ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (13-19 боблар. 164-233 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



13-19-Боблар



II БЎЛИМ. МУЛК ҲУҚУҚИ

ВА БОШҚА АШЁВИЙ ҲУҚУҚЛАР


13-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


164-модда. Мулк ҳуқуқи тушунчаси

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.


165-модда. Мулкдор бўлмаган шахсларнинг

ашёвий ҳуқуқларининг мазмуни

Мулк ҳуқуқи билан бир қаторда хусусан қуйидагилар ашёвий ҳуқуқлар ҳисобланади:

хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи;

мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи;

сервитутлар.

Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши, агар қонунчиликда ўзга тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу мол-мулкка нисбатан ўзга ашёвий ҳуқуқларнинг бекор бўлиши учун асос бўлмайди.

Мулкдор бўлмаган шахснинг ашёвий ҳуқуқларининг бузилиши ушбу Кодекснинг 232-моддасида назарда тутилган тартибда ҳимоя қилинади.



166-модда. Мулкнинг дахлсизлиги

Мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.

Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир.

Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.


167-модда. Мулк шакллари

Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларида бўлади.


168-модда. Мулк ҳуқуқининг субъектлари

Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектларидир.

Мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида бир шахсга ёки икки ва ундан ортиқ шахсларга қарашли бўлиши мумкин.

Мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


169-модда. Мулк ҳуқуқининг объектлари

Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, квартиралар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, шунингдек интеллектуал мулк объектлари мулк бўлиши мумкин.


170-модда. Ерга ва бошқа табиий ресурсларга

бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар

Ерга ва бошқа табиий ресурсларга бўлган мулк ҳуқуқи ва ўзга ашёвий ҳуқуқлар ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан тартибга солинади.


171-модда. Уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа

ашёвий ҳуқуқларни амалга ошириш хусусиятлари

Уй жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш хусусиятлари ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар қонунчилик билан тартибга солинади.


172-модда. Мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари

Мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Қонун ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда, шартларда ва доирада мулкдор бошқа шахслар унинг мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйишга мажбур.

Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас.

Мулкдор ўз ҳуқуқини амалга оширганида фуқароларнинг соғлиғига ва атроф муҳитга зарар етказишининг олдини олиш чораларини кўришга мажбур.


173-модда. Ўзганинг ер участкасидан

чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи

Кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса - бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади. Жамоат эҳтиёжлари учун зарур бўлган ҳолларда сервитут қонунга мувофиқ тегишли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин (оммавий сервитут).

Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.

173-1-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа

шахсга ўтказилганда сервитутнинг сақланиши

Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, сервитут белгиланган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сервитут сақланиб қолади.

Сервитут олди-сотди, ҳадя, гаров ёки ижаранинг мустақил предмети бўлиши мумкин эмас, шунингдек уни сервитут белгиланган кўчмас мулкнинг ҳуқуқ эгаси бўлмаган бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

173-2-модда. Сервитут шартлари

Сервитут ушбу Кодекснинг 173-моддасида назарда тутилган асослар амал қилишини йўқотмагунга қадар амал қилади.

Сервитут белгиланганда сервитут белгиланаётган ер участкасининг майдони, ушбу ер участкасида муҳандислик-коммуникация тармоқлари объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, уларни кўздан кечириш ва таъмирлаш шартлари, ер фонди тоифасидан қатъи назар, ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкасининг ижарачисига ва (ёки) мулкдорига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби, сервитут белгиланаётган ер участкасининг жорий ҳолати, ер участкасини ундан белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш зарурлиги, сервитут учун ҳақ тўлаш тартиби, шунингдек сервитут белгиланган ер участкасидан фойдаланишдаги чекловлар кўрсатилиши шарт.

Сервитут белгиланганда қонунга мувофиқ бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

173-3-модда. Сервитут учун ҳақ тўлаш

Сервитут белгиланган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари сервитут кимнинг манфаатларини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан ушбу ер участкаларидан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.

Ер участкасининг сервитут белгиланган қисми учун ер солиғи (ижара ҳақи) ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари томонидан тўланади, бунда сервитут учун тўланадиган (бир марталик ёки доимий) ҳақ миқдори сервитут амал қиладиган давр учун белгиланган ер солиғи (ижара ҳақи) суммасидан кам бўлиши мумкин эмас.

Сервитут учун ҳақ тўлашга оид бошқа шартлар, шунингдек сервитут тўловсиз (текин) амалга ошириладиган ҳолатлар қонунда белгиланади.

173-4-модда. Сервитут белгиланган ер участкасида

муҳандислик-коммуникация тармоқлари

объектларини сақлаш

Агар сервитутни амалга ошириш учун сервитут белгиланган ер участкасида муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд бўлиши талаб этилса, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, мазкур ер участкасининг ижарачилари ва мулкдорлари бундай муҳандислик-коммуникация тармоқларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт- шароитларни яратиши кераклиги белгиланиши мумкин.

Агар ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари муҳандислик-коммуникация тармоқларидан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлса, сервитут кимнинг манфаатларини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахс муҳандислик-коммуникация тармоқларини, улардан фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда сақлаши керак.

173-5-модда. Сервитут белгиланган ер участкасини бўлиш

Агар сервитут белгиланган ер участкасини бўлиш сервитутдан фойдаланишга тўсқинлик қилмаса, сервитут ер участкасининг бўлинган қисмларига нисбатан ҳам сақланиб қолади. Бунда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, бўлинган ер участкасининг ижарачилари ва мулкдорлари сервитут шартлари қайта кўриб чиқилишини талаб қилишга ҳақли.

Агар сервитут бўлинган ер участкасининг фақат битта қисмига белгиланса, у қолган ер участкаларига нисбатан бекор қилинади.

173-6-модда. Сервитутни ўзгартириш ва бекор қилиш

Сервитут тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритишда ва уни бекор қилишда ушбу Кодекснинг шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилишга доир қоидалари қўлланилади.

Оммавий сервитутни ўзгартириш ва бекор қилиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Сервитутни ўзгартириш ва бекор қилиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

173-7-модда. Бинолар, иншоотлар ва бошқа

кўчмас мулкка сервитут белгилаш

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ер участкасидан фойдаланишдан ташқари, чекланган тарзда фойдаланиш зарур бўлган бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкка ҳам ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда ҳамда шартларда сервитут белгиланиши мумкин.



174-модда. Мол-мулкни сақлаш вазифаси

Ўзига қарашли мол-мулкни сақлаш, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдор зиммасидадир.


175-модда. Мол-мулкнинг тасодифан

нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи

Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулк эгасининг зиммасидадир.


14-БОБ. ХЎЖАЛИК ЮРИТИШ ҲУҚУҚИ.

ОПЕРАТИВ БОШҚАРИШ ҲУҚУҚИ


176-модда. Хўжалик юритиш ҳуқуқи

Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ихтиёрида мол-мулк бўлган унитар корхона бу мол-мулкка ушбу Кодексда белгиланадиган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.


177-модда. Хўжалик юритишида бўлган

мол-мулкка нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқлари

Хўжалик юритишида бўлган мол-мулкнинг эгаси қонунга мувофиқ корхона ташкил этиш, унинг фаолият соҳасини ва мақсадларини аниқлаш, уни қайта ташкил этиш ва тугатиш масаласини ҳал қилади, корхона директорини (раҳбарини) тайинлайди, корхонага қарашли мол-мулкдан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши ва унинг сақланишини назорат қилади.

Мулкдор корхонанинг хўжалик юритишида бўлган мол-мулкни ишлатишдан келган фойданинг бир қисмини олиш ҳуқуқига эга.

Унитар корхона хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган кўчмас мулкни мулкдорнинг розилигисиз сотишга, ижарага беришга, гаровга қўйишга, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав фондига ҳисса сифатида топширишга ёки бу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли эмас.

Корхонага қарашли бошқа мол-мулкни у мустақил тасарруф этади.



178-модда. Оператив бошқариш ҳуқуқи

Давлат корхонаси, шунингдек муассасаси ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширадилар.

Давлат корхонаси ёки муассасасига бириктириб қўйилган мол-мулкнинг эгаси ортиқча, фойдаланилмаётган ёки ноўрин фойдаланилаётган мол-мулкни олиб қўйиш ҳамда уни ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф этишга ҳақли.



179-модда. Давлат корхонасининг

мол-мулкини тасарруф этиш

Давлат корхонаси ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни унинг мулкдорининг розилиги билангина бошқа шахсга беришга ёки уни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли.

Давлат корхонаси ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотни, агар қонунчиликда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ўзи мустақил тасарруф этади.

Давлат корхонасининг даромадларини тақсимлаш тартиби унинг мулкдори томонидан белгиланади.


180-модда. Муассаса мол-мулкини тасарруф этиш

Муассаса ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни ва смета бўйича унга ажратилган маблағларга сотиб олинган мол-мулкни бошқа шахсга беришга ёки ўзгача усул билан тасарруф этишга ҳақли эмас.

Агар таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассасага даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган бўлса, бундай фаолиятдан олинган даромад ва бу даромад ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинади.


181-модда. Хўжалик юритиш ва оператив

бошқариш ҳуқуқларининг вужудга

келиши ва бекор бўлиши

Мулкдорнинг қарори билан унитар корхонага ёки муассасага бириктириб қўйилган мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи ушбу корхона ёки муассасада унга мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади, башарти қонунчиликда ёки мулкдорнинг қарори билан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса.

Хўжалик юритишида ёки оператив бошқаришида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар, шунингдек унитар корхона ёки муассаса шартнома бўйича ёхуд бошқа асосларда вужудга келган мол-мулк ҳам ушбу Кодексда, бошқа қонунчиликда мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун белгилаб қўйилган тартибда корхона ёки муассасанинг хўжалик юритишига ёки оператив бошқаришига ўтади.

Мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи мулкдорнинг қарори билан ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларда бекор қилинади.


15-БОБ. МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ВУЖУДГА

КЕЛИШИ ВА УНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ


182-модда. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари

Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонунчиликка зид бўлмаган бошқа асослар.


183-модда. Мулкни яратиш ва кўпайтириш

Мулк ҳуқуқи янги мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш натижасида вужудга келиши мумкин.

Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади.


184-модда. Битим бўйича мол-мулкни олиш

Мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонун ҳужжатларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.


185-модда. Шартнома асосида мол-мулк

олувчида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш пайти

Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса - рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.


186-модда. Ашёларни топшириш

Ашёларни олувчига топшириш, шунингдек етказиб бериш мажбуриятини олмаган ҳолда бошқа шахсга берилган ашёларни олувчига жўнатиш учун транспорт ташкилотига ёки алоқа ташкилотига топшириш ашёларни топшириш ҳисобланади.

Ашё олувчининг ёки у кўрсатган шахснинг ихтиёрига амалда тушган пайтдан бошлаб олувчига топширилган ҳисобланади.

Ашёни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги шартнома тузилаётган пайтгача у олувчининг ихтиёрига ўтиб бўлган бўлса, ашё унга шу пайтдан эътиборан топширилган ҳисобланади.

Коносаментни ёки ашёга тегишли бошқа тасарруф этувчи ҳужжатни топшириш ҳам ашёни топширишга тенглаштирилади.


187-модда. Эгалик қилиш ҳуқуқини

вужудга келтирувчи муддат

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эгалик қилиш муддатини важ қилиб келтирадиган шахс ўзи ҳуқуқий вориси бўлган шахснинг бу мол-мулкка эгалик қилиб келган барча вақтини ўзининг эгалик қилиш вақтига қўшиши мумкин.

Шахс ихтиёрида бўлиб, ушбу Кодекснинг 228, 229, 230 ва 232-моддаларига мувофиқ унинг эгалигидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ашёларга доир эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тегишли талаблар бўйича даъво муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.


188-модда. Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, тартибда ва шартларда юзага келади.


189-модда. Ҳамма йиғиб олиши мумкин

бўлган ашёларни мулкка айлантириш

Қонунчиликда ёввойи мевалар, ёнғоқ, замбуруғлар, резавор мевалар ҳамда ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва жонсиз табиатнинг ҳамма олиши мумкин бўлган бошқа объектларини йиғиш йўли билан фуқаролар мулкига айлантириш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилиши мумкин.


190-модда. Моддий маданий мерос

объектларини хўжасизларча сақлаш

Агар мулкдор ўзига қарашли моддий маданий мерос объектига хўжасизларча муносабатда бўлса ва унинг бут сақланишини таъминламаса, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи тегишли органлар мулкдорни моддий маданий мерос объектига хўжасизларча муносабатда бўлишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантиради. Агар мулкдор ушбу талабни бажармаса, тегишли органларнинг даъвосига кўра суд моддий маданий мерос объектини олиб қўйиш ҳақида қарор чиқариши мумкин ва ушбу моддий маданий мерос объекти давлат мулкига ўтади. Олиб қўйилган моддий маданий мерос объектининг қиймати мулкдорга келишувда белгиланган миқдорда, низо чиққан тақдирда эса суд томонидан белгиланган миқдорда тўланади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда моддий маданий мерос объектини олиб қўйиш ҳақидаги даъво олдиндан огоҳлантирмасдан ҳам қўзғатилиши мумкин.


191-модда. Эгасиз ашё

Эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади.

Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.

Эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади.

Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарорига биноан давлат мулкига ўтмаган деб ҳисобланган эгасиз кўчмас ашё уни ташлаб кетган мулкдорнинг эгалигига, фойдаланишига ва тасарруфига яна қабул қилиниши ёки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.

Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.


192-модда. Топилма

Йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.

Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Башарти, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун ички ишлар органи, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.


193-модда. Топилмага эгалик ҳуқуқини олиш

Агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.

Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.



194-модда. Топилма билан боғлиқ харажатларни

тўлаш ва ашёни топиб олган шахсни тақдирлаш

Ашёни топиб олган ҳамда уни олишга ҳақли бўлган шахсга қайтариб берган шахс ана шу шахсдан, ашё давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтган ҳолларда эса - тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.

Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.

Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса - суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.

Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.



195-модда. Қаровсиз ҳайвонлар

Қаровсиз ёки адашган чорва молларини ёхуд бошқа қаровсиз ўй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни тутиб олган шахс уларни эгасига қайтариши шарт, башарти ҳайвонларнинг эгаси ёки унинг қаердалиги номаълум бўлса, тутиб олган пайтдан бошлаб уч кундан кечиктирмай топилган ҳайвонлар тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилиши шарт, улар ҳайвонларнинг эгасини қидириш чораларини кўрадилар.

Ҳайвонларнинг эгаси қидирилаётган вақтда уларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш учун тутиб олган шахсда қолдирилиши ёхуд зарур шароити бўлган бошқа шахсга сақлаш ва фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиши учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топширишни туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи амалга оширади.

Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахс ҳамда бу ҳайвонлар сақлаш ва фойдаланиш учун бериб турилган шахс уларни лозим даражада сақлашлари шарт ва ҳайвонлар нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун айбдор бўлсалар, ҳайвонларнинг нархи доирасида жавобгар бўладилар.


196-модда. Хазина

Эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга биноан ҳуқуқларини йўқотган хазина, яъни ерга кўмилган ёки бошқача усулда яширилган пул ёхуд қимматбаҳо буюмлар хазина яшириб қўйилган мол-мулк (ер участкаси, иморат ва шу кабилар) мулкдори бўлган шахс ва хазинани топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.

Хазина у яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс томонидан топилган тақдирда, бу хазина у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасига топширилиши керак.

Моддий маданий мерос объектлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топилган тақдирда, улар давлат мулкига топширилиши керак. Бунда хазина яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулкнинг эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг эллик фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Агар улар ўртасидаги келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мукофот бу шахслар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Бундай хазинани у яшириб қўйилган мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс топиб олса, бу шахсга мукофот тўланмайди ва хазина батамом мулкдорнинг ихтиёрига ўтади.

Хазина топиш учун қазишма ва қидирув ишларини олиб бориш меҳнат ёки хизмат вазифаларига кирадиган шахсларга нисбатан ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.


197-модда. Мулк ҳуқуқининг бекор бўлиш асослари

Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини қонун асосида бекор қилувчи қонунчилик ҳужжатига асосан бекор бўлади.


198-модда. Мол-мулкни тугатиш

ва ҳисобдан чиқариш

Мол-мулкни йўқ қилиш (тугатиш) натижасида мулк ҳуқуқини бекор қилишга қонунларга зид бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.

Мулкдор томонидан тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда суд қарори билан мазкур мол-мулк мусодара қилиниши ёки агар у йўқ қилинган бўлса, унинг қиймати ундириб олиниши мумкин.

Мол-мулкни юридик шахснинг баланс ҳисобидан чиқариш натижасида мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши қонунчиликда ёки таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда амалга оширилади.


199-модда. Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш

Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўла олмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади.



200-модда. Қарзни низосиз тартибда ундириб олиш

Мажбуриятлар бўйича қарзни, шу жумладан бюджетга тўловлар бўйича қарзни низосиз тартибда ундириб олишга қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Мулкдор низосиз тартибда ундириб олиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаган тақдирда судга мурожаат қилишга ҳақли.



201-модда. Қимматбаҳо металлар ва тошларга

мулк ҳуқуқининг вужудга келиш ҳамда

бекор бўлиш хусусиятлари

Хом ва ишлов берилган қимматбаҳо металлар ва тошларга (заргарлик ва бошқа маиший буюмлардан ташқари) мулк ҳуқуқининг вужудга келиш ҳамда бекор бўлиш хусусиятлари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


202-модда. Национализация

Национализация - фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонунга мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат.

Мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонун ҳужжатларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.


203-модда. Реквизиция

Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдордан унга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин (реквизиция).

Реквизиция ўтказилишига сабаб бўлган вазиятларнинг амал қилиши тўхтаганидан кейин реквизиция қилинган мол-мулкнинг собиқ эгаси сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.


204-модда. Мусодара

Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин (мусодара).


205-модда. Мол-мулкни олиб қўйиш чоғида унинг

қийматини аниқлаш ва зарарларни

ундириб олиш ҳуқуқи

Мулк ҳуқуқи бекор қилинганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати, агар қонунчиликда бошқача тартиб ўрнатилган бўлмаса, баҳоловчи ташкилот томонидан мулк ҳуқуқи бекор қилинган пайтда белгиланади.

Олиб қўйилган мол-мулкнинг қийматини мулкдорга тўлаш баҳоси ҳақида мулкдор судга эътироз билдириши мумкин.

Мулкдор мол-мулкининг олиб қўйилиши муносабати билан етказилган бошқа зарарларни тўлашни ҳам талаб қилишга ҳақли.


206-модда. Мулкдорнинг мол-мулкини бевосита

олиб қўйишга қаратмаган ҳолда мулк

ҳуқуқининг бекор қилиниши

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга мулкдор рози бўлмаган тақдирда, бу қарор низо суд томонидан ҳал қилингунича амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кўриб чиқиш вақтида мулкдорга етказилган зарарни тўлаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам ҳал қилинади.


16-БОБ. ХУСУСИЙ МУЛК


207-модда. Хусусий мулк ҳуқуқи

Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.


208-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари

Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар.


209-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг объектлари

Қонун билан ман этилган айрим ашёлардан ташқари ҳар қандай мол-мулк хусусий мулк бўлиши мумкин.


210-модда. Уй-жой (квартира)га мулк

ҳуқуқининг вужудга келиш тартиби

Белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади.

Кооператив уй-жойга, квартирага, гаражга, чорбоққа ва бошқа биноларга мулк ҳуқуқи кооператив аъзоси пай бадалларини батамом тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади.


211-модда. Кўп квартирали уйдаги турар жойлар

ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар

мулкдорларининг умумий мол-мулки

Кўп квартирали уйдаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларига шу уйнинг умумий жойларини, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмаларни ўз ичига олган умумий мол-мулк улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка эгалик ҳуқуқидаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорлари улушларининг миқдори ҳамда мазкур мол-мулкни сақлаш ва асраш бўйича харажатларни мулкдорлар ўртасида тақсимлаш тартиби уй-жой тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиси ўз улушини бошқа шахсга беришга, ундан фуқаролар ёки юридик шахслар фойдасига воз кечишга, шунингдек уни ўзига қарашли турар жойга ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойга бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсга ўтишига сабаб бўлувчи ўзга хатти-ҳаракатлар содир этишга ҳақли эмас.


212-модда. Ўзбошимчалик билан

иморат қуриш ва унинг оқибатлари

Қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга - сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.

Башарти, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига сабаб бўлса, ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин эмас.


17-БОБ. ОММАВИЙ МУЛК


213-модда. Оммавий мулк тушунчаси

Республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.

Қорақалпоғистон Республикасида мулкчилик муносабатлари, шу жумладан оммавий мулк муносабатлари ушбу Кодекс билан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.


214-модда. Республика мулки

Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки, давлат аҳамиятига эга бўлган моддий маданий мерос объектлари, республика бюджетининг маблағлари, олтин захираси, давлатнинг валюта фонди ва бошқа фондлари республика мулкидир, шунингдек корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари, интеллектуал фаолият натижалари, башарти булар бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган бўлса, бошқа мол-мулк республика мулки бўлиши мумкин.

Республика мулки бўлган мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тасарруф қиладилар.

Республика мулки бўлган мол-мулк давлат юридик шахсларига хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

Республика мулки республика бюджетига тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобидан, шунингдек қонун ҳужжатларда назарда тутилган асосларга кўра бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

Республика мулки объектлари қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибда ва шартлар асосида хусусий мулк қилиб берилиши мумкин.


215-модда. Муниципал мулк

Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек бошқа мол-мулк муниципал мулк бўлади.

Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар.

Муниципал мулк бўлган мол-мулк юридик шахсларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

Муниципал мулк маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган асосларга мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

Муниципал мулк объектлари қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида хусусий мулк қилиб берилиши мумкин.


18-БОБ. УМУМИЙ МУЛК


216-модда. Умумий мулк тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Мол-мулк мулкдорлардан ҳар бирининг мулк ҳуқуқидаги улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.

Умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади, қонунда бу мол-мулкнинг биргаликдаги мулкни ташкил этиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Умумий биргаликдаги мулк ўз вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши мумкин бўлмаган (бўлинмайдиган ашёлар) ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаган мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс мулкига ўтган пайтда вужудга келади.

Тақсимланадиган мол-мулкнинг умумий биргаликдаги мулклиги қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда вужудга келади.

Биргаликдаги мулк иштирокчиларининг келишувига мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса - суднинг қарорига мувофиқ умумий мол-мулк бу шахсларнинг улушли мулки қилиб белгилаб қўйилиши мумкин.



217-модда. Улушли мулкдаги улушларни аниқлаш

Агар улушли мулк иштирокчиларининг улушлари қонун асосида белгиланиши мумкин бўлмаса ҳамда унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан белгилаб қўйилган бўлмаса, улушлар тенг деб ҳисобланади.

Улушли мулк барча иштирокчиларнинг келишуви билан иштирокчилардан ҳар бирининг улушини уларнинг умумий мол-мулкни вужудга келтириш ва кўпайтиришга қўшган ҳиссасига қараб аниқлаш ва ўзгартириш тартиби белгиланиши мумкин.

Умумий мол-мулкдан фойдаланишнинг белгилаб қўйилган тартибига амал қилган ҳолда ушбу мол-мулкни ўз ҳисобидан ажратиб олиш мумкин бўлмайдиган тарзда яхшилаган улушли мулк иштирокчиси умумий мулк ҳуқуқидаги ўз улушининг тегишли даражада кўпайтирилишига ҳақли бўлади.

Умумий мол-мулкдаги ажратиб олиш мумкин бўладиган яхшилашлар, агар улушли мулк иштирокчиларининг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу яхшилашларни амалга оширган иштирокчининг мулкига қўшилади.



218-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни тасарруф этиш

Улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади.

Улушли мулк иштирокчиси ўз хоҳишига қараб ўз улушини сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга улушни ҳақ эвазига бошқа шахсга бериш чоғида ушбу Кодекснинг 224-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилган ҳолда ҳақли бўлади.


219-модда. Улушли мулкдаги умумий

мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш

Улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчилари келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Улушли мулк иштирокчиси умумий мол-мулкнинг иштирокчи улушига тенг бўлган қисми ўзининг эгалигига ва фойдаланишига берилишига, бунинг иложи бўлмаган тақдирда эса - ўз улуши бўлган мол-мулкка эгалик қилаётган ва ундан фойдаланаётган бошқа иштирокчилардан тегишли ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга.



220-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкдан

фойдаланиш натижасида келадиган

ҳосил, маҳсулот ва даромадлар

Улушли мулкдаги мол-мулкдан фойдаланиш натижасида келадиган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар умумий мол-мулк таркибига қўшилади ва улушли мулк иштирокчилари ўртасидаги келишувда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар ўртасида улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.


221-модда. Умумий улушли мулкдаги мол-мулкни

сақлаш харажатларини тақсимлаш

Ҳар бир мулкдор умумий мол-мулк бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда, шунингдек мол-мулкни сақлаш ва асраш чиқимларида, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улушига қараб қатнашиши шарт.

Зарур бўлмаган ҳамда мулкдорлардан бири томонидан қолганларнинг розилигисиз қилинган харажатлар унинг ўз зиммасига тушади. Бунда келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал қилиниши керак.



222-модда. Умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг

шартнома бўйича олувчига ўтиш пайти

Умумий мулк ҳуқуқидаги улуш шартнома бўйича олувчига, агар тарафларнинг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тузилган пайтдан бошлаб ўтади.

Умумий мулк ҳуқуқидаги улушнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган шартнома бўйича бошқа шахсга ўтиш пайти ушбу Кодекс 185-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ белгиланади.


223-модда. Улушли мулкдаги мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш

Улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин.

Улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли.

Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар,улушли мулк иштирокчиси ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Агар улушни асл ҳолида ажратиб олишга қонун йўл қўймаса ёки уни умумий мулк бўлган мол-мулкка номутаносиб зарар етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлмаса, ажралиб чиқаётган мулкдор улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари томонидан улушининг қиймати тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу модда асосида улушли мулк иштирокчисига асл ҳолида ажратиб берилаётган мол-мулкнинг унинг мулк ҳуқуқидаги улушига номутаносиблиги тегишли пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўлаш йўли билан бартараф этилади.

Улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади. Мулкдорнинг улуши арзимас бўлган, амалда ажратиб берилиши мумкин бўлмаган ва у умумий мол-мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаган ҳолларда суд ушбу мулкдор розилик бермаган тақдирда ҳам улушли мулкнинг қолган иштирокчилари зиммасига мазкур мулкдорга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин.

Ушбу моддага мувофиқ мулкдор компенсация олганидан кейин умумий мол-мулкдаги улушига бўлган ҳуқуқини йўқотади.


224-модда. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи

Мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар, ким ошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно.

Умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорларга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт.

Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса - ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

Улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда, бошқа мулкдорлар уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар.

Улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Давлат органи ёки бошқа юридик шахс умумий мулк бўлган уй-жой (хонадон)даги ўз улушини сотган вақтида уйнинг (хонадоннинг) тегишли қисмида ижарага олувчилар сифатида яшаётган шахслар ушбу модда қоидалари асосида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, улар бу ҳуқуқдан воз кечсалар ёки уни амалга оширмасалар - бошқа мулкдорлар бу ҳуқуққа эга бўладилар.

Ушбу модданинг қоидалари айирбошлаш шартномаси бўйича улушни бошқа шахсга бериш чоғида ҳам қўлланилади.


225-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкка эгалик қилиш,

ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш

Агар биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасидаги келишув билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар умумий мулкка биргалашиб эгалик қиладилар ва ундан фойдаланадилар.

Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулк барча иштирокчиларнинг розилиги билан тасарруф этилади, мол-мулкни тасарруф этиш хусусидаги битим иштирокчилардан қайси бири томонидан тузилаётган бўлишидан қатъи назар, бундай розилик талаб қилинади.

Биргаликдаги мулкнинг ҳар бир иштирокчиси, агар барча иштирокчиларнинг келишувидан бошқача тартиб англашилмаса, умумий мол-мулкни тасарруф этиш хусусида битимлар тузишга ҳақли. Биргаликдаги мулк иштирокчиларидан бири тузган умумий мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ битим уни тузган иштирокчининг зарур ваколатлари йўқлиги сабабли, битимдаги иккинчи тараф буни билган ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган тақдирдагина қолган иштирокчиларнинг талабига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Биргаликдаги мулкнинг айрим турлари учун ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилади.



226-модда. Биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни

тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш

Умумий мол-мулкни биргаликдаги мулк иштирокчилари ўртасида тақсимлаш, шунингдек улардан бирининг улушини ажратиш дастлаб иштирокчилардан ҳар бирининг умумий мулк ҳуқуқидаги улуши аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин.

Умумий мулк тақсимланганида ва ундан улуш ажратилганида, агар қонунда ёки иштирокчиларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг улушлари тенг ҳисобланади.

Умумий мулкни тақсимлаш ва ундан улуш ажратиш асослари ҳамда тартиби ушбу Кодекс 223-моддаси билан, биргаликдаги мулкнинг айрим турлари учун эса - бошқа қонунлар билан белгиланади.



227-модда. Ундирувни умумий мол-мулкдаги улушга қаратиш

Улушли ёки биргаликдаги мулк иштирокчисининг кредитори мулкдорда бошқа мол-мулк етарли бўлмаганида ундирувни қарздорнинг умумий мол-мулкдаги улушига қаратиш учун бу улушни ажратишни талаб қилишга ҳақли.

Агар бундай ҳолларда улушни асли ҳолида ажратиш мумкин бўлмаса ёки улушли ёхуд биргаликдаги мулкнинг қолган иштирокчилари бунга эътироз билдирсалар, кредитор қарздор ўз улушини умумий мулкнинг қолган иштирокчиларига ушбу улушнинг қийматига мутаносиб нархда сотиб, сотишдан тушган маблағларни қарзни узишга қаратишини талаб қилишга ҳақли.

Умумий мулкнинг қолган иштирокчилари қарздорнинг улушини сотиб олишдан воз кечган тақдирда кредитор ундирувни қарздорнинг умумий мулк ҳуқуқидаги улушига ушбу улушни ким ошди савдоси орқали сотиш йўли билан қаратишни суд орқали талаб қилишга ҳақли.


19-БОБ. МУЛК ҲУҚУҚИНИ ВА БОШҚА АШЁВИЙ

ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


228-модда. Мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз

эгалигидан талаб қилиб олиш (виндикация)

Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).


229-модда. Мол-мулкни инсофли

эгалловчидан талаб қилиб олиш

Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўлаб олинган бўлса, олувчи буни билмаган ва билиши мумкин бўлмаган (инсофли эгалловчи) бўлса, мол-мулк мулкдор томонидан ёки эгалик қилиш учун мулкдор берган шахс томонидан йўқотиб қўйилган ёхуд мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан ўғирланган ё бўлмаса уларнинг ихтиёридан ташқари бошқача йўл билан уларнинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса, мулкдор бу мол-мулкни олган шахсдан талаб қилиб олишга ҳақли.

Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди.

Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўламасдан олинган бўлса, мулкдор мол-мулкни барча ҳолларда ҳам талаб қилиб олишга ҳақли.

Пул инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиниши мумкин эмас.


230-модда. Мол-мулк бошқа шахснинг қонунсиз

эгалигидан талаб қилиб олинганда

даромадлар ва харажатларни тўлаш

Ушбу Кодекснинг 228-моддасига мувофиқ, мулкдор мол-мулкини талаб қилиб олаётганида қуйидагиларни ҳам талаб қилиб олишга ҳақлидир:

ўз эгалигининг қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган шахсдан (инсофсиз эгалловчи) ушбу шахс мол-мулкка эгалик қилган бутун вақт давомида олган ёки олиши лозим бўлган барча даромадларни қайтариб беришни ёки тўлашни;

инсофли эгалловчидан эса - у ўзининг эгалиги қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан бошлаб ёхуд мулкдорнинг мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги даъвоси бўйича талаб келган пайтдан бошлаб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган ҳамма даромадларни.

Ўз навбатида инсофли эгалловчи ҳам, инсофсиз эгалловчи ҳам мол-мулкдан қанча вақт давомида олинган даромад мулкдорга қайтарилиши керак бўлса, шунча вақт давомида мол-мулкка қилинган зарур харажатларини тўлашни мулкдордан талаб қилишга ҳақли.

Башарти, ашёни яхшилайдиган нарсаларни ашёга шикаст етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлса, инсофли эгалловчи мазкур нарсаларни ўзида қолдиришга ҳақли. Агар бундай нарсаларни ажратиб олиш мумкин бўлмаса, инсофли эгалловчи ашёни яхшилаш учун қилинган харажатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга, лекин бу харажатлар ашёга қўшилган қийматдан кўп бўлмаслиги керак.



231-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан

маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган

ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш (негатор даъво)

Мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкин (негатор даъво).


232-модда. Мулкдор бўлмаган

эганинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Гарчи мулкдор бўлмаса ҳам, лекин мол-мулкка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосга кўра эгалик қилаётган шахс ҳам ушбу Кодекснинг 228-231-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. Бу шахс ўз эгалигини мулкдордан ҳам ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.


233-модда. Мулк ҳуқуқининг қонунга

мувофиқ бекор бўлиш оқибатлари

Мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда, ушбу қонунни қабул қилиш натижасида мулкдорга етказилган зарар, шу жумладан мол-мулкнинг қиймати давлат томонидан тўланади. Зарарни тўлаш билан боғлиқ низолар суд томонидан ҳал қилинади.














































Время: 0.1351
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск