Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Кредитлаш /

Тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъектларига бюджетдан ташқари жамғармалар ва Микрокредитбанк кредит линиялари ҳисобидан микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 21.02.2006 й. 1548-сон билан рўйхатга олинган 31.12.2005 й. Марказий банк Бошқарувининг 273-В-сон, Молия вазирлигининг 111-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 21 февралда 1548-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқаруви ва

Молия вазирлиги томонидан

2005 йил 31 декабрдаги

273-В, 111-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



Тижорат банклари томонидан кичик бизнес

субъектларига бюджетдан ташқари жамғармалар

ва Микрокредитбанк кредит линиялари ҳисобидан

микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Ўзбекистон Республикасининг "Микромолиялаш тўғрисида" Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 9 апрелдаги ПФ-1987-сонли "Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2003 йил 23 декабрдаги ПФ-3367-сонли "Кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъектларини бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда Микрокредитбанкнинг кредит линиялари ҳисобидан кредитлаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


микрофирма - банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони ишлаб чиқариш тармоқларида йигирма кишидан; хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларида ўн кишидан; улгуржи ва чакана ҳамда савдо умумий овқатланиш тармоқларида беш кишидан ошмайдиган корхона;


кичик корхона - банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони:

енгил ва озиқ-овқат саноатида, металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноати ҳамда қурилиш материаллари саноатида юз кишидан;

машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қурилиш ҳамда бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларида эллик кишидан;

фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида йигирма беш кишидан ошмайдиган корхона;


деҳқон хўжалиги - оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган ва реализация қиладиган, юридик шахсни ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда фаолият юритадиган оилавий майда товар хўжалиги;


фермер хўжалиги - юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган, ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда товар қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи мустақил хўжалик юритувчи субъект;


бюджетдан ташқари жамғармалар - Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси, Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва корхоналарни таркибий ўзгартириш жамғармаси ҳамда собиқ "Бизнес Фонд"га қарашли кредит линияларини АТ "Микрокредитбанк"га қайтарилиши натижасида шаклланадиган АТ "Микрокредитбанк" (қуйида - Микрокредитбанк) имтиёзли кредит ресурслари;

бюджетдан ташқари жамғарма кредит линияси - бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда Микрокредитбанк томонидан кичик бизнес субъектларини мақсадли асосда кредитлаш учун тижорат банкларига, уларнинг балансида унинг суммасини акс эттирган ҳолда, ажратиладиган маблағлар.


2. Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда бюджетдан ташқари жамғармалар, шу жумладан, Микрокредитбанкнинг кредит линияси учун ҳисобланадиган фоиз миқдори ҳамда кичик бизнес субъектларига берилган микрокредитлар ва лизинг хизмати учун ҳисобланадиган фоиз ставкалари ҳам мос равишда ўзгаради.

Мазкур талаб бюджетдан ташқари жамғармалар, шу жумладан, Микрокредитбанк билан тижорат банклари ўртасида тузиладиган кредит линияси очиш тўғрисидаги кредит шартномасида, шунингдек, тижорат банки ва кичик бизнес субъектлари ўртасида ушбу кредит линияси ҳисобидан кредит бериш ҳамда лизинг компаниялари ва кичик бизнес субъектлари ўртасида тузиладиган лизинг шартномасида белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


3. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан микрокредитлар қуйидаги мақсадларга берилиши мумкин эмас:

илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга;

тамаки ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқаришга;

савдо-воситачи корхоналар айланма маблағларини шакллантиришга;

савдо объектларини қуришни молиялашга, аҳолига ҳар хил ўйинлар кўринишидаги хизматларни кўрсатиш ва улар учун ускуналар сотиб олишга, қимор ўйинларини ташкил этишга;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олишга;

маъмурий харажатларни тўлашга, шу жумладан, хизмат автомобиллари таъминотига;

идора учун мебель сотиб олишга, уяли телефон, пейжер сотиб олишга, алоқа хизматлари учун тўловга.



II. ЯНГИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН КИЧИК БИЗНЕС

СУБЪЕКТЛАРГА ДАСТЛАБКИ (БОШЛАНҒИЧ)

САРМОЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА МИКРОКРЕДИТЛАР

БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИЛИШИНИНГ ШАРТЛАРИ


4. Дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлар собиқ "Бизнес-Фонд"га тегишли кредит линиялари маблағларини Микрокредитбанкка қайтарилиши натижасида шаклланадиган имтиёзли кредит ресурслари ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.


5. Дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлар фақат янгидан очилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган кундан 6 ойдан ошмаган давр мобайнида кредит олиш учун тегишли хизмат кўрсатувчи банкка буюртма берган юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликлари, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг фаолиятини бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга, инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишга, асбоб-ускуналар сотиб олиш учун берилади.

Ушбу микрокредитларни олишда ходимларининг 50 фоизидан ортиғини ногиронлар, шу жумладан, Кўзи ожизлар жамияти аъзолари ташкил этган кичик бизнес субъектлари устуворликка эга бўладилар.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар устав капитали шакллангандан кейин ташкил этилишлари муносабати билан уларга ушбу микрокредитлар берилмайди.


6. Дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлар юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликлари ва микрофирмаларга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорда ҳамда кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача бўлган миқдорда берилади.


7. Дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз миқдори Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 1/6 қисмини ташкил этади.


8. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга кредитлар қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз 3 йилгача бўлган муддатга берилади.

Дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантириш учун берилган микрокредитлар бўйича фоизлар ушбу кредитлар берилган кундан бошлаб ҳисобланади ва 12 ой муддат ўтгач ундирилади.

Мазкур микрокредитлар учун ҳисобланган фоизлар дастлабки 12 ой давомида тижорат банклари даромад (фойда) солиғи ҳисоблаш базасига киритилмайди.


9. Микрокредитбанк кредит линияси маблағлари ҳисобидан Микрокредитбанкнинг ўз мижозларига дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга берилган кредитлар учун ҳисобланган фоизлар банкнинг ихтиёрида қолдирилади ва унинг балансида ўрнатилган тартибда акс эттирилади.


10. Кичик бизнес субъектлари томонидан дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлар беришни сўраб уларга хизмат кўрсатувчи банкларга мазкур Низомнинг 60-бандида келтирилган ҳужжатлар тақдим этилади.



III. АКЦИЯДОРЛИК-ТИЖОРАТ

ТАДБИРКОРБАНКНИНГ КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ

ҲИСОБИДАН ЛИЗИНГ КОМПАНИЯЛАРИГА

ЛИЗИНГНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ОЧИШ ТАРТИБИ


11. Тижорат банклари томонидан собиқ "Бизнес-Фонд"га тегишли кредит линиялари маблағларини Микрокредитбанкка қайтарилиши натижасида шаклланадиган имтиёзли кредит ресурсларининг бир қисми кичик бизнес субъектларига имтиёзли лизинг хизматлари кўрсатиш мақсадларида фойдаланиш учун лизинг компанияларига кредит линияларини очишга йўналтирилади.


12. Микрокредитбанк кредит линиялари ҳисобидан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган кичик бизнес субъектларига имтиёзли лизинг хизмати кўрсатилади. Бунда лизинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади, унинг 2/1 қисми Микрокредитбанк маржасини ташкил этади.


13. Лизинг компаниялари Микрокредитбанк кредит линиялари ҳисобидан юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектларига фақат саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатувчи муқобил машина-трактор паркларига техника ва ускуналарни лизинг асосида етказиб бериш учун имтиёзли лизинг хизмати кўрсатишда фойдаланишлари мумкин. Бунда ходимларининг 50 фоизидан ортиғини ногиронлар, шу жумладан, Кўзи ожизлар жамияти аъзолари ташкил этувчи кичик бизнес субъектлари лизинг хизматини олишда устуворликка эга бўладилар.


14. Кредит линияларини очиш учун Микрокредитбанк билан лизинг компанияси ўртасида кредит шартномаси тузилади. Кредит шартномасида очиладиган кредит линиясига хизмат кўрсатишнинг асосий шартлари, имтиёзли фоиз ставкаси миқдори, лизинг компанияси маржаси, Микрокредитбанк билан лизинг компанияси ўртасидаги ўзаро мажбуриятлар белгиланади.


15. Микрокредитбанк бир ёки бир нечта лизинг компанияси билан кредит линиясини очиш тўғрисида шартнома тузиш ҳуқуқига эга.


16. Микрокредитбанк билан лизинг компанияси ўртасида тузиладиган кредит шартномасида қуйидаги шартлар белгиланиши лозим:

кредит линияси суммаси;

ажратилаётган кредит линияси ҳисобига лизинг операцияларини амалга оширишга маблағлар ажратишнинг чораклар ва вилоятлар бўйича тақсимоти;

лизинг компанияси маржаси чегириб ташланган ҳолдаги имтиёзли фоиз ставкаси;

кредит линияси маблағларини лизинг компанияси томонидан мақсадли ишлатилиши устидан мониторингни амалга ошириш тартиби.


17. Микрокредитбанк томонидан лизинг компанияларига кредит линияси очиш учун тақдим этилган маблағларининг ҳисоби кредит линияси муддатига мос равишда очиладиган 15401 - "Банк бўлмаган молиявий муассасаларга бериладиган узоқ муддатли кредитлар" ҳисобварағида юритилади.


18. Микрокредитбанк томонидан лизинг компанияларига кичик бизнес субъектларига лизинг хизмати кўрсатиш мақсадида очилган кредит линияларидаги маблағлар ҳисоби лизинг компанияларининг балансида қонунчиликда белгиланган тартибда юритилади.


19. Лизинг хизмати кўрсатиш учун очилган кредит линиялари маблағлари учун фоизлар тўлови кредит линиясига маблағлар ўтказиб берилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади ва унинг тўлови ҳар ойда амалга оширилади.


20. Лизинг компаниялари Микрокредитбанк кредит линияси маблағларининг кредит шартномасида белгиланган муддатларда ишлатилмаган қисмига кредит шартномаси шартларига мувофиқ Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкаси миқдорида фоиз тўлайдилар.


21. Ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган мақсадлардан ташқари бошқа мақсадлар учун лизинг хизмати кўрсатилиши кредит линияси маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш деб баҳоланади ва у Микрокредитбанк ва лизинг компанияси ўртасидаги кредит линияси очиш шартномасида белгиланган чораларни кўриш учун асос ҳисобланади.


22. Микрокредитбанк билан лизинг компаниялари ўртасида кейинги кредит линиялари очилганда янги кредит линияларининг суммалари кўрсатилган ҳолда қўшимча кредит шартномаси расмийлаштирилади.


23. Кредит линиясининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин лизинг компанияси Микрокредитбанкка кредит линияси маблағларини, тўланмаган фоизлар қолдиғини қўшиб ҳисоблаган ҳолда, лизинг олувчи томонидан лизинг тўловларини ҳақиқатда қайтарилишидан қатъи назар, кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтариб бериши шарт.


24. Лизинг компаниялари Микрокредитбанк кредит линияларини ўзлаштиришнинг аҳволи тўғрисида ҳар чоракда Микрокредитбанкка, лизинг хизмати кўрсатилган кичик бизнес субъектлари рўйхатини илова қилган ҳолда, ахборот тақдим этадилар. Ушбу ахборотлар маълумотлари бўйича ҳар чоракда лизинг компанияси билан Микрокредитбанк ўртасида маблағларни ишлатишни солиштириш далолатномалари тузилади.



IV. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА

КЎМАКЛАШУВЧИ ДАВЛАТ ЖАМҒАРМАСИ

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ҲИСОБИДАН

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА

МИКРОКРЕДИТЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ


25. Оилавий тадбиркорлик жисмоний шахсларнинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошириладиган биргаликдаги фаолияти бўлиб, эр-хотин томонидан уларга биргаликдаги умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган умумий мол-мулк негизида амалга оширилади. Оилавий тадбиркорлик эр-хотиннинг ва уларга кўмаклашадиган оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.


26. Оилавий тадбиркорлик субъекти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эр-хотиндан қайсисининг номига рўйхатга олинган бўлса, у оилавий тадбиркорлик субъекти номидан ишни олиб боради.


27. Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатига олиш вақтида бериладиган гувоҳномада якка тартибдаги тадбиркорлик оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши кўрсатилади. Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатига олинганлиги ҳақидаги Гувоҳномада тадбиркорлик фаолияти оилавий тадбиркорлик шаклида юритилиши тўғрисида ёзув бўлмаган ҳолларда, оилавий тадбиркорлик субъекти бошлиғи рўйхатга олувчи органга ушбу гувоҳноманинг "Изоҳлар" графасига бу ҳақда белги қўйиш учун мурожаат қилиши мумкин. Ушбу белгини қўйиш ариза асосида амалга оширилади.


28. Микрокредит олиш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги қатламлари устуворликка эга бўладилар:

кам таъминланган оилалар;

таркибида ногиронлар, шу жумладан, Кўзи ожизлар жамияти аъзолари, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар билан оғриган шахслар бўлган оилалар;

таркибида икки ва ундан ортиқ иш билан банд бўлмаган аъзолари мавжуд оилалар;

боқувчисини йўқотган оилалар;

ёш оилалар.

29. Оилавий тадбиркорлик субъектларини мазкур Низомнинг 28-бандида кўрсатилган оилаларга киритиш фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан оилаларни кўздан кечириш натижаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади ва микрокредит олиш учун тижорат банкига тақдим қилиш учун белгиланган тартибда маълумотнома берилади.


30. Оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар тижорат банклари томонидан Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан берилади. Тижорат банкларида кредит линияси очиш учун банк ва Бандлик жамғармаси ўртасида Бош келишув тузилади, унда ўзаро мажбуриятлар ва очилаётган кредит линиясига хизмат кўрсатишнинг асосий шартлари, оилавий тадбиркорлик субъектларининг кредитланаётган лойиҳаларига талаблар белгиланади.


31. Бандлик жамғармаси томонидан тижорат банкларида кредит линияларини очиш, кредит ресурсларидан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисоблаш ва тўлаш, кредит ресурсларини қайтариш ва уларнинг ўзаро жавобгарликлари ушбу Низомнинг VI-VII-бўлимларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда Бандлик жамғармаси томонидан оилавий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш учун ажратилган кредит ресурслари Бандлик жамғармаси кредит ресурслари умумий миқдорининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.


32. Оилавий тадбиркорлик субъектларига бериладиган микрокредитлар миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорини ташкил этади ва улар 2 йилгача муддатга, қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз берилади.


33. Оилавий тадбиркорликни ташкил этиш учун микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз миқдори Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 1/4 қисмини ташкил этади.

34. Микрокредитларни қайтариш, 6 ойлик имтиёзли даврни кўзда тутган ҳолда, оилавий тадбиркорлик субъекти бошлиғи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган кредит шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Асосий қарзни қайтариш ва ҳисобланган фоизларни тўлаш кредит шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.


35. Оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан уларга хизмат кўрсатувчи банкларга микрокредитлар беришни сўраб мазкур Низомнинг 59-бандида келтирилган ҳужжатлар тақдим этилади.



V. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН

БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАР

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ҲИСОБИДАН КИЧИК

БИЗНЕС СУБЪЕКТЛАРИГА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ

КЕНГАЙТИРИШ ВА ФАОЛИЯТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ МАҚСАДЛАРИ УЧУН

МИКРОКРЕДИТЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ


36. Бюджетдан ташқари жамғармаларнинг кредит линиялари ҳисобидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадлари учун микрокредитлар Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган кичик бизнес субъектларига берилиши мумкин. Бунда ходимларининг 50 фоизи ва ундан ортиғини ногиронлар, шу жумладан, Кўзи ожизлар жамияти аъзолари ташкил этган кичик бизнес субъектлари, қишлоқ жойларида хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари, ушбу кредит линиялари ҳисобидан микрокредит олишда устуворликка эга бўладилар.

Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кредитлар кичик бизнес субъектларига уларнинг намунавий ёки якка тартибда ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларига ҳамда товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ бўлган харажатларини молиялашга берилади.

Бунда ажратилаётган кредит маблағлари хизмат кўрсатиш соҳасида янги ташкил этилаётган корхоналарни фақат технологик жиҳозлаш мақсадларига йўналтирилади.

37. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган деҳқон хўжаликларига энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан ҳамда юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига энг кам иш ҳақининг 1000 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда берилади.

38. Бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадлари учун кичик бизнес субъектларини микрокредитлаш банк маржаси қўшиб ҳисобланадиган имтиёзли фоиз ставкаси асосида амалга оширилади. Ушбу микрокредитларга доир имтиёзли фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасига нисбатан қатъий фоизларда белгиланади.


39. Бюджетдан ташқари жамғармаларнинг кредит линиялари ҳисобидан бериладиган ушбу микрокредитлар учун имтиёзли фоиз ставкаси кредитланаётган инвестиция лойиҳаларининг йўналишидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги миқдорларда белгиланади:

деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ва кенгайтириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, фермерлик иншоотларини қуриш, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш учун микрокредитлар Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 1/3 қисми миқдорида;

бевосита ишлаб чиқариш соҳаси, яъни маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хом ашё ва материалларни тубдан қайта ишлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш ва қурилиш мақсадлари учун микрокредитлар Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 40 фоизи миқдорида;

хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун, жумладан, аҳолига маиший, тиббий, сайёҳлик-экскурсия ва меҳмонхона хизмати кўрсатиш, автомобиллар ва бошқа техника таъмири бўйича хизмат кўрсатиш, транспорт хизмати кўрсатишни ривожлантириш учун Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 45 фоизи миқдоригача.

Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши қарори билан белгиланган туманлардаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва корхоналарни таркибий ўзгартириш жамғармаси кредит линиялари ҳисобидан бериладиган микрокредитлар Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида ажратилади.

Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан берилаётган ушбу микрокредитлар бўйича банк маржаси имтиёзли фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Бунда банк маржаси ўрнатилган имтиёзли фоиз ставкалари миқдорининг ошишига олиб келмайди.


40. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари томонидан микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, имтиёзли давр белгиланган микрокредитларни истисно қилган ҳолда, ушбу кредит линиялари очилган кундан бошлаб ҳисобланади ва ундирилади.

Имтиёзли давр ўрнатилиб берилган микрокредитлар бўйича фоизлар улар берилган кундан бошлаб ҳисобланади ва имтиёзли давр тугаганидан кейин ундирилади.


41. Деҳқон ва фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга бериладиган микрокредитлар, қоида тариқасида, 2 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан бериладиган бошқа барча микрокредитлар 3 йилгача бўлган муддатга берилади.


42. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кичик бизнес субъектларига берилган кредитларнинг қайтариш муддатини узайтиришга рухсат берилмайди.


43. Бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан очилган кредит линиялари ҳисобидан микрокредитлар бериш ва улар бўйича имтиёзли давр белгилаш шартлари бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган низомларида белгилаб қўйилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда, тижорат банки ва бюджетдан ташқари жамғарма ўртасида тузиладиган бош келишувда белгилаб олинади.


44. Кичик бизнес субъектлари томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан ўз ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадлари учун микрокредитлар беришни сўраб, уларнинг ташкилий ҳуқуқий шаклидан келиб чиққан ҳолда, мазкур Низомнинг 59 ва 60 бандларида келтирилган ҳужжатлар тақдим этилади.



VI. БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАР

ТОМОНИДАН ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИНИ ОЧИШ ТАРТИБИ


45. Кредит линиясини очиш учун бюджетдан ташқари жамғарма, шу жумладан, Микрокредитбанк ва бош банк ўртасида бош келишув тузилади. Бош келишувда бюджетдан ташқари жамғарма ва бош банк ўртасида очиладиган кредит линиясига хизмат кўрсатишнинг асосий шартлари бўйича ўзаро мажбуриятлар, инвестиция лойиҳаларига бўлган асосий талаблар, инвестиция лойиҳаларининг ўз-ўзини қоплаш муддатлари билан боғлиқ ҳолда кредитлаш муддатлари, имтиёзли давр бериш шартлари, имтиёзли фоиз ставкаси, банк маржаси, банкларнинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан кредитлар бериш борасида ўрнатиладиган лимит (чегара)лар ва бошқа шартлар белгилаб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва корхоналарни таркибий ўзгартириш жамғармаси билан бош банк ўртасида тузиладиган бош келишув Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда ушбу жамғарма томонидан очилган кредит линиялари ҳисобидан микрокредитлар Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи Кенгаши қарори билан белгиланган туманлардаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

46. Бюджетдан ташқари жамғармалар бир ёки бир неча тижорат банклари билан кредит линиясини очиш тўғрисида Бош келишувларни тузишлари мумкин. Шунингдек тижорат банклари ҳам бир неча бюджетдан ташқари жамғармалар билан шундай келишувларни тузишга ҳақли.


47. Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан очилган кредит линиялари ҳисобидан микрокредитлар фақат Фермер хўжаликлари уюшмаси аъзоларига ҳамда деҳқон хўжаликларига, бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан очилган кредит линиялари ҳисобидан кредитлар эса барча кичик бизнес субъектларига маълум муддатлилик, қайтаришлик ва тўловлилик тамойиллари асосида берилади.


48. Бюджетдан ташқари жамғарма ва бош тижорат банки ўртасида Бош келишув имзоланганидан кейин, улар ўртасида кредит линияси очиш тўғрисида кредит шартномаси тузилади. Шунингдек кредит линиялари очиш учун кредит шартномалари тижорат банкларининг вилоят бўлимлари, агар уларга Бош банк томонидан ушбу ваколат берилган бўлса, ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг вилоят бўлинмалари ўртасида ҳам тузилиши мумкин.


49. Бош банк билан тузиладиган кредит линияси очиш тўғрисидаги кредит шартномасига қуйидаги шартлар киритилган бўлиши лозим:

бир йиллик кредит линиясининг, унда дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга бериладиган кредитлар учун ажратилган қисмини алоҳида кўрсатган ҳолда ҳамда чораклар ва вилоятлар бўйича бўлинган ҳолдаги миқдори;

банк маржаси чегирилган имтиёзли фоиз ставкаси;

кредит линиялари маблағлари йўналтириладиган мақсадлар;

берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби.


50. Бюджетдан ташқари жамғарма томонидан тижорат банкига кредит бериш тўғрисидаги кредит шартномасида ушбу маблағлар банк томонидан кичик бизнес субъектлари инвестиция лойиҳаларини молиялаш (оилавий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантириш ёки бошқа) мақсадларига кредит беришда кредит ресурслари сифатида ишлатилиши алоҳида қайд этилади.


51. Кредит шартномаси имзоланганидан кейин бюджетдан ташқари жамғарма ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай кредит линияси суммасини тижорат банкининг вакиллик ҳисобварағига ўтказади.


52. Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар 22005 - "Бюджетдан ташқари жамғармалардан олинган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварағида ҳисобга олинади.


53. Банклар очилган кредит линияси суммасига Бош келишувда белгилаб қўйилган банк маржаси чегирилган ҳолдаги имтиёзли фоиз ставкаси миқдорида фоизлар ҳисоблайди. Мазкур ҳисобланган фоизлар алоҳида ҳисобварақда жамланади ва кредит шартномасида келишиб олинган муддатларда бюджетдан ташқари жамғарманинг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.


54. Кейинги кредит линияларини очиш учун бюджетдан ташқари жамғарма ва тижорат банки ўртасида кредит шартномасига янги кредит линиялари суммаси кўрсатилган қўшимча келишув имзоланади.


55. Кредит линиясининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин Бош банк бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағларини уларни қарздорлар томонидан амалда қайтарилишидан қатъий назар, ҳисобланган фоизларини қўшган ҳолда, бюджетдан ташқари жамғарманинг банк ҳисобварағига қайтариши шарт.

Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кредит линияси очиш учун берилган маблағлар, агар у мазкур кредит бўйича кафил сифатида иштирок этган бўлса, банк қарздорлар томонидан ушбу кредитнинг қайтарилмаган қисмига тенг миқдорини чегириб ташлаган ҳолда, мазкур маблағларни унинг банк ҳисобварағига қайтариб бериши шарт.


56. Бюджетдан ташқари жамғарма унинг кредит линиялари ҳисобидан кичик бизнес субъектларига берилган микрокредитлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш мақсадида тижорат банкининг ўзида кредит йиғмажилдларини ўрганиш ҳамда тижорат банкининг вакили билан биргаликда, жойларга чиққан ҳолда текшириш ҳуқуқига эга. Ушбу текширишлар натижасида берилган кредитлардан мақсадли фойдаланилмаётганлиги аниқланган ҳолда, бюджетдан ташқари жамғарма тижорат банкидан кредит линиясининг мақсадсиз ишлатилган қисмини муддатидан олдин қайтаришини талаб қилишга ҳақли. Тижорат банки бюджетдан ташқари жамғарманинг ушбу талабини банк ва бюджетдан ташқари жамғарма ўртасида тузилган кредит шартномасида белгиланган шартлар асосида бажаришга мажбурдир.


57. Тижорат банклари бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линияларини ўзлаштириш ҳолати тўғрисида ҳар чоракда бюджетдан ташқари жамғармаларга ва ҳар ойда Марказий банкка, ушбу кредитларни олган кичик бизнес субъектлари реестрини илова қилган ҳолда, ҳисобот тақдим этадилар. Ушбу ҳисоботлардаги маълумотлар асосида ҳар чоракда банк ва бюджетдан ташқари жамғарма ўртасида маблағларнинг ишлатилиши ҳақида ўзаро солиштирув далолатномаси тузилади.



VII. БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАР

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ҲИСОБИДАН КРЕДИТ

БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ КИЧИК БИЗНЕС

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ БУЮРТМАЛАРИНИ

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


58. Кичик бизнес субъектлари бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кредит олиш учун ўзларига хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилишлари лозим.

Бюджетдан ташқари жамғармалар кредит линиялари ҳисобидан кредитлар олиш ҳақидаги буюртмада бюджетдан ташқари жамғарма номи ва сўралаётган кредит суммаси кўрсатилади.


59. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс мақомини олмасдан фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликлари томонидан микрокредитлар олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

микрокредит олиш учун кредит буюртмаси;

пул оқими таҳлили мажбурий тарзда кўрсатилган бизнес-режа;

микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти.


60. Юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари томонидан микрокредитлар олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

микрокредит олиш учун кредит буюртмаси;

пул оқими таҳлили мажбурий тарзда кўрсатилган бизнес-режа;

охирги ҳисобот санасига Давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) идораси томонидан тасдиқланган бухгалтерлик баланси (1-шакл), дебиторлик ва кредиторлик қарзи ҳақидаги маълумотнома (2а-шакл), шунингдек 90 кундан ортиқ муддатдаги қарздорликни солиштириш далолатномалари, молиявий натижалари ҳақида ҳисобот (2-шакл), деҳқон хўжаликлари ушбу ҳисоботларни тақдим этмайдилар;

микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти.


61. Олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи тез ва эркин сотилиш талабларига жавоб берадиган таъминотга эга бўлиши керак. Қарз олувчи банкка қуйидаги таъминот турларининг бирини ёки бир нечтасини тақдим этиши мумкин:

мулк ёки қимматли қоғозлар гарови;

банк ёки суғурта ташкилоти кафолати;

учинчи шахснинг кафиллиги;

суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслик хатарини суғурта қилингани тўғрисидаги суғурта полиси.

Кредит ҳисобига сотиб олинган мулк, унинг қийматининг 80 фоизи миқдорида мазкур кредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.

62. Банклар ўзлари билан доимий алоқага эга бўлган, банк ҳисобварағида мунтазам пул оқими мавжуд, яхши обрў ва кредит тарихига эга қарз олувчиларга, мазкур Низомнинг 60-бандида кўрсатилган таъминотни талаб қилмай, бланкли (ишончли) микрокредит бериш ҳуқуқига эгадирлар.


63. Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган ёзма шаклдаги 3 (уч) нусхада кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида кафил ва қарздор имзоларидан кейин, банк томонидан мазкур кафиллик қабул қилинганлиги тўғрисида банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр қўйилган ёзув киритилади.

Қарз олувчи олинган микрокредитни ва унга ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатларда тўламаган тақдирда банк Ўзбекистон Республикасининг "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонунининг 20-моддасига кўра ушбу микрокредитни кафилнинг банк ҳисобварағидан кафиллик шартномасида белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга.

64. Кредит шартномаси тузилганидан сўнг кредит бўлими ходими, муддати ва фоиз ставкасини кўрсатган ҳолда, ссуда ҳисобварағини очиш тўғрисида банк бухгалтериясига кўрсатма беради.


65. Микрокредит бериш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қарз олувчига кредит варақчаси очилади ва унинг ёрдамида кредит устидан назорат амалга оширилади.


66. Кичик бизнес субъектларининг Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит линиялари ҳисобидан кредит олиш тўғрисидаги кредит буюртмаларини кўриб чиқишда, кредитни қайтаришнинг таъминоти сифатида, Марказий банкнинг норматив ҳуқуқий ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа таъминот шакллари билан бир қаторда, мазкур жамғарма кафиллиги ҳам қабул қилиниши мумкин.


67. Кредит сўраб, мазкур Низомнинг 59 ва 60-бандларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, берилган кредит буюртмаси банкка келиб тушган кундан бошлаб, ушбу аризани банк томонидан кўриб чиқиб, розилик билдириши ёки ёзма равишда асослантирилган рад жавобини бериш муддати қуйидагича белгиланади :

оилавий тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган деҳқон хўжаликларининг ҳамда юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликлари, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга микрокредитлар бериш борасидаги кредит буюртмасини кўриб чиқиш муддати 5 иш кунидан;

бошқа микрокредитларни бериш тўғрисидаги кредит буюртмаларини кўриб чиқиш муддати 10 иш кунидан ошмаслиги керак.


68. Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг қарори узил-кесил бўлиб бюджетдан ташқари жамғарма кредит линияси ҳисобидан кредитлар беришни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.

Бунда бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан кичик бизнес субъектларини уларга мурожаат қилишини талаб қилиши, шунингдек тижорат банкларидан мазкур кредитларни ажратишга доир қарорлар ва шу масала билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни талаб қилишига йўл қўйилмайди.


69. Тижорат банки кредит қўмитаси томонидан кичик бизнес субъектининг инвестиция лойиҳаси маъқулланганидан кейин бюджетдан ташқари жамғарманинг кредит линиясида маблағ мавжуд бўлмаса, банк бўлими шу куннинг ўзида Бош банкка ёки ушбу банкнинг вилоят бўлимига мазкур кредит линияси бўйича қўшимча маблағлар ажратиш ҳақидаги буюртмани йўллайди.

Банк бўлимининг буюртмаси асосида Бош банк ёки унинг вилоят бўлими буюртма олинган куннинг эртасидан кечиктирмай тегишли бюджетдан ташқари жамғарма кредит линияси ҳисобидан талаб қилинаётган суммани ажратади.

Агар бюджетдан ташқари жамғарманинг Бош тижорат банкида очилган кредит линиясида маблағлар мавжуд бўлмаса, Бош банк шу куннинг ўзидаёқ бу ҳақда банк бўлимига хабар беради ва бир вақтнинг ўзида, бюджетдан ташқари жамғармага қўшимча маблағлар ажратиш ҳақидаги талабномани жўнатади.


70. Тижорат банки филиали бюджетдан ташқари жамғарманинг кредит линиясида маблағлар вақтинчалик мавжуд эмаслиги ҳақидаги хабарни олганидан кейин, ушбу хабар олинган куннинг эртасидан кечиктирмай, қарз олувчини бу ҳақда хабардор қилади. Айни вақтда, банк филиалининг кредит қўмитаси томонидан инвестиция лойиҳалари маъқулланган барча қарз олувчиларнинг номи, уларнинг кредит буюртмаларини банк филиали кредит қўмитаси томонидан маъқулланган санасидан келиб чиққан ҳолда, календарь навбати асосида киритилган рўйхат тузади.

Банк бўлими томонидан кредит олиш учун навбатда турганлар рўйхати ҳар бир бюджетдан ташқари жамғарма бўйича алоҳида тузилади ва операциялар зали (фронт офис)нинг кўринадиган жойига барчанинг танишиши учун осиб қўйилади. Ушбу рўйхатнинг банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган нусхалари тижорат банкининг вилоят бўлимига ва Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига назорат олиб бориш учун тақдим этилади.

Бюджетдан ташқари жамғарманинг кредит линиясига маблағ келиб тушганидан кейин, шу кредит линияси ҳисобидан кредитлар бериш қатъий равишда тузилган рўйхат асосида, мазкур кредит линияси ҳисобидан кредитлар олиш учун берилган аризаларнинг санасига мувофиқ, календарь навбати билан амалга оширилади.


71. Қарздорлар инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланганлигига, тақдим этилаётган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигига, лойиҳаларни амалга ошириш параметрлари техник-иқтисодий асосланишларига мувофиқ ва бизнес-режадан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши борасида амалдаги қонунчиликда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.



VIII. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ БЕРИШ,

ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ МОНИТОРИНГИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


72. Микрокредитлар мижознинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очилган банклар томонидан берилади.

Микрокредитлар алоҳида ссуда ҳисобварағини очиш ва ушбу ҳисобварақдан қарздорнинг тўлов топшириқномалари асосида товар-моддий бойликлар учун нақд пулсиз шаклда тўлаш йўли билан амалга оширилади.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва деҳқон хўжаликларига энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда бериладиган, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга ажратилган микрокредит умумий суммасининг 50 фоизини нақд пул билан 1,5 йил (18 ой) муддатга беришга рухсат этилади.

Шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликлари ва фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 1000 баравари миқдоригача миллий валютада ажратилган микрокредит умумий суммасининг 50 фоизини нақд пул билан 1,5 йил (18 ой) муддатга фақат чорва моллари, парранда, кўчат, уруғлик ва ем-хашакни аҳолидан сотиб олиш учун берилишига рухсат этилади. Бунда саноат йўли билан қайта ишлаш асосида тайёрланган чорва озуқаларини сотиб олиш учун микрокредит ҳисобидан нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.

Кичик бизнеснинг бошқа субъектларига микрокредитлар нақд пулсиз шаклда берилади.

Нақд пул билан берилган микрокредитларни қайтариш ва уларнинг нақд пулда берилган қисмига ҳисобланган фоизлар тўлови мажбурий равишда фақат нақд пулда амалга оширилади.


73. Якка тартибдаги тадбиркорларга ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектларига берилган микрокредитлар банк балансида 15000 - "Якка тартибдаги тадбиркорларга берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварағида юритилади.


74. Алоҳида ссуда ҳисобварақлари бўйича тегишли банк ходимининг кўрсатмасига кўра берилган микрокредитларга муддатли мажбуриятномалар расмийлаштирилади ва улар тўла қайтарилгунга қадар 91905 - "Қарздорларнинг узоқ муддатли кредитлар ва лизинг бўйича мажбуриятлари" номли кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида ҳисобга олинади.


75. Микрокредитларни қайтариш муддати келган вақтда қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида кредитни қайтариш учун маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур кредит муддати ўтган ссудалар ҳисобварағига ўтказилади, улар бўйича муддатли мажбуриятномалар тўлови эса, 2-сон картотека орқали календарь навбатида амалга оширилади.


76. Микрокредитбанк томонидан тижорат банкларига кредит линияси очиш учун тақдим этилган маблағларнинг ҳисоби Микрокредитбанкда 14500 - "Бошқа банкларга берилган узоқ муддатли кредитлар" ҳисобварағида юритилади.

Тижорат банклари томонидан Микрокредитбанк кредит линияларидаги маблағлар ҳисобини 22006 - "Бошқа банклардан олинган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварағида юритилади.


77. Тижорат банклари Микрокредитбанк кредит линияларини ўзлаштиришнинг аҳволи тўғрисида ҳар чоракда Микрокредитбанкка, ушбу кредитларни олган кичик бизнес субъектлари рўйхатини илова қилган ҳолда, ахборот тақдим этадилар. Ушбу ахборотлар маълумотлари бўйича ҳар чоракда тижорат банки билан Микрокредитбанк ўртасида маблағларни ишлатишни солиштириш далолатномалари тузилади.


78. Тижорат банки кредит линияларидаги маблағларнинг кичик бизнес субъектларини кредит шартномасида белгилаб олинган шартлар асосида кредитлаш учун ишлатилмай қолган қисмига бюджетдан ташқари жамғармаларга ва Микрокредитбанкка Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкаси миқдоридан кам бўлмаган миқдорда фоиз тўлайди.


79. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторинг ўрнатадилар. Доимий мониторинг қарздорнинг инвестиция лойиҳасини ва кредит шартномаси шартларини амалга оширилишига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган бўлиши лозим.


80. Мониторинг жараёнида мижознинг хўжалик-молиявий фаолияти, унинг томонидан тузилган шартнома (буюртма)лар асосида маҳсулот етказиб бериш мажбуриятларининг бажарилаётганлиги, ишлаб чиқариш ҳажми, ноишлаб чиқариш харажатлари ва йўқотишлар, муомала харажатлари, фойда, ўзининг мавжуд айланма маблағлари динамикаси, товар-моддий бойликлар захираси ҳолати, айланма маблағларнинг айланиши таҳлил қилинади. Банк қарздорнинг кредитга қобилиятлилигининг доимий мониторингини амалга оширади ва уни қарздор учун очилган махсус жилдда тизимлаштириб боради.

Банкка берилган гаровнинг ҳолати ва берилган кредитдан мақсадли ва самарали фойдаланилаётганлиги жойига чиқиб текширилади.


81. Берилган кредитлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ҳолда, банк қарздорни бундан кейин кредитлашни рад этишга, қарздордан кредит суммасини муддатидан олдин қайтариб олишга ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган шартлар асосида жарима белгилашга ва муддатидан олдин ундириб олишга ҳақлидир.


82. Қарздор томонидан олинган кредит бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизлар кредит шартномасида келишилган муддатда қайтарилмаса, банк Фуқаролик кодексининг 280-моддаси иккинчи қисми асосида, мустақил равишда судга мурожаат қилмасдан, гаров мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлади.


83. Қарздор кредит бўйича қарзи ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномаси шартлари асосида тўлашдан ёки гаров шартномаси шартлари асосида гаров мулкини банк тасарруфига беришдан бош тортган ҳолда, банк ушбу микрокредитни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундиради.


84. Қарз олувчининг таъминоти микрокредит бўйича асосий қарздорлик ва унга ҳисобланган фоизларни қайтаришга етмаган тақдирда, банк, мазкур қарзни қайтаришни қарз олувчининг ликвидли мол-мулки, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари, транспорт воситалари, компьютер ҳамда корхона ва ташкилотларнинг бошқа ликвидли активлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги 422-сонли қарори билан тасдиқланган "Банкларни кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш Тартиби"га мувофиқ амалга ошириши мумкин.


85. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо ва саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилган.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 8-сон, 60-модда.










































Время: 0.1459
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск