқий ёки нисбий тижорат қимматига эга бўлган, қонун йўли билан ундан эркин баҳраманд бўлиш мумкин бўлмаган ҳамда ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган ҳолларда ҳимоя этади.


99-модда. Шахсий номулкий ҳуқуқлар

ва бошқа номоддий неъматлар

Шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин.


100-модда. Шаън, қадр-қиммат

ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш

Фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади.

Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим.

Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.

Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.

Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиёнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилади.


4-КИЧИК БЎЛИМ. БИТИМЛАР ВА ВАКИЛЛИК


9-БОБ. БИТИМЛАР


1-§. БИТИМЛАР ТУШУНЧАСИ, ТУРЛАРИ ВА ШАКЛИ


101-модда. Битимлар тушунчаси

Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.


102-модда. Битим турлари

Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.

Битим тузиш учун қонунчиликка ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.

Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак.


103-модда. Бир тарафлама битимларни ҳуқуқий тартибга солиш

Бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонун ҳужжатларда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин.

Бир тарафлама битимларга нисбатан, башарти қонунчиликка, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса, мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар (ушбу Кодекснинг III бўлими) тегишинча қўлланилади.


104-модда. Шартли битимлар

Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг келиб чиқишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум бўлган ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, битим кечиктириш шарти билан тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим ҳисобланади.

Агар шартнинг юз беришига унинг юз беришидан манфаатдор бўлмаган тараф инсофсизлик билан қаршилик кўрсатган бўлса, бу шарт юз берган деб ҳисобланади.

Агар шартнинг юз беришига ушбу шартнинг юз беришидан манфаатдор бўлган тараф инсофсизлик билан ёрдамлашган бўлса, бу шарт содир бўлмаган ҳисобланади.



105-модда. Битимларнинг шакли

Битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади.

Сукут сақлаш қонунчиликда ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда битим тузишга бўлган хоҳиш-ироданинг ифодаси ҳисобланади.


106-модда. Битимнинг оғзаки шакли

Қонунчиликда ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади.

Жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади.

Ёзма шаклда тузилган шартномани бажаришга қаратилган битимлар, агар қонунчилик ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин.


107-модда. Битимнинг ёзма шакли

Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.

Агар қонунчиликка ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, битим тузиш чоғида имзодан факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланилишига йўл қўйилади.

Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераётган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан тузилиши мумкин.

Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонунчиликда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади.

Қонунчиликда ва тарафларнинг келишувида битим шакли мос келиши шарт бўлган қўшимча талаблар (муайян шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр босиб (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши ва бошқалар) белгилаб қўйилиши ва бу талабларга риоя этмаслик оқибатлари назарда тутилиши мумкин.

Агар фуқаро жисмоний камчилиги, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли битимни шахсан ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан битимни бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бошқа фуқаронинг имзоси нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан гувоҳлантирилиб, битим тузувчи уни шахсан ўзи имзолай олмаслигининг сабаблари кўрсатилиши шарт.

Ёзма шаклда тузилган битимни бажарган тараф иккинчи тарафдан ижрони тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишга ҳақли. Оғзаки тадбиркорлик битимини бажарган тараф ҳам ана шундай ҳуқуққа эга, тузилган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битимлар бундан мустасно.



108-модда. Битимнинг оддий ёзма шакли

Нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:

1) юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари;

2) фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса - битим суммасидан қатъи назар бошқа битимлар.

Ушбу Кодекснинг 106-моддасига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин бўлган битимлар учун оддий ёзма шаклга риоя этиш талаб қилинмайди.



109-модда. Битимнинг оддий ёзма шаклига

риоя қилмаслик оқибатлари

Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.


110-модда. Битимларни нотариал тасдиқлаш

Битимни нотариал тасдиқлаш ушбу Кодекснинг 107-моддаси талабларига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.


111-модда. Битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулк хусусида тузилган битимларни рўйхатдан ўтказиш ва тегишли реестрларни юритиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Қонунчиликда муайян турдаги кўчар мол-мулк хусусида тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш белгилаб қўйилиши мумкин.


112-модда. Битимнинг нотариал шаклига

ва уни рўйхатдан ўтказиш талабига

риоя қилмасликнинг оқибатлари

Битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса - битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз бош тортаётган тараф битимни тузиш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим.


2-§. БИТИМЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭМАСЛИГИ


113-модда. Низоли ва ўз-ўзидан

ҳақиқий бўлмаган битимлар

Битим ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).

Низоли битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни ушбу Кодексда кўрсатилган шахслар қўйишлари мумкин.

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли.


114-модда. Битимлар ҳақиқий эмаслигининг

оқибатлари тўғрисидаги умумий қоидалар

Ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.


115-модда. Битимнинг қонун талаб

қиладиган шаклига риоя этмаслик

Битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.


116-модда. Қонунчиликнинг талабларига

мувофиқ бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.


117-модда. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан

тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган битимлар бундан мустасно.

Бундай битимдаги тарафларнинг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши, олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши шарт. Бундан ташқари, муомалага лаёқатли тараф, агар иккинчи тарафнинг муомалага лаёқатсизлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, иккинчи тарафга у кўрган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.



118-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача

бўлган вояга етмаган шахс томонидан тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахс томонидан ушбу Кодекснинг 27-моддасига мувофиқ унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийсининг розилиги талаб қилинадиган ҳолларда уларнинг розилигисиз тузилган битим ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийсининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Агар бундай битим ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бу модданинг қоидалари ушбу Кодекс 22-моддасининг иккинчи қисми ва 28-моддасида назарда тутилган ҳолларда тўла муомала лаёқатига эга бўлган вояга етмаганларга нисбатан татбиқ этилмайди.



119-модда. Муомалага лаёқатсиз деб топилган

фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.


120-модда. Муомала лаёқати чекланган

фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Спиртли ичимликларни ёки гиёҳванд воситаларни суиистеъмол қилиш оқибатида муомала лаёқати чекланган фуқаро томонидан ҳомийсининг розилигисиз тузилган битимни суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Агар бундай битим ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бу модданинг қоидалари ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тузилган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган майда маиший битимларга тааллуқли бўлмайди.



121-модда. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна

олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро

томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Гарчи муомалага лаёқатли бўлса-да, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахсларнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимни, агар битимни тузиш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, унинг васийси қилган даъвога мувофиқ суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Агар битим ушбу модда асосида ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, битим тузиш пайтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни бошқара олмаган тарафга иккинчи тараф, агар у ўзи билан битим тузган фуқаронинг бундай ҳолатда эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, қилинган харажатларни, йўқотилган мол-мулкнинг ёки унга етказилган шикастнинг ҳақини тўлаши керак.


122-модда. Янглишиш таъсирида тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Битимнинг табиати, унинг нарсасининг ўз вазифаси бўйича фойдаланиш имкониятини анча пасайтирадиган ўхшашлиги ёки сифати ҳақида янглишиш жиддий аҳамиятга эгадир. Битимнинг сабаблари хусусида янглишиш жиддий аҳамиятга эга эмас.

Агар битим янглишиш таъсирида тузилганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф янглишиш иккинчи тарафнинг айби билан юз берганлигини исботлай олса, иккинчи тарафдан ўзига етказилган ҳақиқий зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар бу ҳол исботланмаса, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф иккинчи тарафнинг талаби билан, башарти ҳатто янглишиш янглишган тарафга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра юз берган бўлса ҳам, етказилган ҳақиқий зарарни унга тўлаши шарт.


123-модда. Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф

вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши

ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим, шунингдек фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар битим юқорида кўрсатилган асослардан бирига кўра ҳақиқий эмас деб топилса, иккинчи тараф жабрланувчига унинг битим бўйича бажарган ҳамма нарсасини қайтариб бериши керак, олинган нарсани асл ҳолида қайтаришнинг иложи бўлмаганида эса - унинг қийматини пул билан тўлаши керак. Жабрланувчи битим бўйича иккинчи тарафдан олган мол-мулк, шунингдек иккинчи тарафга топширилган нарса эвазига ўзига тегишли бўлган мол-мулк давлат даромадига ўтказилади. Мол-мулкни асл ҳолида давлат даромадига ўтказиш мумкин бўлмаса, унинг қиймати пул билан ундириб олинади. Бундан ташқари, жабрланувчига иккинчи тараф унинг қилган харажатларини, унинг мол-мулки йўқотилиши ёки бузилиши натижасида етказилган зарарни тўлайди.


124-модда. Қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган

битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.


125-модда. Юридик шахс ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига

чиқадиган битимнинг ҳақиқий эмаслиги

Юридик шахс томонидан унинг устав мақсадларига зид ҳолда тузилган ёки тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битим унинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


126-модда. Битим тузиш ваколатларини чеклаш оқибатлари

Агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


127-модда. Битимнинг ҳақиқий эмас

деб ҳисобланиш пайти

Ҳақиқий эмас деб топилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади. Битимнинг мазмунидан унинг фақат келажак вақт учун бекор қилиниши мумкинлиги англашилса, ҳақиқий эмас деб топилган битим келажак вақт учун ҳаракатдан тўхтайди.



128-модда. Битимнинг бир қисми

ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари

Битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди.


10-БОБ. ВАКИЛЛИК ВА ИШОНЧНОМА


129-модда. Вакиллик

Ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган битимни, шунингдек қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа битимларни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди.

Вакил ўзига ваколат берган шахс номидан шахсан ўзига нисбатан ҳам, у айни бир вақтда вакили бўлган бошқа шахсга нисбатан ҳам битимлар тузиши мумкин эмас, тижорат вакиллиги бўлган ҳоллар бундан мустасно.


130-модда. Муомалага лаёқатли шахслар

номидан вакиллик қилиш

Муомалага лаёқатли шахслар ўзлари танлаган вакиллар орқали битимлар тузишлари мумкин, битим ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган ҳоллар, шунингдек қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


131-модда. Муомалага лаёқатсиз

шахслар номидан вакиллик қилиш

Муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан битимларни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари тузадилар.


132-модда. Ваколатсиз вакиллик

Вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Битим тузишга ваколат берган шахс томонидан битимнинг кейинчалик маъқулланиши уни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий битимга айлантиради.



133-модда. Тижорат вакиллиги

Тадбиркорлар шартномалар тузаётганида улар номидан доимо ва мустақил суратда вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундай ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда эса - ишончнома асосида ҳам иш олиб боради.

Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Агар тарафлар билан тузилган битимда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тижорат вакили шартлашилган ҳақни ва топшириқни бажариш вақтида қилган чиқимларини тенг улушларда тўлашни шартномадаги тарафлардан талаб қилишга ҳақли.

Тижорат вакили ўзига берилган топшириқни бажариб бўлганидан кейин ҳам савдо битимлари тўғрисида ўзига маълум бўлган маълумотларни сир сақлаши шарт.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларидаги тижорат вакиллигининг хусусиятлари қонунчилик билан белгиланади.


134-модда. Ишончнома

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.


135-модда. Ишончноманинг шакли

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар ва қонунчилик билан ишончноманинг ўзгача шакли белгилаб қўйилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.


136-модда. Нотариал тасдиқланган ишончномаларга

тенглаштирилган ишончномалар

Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилади:

госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса - ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.


137-модда. Ишончноманинг бошқа шакллари

Хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.


138-модда. Юридик шахснинг ишончномаси

Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) босилади.

Давлат мулкига асосланган юридик шахс номидан пул ва бошқа мулкий бойликларни олиш ёки топшириш учун бериладиган ишончнома шу юридик шахснинг бош (катта) бухгалтери томонидан ҳам имзоланиши керак. Банкда операцияларни амалга оширишга ишончнома бериш тартиби ва унинг шакли қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


139-модда. Ишончноманинг муддати

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.


140-модда. Ишончнома бўйича ваколатларни

бошқа шахсга бериш (бошқа шахсга ўтказиш)

Ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Бошқа шахсга ўтказиш бўйича берилган ишончноманинг амал қилиш муддати унинг берилишига асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Ваколатларини бошқага берган шахс ишончнома берган шахсга буни маълум қилиши ҳамда мазкур шахс ва унинг яшаш жойи тўғрисидаги зарур маълумотларни хабар қилиши керак. Мазкур бурчлар бажарилмаса, ўз ваколатларини бошқага берган шахс ундан ваколат олган шахснинг ҳаракатлари учун худди ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади.



141-модда. Ишончноманинг бекор бўлиши

Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) ишончнома муддатининг тамом бўлиши;

2) ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;

3) ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;

4) номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

5) номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

6) ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

7) ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса - ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.

Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.



142-модда. Ишончноманинг бекор бўлганлиги

ҳақида шахсларга хабар бериш

Ишончнома берган шахс унинг бекор бўлганлиги ҳақида ишончнома олган шахсни, шунингдек ишончнома қаратилган ўзига маълум учинчи шахсларни ҳам хабардор қилиши шарт. Ишончнома ушбу Кодекс 141-моддаси биринчи қисмининг 4-7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган ҳолларда ишончнома берган шахснинг ҳуқуқий ворислари зиммасига ҳам шундай вазифа юклатилади.


143-модда. Ишончнома олган шахснинг ишончнома

бекор бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари

Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билгунча ёки билиши лозим бўлгунича қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворислари учун учинчи шахсларга нисбатан ўз кучини сақлаб қолади.

Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

Агар учинчи шахс ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.


144-модда. Ишончномани қайтариш мажбурияти

Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганидан кейин ишончнома олган шахс ёки унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари) дарҳол ишончномани қайтариб беришлари шарт.


5-КИЧИК БЎЛИМ. МУДДАТЛАР. ДАЪВО МУДДАТИ


11-БОБ. МУДДАТЛАРНИ ҲИСОБЛАШ


145-модда. Муддат белгилаш

Қонунчиликда ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календар сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Муддат муқаррар юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатиш билан ҳам белгиланиши мумкин.



146-модда. Вақт даври билан белгиланган

муддатнинг бошланиши

Вақт даври билан белгиланган муддат календар санадан кейинги ёки унинг бошланиш куни деб белгиланган воқеа юз берганидан кейинги кундан ўта бошлайди.



147-модда. Вақт даври билан белгиланган

муддатнинг тамом бўлиши

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилидаги тегишли ой ва кунда тамом бўлади.

