язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида Низом (АВ томонидан 29.10.2010 й. 2151-сон билан рўйхатга олинган Адлия вазирининг 29.10.2010 й. 232-мх-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 29 октябрда 2151-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2010 йил 29 октябрдаги

232-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари

ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 42-модда) 3-1-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан кейинги ўринларда малака комиссияси деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Малака комиссиялари:

нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган;

судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган;

нотариус ёрдамчиси лавозимида камида уч йил ишлаган;

адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган;

малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида уч йил мобайнида ишламаган шахслардан (талабгорлардан) малака имтиҳонини қабул қиладилар.

2. Малака комиссиялари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Малака комиссиялари ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади. Давлат органлари ва бошқа манфаатдор шахсларнинг малака комиссиялари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.


4. Малака комиссияларининг моддий-техника ва молиявий таъминоти Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан кейинги ўринларда адлия бошқармаси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.



II. МАЛАКА КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Малака комиссияси таркиби уч йил муддатга тасдиқланади.

Малака комиссиялари адлия бошқармалари раҳбарларининг буйруқлари билан тажрибали нотариуслар ва адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда, 7 ёки 9 кишидан иборат таркибда тузилади.

Малака комиссияси мажлисларининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида, заруратга қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси ходимлари овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин.

6. Адлия бошқармаси раҳбарининг ўринбосарларидан бири малака комиссияси раиси ҳисобланади. Малака комиссияси раиси вақтинча бўлмаганда (хизмат сафари, меҳнат таътили, касаллик ва ҳ.к.) адлия бошқармасининг раҳбари ёки унинг бошқа ўринбосари раис этиб тайинланади. Малака комиссияси раиси ўринбосари комиссия таркибидан тайинланади.

7. Бир шахс бир вақтнинг ўзида малака комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг (бундан кейинги ўринларда Олий малака комиссияси деб юритилади) аъзоси бўлиши мумкин эмас.


8. Малака комиссияси аъзоси бўлган адлия бошқармасининг нотариат бўйича мутахассис ходимларидан бири малака комиссиясининг масъул котиби этиб тайинланади.


9. Малака комиссиясининг мажлислари заруратга қараб ўтказилади.

Малака комиссиясининг раиси мажлис ўтказилишидан камида етти кун олдин мажлиснинг санаси, вақти ва жойини белгилайди ва бу ҳақда талабгорлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармасини хабардор қилади.

Малака комиссиясининг мажлиси, агар унда малака комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.


10. Малака комиссиясининг қарори очиқ овоз бериш йўли билан мажлисда қатнашган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


11. Малака комиссиясининг мажлиси баённома билан расмийлаштирилади. Баённома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

Малака комиссиясининг қароридан норози бўлган малака комиссиясининг аъзоси комиссия мажлисининг баённомасига ўзининг фикр-мулоҳазаларини ёзма шаклда баён этишга ҳақли.


12. Баённомада:

мажлис ўтказиладиган сана ва жой, унинг бошланиш ва якунланиш вақти;

мажлисда қатнашган комиссия аъзоларининг рўйхати;

мажлисда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси ходими қатнашганда, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

мажлисда ҳозир бўлган ва ҳозир бўлмаган талабгорлар рўйхати;

ҳар бир талабгор томонидан олинган билет рақами ва ундаги саволлар мазмуни;

талабгор томонидан билетдаги саволларга жавоб берган ёки жавоб бера олмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

айрим жавобларни аниқлаштириш мақсадида комиссия аъзолари томонидан берилган саволлар ва талабгорнинг унга берган жавоблари мазмуни;

талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириш натижалари бўйича овоз бериш якунлари;

қабул қилинган қарорлар;

комиссия қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби;

малака имтиҳонини қабул қилиш (стажировка ўтаган талабгорнинг ҳисоботини эшитиш) жараёнига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар акс эттирилади.

13. Малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирмалар қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай манфаатдор шахсларга юборилади ёки тилхат олинган ҳолда топширилади. Малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирмалар адлия бошқармасининг муҳри билан тасдиқланади.

Малака комиссияси мажлиси баённомасидан кўчирмаларда мажлис ўтказилган сана ва жой тўғрисидаги маълумотлар, қабул қилинган қарор ва ушбу қарор устидан шикоят қилиш тартиби баён этилади.



III. МАЛАКА КОМИССИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Малака комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

талабгорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда заруратга қараб, манфаатдор шахслар ва тегишли ташкилотлардан адлия бошқармаси орқали қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;

мазкур Низомнинг 33-банди талаблари бузилганда, талабгорни малака имтиҳони ўтказилаётган хонадан чиқариб юбориш.


15. Малака комиссияси:

малака имтиҳонларини холисона ўтказишга;

Олий малака комиссиясининг қарорларини бажаришга мажбурдир.


16. Қонун ҳужжатларига мувофиқ малака комиссияси бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.



IV. СТАЖИРОВКАНИ ЎТАГАН ТАЛАБГОРНИ

МАЛАКА ИМТИҲОНИГА ҚЎЙИШ

17. Стажировкани ўтаган талабгор малака имтиҳонини топширгунга қадар Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2149, 2010 йил 20 октябрь) мувофиқ стажировка натижалари бўйича малака комиссиясига ҳисобот беради.

18. Ҳисобот эшитилгандан кейин малака комиссияси стажировка ўтаган талабгорнинг ҳисоботини маълумот учун қабул қилади.

19. Малака комиссияси стажировкани ўтаган талабгорнинг ҳисоботини эшитиш давомида Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2149, 2010 йил 20 октябрь) талаблари бузилганлик ҳолатини аниқласа, бу тўғрисида комиссия мажлисининг баённомасида қайд этиб ўтади. Малака комиссияси раиси ушбу ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўриш, шу жумладан айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортиш тўғрисида адлия бошқармаси раҳбарига таклиф киритади.

20. Стажировка натижалари бўйича ҳисоботи эшитилган талабгордан малака комиссиясининг айнан шу мажлисида малака имтиҳони қабул қилинади.


V. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ ТОПШИРИШ

УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


21. Талабгор малака имтиҳонини топшириш учун адлия бошқармасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

малака имтиҳонини топшириш тўғрисидаги ариза;

белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

паспорт нусхаси;

олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

меҳнат дафтарчаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки иш жойида тасдиқланган нусхаси;

стажировка ўташ натижаси тўғрисида талабгорнинг ҳисоботи, стажировка раҳбари томонидан берилган тавсифнома ва хулоса;

Мазкур Низом 1-бандининг учинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслардан (талабгорлардан) мазкур банднинг еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳужжатлар талаб этилмайди.

22. Ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, уларни тайёрлаш ва йиғиш масъул котиб томонидан амалга оширилади.


23. Малака комиссиясига тақдим этилган ҳужжатлар масъул котиб томонидан ҳужжатлар рўйхатини тузган ҳолда қабул қилиб олинади.


24. Малака имтиҳонини қабул қилиш учун материалларни тайёрлаб бўлганидан кейин масъул котиб уларни малака комиссиясининг раисига масалани комиссия мажлисининг кун тартибига киритиш учун тақдим этади.


25. Ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда талабгорга қайтариб берилади:

талабгор малака имтиҳонини топшира олмаган кундан эътиборан олти ой ўтмасдан такроран малака имтиҳонини топшириш учун мурожаат қилса;

мазкур Низомнинг 21-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ топширилмаган бўлса;

талабгор тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса;

талабгор белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, шунингдек, ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс бўлса;

агар талабгор ўз ҳужжатларини қайтариб бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этса.


26. Мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, асослантирилган сабаблари кўрсатилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтариб берилади. Ҳужжатларни қайтариб беришнинг сабаблари бартараф этилса, ҳужжатлар такроран тақдим этилиши мумкин.



VI. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


27. Малака имтиҳони талабгорлардан зарур ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида ўтказилади. Бунда ҳужжатлар адлия бошқармасининг девонхонасида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Талабгор малака комиссияси мажлисининг ўтказилишидан камида беш кун олдин мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилинади.

28. Талабгор малака комиссиясининг мажлисига узрли сабабларга кўра (касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола парваришлаш таътиллари, ҳарбий йиғинларга чақирилганлик ва шу каби ҳолатларда) кела олмаса, малака комиссияси талабгор малака имтиҳонини комиссиянинг кейинги мажлисида топшириши тўғрисида қарор қабул қилади. Мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади.

Талабгор малака комиссиясининг мажлисида узрли сабабларсиз ҳозир бўлмаса, у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар адлия бошқармасида кўпи билан бир ой муддат сақланади. Ушбу муддат ўтгандан кейин масъул котиб кўрсатилган ҳужжатларни талабгорга қайтариб беради.


29. Малака имтиҳони барча талабгорлар учун битта хонада, оғзаки ва ёзма шаклларда ўтказилади.

Малака имтиҳони ўтказилаётган хонада бегона шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.


30. Талабгорларга имтиҳон варақлари берилади, уларнинг ҳар бири адлия бошқармаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.


31. Талабгорнинг имтиҳон билетидаги саволларга жавоблар тайёрлаши учун саксон дақиқа вақт берилади.


32. Малака имтиҳони адлия бошқармаси томонидан тасдиқланган рўйхатдаги саволлардан тузилган имтиҳон билетлари асосида ўтказилади.

33. Имтиҳон билетидаги саволларга жавоблар тайёрлашда талабгорга:

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

уяли телефон ва бошқа алоқа ҳамда телекоммуникация воситалари, китоб ва шпаргалкалардан фойдаланиш;

имтиҳон билетини топширмасдан олдин, хонадан чиқиш тақиқланади.

Талабгорнинг мазкур қоидага амал қилмаслиги уни малака имтиҳони топширишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолат комиссия мажлисининг баённомасида акс эттирилади.

34. Талабгор ўзининг имтиҳон билетидаги саволларга оғзаки жавоб беради. Малака комиссиясининг аъзолари айрим жавобларни аниқлаштириш мақсадида талабгорга саволлар бериши мумкин.


35. Саволларга жавоб бериб бўлган талабгорга ўз имтиҳон варақасини топширгандан сўнг хонадан чиқишга рухсат берилади.


36. Имтиҳон варағи малака комиссияси мажлисининг баённомасига илова қилинади.


37. Малака имтиҳонини топшириш натижалари бўйича малака комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

талабгорни малака имтиҳонини топширган деб топиш тўғрисида;

талабгорни малака имтиҳонини топшира олмаган деб топиш тўғрисида.


38. Талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириш учун тақдим этилган ҳужжатлар малака комиссияси томонидан қарор қабул қилган кундан бошлаб уч йил давомида адлия бошқармаси архивида сақланади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


39. Малака комиссиясининг қарори устидан апелляция малака комиссиясининг қарори манфаатдор шахсга топширилган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида Олий малака комиссиясига берилади.


40. Апелляция Олий малака комиссиясига бевосита ёки адлия бошқармаси орқали юборилади.

Апелляция адлия бошқармаси орқали берилганда, адлия бошқармаси уч кунлик муддат ичида апелляцияни у билан боғлиқ барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда Олий малака комиссиясига юборади.


41. Малака комиссияси қарорлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


42. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 44-45-сон, 390-модда.