язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (20-22 боблар. 234-312 моддалар)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



20-22-Боблар



III БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТ ҲУҚУҚИ


1-КИЧИК БЎЛИМ. МАЖБУРИЯТЛАР ТЎҒРИСИДА

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

20-БОБ. МАЖБУРИЯТ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРАФЛАРИ


234-модда. Мажбурият тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари

Мажбурият - фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса - қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.


235-модда. Мажбуриятнинг тарафлари

Мажбуриятнинг тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин.

Мажбуриятда қарздор томонида иштирок этган шахслардан бирига кредитор билдирган талабларнинг ҳақиқий эмаслиги, шунингдек бундай шахсга талаб қўйишга доир даъво муддати ўтиб кетганлиги кредиторнинг қолган шахсларга бўлган талабларига ўзича дахл этмайди.

Агар тарафлар шартномага биноан бир-бирларига нисбатан мажбуриятли бўлса, тарафлардан ҳар бири бошқа тараф олдида унинг фойдасига нима қилиши шарт эканлиги жиҳатидан унинг қарздори ва айни бир пайтнинг ўзида ундан нима талаб қилишга ҳуқуқли эканлиги жиҳатидан унинг кредитори ҳисобланади.

Мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар (учинчи шахслар) учун бурчлар ҳосил қилмайди.

Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда мажбурият учинчи шахслар учун мажбуриятнинг бир тарафи ёки ҳар иккала тарафига нисбатан ҳуқуқ вужудга келтириши мумкин.


21-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИ БАЖАРИШ


236-модда. Умумий қоидалар

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.


237-модда. Мажбуриятни бажаришдан бир

томонлама бош тортишга йўл қўйилмаслиги

Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


238-модда. Мажбуриятнинг келишилган

ва мақбул усулда бажарилиши

Мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт.

Мажбуриятни бажариш усули, агар бу усул мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса ва қонун билан белгилаб қўйилган бўлмаса, шартномада кўрсатилган бўлиши керак.


239-модда. Мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилиши

Башарти бошқача тартиб қонун ҳужжатларида, шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки иш муомаласи одатларидан ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор мажбуриятнинг қисмларга бўлиб бажарилишини қабул қилмасликка ҳақли.


240-модда. Мажбуриятнинг тегишли шахс учун бажарилиши

Агар бошқача тартиб тарафларнинг келишувида назарда тутилган бўлмаса ва иш муомаласи одатларидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор мажбуриятни бажариш чоғида ижрони кредиторнинг ўзи ёки бу иш учун у ваколат берган шахс қабул қилаётганлигини исботлашни талаб қилишга ҳақли бўлади ва бундай талабни қўймаганлик оқибатлари хавфи унинг зиммасида бўлади.


241-модда. Мажбуриятни бажаришни

учинчи шахс зиммасига юклаш

Шартномадан келиб чиққан мажбуриятни тўла ҳажмда ёки унинг бир қисмини бажариш, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бўлса, шунингдек агар учинчи шахс тарафлардан бири билан тегишли шартнома орқали боғлиқ бўлса, учинчи шахс зиммасига юклатилиши мумкин.

Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсан ўзи ижро этишга мажбурлиги қонун ҳужжатлари, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, кредитор қарздор учун учинчи шахс томонидан таклиф қилинган ижрони қабул қилиши шарт.

Мажбурият бажарилмаганлиги учун, башарти қонун ҳужжатлари ёки шартномада учинчи шахснинг жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса, шартномадаги тараф жавобгар бўлади.


242-модда. Мажбуриятни бажариш муддати

Агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.


243-модда. Мажбуриятни муддатидан илгари бажариш

Агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан ёинки иш муомаласи одатларидан ёки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилса, қарздор мажбуриятни муддатидан илгари бажаришга ҳақли, кредитор эса - ижрони муддатидан илгари қабул қилиши шарт.


244-модда. Мажбуриятни бажаришни кечиктириш

ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш

Агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди.

Етарли асослар мавжуд бўлганида суд қарздорга мажбуриятни бажаришни кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб бажариш имконини беришга ҳақли.


245-модда. Пул мажбуриятларининг валютаси

Пул мажбуриятида у сўмлар билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада ёки шартли пул бирликлари билан (экю, "махсус қарз олиш ҳуқуқлари" ва бошқалар) тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда сўмлар билан тўланиши лозим бўлган сумма тегишли валютанинг ёки шартли пул бирликларининг тўлов кунидаги расмий курси бўйича белгиланади, башарти уни белгилашнинг бошқача курси ёки бошқа санаси қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгилаб қўйилган бўлмаса.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чет эл валютасидан, шунингдек чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар, тартиб ва шартлар асосида йўл қўйилади.


246-модда. Мажбуриятни бажариш жойи

Агар мажбуриятни бажариш жойи қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгилаб қўйилган бўлмаса ва мажбуриятнинг моҳиятидан ёхуд иш муомаласи одатларидан ёинки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилмаса, ижро қуйидаги жойларда амалга оширилиши керак:

1) кўчмас мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - мол-мулк турган жойда;

2) ташишни назарда тутадиган товар ёки бошқа мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - товарни кредиторга етказиб бериш учун уни биринчи ташувчига топшириш жойида;

3) қарздорнинг товарни ёки бошқа мол-мулкни топшириш юзасидан ўзга мажбуриятлари бўйича - мол-мулкни тайёрлаш ва сақлаш жойида, башарти мажбуриятнинг келиб чиқиши пайтида бу жой кредиторга маълум бўлган бўлса;

4) пул мажбурияти бўйича - мажбурият вужудга келган пайтда кредитор яшаган жойда, агар кредитор юридик шахс бўлса - унинг мажбурият вужудга келган пайтда жойлашган ерида, агар кредитор мажбуриятни бажариш вақтигача ўз яшаш жойини ёки жойлашган ерини ўзгартирган бўлса ва бу ҳақда қарздорни хабардор қилган бўлса - ижро этиш жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳамма харажатларни кредитор ҳисобидан қилган ҳолда, унинг янги яшаш жойида ёки жойлашган ерида;

5) бошқа барча мажбуриятлар бўйича - қарздорнинг яшаш жойида, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган ерида.



247-модда. Фуқаронинг таъминоти учун

тўланадиган суммани кўпайтириш

Пул мажбурияти бўйича бевосита фуқаронинг таъминоти учун тўланадиган сумма (ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни тўлаш, умрбод таъминлаш шартномаси бўйича ва бошқа ҳолларда) меҳнатга тўланадиган ҳақнинг қонун томонидан белгилаб қўйилган энг кам миқдори оширилишига мутаносиб равишда кўпайтириб борилади.


248-модда. Пул мажбурияти бўйича

талабларни қондириш навбати

Амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганида, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса - қарзнинг асосий суммасини узади.



249-модда. Қарзни депозитга қўйиш йўли

билан мажбуриятни бажариш

Қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул ёки қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига, қонунда белгиланган ҳолларда эса - суднинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

1) мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

2) кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

3) мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

4) кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки унинг томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.

Пул суммасини ёки қимматли қоғозларни нотариус ёхуд суднинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.

Депозитига пул ёки қимматли қоғозлар қўйилган нотариус ёхуд суд кредиторни бундан хабардор қилади.



250-модда. Муқобил мажбуриятни бажариш

Агар қарздор икки ёки бир неча ҳаракатлардан бирини қилиши ёхуд кредиторга бир ёки бошқа мол-мулкни топшириши лозим бўлса, башарти қонун ҳужжатлари, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, танлаш ҳуқуқи қарздор ихтиёрида бўлади.



251-модда. Бир неча кредитор ёки бир неча қарздор

иштирок этадиган мажбуриятни бажариш

Агар улушли мажбуриятда бир неча кредитор ёки бир неча қарздор иштирок этса, башарти қонундан ёки шартномадан бошқача тартиб англашилмаса, у ҳолда ҳар бир кредитор мажбуриятни бошқалар билан тенг улушларда бажаришни талаб қилишга ҳақли, ҳар бир қарздор эса бу талабни бажариши шарт.



252-модда. Солидар қарздорлар мажбурияти

бўйича кредиторнинг ҳуқуқлари

Қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли.

Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Солидар қарздорлар мажбурият тўла бажарилгунича бурчли бўлиб қолаверадилар.



253-модда. Солидар қарздорларнинг

кредитор талабларига қарши эътирозлари

Қарздор солидар бўлиб мажбурият олган тақдирда бошқа қарздорларнинг кредитор билан мазкур қарздор қатнашмайдиган муносабатларига асосланган эътирозларни кредиторнинг талабларига қарши қўйишга ҳақли эмас.



254-модда. Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан

бири томонидан бажарилиши

Солидар мажбуриятнинг қарздорлардан бири томонидан тўлиқ бажарилиши қолган қарздорларни кредитор олдидаги мажбуриятни бажаришдан озод қилади.

Агар қонунларда ёки шартномаларда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, солидар мажбуриятни бажарган қарздор ўз улушини чегириб ташлаб, бошқа қарздорларга тенг улушларда регресс талаби қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Солидар мажбуриятни бажарган қарздорга тўланмаган ҳақ бу ва бошқа қарздорлар зиммасига тенг улушларда тушади.


255-модда. Солидар талаблар

Талаб солидар бўлиб қўйилганида ҳар қандай солидар кредитор қарздорга тўла ҳажмда талаб қўйишга ҳақли бўлади.

Қарздор солидар кредиторлардан бирининг талабига қарши ўзининг ушбу кредитор қатнашмайдиган бошқа солидар кредиторлар билан муносабатларига асосланган эътирозларни қўйишга ҳақли эмас.

Мажбуриятни солидар кредиторлардан бирига нисбатан тўла бажариш қарздорни мажбуриятни бошқа солидар кредиторларга нисбатан бажаришдан озод қилади.

Қарздордан мажбуриятнинг ижросини қабул қилиб олган солидар кредитор, башарти улар ўртасидаги муносабатлардан бошқача тартиб англашилмаса, бошқа кредиторларга тегишли бўлган улушларни уларга тўлаши шарт.



256-модда. Мажбуриятларни муқобил суратда бажариш

Тарафлардан бири шартномага мувофиқ бошқа тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришига боғлиқ қилиб қўйилган мажбуриятни бажариши муқобил бажариш ҳисобланади.

Бурчли тараф шартномада белгилаб қўйилган мажбуриятни бажармаган ёки мажбурият белгиланган муддатда бажарилмаслигини очиқ кўрсатиб турган вазият мавжуд бўлган тақдирда, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятини бажармай туришга ёки бу мажбуриятни бажаришдан бош тортишга ва кўрилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар шартномада кўрсатилган мажбурият тўла ҳажмда бажарилмаган бўлса, муқобил ижрони ўз зиммасига олган тараф ўз мажбуриятининг иккинчи тарафнинг тўла ҳажмда бажарилмаган мажбуриятига мос келадиган қисмини бажаришни тўхтатиб қўйишга ёки бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Агар бир тараф шартномада белгилаб қўйилган ўз мажбуриятини бажармаган бўлишига қарамай, иккинчи тараф мажбуриятнинг муқобил ижросини амалга оширган бўлса, биринчи тараф ўз мажбуриятини бажариши шарт.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар шартнома ёки қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса қўлланилади.


257-модда. Мажбуриятнинг бажарганлигини тасдиқлаш

Кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериши шарт. Оғзаки битимлар юридик шахслар билан фуқаролар ўртасида бажарилганида товарлар ёки хизматлар ҳақини тўлаган юридик шахс бошқа тарафдан пул тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни ва тўлов асосини олиши керак.

Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз ҳужжати берган бўлса, кредитор ижрони қабул қилиб олаётган вақтида ушбу ҳужжатни қайтариб бериши, қайтариб беришнинг имкони бўлмаганида эса - буни ўзи бераётган тилхатда кўрсатиши керак. Тилхат ўрнига қайтариб берилаётган қарз ҳужжатига устхат ёзилиши мумкин. Қарз ҳужжатининг қарздорда бўлиши, бошқа бир ҳол исботланмагунча, мажбуриятнинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди.


258-модда. Мажбурият бажарилганлигини тасдиқлаш

ҳақидаги  талабни бажармаслик оқибатлари

Кредитор тилхат беришдан, қарз ҳужжатини қайтаришдан ёки қайтариб бериш имкони йўқлигини тилхатда кўрсатишдан бош тортган тақдирда, қарздор ижрони тўхтатиб туришга ҳақли бўлади. Бундай ҳолларда кредитор муддатни кечиктирган ҳисобланади.



22-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


259-модда. Умумий қоидалар

Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги ушбу мажбуриятнинг (асосий мажбуриятнинг) ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.



1-§. НЕУСТОЙКА


260-модда. Неустойка тушунчаси

Қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.

Неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни исботлашга мажбур эмас.

Неустойка билан фақат ҳақиқий талаб таъминланади.

Агар қарздор мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.


261-модда. Неустойка шакллари

Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади.

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.


262-модда. Неустойка тўғрисидаги келишувнинг шакли

Неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак.



263-модда. Қонуний неустойка

Неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Қонуний неустойканинг миқдори, агар қонун тақиқламаса, тарафларнинг келишуви билан кўпайтирилиши мумкин.


2-§. ГАРОВ


264-модда. Гаров тушунчаси

ва унинг вужудга келиш асослари

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади.

Гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказганлик учун суғурта ҳақидан, бу мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинган бўлишидан қатъи назар, ўз талаби юқоридаги асосларда қаноатлантирилишига ҳақли, башарти мол-мулкни йўқотиш ёки унга зиён етказиш гаровга олувчи жавобгар бўлган сабабларга кўра юз берган бўлмаса.

Гаров шартнома ёки қонун асосида амалда юзага келади.


265-модда. Гаров турлари

Гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида амал қилиши мумкин.

Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров закалат деб ҳисобланади.

Кўчмас мулкни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади.


266-модда. Гаровга қўювчи

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Ашёнинг мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Гаровга қўйиладиган ҳуқуқнинг эгаси бўлган шахс ҳуқуқни гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдорнинг розилигисиз ашёвий ҳуқуқни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.


267-модда. Гаров нарсаси

Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.

Фуқароларнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонун ҳужжатлари билан ман этилиши ёки чекланиши мумкин.


268-модда. Гаров билан таъминланадиган талаб

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди.


269-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкнинг гаровга

олувчига берилиши ва берилмаслиги

Агар шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчида қолади.

Гаровга қўйилган муомаладаги товарлар гаровга олувчига топширилмайди.

Гаров нарсаси гаровга олувчи томонидан қулфланган ва муҳрланган (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) ҳолда гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин.

Гаров нарсаси гаровга қўйилганлигини билдирувчи белгилар қўйган ҳолда гаровга қўювчида қолдирилиши мумкин (қатъий гаров).

Гаровга қўювчи томонидан эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун вақтинча учинчи шахсга топширилган гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган ҳисобланади.

Қимматли қоғоз билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқ гаровга қўйилганида, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчига ёки нотариус депозитига топширилади.


270-модда. Гаров ҳуқуқининг вужудга келиши

Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса - нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса - у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Башарти, гаров нарсаси қонунга ёки шартномага асосан гаровга қўювчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтдан, башарти бундай топшириш шартнома тузилишидан аввал амалга ошган бўлса - шартнома тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади.


271-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома, унинг шакли

ва шартномани рўйхатдан ўтказиш

Гаров тўғрисидаги шартномада гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўрсатилган бўлиши керак. Унда гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги ҳам кўрсатилиши шарт.

Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак.

Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шарт.

Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларидаги қоидаларга риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.


272-модда. Гаровга олувчининг ҳуқуқлари

жорий қилинадиган мол-мулк

Гаров нарсаси бўлган ашёга гаровга олувчининг ҳуқуқлари (гаров ҳуқуқи), агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёнинг кимга мансублигига қараб жорий қилинади.

Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадларга гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда жорий қилинади.

Бутун корхона ёки бошқа мулкий комплекс ипотекасида гаров ҳуқуқи унинг таркибига кирувчи кўчмас ва кўчар мол-мулкнинг ҳаммасига, шу жумладан талаб қилиш ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқларга, шу билан бир қаторда ипотека даврида олинган ҳуқуқларга ҳам, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, жорий қилинади.

Бино ёки иншоот ипотекасига айни бир вақтнинг ўзида ўша шартнома бўйича шу бино ёки иншоот жойлашган ер участкасини ёхуд бу участканинг гаровга қўйилаётган объект ишлашини таъминлайдиган қисмини ёки гаровга қўювчига қарашли бўлган ушбу участкани ёхуд унинг тегишли қисмини ижарага олиш ҳуқуқини бир вақтда ипотекага қўйган тақдирдагина йўл қўйилади.

Ер участкасини ипотекага қўйишда гаров ҳуқуқи, агар шартномада бошқача шарт назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчининг ушбу участкада бўлган ёки қурилаётган бинолари ва иншоотларига жорий қилинмайди.

Шартномада бундай шарт бўлмаса, ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилган тақдирда гаровга қўювчи ер участкаси унинг бино ёки иншоотдан ўз ўрнида фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади. Участканинг бу қисмидан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишуви асосида, низо чиққан тақдирда эса - суд томонидан белгиланади.

Агар гаровга қўювчига эмас, балки бошқа шахсга қарашли бинолар ёки иншоотлар жойлашган ер участкасига ипотека белгиланган бўлса, гаровга олувчи ундирувни ушбу участкага қаратганида ва у кимошди савдосида сотилганида гаровга қўювчининг ушбу шахсга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари участкани сотиб олувчига ўтади.

Гаров тўғрисидаги шартномада, қонун асосида пайдо бўладиган гаровга нисбатан эса - қонунда, гаровга қўювчи келажакда эга бўладиган ашёларни ва мулкий ҳуқуқларни гаровга қўйиш назарда тутилиши мумкин.


273-модда. Навбатдаги гаров

Агар гаровга қўйилган мол-мулк бошқа талабларни таъминлаш учун яна бир гаров нарсасига айланса (навбатдаги гаров), навбатдаги гаровга олувчининг талаблари олдинги гаровга олувчиларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади.

Агар гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда навбатдаги гаров тақиқлаб қўйилган бўлмаса, навбатдаги гаровга йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига ушбу мол-мулкнинг мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиши шарт ва у ушбу мажбуриятни бажармаслик туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарар учун жавоб беради.


274-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулк кимдалигига қараб (ушбу Кодекснинг 269-моддаси):

1) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши хавфидан унинг тўла қиймати бўйича, борди-ю мол-мулкнинг тўла қиймати гаров билан таъминланган талабнинг миқдоридан ошиб кетса, талаб миқдоридан кам бўлмаган суммага гаровга қўювчи ҳисобидан суғурталаши;

2) гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун, шу жумладан уни учинчи шахсларнинг тажовузлари ва талабларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши;

3) гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши хавфи пайдо бўлганлиги тўғрисида иккинчи тарафни дарҳол огоҳлантириши шарт.

Гаровга олувчи ва гаровга қўювчи иккинчи тарафдаги гаровга қўйилган мол-мулкнинг мавжудлигини, миқдорини, ҳолатини ва уни сақлаш шароитларини ҳужжатлар асосида ва амалда текширишга ҳақли.

Гаровга олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган бурчларни гаровга қўйилган мол-мулкнинг йўқолиш ёки шикастланиш хавфини туғдирадиган даражада қўпол суратда бузганида гаровга қўювчи гаровни муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.


275-модда. Гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши

ёки шикастланишининг оқибатлари

Агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфини ўз зиммасига олади.

Агар гаровга олувчи ушбу Кодекснинг 333-моддасига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкинлигини исботлай олмаса, у ўзига топширилган гаров нарсасининг бутунлай ёки қисман йўқолганлиги ёхуд шикастланганлиги учун жавоб беради.

Гаров нарсаси гаровга олувчига топшириш чоғида қанча суммага баҳоланган бўлишидан қатъи назар, гаровга олувчи гаров нарсаси йўқолганлиги учун унинг ҳақиқий қиймати миқдорида, гаров нарсасига шикаст етказилганлиги учун эса - бу қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида ундан бевосита ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ва унинг йўқолганлиги учун ҳақ талаб қилишга ҳақли.

Шартномада гаровга олувчининг гаров нарсаси йўқолиши ёки шикастланиши туфайли гаровга қўювчига етказилган бошқа зарарни тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор бўлган гаровга қўювчи гаров нарсасининг йўқолиши ёки шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талабни гаров билан таъминланган мажбуриятларни қоплаш учун ҳисобга олишга ҳақли.


276-модда. Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш

Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса - суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.


277-модда. Гаров нарсасидан фойдаланиш

ва уни тасарруф этиш

Агар шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки гаровнинг моҳиятидан англашилмаса, гаровга қўювчи гаров нарсасидан унинг вазифасига кўра фойдаланишга, шу жумладан ундан ҳосил ва даромадлар олишга ҳақли.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва гаровнинг моҳиятидан англашилмаса, гаровга қўювчи фақат гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини бошқа шахсга беришга, уни ижарага ёки бепул фойдаланиш учун бошқа шахсга топширишга ёхуд уни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли.

Гаровга қўювчининг гаровга қўйилган мол-мулкни васият қилиб қолдириш ҳуқуқини чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Гаровга олувчи ўзига топширилган гаров нарсасидан шартномада назарда тутилган ҳоллардагина фойдаланишга ҳақли бўлиб, гаровга қўювчига ундан фойдаланиш тўғрисида мунтазам ҳисобот бериб туради. Шартномага мувофиқ гаровга олувчи зиммасига асосий мажбуриятни бажариш мақсадида ёки гаровга қўювчининг манфаатларини кўзлаб, гаров нарсасидан ҳосил ва даромадлар олиш бурчи юклаб қўйилиши мумкин.


278-модда. Гаровга олувчининг гаров нарсасига

бўлган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши

Гаровга олувчи ўз ихтиёрида бўлган ёки бўлиши лозим бўлган гаровга қўйилган мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгаллашидан, шу жумладан гаровга қўювчининг эгаллашидан талаб қилиб олишга ҳақли (ушбу Кодекснинг 228, 229, 230, 232-моддалари).

Шартнома шартларига кўра гаровга олувчига ўзига топширилган гаров нарсасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ҳолларда у бошқа шахслардан, шу жумладан гаровга қўювчидан ҳам, ўз ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишини бартараф этишни, гарчи бу бузилишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (ушбу Кодекснинг 231, 232-моддалари), талаб қилиши мумкин.


279-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш асослари

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


280-модда. Ундирувни гаровга қўйилган

мол-мулкка қаратиш тартиби

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.

Гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг талаблари гаровга қўйилган кўчар мол-мулк ҳисобидан суд қарорига мувофиқ қондирилади. Агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ундирув гаровга олувчига топширилган гаров нарсасига гаров тўғрисидаги шартномада белгиланган тартибда қаратилиши мумкин.

Ундирув гаров нарсасига қуйидаги ҳолларда фақат суднинг қарорига мувофиқ қаратилиши мумкин:

1) гаров тўғрисида шартнома тузиш учун бошқа шахс ёки органнинг розилиги ёхуд рухсати талаб қилинганида;

2) гаров нарсаси тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга мол-мулк бўлса;

3) гаровга қўювчи йўқолган бўлса ва унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса.


281-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш

Ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.

Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни кимошди савдосида сотишни бир йилгача муддатга кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкни гаровга қўйиш билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчларига таъсир қилмайди ҳамда қарздорни кредиторнинг кечиктириш даври мобайнида кўпайган зарари ва неустойкани ундиришдан озод қилмайди.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланади.

Гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида энг юқори баҳони таклиф қилган шахсга сотилади.

Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишиб, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олиш-сотиш шартномаси қоидалари қўлланилади.

Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камайтирган суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.

Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой давомида фойдаланмаса, гаров шартномаси бекор қилинади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплашга етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма бўлмаганида, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма гаровга олувчининг гаров билан таъминланган талабидан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтариб берилади.

Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси сотилгунча хоҳлаган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг ижроси кечиктириб юборилган қисмини бажариб, ундирувни унга қаратишга ва уни сотишга барҳам бериши мумкин. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.


282-модда. Гаров билан таъминланган мажбуриятни

муддатидан илгари бажариш ва ундирувни гаровга

қўйилган мол-мулкка қаратиш

Гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ҳақли:

1) агар гаров нарсаси гаровга қўювчида қолдирилган бўлиб, гаров тўғрисидаги шартнома бузилган ҳолда унинг эгалигидан чиққан бўлса;

2) гаровга қўювчи гаров нарсасини алмаштириш қоидаларини бузган бўлса (ушбу Кодекснинг 276-моддаси);

3) гаров нарсаси гаровга олувчи жавоб бермайдиган вазиятларда йўқолган бўлса, агар гаровга қўювчи ушбу Кодекс 276-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса.

Гаровга олувчи қуйидаги ҳолларда гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга, агар унинг талаби қондирилмаса, ундирувни гаров нарсасига қаратишга ҳақли:

1) гаровга қўювчи навбатдаги гаров қоидасини бузган бўлса (ушбу Кодекснинг 273-моддаси);

2) гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкни сақлаш ва асраш юзасидан ушбу Кодекс 274-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида ҳамда иккинчи қисмида назарда тутилган бурчларни бажармаса;

3) гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкни тасарруф этиш қоидаларини бузса (ушбу Кодекс 277-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари);

4) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилган бўлса.


283-модда. Гаровнинг бекор бўлиши

Гаров қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида;

2) ушбу Кодекс 274-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўлганида гаровга қўювчининг талаби билан;

3) гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида, башарти гаровга қўювчи ушбу Кодекс 276-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлмаса;

4) гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида сотилган тақдирда, шунингдек уни сотиш мумкин бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 281-моддасининг бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлари). Ипотека бекор бўлгани ҳақида ипотека тўғрисидаги шартнома рўйхатга олинган реестрга белги қўйилиши керак;

5) агар гаровга олувчи ушбу Кодекс 282-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, бундан гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинмаганлиги ва талаблари гаров билан таъминланмаган кредиторларнинг ўз талабларини қаноатлантириш учун мазкур мол-мулкни қабул қилишни рад этганлиги ҳоллари мустасно.

Гаров билан таъминланган мажбурият бажарилиши натижасида ёки гаровга қўювчининг талаби билан гаров бекор бўлганида (ушбу Кодекс 274-моддасининг учинчи қисми) ихтиёрида гаровга қўйилган мол-мулк бўлган гаровга олувчи уни дарҳол гаровга қўювчига қайтариб бериши шарт.


284-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган

ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганида гаровнинг сақланиши

Гаровга қўйилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки уни хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи бу мол-мулкни ҳақ олиб ёки ҳақ олмасдан бошқа шахсга бериш натижасида ёхуд универсал ҳуқуқий ворислик тартибида гаровга қўювчидан бошқа шахсга ўтган тақдирда гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Агар гаровга олувчи билан келишувда ўзгача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси гаровга қўювчининг ўрнига ўтади ва унинг ҳамма бурчларини бажаради.

Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулки ҳуқуқий ворислик тартибида бир неча шахсга ўтган бўлса, ҳуқуқий ворисларнинг (мол-мулкни олувчиларнинг) ҳар бири гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармасликнинг гаровдан келиб чиқадиган оқибатига мазкур мол-мулкнинг ўзига ўтган қисмига мутаносиб равишда жавоб беради. Агар гаров нарсаси бўлинмаса ёки бошқа асосларга кўра ҳуқуқий ворисларнинг умумий мулки бўлиб қолса, улар солидар гаровга қўювчиларга айланадилар.


285-модда. Гаровга қўйилган мол-мулкни

мажбурий равишда олиб қўйишнинг оқибатлари

Агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси бўлган мол-мулкка мулк ҳуқуқи қонун билан белгиланган асослар ва тартибда, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги (ҳақини тўлаб олиш), реквизиция ёки национализация оқибатида бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилади ёки тегишли ҳақ тўланади. Бундай ҳолда ўрнига-ўрин берилган мол-мулкка гаров ҳуқуқи татбиқ этилади ёки тегишинча, гаровга олувчи гаровга қўювчига тегиши керак бўлган ҳақ суммасидан ўз талабини имтиёзли қаноатлантириш ҳуқуқига эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мол-мулк аслида ушбу мол-мулкнинг эгаси бошқа шахс эканлиги (ушбу Кодекснинг 228-моддаси) асосида ёки жиноят ёхуд бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун (ушбу Кодекснинг 204-моддаси) гаровга қўювчидан қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда ушбу мол-мулкнинг гаровга қўйилиши бекор бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятни муддатидан илгари бажаришни талаб қилишга ҳақли.



286-модда. Гаров тўғрисидаги шартнома бўйича

ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш

Гаровга олувчи талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш йўли билан кредиторнинг ҳуқуқларини бошқа шахсга бериш ҳақидаги қоидаларга (ушбу Кодекснинг 313-321-моддалари) риоя қилган ҳолда гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга беришга ҳақли.

Гаровга олувчининг гаров тўғрисидаги шартнома бўйича ўз ҳуқуқларидан бошқа шахс фойдасига воз кечиши, агар гаров билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарздордан талаб қилиш ҳуқуқидан ҳам ўша шахс фойдасига воз кечилган бўлса, ҳақиқий бўлади.

Агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечилиши ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечилишини ҳам англатади.


287-модда. Гаров билан таъминланган мажбурият

бўйича қарзни бошқа шахсга ўтказиш

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан, агар гаровга қўювчи кредиторга янги қарздор учун жавоб беришга розилик берган бўлмаса, (ушбу Кодекснинг 322-моддаси), гаров бекор бўлади.


288-модда. Муомаладаги товарлар гарови

Товарларни гаровга қўйиб, уларни гаровга қўювчида қолдириш ва уларнинг умумий қиймати гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилганидан камаймаслигини шарт қилиб қўйган ҳолда гаровга қўювчига гаровга қўйилган мол-мулкнинг таркиби ва асл шаклини (товар захиралари, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулот ва шу кабилар) ўзгартириш ҳуқуқининг берилиши муомаладаги товарлар гарови ҳисобланади.

Гаровга қўйилган муомаладаги товарлар қийматининг камайишига, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилган қисмига мос келадиган даражада йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи томонидан бошқа шахсларга берилган муомаладаги товарлар эгалловчининг мулкига, хўжалик юритишига ёки оператив бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб гаров нарсаси бўлмай қолади, гаровга қўювчи томонидан олинган, гаров тўғрисидаги шартномада кўрсатилган товарлар эса - гаровга қўювчида уларга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган пайтдан эътиборан гаров нарсасига айланади.

Гаровга қўювчи муомаладаги товарлар гарови шартларини бузган тақдирда, гаровга олувчи гаровга қўйилган товарларга ўз белгилари ва муҳрларини (муҳрлар мавжуд бўлган тақдирда) босиб, тартибни бузиш бартараф қилингунга қадар улар билан амалга ошириладиган операцияларни тўхтатиб туришга ҳақли.


289-модда. Ашёларнинг ломбардда гаровга қўйилиши

Фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни қисқа муддатли кредитларни таъминлаш учун гаровга қабул қилиш ихтисослашган ташкилотлар - лицензияси бўлган ломбардлар томонидан тадбиркорлик фаолияти сифатида амалга оширилиши мумкин.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш ҳақидаги шартнома ломбард томонидан гаров паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Гаровга қўйилаётган ашёлар ломбардга топширилади.

Ломбард гаровга қабул қилинган ашёларни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёларнинг наpхлаpига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши шарт.

Ломбард гаровга қўйилган ашёлардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас.

Ломбард ашёларнинг йўқолиши ёки шикастланиши енгиб бўлмас куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, гаровга қўйилган ашёларнинг йўқолганлиги ёки шикастланганлиги учун жавобгар бўлади.

Башарти, ломбардда ашёлар гарови билан таъминланган кредит суммаси белгиланган муддатда қайтариб берилмаган тақдирда, ломбард нотариуснинг ижро ёзуви асосида имтиёзли бир ойлик муддат ўтганидан кейин гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш учун белгилаб қўйилган тартибда (ушбу Кодекс 281-моддасининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, тўққизинчи ва ўнинчи қисмлари) ушбу мол-мулкни сотишга ҳақли. Шундан кейин ҳатто гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан тушган сумма талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса ҳам, ломбарднинг гаровга қўювчига (қарздорга) талаблари бекор бўлади.

Ломбардлар томонидан фуқароларга уларнинг ашёларини гаровга олиб кредит бериш қоидалари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ломбардда ашёларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартноманинг гаровга қўювчининг ҳуқуқларини ушбу Кодекс ёки бошқа қонунлар билан унга бериладиган ҳуқуқларга қараганда чеклаб қўядиган шаpтлаpи ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


3-§ УШЛАБ ҚОЛИШ


290-модда. Ушлаб қолиш асослари

Қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари қаpздоp томонидан муддатида бажарилмаган тақдирда уни тегишли мажбурият бажарилгунга қадар ушлаб қолишга ҳақли.

Гарчи ашёнинг ҳақини тўлаш ёки унинг чиқимларини ва бошқа зарарни тўлаш билан боғлиқ бўлмаса-да, бироқ тарафлари тадбиркорлар сифатида иш кўраётган мажбуриятдан келиб чиққан талаблар ҳам ашёни ушлаб қолиш билан таъминланиши мумкин.

Ашё кредитор эгалигига ўтганидан кейин унга бўлган ҳуқуқлар учинчи шахс томонидан олинганлигига қарамасдан, кpедитоp ўз қўлидаги бу ашёни ушлаб қолиши мумкин.

Агар шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилади.



291-модда. Талабларни ушлаб қолинган

ашё ҳисобидан қондириш

Ашёни ушлаб қолган кредиторнинг талаблари унинг қийматидан гаров билан таъминланган талабларни қондириш учун назарда тутилган ҳажмда ва тартибда қондирилади.



4-§. КАФИЛЛИК


292-модда. Кафиллик шартномаси

Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.


293-модда. Кафилнинг жавобгарлиги

Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.


294-модда. Кафилга нисбатан даъво қўзғатилган

тақдирда унинг ҳуқуқ ва бурчлари

Кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди.

Агар кафилга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса, у қарздорни ишда иштирок этиш учун жалб қилиши шарт. Акс ҳолда қарздор кредиторга қарши ўзининг барча эътирозларини кафилнинг қарши талабига қарама-қарши қўйиш ҳуқуқига эга.


295-модда. Мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқлари

Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

Кафил мажбуриятни бажарганидан кейин кредитор қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳужжатларни кафилга топшириши ва бу талабни таъминлайдиган ҳуқуқларни бериши шарт.

Ушбу моддада белгиланган қоидалар агар қонунда ёки кафилнинг қарздор билан шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қўлланилади.



296-модда. Қарздор мажбуриятини бажарганлиги

ҳақида кафилни хабардор қилиш

Кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардор қилиши шарт. Акс ҳолда ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ёки қарздорга регресс талаб қўйишга ҳақли. Регресс талаб қўйилган тақдирда қарздор асоссиз олинганнигина кредитордан ундириб олишга ҳақли.


297-модда. Кафилнинг хизматларига ҳақ тўлаш

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.



298-модда. Кафилликнинг бекор бўлиши

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


5-§. КАФОЛАТ


299-модда. Кафолат тушунчаси

Кафолатга биноан банк, бошқа кредит муассасаси ёки суғурта ташкилоти (кафил) бошқа шахс (принципал) нинг илтимосига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ принципалнинг кредитори (бенефициар) пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида принципалга ёзма мажбурият беради.


300-модда. Принципалнинг мажбуриятларини

кафолат билан таъминлаш

Кафолат принципалнинг бенефициар олдидаги ўз мажбуриятини (асосий мажбуриятни) лозим даражада бажаришини таъминлайди.

Кафолат берилгани учун принципал кафилга ҳақ тўлайди.



301-модда. Кафолатнинг асосий мажбуриятдан мустақиллиги

Кафилнинг бенефициар олдидаги кафолатда назарда тутилган мажбурияти улар ўртасидаги муносабатларда бажарилишини таъминлаш учун шу кафолат берилган асосий мажбуриятга, гарчи кафолатда ушбу мажбуриятга ҳавола қилинган бўлса-да, боғлиқ эмас.


302-модда. Кафолатнинг чақириб олинмаслиги

Агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у кафил томонидан чақириб олиниши мумкин эмас.


303-модда. Кафолат бўйича ҳуқуқларнинг

бошқа шахсга ўтказилмаслиги

Кафолат бўйича бенефициарга тегишли бўлган кафилга талаб қўйиш ҳуқуқи, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.


304-модда. Кафолатнинг кучга кириши

Агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у берилган кундан эътиборан кучга киради.



305-модда. Кафолат бўйича талаб тақдим этиш

Бенефициарнинг кафолат бўйича пул суммасини тўлаш ҳақидаги талаби кафолатда кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда кафилга ёзма равишда тақдим этилиши керак. Талабда ёки унга иловада бенефициар принципалнинг таъминлаш учун кафолат берилган асосий мажбуриятни бузиши нимадан иборатлигини кўрсатиши керак.

Бенефициарнинг талаби кафолатда белгиланган муддат тугагунча кафилга тақдим этилиши керак.



306-модда. Бенефициарнинг талабини кўриб

чиқишда кафилнинг мажбуриятлари

Кафил бенефициарнинг талабини олганидан сўнг бу ҳақда дарҳол принципални хабардор қилиши ва унга талабнинг нусхасини барча тегишли ҳужжатлар билан топшириши керак.

Кафил бенефициарнинг талабини унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга кафолатда кўрсатилган муддатда кўриб чиқиши, муддат кўрсатилмаганда эса - мутаносиб муддатда бу талаб ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун оқилона жонкуярлик кўрсатиши керак.



307-модда. Кафилнинг бенефициар

талабини қондиришни рад этиши

Агар бенефициарнинг талаби ёки унга илова қилинган ҳужжатлар кафолат шартларига мос келмаса ёхуд кафилга кафолатда белгилаб қўйилган муддат тамом бўлганидан кейин тақдим этилган бўлса, кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этади.

Кафил бенефициарнинг талабини қондиришни рад этганлиги ҳақида уни дарҳол хабардор қилиши шарт.

Агар бенефициарнинг талаби қондирилгунга қадар кафолат билан таъминланган асосий мажбурият батамом ёки унинг тегишли қисми бажарилганлиги ёхуд бошқа асосларга кўра бекор бўлганлиги ёинки ҳақиқий эмас деб топилганлиги кафилга маълум бўлиб қолса, у бу ҳақда дарҳол бенефициарга ва принципалга хабар бериши шарт.



308-модда. Кафил мажбуриятларининг чегаралари

Кафолатда назарда тутилган кафилнинг бенефициар олдидаги мажбурияти кафолат берилган суммани тўлаш билан чекланади. Кафолат бўйича мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун кафилнинг бенефициар олдидаги жавобгарлиги, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафолат берилган сумма билан чекланмайди.


309-модда. Кафолатнинг бекор бўлиши

Кафилнинг кафолат бўйича бенефициар олдидаги мажбурияти қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) кафолат берилган сумма бенефициарга тўланиши;

2) кафолатда белгиланган муддатнинг тамом бўлиши;

3) бенефициар кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши ва уни кафилга қайтариб бериши оқибатида;

4) бенефициар кафилни унинг мажбуриятларидан озод қилиши ҳақида ёзма ариза бериш йўли билан кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши оқибатида.

Кафил мажбуриятининг ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2 ва 4-бандларида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши унга кафолат қайтариб берилган ёки қайтариб берилмаганлигига боғлиқ бўлмайди.

Кафолат бекор бўлганлигидан хабар топган кафил дарҳол бу ҳақда принципални хабардор қилиши керак.



310-модда. Кафилнинг принципалга регресс талаблари

Кафилнинг принципалдан кафолат бўйича бенефициарга тўланган суммаларни регресс тартибида тўлашни талаб қилиш ҳуқуқи кафилнинг принципал билан бажариш юзасидан кафолат берилган келишувида белгилаб қўйилади.

Агар кафилнинг принципал билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил бенефициарга кафолат шартларига номувофиқ тарзда ёки кафилнинг бенефициар олдидаги мажбуриятни бузганлиги учун тўланган суммаларни қоплашни принципалдан талаб қилишга ҳақли эмас.



6-§. ЗАКАЛАТ


311-модда. Закалат тушунчаси.

Закалат тўғрисидаги келишув шакли

Шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади.

Закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак.

Шартномадаги тараф амалга ошириши керак бўлган тўловлар ҳисобидан тўланган сумма закалат эканлигига, хусусан ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган қоидага риоя қилинмаслиги оқибатида, шубҳа туғилган тақдирда, бу сумма, агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади.



312-модда. Закалат билан таъминланган мажбуриятни

бекор қилиш ва бажармаслик оқибатлари

Мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида (ушбу Кодекснинг 349-моддаси) бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак.

Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

Бундан ташқари, шартноманинг бажарилмаслиги учун жавобгар бўлган тараф, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда иккинчи тарафга зарарларни тўлаши шарт.