ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (66-69 боблар. 1112-1157 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ

66-69-боблар



V БЎЛИМ. ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ


66-БОБ. ВОРИСЛИК ТЎҒРИСИДАГИ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1112-модда. Ворислик асослари

Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.


1113-модда. Мерос таркиби

Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:

юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;

ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;

алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;

меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;

мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.

Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.


1114-модда. Умумий биргаликдаги мулк

бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш

Умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса - бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади.


1115-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни мерос қилиб олиш

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни мерос қилиб олиш, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ушбу Кодекс қоидалари билан тартибга солинади.



1116-модда. Мероснинг очилиши

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.



1117-модда. Мероснинг очилиш жойи

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.



1118-модда. Меросхўрлар

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.


1119-модда. Нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш

Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу модда қоидалари васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади.

Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.


67-БОБ. ВАСИЯТ БЎЙИЧА ВОРИСЛИК


1120-модда. Умумий қоидалар

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.

Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.



1121-модда. Шартли васиятнома

Васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли.

Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди.

Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.



1122-модда. Ворисдан кейинги ворисларни тайинлаш

Васият қилувчи васиятномада кўрсатилган меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этиши, меросни қабул қилмаслиги ёхуд ундан воз кечиши ёки нолойиқ меросхўр сифатида ушбу Кодекснинг 1119-моддасида назарда тутилган тартибда мерос олишдан четлаштирилиши эҳтимолини, шунингдек васиятнома бўйича меросхўр мерос қолдирувчининг қонуний шартларини бажармаслиги эҳтимолини назарда тутган ҳолда бошқа меросхўрни (ворисдан кейинги ворисни) тайинлаши мумкин.

Ушбу Кодексга мувофиқ меросхўр бўла оладиган ҳар қандай шахс ворисдан кейинги ворис этиб тайинланиши мумкин.

Васиятнома бўйича меросхўрнинг ворисдан кейинги ворис зарарига меросдан воз кечишига йўл қўйилмайди.



1123-модда. Мол-мулкнинг васият қилинмаган

қисмини мерос қилиб олиш

Мол-мулкнинг васият қилинмаган қисми ушбу Кодекснинг 1134-1143-моддаларида назарда тутилган тартибда ворисликка чақириладиган қонун бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимланади.

Бу меросхўрлар жумласига мол-мулкнинг бошқа қисми васиятнома бўйича мерос қилиб қолдирилган қонун бўйича ворислар ҳам кирадилар.



1124-модда. Васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар;

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.



1125-модда. Нотариал тасдиқланган васиятнома

Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан (ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан) фойдаланилиши мумкин.

Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилиялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий турар жойларини кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди.


1126-модда. Нотариал тасдиқланган васиятномаларга

тенглаштирилган васиятномалар

Қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:

касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

қидирув экспедициялари ёки шу каби бошқа экспедициялардаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган васиятномаларга нисбатан ушбу Кодекснинг 1125-моддаси қоидалари қўлланилади, васиятномани нотариал тасдиқлаш тўғрисидаги талаб бундан мустасно.


1127-модда. Васиятномани бекор қилиш ва ўзгартириш

Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Васиятнома васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг ёзма фармойишига биноан нотариус ёхуд бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.

Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.

Агар васият қилувчи томонидан кейинги васиятнома ўз навбатида бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса, янги васиятнома тузиш орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги васиятнома қайта тикланмайди.



1128-модда. Васиятноманинг сир сақланиши

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.


1129-модда. Васиятни талқин қилиш

Васиятнома нотариус, васиятни ижро этувчи ёки суд томонидан талқин қилинганида ундаги сўзлар ва ибораларнинг асл маъноси эътиборга олинади. Васиятномадаги бирон-бир қоиданинг асл маъноси ноаниқ бўлса, у бошқа қоидалар ва умуман васиятноманинг мазмуни билан таққослаш орқали аниқланади.



1130-модда. Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги

Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас. Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги ушбу Кодекснинг битимлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларга ҳам асосланади.

Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишидан мулкий оқибатларга эга бўладиган шахснинг даъвоси бўйича васиятнома уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлашнинг ушбу Кодексда белгиланган тартиби бузилиши натижасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Васиятномадаги айрим фармойишларнинг ҳақиқий эмаслиги васиятноманинг қолган қисми ҳақиқийлигига дахл қилмайди.

Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу васиятномага биноан меросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.


1131-модда. Васиятномани ижро этиш

Васият қилувчи васиятноманинг ижро этилишини ўзи васиятномада кўрсатган, меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга (васиятномани ижро этувчига) топшириши мумкин. Бу шахснинг васиятноманинг ижро этувчиси бўлишга розилиги унинг ўз қўли билан васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим.

Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёхуд бошқа шахсга топширишга ҳақлидирлар. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, васиятномани ижро этувчи бир ёки бир неча меросхўрнинг талаби билан суд томонидан тайинланиши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи васиятнома бўйича меросхўрларни олдиндан хабардор қилган ҳолда васият қилувчи томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан истаган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эга. Васиятномани ижро этувчи меросхўрларнинг аризасига биноан суднинг чиқарган қарори билан ҳам ўз мажбуриятларидан озод қилиниши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи:

меросни муҳофаза қилиши ва уни бошқариши;

барча меросхўрларни ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларни мерос очилганлиги тўғрисида ҳамда улар фойдасига васият мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш учун имкон қадар барча чора-тадбирларни кўриши;

мерос қолдирувчига тегишли суммаларни олиши;

мерос қолдирувчининг хоҳиш-иродаси ва қонунга мувофиқ меросхўрларга уларга тегишли мол-мулкни бериши;

меросхўрлар зиммаларига юклатилган васият мажбуриятларини ижро этишларини таъминлаши;

васият мажбуриятларини бажариши ёхуд васиятнома бўйича меросхўрлардан васият мажбуриятларини ижро этишларини талаб қилиши лозим.

Васиятномани ижро этувчи меросни бошқариш ҳамда васиятномани ижро этиш билан боғлиқ суд ишларида ва бошқа ишларда ўз номидан қатнашишга ҳақли, шунингдек бундай ишларда иштирок этишга жалб этилиши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи ўз мажбуриятларини меросни қарзлардан ҳоли қилиш, мерос қолдирувчига тегишли суммаларни ундириш ва барча меросхўрларнинг меросга эгалик қилишга киришиши учун зарур бўлган оқилона муддат мобайнида амалга оширади. Ҳар қандай ҳолда ҳам кўрсатилган муддат мерос очилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетмаслиги керак.

Васиятномани ижро этувчи меросни бошқариш ва васиятномани ижро этиш бўйича зарур харажатларни мерос ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга. Васиятномада уни ижро этувчига мерос ҳисобидан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Васиятнома ижро этиб бўлингач, васиятномани ижро этувчи меросхўрларнинг талабига биноан уларга ҳисобот тақдим этиши шарт.



1132-модда. Васият мажбурияти

Васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс (васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар) фойдасига бирон-бир мажбуриятни (васият мажбуриятини) мерос ҳисобидан бажаришни юклашга ҳақли бўлиб, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар васият мажбурияти бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини оладилар.

Қонун бўйича ворислар жумласига кирадиган, шунингдек кирмайдиган шахслар ҳам васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар бўлишлари мумкин.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳоказолар васият мажбурияти нарсаси бўлиши мумкин.

Васият қилувчи томонидан зиммасига васият мажбуриятини бажариш вазифаси юклатилган меросхўр бу вазифани ўзига ўтган мероснинг мерос қолдирувчи қарзларининг ўзи тўлаши лозим бўлган қисмини чегириб ташлагандан кейин қоладиган ҳақиқий қиймати доирасидагина бажариши лозим.

Агар зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг васият мажбуриятини бажариш вазифаси ўзига ўтган мерос қийматининг мажбурий улуш миқдоридан ортиқ бўлган қисми билан чегараланади.

Васият мажбурияти барча ёки бир неча меросхўр зиммасига юклатилган ҳолларда, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг ҳар бири васият мажбуриятини меросдаги ўз улушига мутаносиб равишда бажаради.

Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, ўзгага берилмайди ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчининг меросхўрларига ўтмайди.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига берилган турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, агар васиятномада бошқача тартиб кўрсатилган бўлмаса, унинг оила аъзолари мазкур турар жойда яшаши учун асос ҳисобланмайди.

Зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда, васият мажбуриятини бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос очилгунга қадар ёки мерос очилгандан кейин, аммо васиятнома бўйича меросхўр васият мажбуриятини қабул қилиб олишга улгурган пайтга қадар вафот этган тақдирда васият мажбурияти бажарилмайди.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгар бўлмайди.


1133-модда. Мажбурият юклаш

Васият қилувчи васият бўйича меросхўр зиммасига бирон-бир ҳаракатни содир этиш ёки содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаб, бу мажбуриятни бажаришни кредитор сифатида талаб қилиш ҳуқуқини ҳеч кимга бермаслиги мумкин. Умумий фойдали мақсадни амалга ошириш учун васиятномани ижро этувчининг зиммасига худди шундай мажбурият юклатилиб, бу мажбуриятни бажариш учун мерос қолдирувчи томонидан мол-мулкнинг бир қисми ажратилиши мумкин.

Мулкий хусусиятга эга бўлган хатти-ҳаракатни содир этишдан иборат мажбуриятга нисбатан тегишинча ушбу Кодекснинг 1132-моддасида баён этилган қоидалар қўлланилади.

Агар ушбу Кодексга мувофиқ, мажбуриятни бажариш зиммасида бўлган меросхўрга тегиши лозим бўлган ёки унга қарашли бўлган мерос улуши бошқа меросхўрга ўтса, мажбуриятни бажариш бекор бўлади.



68-БОБ. ҚОНУН БЎЙИЧА ВОРИСЛИК


1134-модда. Умумий қоидалар

Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка ушбу Кодекснинг 1135-1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар.

Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.


1135-модда. Қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


1136-модда. Қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.


1137-модда. Қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.


1138-модда. Қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар.


1139-модда. Қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик

Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар ушбу Кодекснинг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар,қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.


1140-модда. Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

1140-1-модда. Меросни қабул қилиб олиш

ҳуқуқининг ўтиши (мерос трансмиссияси)

Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Меросхўрнинг ушбу Кодекснинг 1142-моддасида назарда тутилган мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди.


1141-модда. Мерос қолдирувчининг

меҳнатга қобилиятсиз боқимлари

Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Ушбу Кодекснинг 1136-1138-моддаларида кўрсатилган қонун бўйича меросхўрлар жумласига мансуб бўлган, бироқ ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари доирасига кирмайдиган меҳнатга қобилиятсиз шахслар, мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар, агар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида турган бўлсалар, ана шу ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, ушбу модда асосида ворисликка чақириладиган шахсларнинг ҳаммаси биргаликда кўпи билан мероснинг тўртдан бир қисмини мерос қилиб оладилар.


1142-модда. Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқи

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.



1143-модда. Мерос олишда эрнинг (хотиннинг) ҳуқуқи

Васиятнома ёки қонун бўйича эрга (хотинга) тегишли бўлган ворислик ҳуқуқи унинг мерос қолдирувчи билан никоҳдаги ҳолатига боғлиқ бошқа мулкий ҳуқуқларига, шу жумладан никоҳда бўлиб, биргаликда орттирилган мол-мулкнинг муайян қисмига нисбатан бўлган мулк ҳуқуқига дахл қилмайди.


1144-модда. Қонун бўйича мерос олинганида

меросни муҳофаза қилиш ва уни бошқариш

Мол-мулкнинг бир қисми васиятнома бўйича мерос қилиб олинган тақдирда, мерос қолдирувчи томонидан тайинланган васиятнома ижрочиси бутун меросни, шу жумладан унинг қонун бўйича ворислик тартибида ўтадиган қисмини ҳам муҳофаза қилади ва бошқаради.

Ушбу Кодекснинг 1131-моддасига мувофиқ васиятнома бўйича меросхўрлар ёки суд томонидан тайинланган васиятнома ижрочиси, агар қонун бўйича меросхўрлар мероснинг қонун бўйича ворислик қилиш тартибида ўтадиган қисмига нисбатан кўрсатилган мажбуриятларни ижро этиш учун мерос бошқарувчисини тайинлашни талаб қилмасалар, умуман бутун меросни муҳофаза қилиш ҳамда уни бошқариш мажбуриятларини амалга оширади.

Меросни бошқарувчи қонун бўйича меросхўрлардан бир ёки бир нечтасининг илтимосига биноан мерос очилган жойдаги нотариус томонидан тайинланади. Меросни бошқарувчи тайинланишига ёки бу иш учун танланган номзодга рози бўлмаган қонун бўйича меросхўр меросни бошқарувчи тайинланишига қарши судга мурожаат этишга ҳақли.

Агар қонун бўйича меросхўрлар бўлмаса ёки номаълум бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи меросни бошқарувчи тайинланишини сўраб нотариусга мурожаат этиши лозим. Қонун бўйича меросхўрлар ҳозир бўлганлари тақдирда, уларнинг талаби билан меросни бошқарувчи мерос ҳисобидан зарур бўлган харажатлар ва оқилона ҳақ тўланган ҳолда чақириб олиниши мумкин.

Меросни бошқарувчи ушбу Кодекснинг 1131-моддасида назарда тутилган ваколатларни, агар қонун бўйича ворислик хусусиятларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, васиятномани ижро этишга нисбатан амалга оширади.

Меросни бошқарувчи меросни муҳофаза қилиш ва уни бошқаришга доир зарур харажатларни мерос ҳисобидан ундириш, агар меросхўрлар билан келишувида бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳақ ҳам олиш ҳуқуқига эгадир.


69-БОБ. МЕРОСНИ ЭГАЛЛАШ


1145-модда. Умумий қоидалар

Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.



1146-модда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.


1147-модда. Меросдан воз кечиш ҳуқуқи

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақда меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.

Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.


1148-модда. Меросдан воз кечиш ҳуқуқининг чекланиши

Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.

Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.


1149-модда. Васият мажбуриятини қабул

қилиб олишдан воз кечиш ҳуқуқи

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи васият мажбуриятидан воз кечишга ҳақли. Қисман воз кечишга, изоҳотлар билан, шартлар қўйиб ёки бошқа шахснинг фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқ айни бир пайтнинг ўзида ҳам меросхўр, ҳам васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ҳисобланган шахснинг меросдан воз кечиш ҳуқуқига боғлиқ бўлмайди.

Агар васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлса, зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр бу мажбуриятни бажаришдан озод бўлади.



1150-модда. Мероснинг тақсимланиши

Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.

Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

Ушбу модданинг қоидалари барча мерос ёки унинг бир қисми меросхўрларга улушларда муайян мол-мулк кўрсатилмасдан васият қилинган ҳолларда меросни васиятнома бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимлашга нисбатан қўлланилади.


1151-модда. Ҳозир бўлмаган меросхўрларнинг ҳуқуқлари

Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.

Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.

Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.

Ҳомила бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр бўлса, меросни тақсимлаш бундай меросхўр туғилганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.

Агар ҳомила ҳолида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр тирик туғилса, қолган меросхўрлар унга тегишли бўлган мерос улушини ажратган ҳолдагина меросни тақсимлашни амалга оширишга ҳақлидирлар. Мерос тақсимотида чақалоқнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органининг вакили таклиф этилиши лозим.



1152-модда. Корхонага ворислик

Агар мерос таркибига кирадиган корхонанинг меросни қабул қилиб олган барча меросхўрлари келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бундай мерос натура ҳолида тақсимланмайди ва меросхўрларга тегишли бўлган улушларга мувофиқ уларнинг умумий улушли мулкига айланади.


1153-модда. Айрим меросхўрларнинг мерос таркибига

кирадиган мол-мулкка нисбатан имтиёзли ҳуқуқи

Мерос очилгунга қадар уч йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзли ҳуқуқлар амалга оширилганда мерос тақсимотида қатнашаётган бошқа меросхўрларнинг мулкий манфаатларига риоя этилиши лозим. Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим.


1154-модда. Мерос улушларининг ортиши

Меросхўр меросдан воз кечган ёхуд ушбу Кодекснинг 1119-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бўйича меросхўрлар орасидан чиқиб кетган тақдирда мероснинг унга тегадиган қисми ворисликка чақирилган қонун бўйича меросхўрларга ўтади ва улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Агар мерос қолдирувчи барча мол-мулкни ўзи тайинлаган меросхўрларга васият қилган бўлса, мероснинг меросдан воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўрга тегишли бўлган қисми қолган васиятнома бўйича меросхўрларга ўтади ва, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар:

агар воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўр ўрнига бошқа меросхўр тайинланган;

меросхўр меросдан муайян шахс фойдасига воз кечган;

қонун бўйича ворисликда меросхўрнинг воз кечиши ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетиши ворисликка кейинги навбатдаги меросхўрларни чақиришга сабаб бўлган ҳолларда қўлланилмайди.



1155-модда. Мерос ҳисобидан тўланиши

лозим бўлган харажатлар

Мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.



1156-модда. Кредиторларнинг мерос қолдирувчининг

қарзларини ундириб олиши

Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар. Бу ҳолда меросхўрларнинг ҳар бири ўзига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида солидар қарздорлар сифатида жавобгар бўладилар.


1157-модда. Эгасиз қолган мол-мулк

Агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.

Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.

Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.

Эгасиз мол-мулкни қўриқлаш ва бошқариш ушбу Кодекснинг 1144-моддасига мувофиқ амалга оширилади.









































Время: 0.1299
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск