Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.02.2006 й. 21-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 10 февралдаги

21-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини

давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси "Таълим тўғрисида"ги Қонунининг 6- ва 25-моддаларига мувофиқ идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар олий, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари (кейинги ўринларда - таълим муассасалари)ни давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Таълим муассасалари давлат аккредитацияси Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунлари ҳамда мазкур Низом асосида ўтказилади.

3. Таълим муассасасини аккредитациялаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда - Давлат инспекцияси) томонидан аттестацияга асосан амалга оширилади.

Аттестация таълим муассасаси фаолиятини баҳолашда давлат назоратининг асосий шакли ҳисобланиб, таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат.


4. Давлат аккредитацияси таълим муассасаси фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат талаблари мезон ва талабларига жавоб беришининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда унинг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқини беришдан иборат.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этилган таълим муассасалари биринчи аттестациядан ўтгунга қадар аккредитацияланган деб ҳисобланади.


6. Лицензияга эга бўлган, давлат аккредитациясидан ўтмаган нодавлат таълим муассасалари битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат аккредитация қилинган таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари бўйича имтиҳонлар топширгандан кейин берилади.


7. Таълим муассасалари аттестацияси Давлат инспекцияси томонидан ташкил этилади.


II. АТТЕСТАЦИЯ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


8. Умумий ўрта таълим муассасалари 9 йилда, бошқа таълим муассасалари 5 йилда бир марта аттестациядан ўтказилади.

Олий таълим муассасаси таркибида филиаллар ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тури мавжуд бўлса, уларнинг аттестацияси олий таълим муассасасининг асосий таълим фаолияти аттестацияси билан бир вақтда ўтказилади.

9. Янги ташкил этилган таълим муассасаси аттестацияси биринчи битирув якунларига кўра таълим олувчилар тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.


10. Аттестация жараёнида таълим турлари бўйича таълим муассасаларининг охирги уч йиллик фаолиятини комплекс таҳлил этиш асосида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:

а) мактабгача таълим муассасаларида:

таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги;

тарбияланувчиларнинг таълим тарбия дастурларини ўзлаштириш даражаси;

тарбиячи-педагог кадрлар салоҳияти;

болалар ривожи учун ўйинчоқлар, услубий қўлланма ва болалар адабиёти билан таъминланганлиги, спорт майдончалари ва зарур шароитларнинг яратилганлиги, овқатланиш ҳамда дам олиш хоналарининг белгиланган санитария-гигиеник ва эстетик талабларга мослиги, шунингдек, фойдаланиш ҳолати;

б) умумий ўрта таълим муассасаларида:

таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги;

ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги;

ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси;

педагог кадрлар салоҳияти;

таълим жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги;

моддий-техник салоҳиятни ривожлаитириш бўйича давлат дастурининг бажарилиш ҳолати;

маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилиш сифати; ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифати; рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланилиш сифати;

в) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида:

ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлиги; .

таълим муассасаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлик ҳолати;

ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси (билими);

педагог, муҳандис-педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг сифат таркиби;

ўқув режасидаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, луғат, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарслик)нинг мавжудлиги ва кутубхона фондининг улар билан тўлдирилганлиги;

кутубхонанинг ўқитиш тилига мос ҳолда ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилиши;

моддий-техник таъминоти, ўқув, лаборатория ва амалиёт хоналари ҳамда устахоналарнинг жиҳозланиши, ахборот коммуникацион технологияларининг жорий этилганлиги, компьютерлаштириш даражаси, моддий-техник базасининг мавжуд таълим йўналишларига мослиги;

мавжуд ўқув-лаборатория жиҳозлари, дастгоҳ, асбоб-ускуна ва техникаларнинг ўқув жараёнида ишлатилиши;

замонавий педагогик технологияларнинг ўқув жараёнида қўлланилиши;

иқтидорли ўқувчилар, республика ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари салмоғи;

таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси, таълим муассасаларида васийлик кенгашларининг ташкил этилганлиги ҳамда улар фаолиятининг самараси;

касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлиги, таълим муассасасига ўқувчилар қабул қилиш жараёнининг ташкил этилиши ва амалга оширилиши;

битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш даражаси;

маънавий-маърифий ишларнинг режа асосида ташкил этилганлиги ва унинг самараси;

ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳолати;

г) олий таълим муассасаларида:

давлат таълим стандартларининг ўқув жараёнига жорий этилиши;

талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими);

профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти;

илмий-тадқиқот ишларининг истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб олиб борилаётганлиги;

талабаларнинг дарслик (жумладан, электрон дарсликлар) ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик даражаси;

моддий-техник таъминоти, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютерлаштириш салмоғи, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан тўлдирилиш ҳолати ва улардан фойдаланилиши ҳамда фойдали ўқув-лаборатория майдони билан таъминланганлик даражаси;

замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши;

таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграцияси;

таянч докторантура ва докторантура орқали ҳамда мустақил изланувчилик асосида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш фаолияти;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорлиги;

маънавий-маърифий фаолияти;

битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга ёки ишга жойлашиши;

халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги;

г-1) олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида:

давлат талабларининг таълим жараёнига жорий этилиши;

фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) диссертациялари мавзулари ва бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларнинг республика илмий-техник ҳамда технологик ривожланиш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига мослиги;

илмий маслаҳатчилар таркибининг сифат кўрсаткичлари ҳамда уларнинг илмий-ташкилий фаолияти натижалари;

кадрлар тайёрлаш бўйича истиқбол режанинг устувор йўналишларга мослиги;

таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси эътироф этган журналларда, шунингдек хорижий нашрларда илмий мақолаларни чоп этиш фаолияти;

илмий-экспериментал, моддий-техник базанинг ҳолати;

таянч докторант ва докторантларга ижтимоий, илмий, ижодий ҳамда лойиҳалаш ишларини олиб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар;

таянч докторант ва докторантларнинг шахсий иш режаларининг бажарилиши, ҳисоботларининг олий таълим муассасаларининг кенгаши ёки илмий тадқиқот муассасаларининг илмий (илмий-техникавий) кенгашлари, тегишли бўлим, лаборатория ва бошқаларда муҳокама қилинганлиги ҳамда тасдиқланган режага мос деб топилганлиги;

таянч докторант ва докторантлар фаолияти самарадорлиги мониторингини олиб борилиши ҳолати;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институтини битирган таянч докторантларнинг фалсафа доктори (PhD) ва докторантларнинг фан доктори (Doctor of Science) диссертацияларини ҳимоя қилиш ҳолати;

фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) диссертациялари доирасида олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий этиш ҳолати ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги;

д) кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларида:

давлат талабларининг ўқув жараёнига жорий этилиши;

моддий-техник, ўқув-лаборатория таъминоти, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш ҳолати;

илмий-педагогик кадрлар салоҳияти ва улар фаолиятининг самарадорлиги;

ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот тохнологияларининг жорий этилишига (жумладан, мультимедиа ва бошқа услубларнинг қўлланилиши);

таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорлик фаолияти.


11. Таълим муассасалари аттестацияси холислик, тўла ошкоралик, даврийлик ва педагогик этика меъёрларига амал қилинган ҳолда ўтказилади.


11-1. Нодавлат таълим муассасаларини аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аттестациядан ўтказганлик учун йиғим Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилади.

12. Давлат инспекцияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган бошқа вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда аттестация улар асосида ўтказилади.

13. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар аттестация жадвалини ҳамда аттестация текширувига оид ҳужжатларни аттестация бошланишидан 3 ой олдин Давлат инспекциясидан оладилар.

14. Давлат инспекциясида аттестациядан ўтувчи таълим муассасаси учун аттестациядан ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар йиғма жилди йиғилади. Унда:

Комиссия тузиш ҳақидаги буйруқ (қарор);

таълим муассасасининг комиссияга тақдим этган ҳужжатлари нусхалари;

аттестация натижалари бўйича комиссия хулосаси;

аттестация натижалари бўйича Давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи жамланади.

Ҳужжатлар йиғмажилди навбатдаги аттестация ўтказилгунга қадар Давлат инспекциясида сақланади.


III. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ ТАРКИБИ


15. Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш учун Давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилади. Аттестация комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия)лари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан тузилади ва таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мутахассислари, фан ва таълим касаба уюшмаси ҳамда жамоатчилик вакиллари жалб этилади. Комиссияни туман (шаҳар) ҳокимининг масъул ўринбосари бошқаради.

Давлат инспекцияси таълим муассасалари аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

16. Бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига бўйсунувчи умумий ўрта мактаб таълим муассасалари учун Комиссиялар таркибига ушбу вазирлик ҳамда унинг вилоятлардаги бошқармалари мутахассислар таълим муассасалари педагоглари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари жалб этилади. Комиссия Давлат инспекцияси томонидан тузилиб, унга Давлат инспекцияси ходими раҳбарлик қилади.

17. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, олий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари учун Комиссиялар таркибига мос равишда таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ва тармоқ илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, таълимни бошқарув бўйича ваколатли давлат органларининг масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари ва тегишли ишлаб чиқариш корхоналарининг юқори малакали мутахассислари жалб этилади ҳамда улар аттестация қилинаётган таълим муассасаларига алоқадор бўлмаслиги лозим.

Комиссия Давлат инспекцияси томонидан тузилиб, унга Давлат инспекцияси ходими раҳбарлик қилади.

18. Комиссия аъзоларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган харажатлар уларнинг асосий иш жойи маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бунда тегишли бюджет ташкилотларидан жалб қилинган аттестация комиссияси аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатлари ушбу бюджет ташкилотларининг тасдиқланган харажатлар сметасида хизмат сафари учун кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

19. Комиссиялар таркиби ва иш муддати таълим муассасаларининг тури ҳамда таълим йўналишларига қараб белгиланади.



IV. АТТЕСТАЦИЯ ЯКУНЛАРИ


20. Комиссия таълим муассасасидаги таълим дастурлари, йўналишлар ва мутахассисликларни аттестация қилиб, уларда кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлиги ҳақида хулоса тайёрлайди.


21. Комиссия таълим муассасаси раҳбарияти билан биргаликда аттестациядан ўтмаган таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда таълим муассасаси фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқади. Давлат инспекцияси аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади.

22. Мактабгача таълим муассасалари аттестацияси бўйича экспертлар томонидан тарбияланувчилар учун ўтказилган назорат ишлари натижалари, давлат талабларини ўзлаштириш даражаси, таълим муассасаси Уставида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича таълим муассасаси тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

ўтказилган назорат ишларида тарбияланувчиларнинг 80 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси фаолияти мезонда белгиланган умумий баллнинг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганда "Аттестациядан ўтди";

ўтказилган назорат ишларида тарбияланувчиларнинг 60 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 65 фоизи ва ундан юқори баҳоланганда "Аттестациядан шартли ўтди";

ўтказилган назорат ишларида тарбияланувчиларнинг 60 фоизидан ками ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 65 фоизидан паст баҳоланганда "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилади.


23. Мактабгача таълим муассасалари "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилганда, улар бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади.


24. Мактабгача таълим муассасалари "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилганда:

уларни тугатиш ёки қайта ташкил этиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат таълим муассасалари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат таълим муассасалари учун) масаласи қўйилади.


25. Умумий ўрта таълим муассасалари аттестацияси бўйича сўнгги уч йилда таълим муассасаси битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва экспертлар томонидан ўтказилган назорат ишлари натижалари, таълим муассасаси давлат таълим стандартлари ва Уставида белгиланган вазифаларнинг бажарилиш даражаси асосида таълим муассасаси тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

битирувчиларнинг 75 фоизи ва ундан кўпи, назорат ишларида ўқувчиларнинг 60 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 70 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда "Аттестациядан ўтди";

битирувчиларнинг 60 фоизи ва ундан кўпи, назорат ишларида ўқувчиларнинг 50 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда "Аттестациядан шартли ўтди";

битирувчиларнинг 50 фоизи ва ундан ками "қониқарли" баҳоланган бўлиб, назорат ишларида ўқувчиларнинг 50 фоизи ва ундан кўпи "қониқарсиз" баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилганда, улар бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади.


26. Умумий ўрта таълим муассасаси "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилса:

таълим муассасаси раҳбарларини навбатдан ташқари аттестацияга жалб этиш;

таълим муассасаси битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини бошқа таълим муассасаси битирувчилари билан қўшиб ўтказиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат таълим муассасалари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат таълим муассасалари учун) масаласи қўйилади.

Бунда "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган нодавлат таълим муассасаларининг ўқувчиларини бошқа умумий ўрта таълим муассасаларига кўчириш масаласи халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими томонидан амалга оширилади.

27. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги мавжуд таълим йўналишларининг 70 ва ундан кўп фоизи аттестациядан ўтган ҳолда таълим муассасаси "Аттестациядан ўтди", 30 дан 70 фоизгача - "Аттестациядан шартли ўтди", 30 ва ундан кам фоизида "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилади.


28. "Аттестациядан ўтди" ва "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилган ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг аттестациядан ўтмаган таълим (тайёрлов) йўналишлари бўйича кўрсатилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш учун бир йил муддат берилади ва ушбу муддат тугагандан сўнг бу таълим (тайёрлов) йўналишлари қайта аттестациядан ўтказилади.

29. Қайта аттестация натижаларига кўра "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган таълим (тайёрлов) йўналишлари тугатилади.

30. "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилган таълим муассасалари бўйича таълимни бошқарув давлат органларига таълим муассасаси раҳбарияти, аттестациядан ўтмаган йўналишларга масъул бўлим бошлиқлари ва кафедра мудирларининг ўз лавозимларига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳамда аттестация жараёнида аниқланган камчилик ва нуқсонларни тугатиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия қилинади.


31. "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

таълим муассасаси фаолиятини қайта ташкил этиш бўйича таълимни бошқарув давлат органларига таклиф киритиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат таълим муассасалари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат таълим муассасалари учун).

Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган нодавлат таълим муассасаларининг ўқувчиларини бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига кўчириш масаласи ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

32. Олий таълим муассасасида мавжуд йўналишлар ва мутахассисликларнинг умумий сонига нисбатан 75 ва ундан кўп фоизи "Аттестациядан ўтди" деб хулоса қилинса, таълим муассасаси "Аттестациядан ўтди", 67 фоиздан 75 фоизгача - "Аттестациядан шартли ўтди", 67 ва ундан кам фоизида "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилади.


33. "Аттестациядан ўтди" деб эътироф этилган олий таълим муассасасининг аттестациядан ўтмаган йўналишлари ва мутахассисликларига кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун бир йил вақт берилади. Ушбу муддат тугаганидан сўнг олий таълим муассасасининг аттестациядан ўтмаган йўналишлари ва мутахассисликлари қайтадан аттестациядан ўтказилади ҳамда таълим муассасаси фаолиятида қайд этилган бошқа камчиликларнинг бартараф этилганлиги ўрганилади.


34. "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилган олий таълим муассасасининг проректорлари, аттестациядан ўтмаган йўналишлар ва мутахассисликларга масъул деканлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади. Тегишли мутахассис чиқарувчи кафедралар мудирларининг ўз вазифаларини қониқарсиз бажараётганликларини қайд этиб, олий таълим муассасаси ректорига келгусида уларнинг кафедраларни бошқариши ёки бошқармаслиги масаласини олий таълим муассасаси Илмий кенгашига киритиш бўйича тавсия берилади.

Аттестациядан ўтмаган йўналишлар ва мутахассисликлар бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтказилади.


35. Қайта аттестациялаш натижаларига кўра "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ёпилали.


36. Олий таълим муассасаларининг қайта аттестациядан ўтмаган таълим йўналиши ва мутахассисликлари битирувчиларини якуний давлат аттестацияси ушбу олий таълим муассасасининг юқори турувчи вазирлик (идора) томонидан ташкил этилган давлат аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.

37. "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган олий таълим муассасаси тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш; таълим муассасасининг мақомини ўзгартириш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат олий таълим муассасалари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим муассасалари учун).


37-1. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида камида битта ихтисослик аттестациядан ўтган тақдирда, мазкур муассаса ушбу таълим тури бўйича "Аттестациядан ўтди" деб эътироф этилади.

37-2. Олий ўқув юртидан кейинги таълим ихтисосликларини охирги 3 йилда битирган таянч докторантлар ва докторантлардан диссертацияси илмий даража берувчи илмий кенгаш томонидан ҳимояга қабул қилинганлар сони 10 фоиздан кам бўлса ихтисосликка нисбатан "Аттестациядан ўтмади" деган қарор қабул қилинади.

37-3. "Аттестациядан ўтди" деб эътироф этилган олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасининг аттестациядан ўтмаган ихтисосликлари бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади.

37-4. Қайта аттестация натижаларига кўра "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган ихтисосликларга қабул тўхтатилади. Қайта аттестация натижалари қабулни тўхтатиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига юборилади.

37-5. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилганда:

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича қабул тўхтатилади;

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензиянинг амал қилиши тугатилади (нодавлат олий таълим муассасалари учун);

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим муассасалари учун) масаласи кўрилади;

таълим олаётганлар илмий ишларини давом эттириши учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан бошқа турдош таълим муассасаларига ўтказилади.

37-6. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг мониторинги натижалари ҳамда олий ёки илмий-тадқиқот таълим муассасалари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жойларга чиқмаган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.

38. Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассаса(МОМ)лари бўйича:

МОМнинг давлат талаблари ва Уставида белгиланган вазифалари, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, илмий-педагог кадрлар салоҳияти ва улар фаолиятининг самарадорлиги, моддий-техник ва ўқув-лаборатория таъминоти, ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши, ишлаб чиқариш билан интеграция ва халқаро ҳамкорлик бўйича фаолияти Давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган мезонлар билан баҳоланади. Мезонлар асосида МОМда мавжуд курсларнинг 75 ва ундан кўп фоизи аттестациядан ўтса, МОМ "Аттестациядан ўтди", 55 фоиздан 75 фоизгача аттестациядан ўтса, МОМ "Аттестациядан шартли ўтди", 55 дан кам фоизи аттестациядан ўтса, МОМ "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилади.

"Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилган МОМ бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади.

"Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган МОМ тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

таълим муассасасини қайта ташкил этиш,

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат олий таълим муассасалари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат олий таълим муассасалари учун).


38-1. "Аттестациядан шартли ўтди" деб эътироф этилган таълим муассасаларининг давлат аккредитацияси қайта аттестация ўтказилгунга қадар узайтирилган ҳисобланади.

38-2. Қайта аттестация натижаларига кўра таълим муассасасига нисбатан "Аттестациядан ўтди" ёки "Аттестациядан ўтмади" деган қарорлардан бири қабул қилинади.

39. Давлат инспекцияси таълим муассасалари аттестацияси жараёнида аниқланган камчилик ва нуқсонларнинг ўз вақтида бартараф этилишини мунтазам назорат қилади.

40. "Аттестациядан ўтди" деб эътироф этилган таълим муассасасини аккредитациялаш учун зарур ҳужжатлар Давлат инспекциясига тақдим этилади.


V. ДАВЛАТ АККРЕДИТАЦИЯСИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


41. Таълим муассасасини аккредитациялаш учун Давлат инспекцияси қошида доимий фаолият кўрсатувчи Аккредитация комиссияси тузилади. Комиссия таркиби Давлат инспекцияси буйруғи билан тасдиқланади. Ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказишда Аккредитация комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими жалб этилади. Давлат инспекцияси директори Аккредитация комиссиясининг раиси ҳисобланади.

42. Давлат аккредитацияси таълим муассасасининг аттестацияси хулосаларига кўра амалга оширилади. Аккредитация комиссияси таълим муассасаси фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат талаблари мезони ҳамда талабларига жавоб беришини эътироф этиш билан биргаликда унинг мақомини ҳам белгилайди.


43. Таълим муассасасини аккредитациялаш учун Аттестация комиссияси томонидан таълим муассасаси аттестацияси хулосаси Аккредитация комиссиясига тақдим этилади.

44. Таълим муассасасини давлат аккредитациясидан ўтказиш ҳақидаги қарор ҳужжатлар топширилгандан кейин бир ой муддатда қабул қилинади,

Таълим муассасасини аккредитациялаш юзасидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, таълим муассасасига 2 ҳафта давомида давлат аккредитацияси ҳақида ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган шаклдаги сертификат берилади.

Сертификатда таълим муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, тури, мақоми ва сертификатнинг амал қилиш муддати қайд этилади.

Сертификатга таълим муассасасининг таълим дастурлари, йўналиш ва мутахассисликлари рўйхати илова қилинади (2-илова),

Сертификат 5 йил муддатга берилади.

Сертификат бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Сертификат бланкалари намуналари Давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилади ва унинг буюртмасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади. Давлат инспекцияси бошлиғи сертификат бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

45. Таълим муассасаси қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда давлат аккредитацияси ҳақидаги сертификат ўз кучини йўқотади.


46. Давлат аккредитациясидан ўтган таълим муассасаси томонидан таълимга оид қонунлар бузилганлиги ёки амалга оширилаётган таълим хизматлари Давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мос келмаслиги ёки сертификатда белгиланган кўрсаткичлар доирасидан четга чиқишлар аниқланган тақдирда Давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда давлат аккредитацияси ҳақидаги сертификат бекор қилиниши мумкин.

47. Давлат аккредитациясидан ўтган таълим муассасалари Давлат инспекциясида ҳисобга олинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Таълим муассасалари янги ташкил этилганда, қайта ташкил этилганда, тугатилганда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан, нодавлат таълим муассасалари тугатилганда таъсисчилари томонидан тегишли қарор нусхаси бир ҳафта муддатда Давлат инспекциясига тақдим этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан биргаликда ташкил этилган таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларининг таълим муассасалари филиаллари аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги ёки унга тенглаштирилган ҳужжатни асосий таълим муассасасидан олгандан сўнг, унинг нусхасини икки ҳафта муддатда Давлат инспекциясига тақдим этиши шарт.

Давлат инспекцияси ушбу ҳужжатлар асосида давлат аккредитациясидан ўтган таълим муассасалари реестрига тегишли ўзгартиришларни киритади.

48. Таълим муассасалари аттестацияси ва давлат аккредитацияси натижаларидан норози бўлган таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг таъсисчилари белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари мумкин.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Герби


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ


ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ

Давлат аккредитацияси ҳақида


СЕРТИФИКАТ


200___й. "___"___                                                                          № 0000


Ушбу ҳужжат аттестация натижаларига кўра _______________________

________________________________________________________________

(юридик манзили)


манзилида жойлашган ___________________________________________

____________________________________________________________нинг

(таълим муассасасининг номи)


давлат аккредитацияси __________________________________________

________________________________________________________________

(таълим муассасасининг тури)

________________________________________________________________

(таълим муассасасининг мақоми)


мослигини тасдиқлайди ва битирувчиларга мазкур сертификат иловасига

мувофиқ таълим йўналиш (мутахассислик)лари, дастурлари, босқичлари

бўйича давлат намунасидаги таълим ҳақидаги ҳужжатларни бериш ҳуқуқини

кафолатлайди (сертификат иловаси билан ҳақиқийдир).


Амал қилиш муддати _____ йил


М.Ў.

Таълим сифатини назорат қилиш

давлат инспекцияси бошлиғи

(имзо)

(Ф.И.Ш.)

Серия         № 0000






Низомга

2-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ


ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ

200__ йил ____ __________да N ____-рақами билан қайд этилган


Давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификатга илова


________________________________________________________________

(таълим муассасасининг тўлиқ номи ва юридик манзили)



Таълим йўналиш (ихтисослик, мутахассислик)лари

РЎЙХАТИ

Т/р

Таълим йўналишлари

(ихтисослик, мутахассислик)

шифри ва номи


Таълим шакли

(кундузги, сиртқи)


Кадрлар тайёрлаш

даражаси


1

2


3

4

М.Ў.

Таълим сифатини назорат қилиш

давлат инспекцияси бошлиғи

(имзо)

(Ф.И.Ш.)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 6-7-сон, 37-модда.































Время: 0.1967
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск