язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг моддий-техник таъминоти. Агролизинг/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.11.2000 й. 424-сон "Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.11.2000 й.

N 424



ҚИШЛОҚНИ ЛИЗИНГ ШАРТЛАРИДА

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАСИ БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Қишлоқ хўжалигини юқори самарали замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси билан жиҳозлашни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигини, шу жумладан, етакчи хорижий компаниялар иштирокида ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, қишлоққа етказиб берилаётган тракторлар ва ўрим-йиғим техникаси учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, янги замонавий ғалла ўриш комбайни ва пахта териш машинасини ва улар билан агрегатлаштирилиб ишлатиладиган тракторни (кейинги ўринларда қишлоқ хўжалик техникаси деб аталади) қишлоқ хўжалиги корхоналари ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга (кейинги ўринларда лизинг олувчилар деб аталади) қуйидаги лизинг шартларида етказиб берилади:

замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 20 фоизи аванс сифатида лизинг олувчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобига тўланади;

замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 80 фоизи лизинг ташкилотлари томонидан уларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) томонидан қайтариладиган қарз асосида ажратиладиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

2. Лизинг ташкилотларига қуйидаги вазифалар юклансин:

лизинг олувчиларнинг қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш юзасидан берилган буюртмаларини умумлаштириш;

қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш;

жойлаштирилган буюртмаларга мувофиқ етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ўз вақтида аванс тўлаш ва узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш;

лизинг шартномаларини тузиш, янги қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга бериш, лизинг тўловларини ўз вақтида ундирилишини ва Жамғармага тўланишини таъминлаш;

Жамғарма билан тузилган ҳар бир қарз шартномаси бўйича ажратилган маблағларнинг ҳисобини ўз вақтида юритиш ва уларни ҳисобланган фоизлари билан тўлаш.

4. Замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Жамғармага ҳар йили, 1 октябрдан бошлаб ва унинг келгуси йилга тушумлар ва харажатлари баланси тасдиқлангунгача бўлган даврда, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилишини таъминлаш учун ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки уларнинг расмий дилерига аванс бериш учун лизинг ташкилотлари буюртманомалари бўйича маблағлар ажратишга рухсат этилсин. Аванс бериш ҳар ойлик улушлар билан, олди-сотди шартномасида кўрсатилган етказиб бериш муддатидан кечикмай, ушбу шартномада келгуси йилда етказиб бериш назарда тутилган ҳажмлар ва етказиб бериш муддатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Бунда, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар ва лизинг ташкилотлари техника қийматининг 80 фоизи миқдорида аванс тўловларини олганидан сўнг лизинг олувчиларга қишлоқ хўжалиги техникасининг аванс тўланган кундан бошлаб 120 кун муддатда етказиб берилишини таъминлайдилар.

5. Лизинг ташкилотлари лизинг олувчилар билан лизинг шартномалари тузишда:

лизинг олувчиларга техникани фақат лизингнинг бутун даври учун олинаётган техника бўйича мулкий таваккалчиликлар суғурта полиси мавжуд бўлгандагина беришни;

лизинг компания даромад фоизининг имтиёзли ставкаси Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан юқори бўлмаслигини;

лизинг муддатини фермер, деҳқон хўжаликлари учун 10 йил, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар учун 7 йил этиб белгиланишини назарда тутади.

6. Белгилаб қўйилсинки:

лизингга олинган қишлоқ хўжалиги техникасининг бузилишида айбдор бўлган лизинг олувчилар белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган даражада жавоб берадилар;

лизинг олувчилар томонидан лизинг шартномасида назарда тутилган лизинг тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда тижорат банклари лизинг эгасининг ҳисоб рақамига сўзсиз бажарилиши керак бўлган лизинг ташкилотлари томонидан тақдим этилган тўлов талабномаларини қўяди;

лизинг тўловлари тўғри ҳисоблаб ёзилиши ҳамда тўланишини, шунингдек Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг ўз вақтида қайтарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.

7. "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компанияси умумдавлат ва маҳаллий солиқларни тўлашдан беш йил муддатга озод қилинсин, бўшайдиган маблағлар қишлоққа қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб беришни маблағ билан таъминлаш манбаларини тўлдиришга мақсадли йўналтирилсин.


8. "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси билан биргаликда икки ой муддатда барча вилоятлар марказларида "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компанияси филиаллари очилишини таъминласин.

10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компанияси аппаратини жойлаштириш масаласини бир ой муддатда ҳал этсин.

Ўзбекистон Почта ва телекоммуникациялар агентлиги "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" компаниясини зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан таъминласин.


11. "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда холдинг компания корхоналарини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирларини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин. Мазкур чора-тадбирлар:

турар жой ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси корхоналари балансидан маҳаллий ҳокимият органларига берилишини;

фойдаланилмаётган асбоб-ускуналар, бинолар, иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар сотилиши ёки консервация қилинишини ўз ичига олади.


13. Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2000 йил 28 апрелдаги 172-сон қарорининг 1 ва 2-бандларидаги "2000 йилда" сўзлари "2000-2005 йилларда" сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 486-сон қарорига 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                   И. Каримов


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., N 11, 70-модда.