язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (30-34 боблар. 497-599 моддалар)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



30-34-Боблар


30-БОБ. АЙИРБОШЛАШ


497-модда. Айирбошлаш шартномаси

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади.

Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади, башарти бу ушбу боб қоидаларига ва айирбошлаш моҳиятига зид келмаса. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.


498-модда. Айирбошлаш шартномаси бўйича баҳо ва харажатлар

Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади, уларни топшириш ва қабул қилиш харажатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ айирбошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинган тақдирда баҳоси айирбошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшириши лозим бўлган тараф, агар шартномада ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, товар ёки товарни тасарруф қилиш ҳужжатлари топширилгандан сўнг кечиктирмасдан баҳолардаги фарқни тўлаши лозим.

Агар айирбошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинса, бироқ уларнинг баҳоларидаги фарқ айирбошлаш шартномасида назарда тутилган бўлмаса ва шартнома шартларига қараб белгиланиши мумкин бўлмаса, нархлардаги фарқ ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ аниқланади.



499-модда. Айирбошлаш шартномасига мувофиқ товарни топшириш

мажбуриятини муқобил бажариш

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ айирбошланадиган товарларни топшириш муддатлари бир-бирига тўғри келмаган тақдирда, товарни топшириш мажбуриятини бошқа тараф товарни топширганидан сўнг бажариши лозим бўлган тарафнинг товарни топшириш мажбуриятини бажаришига нисбатан мажбуриятни муқобил бажариш тўғрисидаги қоидалар қўлланади.


500-модда. Айирбошланадиган товарларга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши

Агар қонунда ёки айирбошлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, айирбошланадиган товарларга мулк ҳуқуқи айирбошлаш шартномасига мувофиқ сотиб олувчи ҳисобланадиган тарафларга иккала тараф тегишли товарларни топшириш мажбуриятини бажарганидан сўнг бир вақтда ўтади.


501-модда. Айирбошлаш шартномаси бўйича олинган

товарни олиб қўйганлик учун жавобгарлик

Айирбошлаш шартномаси бўйича олган товарини учинчи шахслар олиб қўйган тараф, ушбу Кодекснинг 395-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, бошқа тарафдан айирбошлаш асосида олинган товарни қайтаришни ва (ёки) зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


31-БОБ. ҲАДЯ


502-модда. Ҳадя шартномаси

Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай шартномага нисбатан ушбу Кодекс 124-моддасининг иккинчи қисми қоидалари қўлланади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Бундай ҳадяга нисбатан ушбу Кодекснинг ворислик тўғрисидаги қоидалари қўлланади.


503-модда. Ҳадя олувчининг ҳадяни қабул қилишни рад этиши

Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Агар ҳадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадя қилувчи ҳадя олувчидан ҳадяни олишни рад этиши оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


504-модда. Ҳадя шартномасининг шакли

Ҳадя қилиш, айни пайтда ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин, ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳадяни топшириш уни тақдим қилиш, рамзий топшириш (калит ва ҳоказоларни тақдим қилиш) ёки ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

фуқаролар ўртасида энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда оғзаки тузилган ҳадя шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.


505-модда. Ҳадяни чеклаш

Юридик шахс хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган ашёни, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдорнинг розилиги билан ҳадя этишга ҳақли. Бу чеклаш қиймати катта бўлмаган одатдаги совғаларга тааллуқли эмас.

Умумий биргаликдаги мулкни ҳадя қилишга ушбу Кодекснинг 225-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилган ҳолда умумий биргаликдаги мулкнинг барча иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилади.

Ҳадя қилувчига тегишли учинчи шахсдан талаб қилиш ҳуқуқини ҳадя қилиш ушбу Кодекс 313-317, 319 ва 320-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ижара ҳуқуқини ёки бошқаларнинг ашёсига ўзгача ҳуқуқни унинг мулкдорининг ёки унга нисбатан хўжалик юритиш ёхуд оператив бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг розилигисиз ҳадя қилишга, агар бундай ҳуқуққа асос бўлган қонунда ёки шартномада уни мазкур шахслар розилигисиз бошқа шахсларга бериш тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ҳадя олаётган шахс ўрнига унинг учинчи шахс олдидаги мажбуриятини бажариш йўли билан ҳадя қилиш ушбу Кодекс 241-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ҳадя олувчининг учинчи шахсдан қарзини ҳадя қилувчининг ўзига олиши йўли билан ҳадя қилиш ушбу Кодекс 322-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсаси кўрсатилмаган ҳадяни вакил томонидан амалга ошириш ишончномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


506-модда. Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш

Агар шартнома тузилгандан сўнг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 507-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларда ҳадя қилувчи келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Ушбу моддада назарда тутилган асосларда ҳадя қилувчининг ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиши ҳадя олувчига зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини бермайди.



507-модда. Ҳадяни бекор қилиш

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.



508-модда. Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни

бекор қилиш мумкин бўлмаган ҳоллар

Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланмайди.


509-модда. Камчиликлари бўлган

мол-мулкни ҳадя қилиш оқибатлари

Ҳадя қилинган ашёдаги камчиликлар туфайли ҳадя олувчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар бу камчиликлар ашё ҳадя олувчига топширилгунга қадар пайдо бўлгани аниқ кўриниб турган камчиликлар жумласига кирмаслиги ва ҳадя қилувчи бу ҳақда билган бўлса-да, ҳадя олувчини огоҳлантирмаганлиги исбот қилинган бўлса, ушбу Кодекс 57-бобида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳадя қилувчи томонидан қопланиши лозим.



510-модда. Ҳадя ваъда қилинганида ҳуқуқий ворислик

Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя ваъда қилинган ҳадя олувчининг ҳуқуқлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтмайди.

Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтади.



511-модда. Хайр-эҳсон

Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади.

Хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин.

Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

Хайр-эҳсон қилувчи мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилганида бу мол-мулкдан маълум бир мақсадда фойдаланишни шарт қилиб қўйиши лозим, юридик шахсларга хайр-эҳсон қилганда эса бу шартни қўйиши мумкин. Бундай шарт бўлмаганида мол-мулкни фуқарога хайр-эҳсон қилиш оддий ҳадя деб ҳисобланади, қолган ҳолларда эса хайр-эҳсон қилинган мол-мулкдан ҳадя олувчи унинг вазифасига мувофиқ фойдаланади.

Аниқ мақсадда фойдаланишга мўлжалланган хайр-эҳсонни қабул қилиб олаётган юридик шахс хайр-эҳсон қилинган мулкдан фойдаланиш бўйича амалга оширилган операцияларнинг алоҳида рўйхатини юритиши лозим.

Агар хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадда фойдаланиш вазият ўзгарганлиги туфайли мумкин бўлмай қолса, мулкдан бошқа мақсадда фақат хайр-эҳсон қилувчининг розилиги билан, мол-мулкни хайр-эҳсон қилган фуқаро вафот этган бўлса ёки мулкни хайр-эҳсон қилган юридик шахс қайта ташкил этилган ёхуд тугатилган бўлса-суд қарорига мувофиқ фойдаланиш мумкин.

Хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчи кўрсатган мақсадга зид ҳолда фойдаланиш ёки ушбу мақсадни мазкур модда олтинчи қисмининг қоидаларини бузган ҳолда ўзгартириш хайр-эҳсон қилувчига, унинг меросхўрларига ёки бошқа ҳуқуқий ворисига хайр-эҳсонни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради.

Ушбу Кодекс 507 ва 510-моддаларининг қоидалари хайр-эҳсонга нисбатан қўлланмайди.


32-БОБ. РЕНТА


1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


512-модда. Рента шартномаси

Рента шартномасига мувофиқ бир тараф (рента олувчи) кўчмас ёки кўчар мол-мулкни бошқа тарафга (рента тўловчига) мулк қилиб беради, рента тўловчи эса олинган мол-мулк ўрнига рента олувчига вақти-вақти билан белгиланган пул суммаси ёки уни таъминлаш учун бошқа шаклда маблағ бериш тарзида рента тўлаш мажбуриятини олади.

Рента шартномасига мувофиқ рентани муддатсиз (доимий рента) ёки рента олувчи ҳаёт бўлган муддат мобайнида тўлаш (умрбод рента) мажбуриятини белгилашга йўл қўйилади. Умрбод рента фуқарони ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш шарти билан белгиланиши мумкин.


513-модда. Рента шартномасининг шакли

Рента шартномаси нотариал тасдиқланиши, кўчмас мол-мулкни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга беришни назарда тутадиган шартнома эса бундан ташқари давлат рўйхатидан ҳам ўтказилиши лозим.


514-модда. Мол-мулкни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга бериш

Рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга бериладиган мол-мулк рента олувчи томонидан рента тўловчига ҳақ эвазига ёки текинга мулк қилиб берилиши мумкин.

Рента шартномасида мол-мулкни ҳақ эвазига топшириш назарда тутилган тақдирда тарафларнинг мол-мулкни топшириш ва унинг ҳақини тўлаш бўйича муносабатларига нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар, бундай мол-мулк текинга берилган ҳолларда эса ҳадя шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади, башарти ушбу бобнинг қоидаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва бу ҳол рента шартномасининг моҳиятига зид келмаса.


515-модда. Кўчмас мулкдан рента олиш

Рента тўлаш шарти билан берилган ер участкаси, корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулкдан рента олинади. Рента тўловчи бундай мол-мулкни бошқа шахсга берган тақдирда рента шартномаси бўйича унинг мажбуриятлари мол-мулкни олувчига ўтади.

Рента олинадиган кўчмас мулкни бошқа шахсга мулк қилиб берган шахс, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки шартномада бу мажбурият бўйича солидар жавобгарлик назарда тутилмаган бўлса, рента олувчининг рента шартномаси бузилгани туфайли келиб чиққан талаблари бўйича бошқа шахс билан субсидиар жавобгар бўлади.


516-модда. Рента тўлашни таъминлаш

Рента тўлаш шарти билан ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк берилганида рента олувчи рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш мақсадида бу мулкка гаров ҳуқуқини олади.

Рента сифатида пул суммаси ёки бошқа кўчар мол-мулкни беришни назарда тутадиган шартноманинг муҳим шарти шуки, унда рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришнинг гаровини тақдим этишга ёки ушбу мажбуриятларни бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик хавфини рента олувчи фойдасига суғурталашга мажбур бўлади.

Рента тўловчи ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек рента олувчи жавобгар бўлмайдиган ҳолатларда таъминлаш йўқотилган ёки таъминлаш шароитлари ёмонлашган тақдирда рента олувчи рента шартномасини бекор қилишга ва шартнома бекор қилиниши туфайли кўрган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


517-модда. Рента тўлашни кечиктирганлик учун жавобгарлик

Рента тўлашни кечиктирганлик учун рента тўловчи рента олувчига, агар рента шартномасида бошқача фоизлар миқдори назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни тўлайди.



§ 2. ДОИМИЙ РЕНТА


518-модда. Доимий рентани олувчи

Доимий рентани фақат фуқаролар ва нотижорат ташкилотлари олишлари мумкин, башарти, бу ҳол қонунга зид келмаса ва уларнинг фаолият мақсадига мос бўлса.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, доимий рента шартномаси бўйича рента олувчининг ҳуқуқлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга талабдан воз кечиш йўли билан топширилиши ва ворислик бўйича ёки юридик шахслар қайта ташкил қилинганда бошқа шахсларга ўтиши мумкин.


519-модда. Доимий рента шакли ва миқдори

Доимий рента пул билан тўланиб, у рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкка ўхшаш мол-мулкни ижарага беришда қўлланиладиган мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг ўртача ставкаси доирасида шартнома билан белгиланадиган миқдорда, рента тўлаш шарти билан пул суммаси топширилганда эса ушбу Кодекснинг 327-моддасида назарда тутилган банк фоизининг тегишли даражада жорий этилган ставкаси доирасида бўлади.

Шартномада рентанинг пул суммасига тенг қийматдаги ашёларни бериш, ишларни бажариш ёки хизмат кўрсатиш йўли билан ҳам рента тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Агар доимий рента шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг тегишли ставкаси ёки банк фоизи ставкаси ўзгарса, тўланадиган рента миқдори ҳам мутаносиб равишда ўзгаради.



520-модда. Доимий рентани тўлаш муддатлари

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, доимий рента йилнинг ҳар бир календар чораги тугаши билан тўланади.


521-модда. Тўловчининг доимий рентани сотиб олиш ҳуқуқи

Доимий рентани тўловчи уни сотиб олиш йўли билан бундан буён рента тўлашдан бош тортишга ҳақли. Агар рента тўловчи рента тўлашдан бу тарзда бош тортишини рента тўлашни тўхтатишидан камида уч ой олдин ёки шартномада назарда тутилганидек ундан ҳам аввалроқ ёзма равишда маълум қилган бўлса, бундай бош тортиш ҳақиқий ҳисобланади. Бунда рента тўлаш мажбурияти, агар шартномада сотиб олишнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, рента олувчи сотиб олиш суммасининг ҳаммасини олиб бўлгунга қадар тўхтатилмайди.

Шартноманинг доимий рента тўловчи уни сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиши тўғрисидаги шарти ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шартномада доимий рентани сотиб олиш ҳуқуқини рента олувчи ҳаётлигида ёки шартнома тузилган пайтдан бошлаб ўттиз йилдан ошмайдиган муддат мобайнида амалга ошириб бўлмаслиги назарда тутилиши мумкин.


522-модда. Рента олувчининг талабига кўра

доимий рентани сотиб олиш

Қуйидаги ҳолларда доимий рента олувчи тўловчидан рентани сотиб олишни талаб қилишга ҳақли:

агар шартномада бошқача муддат белгиланган бўлмаса, рента тўловчи уни тўлаш муддатини бир йилдан ортиқ кечиктириб юборган тақдирда;

рента тўловчи рентани тўлашни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бузган тақдирда;

рента тўловчи тўловга қодир эмас деб топилган ёки у рентани шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўламаслигини кўрсатадиган бошқа вазиятлар вужудга келган тақдирда;

рента тўлаш шарти билан топширилган кўчмас мулк умумий мулкка айланган ёки бир неча шахс ўртасида тақсимланган тақдирда;

шунингдек, шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.



523-модда. Доимий рентани сотиб олиш баҳоси

Ушбу Кодекснинг 521 ва 522-моддаларида назарда тутилган ҳолларда доимий рента шартномада белгиланган баҳода сотиб олинади.

Рента тўлаш шарти билан мол-мулк ҳақ эвазига топширилган доимий рента шартномасида сотиб олиш баҳоси тўғрисида шарт бўлмаганида сотиб олиш йиллик рента тўловлари суммасига мос баҳода амалга оширилади.

Рента тўлаш шарти билан мол-мулк текинга берилган доимий рента шартномасида сотиб олиш баҳоси тўғрисида шарт бўлмаганида сотиб олиш баҳосига йиллик рента тўловлари суммаси билан бир қаторда топширилган мол-мулкнинг ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича аниқланадиган баҳоси ҳам киритилади.


524-модда. Доимий рента тўлаш шарти билан топширилган

мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан

бузилиш хавфи

Доимий рента тўлаш шарти билан бепул топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи рента тўловчи зиммасида бўлади.

Доимий рента тўлаш шарти билан ҳақ эвазига топширилган мол-мулк тасодифан нобуд бўлганда ёки тасодифан бузилганда тўловчи рента тўлаш мажбуриятини тегишли равишда тўхтатишни ёки уни тўлаш шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.



3-§. УМРБОД РЕНТА


525-модда. Умрбод рента олувчилар

Умрбод рента мулкини рента тўлаш шарти билан топшираётган фуқаро ҳаёт бўлган даврга ёки у кўрсатган бошқа фуқаро ҳаёт бўлган даврга белгиланиши мумкин.

Умрбод рентани бир неча фуқаро фойдасига белгилашга йўл қўйилади, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, рента олиш ҳуқуқида уларнинг улушлари тенг деб ҳисобланади.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, рента олувчиларнинг бири вафот этган тақдирда унинг рента олиш ҳуқуқидаги улуши ундан кейин ҳаёт бўлган рента олувчиларга ўтади, охирги рента олувчи вафот этган тақдирда рента тўлаш мажбурияти бекор бўлади.

Шартнома тузилган пайтгача вафот этган фуқаро фойдасига умрбод рента белгилайдиган шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


526-модда. Умрбод рента миқдори

Умрбод рента шартномада рента олувчи ҳаёт бўлган даврда унга вақти-вақти билан тўланадиган пул суммаси сифатида белгиланади.

Умрбод рентанинг шартномада белгиланадиган бир ойлик миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаслиги керак, ушбу Кодекснинг 247-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса оширилиши лозим.


527-модда. Умрбод рентани тўлаш муддатлари

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, умрбод рента ҳар бир календарь ой тугаши билан тўланади.



528-модда. Умрбод рента шартномасини рента олувчининг

талаби билан бекор қилиш

Рента тўловчи умрбод рента шартномасини жиддий бузган ҳолларда рента олувчи рента тўловчидан рентани ушбу Кодекснинг 523-моддасида назарда тутилган шартларда сотиб олишни ёки шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар умрбод рента тўлаш шарти билан текинга квартира, уй ёки бошқа мол-мулк топширилган бўлса, рента тўловчи шартноманинг муҳим шартларини жиддий бузган тақдирда, рента олувчи бу мол-мулкни унинг қийматини сотиб олинадиган рента ҳисобига қўшган ҳолда қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.



529-модда. Рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкнинг

тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан бузилиш хавфи

Умрбод рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши рента тўловчини рентани шартномада назарда тутилган шартларда тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.



33-БОБ. УМРБОД ТАЪМИНЛАШ ШАРТИ БИЛАН

УЙ-ЖОЙ (КВАРТИРА)НИ БОШҚА ШАХСГА БЕРИШ


530-модда. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой

(квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.


531-модда. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни

бошқа шахсга бериш шартномасининг шакли ва шартлари

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жой (уйнинг бир қисми), квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Бериладиган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси ушбу Кодекс 110-моддасининг қоидаларига риоя этган ҳолда ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.


532-модда. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, олувчи шартнома амал қилиб турган даврда бу уйни (уйнинг бир қисмини), квартирани сотиш, ҳадя қилиш, гаровга қўйишга ва уй (уйнинг бир қисми), квартирага мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас. Бу уй (уйнинг бир қисми), квартирага олувчининг қарзлари бўйича ундириш қаратилмайди.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича бошқа шахсга берувчидан олинган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартиранинг тасодифан нобуд бўлиши олувчини шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилмайди.



533-модда. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни

бошқа шахсга бериш шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш

Агар уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани олувчи умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса, бошқа шахсга берувчи таъминотни вақти-вақти билан ҳақ тарзида тўлаб туришга алмаштиришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин.

Агар олувчининг моддий аҳволи ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бошқа шахсга берувчига шартлашилган таъминотни бера олмайдиган даражада ўзгарса ёки бошқа шахсга берувчи меҳнат қобилиятини тикласа, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси олувчининг талабига кўра бекор қилиниши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган тақдирда уй (уйнинг бир қисми), квартира бошқа шахсга берувчига қайтарилиши лозим.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси бошқа шахсга берувчининг талабига кўра бекор қилинган тақдирда олувчи шартнома амалда бўлган вақтда бошқа шахсга берувчини таъминлаш ва уйни (уйнинг бир қисмини), квартирани сақлаб туришга қилган харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.


534-модда. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни

бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича мажбуриятларнинг

ворисларга ўтиши

Олувчи вафот этган тақдирда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича мажбуриятлар унинг ворисларига ўтади. Олувчининг ворислари бўлмаганида ёки улар умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини бажаришдан воз кечганларида олувчига берилган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира уни бошқа шахсга берувчига қайтарилади.


34-БОБ. МУЛК ИЖАРАСИ


1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


535-модда. Мулк ижараси шартномаси

Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.


536-модда. Ижарага олувчининг ижарага олинган мол-мулкдан

олинадиган маҳсулот, мевалар ва даромадларга бўлган мулк

ҳуқуқи

Агар қонун ёки мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар унинг мулки ҳисобланади.


537-модда. Мулк ижарасининг объектлари

Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида мулк ижарасига берилиши мумкин бўлмаган ёки чекланган корхоналар турлари (гуруҳлари) ва мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин.


538-модда. Ижарага берувчи

Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.


539-модда. Мулк ижараси шартномасининг шакли

Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Мулк ҳуқуқининг келгусида ижарачига ўтишини назарда тутувчи мулк ижараси шартномаси, бундай мулкнинг олди-сотди шартномаси учун назарда тутилган шаклда тузилади.


540-модда. Мулк ижараси шартномасининг муддати

Мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилади.

Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса - уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Қонунда мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда, башарти ижара муддати шартномада белгиланган бўлмаса ва қонунда белгиланган охирги муддат тугагунича тарафлардан ҳеч қайсиси шартномадан воз кечмаса, охирги муддат ўтиши билан шартнома бекор бўлади. Қонунда белгиланган охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бундай мулк ижараси шартномаси охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади.


541-модда. Ижарага олувчига мол-мулкни топшириш

Ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топширмоғи лозим.

Мол-мулкни топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг бурчи бўлиб, унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Агарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


542-модда. Ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар

учун ижарага берувчининг жавобгарлиги

Ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкнинг ундан фойдаланишга тўлиқ ёки қисман тўсқинлик қиладиган камчиликлари учун, ҳатто у шартнома тузиш вақтида булар ҳақида билмаган бўлса ҳам, жавобгардир. Бундай камчиликлар аниқланганда ижарачи ўз хоҳишига кўра:

ижарага берувчидан ё мол-мулкдаги камчиликларни текинга бартараф этишни ёки мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақини мутаносиб камайтиришни ёхуд мол-мулкдаги камчиликларни бартараф этиш учун қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга;

ижарага берувчини олдиндан огоҳлантирган ҳолда ўша камчиликларни бартараф этишга сарфлаган харажатлари суммасини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан бевосита чегириб қолишга;

шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Ижарага олувчининг талабларидан ёки унинг мол-мулкдаги камчиликларни ижарага берувчи ҳисобидан бартараф этиш ниятидан хабардор қилинган ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни тегишли ҳолатда бўлган бошқа шундай мол-мулк билан дарҳол алмаштириб бериши ёки мол-мулкдаги камчиликни текинга бартараф этиши мумкин.

Агар ижарага олувчининг талабларини қаноатлантириш ёхуд унинг камчиликларни бартараф этиш харажатларини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан чегириб қолиши ижарага олувчи кўрган зарарни қопламаса, у зарарнинг қопланмаган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Шартнома тузиш вақтида ижарага берувчи олдиндан айтиб қўйган ёки ижарага олувчига олдиндан маълум бўлган ёхуд шартномани тузишда ёки мол-мулкни ижарага топшириш пайтида уни кўздан кечирганда ёхуд унинг созлигини текширганда ижарага олувчи аниқлаши керак бўлган камчиликлар учун ижарага берувчи жавобгар бўлмайди.



543-модда. Ижарага топширилаётган мол-мулкка нисбатан

учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари

Мол-мулкнинг ижарага топширилиши бу мол-мулкка нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бекор бўлиши ёки ўзгариши учун асос бўлмайди.

Шартнома тузишда ижарага берувчи ижарага олувчини ижарага топширилаётган мол-мулкка нисбатан учинчи шахсларнинг барча ҳуқуқлари (сервитут, гаров ҳуқуқи ва ҳоказолар) ҳақида огоҳлантириши лозим. Ижарага берувчи томонидан бу мажбуриятнинг бажарилмаслиги ижарага олувчига мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақни камайтиришни ёхуд шартномани бекор қилиш ва зарарни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини беради.


544-модда. Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш

Ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт.

Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва муддатлари мулк ижараси шартномаси билан белгиланади. Булар шартномада белгиланмаган ҳолларда одатда худди шундай мол-мулкни ўхшаш ҳолатларда ижарага беришда қўлланиладиган тартиб, шартлар ва муддатлар белгиланган деб ҳисобланади.

Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ ижарага олинган барча мол-мулк учун яхлит ҳолда ёки унинг ҳар бир таркибий қисми учун алоҳида-алоҳида ҳолда қуйидаги кўринишларда белгиланади:

вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммада белгиланган тўловлар тариқасида;

ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган маҳсулот, мевалар ёки даромадларнинг белгиланган улуши тариқасида;

ижарага олувчи томонидан кўрсатиладиган маълум хизматлар тариқасида;

ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига шартномада келишилган ашёни мулк қилиб ёки ижарага топшириш тариқасида;

ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш бўйича шартномада келишилган харажатларни ижарага олувчи зиммасига юклаш тариқасида.

Тарафлар мулк ижараси шартномасида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ҳақ шаклларини аралаш амалга оширишни ёки ҳақ тўлашнинг бошқа шаклларини назарда тутишлари мумкин.

Агар мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори шартномада белгиланган муддатларда, бироқ бир йилда кўпи билан бир марта тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек айрим мол-мулк турларининг ижараси учун ҳақ миқдорини қайта кўриб чиқишнинг бошқача энг кам муддатлари назарда тутилиши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ўзи жавобгар бўлмаган ҳолатларга кўра, шартномада назарда тутилган фойдаланиш шартлари ёки мол-мулкнинг ҳолати жиддий ёмонлашган бўлса, у мол-мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини тегишли равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини тўлаш муддатлари ижарага олувчи томонидан жиддий бузилган тақдирда, ижарага берувчи ундан ижара ҳақини муддатидан олдин, ижарага берувчи белгилаган муддатда тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бунда ижарага берувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун кўпи билан икки муддатнинг ҳақини муддатидан олдин тўлашни талаб қилишга ҳақли.


545-модда. Ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш

Ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига мувофиқ, агар бундай шартлар шартномада белгиланган бўлмаса-мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ фойдаланиши лозим.

Агар ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамай, ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига ёки мол-мулкнинг вазифасига номувофиқ фойдаланса, ижарага берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.


546-модда. Ижарага олинган мол-мулкни тасарруф қилиш

Агар ушбу Кодексда, бошқа қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ижарага берувчининг розилиги билан иккиламчи ижарага (қўшимча ижарага) топширишга, мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижара), ижарага олинган мол-мулкни текин фойдаланиш учун беришга, шунингдек бу ҳуқуқларини гаровга қўйишга ва уларни хўжалик ширкатлари ва жамиятлари устав фондига (капиталига) ҳисса сифатида ёки ишлаб чиқариш кооперативига пай бадали сифатида топширишга ҳақли. Кўрсатиб ўтилган ҳолларда ижарага олувчи шартнома бўйича ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади, қайта ижара бундан мустасно. Мол-мулкни бошқа шахсларга топшириш ҳақидаги шартнома ижара шартномасининг амал қилиш муддатидан ортиқ муддатга тузилиши мумкин эмас.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олинган мол-мулкни иккиламчи ижарага топшириш ҳақидаги шартномага нисбатан мулк ижараси шартномаси ҳақидаги қоидалар қўлланилади.



547-модда. Ижарага берувчининг ижарага олинган мол-мулкни

сақлаш мажбуриятлари

Агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни ўз ҳисобидан капитал таъмирлаши шарт.

Ижарага олувчи жавобгар бўлмаган ҳолатлар натижасида келиб чиққан шошилинч зарурат туфайли ўтказиладиган таъмирлашни ижарага берувчи ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт.

Капитал таъмирлаш мулк ижараси шартномасида белгиланган муддатда, агар бу муддат шартномада белгиланмаган ёки шошилинч зарурат туфайли ўтказилса, оқилона муддатда амалга оширилмоғи лозим.

Ижарага берувчининг капитал таъмирлаш мажбуриятини бажармаслиги ижарага олувчига ўз хоҳишига кўра:

шартномада белгиланган ёхуд шошилинч зарурат тақозо этаётган капитал таъмирлашни амалга ошириб, таъмирлаш қийматини ижарага берувчидан ундириб олиш ёхуд мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ ҳисобига ўтказиш;

ҳақни тегишинча камайтиришни талаб қилиш;

шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ва зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқини беради.


548-модда. Ижарага олувчининг ижарага олинган мол-мулкни

сақлаш мажбуриятлари

Агарда қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи мол-мулкни яхши ҳолда сақлаши, уни ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши ва сақлаш бўйича бошқа харажатларни қилиши лозим.


549-модда. Тарафлар ўзгарганда мол-мулк ижараси шартномасининг

ўз кучида қолиши

Ижарага топширилган мол-мулкка нисбатан мулк (хўжалик юритиш, оператив бошқариш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш) ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши мулк ижараси шартномасининг ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши учун асос бўлмайди.

Кўчмас мулкни ижарага олган фуқаро вафот этган тақдирда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ушбу мол-мулкни ижарага топшириш шартномаси бўйича унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворисга ўтади. Шартноманинг тузилиши ижарага олувчининг шахсий фазилатлари билан боғлиқ бўлган ҳоллардан ташқари ижарага берувчи бундай вориснинг шартнома амал қилишининг қолган муддатида шартномага қўшилишини рад этишга ҳақли эмас.


550-модда. Мулк ижараси шартномаси муддатидан олдин бекор

қилинганида иккиламчи ижара шартномасининг бекор бўлиши

Агар мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулк ижараси шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши унга мувофиқ тузилган иккиламчи ижара шартномасининг бекор бўлишига олиб келади. Бу ҳолда иккиламчи ижарага олувчи иккиламчи ижаранинг қолган муддати давомида иккиламчи ижара шартномасига мувофиқ ўзи фойдаланиб келган мол-мулкни бекор бўлган мулк ижараси шартномасининг тегишли шартлари асосида ижарага олиш ҳақида шартнома тузиши мумкин.

Агар мулк ижараси шартномаси ушбу Кодексда назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмас деб топилса, унга мувофиқ тузилган иккиламчи ижара шартномалари ҳам ҳақиқий эмас деб топилади.


551-модда. Ижарага берувчининг талаби бўйича мулк ижараси

шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш

Мулк ижараси шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар ижарага олувчи:

ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамасдан мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулкнинг вазифаларини жиддий равишда бузган ёхуд бир неча марта бузган ҳолда фойдаланса;

мол-мулкни жиддий ёмонлаштирса;

шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса;

қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ капитал таъмирлаш ишларини бажариш ижарага олувчи зиммасидаги мажбурият бўлган ҳолларда шартномада белгиланган муддатларда, шартномада бундай муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда мол-мулкни капитал таъмирлашни амалга оширмаса.

Мулк ижараси шартномасида ушбу Кодекснинг 382-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ижарага берувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

Ижарага берувчи ижарага олувчини ёзма равишда огоҳлантирганидан ва унга ўз мажбуриятларини бажариш учун имконият берганидан кейингина шартнома муддатидан олдин бекор қилинишини талаб қилишга ҳақли.


552-модда. Ижарага олувчининг талаби билан мулк ижараси

шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш

Ижарага олувчининг талаби билан мулк ижараси шартномаси суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар:

ижарага берувчи мол-мулкни фойдаланиш учун ижарага олувчига бермаса ёки мол-мулкдан шартнома шартларига ёхуд мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ фойдаланишга тўсқинлик қилса;

ижарага олувчига топширилган мол-мулкда ундан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган камчиликлар бўлиб, уларни ижарага берувчи шартнома тузиш вақтида айтиб ўтмаган, ижарага олувчига олдиндан маълум бўлмаган ва шартнома тузаётганда мол-мулкни кўздан кечириш ёхуд унинг созлигини текшириш вақтида аниқланиши мумкин бўлмаган бўлса;

ижарага берувчи шартномада белгиланган муддатларда, агарда шартномада муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда ўз зиммасидаги мол-мулкни капитал таъмирлаш мажбуриятини бажармаса;

ижарага олувчи жавобгар бўлмаган ҳолатлар туфайли мол-мулк фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолса.

Мулк ижараси шартномасида ушбу Кодекс 382-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ижарага олувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.


553-модда. Янги муддатга мулк ижараси шартномаси тузишда

ижарага олувчининг имтиёзли ҳуқуқи

Агарда қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин янги муддатга мулк ижараси шартномасини тузишда шароитлар тенг бўлган ҳолларда бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Ижарага олувчи ижарага берувчини мулк ижараси шартномасида белгиланган муддатда, агар шартномада бундай муддат белгиланган бўлмаса, шартноманинг амал қилиши тамом бўлгунча оқилона муддатда бундай шартномани тузиш истаги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши лозим.

Мулк ижараси шартномасини янги муддатга тузишда шартнома шартлари тарафларнинг келишуви асосида ўзгартирилиши мумкин.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчи билан янги муддатга шартнома тузишни рад этса-ю, аммо у билан тузилган шартнома муддати тугаганидан кейин бир йил ичида бошқа шахс билан мулк ижараси шартномасини тузса, ижарага олувчи ўз хоҳишига кўра ё тузилган шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзига ўтказилишини ва ўзи билан шартномани янгилашни рад этиш оқибатида ўзига етказилган зарарнинг тўланишини ёки фақат зарарнинг ўзи тўланишини суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Агар мулк ижараси шартномасининг муддати тамом бўлганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида номаълум муддатга қайтадан тузилган ҳисобланади.


554-модда. Мол-мулкни ижарага берувчига қайтариш

Мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим.

Агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳақ ижарага берувчи кўрган зарарни қопламаган тақдирда зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Ижарага олинган мол-мулк ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун шартномада неустойка ундириш назарда тутилган тақдирда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, неустойкадан ташқари зарар тўлиқ миқдорда ундирилиши мумкин.


555-модда. Ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш

Агарда мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан мол-мулкнинг ажратиб олса бўладиган тарзда яхшиланиши унинг мулки ҳисобланади.

Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ўз маблағлари ҳисобидан ва ижарага берувчининг розилиги билан яхшилаган, бу яхшилашни мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома бекор бўлганидан кейин, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бу яхшилашлар қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ижарага олувчи томонидан ижарага берувчининг розилигисиз амалга оширилган ва ижарага берилган мол-мулкдан ажратиб олиб бўлмайдиган яхшилашларнинг қиймати тўланмайди.

Ижарага олинган мол-мулкдан амортизация ажратмалари ҳисобига амалга оширилган, мол-мулкдан ажратиб олиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган яхшилашлар ижарага берувчининг мулки бўлади.


556-модда. Ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш

Мулк ижараси шартномасида ижарага олинган мол-мулк ижара шартномасининг муддати тамом бўлганидан кейин ёки тамом бўлмасдан олдин ижарага олувчи шартномада келишилган сотиб олиш баҳосининг ҳаммасини тўлаган тақдирда унинг мулкига айланиши назарда тутилиши мумкин.

Агар ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш шарти шартномада назарда тутилмаган бўлса, у тарафларнинг қўшимча келишуви билан белгиланиши мумкин, бунда тарафлар мол-мулкдан фойдаланганлик учун илгари тўланган ҳақни харид нархига киритиш тўғрисида келишишга ҳақлидирлар.

Қонунларда ижарага олинган мол-мулкни сотиб олишни тақиқлаш ҳоллари белгилаб қўйилиши мумкин.


557-модда. Мулк ижараси айрим турларининг ва айрим турдаги

мол-мулкни ижарага беришнинг хусусиятлари

Мулк ижараси шартномасининг айрим турларига ва айрим турдаги мол-мулкни ижарага бериш шартномаларига (мулк ижараси, транспорт воситалари ижараси, корхоналар ижараси, молиявий маблағлар ижараси ва ҳоказолар), агарда ушбу Кодекснинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфда назарда тутилган қоидалар қўлланади.


2-§. ПРОКАТ


558-модда. Прокат шартномаси

Прокат шартномаси бўйича доимий тадбиркорлик фаолияти сифатида мол-мулкни ижарага берувчи ҳақ эвазига ижарага олувчига вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш учун кўчар мол-мулкни топшириш мажбуриятини олади.

Прокат шартномаси бўйича топширилган мол-мулкдан, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, истеъмол мақсадларида фойдаланилади.

Прокат шартномаси ёзма шаклда тузилади. Прокат шартномаси оммавийдир.


559-модда. Прокат шартномасининг муддати

Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.

Мулк ижараси шартномасини номуайян муддатга қайтадан тузиш ва ижарага олувчининг мулк ижараси шартномасини қайтадан тузишга имтиёзли ҳуқуқи ҳақидаги қоидалар мулк ижараси шартномасига нисбатан қўлланмайди.

Ижарага олувчи мулк ижараси шартномасини бажаришни истаган вақтида рад этишга ҳақли.



560-модда. Ижарачига мол-мулкни топшириш

Прокат шартномасини тузган ижарага берувчи ижарага топширилаётган мол-мулкнинг созлигини ижарага олувчи иштирокида текшириши, шунингдек уни мол-мулкдан фойдаланиш қоидалари билан таништириши ёки унга бу мол-мулкдан фойдаланиш ҳақидаги ёзма қўлланмани бериши шарт.



561-модда. Ижарага топширилган мол-мулкдаги

камчиликларни бартараф этиш

Агар ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар ижарага олувчи томонидан мол-мулкдан фойдаланиш ва уни сақлаш қоидаларининг бузилиши натижасида вужудга келган бўлса, ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни таъмирлаш ва транспортда ташиш харажатларини тўлайди.



562-модда. Прокат шартномаси бўйича

мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақи

Прокат шартномаси бўйича мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақи вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммадаги тўловлар шаклида белгиланади.

Ижарага олувчи мол-мулкни муддатидан олдин қайтарган тақдирда ижарага берувчи унга мол-мулкдан фойдаланганлик учун олинган ҳақдан тегишли қисмини мол-мулк амалда қайтарилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисоблаган ҳолда қайтаради.

Мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақи бўйича ижарага олувчининг қарзлари нотариуснинг ижро устхати асосида сўзсиз ундириб олинади.


563-модда. Ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш

Прокат шартномаси бўйича ижарага топширилган мол-мулкни капитал ва жорий таъмирлаш ижарага берувчининг бурчидир.

Прокат шартномаси бўйича ижарага олувчига топширилган мол-мулкни иккиламчи ижарага беришга, ижарага олувчи мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишига, бу мол-мулкнинг бепул фойдаланиш учун бериб қўйилишига, ижарага олувчининг ҳуқуқларини гаровга қўйишга ва уларни хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав фондига (капиталига) ҳисса тариқасида, ишлаб чиқариш кооперативларига пай бадаллари тариқасида қўшишга йўл қўйилмайди.


3-§. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ИЖАРАСИ


564-модда. Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси

Транспорт воситасини экипажи билан ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига беради ва ўз кучи билан уни бошқариш ҳамда техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатади.

Транспорт воситасини экипажсиз ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижарага олувчига ҳақ эвазига беради.

Ушбу бобнинг ижара шартномасини номуайян муддатга қайта тузиш ва ижарага олувчининг ижара шартномасини янги муддатга қайтадан тузишга имтиёзли ҳуқуқи ҳақидаги қоидалари транспорт воситасини ижарага бериш шартномасига нисбатан қўлланмайди.



565-модда. Транспорт воситасини

ижарага бериш шартномасининг шакли

Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қ онун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик шахслар жисмоний шахслар билан енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин.


566-модда. Транспорт воситаси уни сақлаш, бошқариш ва техник

фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатган ҳолда ижарага берилганда

ижарага берувчининг мажбуриятлари

Ижарага берувчи шартнома амал қилиб турган бутун муддат давомида ижарага берилган транспорт воситасини тегишли ҳолатда сақлаши, шу жумладан жорий ва капитал таъмирлаши ҳамда зарур асбоб-ускуналарни бериши шарт.

Ижарага берувчининг транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича ижарага олувчига кўрсатадиган хизматлари ҳажми транспорт воситасининг шартномада кўрсатилган ижара мақсадларига мос равишда нормал ва хавфсиз ишлатилишини таъминлаши шарт. Ижара шартномасида ижарага олувчига кўрсатиладиган хизматларнинг янада кенгроқ доираси назарда тутилиши мумкин.

Транспорт воситаси экипажининг таркиби ва унинг малакаси тарафлар учун мажбурий бўлган қоидаларга ва шартномада белгиланган шартларга, борди-ю, тарафлар учун мажбурий бўлган қоидаларда бундай талаблар белгилаб қўйилмаган бўлса,-шундай турдаги транспорт воситасини ишлатишнинг одатдаги амалиёти талаблари ва шартнома шартларига жавоб бериши лозим.

Экипаж аъзолари ижарага берувчи билан меҳнат муносабатларини сақлаб қоладилар. Улар ижарага берувчининг транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланишга доир кўрсатмаларига ва ижарага олувчининг транспорт воситасини тижорат мақсадида ишлатишга доир кўрсатмаларига бўйсунадилар.

Агар транспорт воситасини ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, экипаж аъзоларининг хизматига ҳақ тўлаш, шунингдек уларни сақлаш харажатлари ижарага берувчи зиммасида бўлади.

Агар транспорт воситасини ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, транспорт воситасини суғурта қилиш ва (ёки) унинг томонидан ёки уни ишлатиш муносабати билан етказилиши мумкин бўлган зарар учун жавобгарликни суғурталаш мажбурияти, бундай суғурталаш қонун ёки шартномага мувофиқ мажбурий бўлса, ижарага берувчи зиммасига юклатилади.


567-модда. Транспорт воситасини тижорат мақсадида ишлатиш

билан боғлиқ харажатларни тўлаш бўйича ижарага олувчининг

мажбурияти

Агар транспорт воситасини ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, транспорт воситасини тижорат мақсадида ишлатиш муносабати билан ёнилғи ва ишлатиш жараёнида сарфланадиган бошқа материаллар ҳақини тўлаш, йиғимлар ва бошқа чиқимларни тўлаш ижарага олувчи зиммасида бўлади.



568-модда. Транспорт воситаси уни сақлаш, бошқариш ва техник

фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда ижарага берилганида

ижарага олувчининг мажбуриятлари

Ижарага олувчи транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси амал қилиб турган бутун муддат давомида ижарага олинган транспорт воситасини тегишли ҳолатда сақлаб туриши, жумладан уни жорий таъмирлашни, шунингдек, агар шартномада бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, капитал таъмирлашни ҳам амалга ошириши шарт.

Ижарага олувчи ижарага олинган транспорт воситасини ўз кучи билан бошқаради, шунингдек ундан тижорат мақсадида ва техник фойдаланишни амалга оширади.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган транспорт воситасини сақлаш, уни суғурталаш, шу жумладан ўз жавобгарлигини суғурталаш, транспорт воситасини ишлатиш билан боғлиқ харажатларни амалга оширади.



569-модда. Транспорт воситасидан фойдаланиш ҳақида учинчи

шахслар билан тузиладиган шартномалар

Агар ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган транспорт воситасини экипаж билан ёки экипажсиз ижара шартномаси шартлари асосида ижарага берувчининг розилиги билан қўшимча ижарага беришга ҳақли.

Ижарага олувчи ижарага берувчининг розилигисиз ўз номидан, агар ижара шартномасида назарда тутилган транспорт воситаларидан фойдаланиш мақсадларига, борди-ю бундай мақсадлар белгилаб қўйилган бўлмаса, транспорт воситасининг вазифасига хилоф бўлмаса, учинчи шахслар билан ташиш шартномаларини ва бошқа шартномаларни тузишга ҳақли.



570-модда. Транспорт воситасига етказилган зарар учун жавобгарлик

Ижарага берилган транспорт воситаси ҳалокатга учраган ёки шикастланган тақдирда, агар ижарага берувчи транспорт воситаси қонун ёки шартномага мувофиқ ижарага олувчи жавобгар бўладиган ҳолатларда ҳалокатга учраганини ёки шикастланганлигини исбот қилса, ижарага олувчи етказилган зарарни ижарага берувчига тўлаши шарт.


571-модда. Транспорт воситаси билан

етказилган зарар учун жавобгарлик

Экипаж билан ижарага берилган транспорт воситаси, унинг механизмлари, қурилмалари, жиҳозлари ва шу кабилар билан учинчи шахсларга етказилган зарар учун жавобгарлик, ушбу Кодекснинг 57-боби қоидаларига мувофиқ, ижарага берувчи зиммасида бўлади. Ижарага берувчи зарар ижарага олувчининг айби билан етказилганлигини исботласа, учинчи шахсларга тўланган пул суммасини қоплашни ижарага олувчидан регресс тартибида талаб қилишга ҳақли.

Транспорт воситаси сақлаш, бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда ижарага берилганида транспорт воситаси, унинг механизмлари, қурилмалари, жиҳозлари ва шу кабилар билан учинчи шахсларга етказилган зарар учун ушбу Кодекснинг 57-боби қоидаларига мувофиқ ижарага олувчи жавобгар бўлади.



572-модда. Айрим турдаги транспорт воситаларини ижарага

бериш хусусиятлари

Айрим турдаги транспорт воситаларини ижарага бериш хусусиятлари, ушбу параграфда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, қонун ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин.



4-§. БИНОЛАР ВА ИНШООТЛАР ИЖАРАСИ


573-модда. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Агар ушбу Кодекснинг корхонани ижарага бериш тўғрисидаги қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфнинг қоидалари корхоналар ижарасига татбиқ этилади.


574-модда. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг

шакли ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолайдиган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади.

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

Фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.

Бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим ва рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.


575-модда. Бино ёки иншоот ижарага берилганида улар

жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага олувчига бундай кўчмас мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини топшириш билан бир вақтда ер участкасининг ана шу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур қисмига бўлган ҳуқуқлар ҳам топширилади.

Ижарага берувчи ижарага берилаётган бино ёки иншоот жойлашган ер участкасининг мулкдори бўлса, ижарага олувчига ер участкасининг тегишли қисмига бўлган ижара ҳуқуқи ёхуд бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ топширилади.

Агар ижарага олувчига топшириладиган тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ шартномада белгилаб қўйилган бўлмаса, ер участкасининг бино ёки иншоот жойлашган ва улардан ўз вазифасига мувофиқ фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан фойдаланиш ҳуқуқи бино ёки иншоот ижарага берилган муддатга ижарага олувчига ўтади.

Ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлмаган ер участкасида жойлашган бино ёки иншоотни ижарага беришга, агар бундай участкадан фойдаланишнинг қонунда ёки ер участкасининг мулкдори билан тузилган шартномада белгиланган шартларига зид бўлмаса, ушбу участка мулкдорининг розилигисиз йўл қўйилади.



576-модда. Ер участкаси сотилганида ундан фойдаланиш ҳуқуқининг

бино ёки иншоотни ижарага олувчида сақланиб қолиши

Ижарага олинган бино ёки иншоот жойлашган ер участкаси бошқа шахсга сотилган ҳолларда ер участкасининг бино ёки иншоот жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу ер участкаси сотилгунига қадар амалда бўлган шартлар билан ана шу бино ёки иншоотни ижарага олувчи шахсда сақланиб қолади.



577-модда. Ижара ҳақининг миқдори

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида ижара ҳақининг миқдори назарда тутилиши лозим. Ижара ҳақининг миқдори тўғрисида тарафлар ёзма шаклда келишган шартлар бўлмаган тақдирда, бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тузилмаган ҳисобланади. Бунда ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган нарх белгилаш қоидалари қўлланмайди.

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида белгиланган бино ёки иншоотдан фойдаланганлик ҳақига, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ёки иншоот жойлашган ер участкасидан ёхуд ер участкасининг бино ёки иншоот билан бирга топширилаётган тегишли қисмидан фойдаланганлик ҳақи ҳам киради.

Шартномада бино ёки иншоотнинг ижара ҳақи бино (иншоот) майдонининг бирлиги ёки унинг бошқа ўлчов кўрсаткичлари бўйича белгиланган бўлса, ижара ҳақи ижарага олувчига топширилган бино ёки иншоотнинг ҳақиқий ўлчовига қараб аниқланади.


578-модда. Бино ёки иншоотни топшириш

Бино ёки иншоотни ижарага берувчи томонидан топшириш ва ижарага олувчи томонидан қабул қилиб олиш тарафлар имзолайдиган топшириш далолатномаси ёки топширишга доир бошқа ҳужжат бўйича амалга оширилади.

Агар қонунда ёхуд бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчининг бино ёки иншоотни ижарага олувчига топшириш мажбурияти бино ёки иншоот ижарага олувчининг эгалигига ёки фойдаланишига топширилганидан ва тарафлар топшириш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолаганларидан кейин бажарилган ҳисобланади.

Тарафлардан бирининг бино ёки иншоотни шартномада назарда тутилган шартларда топшириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан бош тортиши тегишли бўлишига қараб, ижарага берувчининг мол-мулкни топшириш бўйича ўз мажбуриятларини, ижарага олувчининг эса, мол-мулкни қабул қилиб олиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши деб қаралади.

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бекор қилинганида ижарага олинган бино ёки иншоот ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда ижарага берувчига қайтарилиши лозим.


5-§. КОРХОНАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ


579-модда. Корхонани ижарага бериш шартномаси

Корхонани ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун мулкий комплекс сифатида бутун корхонани ёки унинг бир қисмини ҳақ эвазига бериш мажбуриятини олади, ижарага берувчи бошқа шахсларга ўтказиши мумкин бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бундан мустасно.

Ижарага берувчи ўз қарзларини ижарага олувчининг зиммасига ўтказиши ҳақида кредиторларини ёзма равишда огоҳлантириши шарт, кредиторлар бунга рози бўлмасалар, огоҳлантиришни олган вақтдан бошлаб уч ой давомида ижарага берувчидан тегишли мажбуриятларни бекор қилишни ёки муддатидан олдин бажаришни ва шу туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар шу муддатда мазкур талаблардан биронтаси билдирилмаса, кредитор тегишли қарзнинг ижарачига ўтказилишига розилик берган деб ҳисобланади.

Ижарага берувчидан мажбуриятларни бекор қилишни ёки муддатидан олдин бажаришни ва зарарни қоплашни талаб қилган кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейингина корхона ижарачига топширилиши мумкин.

Корхона мулкий комплекс сифатида ижарага берилганидан кейин ижарага берувчи билан ижарага олувчи топширилган корхона таркибига киритилган ва ижарага олувчига кредиторнинг розилигисиз ўтказилган қарзлар бўйича солидар жавобгар бўладилар.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиш учун махсус рухсатнома (лицензия) асосида олган ҳуқуқлари ижарага олувчига берилиши мумкин эмас. Ижарачи махсус рухсатнома (лицензия)си бўлмаганлиги сабабли бажара олмайдиган мажбуриятларни шартнома бўйича топширилаётган корхона таркибига киритиш ижарага берувчини кредиторлар олдидаги тегишли мажбуриятлардан озод қилмайди.


580-модда. Корхонани ижарага бериш шартномасининг шакли

Корхонани ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолаган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади ва у нотариал гувоҳлантирилиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Корхонани ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Корхонани ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.


581-модда. Ижарага олинган корхонани топшириш

Ижарага олинган корхона ижарага олувчига топшириш далолатномаси бўйича топширилади.

Агар ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олинган корхонани топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг зиммасидаги мажбурият ҳисобланади ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.



582-модда. Ижарага олувчининг корхонани сақлаш ва уни

ишлатиш харажатларини тўлаш бўйича мажбуриятлари

Корхонани ижарага олувчи ижара шартномаси амал қилиб турган бутун вақт мобайнида корхонани тегишли техник ҳолатда сақлаб туриши, шу жумладан уни жорий таъмирлаши ва шартномада назарда тутилган ҳолларда капитал таъмирлаши шарт.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ижарага олинган корхонани ишлатиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек ижарага олинган мол-мулкни суғурталаш бўйича тўловлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ижарага олувчи зиммасига юклатилади.



583-модда. Ижарага олинган корхона мол-мулкидан фойдаланиш

Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ижарага олувчи ижарага олинган корхона мол-мулки таркибига кирувчи моддий бойликларни ижарага берувчининг розилиги билан сотиш, айирбошлаш ва унинг розилигисиз вақтинча фойдаланишга ёхуд қарзга, қўшимча ижарага беришга, шунингдек корхона баҳосини пасайтирмаслик ва ижара шартномасининг бошқа бандларини бузмаслик шарти билан бундай бойликларга нисбатан ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга ўтказишга ҳақли.

Агар корхонани ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган корхонани ижарага берувчининг розилигисиз қайта қуришга, уни кенгайтириб, техник қайта жиҳозлаб қийматини оширишга ҳақли.


584-модда. Ижарачининг ижарага олинган корхонани яхшилаши

Корхонани ижарага олиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхонани ижарага олувчи ижарага берувчининг рухсатидан қатъи назар, ижарага олинган мол-мулкни ажратиб бўлмайдиган тарзда яхшилаш қийматини олишга ҳақли.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчининг бундай яхшилашга қилган харажатлари ижарага олинган мол-мулкнинг қийматини унинг сифати ва (ёки) ундан фойдаланиш хусусиятларини яхшилашга қараганда беқиёс даражада ошириб юборганлигини ёки бундай яхшилашни амалга ошириш вақтида ҳалоллик ва оқилоналик тамойиллари бузилганлигини исботласа, суд уни бундай яхшилаш ҳақини ижарага олувчига тўлаш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.


585-модда. Корхонани ижарага бериш шартномасига битимларнинг

ҳақиқий эмаслиги ҳамда шартномани ўзгартириш ва бекор

қилиш оқибатлари ҳақидаги қоидаларнинг татбиқ этилиши

Ушбу Кодекснинг битимлар ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари тўғрисидаги, шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақидаги шартнома бўйича олинган нарсани бир тарафдан ёки ҳар иккала тарафдан қайтариб олишни ёки асли ҳолида ундириб олишни назарда тутувчи қоидалари, агар бундай оқибатлар ижарага берувчи ва ижарага олувчининг кредиторларининг, бошқа шахсларнинг муҳим ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини жиддий бузмаса ва ушбу Кодекс 116-моддасининг қоидаларига зид келмаса, корхонани ижарага бериш шартномасига нисбатан қўлланади.


586-модда. Ижарага олинган корхонани қайтариш

Корхонани ижарага бериш шартномаси бекор бўлганида, ижарага олинган мулкий комплекс ушбу Кодекснинг 579 ва 581-моддаларида назарда тутилган қоидаларга амал қилган ҳолда ижарага берувчига қайтарилиши шарт.



6-§. ЛИЗИНГ


587-модда. Лизинг шартномаси

Лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.


588-модда. Лизинг объекти

Истеъмол қилинмайдиган, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳар қандай ашёлар лизинг объекти бўлиши мумкин, ер участкалари ва бошқа табиат объектлари бундан мустасно.


589-модда. Лизинг субъектлари

Келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади.

Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади.

Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади.

Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган тақдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг бўйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йўл қўйилади.


590-модда. Лизинг тўлови

Лизинг тўлови лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади.


591-модда. Мол-мулкни лизингга топшириш тўғрисида сотувчини

хабардор қилиш

Лизинг берувчи лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олаётганда мол-мулк муайян шахсга лизингга беришга мўлжалланганлигини сотувчига билдириши шарт.


592-модда. Лизинг шартномаси нарсасини лизинг олувчига топшириш

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу шартнома объекти бўлган мол-мулк сотувчи томонидан бевосита лизинг олувчига у турган жойда топширилади.

Агар лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулк шу шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилмаган бўлса, оқилона муддатда лизинг олувчига топширилмаган бўлса, лизинг берувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар туфайли муддат ўтказиб юборилган тақдирда, лизинг олувчи шартномани бекор қилишни ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.


593-модда. Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан

бузилиши хавфининг лизинг олувчига ўтиши

Лизинг бўйича ижарага олинган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг олувчига бу мол-мулкни топшириш пайтида ўтади.


594-модда. Лизинг берувчининг мажбурияти ва жавобгарлиги

Лизинг берувчи лизинг объектини лизинг олувчига шартнома шартларига жавоб берадиган ҳолатда ва унда келишилган муддатда топшириши шарт.

Агар лизинг берувчининг айбли ҳаракатлари ёки йўл қўйган камчиликлари туфайли мол-мулк етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, муддати кечиктириб етказиб берилган ёки тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулк етказиб берилган бўлса, бунинг учун у лизинг олувчи олдида жавобгардир.


595-модда. Лизинг олувчининг ҳуқуқлари

Мол-мулк етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, муддати кечиктириб етказиб берилган ёки унинг сифати тегишли даражада бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса:

лизинг тўловларини тўхтатиб туриш;

етказиб берилаётган мол-мулкни рад этиш ва лизинг шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда лизинг олувчи илгари бўнак сифатида тўлаган пулларини, лизинг объектидан фойдаланишдан олган фойданинг қийматини чегириб ташлаб, ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Лизинг шартномасининг муддати тугагач, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб қолади.



596-модда. Қўшимча лизинг

Лизинг олувчи лизинг берувчи олдида шартнома юзасидан жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, лизинг шартномаси бўйича олган мол-мулкини лизинг берувчининг розилиги билан қўшимча лизингга топширишга ҳақли.


597-модда. Лизинг олувчининг мажбурияти ва жавобгарлиги

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, лизинг олувчи лизинг тўловларини ўз вақтида тўлаши, мол-мулкдан уни етказиб бериш шартларига мувофиқ фойдаланиши, уни соз ҳолда сақлаши, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини бажариши, сақлаш бўйича бошқа харажатларни амалга ошириши шарт.

Лизинг шартномаси бекор қилинганида лизинг олувчи мол-мулкни лизинг берувчидан олган ҳолатида унинг нормал эскиришини ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олиб, қайтариб беришга мажбур.

Лизинг олувчи лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, лизинг берувчи ўзига тегиши керак бўлган тўловларни фоизи билан олиши мумкин.

Лизинг олувчи ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи бўлажак лизинг тўловларини тезлаштиришни ёки лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


598-модда. Сотувчининг жавобгарлиги

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари ҳақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қўйишга ҳақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, ушбу Кодексда сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк ҳақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди.

Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар.

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш бўйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хоҳишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам, лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга ҳақли.


599-модда. Лизинг объекти бошқа мулкдорга ўтганида лизинг

шартномасининг ўз кучида қолиши

Лизинг бўйича топширилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи лизинг берувчидан бошқа шахсга ўтганида лизинг шартномаси янги мулкдор учун ўз кучини сақлаб қолади.