Ярим йил деб белгиланган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади.

Йил чораклари билан ҳисобланадиган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади. Бунда йил чораги уч ойга тенг деб ҳисобланади, йил чоракларининг ҳисоби эса - йил бошидан юритилади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат шу муддатнинг охирги ойидаги тегишли кунда тугайди.

Ярим ой деб белгиланган муддатга кунлар билан ҳисобланадиган муддат деб қаралади ва у ўн беш кунга тенг бўлади.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тамом бўлиши тегишли рақам бўлмаган ойга тўғри келса, у ҳолда муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Ҳафталар билан ўлчанадиган муддат шу муддатнинг охирги ҳафтасидаги тегишли кунда тугайди.



148-модда. Муддатнинг охирги кунида

ҳаракатни амалга ошириш тартиби

Агар муддат бирон-бир ҳаракатни амалга ошириш учун тайинланган бўлса, бу ҳаракат муддатнинг охирги кунидаги соат йигирма тўртга қадар бажарилиши мумкин.

Агар, бу ҳаракат ташкилотда амалга оширилиши керак бўлса, у ҳолда муддат белгиланган қоидаларга мувофиқ ушбу ташкилотда тегишли операциялар тўхтатиладиган соатда тамом бўлади.

Муддатнинг охирги кунида соат йигирма тўртга қадар алоқа ташкилотига топширилган ёки бошқа алоқа воситалари билан юборилган барча ёзма баёнотлар ва хабарлар, пул ўтказмалари муддатида қилинган ҳисобланади.



12-БОБ. ДАЪВО МУДДАТИ


149-модда. Даъво муддати тушунчаси

Даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.


150-модда. Умумий даъво муддати

Умумий даъво муддати - уч йил.


151-модда. Махсус даъво муддатлари

Айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодекс 152-162-моддаларининг қоидалари махсус даъво муддатларига ҳам жорий қилинади.


152-модда. Даъво муддатларини ўзгартириш

тўғрисидаги битимнинг ҳақиқий саналмаслиги

Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Даъво муддатлари ўтишини тўхтатиш ва унинг узилиш асослари ушбу Кодекс билан белгиланади.


153-модда. Даъво муддатини қўллаш

Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.


154-модда. Даъво муддатининг ўта бошлаши

Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Муайян ижро муддатига эга бўлган мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.

Ижро этиш муддати белгиланмаган ёки талаб қилиш пайти ижро этиш муддати билан белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддати кредиторда мажбуриятни бажариш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан ўта бошлайди, борди-ю, қарздорга бундай талабни бажариш учун имтиёзли муддат берилса, даъво муддати имтиёзли муддат тамом бўлганидан кейин ҳисоблана бошлайди.

Регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди.


155-модда. Мажбуриятдаги шахслар

алмашинганида даъво муддати

Мажбуриятдаги шахсларнинг алмашиниши даъво муддати ва уни ҳисоблаш тартибининг ўзгаришига олиб келмайди.


156-модда. Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши

Даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;

3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;

4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;

5) тегишли муносабатни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатининг амал қилиши тўхтатилган бўлса.

6) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилган тақдирда.

Агар ушбу моддада кўрсатилган ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида вужудга келган ёки давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Муддатнинг тўхтатилишига турилишига асос бўлган ҳолат барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.



157-модда. Даъво муддати ўтишининг узилиши

Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.

Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса - янги муддатга қўшилмайди.


158-модда. Даъво кўрилмасдан қолдирилган

тақдирда даъво муддатининг ўтиши

Агар даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилганга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади.

Агар жиноят иши бўйича қўзғатилган даъво суд томонидан кўрилмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати даъвони кўрмасдан қолдирган ҳукм қонуний кучга киргунича тўхтатиб турилади, даъво муддати тўхтатиб турилган вақт даъво муддатига қўшилмайди. Бунда муддатнинг қолган қисми олти ойдан кам бўлса, у олти ойгача узайтирилади.


159-модда. Даъво муддатини тиклаш

Башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.


160-модда. Махсус даъво муддатининг

тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши

Даъво муддатининг тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши ҳақидаги қоидалар (ушбу Кодекснинг 156, 157 ва 159-моддалари), агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, махсус даъво муддатига нисбатан ҳам қўлланади.


161-модда. Даъво муддати ўтганидан

кейин мажбуриятни бажариш

Даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятини бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.


162-модда. Қўшимча талабларга нисбатан

даъво муддатини қўллаш

Асосий талаб бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати ҳам ўтган ҳисобланади.


163-модда. Даъво муддати жорий

қилинмайдиган талаблар

Даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;

мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бу бузишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (ушбу Кодекснинг 231-моддаси), бартараф этиш ҳақидаги талабларига;

мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;

қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.


Время: 0.1345
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск