ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2004 й. /

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн тўртинчи сессиясидаги Нутқи

Funksiyani amalga oshirishning imkoni yo`q

Mazkur funksiyadan faqat mijozlar (foqdalanuvchilar) foydalanishlari mumkin

Hujjatning to`liq matni pullik versiyada mavjud. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ВАТАНИМИЗНИНГ ТИНЧЛИГИ

ВА ХАВФСИЗЛИГИ ЎЗ КУЧ-ҚУДРАТИМИЗГА,

ХАЛҚИМИЗНИНГ ҲАМЖИҲАТЛИГИ

ВА БУКИЛМАС ИРОДАСИГА БОҒЛИҚ



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

ўн тўртинчи сессиясидаги

НУТҚИ


(2004 йил 29 апрель)



Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли дўстлар!

Барчангиз яхши хабардорсиз - шу йилнинг 29-30 март ва 1 апрель кунлари мамлакатимизда содир этилган мудҳиш террорчилик ҳаракатлари оқибатида 9 нафар ички ишлар ходими ва 5 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Ана шу бегуноҳ қурбон бўлган инсонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзимнинг номимдан, сиз, муҳтарам депутатларимиз ҳамда бугунги сессия мажлисида қатнашаётган барча иштирокчилар номидан яна бир бор ҳамдардлик билдиришга рухсат бергайсиз.

Мудҳиш ва қабиҳ ният билан уюштирилган бундай террорчилик хуружлари натижасида қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Аввало, Оллоҳнинг ўзи юртимизни асради, қолаверса, тинч, осуда ҳаётимизни ҳимоялаш, сақлаш учун азиз жонини берган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жасорати туфайли бунга йўл қўйилмади.

Ўзингиз фараз қилинг, Ромитан туманида террорчилар кўплаб портлатиш воситаларини тайёрлаб, одамлар гавжум жойларда қўпорувчилик уюштирмоқчи бўлган. Агар уларнинг машъум нияти амалга ошганида, яна қанча-қанча бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлиши мумкин эди.

Ёки Тошкент шаҳрининг бир чеккасида тайёргарлик кўрган террорчиларнинг бошқа бир гуруҳи белига портлатиш воситаларини боғлаб, пойтахтимизнинг бозор ва майдонларида, жамоат жойларида портлашлар содир этганида, нима бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бундай даҳшатли вазиятни кўз ўнгидан ўтказганида, унинг оқибатлари ҳар қандай ақли расо одамни ларзага солиши шубҳасиз. Шундай ваҳшийликларнинг олдини олиш учун жон фидо этган мард йигитларни хотирлар эканмиз, хаёлимизга беихтиёр, бу бегуноҳ инсонларнинг айби нима эди, ахир, уларнинг ҳам бола-чақаси, ёру дўстлари, бу ҳаётдан умидлари бор эди, улар ҳам бахтли бўлишга ҳақли эди-ку, деган армонли сўзлар келади.

Ана шундай юртдошларимиздан бири - Қибрай тумани ички ишлар бўлимида хизмат қилган катта лейтенант Азизжон Турсунов оилада ёлғиз ўғил эди. Эндигина 27 баҳорни қаршилаган, ҳали уйланишга ҳам улгурмаган бу навқирон йигит террорчиларга қарши курашда мардона ҳалок бўлди.

Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимининг ходими, старшина Қодир Раҳмонов ҳам одамлар ҳаётини сақлаш учун жонини фидо қилди. Юраги беғубор, шоиртабиат бу инсоннинг уч фарзанди етим қолди, дилидаги не-не орзулари ушалмас армонга айланди.

Биз барчамиз эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш йўлида ўз ҳаётини бағишлаган милиция ходимларининг хотираси ва руҳи олдида умрбод қарздормиз. Бу фидойи инсонларнинг Ватан олдидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг жасорати юксак давлат мукофотлари билан тақдирланади, оиласи, фарзандлари доимо халқимиз, давлатимиз эътиборида бўлади. Мана шундай ўғлонларимизнинг жасорати туфайли ўнлаб, балки юзлаб юртдошларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди, ёвуз террорчилар ўз уясида янчиб ташланди.

Мен ҳаммамиз учун оғир бўлган бу йўқотишлар, бу воқеалар ҳақида, дунёдан бевақт кўз юмган одамлар ҳақида кўп ўйлайман. 1999 йилда Тошкент кўчаларида террор қурбони бўлган бегуноҳ юртдошларимизни, 2000 йилнинг ўзида Сариосиё ва Бурчмулла тоғларида жангариларга қарши курашда ҳалок бўлган жасур аскарларимизни ҳам доимо эслайман.

Мен бугун, шу юксак минбарда туриб, мана шундай мард ва ботир, эл-юртига садоқатли фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналарга бош эгиб таъзим қиламан.


Қадрли ватандошлар!

Юртимиз тинчлигига, болаларимиз ва аёлларимиз, кексаларимизнинг осойишта ҳаётига кимки тажовуз қилган бўлса, муқаррар равишда ўз жазосини олиб келган ва бу сафар ҳам шундай бўлади. Жиноятчилар амалдаги қонунларимиз, халқаро ҳуқуқий нормалар асосида суд олдида жавоб беради.

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, кўпдан бери чуқур тайёргарлик кўрилган, нафақат бизни, балки дунё аҳлини ҳам ларзага солган бу воқеаларнинг томирига етиб бориш, жиноятчиларнинг ҳақиқий башарасини фош этиш, адолатни жой-жойига қўйиш, бегуноҳ одамларнинг жавобгарликка тортилишига йўл қўймаслик - буларнинг барчаси ўта мураккаб ва масъулиятли вазифа бўлиб, Бош прокуратура бошчилигида олиб борилаётган тергов жараёнини охирига етказиш учун муайян вақт беришни талаб қилади.

Ҳеч шубҳасиз, эл-юртимизга қарши қаратилган бу қабиҳ, ақлга сиғмайдиган разолатни ким ташкил этгани, бу ишга ким раҳнамолик қилгани, маблағ ва қурол билан таъминлагани, уни амалга ошириш учун кимлар жалб қилингани, бу қўпорувчиликни уюштириш учун улар қаерда, ким орқали ва қайси йўл билан, қайси лагерь ва полигонларда тайёргарлик кўргани ҳақида тергов ўз хулосасини чиқаради ва суд бу жиноят бўйича сўнгги нуқтани қўйганидан кейин халқимизга, халқаро жамоатчиликка маълумот берилади.

Мен бугун тергов материалларига асосланган ҳолда, бир нарсани аниқ айтишим мумкин: ҳар томонлама пухта тайёрланган бу жиноий ҳаракатларнинг илдизи мамлакатимиз ташқарисида жойлашган халқаро террорчилик ва экстремизм марказларига бевосита бориб туташмоқда. Буни тасдиқлайдиган далил-исботлар етарли.

Бугун биз ана шу фожиали воқеалар ҳақида гапирар эканмиз, мен учта муҳим масалага эътиборингизни жалб қилишни, буларга жавоб топишни зарур деб биламан. Бу ёвуз ҳаракатлар кимга қарши ва нимага қарши қаратилган? Ва уларнинг охир-оқибат мақсади нима?

Битта масала барчамизга аён бўлиши керак. Бу портлашларни кўр-кўрона бажарган, онги паст, калтабин, мияси заҳарланган ижрочилар бор. Шунингдек, буларни уюштириб, ўз халқига қарши жиноятга йўллаган ташкилотчи ва раҳнамолари ҳам борки, уларни бир-биридан ажратиш, ҳар қайсисига алоҳида баҳо бериш зарур.

Фақат мана шундай кўз билан қараб, бу воқеаларнинг таг-томирига етиб боришимиз, Ўзбекистонни, унинг мақсад-муддаоларини кўролмайдиган, кўп йиллардан буён юртимизга қарши қўпорувчи-террорчилик ҳаракатларини олиб бораётган кучлар ва марказларни, уларнинг разил қиёфасини ўзимизга аниқ тасаввур қилишимиз, узоқни кўзлаган манфур ниятларини тушунишимиз мумкин.


Азиз дўстлар!

Ҳаётнинг ўзи юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш учун халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган тара??иёт йўлининг тўғрилигини тасдиқламоқда. Ҳозирги кунда бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаётга эришиш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимизни, дунё бизни тан олаётганини кўриб, сизлар қатори, бутун халқимиз қатори мен ҳам ғурурланаман.

Агарки, бугун фақат марказда эмас, балки Ўзбекистоннинг узоққин шаҳар ва қишлоқларида яшаётган инсонларни, уларнинг савияси ва дунёқарашини, ҳаёт тарзини 90-йиллардаги ҳолат билан солиштирадиган, холисона кўз билан баҳолайдиган бўлсак, бизнинг юртимиз шу қисқа даврда қандай масофани босиб ўтгани, қандай марраларни эгаллаганини тушуниш, англаш қийин эмас, деб ўйлайман. Энг муҳими, бугунги Ўзбекистон фуқароси ўзининг ҳаётини танқидий баҳолаш билан бирга, ўзи ва оиласининг, юртининг келажагини я??ол тасаввур этади ва бунга эришиш учун нималар қилиш кераклигини, жамиятимизда қандай ўзгариш ва ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини, нима ҳисобидан тара??ий топган давлатлар яшаётган ҳаёт даражасига кўтарилиш мумкинлигини яхши англайди.

Биз жаҳондаги барча эзгу ниятли, тара??ийпарвар халқлар ва миллатлар билан ҳамжиҳат бўлиб, нафақат Ғарб давлатлари, балки Япония, Жанубий Корея, Малайзия каби ривожланган Шарқ мамлакатларида бўлганидек, эркин ва фаровон ҳаёт қуришга интилмоқдамиз.

Мамлакатимизни демократик тамойиллар, илм-фан ютуқлари, юксак технологиялар асосида модернизация қилиш билан бирга, муқаддас динимизни, миллий ўзлигимизни асраб-авайлаб яшашни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун юртимизда мавжуд бўлган салоҳият ва бойликларни ишга солиш, улардан оқилона фойдаланиш, аввало, ўз куч ва имкониятимизга, ота-боболаримиздан қолган бебаҳо мерос, миллий урф-одат ва анъаналарга суяниш, қадриятларимизни тиклаш, бир-биримизга елкадош бўлиш эҳтиёжини халқимиз бугун ҳар томонлама тушуниб етди. Айни вақтда умумбашарий ютуқларни ўзлаштириш, ёш авлодни шу асосда тарбиялаш, дўстни ғанимдан ажратиш, бизга қўл узатаётган хайрихоҳ шериклар билан ҳамкорликда эртанги кунимизни кўриш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашга қаратилган олий мақсадларимиз ҳақида бугун ортиқча тарғибот олиб боришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Ва мана шундай ҳолатни, яъни оддий фуқароларимизнинг умумий ва сиёсий савияси нақадар ўсганини юртимиз кейинги даврда эришган ютуқларнинг энг муҳими, деб ҳисоблайман.

Шундай экан, ўзимизга бир савол берайлик: бизнинг танлаган йўлимиз кимларга ёқади-ю, кимларга ёқмайди? Бу саволларга жавоб топиш ва тегишли хулосалар чиқаришга кўпни кўрган, донишманд халқимизнинг ақли ва қурби етади, деб ўйлайман.

Барчамизга аён бўлиши керакки, ғанимларимизнинг асосий нияти - Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги бунёдкорлик муҳитини, бугун биз барпо этаётган фаровон ва осуда ҳаётни бузиш, тобора кучга кираётган давлатимизни ағдариш, танлаган йўлимиздан қайтаришдир. Одамларимизнинг юрагига ваҳима ва қўрқув солиш ҳисобидан уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини йўқотиш, бир-бирига қарши қўйиш, юртимизда, минтақамизда ўз манфаати, ўз сиёсатини ўтказишдан иборат.

Булар ўз мақсадларига эришиш учун одамларни, аввало, содда, билими ва ҳаёт тажрибаси паст кишиларнинг онги ва тафаккурини чалғитишга уринади. Уларни муқаддас динимизга, унинг асл қадрият ва бойликларига бўлган қизиқиш ва интилишларидан ғаразли ниятларда фойдаланади. Охирги тўрт-беш йил давомида тўпланган маълумотлар шуни кўрсатадики, бундай мараз ва қабиҳ ниятли кучлар ва марказлар жуда чуқур ўйланган, катта маблағ билан таъминланган, узоқни кўзлайдиган дастур ва режаларга, шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, энг замонавий восита ва имкониятларга эга. Улар, ўзининг таъсирига тушган кишиларнинг миясини заҳарлаш мақсадида, ҳеч қандай соғлом ақлга сиғмайдиган бузғунчи ақида ва ғояларни, шу жумладан, "ҳизбут-таҳрир" оқимида кенг тарқалган халифалик қуриш даъватларини ишлатади.

Нима эмиш, барча мусулмон динига мансуб халқлар халифалик деб ном олган ва битта халифа бошқарадиган ягона диний давлатга бирлашиб, бизнинг Асосий қомусимиз - Конституция ва қонунлар ўрнига, ўрта асрларда ҳукм сурган ақида ва одатларга итоат қилиш асосида яшаб, кун кўришимиз керак эмиш. Давлатни бошқариш, унинг хўжалик ва иқтисодиётини тебратиш у ёқда турсин, оддий оиланинг даромад ва буромад ташвишларидан - ниманинг қаердан ва нима ҳисобидан, қандай меҳнат эвазига келишидан хабардор бўлган ҳар қандай ақли расо одам бундай ғояларнинг сохталигини англаши, уларнинг ҳақиқий баҳосини бериши мумкин. Бундай сохта, замирида ҳеч қандай асос бўлмаган сафсаталар ҳақида гапирганда, аввало бугун биз XXI асрда яшаётганимизни эсдан чиқармаслигимиз керак. Ва ҳозирги ўта мураккаб, шиддат билан ўзгариб, тара??ий топаётган, компьютер ва телекоммуникация даврининг минг йиллар олдин мавжуд бўлган шароит ва вазиятдан ер билан осмонча фарқи борлигини оддий одам ҳам тасаввур қилиши қийин эмас.

Ҳеч қайси давлат, жаҳоннинг қайси қитъасида жойлашганидан қатъи назар, бугун дунё бозори ва халқаро ҳамжамиятдан ажралган ҳолда ва замон талаб қилаётган қонунларга итоат қилмасдан туриб, ўз келажагини кўролмайди. Бу ҳақиқатни исботлаб беришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Ахир, ҳаммамизга маълум: тарих ғилдирагини орқага қайтариб бўлмайди-ку! Шу нуқтаи назардан қараганда, барча мусулмон давлатларини ягона халифаликка бирлаштириш мақсади ҳам ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган афсона, десак, асло хато бўлмайди.

Тарихдан маълумки, халифаликни тузиш у ёқда турсин, икки мусулмон давлатини бирлаштириш, мисол учун, ўтган XX асрнинг 50-йилларида Миср давлатининг Сурия ва Ливия каби араб мамлакатлари асосида ягона давлат қуриш ҳаракатлари нима билан тугагани барчамизга аён. Ёки Афғонистонда толиблар зўрлик билан жорий этган тизимни минтақамизда, Ўрта Осиёда кўришни истайдиган бирорта одам йўқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, деб ўйлайман.

Ҳеч қандай қонунга итоат қилмайдиган бу мутаассиблар ўз жоҳиллиги ва ваҳшийлиги билан, инсон қадри ва қимматини бир тийинга олмасдан, майдонларда одамларни қўйдай сўйиб ташлагани билан бутун жаҳон аҳлининг нафратига дучор бўлди. Ўзингиз айтинг, бундай тартибларни бизнинг заминимизда ҳам кўришни кимдир хоҳлайдими?

Бир масалада барчамиз огоҳ ва сезгир бўлишимиз даркор. "Ҳизбут-таҳрир" каби диний оқимлар аҳолининг ичида, маҳалла ва қишлоқларда ташвиқот ишини бошлаб, ўз сафига аввало ёшларни тортаётган пайтда найранг ишлатиб, ўзини мусичадек беозор, фақатгина адолат ўрнатиш тарафдорлари деб кўрсатишга уринади. Лекин тажриба шуни тасдиқлаяптики, улар кучга кирганда ўзининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатади. Ўз сафидан жангариларни майдонга чиқариш учун ҳар томонлама замин тайёрлаб турган бу оқим вақти-соати келганда, ҳокимиятни, қонуний тизимни ағдариш мақсадида тинч ҳаётни бузиб, ур-йиқит, портлатиш, қон тўкишдек мутлақо зўравонлик ва тажовузкорлик ҳаракатларига ўтиши ҳеч гап эмас. Бундай оқимлар ва уюшмаларнинг низоми ва қоидалари кимки уларнинг қараш ва ғояларини қабул қилмаса ёки уларга кўнмаса, буларнинг пешонасига "кофир", "диндан қайтган" деган тамғани босиб, уларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечишни талаб қилади.

Юқорида зикр этилган фикрларни умумлаштириб, мантиқий бир хулосага келишимиз мумкин. Буларнинг барчасини сохта ғояларни тарқатиш, содда фикрлайдиган одамларни чалғитиш йўли билан бугун минтақалар ва дунёнинг харитасини ўзгартиришга, тинч яшаётган халқларни разолат ва жаҳолат замонига қайтаришга, ўз манфур мақсади йўлида ислом динини қурол қилиб олишга уринаётган ақидапараст "доҳий"ларнинг маккорона ва ўта хавфли ўйини, десак, асло хато бўлмайди. Лекин бундай мудҳиш режаларни бизнинг юртимизда амалга оширмоқчи бўлганлар қаттиқ адашади. Биз қандайдир бечора, кимнингдир етаклашига муҳтож бўлган давлат ёки халқ эмасмиз. Биз кўҳна ва бетакрор тарихга эга бўлган, дунёни ҳайратга солган улуғ мутафаккир ва саркардаларнинг ворисларимиз ва буюк давлат қуришга бел боғлаган халқмиз. Бизга қарши ёвуз ният билан юрган қўпорувчи, бузғунчи кучлар шуни қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: Ўзбекистон давлати ўз халқини, ўз заминини ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилишга қодир. Буни ҳеч ким ва ҳеч қачон унутмаслигини хоҳлардим. Ҳурматли депутатлар!

Юртимиз бошига иш тушган ташвишли кунларда жаҳондаги кўплаб нуфузли давлатлар, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари халқимизга ҳамдардлик билдириб, бизни қўллаб-қувватлаганидан, ўйлайманки, жамоатчилигимиз яхши хабардор. Шулар қаторида, мусулмон давлатларининг раҳбарлари, ислом оламининг кўзга кўринган сиёсат ва дин намояндаларининг бу масалага холис ва соғлом ёндашуви эътиборга сазовор.

Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Мисрда чиқадиган "Ас-сиёсий" газетасида сиёсатшунос Муҳаммад Салома Ўзбекистондаги воқеалар муносабати билан алоҳида бир мақола чоп эттирган. Бу мақоланинг таржимаси яқинда "Халқ сўзи" газетасида босилиб чиқди. Муаллиф, содир бўлган воқеаларни таҳлил қилар экан, жумладан, бундай деб ёзади: "Бирон-бир давлатнинг мустамлакаси бўлмаган, диний ва дунёвий илм олиш учун барча шарт-шароитлар тўлиқ таъминлаб қўйилган бу озод юртга қарши жиҳод қилиш - ўзини 90 фоиздан ошиқ аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистоннинг мўмин халқига қарши қўйиш демакдир".

Муаллиф экстремистларнинг халифалик қуриш ҳақидаги даъволарига тўхталиб: "Бу тўдага бутун мусулмон уммати номидан бундай сиёсий чақириқларни ўртага ташлашга ким ҳуқуқ берди? - деган саволни қўяди. - Агар Ўзбекистон мисолида уни талқин қиладиган бўлсак, ҳар қандай йўл билан ўз нафсини қондиришга уринаётган бир гуруҳ лўттибозлар эмас, балки 25 миллионлик мамлакат аҳолисининг амри вожиблигидан келиб чиқиш керак. Бу халқ ўз хоҳиш-иродасини мамлакат раҳбари ва халқ номзодлари сайловларида я??ол намойиш этган ва бугунга келиб, ўзи олий ваколат берган шахслардан Ўзбекистон хал-қининг тинчлиги ва тотувлигини таъминлаб беришни талаб қилишга ҳа??и бор".

Ўйлайманки, бундай холис ва ҳа??оний фикрларни шарҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Мана шундай маърифатли, оқ-қорани танийдиган инсонлар тимсолида мусулмон дунёси бу террорчилик ҳаракатлари динимизга мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама исботлаб, уларни қаттиқ қораламоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, эл-юртимиз ўз бошидан оғир синов кунларини кечирган бир пайтда бизга ҳамдард бўлган барча инсонларга, чет эллардаги дўстларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан миннатдорлик билдиришга ижозат этгайсиз.


Муҳтарам юртдошлар!

Биз бугун нотинч ва таҳликали бир замонда яшамоқдамиз. Инсоният юксак орзу-умидлар билан қадам қўйган янги - ХХI асрда ҳам халқаро террорчилик дунёнинг турли жойларида ўз ёвуз қиёфасини намойиш этаётгани, айниқса, ялпи хавфсизликка катта таҳдид солаётгани барчада ташвиш уйғотмасдан қолмайди.

Ҳозирги вақтда терроризмнинг тажовузидан ўзини холи ҳис қиладиган бирорта қитъа ёки давлатнинг ўзи йўқ. Худди вабо сингари ер юзининг кўплаб мамлакатларига ёйилиб бораётган бу бало-қазо эртага кимни нишонга олишини ҳам олдиндан айтиш қийин. Буни кейинги пайтда жаҳоннинг қатор мамлакатларида, жумладан, Туркия ва Саудия Арабистонида, Индонезия, Россия, Испанияда ва куни кеча Сурия давлатида содир этилган террорчилик хуружлари ҳам тасдиқлайди.

Бизнинг юртимизда рўй берган қўпорувчилик ҳолатлари ҳам ана шу халқаро террорчилик ҳаракатлари билан бевосита боғлиқ, деб айтишга барча асослар бор.

Шу борада ҳаммамиз бир муҳим фикр ва сабоқни яхши англаб олишимиз даркор. Ўз олдимизга қўйган буюк ва эзгу мақсадларга эришиш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш вазифасини бажариш аввало ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг жипслигига, кучли иродасига боғлиқ.

Албатта, бу масалада бизга хайрихоҳлик билан қарайдиган давлатлар, узоққин қўшниларимизнинг ёрдам ва кўмагига ҳам суяниш керак, лекин, охир-оқибатда ўз салоҳиятимизга таянишимиз лозим. Мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган барча хатарлардан, юртимизга қарши тузилаётган турли фитналардан ўз вақтида огоҳ бўлишимиз, уларни бартараф этиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга солишимиз зарур. Биз халқаро терроризмга қарши курашда жаҳон ҳамжамияти, биринчи галда, минтақамиздаги давлатлар билан баҳамжиҳат ҳаракат қилишимиз даркор. Лекин кўп ҳолларда бу борада қабул қилинган дастурлар, келишув ва қарорлар, минг афсуски, қоғозда қолиб кетмоқда.

Халқаро террорчи кучлар қайтадан бирлашиб бош кўтараётган, ўта маккор ва ёвуз услубларни қўллаётган бугунги мураккаб вазиятда ҳаётнинг ўзи халқаро ҳамжамият, жумладан, минтақамизда жойлашган барча давлатлардан бу балога қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришни, бир ёқадан бош чиқариб, бундай уринишларга кескин зарба беришни, ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш ва аввало, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашни тақозо этмоқда.

Бу курашдан ҳеч ким четда қолмаслиги керак. Шуни яна бир бор таъкидлаб ўтишни зарур, деб биламан: бу машъум офат мени четлаб ўтади ёки сен менга тегма - мен сенга тегмайман, деган хомхаёлларнинг умри узоқ бўлмайди. Бундай қараш ва сиёсатларнинг охири вой бўлиши муқаррар.


Ҳурматли депутатлар!

Юртимизда содир бўлган мана шундай мудҳиш, ғайриинсоний хуружларнинг сабаблари ва уларга олиб келган ҳолатларни таҳлил қилар эканмиз, шуни айтиш керакки, бу жиноятларнинг бошида турган ва уларни ташкил қилганлар ўз қора ниятларига етиш учун аввало кимларга суянган, кимлардан фойдаланган, кимларни қурол қилиб ишлатган?

Бундай саволларнинг негизига, илдизига етиб боришимиз керак.

Албатта, сир эмас, ҳар қандай жамиятда, миллатда ичи қора, нафси бало, табиатан тажовузкорлик ва зўравонликка мойил бўлган, керак бўлса, қотилликка ҳам борадиган кимсалар топилади. Шулар қаторида ҳамма нарсадан норози, аламзада, ўзининг ғаразли мақсадларини устун қўядиган кишилар ҳам кам эмас. Лекин, биз бир муҳим масалага алоҳида эътибор беришимиз зарур. Юртимизга қарши бундай тажовуз ва қўпорувчилик хуружларини ташкил қилиш нияти билан юрган кучларнинг тузоғига тушганларнинг аксарияти биринчи навбатда оилада ҳам, мактабда ҳам жиддий таълим-тарбия олмаган ёшлардир. Улар ижобий маънодаги ворислик, яъни авлоддан авлодга ўтиб борадиган ибратли анъаналардан йироқ, муҳити носоғлом бўлган оилаларда ўсган, омади юришмаган, ҳаётда ўз ўрнини топмаган, жамият эътиборидан четда қолган ўсмирлардир. Уларнинг кўпчилигини ҳатто ўрта мактабни битиришга ҳам ақл-идроки, кучи етмаган кимсалар ташкил қилади.

Биз бундай нохуш, ачинарли ҳолатни атрофлича ўрганиб, ундан хулоса ва керакли сабоқлар чиқаришимиз, бунга қарши зарур чора-тадбирларни кўришимиз талаб этилади. Рўй берган бу фожиали ҳодисаларнинг сабаблари ҳақида гапирганда, афсус билан яна бир нарсани тан олишга тўғри келади. Яъни, баъзиларимиз давлат бор, унинг органлари, махсус хизматлари бор, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш уларнинг вазифаси, деган фикрда беғам ва бепарво бўлиб юрамиз.

Дарҳақиқат, давлат, унинг тегишли органлари жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун, энг муҳими, инсоннинг муқаддас ҳуқуқи - яшаш ҳуқуқини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш учун ташкил этилгани шубҳасиз. Лекин, бир ўйлаб кўрайлик, агар жамият ўзини ўзи ҳимоя қилмаса, ҳар ким фақат ўз манфаати билан яшаса, бундай жамиятнинг ҳаёти, келажаги нима бўлади?

Мана шундай лоқайдлик ва бепарволикни кўрганда, одам беихтиёр ёниб кетади, эй, одамзот, кўзингни оч, Ўзбекистонни вайронага, халқимизни қулга айлантирмоқчи бўлганлардан, болаларимизни алдаб, уларни ўзимизга қарши қайраб юрганлардан огоҳ бўл, деб ҳайқиргиси келади.

Одам ҳайрон қолади, нега инсон то ўз бошига жудолик ва айрилиқ, мусибат тушмагунча ақлини йиғиштириб ололмайди, ён-верига ҳушёр назар ташлаб, дўстни душмандан ажратолмайди? Қачонгача биз атрофимизда қабиҳ ният билан юрган, ич-ичидан заҳарга, фасодга тўлган кимсалардан андиша қиламиз, уларнинг қора қилмишларини фош этиб, жойига ўтқазиб қўйишга журъат қилолмаймиз? Шаҳар бедарвоза бўлмаганидек, маҳалла ҳам, эл-юрт ҳам эгасиз бўлмаслиги керак-ку, ахир.

Шу борада ҳаётимизнинг ўзи давлат вазифасида, лавозим курсисида ўтирганлар олдига алоҳида талаб қўймоқда. Давлат хизматида юрганлардан савлат тўкиб ўтириш, мендан кетгунча, эгасига етгунча, деб, юз бераётган ҳодисаларга томошабин, кузатувчи бўлиш эмас, аввало халқ манфаати, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш учун куйиб-ёниб яшашни, бу курашнинг олдинги сафида бўлишни талаб қилишга ҳақлимиз.


Муҳтарам юртдошлар!

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳурматли ота-оналаримизга, эл-юрт манфаати йўлида жуда катта иш қилаётган маҳалла оқсоқоллари ва фаолларига, ўқитувчи ва мураббийларимиз, муҳтарам уламоларимизга, бутун жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман. Ҳозирги кунда диний экстремизм мафкурасига, қўпорувчилик-террорчиликка қарши курашдаги асосий вазифа - аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар билан олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий ишларни изчил, чуқур ўйланган тизим асосида ташкил этиш ва уларнинг таъсирчанлигини кескин кучайтиришни бугун бошимиздан кечираётган ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Муҳим бир ҳақиқатни барчамиз унутмаслигимизни истардим. Тарихимизни эсласак, бизнинг миллатимиз табиатида олижаноблик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, керак бўлса, ўта соддалик хусусиятлари устун бўлиб, халқимиз жаҳолат ва тажовуз йўлини, разил ўйинларни ўзига қабул қилмаган ва инсонийлик шаънига зид бўлган бундай ҳаракатларни доимо рад этган. Рўй берган воқеаларга мана шундай мантиқий кўз билан қараб, аксарият йўлдан адашганларнинг аянчли қисматига баҳо берадиган бўлсак, бунинг сабабини уларнинг онгу тафаккури ҳали шаклланмаганидан, ақли ва билими етишмаганидан, буларни асраш, ёмон йўлдан қайтариш учун керакли пайтда ёнида имон-иродаси бақувват, ўзига яқин одам топилмаганидан ахтаришимиз керак. Ва шу туфайли улар ўта айёр ва маккор, қора ниятли кимсаларнинг тузоғига тушиб қолганини англашимиз зарур.

Айнан шу ҳақиқатни инобатга олиб, буларнинг орасида олиб борилаётган ғоят масъулиятли ишда шираси, таъсири йўқ, умумий, баландпарвоз гаплардан воз кечиб, ақидапарастликнинг ўзи нима, диний экстремистик оқим ва ҳаракатларнинг асл мақсади нималигини, уларнинг эл-юртимизга, ота-боболаримиздан қолган динимизга қандай катта зарар етказишини тушунтириб бера олишимиз даркор. Шундагина адашганларни йўлидан қайтариш, бундай машъум ҳодисаларнинг олдини олиш, юртимиз ва миллатимизни асрашимиз мумкин.

Албатта, биз бугун таълим-тарбия соҳасида, маънавий-маърифий соҳада кўп-кўп ишларни амалга оширмоқдамиз. Юзлаб академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, замонавий спорт масканларини барпо этдик ва барпо этмоқдамиз. Айни пайтда мактабларга, айниқса, қишлоқ мактабларига эътиборни кучайтирмоқдамиз.

Ҳеч шубҳасиз, биз бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириб, қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳа учун зарур бўлган куч ва маблағларни излаб топамиз ва сафарбар этамиз.

Биз ҳаётга катта орзу-умидлар билан кириб келаётган ёшларимизга бир ҳақиқатни, яъни, "Эй болам, сенинг Ватанинг битта - барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг ҳоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлиқ адо этишингга боғлиқ" деган тушунчани уларнинг қалбига, онгу шуурига сингдиришимиз даркор.


Қадрли юртдошларим!

Албатта, юқорида зикр этилган масалаларнинг барчаси тўғри ва ўринли, биз уларни энг долзарб вазифамиз тариқасида қабул қиламиз. Лекин бу вазифаларнинг негизида, амалга оширишимиз лозим бўлган бу ғояларнинг пойдеворида битта нарса турибди. У ҳам бўлса, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришдир. Бунга аввало барча жабҳаларда бошланган эркинлаштириш сиёсатини, иқтисодиёт соҳасидаги туб ислоҳотларни охирига етказиш ва ўсиш суръатларини ошириш эвазига эришишимиз мумкин. Нафақат давлатнинг, балки ҳар қайси оила, ҳар қайси одамнинг даромадини кўтариш, турмуш даражасини яхшилаш бўйича кўп ишларни қилишимиз даркор.

Саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва хусусий бизнес вакилларига кенг йўл очиб бериш, уларнинг олдидаги тўсиқ-ғовларни олиб ташлаш, ижтимоий муаммолар, айниқса, ишсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Юртимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, шу заминдаги барча инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб яшаши, жамиятимизда ҳеч ким, биринчи галда, ёрдам ва кўмакка муҳтож бўлган инсонлар ўзини ёлғиз сезмаслиги учун барчамиз ҳисса қўшишимиз керак.

Бу олижаноб мақсад-муддаоларга етиш йўлида бизга хайрихоҳ бўлган, демократик ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бераётган давлатлар ва халқаро ташкилотлар, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, демократик тамойиллар ва қарашлар одамларимизнинг тафаккуридан чуқур жой олишига эришишимиз лозим.


Муҳтарам халқ ноиблари!

Ўзининг узоқ, давомли тарихида кўпни кўрган халқимиз бундай синовларни илгари ҳам бошидан кечирган ва уларни мардона енгиб ўтган.

Албатта, биз аввало Яратганимиздан эл-юртимизни турли офатлардан, ёмон кўзлардан сақлашини сўраймиз. Оллоҳ таоло ўз марҳаматини, меҳр-мурувватини халқимиздан дариғ тутмасин, барчамизни ўз паноҳида асрасин, деб эзгу ният қиламиз. Айни замонда барчамиз бир тану бир жон бўлиб, терроризм ва экстремизм хавфига қарши қатъият билан кураш олиб боришимиз, "Ўз уйингни ўзинг асра" деган шиорнинг маъносини кенг ва чуқур англаб, гўзал ва бетакрор Ватанимизнинг тинчлигини, халқимиз осойишталигини кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.

Сиз, азиз депутатларни ўзимнинг ҳамфикр, яқин елкадошларим, деб билиб, барчангизни эл-юртимизни бало-қазолардан асрашда, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга етишда янада жипслашишга, бу йўлда қатъият ва фидоийлик кўрсатишга даъват этаман.





































Время: 0.0132
AVda ro`yxatga olingan raqami bo`yicha qat`iy muvofiqlik
  • Barchasi
  • amaldagi
  • kuchini yo`qotgan
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • istalgan sana
  • aniq sana
  • davr
  • -

Qidiruvni pastga tushirish