ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (59-65 боблар. 1031-1111 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



59-65-боблар


IV БЎЛИМ. ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК


59-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1031-модда. Интеллектуал мулк объектлари

Интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагилар киради:

1) интеллектуал фаолият натижалари:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) учун дастурлар ва маълумотлар базалари;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;

селекция ютуқлари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:

фирма номлари;

товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

географик кўрсаткичлар;

товарлар чиқарилган жой номи;

3) ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар.



1032-модда. Интеллектуал мулк

объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш

Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилганлиги туфайли ёхуд ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколат берилган давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади.

Ошкор этилмаган ахборотга ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади.


1033-модда. Интеллектуал мулк объектларига

шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлар

Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўладилар.

Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар тегишли бўлади ва унинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мулкий ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтган тақдирда унинг ўзида сақланиб қолади.

Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ёки хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар (бундан буён матнда - хусусий аломатларни акс эттирувчи воситалар)га нисбатан ҳуқуқ эгаларига бу воситалар борасида мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқи (интеллектуал фаолият натижасининг муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи) шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади ва ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди ва берилмайди.

Агар натижа икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар ҳаммуаллифлар ҳисобланадилар. Интеллектуал мулкнинг айрим объектларига нисбатан қонунда асарнинг тўлалигича ҳаммуаллифлари деб ҳисобланадиган шахслар доираси чеклаб қўйилиши мумкин.


1034-модда. Интеллектуал мулк

объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар

Интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгасига ана шу интеллектуал мулк объектидан ўз хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда мутлақ қонуний фойдаланиш ҳуқуқи тегишли бўлади.

Ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ҳуқуқ эгасининг рухсати билан йўл қўйилади.

Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказишга, интеллектуал мулк объектидан бошқа шахс фойдаланишига рухсат беришга ҳақли ва, агар бу ушбу Кодекс ва бошқа қонунларнинг қоидаларига зид бўлмаса, уларни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли.

Мутлақ ҳуқуқларни чеклашга, шу жумладан интеллектуал мулк объектидан бошқа шахслар фойдаланишига имконият бериш йўли билан чеклашга, бу ҳуқуқларни ҳақиқий эмас деб топишга ва уларни тугатишга (бекор қилишга) ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда, доираларда ва тартибда йўл қўйилади.

Мутлақ ҳуқуқларни чеклаш бундай чеклаш интеллектуал мулк объектидан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.


1035-модда. Мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтиши

Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин, шунингдек бу мутлақ ҳуқуқлар мерос бўлиб ва юридик шахс - ҳуқуқ эгаси қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади.

Мулкий ҳуқуқларнинг шартнома бўйича ўтказилиши ёхуд уларнинг универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтиши муаллифлик ҳуқуқининг ва бошқа бегоналаштирилмайдиган ҳамда ўзгага ўтказилмайдиган мутлақ ҳуқуқларнинг ўтказилишига ёки чекланишига сабаб бўлмайди. Бундай ҳуқуқларнинг ўтказилиши ёки чекланиши тўғрисидаги шартнома шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шартнома бўйича ўтказиладиган мутлақ ҳуқуқлар унда аниқлаб қўйилиши лозим. Шартномада бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқ сифатида кўрсатилмаган ҳуқуқлар, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Мутлақ ҳуқуқни унинг амал қилиш даврида чекланган вақтга бошқа шахсга беришни назарда тутувчи шартномага нисбатан лицензия шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.


1036-модда. Лицензия шартномаси

Лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тараф (лицензиар) бошқа тарафга (лицензиатга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома беради.

Лицензия шартномаси бериладиган ҳуқуқларни, фойдаланиш чегаралари ва муддатларини аниқлаши лозим.

Лицензия шартномаси пуллик ҳисобланади.

Лицензия шартномаси лицензиатга қуйидагиларни беришни назарда тутиши мумкин:

интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда (оддий номутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;

интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда, бироқ бошқа шахсларга лицензияни бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;

қонунда йўл қўйиладиган бошқа турдаги лицензияларни.

Агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензия оддий (номутлақ) деб ҳисобланади.

Лицензияни олувчи томонидан интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома сублицензия шартномаси ҳисобланади. Лицензияни олувчи фақат лицензия шартномасида назарда тутилган ҳолларда сублицензия шартномаси тузишга ҳақли.

Қўшимча лицензиатнинг ҳаракатлари учун, агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензиар олдида лицензиат жавобгар бўлади.



1037-модда. Интеллектуал фаолият натижаларини

яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома

Муаллиф интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича келгусида асар, ихтиро ёки бошқа интеллектуал фаолият натижасини яратиш ва ўзининг иш берувчиси бўлмаган буюртмачига бу натижадан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартнома яратилиши лозим бўлган интеллектуал фаолият натижасининг хусусиятини, шунингдек ундан фойдаланиш мақсадлари ёхуд усулларини белгилаши лозим.

Муаллиф зиммасига ушбу муаллиф келгусида яратадиган ҳар қандай интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқларни бирорта шахсга бериш мажбуриятини юклайдиган шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг муаллифнинг келгусида муайян турдаги ёхуд муайян соҳадаги интеллектуал фаолият натижаларини яратишини чеклайдиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.



1038-модда. Мутлақ ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқи

Интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуқ бундай натижа ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита ифодаланган моддий объектга нисбатан мулк ҳуқуқидан қатъи назар мавжуд бўлади.



1039-модда. Интеллектуал мулк объектларига

нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган муддат мобайнида амал қилади.

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан шахсий номулкий ҳуқуқлар муддатсиз амал қилади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиши ундан муайян вақт мобайнида фойдаланилмаслиги оқибатида бекор қилиниши мумкин.


1040-модда. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан

мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ушбу Кодекснинг 11-моддасида назарда тутилган усуллар билан амалга оширилади. Мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш шунингдек:

мутлақ ҳуқуқлар қайси моддий объектлар ёрдамида бузилган бўлса, ўша моддий объектларни ҳамда бундай бузиш натижасида яратилган моддий объектларни олиб қўйиш орқали;

йўл қўйилган бузиш ҳақидаги маълумотни мажбурий суратда эълон қилиб, унга бузилган ҳуқуқ кимга тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали;

қонунда назарда тутилган бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.

Интеллектуал фаолият натижаларини ва хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бузилганда мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.


60-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ


1041-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объекти

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади:

ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув ва ҳоказо);

оғзаки (омма олдида сўзлаш, омма олдида ижро этиш ва ҳоказо);

овозли ёки видео ёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик ва ҳоказо);

тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино, теле-, видео- ёки фотокадр ва ҳоказо);

ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот ва ҳоказо);

бошқа шакллардаги.

Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, принциплар, услублар, жараёнлар, тизимлар, усуллар ёки концепцияларга эмас, балки ифода шаклига нисбатан татбиқ этилади.


1042-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг турлари

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари жумласига қуйидагилар киради:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драматик ва сценарий асарлар;

матнли ва матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали-драматик асарлар;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва бошқа тасвирий санъат асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) учун дастурлар, шу жумладан амалий дастурлар ва операция тизимлари;

ушбу Кодекснинг 1041-моддасида белгилаб қўйилган талабларга жавоб берувчи бошқа асарлар.


1043-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари

ҳисобланувчи асарнинг қисмлари,

ҳосила ва жамлама асарлар

Ушбу Кодекснинг 1041-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган:

асарнинг мустақил равишда фойдаланилиши мумкин бўлган қисмлари (шу жумладан унинг номи);

ҳосила асарлар (таржималар, ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар, соддалаштиришлар ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмалари);

тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумотлар базалари) ва материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган бошқа жамлама асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади.

ҳосила ва жамлама асарлар, уларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки уларнинг таркибига кирган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза қилинади.


1044-модда. Муаллифлик ҳуқуқи

объектлари ҳисобланмайдиган материаллар

Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди:

расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари;

расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);

халқ ижодиёти асарлари;

оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;

инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.


1045-модда. Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва

белгиларнинг лойиҳаларига бўлган ҳуқуқлар

Расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи лойиҳани яратган (ишлаб чиққан) шахсга тегишлидир.

Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгиларнинг лойиҳаларини ишлаб чиққан шахслар, башарти бундай лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган орган томонидан тақиқланмаган бўлса, ўзлари яратган лойиҳаларни эълон қилишга ҳақлидирлар. Лойиҳани эълон қилишда уни ишлаб чиққан шахслар ўз исмларини кўрсатишга ҳақлидирлар.

Ваколатли орган расмий ҳужжат тайёрлаш учун лойиҳадан, башарти лойиҳа уни ишлаб чиққан шахс томонидан эълон қилинган ёки тегишли органга юборилган бўлса, мазкур шахснинг розилигисиз фойдаланиши мумкин.

Лойиҳа асосида расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгилар тайёрлаш чоғида расмий ҳужжат, рамз ёки белги тайёрлаётган органнинг хоҳишига кўра лойиҳага қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Ваколатли орган лойиҳани маъқуллаганидан кейин лойиҳадан уни ишлаб чиққан шахснинг исми-шарифини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиш мумкин.


1046-модда. Асар муаллифи.

Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши.

Муаллифлик презумпцияси

Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ана шу фуқаро асар муаллифи деб эътироф этилади.

Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади.

Асар имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарни чоп этган, асарда исми ёки номи кўрсатилган ношир, агар бошқа далиллар бўлмаса, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эгадир. Бу қоида бундай асар муаллифи ўз шахсини ошкор этгунига ва ўзининг муаллиф эканлигини маълум қилгунига қадар амалда бўлади.


1047-модда. Ҳаммуаллифлик

Икки ёки ундан ортиқ фуқаронинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади. Башарти асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади.

Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, башарти уларнинг ўртасидаги келишувда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир.

Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, келишув асосида белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.

Башарти ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.


1048-модда. Ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Ҳосила асар муаллифига фан, адабиёт ва санъат асарининг мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган қайта ишланмасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир.

Ҳосила асар муаллифи қайта ишланган асар муаллифи ҳуқуқларига риоя этган тақдирда, ўзи яратган асарга муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Ҳосила асар муаллифининг муаллифлик ҳуқуқи қайта ишлашга асос бўлган асарни бошқа шахслар ҳам ўзлари қайта ишлашларига тўсқинлик қилмайди.


1049-модда. Асарлар яратилишини

ташкил этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари

Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (аудиовизуал асарларни тайёрловчилар, энциклопедиялар ноширлари, продюссерлар ва бошқа шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилмайди. Бироқ ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда, бундай шахслар ана шу асарлардан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўладилар.

Аудиовизуал асарни тайёрловчи бу асардан фойдаланилганда ўз исми ёки номини кўрсатишга ёхуд исми ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Энциклопедиялар, энциклопедик луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрлардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар уларнинг ноширига тегишлидир. Бундай нашрлардан ҳар қандай тарзда фойдаланилганда ношир ўз исми ёки номини кўрсатишга ёхуд исми ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир. Бундай нашрларга киритилган асарларнинг муаллифлари, агар муаллифлик шартномасида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, умуман нашрдан қатъи назар, ўз асарларидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.


1050-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгилари

Алоҳида муаллифлик ҳуқуқининг эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор этиш учун асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттириладиган ва қуйидаги уч унсурдан иборат муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан фойдаланиши мумкин:

айлана ичига олинган лотинча "С" ҳарфи;

алоҳида муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми (номи);

асар биринчи марта эълон қилинган йил.

Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисида кўрсатилган шахс, башарти бошқа ҳол исботланмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси ҳисобланади.


1051-модда. Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари

Асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир:

асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи);

асардан муаллифнинг ҳақиқий исми, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёхуд исмини кўрсатмасдан, яъни имзосиз фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи (муаллифлик исмига бўлган ҳуқуқ);

асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ), шу жумладан чақириб олиш ҳуқуқи;

асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи).

Муаллиф асарни ошкор қилиш тўғрисида илгари қабул қилган қароридан, асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга улар шундай қарор туфайли кўрган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрнини қоплаш шарти билан, воз кечиш ҳуқуқига (асарни чақириб олиш ҳуқуқига) эгадир. Агар асар ошкор қилинган бўлса, муаллиф уни чақириб олганлиги тўғрисида оммага маълум қилиши шарт. Бунда у асарнинг аввал тайёрланган нусхаларини ўз ҳисобидан муомаладан олиб қўйишга ҳақлидир. Бу қоидалар, агар муаллиф билан тузилган шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хизмат асарларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар, сўзбоши, хотима, шарҳлар ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади.

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар, унга тегишли бўлиб, асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилган тақдирда ҳам унинг ўзида сақланиб қолади.

Муаллифнинг ўз шахсий-номулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечиш тўғрисида бирон-бир шахс билан келишуви ва бу ҳақдаги аризаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.






1056-модда. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари

Муаллифга асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.

Юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин.

Муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

асарни такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

асарни барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

тарқатиш мақсадида асарнинг нусхаларини, шу жумладан мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг рухсати билан тайёрланган нусхаларини импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);

асарни сим (кабель) орқали ёки бошқа шу каби воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

асарга тузатишлар киритиш, уни аранжировка қилиш ёки бошқача тарзда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи);

асарни омма олдида намойиш этиш (омма олдида намойиш этиш ҳуқуқи);

асарни омма олдида ижро этиш (омма олдида ижро этиш ҳуқуқи);

асарни симсиз воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (эфирга узатиш ҳуқуқи);

асарни таржима қилиш (таржима қилиш ҳуқуқи);

асарни барчанинг эътиборига такроран юбориш, агар бундай юбориш дастлабки юборишни амалга оширган ташкилотдан бошқа ташкилот томонидан амалга оширилса (барчанинг эътиборига такроран юбориш ҳуқуқи).

Муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига (ҳақ олиш ҳуқуқига) эга.

Агар чоп этилган асарнинг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига муаллифнинг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади.

Асарнинг мазмунини ташкил этувчи қоидаларни (ихтироларни, бошқа техникавий, иқтисодий, ташкилий ва шу каби ечимларни) амалий қўллаш асардан муаллифлик ҳуқуқи маъносида фойдаланганлик деб ҳисобланмайди.



1058-модда. Муаллифлик ҳуқуқларининг чекланиши

Муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги мутлақ ҳуқуқларини чеклашга ушбу Кодекснинг 1059-1062-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.


1059-модда. Асарларни муаллифнинг

розилигисиз ва ҳақ тўланмаган ҳолда

шахсий мақсадларда такрорлаш

Ошкор қилинган асарни шахсий мақсадларда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўланмаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари:

бинолар ва иншоотлар шаклидаги архитектура асарларини такрорлашга;

маълумотлар базаларини ёки уларнинг муҳим қисмларини такрорлашга;

қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, ЭҲМ учун дастурларни такрорлашга;

китобларни (тўлалигича) ва нотали матнларни репрографик такрорлашга нисбатан татбиқ этилмайди.


1060-модда. Асарларни омма олдида эркин ижро этиш

Чоп этилган мусиқа асарларини расмий, диний ва дафн маросимларида бундай маросимларнинг хусусиятига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўланмаган ҳолда омма олдида ижро этишга йўл қўйилади.


1061-модда. Асарлардан терговга қадар текширув, суриштирув,

дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини

юритиш мақсадлари учун фойдаланиш

Асарлардан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини юритиш мақсадларини кўзлаб, фойдаланиш мақсадига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўланмаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.


1062-модда. Хизмат асарига бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарга (хизмат асарига) бўлган муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари асар муаллифида сақланиб қолади.

Хизмат асаридан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, агар муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, иш берувчига тегишлидир.

Хизмат асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ миқдори ва уни тўлаш тартиби муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада белгиланади. Иш берувчи билан тузилган шартномадан қатъи назар, муаллиф асар ошкор қилинган вақтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва ҳақ олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.

Муаллифнинг хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этмайдиган усулда фойдаланиш ҳуқуқи чекланмайди.

Иш берувчи хизмат асаридан ҳар қандай тарзда фойдаланишда ўз номини кўрсатишга ёхуд уни кўрсатишни талаб қилишга ҳақлидир.

Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириқларини бажариш йўсинида ушбу Кодекс 1049-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган энциклопедиялар, энциклопедик луғатлар, даврий ва давомли илмий ишлар тўпламлари, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрларнинг яратилишига ушбу модданинг қоидалари татбиқ этилмайди.


1063-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш соҳаси

Ушбу Кодексга мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий турар жойига эга бўлган муаллифларнинг ёки муаллифлик ҳуқуқининг бошқа дастлабки эгалик қилувчиларининг асарларига;

муаллифларнинг фуқаролиги ва доимий турар жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида биринчи марта чоп этилган асарларга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган асарларга татбиқ этилади.

Агар асар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида биринчи марта чоп этилган санадан сўнг ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳам биринчи марта чоп этилган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ асарга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муҳофаза берилган тақдирда, асар муаллифи муаллифлик ҳуқуқини олиш учун асос бўлиб хизмат қилган юридик факт қайси давлатнинг ҳудудида содир бўлган бўлса, ўша давлатнинг қонуни билан аниқланади.



1065-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилади, ушбу моддада ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

Тахаллус остида ёки имзосиз қонуний ошкор қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар ошкор қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади. Агар кўрсатилган муддат ичида тахаллус остидаги ёки имзосиз асар муаллифи ўз шахсини маълум қилса ёки бундан буён унинг шахси шубҳага ўрин қолдирмаса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қўлланилади.

Муаллифнинг вафотидан кейин биринчи марта эълон қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар эълон қилинганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

Муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик исмига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз муҳофаза қилинади.

Асарга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати ушбу моддага биноан белгиланади. Лекин бу муддат асар келиб чиққан мамлакатда белгиланган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатларни ҳисоблаш муддатнинг ўта бошлаши учун асос бўладиган юридик факт юз берган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан бошланади.


1066-модда. Асарнинг ижтимоий мулкка айланиши

Асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатини тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради.

Ижтимоий мулк бўлган асарлардан ҳар қандай шахс ҳақ тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя этилиши керак.


1067-модда. Муаллифлик шартномаси

Ушбу Кодекс 1056-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган мулкий ҳуқуқлар фақат муаллифлик шартномасини тузиш йўли билан ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга ўтказилиши мумкин, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин.

Мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фақат ушбу ҳуқуқлар ўтказилаётган шахс асардан муайян усулда ва шартномада белгиланган доирада фойдаланишига рухсат беради.

Мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фойдаланувчига асардан шундай ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказган мутлақ ҳуқуқлар эгаси ва (ёки) бу асардан айни шундай усулда фойдаланиш учун рухсат олган бошқа шахслар билан тенг равишда фойдаланишга ижозат беради.

Муаллифлик шартномаси бўйича бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқлар, агар шартномада бевосита бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мутлақ бўлмаган ҳуқуқлар ҳисобланади.

Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар акс эттирилган моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ эмас.

Моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқини ёки моддий объектга эгалик қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шу объектда акс эттирилган асарга бўлган бирон-бир муаллифлик ҳуқуқининг ўз-ўзидан бошқа шахсга ўтказилишига сабаб бўлмайди.


1068-модда. Муаллифлик шартномасининг шартлари

Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида ўтказиладиган аниқ ҳуқуқлар);

эсардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.

Муаллифлик шартномаси тарафлар зарур деб топган бошқа шартларни ҳам назарда тутиши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга ўтказилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, агар фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартномага биноан бошқа шахсга ўтказилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Бошқа шахсга ўтказилиши муаллифлик шартномасида тўғридан-тўғри назарда тутилмаган асардан фойдаланиш ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Шартнома тузилган пайтда асардан фойдаланиш ҳақида ҳали маълум бўлмаган ҳуқуқлар муаллифлик шартномаси предмети бўлиши мумкин эмас.

Тўланадиган ҳақ муаллифлик шартномасида асардан фойдаланишнинг тегишли усули учун олинадиган даромаддан фоиз тарзида белгиланади ёки агар буни асарнинг хусусияти ёки ундан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш мумкин бўлмаса, шартномада қайд этилган сумма тарзида ёхуд бошқача тарзда белгиланади. Мазкур ҳақнинг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Агар асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп адади белгилаб қўйилиши шарт.

Муаллифлик шартномаси бўйича ўтказилган ҳуқуқлар бундай шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилган тақдирдагина бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин.

Муаллифлик шартномасининг муаллифни келгусида мазкур мавзуда ёки мазкур соҳада асарлар яратишини чеклайдиган шарти ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Муаллифлик шартномасининг ушбу Кодекс ёки бошқа қонунлар талабларига зид бўлган шартлари ҳақиқий эмас.


1069-модда. Муаллифлик шартномасининг шакли

Муаллифлик шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


1070-модда. Муаллифлик шартномаси бўйича жавобгарлик

Муаллифлик шартномаси бўйича мажбуриятларни умуман ёки тегишли даражада бажармаган тараф бошқа тарафга етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаши шарт.




1073-модда. Муаллифлик муносабатларини

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш

Муаллифлик муносабатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик билан тартибга солинади.


61-БОБ. ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАР


1074-модда. Турдош ҳуқуқлар объектлари

Турдош ҳуқуқлар объектлари жумласига ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари киради.


1075-модда. Турдош ҳуқуқлар субъектлари

Ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар турдош ҳуқуқлар субъектларидир.

Турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни (ретрансляция ҳам шунга киради) амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Ретрансляция муаллифлар, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига етказишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак.


1076-модда. Турдош ҳуқуқларнинг муҳофаза белгилари

Фонограммага ва (ёки) бундай фонограммага ёзилган ижрога бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгалари ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун турдош ҳуқуқларнинг муҳофаза белгисидан фойдаланишлари мумкин бўлиб, бу белги фонограмманинг ҳар бир нусхасида ва (ёки) у сақланадиган ҳар бир ғилофда акс эттирилади ҳамда қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади:

айлана ичидаги лотинча "Р" ҳарфи;

мутлақ турдош ҳуқуқлар эгасининг исми (номи);

фонограмма биринчи марта чоп этилган йил.

Номи ёки исми ушбу фонограммада ва (ёки) у сақланадиган ғилофда одатий тарзда кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, фонограммани тайёрловчи деб эътироф этилади.


1077-модда. Ижрочининг ҳуқуқлари

Ижрочига қуйидаги ҳуқуқлар тегишлидир:

исмига бўлган ҳуқуқ;

ижрони ижрочининг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи;

ижродан ҳар қандай шаклда фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, шу жумладан, ижрочининг ижросидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олишга бўлган ҳуқуқ.

Ижрочининг ижродан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

ижро ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

ижро ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар ижрочининг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда асл нусхага ва нусхаларга бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

илгари ёзилмаган ижроларни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);

ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар бундай эшиттириш ёки кўрсатув учун фойдаланиладиган ижро илгари эфирга узатилмаган бўлса ёки ёзувдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилмаса (ёзиб олинмаган ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар дастлаб бу ёзув нотижорат мақсадлар учун тайёрланган бўлса (ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи).

Агар ижро ёзувининг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига ижрочининг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади.

Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириғини бажариш тартибида амалга оширилган ижроларга нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1062-моддаси қоидалари қўлланилади.

Ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Ижро ёзувидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, ижро ёзувидан фойдаланилган деб ҳисобланади.


1078-модда. Фонограммани тайёрловчининг ҳуқуқлари

Фонограммани тайёрловчига ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ мазкур фонограммадан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.

Фонограммани тайёрловчининг фонограммадан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

фонограммани такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

фонограммани барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар фонограммани тайёрловчи томонидан ёки унинг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда унинг асл нусхаси ёки нусхаларига бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, шу жумладан, фонограммага бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгасининг розилиги билан тайёрланган нусхаларини тарқатиш мақсадида импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);

фонограммани эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш (эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

фонограммага тузатишлар киритиш ёки уни бошқача усулда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи).

Фонограммани тайёрловчи ўз фонограммасидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Агар чоп этилган фонограмма нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига фонограммани тайёрловчининг розилигисиз ва унга ҳақ тўланмаган ҳолда йўл қўйилади.

Фонограммани тайёрловчининг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1067, 1068 ва 1069-моддалари қоидалари қўлланилади.

Фонограммаларни тайёрловчилар ўз ҳуқуқларини фойдаланилаётган асарлар ва ижролар муаллифлари ҳамда ижрочиларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Фонограммадан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, фонограммадан фойдаланилган деб ҳисобланади.


1079-модда. Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд э

шиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотга ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишда ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувининг асл нусхаси ёхуд нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);

кириш пулли жойларда кўрсатув ёки эшиттиришни барчанинг эътибори учун юбориш (кириш пулли жойларда барчанинг эътибори учун юбориш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни ретрансляция қилиш (ретрансляция ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали барчанинг эътибори учун юбориш ёхуд кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш (кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали юбориш ёки эфирга узатиш ҳуқуқи).

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1067, 1068 ва 1069-моддалари қоидалари қўлланилади.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ўз ҳуқуқларини фойдаланиладиган асарларнинг муаллифлари ҳамда ижроларнинг ижрочилари ҳуқуқларига, тегишли ҳолларда эса фонограммаларни тайёрловчилар ҳамда эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлигидан ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, кўрсатув ёки эшиттиришдан фойдаланилган деб ҳисобланади.




62-БОБ. САНОАТ МУЛКИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ

(ИХТИРО, ФОЙДАЛИ МОДЕЛЬ, САНОАТ НАМУНАСИГА

БЎЛГАН ҲУҚУҚ)


1082-модда. Ихтиро, фойдали модель, саноат

намунасини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш

Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқ патент берилган тақдирдагина муҳофаза қилинади.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига нисбатан қўйиладиган, патент олиш ҳуқуқини вужудга келтирадиган талаблар ҳамда ваколатли давлат органининг бундай ҳужжат бериш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади.


1083-модда. Ихтиро, фойдали модель, саноат

намунасидан фойдаланиш ҳуқуқи

Патент билан муҳофазаланган ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан ўз хоҳишича фойдаланишдаги алоҳида ҳуқуқ, шу жумладан муҳофазаланган ечимларни қўлланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш, патент билан муҳофазаланган технологик жараёнларни ўз ишлаб чиқаришида қўллаш, муҳофазаланган ечимга эга бўлган маҳсулотларни сотиш ёки сотишга таклиф этиш, тегишли маҳсулотларни четдан келтириш ҳуқуқи патент эгасига тегишлидир.

Патент эгасидан бошқа шахслар унинг рухсатисиз ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан фойдаланишга ҳақли эмас, бундай фойдаланиш ушбу Кодекс ёки бошқа қонунга мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқларини бузиш ҳисобланмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Патентланган ихтирони, фойдали модель ёки саноат намунасини қўлланган ҳолда маҳсулотни рухсатсиз тайёрлаш, қўлланиш, четдан олиб келиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўлланиш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усул воситасидагина тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаш патент эгаси алоҳида ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.

Бошқача ҳолат исботлангунга қадар маҳсулот патентланган усул билан тайёрланган ҳисобланади.



1084-модда. Патентга бўлган ҳуқуқни тасарруф этиш

Патент олиш ҳуқуқи, талабномани рўйхатдан ўтказишдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар, патентга эгалик ҳуқуқи ва патентдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман берилиши мумкин.


1085-модда. Муаллифлик ҳуқуқи

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига муаллифлик ҳуқуқи ва махсус ном бериш ҳуқуқи ихтиро, фойдали модель, саноат намунасининг муаллифига тегишлидир.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа шахсий ҳуқуқлар патентга асосланган ҳуқуқлар юзага келган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси муаллифини қонун махсус ҳуқуқлар, имтиёзлар ва ижтимоий тусдаги афзалликлар билан таъмин этиши мумкин.

Талабномада муаллиф тариқасида кўрсатилган шахс бошқача ҳолат исботлангунга қадар муаллиф ҳисобланади. Ҳуқуқ юзага келишидан аввал мавжуд бўлган фактлар ва ҳолатларгина далил тариқасида жалб этилиши мумкин.


1086-модда. Ихтиро, фойдали модель,

саноат намунасининг ҳаммуаллифлари

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ҳаммуаллифларининг ўзаро муносабатлари улар ўртасидаги келишув билан белгилаб қўйилади.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасини яратишга ноижодий ёрдам бериш (техникавий, ташкилий ёки математик ёрдам, ҳуқуқларни расмийлаштиришга кўмаклашиш ва ҳоказолар) ҳаммуаллифликка сабаб бўлмайди.



1087-модда. Хизмат ихтиролари,

фойдали моделлари, саноат намуналари

Ходим ўз хизмат мажбуриятларини ёки иш берувчидан олган аниқ топшириқни бажариш вақтида яратган ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига (хизмат ихтиросига) патент олиш ҳуқуқи, башарти бу улар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчига тегишли бўлади.

Хизмат ихтироси, фойдали модели, саноат намунаси учун муаллифга тўланадиган мукофот пули миқдори, тўлов шарти ва тартиби у билан иш берувчи ўртасидаги келишув билан белгилаб қўйилади. Келишувга эришилмаган тақдирда қарорни суд чиқаради. Башарти муаллиф ва иш берувчининг хизмат ихтироси, фойдали модели ёки саноат намунасини яратишга қўшган ҳиссасини аниқ белгилашнинг иложи бўлмаса, иш берувчи олган ёки оладиган фойданинг ярмисига бўлган ҳуқуқ муаллифники деб эътироф этилади.


1088-модда. Патентга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга

ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг шакли

Патентга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги (патентни бериш тўғрисидаги) шартнома ёзма шаклда тузилиши ва ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Уни ёзма шаклда тузишга ёки рўйхатдан ўтказиш талабига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.


1089-модда. Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан

фойдаланиш рухсатномасининг (лицензиясининг) шакли

Лицензия шартномаси ва қўшимча лицензия шартномаси ёзма шаклда тузилади ва ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Уни ёзма шаклда тузишга ёки рўйхатдан ўтказиш талабига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.


1090-модда. Патентни бузганлик учун жавобгарлик

Патентни бузиш патент эгасининг талаби билан тўхтатилиши, қоидабузар эса патент эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт. Патент эгаси кўрилган зарар ўрнига қоидабузардан қоидабузарлик оқибатида олган даромадларини ундириб олишга ҳақлидир.


63-БОБ. ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ЯНГИ НАВЛАРИ

ВА ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЯНГИ ЗОТЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ


1091-модда. Ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг

янги зотларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш

Ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотларига (селекция ютуқларига) бўлган ҳуқуқлар патент берилган тақдирдагина муҳофаза қилинади.

Селекция ютуғига патент олиш ҳуқуқини вужудга келтирадиган талаблар ҳамда бундай патентни бериш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади.

Селекция ютуқларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда бу ҳуқуқларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, башарти ушбу бобнинг қоидалари ва қонунда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг тегишинча 1084 - 1090-моддалари қоидалари татбиқ этилади.


1092-модда. Селекция ютуғи муаллифининг ҳақ олиш ҳуқуқи

Селекция ютуғининг патент эгаси бўлмаган муаллифи селекция ютуғидан фойдаланганлик учун патентнинг амал қилиш муддати давомида патент эгасидан ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Селекция ютуғи муаллифига тўланадиган ҳақ миқдори ва тўлов шартлари у билан патент эгаси ўртасида тузиладиган шартномада белгилаб қўйилади.


1093-модда. Патент эгасининг ҳуқуқи

Селекция ютуғи патентининг эгаси селекция ютуғидан қонунда белгилаб қўйилган доирада фойдаланиш бўйича алоҳида ҳуқуққа эгадир.


1094-модда. Патент эгасининг мажбурияти

Селекция ютуғи патентининг эгаси ўсимликнинг тегишли нави ёки ҳайвонларнинг тегишли зотини патентнинг амал қилиш муддати давомида уларни рўйхатга олиш вақтида тузилган нав ёки зот тавсифида айтиб ўтилган белгилар сақлаб қолинадиган тарзда асраши шарт.


64-БОБ. ОШКОР ЭТИЛМАГАН АХБОРОТНИ НОҚОНУНИЙ

ФОЙДАЛАНИШДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


1095-модда. Ошкор этилмаган

ахборотни муҳофаза қилиш ҳуқуқи

Учинчи шахсларга маълум бўлмаган техникавий, ташкилий ёки тижорат ахборотига, шу жумладан ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хау) қонунан эга бўлиб турган шахс уни (ошкор этилмаган ахборотни), башарти ушбу Кодекснинг 98-моддасида белгилаб қўйилган шартларга риоя этилган бўлса, ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга.

Ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқи бу ахборотга нисбатан бирон-бир расмиятчиликни бажаришдан (уни рўйхатдан ўтказиш, гувоҳнома олиш ва ҳоказодан) қатъи назар вужудга келади.

Ошкор этилмаган ахборотни муҳофаза қилиш қоидаси қонунга мувофиқ хизмат ёки тижорат сири бўла олмайдиган маълумотларга (юридик шахслар тўғрисидаги, мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ва мол-мулк хусусида тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказиладиган келишувлар тўғрисидаги маълумотларга, давлат статистика ҳисоботи тариқасида тақдим этиладиган маълумотлар ва ҳоказоларга) нисбатан татбиқ этилмайди.

Ошкор этилмаган ахборотни муҳофаза қилиш ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 98-моддасида назарда тутилган шартлар сақланиб турган пайтга қадар амал қилади.


1096-модда. Ошкор этилмаган ахборотдан

ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик

Ошкор этилмаган ахборотни қонуний асоси бўлмай туриб олган ёки тарқатган ёхуд ундан фойдаланаётган шахс бу ахборотга қонунан эга бўлиб турган шахсга ахборотдан ноқонуний фойдаланганлик натижасида етказилган зарарни тўлаши шарт.

Ошкор этилмаган ахборотдан ноқонуний фойдаланаётган шахс бу ахборотни уни тарқатишга ҳуқуқи бўлмаган шахсдан олган бўлса, ахборотни қўлга киритувчи шахс бундан бехабар бўлса ва буни билмаслиги керак бўлса (ахборотни инсофли эгалловчи), ошкор этилмаган ахборотнинг қонуний эгаси ахборотни инсофли эгалловчи ахборотдан фойдаланаётганлиги ноқонуний эканлигини билиб қолганидан сўнг ошкор этилмаган ахборотдан фойдаланганлик натижасида етказилган зарарларни қоплашни ундан талаб қилишга ҳақлидир.

Ошкор этилмаган ахборотга қонунан эга бўлиб турган шахс бу ахборотдан ноқонуний фойдаланаётган шахсдан ахборотдан фойдаланишни дарҳол тўхтатишни талаб қилишга ҳақлидир. Бироқ суд ошкор этилмаган ахборотни инсофли эгалловчи ундан фойдаланганда сарфлаган маблағларини инобатга олиб, бу ахборотдан ҳақ тўлаб олинадиган алоҳида лицензия асосида бундан буён ҳам фойдаланишига рухсат этиши мумкин.

Ошкор этилмаган ахборот мазмунини ташкил этувчи маълумотларни мустақил тарзда ва қонунан олган шахс бу маълумотлардан, тегишли ошкор этилмаган ахборот эгасининг ҳуқуқларидан қатъи назар, фойдаланишга ҳақли ва бундай фойдаланиш учун унинг олдида жавоб бермайди.


1097-модда. Ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний

фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқининг

бошқа шахсга ўтиши

Ошкор этилмаган ахборотга эга бўлган шахс бу ахборот мазмунини ташкил этувчи маълумотларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини лицензия шартномаси асосида бошқа шахсга бериши мумкин.

Лицензиат шартнома бўйича олган ахборотларнинг махфийлигини муҳофаза қилишга доир керакли чораларни кўриши шарт ва уни учинчи шахсларнинг ноқонуний фойдаланишидан муҳофаза қилишда лицензиарники сингари ҳуқуқларга эга. Шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, ахборотларнинг махфийлигини сақлаш мажбурияти, башарти тегишли маълумотлар ошкор этилмаган ахборот тариқасида қолаверса, лицензия шартномаси бекор бўлганидан кейин ҳам лицензиатнинг зиммасида бўлади.



65-БОБ. ФУҚАРОЛИК МУОМАЛАСИ ҚАТНАШЧИЛАРИ,

ТОВАРЛАР, ИШЛАР ВА ХИЗМАТЛАРНИ

ШАХСИЙЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИ


1-§. ФИРМА НОМИ


1098-модда. Фирма номига бўлган ҳуқуқ

Юридик шахс товарларда, уларнинг идиши ва ўровида, рекламада, пешлавҳаларда, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда, босма нашрларда, расмий бланкаларда ва ўзининг фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳужжатларда, шунингдек маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилаётган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш вақтида фирма номидан фойдаланишда алоҳида ҳуқуққа эга.

Юридик шахснинг фирма номи унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. Фирма номига бўлган ҳуқуқ юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан эътиборан юзага келади. (ЎзР 18.09.2006 й. ЎРҚ-52-сон Қонуни таҳриридаги қисм), (Олдинги таҳририга қаранг)

Юридик шахснинг фирма номи тегишли юридик шахсларни айнан бир деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган даражада аввал рўйхатдан ўтказилган номга ўхшаб кетадиган бўлса, у рўйхатга олиниши мумкин эмас.


1099-модда. Юридик шахснинг фирма

номидан товар белгисида фойдаланиш

Юридик шахснинг фирма номидан унга тегишли товар белгисида фойдаланилиши мумкин.


1100-модда. Фирма номига бўлган ҳуқуқнинг амал қилиши

Юридик шахснинг белгиси тариқасида Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган номга бўлган алоҳида ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.

Чет давлатда рўйхатга олинган ёки умум эътироф этган номга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида ҳуқуқ қонунда назарда тутилган ҳоллардагина амал қилади.

Фирма номига бўлган ҳуқуқнинг амал қилиши юридик шахс тугатилиши билан ёки унинг фирма номи ўзгариши билан бекор бўлади.


1101-модда. Фирма номига бўлган

ҳуқуқни бошқа шахсга бериш

Юридик шахснинг фирма номига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш ва ўтказишга фақат юридик шахс қайта ташкил этилган ҳамда умуман корхона бошқа шахсга берилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Фирма номига бўлган ҳуқуқ эгаси бошқа шахсга ўзининг бу номидан фойдаланишга рухсат этиши (лицензия бериши) мумкин. Бироқ бунда лицензия шартномасида истеъмолчини чалғитиб қўйишни истисно этувчи чоралар шарт қилиб қўйилиши лозим.


2-§. ТОВАР БЕЛГИСИ (ХИЗМАТ КЎРСАТИШ БЕЛГИСИ)


1102-модда. Товар белгисини ҳуқуқий

жиҳатдан муҳофаза қилиш

Товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) уни рўйхатдан ўтказиш асосида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Товар белгисига бўлган ҳуқуқ товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.


1103-модда. Товар белгисидан

фойдаланиш ва унинг дахлсизлиги ҳуқуқи

Товар белгисига бўлган ҳуқуқ эгаси ўзига тегишли белгидан фойдаланишда ва уни тасарруф этишда алоҳида ҳуқуққа эга. Товар белгисига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишдан иборат алоҳида ҳуқуқ ҳам товар белгисига бўлган ҳуқуқ эгасига тегишлидир.

Товар белгисини Қонунда белгиланган тартибда ҳар қандай тарзда муомалага киритиш ундан фойдаланиш деб ҳисобланади.

Товар белгисини нашр этганда, уни кўпчилик олдида ижро этганда ёки ундан ўзгача тарзда фойдаланганда товар белгисининг ўзига ҳам, унинг белгиларига ҳам бирор-бир ўзгартишлар киритишга фақат унга бўлган ҳуқуқ эгасининг розилиги билан йўл қўйилади.

Товар белгисининг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ товар белгисига бўлган ҳуқуқ эгасига тегишлидир.


1104-модда. Товар белгисидан

фойдаланмаганлик оқибатлари

Товар белгисидан охирги уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суднинг қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.

Товар белгисидан фойдаланиш учун лицензия берилиши ундан фойдаланиш деб ҳисобланади.


1105-модда. Товар белгисига

бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши

Гувоҳномада кўрсатилган товарлар, ишлар ва хизматларнинг барча гуруҳларига ёки бир қисмига нисбатан товар белгисига бўлган ҳуқуқни унинг эгаси шартнома асосида бошқа шахсга бериши мумкин.

Товар белгисига бўлган ҳуқуқни, башарти у товар ёки унинг тайёрловчиси ҳақида чалғишга сабаб бўлиши мумкин бўлса, бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Товар белгисига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши, шу жумладан уни шартнома асосида ёки ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга бериш ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилмоғи лозим.


1106-модда. Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бошқа

шахсга бериш тўғрисидаги шартноманинг шакли

Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги ёки лицензия бериш ҳақидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши ва ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Ёзма шаклга ва рўйхатдан ўтказиш талабига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.


1107-модда. Товар белгисига бўлган

ҳуқуқни бузганлик учун жавобгарлик

Товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс қоидабузарликни тўхтатиши ва товар белгисининг эгасига етказилган зарарни тўлаши шарт.

Товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс тайёрлаб қўйилган товар белгиси тасвирларини йўқ қилиши, қонунга хилоф равишда фойдаланаётган товар белгисини ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгини товардан ёки унинг идиши ва ўровидан йўқотиши шарт.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгилаб қўйилган талабларни бажаришнинг иложи бўлмаган тақдирда, тегишли товар йўқ қилиб ташланиши лозим.

1107-1-модда. Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг тугаши

Бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди.



3-§. ТОВАР ЧИҚАРИЛГАН ЖОЙ НОМИ


1108-модда. Товар чиқарилган жой номини

ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш

Товар чиқарилган жой номи уни рўйхатга олиш асосида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа жўғрофий объектнинг товарни белгилаш учун ишлатиладиган номи алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан ана шу жўғрофий объектга хос табиий шароитлар ёки бошқа омиллар ёхуд табиий шароитлар ва бу омилларнинг ўзаро бирикмаси билан белгиланадиган товар чиқарилган жой номи (келиб чиқиш кўрсаткичи) деб эътироф этилади.

Жўғрофий объектнинг тарихий номи товар чиқарилган жойнинг номи бўлиши мумкин.

Гарчи жўғрофий объектнинг номи бўлса-да ёки шу номни ўз таркибига олган бўлса-да, аммо Ўзбекистон Республикасида муайян турдаги товарнинг у тайёрланган жой билан боғлиқ бўлмаган белгиси сифатида умумий истеъмолга кириб кетган белги товар чиқарилган жой номи деб эътироф этилмайди ва ушбу параграф қоидаларига мувофиқ ҳуқуқий муҳофаза мақсадларида рўйхатдан ўтказилмайди. Бироқ бу ҳол бундай номдан инсофсизлик билан фойдаланиш натижасида ҳуқуқи бузилган шахсни ўз ҳуқуқларини қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан муҳофаза қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

Товар чиқарилган жой номини ваколатли давлат органи рўйхатдан ўтказади.

Рўйхатга олиш асосида товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилади.

Рўйхатга олиш, гувоҳнома бериш, рўйхатга олишни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда рўйхатга олиш ва гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тартиби ва шартлари қонун билан белгилаб қўйилади.


1109-модда. Товар чиқарилган

жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи

Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу номни товарда, идиш ва ўровда, рекламада, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда ишлатиш ҳамда ушбу товарнинг фуқаролик муомаласига киритилиши муносабати билан жой номидан бошқача тарзда фойдаланишга ҳақлидир.

Товар чиқарилган жойнинг номи ушбу Кодекс 1108-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида айтиб ўтилган талабларга жавоб берадиган товарни белгилаш учун бир неча шахс томонидан ҳам биргаликда, ҳам бир-биридан мустақил тарзда рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи ана шу шахсларнинг ҳар бирига тегишлидир.

Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга, уни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги бошқа битимларга ва уни лицензия асосида фойдаланиш учун беришга йўл қўйилмайди.


1110-модда. Товар чиқарилган жой номини ҳуқуқий

жиҳатдан муҳофаза этишнинг амал қилиш соҳаси

Ўзбекистон Республикасида унинг ҳудудидаги товарлар чиқарилган жойларнинг номлари ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Бошқа давлатдаги товар чиқарилган жой номи, башарти бу ном товар чиқарилган мамлакатда, шунингдек ушбу Кодексга мувофиқ ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.


1111-модда. Товар чиқарилган жой номидан қонунга

хилоф фойдаланганлик учун жавобгарлик

Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу номдан қонунга хилоф фойдаланаётган шахсдан номдан фойдаланишни тўхтатиш, товардан, унинг идиши ва ўровидан, бланкалар ва бошқа ҳужжатлардан қонунга хилоф фойдаланилаётган номни ёки ном билан адаштирадиган тарзда жуда ўхшаш белгини йўқотишни, тайёрлаб қўйилган ном тасвирларини ва ном билан адаштирадиган тарзда ўхшаш белгиларни йўқ қилиб ташлашни, башарти бунинг иложи бўлмаса товарни ва (ёки) идиш ва ўровни олиб қўйиш ҳамда йўқ қилиб ташлашни талаб қилишга ҳақлидир.

Товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу ҳуқуқни бузувчидан ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.


































































Время: 0.1894
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск