Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.12.2005 й. 275-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 21 декабрдаги

275-сон қарорига

4-ИЛОВА


Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган

ходимларини рағбатлантиришнинг директор

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, умумтаълим муассасалари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг уларнинг ўқув ва тарбия жараёнига қўшган шахсий ҳиссаси билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминлаш, касб маҳорати ва малака ўсишини рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 25 ноябрдаги ПҚ-227-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.


2. Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси (кейинги ўринларда "Директор жамғармаси" деб юритилади) барча умумтаълим муассасаларида ташкил этилади.

Мазкур Низомнинг амал қилиши татбиқ этиладиган умумтаълим муассасаларига Умумий ўрта таълим давлат стандартларига мувофиқ ўқувчиларга таълим берадиган барча тип ва номдаги умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатлар (кейинги ўринларда "умумтаълим муассасалари" деб юритилади) киради.


3. Директор жамғармаси маблағлари:

умумтаълим муассасаларининг фақат ўрнак кўрсатган ўқитувчиларини (улар умумий сонининг кўпи билан 50 фоизини) уларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришга;

умумтаълим муассасалари ходимларига бир марталик мукофотлар тўлашга ва моддий ёрдам кўрсатишга (фавқулодда ҳолларда) йўналтирилади;

фақат тежалган маблағлар мавжуд бўлгандагина ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги бўйича тўланмаган нафақаларни молиялаштиришга.

4. Рағбатлантириш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш учун туман (шаҳар)нинг энг иқтидорли ўқитувчилари илғор тажрибасини ва фаолияти самарадорлигини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тавсия этилади.



II. ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида белгиланган тартибда назарда тутиладиган бюджет маблағлари Директор жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади.

6. Директор жамғармаси умумтаълим муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда ташкил этилади. Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан фоизлардаги миқдори молия йили учун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тасдиқланган параметрларида назарда тутилган 7 090 000 "Таълим" бўлимининг кичик бўлимлари бўйича меҳнатга ҳақ тўлашга бюджет харажатлари ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан миқдори республиканинг барча умумтаълим муассасалари бўйича ягона ҳисобланади.


7. Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан фоизлардаги миқдори Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети қабул қилингандан кейин, ташкилотларга улар харажатларининг белгиланган ҳажмини улар эътиборига етказиш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг қўшма хати билан барча умумтаълим муассасаларига ҳамда молия органларига етказилади.

8. Бюджетдан молиялаштириладиган умумтаълим мактаблари таъминотига харажатларнинг йиллик сметаларини молия органларида рўйхатдан ўтказишда тегишли халқ таълими бошқарув органи молия органига белгиланган тартибда ҳар бир мактаб бўйича ушбу харажатларга нисбатан фоиз ҳисобида белгиланган миқдордан келиб чиқиб Директор жамғармаси маблағларини ажратиб кўрсатган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари йиллик ҳажмини тақдим этади.


9. Директор жамғармаси маблағлари ҳар бир умумтаълим муассасаси таъминоти харажатлари сметасида назарда тутилади, улар 41 10 000 "Иш ҳақи" моддасига киритилади, 41 11 210 "Умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг Директор жамғармаси маблағлари" бюджет классификацияси коди бўйича харажатлар сметасига ҳисоб-китобларда алоҳида сатр билан ажратиб кўрсатилади.

10. Директор жамғармаси маблағлари ҳисобига устамалар ҳамда бошқа турдаги рағбатлантиришларни тўлаш маблағларини молиялаштириш белгиланган тартибда молия органлари томонидан иш ҳақи тўлаш учун маблағларни молиялаштириш билан бир вақтда амалга оширилади.


11. Директор жамғармаси маблағлари ҳисобига тайинланган устамалар, моддий ёрдам ва мукофотлар суммаси умумтаълим муассасасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда улардан давлат ижтимоий суғуртасига маблағ ўтказилади. Жисмоний шахсларнинг Директор жамғармаси ҳисобига олинган даромадларига солиқ солиш белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. ЎҚИТУВЧИЛАРГА УСТАМАЛАР ВА

УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ХОДИМЛАРИ

УЧУН РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ БОШҚА

ТУРЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


12. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш ва умумтаълим муассасалари ходимларига бир марталик мукофотлар тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорлар умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан қабул қилинади.

Бунда халқ таълимини бошқариш ҳудудий органлари халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ва вилоят халқ таълими бошқармалари)нинг махсус комиссиялар фаолиятига ҳамда улар қабул қиладиган қарорларга аралашувига йўл қўйилмайди, Умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар тўғрисидаги Низомда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

13. Умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Молия вазирлиги билан келишилган, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган ҳолда, тасдиқланади.


14. Умумтаълим муассасалари ҳузуридаги махсус комиссиялар таркиби умумтаълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан, камида етти кишидан иборат этиб тасдиқланади ва унга қуйидагилар киради:

директор - комиссия раиси;

директорнинг мактаб ички мониторинги ташкил этилиши учун масъул бўлган ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари - комиссиянинг масъул котиби;

педагогик кенгаш қарори билан вакил қилинган камида икки ўқитувчи;

касаба уюшмаси ташкилоти раиси;

умумтаълим муассасаси ота-оналар қўмитасининг камида икки нафар вакили.


15. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларига бир марталик мукофотлар бериш ва моддий ёрдам кўрсатиш махсус комиссия мажлиси қарори билан, очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳамда умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши ва ота-оналар қўмитаси фикрларини ҳисобга олиб, Директор жамғармасида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Махсус комиссия мажлислари, қоидага кўра, ярим йилда бир марта, истисно ҳолларда эса заруриятга кўра ўтказилади. Ўқитувчиларнинг олдинги ўқув давридаги (чорак, ярим йилликдаги ва ҳоказо) ишини баҳолаш якунлари бўйича ҳамда айрим ўқитувчилар иш сифатидаги аниқланган ўзгаришлар асосида махсус комиссия қарори билан белгиланган устамалар миқдорлари қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилиниши мумкин.



IV. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ХОДИМЛАРИГА БЕЛГИЛАНАДИГАН

УСТАМАЛАР ВА РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ

БОШҚА ТУРЛАРИ МИҚДОРЛАРИ


16. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар:

тарбиявий жараён амалга оширилишининг сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялашга қўшилган аниқ шахсий ҳиссага қараб ўқитувчилар томонидан олиб бориладиган тарбиявий ва синфдан ташқари ишлар учун 15 фоизгача миқдорда;

ўқувчиларни тест синовдан ўтказиш натижалари бўйича аниқланадиган, тегишли синфлар ва ўқув предметлари учун тасдиқланган Давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига қараб касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун 25 фоизгача миқдорда белгиланади.

Касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун бошланғич синфлар ўқитувчиларига ҳар ойлик устама синф ишининг муайян кўрсаткичларига эришилган тақдирда, фанлар ўқитувчиларига эса - ўқитиладиган фанлар бўйича муайян кўрсаткичларга эришилган тақдирда белгиланади.

Касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшган аниқ ҳиссаси бир хил бўлган, ўқув жараёнида юқори самарадорликка ва сифатга эришган ўқитувчиларга ҳар ойлик устамаларни белгилашда қишлоқ жойларда ва шаҳар типидаги посёлкаларда жойлашган мактабларнинг ўзбек тилида ўқитиладиган синфлари рус тили ва адабиёти ўқитувчилари, шунингдек мактабнинг жойлашган жойидан қатъи назар рус тилида ўқитиладиган синфларнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари устунликка эга бўладилар.

17. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига Директор жамғармаси маблағларидан устамаларнинг миқдорлари Умумтаълим мактаблари ҳузуридаги махсус комиссиялар тўғрисидаги Низомга мувофиқ, қуйидаги асосий мезонлар асосида белгиланади.

тарбиявий ва синфдан ташқари ишларнинг самарадорлиги ва сифати;

касб маҳорати ва таълим жараёнига қўшилган шахсий ҳисса, таълимнинг юқори самарадорлиги ва сифати;

синфга раҳбарлик қилиш самарадорлиги;

умумтаълим муассасасини ривожлантиришга қўшилган ҳисса;

билимни мунтазам такомиллаштириб бориш, касб маҳоратини ва малакасини ўстириш;

умумтаълим муассасасининг ижтимоий ҳаётида қатнашиш;

ўқувчилар билими, маҳорати ва кўникмаларининг умумий ўрта таълим давлат стандартларига мувофиқлиги даражаси;

ўқувчилар билимидаги нуқсонларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ишларининг самарадорлиги ва педагогик жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги;

ўқувчиларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг қобилиятларини аниқлаш ва ўстиришга йўналтирилган ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш;

баҳолашнинг тест синови ва рейтинг методлари натижаларига қараб аниқланадиган билимларнинг дастурга мувофиқ барқарор ўзлаштирилишини ҳамда ўқитишнинг яхши сифатини таъминловчи педагогик ишларнинг юқори самарадорлиги, шунингдек иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар билан якка тартибда ишлашни ташкил этиш;

ўқитувчи томонидан илғор методлар ва педагогик технологиялар муваффақиятли қўлланилиши, ўқув-тарбиявий ишларнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва ҳоказо.


18. Умумтаълим муассасаларининг раҳбар ходимларига ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга мазкур ҳар ойлик устамалар белгиланмайди.


19. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаларига Директор жамғармаси ҳисобига ҳар ойлик устамалар ҳар бир ўқув йилида олдинги ўқув йили иш якунлари бўйича белгиланади ва ҳар бир ўқув ярим йиллиги якунлари бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.


20. Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини бир марталик мукофотлаш уларнинг умумтаълим муассасасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун уларга бир лавозим маошигача миқдорда мукофот тўлаш йўли билан амалга оширилади.


21. Умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда кўрсатилади (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олинганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо).



V. ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИНГ САРФЛАНИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Директор жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини белгиланган тартибда текширади.


23. Устамаларни белгилаш учун тақдим этилган маълумотларнинг холислиги, ошкоралиги ва тўғрилиги ҳамда уларни белгилаш тартибига риоя қилиниши учун махсус комиссиялар раҳбарлари жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 51-сон, 379-модда.



































Время: 0.1610
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск