ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида, темир йўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.03.2024 й. 148-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 25 мартдаги

148-сон қарорига

ИЛОВА



Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида,

камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш

жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида,

темир йўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган

фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини

ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида, темир йўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига асосан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати;


йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари - бир йил давомида уч ёки ундан ортиқ ўлим, тан жароҳати ва моддий зарар етказилишига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган жойлар;


махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими -йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида белгиланган тезликни ошириш, темир йўл кесишмалари орқали ҳаракатланиш қоидаларини бузиш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни аниқлаш тизими;


махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг қурилмалари - транспорт воситалари томонидан содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни фото ва видео қайд этиш ускунаси, "I", "Г", "Т" ёки "П" шаклдаги металл устун, қайд этилган қоидабузарлик ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни ўзида сақловчи қурилма, коммутатор, маршрутизатор ва бошқалардан иборат бўлган тармоқ қурилмалари ҳамда электр қуввати билан таъминловчи қурилмалар;


"Маъмурий амалиёт" модули - йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни ҳисобга олиш, кўриб чиқиш ҳамда қоидабузарга нисбатан маъмурий тартибда жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни шакллантирувчи автоматлаштирилган ахборот тизими;


объект - махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жой;


объект паспорти - махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг қурилмалари, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жой (йўл) ва инфратузилма тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, тегишли далолатномалар, лойиҳа ҳужжатлари, эксперт хулосалари ва бошқаларни ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат.


3. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар лойиҳаси ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан келишилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўрнатилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ваколатли орган томонидан белгилаб бериладиган объектларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Хавфсиз шаҳар" тизимларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан ўрнатилади. Бунда объектларга ўрнатиладиган камералар сони бевосита ваколатли орган билан келишилади.



2-БОБ. МАХСУС АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН

ФОТО ВА ВИДЕО ҚАЙД ЭТИШ ДАСТУРИЙ-ТЕХНИК

ВОСИТАЛАРИНИ ЎРНАТИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


4. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари мазкур Низом талабларига мувофиқ ўрнатилади.


5. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими мазкур Низомга 2-иловада келтирилган техник талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

Бунда Марказ томонидан объект бўйича қуйидаги давлат органлари ва ташкилотларидан техник шартлар, шартномалар ёки ордер/рухсатномалар олиниши лозим:

"Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси филиали;

"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг ҳудудий корхонаси;

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармаси;

туман (шаҳар) ҳокимликларининг ободонлаштириш бошқармалари.


6. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ваколатли органнинг "Маъмурий амалиёт" модулига мажбурий тартибда ва техник талаблар асосида интеграция қилинади.


7. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини электр тармоғига ёки муқобил энергия манбаига улаш, уларнинг техник эксплуатацияси ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан, жорий электр энергияси ва алоқа каналларининг харажатлари Марказ маблағлари ҳисобидан қопланади.


8. Объектларда муҳандислик инфратузилмаси ушбу Низомда белгиланган талабларга мос равишда яратилади.


9. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилгандан сўнг ўн кун давомида синов тариқасида ишлатилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари "Маъмурий амалиёт" модулига интеграция қилинганидан кейин синов тариқасида амал қилган даврда қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима ундирилмайди.



3-БОБ. МАХСУС АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН

ФОТО ВА ВИДЕО ҚАЙД ЭТИШ ДАСТУРИЙ-ТЕХНИК

ВОСИТАЛАРИНИ ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШГА

ДОИР ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


10. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари доимий ва узлуксиз режимда ишлаши ҳамда узилишлар рўй берганда, офлайн тарзда маълумотларни тўплаш ва сақлаш, тизимнинг фаолияти қайта тикланганда эса, ушбу олинган маълумотларни тақдим этиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Алоқа тармоқларида узилишлар кузатилганда, маълумотларни қурилмада 48 соатдан кам бўлмаган вақт давомида сақлаш имкониятига эга бўлган захира хотира қурилмаси мавжуд бўлиши талаб этилади.


11. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун 8 соатдан кам бўлмаган захира электр таъминоти бўлиши лозим.


12. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларда қайта қиёслашдан ўтказилиши шарт.


13. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларининг тармоқ қурилмалари фото ва видео қайд этиш ускуналари ҳолатини (ишчи ҳолатдалигини) автоматлаштирилган тарзда мониторинг қилиш имкониятига эга бўлиши лозим.


14. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник қурилмалари ёрдамида қайд этилган қоидабузарликлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги фото маълумотлар 730 кундан, видео маълумотлар 90 кундан кам бўлмаган муддатда "Маъмурий амалиёт" модулида сақланади.


15. Алоқа тармоқлари оптик толали тармоқ технологиялари ёрдамида ташкил этилади (коммутатор, маршрутизатор ва бошқалар) ҳамда тармоқнинг сўнгги нуқталарига қадар хизмат кўрсатиш учун етарли ўтказувчанликни таъминлаши лозим.


16. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ёрдамида қайд этилган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар ҳимояланган алоқа каналлари орқали марказий сервер қурилмасига узатилади.


17. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари етказиб берувчи корхона томонидан камида 3 йил давомида кафолатланган техник қўллаб-қувватланиши лозим.



4-БОБ. МАХСУС АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ФОТО

ВА ВИДЕО ҚАЙД ЭТИШ ТИЗИМИДА АХБОРОТ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА

ДОИР ТАЛАБЛАР


18. Объектга ўрнатиладиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимида ахборот хавфсизлиги таъминланиши лозим.


19. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига ҳар қандай кўринишдаги қўшимча қурилма ва воситалар ваколатли орган билан келишилган ҳолда Марказ томонидан уланади.


20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар узатиш тармоғига ахборот хавфсизлиги талабларига зид равишда ноқонуний уланиш ёки уланишга уриниш тақиқланади.


21. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидаги барча маълумотлар хизмат доирасида фойдаланиш учун қўлланилади.


22. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидаги маълумотлар ваколатли органнинг рухсатисиз ошкор этилмайди, тизимдан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган техник мутахассисларнинг махфий маълумотларни ошкор этмасликлари ваколатли орган томонидан назорат қилинади.


23. Ваколатли орган томонидан ишлаб чиқилган техник топшириқ намунасининг ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги "Киберхавфсизлик маркази" давлат унитар корхонасида экспертизадан, шунингдек, дастурий маҳсулотлар ва ахборотни ҳимоя қилиш воситалари сертификатлашдан ўтказилади.


24. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги "Киберхавфсизлик маркази" давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимида ҳамда "Маъмурий амалиёт" модулида мунтазам равишда ахборот ва киберхавфсизлик ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизлик таҳдидларини мониторинг қилиш ишларини амалга оширади.



5-БОБ. МАХСУС АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН

ФОТО  ВА  ВИДЕО  ҚАЙД  ЭТИШ  ТИЗИМИНИ

ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


25. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими ушбу Низом талаблари асосида тўлиқ шакллантирилгандан сўнг ваколатли органнинг мазкур тизим техник талабларга жавоб беришини ўрганиш бўйича техник хулосасига асосан ишга туширилади.


26. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидан фойдаланиш қуйидаги ҳолларда вақтинча тўхтатиб турилади:

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидан йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этган транспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлашдан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланганда;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидан фойдаланиш жараёнида ушбу Низом билан тасдиқланган техник талабларга жавоб бермайдиган ҳолатлар келиб чиққанда;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига ваколатли органнинг рухсатисиз қўшимча ёки бошқа қурилма ўрнатилганда;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимида қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик ҳолатлари бўйича "Маъмурий амалиёт" модулига юборилган маълумотлардаги хатоликларнинг умумий сони беш ва ундан ортиқ фоизни ташкил этганда;

ташқи таъсир натижасида тизим қурилмаларининг жойлашувида ўзгариш юз бериб, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилганда;

йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида, темир йўл кесишмаларида Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган тегишли йўл белгилари ўрнатилмаганда ва ётиқ чизиқлар чизилмаганда ёки ўчиб кетганда.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ваколатли орган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими жорий этилиши ва лойиҳанинг самарали амалга оширилиши учун масъулдир.


28. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини эксплуатация қилиш жараёнида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши лозим.


29. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини жорий этиш ва эксплуатация қилишда келиб чиқадиган ёки йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тизимга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


30. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Махсус автоматлаштирилган фото ва видео

қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш

бўйича ҳужжатлар лойиҳасини келишиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

       


     

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

      


    

Муддатлар

      














1-босқич


Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги Жамоат

хавфсизлиги департаменти Йўл

ҳаракати хавфсизлиги хизмати



1. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши лозим бўлган жойларни белгилаш.


2. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини харид қилиш учун маблағлар ажратиш.

       


Зарур бўлганда


















2-босқич


"Хавфсиз шаҳар" тизимларини

ривожлантириш маркази


     

1. Амалдаги давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини харид қилиш.


2. Қуйидаги идоралардан объект бўйича техник шарт ёки шартнома олиш:

1. "Ўзбектелеком" АК филиали;

2. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг ҳудудий корхонаси;

3. Автомобиль йўллари қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.

4. Туман (шаҳар) ҳокимликларининг ободонлаштириш бошқармаларидан ордер олиш.

         


Зарур бўлганда














3-босқич


       

1. "Ўзбектелеком" АК филиали.


2. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг ҳудудий корхонаси.


3. Автомобиль йўллари

қўмитасининг ҳудудий

бўлинмалари.


4. Туман (шаҳар)

ҳокимликларининг

ободонлаштириш

бошқармалари

      


Объект учун техник шартларни ва рухсатномаларни тақдим этиш.


7 иш куни

мобайнида














4-босқич


"Хавфсиз шаҳар" тизимларини

ривожлантириш маркази


        

Техник шартлар ва талаб этилган бошқа ҳужжатлар билан лойиҳалаштириш идораларига мурожаат қилиш.

        


3 иш куни

мобайнида














5-босқич


Лойиҳалаштириш идораси


     

Тегишли ташкилот ва идоралар билан лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда келишиш.

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этиш.

        


15 иш куни

мобайнида














6-босқич


"Хавфсиз шаҳар" тизимларини

ривожлантириш маркази


            

Лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ҳуқуқига эга ташкилотга белгиланган тартибда тақдим этиш.

        


3 иш куни

мобайнида














7-босқич


Лойиҳага экспертиза хулосасини

берувчи ташкилот


     

Лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиб, туман (шаҳар) ҳокимликларининг эътирози ва таклифлари ёки ижобий хулосасини тақдим этиш.

       


10 иш куни

мобайнида


















8-босқич


"Хавфсиз шаҳар" тизимларини

ривожлантириш маркази


     

1. Ижобий хулоса олинган лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун ушбу схеманинг учинчи босқичида кўрсатилган давлат органлари билан қайта келишиш.


2. Тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш.

        


5 иш куни

мобайнида














9-босқич


Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги Жамоат

хавфсизлиги департаменти Йўл

ҳаракати хавфсизлиги хизмати


       

1. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг ишчи ҳужжатлар ва далолатномаларни расмийлаштириш.


2. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ишга тушириш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш.

       


7 иш куни

мобайнида










              

           




Низомга

2-ИЛОВА



Махсус автоматлаштирилган фото ва

видео қайд этиш тизимига доир

ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


1. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими ушбу Техник талаблар ҳамда шаҳарсозлик нормалари асосида жорий этилади.


2. Мазкур Техник талаблар ҳамда O`z DSt 1987:2018 давлат стандарти асосида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини жорий қилиш бўйича техник топшириқ ҳужжатлари ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги "Киберхавфсизлик маркази" давлат унитар корхонасидан экспертиза хулосаси олинади.



3. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими доирасида қуйидалар жорий этилади:

транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини фото ва видео қайд этиш тизими;

пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш тизими;

темир йўл кесишмаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш тизими.



2-§. Транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш

тизимига қўйиладиган умумий техник талаблар


4. Транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими қуйидаги умумий техник талабларга жавоб бериши лозим:

бир вақтнинг ўзида уч ва ундан ортиқ йўл тасмаларида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлигини ҳамда рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши;

5 - 250 км/соат тезлик оралиғида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлиги ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фото ва видео қайд этиши;

ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фото ва видео қайд этиши;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши;

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодлари тақсимоти ҳамда Автомототранспорт воситаларига ва уларнинг тиркамаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари, шунингдек, хорижий давлатларга тегишли автомототранспорт воситаларнинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бўйича рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши.


5. Жорий этилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими ҳайдовчилар томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш қоидабузарлигини аниқлаши талаб этилади.


6. Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида ўрнатиладиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари мазкур Техник талабларда белгиланган тегишли талабларга жавоб бериши шарт.


7. Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилаётганда, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган тегишли йўл белгилари ўрнатилиши ҳамда ётиқ чизиқлар чизилиши, ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қоидабузарликларни соат 07.00 дан 19.00 гача қайд этиши лозим.



3-§. Пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг

йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби

қоидабузарликларни махсус автоматлаштирилган

фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган

умумий техник талаблар


8. Пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими қуйидаги умумий техник талабларга жавоб бериши лозим:

бир вақтнинг ўзида уч ва ундан ортиқ йўл бўлаклари ҳамда чорраҳаларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши;

ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фото ва видео қайд этиши;

чорраҳаларда ҳамда уч ва ундан ортиқ йўл бўлакларида бир вақтнинг ўзида содир бўладиган қоидабузарликларни қайд этиши;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши;

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодлари тақсимоти ҳамда Автомототранспорт воситаларига ва уларнинг тиркамаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари, шунингдек, хорижий давлатларга тегишли автомототранспорт воситаларнинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бўйича рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши.

йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган фуқароларнинг шахсини қайд этиши.


9. Жорий этилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларини аниқлаши талаб этилади.


10. Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилаётганда, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган йўл белгилари ўрнатилиши ва ётиқ чизиқлар чизилиши лозим.



4-§. Темир йўл кесишмаларида йўл ҳаракати қоидаларини

бузиш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш тизимига

қўйиладиган умумий техник талаблар


11. Темир йўл кесишмаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш тизими қуйидаги умумий техник талабларга жавоб бериши лозим:

темир йўл кесишмаларида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлигини ҳамда рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши;

5 - 250 км/соат тезлик оралиғида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлиги ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фото ва видео қайд этиши;

ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида темир йўл кесишмаларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фото ва видео қайд этиши;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши;

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодлари тақсимоти ҳамда Автомототранспорт воситаларига ва уларнинг тиркамаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини, шунингдек, хорижий давлатларга тегишли автомототранспорт воситаларнинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаши.


12. Жорий этилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими темир йўл кесишмаларида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаши талаб этилади.


13. Темир йўл кесишмаларига махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилаётганда Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган йўл белгилари ўрнатилиши ва ётиқ чизиқлари чизилиши лозим.



5-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилишига

қўйиладиган умумий талаблар


14. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини жойлаштириш учун автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда "I", "Г", "Т" ёки "П" шаклдаги металл устунлар ўрнатилади.


15. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари металл устунга 6 метрдан кам бўлмаган баландликда ўрнатилади.


16. Металл устунларни ўрнатиш, лойиҳалаштириш ва тегишли давлат идоралари билан келишиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


17. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилган металл устунга умумий ҳолатни кузатиш ва ўрнатилган қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 360 градус радиусдаги кузатув камералари ўрнатилади.


18. Металл устун ва транспорт воситасининг тўхташ чизиғи оралиғидаги масофа махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими қурилмаларининг техник хусусиятлари, рельефнинг мураккаблиги ҳамда муҳандислик коммуникациялари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим.


19. Ўрнатилган металл устунларнинг ўнг ёки чап томонидан 4-8 метр баландликда телекоммуникация жавони ўрнатилади. Ушбу жавон керакли алоқа ҳамда электр қурилмалари билан жиҳозланади.



6-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган

қоидабузарликлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги

маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сақлашга

қўйиладиган талаблар


20. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги барча фото маълумотлар 730 кундан, видео маълумотлар 90 кундан кам бўлмаган муддатда "Маъмурий амалиёт" модулида сақланади.


21. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари "Маъмурий амалиёт" модулига техник талаблар асосида интеграция қилиниши ва ўзаро ишлаш имкониятига эга бўлиши лозим.


22. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар "Маъмурий амалиёт" модулига тақдим этилиши шарт:

қайд этилган транспорт воситасининг уч хил ҳолатдаги фотосурати (транспорт воситаси, унинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, қоидабузарлик содир этилган ҳолатнинг умумий кўриниши);

қоидабузарлик қайд этилган вақт (кун, соат, дақиқа);

транспорт воситасининг тезлиги (км/соат);

қоидабузарлик қайд этилган манзил (туман (шаҳар, ёки аҳоли яшаш пункти), кўча, автомобиль йўлининг километри ёки мўлжал);

қоидабузарлик қайд этилган манзилнинг GPS координатаси;

ҳолат акс этган 6 ± 10 сониядан иборат видеолавҳа ва унинг ҳаволаси, тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик ҳақидаги видеолавҳа бундан мустасно.


23. Маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш тизимида амалга оширилган ҳар қандай амалий буйруқлар тўғрисидаги барча маълумотлар (log файллар) сақланиши лозим.


24. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликлар ҳамда транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар билан фақат ваколатли органнинг ходимларига масофадан туриб ишлаш имкониятининг мавжуд бўлиши талаб этилади.


25. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари доимий ва узлуксиз режимда ишлаши ҳамда узилишлар рўй берганда, офлайн тарзда маълумотларни тўплаш ва сақлаш, фаолияти қайта тикланганда эса, олинган маълумотларни тақдим этиш имкониятига эга бўлиши талаб этилади.



7-§. Алоқа тармоғига қўйиладиган талаблар


26. Алоқа тармоқлари оптик толали тармоқ технологиялари (коммутатор, маршрутизатор ва бошқалар) ёрдамида ташкил этилади ҳамда тармоқнинг сўнгги нуқталарига қадар хизмат кўрсатиши учун етарли ўтказувчанликни таъминлаши лозим.


27. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликлар тўғрисидаги фото ва видео маълумотлар VPN (Virtual Private Network - виртуал хусусий тармоқ) алоқа канали орқали марказий сервер қурилмасига узатилиши лозим.


28. Алоқа линиясида узилишлар содир бўлганда, қайд этилган қоидабузарликларни 48 соатдан кам бўлмаган вақт давомида сақлаш учун махсус қурилма ўрнатиш, унинг ёрдамида қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни сақлаб туриш ва алоқа тиклангандан сўнг уларни марказий серверга узатиш талаб этилади.



8-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш тизимини электр қуввати билан таъминлашга

мўлжалланган электр таъминоти қурилмасига

қўйиладиган талаблар


29. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини электр қуввати билан таъминлашга мўлжалланган электр таъминоти қурилмасининг ерга уланиш контур қаршилиги тизим қурилмаларининг техник талаблари асосида ҳисобланиши лозим.


30. Электр кабель сиғими ўрнатилаётган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг юкламасидан келиб чиқиб танланиши лозим.


31. Фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш учун сертификати мавжуд бўлган ва амалдаги тизимларга мос бўлган электр ҳисоблагич воситаларни ўрнатиш талаб этилади.


32. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини муқобил энергия манбаи орқали таъминлашга рухсат берилади. Муқобил энергия манбаи тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши лозим.


33. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 8 соатдан кам бўлмаган вақт давомида қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлган захира электр таъминоти манбаи билан жиҳозланган бўлиши талаб этилади.



9-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш тизимининг дастурий таъминот воситаларига

қўйиладиган талаблар


34. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг дастурий таъминот воситалари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг замонавий платформаларда ишлашини таъминлаб, энг сўнгги стандартларни қўллаб-қувватлаши талаб этилади.


35. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчи томонидан камида 3 йил давомида қўллаб-қувватланиши зарур.


36. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг дастурий таъминот воситалари умумий ва махсус дастурий таъминотлардан иборат бўлиши талаб этилади.



10-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш тизимининг ахборот хавфсизлигиг

қўйиладиган талаблар


37. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидаги ахборотларни ҳамда уни қайта ишловчи воситаларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган бўлиши шарт.


38. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти қуйидагиларини ўз ичига олиши талаб этилади:

маълумотларни сақлаш;

рўйхатга олиш ва ҳисобга олиш;

яхлитликни таъминлаш;

хавфсизлик девори;

рухсатсиз киришларни аниқлаш;

антивирус ҳимояси.


39. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидаги ахборотларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган дастурий таъминот учун O`zDSt 2816:2014 "Ахборот технологиялари. Эълон қилинмаган имкониятлар устидан назорат даражаси ахборотини ҳимоялаш воситаси дастурий таъминот классификатори" давлат стандарти талабига асосан назорат қилишнинг учинчи даражаси таъминланиши талаб этилади.


40. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими аппарат ва дастурий қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ҳамда интеграцияланган ҳолда ишлаши техник лойиҳалаштириш босқичида таъминланиши зарур.


41. Жорий этилаётган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини "Маъмурий амалиёт" модули ёки бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилиш тартиби ҳамда уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланиш интерфейслари тўғрисидаги ечимлар техник лойиҳалаштириш даврида қабул қилинади.


42. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг уланиш объектлари ва маълумотларини потенциал хавфлардан, тасодифий ҳаракатлардан ва ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишни таъминлаш зарур.


43. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

маълумотларга рухсатсиз киришдан ҳимоялаш;

дастурий таъминот ва фойдаланувчилар фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олиш;

ахборотни алоқа каналлари орқали узатиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида рухсатсиз модификациядан ҳимоялаш;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг ресурсларига киришни бошқариш;

алоқа каналларидан узатилаётган маълумотларнинг криптографик усуллар орқали махфийлигини таъминлаш;

вируслардан ҳимоялаш;

дастурий таъминотга ноқонуний киришдаги маълумотларни таҳлил қилиш;

дастурий таъминот конфигурациясида юзага келган хатоликлар ҳамда камчиликларни аниқлаш.



11-§. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд

этиш тизимини синовдан ўтказишга

қўйиладиган талаблар


44. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими жорий этилганидан кейин ўн кун синов тариқасида ишлайди.


45. Синов муддатида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликлар ўн кун муддатда ваколатли орган томонидан таҳлил қилинади ва мазкур техник талабларда назарда тутилган қоидаларга зид бўлмаган "Тизимни ўрганиш бўйича хулоса" тасдиқланиб, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимидан фойдаланишга рухсат берилади.

      

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 26 март



































































Время: 0.2571
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск