Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ҳисоб-китоблар /

Ўзбекистон Республикасининг 16.12.2005 й. ЎРҚ-13-сон "Электрон тўловлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 02.11.2005 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 03.12.2005 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.12.2005 й.

N ЎРҚ-13



ЭЛЕКТРОН ТЎЛОВЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2005 йил 2 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2005 йил 3 декабрда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади электрон тўловлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Электрон тўловлар

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Электрон тўловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон тўловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Электрон тўлов


Техника воситаларидан, ахборот технологияларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан фойдаланган ҳолда электрон тўлов ҳужжатлари воситасида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш электрон тўловдир.

Электрон тўлов тўлов тизимининг субъектлари ўртасида тузилган шартномалар асосида тўлов тизимининг белгиланган қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



4-модда. Тўлов тизими ва унинг турлари


Электрон тўловлар амалга оширилаётганда тўлов тизимининг субъектлари ўртасида юзага келадиган муносабатлар мажмуи тўлов тизимидир. Тўлов тизимининг турлари:

банклараро тўлов тизими;

банкнинг ички тўлов тизими;

чакана тўловлар тизими.


5-модда. Тўлов тизимининг қоидалари


Тўлов тизимининг қоидаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

тўлов тизими аъзоларининг тўлов тизимига аъзо бўлиши ва аъзоликдан чиқиши тартиби;

электрон тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари, шу жумладан, электрон тўлов ҳужжати реквизитларининг таркиби ва формати бўйича талаблар;

ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш тартиби;

тўлов тизимининг субъектлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш тартиби.

Тўлов тизимининг қоидаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг электрон тўловларни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўлов тизимининг барча субъектлари учун мажбурийдир.


6-модда. Тўлов тизимининг субъектлари


Тўлов тизимининг аъзолари ва тўлов тизимидан фойдаланувчилар тўлов тизимининг субъектларидир.

Тўлов тизимидан фойдаланувчиларга электрон тўловларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар тўлов тизимининг аъзоларидир.

Қайси юридик ёки жисмоний шахсларга электрон тўловларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатилаётган бўлса, шу юридик ёки жисмоний шахслар тўлов тизимидан фойдаланувчилардир.


7-модда. Банклараро тўлов тизими


Банклараро тўлов тизими банклар ўртасидаги электрон тўловларни банкларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган вакиллик ҳисобварақлари орқали амалга ошириш учун мўлжалланган.

Банклараро тўлов тизимининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.


8-модда. Банкнинг ички тўлов тизими


Банкнинг ички тўлов тизими банк филиаллари ва мижозлари ўртасида электрон тўловларни амалга ошириш, шунингдек банклараро тўлов тизими билан ўзаро ҳаракатда бўлиш учун мўлжалланган.

Банкнинг ички тўлов тизими қоидалари тўлов тизимининг аъзоси - банк томонидан белгиланади.



9-модда. Чакана тўловлар тизими


Чакана тўловлар тизими банк карталари ва бошқа электрон тўлов воситалари (бундан буён матнда электрон тўлов воситалари деб юритилади) қўлланилган ҳолда электрон тўловларни амалга ошириш учун мўлжалланган. Электрон тўлов воситаси унинг мазкур чакана тўловлар тизимига мансублигини идентификациялаш имкониятини берадиган фарқловчи белгиларга (товар белгисига, хизмат кўрсатиш белгиларига) эга бўлиши керак.

Чакана тўловлар тизимининг қоидалари мазкур чакана тўловлар тизимини тузган ташкилот томонидан белгиланади.


10-модда. Тўлов тизимининг субъектлари

ўртасидаги муносабатлар


Тўлов тизимининг субъектлари ўртасидаги муносабатлар қонун ҳужжатлари ва улар ўртасида тузилган шартномалар билан тартибга солинади.

Шартнома ёзма шаклда тузилган бўлиши ва унда қуйидаги қоидалар кўрсатилиши керак:

электрон тўловларни амалга оширишда электрон тўлов ҳужжатларини жўнатиш ҳамда қабул қилиб олиш тартиби;

электрон тўловларни амалга ошириш жараёнида электрон тўлов ҳужжатларида электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш тартиби;

электрон тўловларни амалга оширганлик учун ҳақ миқдори;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан, ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш бўйича мажбуриятлари;

тарафларнинг жавобгарлиги, шу жумладан, электрон тўловларни амалга оширишда юзага келадиган хавфлар бўйича жавобгарликнинг тақсимланиши;

низоларни ҳал қилиш тартиби.

Тўлов тизимининг субъектлари ўртасида тузилган шартномада қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.



11-модда. Тўлов тизими аъзоларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тўлов тизимининг аъзолари электрон тўловларни амалга оширганлик учун ҳақ олишга ва қонунда белгиланган ҳолларда тўлов тизимидан фойдаланувчиларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришга ҳақлидир.

Тўлов тизимининг аъзолари тегишли тўлов тизимининг белгиланган қоидаларига мувофиқ электрон тўлов ҳужжатига ишлов берилишини ва унинг муҳофаза қилинишини таъминлашлари керак. Бунда тўлов тизимининг аъзоси - банк:

тўлов тизимидан фойдаланувчининг ҳисобварағига тушадиган пул маблағларини қабул қилиши ва ҳисобга киритиши, унинг тегишли суммаларни ўтказиш тўғрисидаги топшириқларини бажариши;

ўзининг айби билан нотўғри амалга оширилган операцияларни тиклаши ёки тузатиши;

тўлов тизимидан фойдаланувчига унинг ҳисобварағига оид ахборотни шартномада белгиланган муддатларда қоғоздаги ёки электрон шаклда тақдим этиши;

пул маблағлари олувчининг - тўлов тизимидан фойдаланувчининг ҳисобварағига тушганлигини тўловчининг - тўлов тизимидан фойдаланувчининг сўрови бўйича қоғоздаги ёки электрон шаклда тасдиқлаши шарт.

Тўлов тизимининг аъзолари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



12-модда. Тўлов тизимидан фойдаланувчиларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тўлов тизимидан фойдаланувчилар ўз ҳисобварақларида турган пул маблағларини мустақил тасарруф этишга ва ўз ҳисобварақлари бўйича пул маблағларининг ҳаракати тўғрисида ахборот олишга ҳақлидир.

Тўлов тизимидан фойдаланувчилар:

тўлов тизимининг қоидалари билан белгиланган ахборотни муҳофаза қилиш тартибига риоя этиши;

электрон тўлов воситаларининг ва идентификация маълумотларининг сақланишини таъминлаши;

тўлов тизимининг аъзосига электрон тўлов воситалари ёки идентификация маълумотлари йўқолганлиги тўғрисида шартномада белгиланган муддатларда хабар қилиши шарт.

Тўлов тизимидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



13-модда. Электрон тўлов ҳужжатини тузиш


Тўлов тизимининг қоидалари билан белгиланган таркиб ва форматдаги реквизитларига эга бўлган ҳамда электрон тўловни амалга ошириш учун зарур ахборотни ўз ичига олган электрон ҳужжат электрон тўлов ҳужжати ҳисобланади.

Электрон тўлов ҳужжати пул-ҳисоб-китобга доир қоғоз ҳужжат (бундан буён матнда пул-ҳисоб-китоб ҳужжати деб юритилади) асосида ёки электрон тўлов воситасидан фойдаланган ҳолда тузилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Электрон тўлов ҳужжати билан ишлашда уни электрон тўловни амалга ошириш учун зарур реквизитларни сақлаган ҳолда қоғозда такрорлаш имконияти таъминланиши керак.



14-модда. Электрон тўлов

ҳужжатига ишлов бериш


Электрон тўлов ҳужжатига ишлов бериш электрон тўлов ҳужжатини қабул қилиш, киритиш, ёзиш, қайта тузиш, ўқиш, қайд этиш, алмаштириш, сақлаш ва йўқ қилиш билан боғлиқ операцияларни бажариш йўли билан амалга оширилади.

Электрон тўлов ҳужжатига, башарти у электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш таомилидан ўтган ҳамда тўлов тизимининг қоидалари билан белгиланган таркиб ва форматдаги реквизитларга эга бўлса, ишлов берилади.

Тўлов тизимидан фойдаланувчиларнинг тегишли ҳисобварақларидан пул маблағлари электрон тўлов ҳужжатларига ишлов бериш натижалари бўйича ҳисобдан чиқарилади ёки ҳисобга киритилади.



15-модда. Электрон тўлов

ҳужжатларини сақлаш


Электрон тўлов ҳужжатлари пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини сақлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида электрон ахборот ташувчи жисмларда сақланади.



16-модда. Электрон тўлов

ҳужжатининг юридик кучи


Электрон тўлов ҳужжати пул-ҳисоб-китоб ҳужжатига тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.



17-модда. Электрон тўловларни

амалга ошириш муддатлари


Тўлов тизимининг аъзоси - банк тўлов тизимидан фойдаланувчининг топшириғига биноан электрон тўловни тегишли тўлов ҳужжати тушган кунда, агар у банкнинг операция куни мобайнида тушган бўлса, амалга ошириши шарт, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Агар тўлов ҳужжати операция куни тугаганидан кейин тушса, тўлов тизимининг аъзоси - банк электрон тўловни кейинги иш кунидан кечиктирмай амалга ошириши шарт, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўлов тизимининг субъектлари шартномада электрон тўловларни амалга оширишнинг бошқа муддатларини назарда тутиш ҳуқуқига эга.



18-модда. Электрон тўловлар бўйича

мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш


Электрон тўловларни амалга оширишнинг ушбу Қонуннинг 17-моддасида белгиланган муддатлари тўлов тизимининг аъзоси томонидан бузилган тақдирда, у кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлов тизимидан фойдаланувчига пеня тўлаши шарт.

Тўлов тизими аъзосининг айби билан электрон тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, тўлов тизимининг аъзоси маблағни хатолик аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан олувчининг - тўлов тизимидан фойдаланувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, тўловчи - тўлов тизимидан фойдаланувчи тўлов тизимининг аъзосидан маблағларни қайтаришни, шунингдек кечиктирилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни қонунда белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.



19-модда. Тўлов тизимида ахборот

хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш


Тўлов тизимининг субъектлари тўлов тизимида ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш бўйича, шу жумладан, электрон тўлов ҳужжатларидан рухсатсиз фойдаланиш, уларга ўзгартишлар киритиш, уларни йўқотиш, йўқ қилиш ва тўсиб қўйишдан муҳофаза этишни таъминлаш бўйича белгиланган талабларга риоя этишлари керак.

Тўлов тизимининг субъектлари тўлов тизимида ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлашнинг қўшимча воситалари ва усулларини белгилашлари мумкин.



20-модда. Электрон тўловлар тўғрисидаги

маълумотларнинг маҳфийлиги


Тўлов тизимининг аъзолари электрон тўловлар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлашлари керак.

Электрон тўловлар тўғрисидаги маълумотлар учинчи шахсларга тақдим этилмайди, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.



21-модда. Низоларни ҳал этиш


Электрон тўловлар соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


22-модда. Электрон тўловлар тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Электрон тўловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


23-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин, давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 51-сон, 373-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 12-сон, 412-модда


















































Время: 0.1956
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск