ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /

Касаначилик тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.01.2006 й. 4-сон Қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 11 январдаги

4-сон қарорига

1-ИЛОВА



Касаначилик тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида касаначиликни ташкил этиш шартларини, шу жумладан, касаначилар билан меҳнат шартномаларини тузиш тартибини, уларга хом ашё ва материаллар бериш, улар меҳнатига ҳақ тўлаш ва муҳофаза қилиш, касаначиларни ижтимоий суғурта қилиш тартибини ҳамда касаначилар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчилар учун белгиланган солиқ имтиёзлари қўлланилиши устидан назорат қилиш механизмини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мақсадлари учун "касаначилик" тушунчаси тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс - касаначининг яшаш жойи бўйича ёки унга ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича касаначи томонидан амалга оширилаётган ишни англатади.


2. Касаначи - 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги жисмоний шахс.

Башарти касаначилик хусусияти касаначи билан тўлиқ якка тартибдаги моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилиши зарурлигини тақозо этса, 18 ёшга тўлган шахслар касаначиликни амалга оширишга қўйиладилар.


3. Иш берувчи - касаначи билан тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ касаначи учун ишлаб чиқариш биносини белгилайдиган, уни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, материаллар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва бошқа ишлаб чиқариш воситалари билан таъминлайдиган, бажарилган ишни қабул қилиб оладиган ва унга ҳақ тўлайдиган юридик шахс.


4. Касаначиликни ташкил этишга агар меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун касаначи ўз яшаш жойида зарур биноларга, шу жумладан, тураржой биносига, шунингдек ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлиши, ёхуд малакага ўқитилиши шарти билан йўл қўйилади.

Касаначилик амалга ошириладиган тураржой биноларини нотураржой бинолар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.


5. Касаначилик технология жараёни ва бошқа шарт-шароитлар уй шароитларида бутловчи буюмлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноат тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида корхоналар билан корхоналарнинг буюртмалари бўйича уйда маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ва хизматлар кўрсатаётган фуқаролар ўртасидаги кооперация асосида ташкил этилади.


6. Қонун ҳужжатларида белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия олиш талаб қиладиган, шунингдек уйда қувватли, энергияни кўп талаб қиладиган ва техник асбоб-ускуналардан, шунингдек уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни талаб этадиган хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланиб касаначига ишларни бажаришга (хизматлар кўрсатишга) ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) йўл қўйилмайди.

Касаначилик шароитларида фойдаланиш мумкин бўлмаган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

7. Ёнғин хавфсизлигининг белгиланган қоидаларига, санитария ва гигиена нормаларига, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, шунингдек касаначиларнинг уй-жой-маиший шароитлари хусусиятларига мувофиқ касаначиликнинг айрим турларига ёнғин ва санитария инспекцияси, шунингдек Давлат меҳнат техник инспекцияси органларининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.


8. Касаначилар ишининг аниқ турлари уларнинг касб малакаси, саломатлиги ҳисобга олинган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади (иш хусусияти, фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, хом ашё, материалларнинг хоссалари, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ТИЭК тавсиялари эътиборга олинади).

Касаначилик меҳнати қишлоқ жойларда аёллар учун, шунингдек "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасида кўрсатилган фуқаролар тоифалари учун устувор тартибда ташкил этилади.

9. Касаначилар томонидан ишларни бажариш касаначи оиласининг аъзолари иштирокида (ёрдамида) иш берувчининг розилигисиз амалга оширилиши мумкин. Бунда касаначи унга ёрдам берадиган оила аъзолари томонидан бажариладиган ишлар сифати учун иш берувчи олдида жавоб беради.

Касаначига ёрдам берадиган унинг оила аъзоларига мазкур Низомнинг амал қилиши татбиқ этилмайди, башарти улар билан алоҳида меҳнат шартномаси тузилмаган бўлса.



II. КАСАНАЧИ БИЛАН МЕҲНАТ

ШАРТНОМАСИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


10. Корхоналар билан тузилган меҳнат шартномаларига эга бўлган касаначилар иш билан банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва уларга электрон меҳнат дафтарчалари юритилади.

11. Иш берувчи корхона раҳбари касаначи билан ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

иш жойи ва касаначининг иш ўрни жойлашган манзил;

ходимнинг меҳнат функцияси, яъни мутахассислик, малака, шунингдек касаначи бажариши зарур бўлган иш турлари;

иш бошланадиган кун, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати (муайян муддатга ёки айрим ишларни бажариш даврига меҳнат шартномаси тузишда);

меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва муддатлари;

касаначи томонидан меҳнат функциялари амалга оширилиши учун асбоб-ускуналар, жиҳозлар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотларни бериш тартиби;

хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш тартиби;

моддий жавобгарлик шартлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва унинг шарт-шароитларининг зарур қоидаларига риоя этиш бўйича иш берувчи ва касаначининг мажбуриятлари;

таътиллар бериш, ижтимоий суғурта, касаначининг пенсия таъминоти шартлари;

иш берувчининг буюртмасини бажариш учун касаначининг ўз асбоб-ускуналари, жиҳозлари ва инвентаридан фойдаланилган тақдирда касаначининг харажатларини қоплаш тартиби ва шартлари;

иш берувчининг буюртмасини бажариш муносабати билан фойдаланилган касаначининг энергия, сув, алоқа учун харажатларини қоплаш (компенсация) тартиби;

касаначи меҳнат функцияларини амалга ошириш учун унга берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарни таъмирлаш бўйича иш берувчининг мажбуриятлари;

касаначининг айби билан материаллар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар бузилиши билан боғлиқ, шунингдек маҳсулот тўлиқ ёки қисман яроқсизлиги учун зарарни иш берувчига қоплаш шартлари;

касаначига фойдаланиш учун берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, инвентарь, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни хатловдан ўтказиш ҳамда иш берувчи ва назорат органлари вакилларининг касаначилик меҳнати амалга ошираётган жойларга кириши шартлари;

касаначига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (электр энергияси, сув, газ ва ҳоказолар йўқлиги) муносабати билан буюртмани белгиланган муддатларда бажариш мумкин бўлмаган тақдирда бу ҳақда иш берувчини хабардор қилиш бўйича касаначининг мажбуриятлари.

Меҳнат шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.


12. Бажарилаётган ишнинг хусусияти ва уни бажариш шарт- шароитлари ҳисобга олинган ҳолда касаначи билан муддатли меҳнат шартномалари билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга йўл қўйилади.

13. Касаначини ишга қабул қилишда ва у билан меҳнат шартномаси тузишда ундан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Меҳнат кодексининг 80-моддасига мувофиқ белгиланади.


14. Касаначининг электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси амал қилишининг бутун даври учун юритилади. Илгари ишламаган ва меҳнат дафтарчисига эга бўлмаган касаначи учун электрон меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан юритилади.

Иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси тузилиши ва тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотларни киритиши шарт. Касаначи билан меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда, иш берувчи электрон меҳнат дафтарчасига ушбу маълумотларни киритиши шарт.

15. Касаначи билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-113-моддаларига мувофиқ ҳолатдан бошқача тарзда тўхтатилиши мумкин эмас.


16. Корхонанинг жамоа шартномаси шартлари касаначиларга татбиқ этилади, башарти ушбу корхонада жамоа шартномаси тузилган бўлса.



III. КАСАНАЧИГА ХОМ АШЁ, МАТЕРИАЛЛАР

ВА ЯРИМ ТАЙЁР МАҲСУЛОТЛАР БЕРИШ

ТАРТИБИ, МАҲСУЛОТЛАРНИ ОЛИБ КЕТИШ

ҲАМДА БАЖАРИЛГАН ИШЛАР УЧУН

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ

17. Иш берувчи касаначига меҳнат шартномасида назарда тутилган ишлар (хизматлар)ни бажариш учун тегишли сифатга эга бўлган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар тақдим этади (беради).

Корхоналар буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун касаначиларга асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарь қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

20. Иш берувчи меҳнат шартномасида назарда тутилган ишлар (хизматлар)ни бажариши учун зарур бўлган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотларни касаначига бериши ҳамда етказиб беришни таъминлаши шарт.


21. Касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни бажариш учун хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотларни мустақил равишда сотиб олишга ҳақли эмас.

23. Буюртмага мувофиқ бажарилган маҳсулотларни иш берувчи томонидан қабул қилиб олиш, қоидага кўра, касаначининг ишларни бажарган жойида амалга оширилади.

Қабул қилиб олиш вақтида маҳсулотларни топшириш - қабул қилиб олиш далолатномаси тузилади, унда ишлаб чиқарилган маҳсулот (буюмлар, хизматлар)нинг миқдори, иш берувчи томонидан буюмлар (маҳсулотлар, хизматлар)нинг сифат стандартларига қўйиладиган талабларга мувофиқ сифати кўрсатилади.

Касаначи томонидан иш берувчи талаб қиладиган стандартларга мувофиқ маҳсулотларни топшириш - қабул қилиб олиш далолатномаси қабул қилингандан кейин, маҳсулотларнинг кейинчалик сотилишидан қатъи назар, улар учун иш берувчи томонидан ҳақ тўланиши шарт.


24. Касаначилар томонидан буюртмачи корхоналарнинг ишлаб чиқариш технологиясига тўлиқ риоя қилинган тақдирда, касаначилик шароитларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ва кўрсатилган хизматларни қўшимча равишда сертификатлаш ва стандартлаштириш талаб қилинмайди.

Уйда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатининг белгиланган стандартларига риоя этилиши учун жавобгарлик, улар саноат корхоналарига қайтарилган тақдирда - касаначиларга юкланади, охирги истеъмолчиларга сотилган тақдирда эса - саноат корхонасига юкланади.



IV. КАСАНАЧИНИНГ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ШАРТЛАРИ


25. Касаначилар ишига, қоидага кўра, ишбай ҳақ тўланади. Ҳақ тўлаш амалда бажарилган ишлар учун ёки сифати бўйича белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқарилгани учун амалга оширилади.


26. Унумдорлик нормалари ва ишбай нархлар томонларнинг келишувига кўра, тегишли ишлар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган нормал иш вақти ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ишбай ҳақ тўланадиган аниқ иш учун касаначининг иш ҳақи миқдори иш берувчининг ўз ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари сингари бўлиши керак.


27. Касаначининг иш ҳақи, башарти касаначи меҳнат нормаларини ва меҳнат мажбуриятларини бажарса, қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва бирон-бир энг юқори миқдор билан чекланмайди.

28. Касаначининг меҳнатига ҳақ ё ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилганда ёхуд меҳнат қонунчилигида белгиланган мунтазам вақт оралиғида тўланиши керак. Меҳнат шартномасида касаначи меҳнатига аванс тарзида ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.


29. Агар касаначи ўз меҳнатини амалга оширадиган жойда иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган бўлса касаначи меҳнатига ҳақ тўлаш ушбу коэффициентни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.


30. Касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлайди, унинг бажарган барча иши учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга иш вақтидан ортиқча ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди.


31. Касаначининг ишлаб чиқариш топшириғини ўз уйида ёки ўзига тегишли бошқа хоналарда бажариш билан боғлиқ харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

32. Иш берувчи касаначига юкланган иш топшириқлари рўйхатини юритиши керак, рўйхатда қуйидагилар кўрсатилади:

иш топшириғини бажариш учун ажратилган вақт;

меҳнатга ҳақ тўлаш ставкалари;

пайдо бўлган чиқимлар, агар касаначи томонидан бундай чиқимлар амалга оширилган бўлса;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ даромадлардан солиқ органларига ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалар;

тўланиши керак бўлган умумий ҳақ ва тўланган ҳақ.



V. КАСАНАЧИНИНГ ИШ ВАҚТИ,

ДАМ ОЛИШ ВА ТАЪТИЛ МУДДАТИ


33. Касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти муддатини, иш жадвали ва тартибини мустақил равишда белгилайди.


34. Иш берувчи касаначи учун ишлаб чиқариш топшириғини белгилашда ишларнинг айрим турларини бажариш учун вақт нормативларини ҳисобга олиши керак, бунда бутун ишлар комплексини бажариш учун иш вақтининг умумий муддати Меҳнат кодексининг 116-моддасида белгиланган нормал ёки қисқартирилган иш вақти муддатидан ошмаслиги керак, агар бу меҳнат шартномасида кўрсатилган ёхуд қонун ҳужжатларида белгиланган бўлса (18 ёшга тўлмаган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун).

35. Меҳнат таътили муддатини ҳисоблаш ва ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун, дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат шартномасида кўрсатилган ишлар ҳажмини бажариш учун зарур бўлган норматив вақт қабул қилинади. Бунда касаначининг ишлаб чиқариш топшириғи ҳажми бир ой ҳисобига ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилгандан ошмаслиги керак.


36. Касаначининг ҳар йилги меҳнат таътили муддати, агар касаначи қонун ҳужжатларига мувофиқ кўпроқ давом этадиган ҳар йилги асосий таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, 21 календарь кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

Таътиллар бериш вақти ва навбати касаначи билан келишув бўйича иш берувчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланади.



VI. КАСАНАЧИЛАРНИ ИЖТИМОИЙ СУҒУРТА

ҚИЛИШ ВА ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


37. Касаначи мажбурий тартибда давлат томонидан ижтимоий суғурта қилинади.


38. Иш берувчи ва касаначи давлат томонидан ижтимоий суғурта бадалларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда тўлайдилар.


39. Касаначининг ишлаган вақти пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақалар миқдорларини тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади.


40. Касаначига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақаларни тўлаш, белгиланган тартибга мувофиқ иш берувчининг ишлаб чиқариш хоналарида ишлайдиган ходимлар сингари амалга оширилади.


41. Касаначилик меҳнати билан шуғулланувчи фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқи улар пенсия ёшига етганда ёки "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошланади.


42. Касаначининг жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашиши мажбурийдир.

Касаначининг жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисоб рақамини очиш ва унга бадаллар тўлаш иш берувчи томонидан "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.


43. Касаначига пенсиялар яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тўланади.


VII. КАСАНАЧИНИНГ МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИ


44. Иш берувчи қуйидагиларга мажбур:

касаначига мумкин бўлган барча хавф-хатарлар тўғрисида ва касаначи ўзи олган иш топшириқлари муносабати билан кўрилиши керак бўлган эҳтиёткорлик чоралари тўғрисида йўриқномалар бериш, зарур бўлган тақдирда уни тегишли равишда ўқитиш;

касаначига бериладиган машиналар, жиҳозлар ёки бошқа асбоб-ускуналарнинг техник хавфсизлигини таъминлаш, уларда тегишли ҳимоя мосламалари мавжудлигини ва уларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;

касаначини якка тартибдаги ҳимояланишнинг барча зарур воситалари билан текин таъминлаш.


45. Касаначи қуйидагиларга мажбур:

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича белгиланган барча кўрсатмаларни бажариш;

ўз хавфсизлигини эҳтиётлаш ва ўзининг ҳаракатлари ёки ишдаги камчиликлари натижасида шикастланиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича оқилона чоралар кўриш, шу жумладан материаллар, машиналар, жиҳозлар ва ўз тасарруфига берилган бошқа асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланиш.


46. Касаначи, агар у ишни ўз хавфсизлиги ёки саломатлиги учун муқаррар ва жиддий хавф туғдиради деб ҳисоблаши учун асосли сабабларга эга бўлса, ишларни бажаришдан воз кечиши ҳамда рўй берган ҳолатлар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.

Ушбу ҳолатлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар томонидан тасдиқланган тақдирда уйда ишлашни давом эттириш аҳволни тузатиш учун зарур чоралар кўрилмагунгача вақтинчалик тўхтатиб турилиши керак.



VIII. КАСАНАЧИЛАР МЕҲНАТИДАН

ФОЙДАЛАНАДИГАН ИШ БЕРУВЧИЛАРГА

БЕРИЛАДИГАН ИМТИЁЗЛАР ВА УЛАРНИНГ

ҚЎЛЛАНИШИНИ СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ

ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ


47. Иш берувчининг буюртмаси юзасидан тузилган шартнома бўйича ишларни бажариш учун касаначига текин фойдаланиш учун корхона томонидан берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарлар фойдаланиш даврида мулк солиғи тўловидан озод қилинади.


48. Ушбу имтиёзни қўллаш устидан назоратни амалга ошириш учун корхона (иш берувчи) солиқ органларига ҳисоботлар тақдим этишда касаначига берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарларнинг қолдиқ қийматини, уларнинг рўйхатини кўрсатиши шарт.


49. Товарлар ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун касаначиларга буюртмалар берган корхоналар касаначилар меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармасидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан 2006 йил 1 февралдан бошлаб беш йилга озод қилинади.

Шу билан бирга, иш берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш ҳажмидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни амалга оширади.

Иш берувчи томонидан касаначилар меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармасининг алоҳида ҳисоби юритилади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоблари билан бирга давлат солиқ хизматига тегишли маълумотнома тақдим этилади.


50. Касаначилар фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган буюртмачи-корхонани текшириш вақтида ўтказилиши мумкин.



IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


51. Иш берувчи ва касаначи ўртасидаги меҳнат низоларини тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунларига мувофиқ амалга оширилади.


52. Касаначилик меҳнатини тартибга солувчи қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш вазифаси зиммасига юкланган мансабдор шахслар мулкдор ва касаначининг розилиги билан уйнинг касаначилик ишлари амалга оширилаётган қисмига ёки бошқа хусусий хонага киришлари мумкин.

Уйда ишларни бажариш тартибининг жиддий ёки бир неча марта бузилиши қайд этилган тақдирда мансабдор шахслар ишларни тўхтатиш бўйича чоралар кўриши, шу жумладан, бу тўғрида иш берувчини хабардор қилган ҳолда, уйга иш беришни тақиқлаши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 2-сон, 9-модда.








































































Время: 0.1565
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск