язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Таъсирчан моддалар ва тайёр кимёвий препаратлар импорти бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва хулосалар бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2006 й. 31-сон Қарорига 5-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 24 февралдаги

31-сон қарорига

5-ИЛОВА



Таъсирчан моддалар ва тайёр кимёвий препаратлар

импорти бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва

хулосалар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигини ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий препаратлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 31 январдаги ПҚ-272-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тегишли хулоса берилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида қўллаш учун рухсат берилган таъсирчан моддалар ва етишмаётган тайёр кимёвий препаратлар импорти бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини кимёвий препаратлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларни харид қилиш самарадорлигини ошириш мазкур Низомнинг мақсади ҳисобланади.


3. Таъсирчан моддалар ва тайёр кимёвий препаратлар импорти бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва хулосалар бериш тендер савдолари ўтказиш асосида амалга оширилади.


4. Қуйидагилар тендерлар ўтказишнинг мақсади ҳисобланади: давлат бюджети, давлат бюджетида жамланадиган бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағларидан, Ҳукумат кафолати остидаги хорижий кредитлардан ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситаларини харид қилиш учун йўналтириладиган хорижий грантлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сифатли кимёвий препаратлар ва таъсирчан моддалар харид қилинишини таъминлаш.


5. Тендер харидларида иштирок этадиган Ватанимиз ишлаб чиқарувчилари (етказиб берувчилар) билан ҳисоб-китоб миллий валюта - сўмда амалга оширилади.


6. Қарорлар қабул қилишдаги очиқ-ошкоралик ва холислик, Ватанимиз ишлаб чиқарувчилари (етказиб берувчилар)нинг устуворлиги сақланиб қолган ҳолда тендерларда қатнашиш учун тенг рақобат шарт-шароитларини яратиш тендерлар ўтказишни ташкил этишнинг асосий принциплари ҳисобланади.


7. Тендер шартлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ва:

кимёвий препаратларни ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича баланснинг асосий параметрларини тасдиқлашга доир қарор;

буюртмачининг техник талаблари;

санитария-карантин, ветеринария хизматларининг йўриқнома материаллари;

тендер мавзусига боғлиқ равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Ўзстандарт" агентлиги талаблари;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат берилган ўсимликлар зараркунандалари, касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг кимёвий ва биологик воситалари, дефолиантлар ва ўсимликлар ўсиши регуляторлари рўйхати асосида ишлаб чиқилади.



II. ТЕНДЕРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Тендерлар қишлоқ хўжалиги учун таъсирчан моддалар ва тайёр кимёвий препаратларни харид қилиш бўйича идоралараро тендер комиссияси (кейинги ўринларда матнда "Тендер комиссияси" деб юритилади) томонидан ўтказилади. Тендер комиссияси тендерларни ўтказиш бўйича доимий орган ҳисобланади ва тегишли Низом асосида иш кўради.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги "Ўзбектендерконсалтинг" агентлиги тендер комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.



III. ТЕНДЕР ТУРЛАРИ


10. Ўтказиш усулига қараб тендерлар очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Тендерлар ўтказиш тури буюртмачи томонидан белгиланади.


11. Очиқ тендерларда барча юридик шахслар қатнашиши мумкин.


12. Ёпиқ тендерлар фавқулодда ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси билан келишув бўйича буюртмачи томонидан олдиндан белгиланган, таклифномалар юбориладиган ташкилотлар иштирокида ўтказилади.



IV. ТЕНДЕРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ БОСҚИЧЛАРИ


13. Тендерни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

тендер мавзусини белгилаш;

тендер ҳужжатларини тайёрлаш (ихтисослаштирилган техник ва тижорат маслаҳатчиларини жалб этган ҳолда);

оммавий ахборот воситаларида тендерни эълон қилиш ва/ёки тендернинг потенциал қатнашчиларига тендерда иштирок этишга таклифномалар юбориш;

тендер қатнашчиларидан тендер таклифларини қабул қилиш;

тендернинг потенциал қатнашчиларини аниқлаш;

тушган тендер таклифларини баҳолаш ва тендер ғолибини аниқлаш;

тендер ғолиби билан контрактни имзолаш.



V. ТЕНДЕРНИ ТАЙЁРЛАШ ВА У

ТЎҒРИСИДАГИ ЭЪЛОННИ ЧОП ЭТИШ


14. Ишчи орган тендер (тендер савдолари) ўтказилишидан камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида тегишли ахборотни эълон қилиш орқали ва/ёки талабгорларнинг манзилига почта, телефакс орқали ёхуд бошқа шаклда расмий таклифномалар юбориш воситасида тендер тўғрисидаги ахборотни талабгорлар эътиборига етказади, бунда ҳам мамлакат ичида, ҳам чет элда энг кўп тарқалган ва ихтисослаштирилган журналлар, газеталарни танлаш мажбурий шарт ҳисобланади, ёпиқ тендерлар ўтказишда оммавий ахборот воситаларида тендер тўғрисидаги эълон чоп этилмайди.


15. Тендерлар тўғрисидаги ахборотда қуйидаги ахборотлар мавжуд бўлади:

ишчи органнинг номи;

тендер мавзуси;

мўлжалланаётган товар етказиб берилиши бажарилиши шартлари ва муддатлари;

тендерда қатнашиш учун талабгорларни олдиндан малакали танлаб олиш муддатлари;

тендер ҳужжатларини олиш мумкин бўлган тендер комиссияси ишчи органининг манзили, алоқа боғлаш телефони ва телефакси;

тендер ҳужжатлари қиймати;

тендер таклифи берилган тақдирда тендерда қатнашиш учун закалат суммаси (банк кафолати);

тендер комиссияси таклифларини қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда);

тўлов шартлари, закалат суммасини ва тендер ҳужжатларига ҳақ тўлаш учун банк реквизитлари.



VI. ТЕНДЕР ҲУЖЖАТЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ШАРТЛАР


16. Тендер ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

тендер қатнашчиси учун йўриқнома;

тендернинг техник қисми;

тендернинг тижорат қисми;

контракт проформаси.


17. Тендер қатнашчиси учун йўриқномада қуйидагилар мавжуд бўлади:

тендер комиссиясининг ишчи органи вакиллари билан алоқа қилиш учун манзил ва алоқа қилиш телефонлари, улардан тендерлар ўтказилишига доир тушунтиришлар олиш мумкин;

тендер комиссиясига юбориладиган тендер таклифи нусхалари сони тўғрисидаги кўрсатма;

тендер таклифини расмийлаштириш тартиби ва унга виза қўйишга қўйиладиган талаб;

тендер таклифи қатнашчи томонидан тендер комиссиясига тақдим этилгандан кейин тендер таклифига ўзгартиришлар киритиш ва уларни расмийлаштириш тартиби;

нарх ва валютани тақдим этишга доир кўрсатма;

тендер комиссиясига таклифларни бериш тартиб-қоидасига қўйиладиган талаб;

қайд этилган вақт мобайнида тендер қатнашчисининг таклифи қайтарилмаслигини кафолатлайдиган пул закалати (банк кафолати) миқдори, уни қўйиш ва қайтариш тартиби);

буюртмачининг хоҳишига кўра - тендер савдолари натижалари бўйича тузилган контрактни зарур даражада бажариш юзасидан пул кафолати (гаров шаклида) миқдори, уни қўшиш ва қайтариш тартиби;

тендер ҳужжатлари талабларига асосланган таклифлар билан биргаликда тендер қатнашчиларига қўйилиши мумкин бўлган муқобил таклифлар тўғрисидаги маълумот;

тендер қатнашчисининг асосли илтимосига кўра тендерларни ёпиш санасини кўчириш мумкинлиги ҳақидаги кўрсатма;

ўтказиладиган тендерлар доирасида тузиладиган ҳар қандай ҳужжатнинг маҳфийлигига ҳавола;

таклифлар билдирилган конвертларни очиш тартиб-қоидасининг тавсифи ва тендер комиссияси томонидан тендер ғолибини аниқлаш муддати.


18. Тендернинг техник қисмида харид қилинадиган товарга қўйиладиган зарур технология талаблари мавжуд бўлади.


19. Тендер ҳужжатларининг тижорат қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:

етказиб бериш шартлари;

тўлов шартлари ва тўлов жадвали;

битишувни молиялаштириш манбаи;


20. Контракт проформаси контрактларга қўйиладиган талабларга, жумладан:

контрактнинг халқаро савдо ҳуқуқининг умумий қабул қилинган нормаларига мувофиқлигига;

контрактнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларига мувофиқлигига жавоб бериши керак.

Битим (контракт) проформасини тузишда буюртмачи ёки ишчи орган ихтисослаштирилган консалтинг фирмаларига шартнома асосида маслаҳат сўраб мурожаат қилишга ҳақлидир.



VII. ТЕНДЕР ҚАТНАШЧИЛАРИ


21. Тендерларда маҳсулотнинг юқори сифатини ва уни ўз вақтида етказиб беришни кафолатлайдиган, тендерда қатнашиш учун қўйиладиган шартларни бажарган кимёвий препаратлар ва таъсирчан моддаларнинг эътироф этилган ишлаб чиқарувчилари ёки уларнинг расмий дилерлари қатнашиши мумкин.


22. Тендерда қатнашиш хоҳишини билдирган талабгорлар эълон берилгандан кейин тендер ҳужжатларини оладилар. Тендер ҳужжатлари ҳар бир талабгорга тўлов асосида берилади. Тендер ҳужжатларини олиш учун тўлов миқдори тендер комиссияси томонидан белгиланади. Ватанимиз ишлаб чиқарувчилари (етказиб берувчилар) учун тендер ҳужжатларини олганлик учун тўлов миқдори сўмда белгиланади.


23. Ишчи орган тушган буюртмалар ва мазкур Низом асосида талабгорларни олдиндан малакали танлаб олиш учун материалларни тўплайди ва тизимлаштиради.



VIII. ТЕНДЕРДА ҚАТНАШИШ УЧУН

ТАЛАБГОРЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ


24. Тендер бошлангунга қадар тендерда қатнашиш учун қўйиладиган талабгорлар тендер комиссияси томонидан малакали танлаб олинади.


25. Ишчи орган томонидан амалга ошириладиган талабгорларни малакали танлаб олишда:

қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкротлик босқичида турган;

малакали танлаб олиш учун барча зарур ҳужжатларни белгиланган муддатда тақдим этмаган;

илгари тузилган контрактлар бўйича қабул қилинган мажбуриятларни зарур тарзда бажармаган;

тендер эълон қилингунга қадар кўпи билан 6 ой олдин таъсис этилган;

буюртмачи билан суд ёки ҳакамлик муҳокамаси ҳолатида бўлган;

тижорат ва молиявий кўрсаткичлар бўйича тендер комиссияси талабларига жавоб бермайдиган ташкилотлар тендерда қатнашиш учун қўйилмайди.


26. Танлаб олинган қатнашчилар рўйхати тендер комиссияси томонидан тасдиқланади.


27. Тендерда қатнашишга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор тендер комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу ҳақда ишчи орган талабгорларни ёзма шаклда хабардор қилади.



IX. ТЕНДЕР ЎТКАЗИШ РЕГЛАМЕНТИ


28. Оммавий ахборот воситаларида тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон расман чоп этилган сана ёки почта (сана почта штемпели бўйича аниқланади), телефакс орқали ёки бошқа шаклда тендер иштирокчиси расман хабардор қилинган (таклиф этилган) сана тендер очилган сана ҳисобланади.


29. Ўтказиладиган тендерлар доирасида тендер таклифларини тайёрлаш муддати тендер комиссияси томонидан белгиланади ва тендер очилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилади.


30. Тендер комиссияси тендер таклифларини тақдим этиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бу қарор тендернинг барча қатнашчиларига тарқатилади.


31. Ҳар бир аниқ ҳолатда тендер комиссияси тендерда қатнашиш учун талабгор томонидан қўйиладиган закалат (ёки банк кафолати)ни қўшиш тартиби, унинг миқдори ва шаклини белгилайди. Закалат миқдори хариднинг ҳисоблаб чиқилган қийматининг 1-5 фоизи миқдорида бўлишига йўл қўйилади. Закалат буюртмачининг ёки ишчи органнинг (ихтисослаштирилган ташкилот ишчи орган ҳисобланган ҳолатда) субҳисоб рақамига қўйилади. Ватанимиз ишлаб чиқарувчилари (етказиб берувчилар)нинг закалати миллий валюта - сўмда қўйилади.


32. Тендер таклифлари фақат муҳрланган икки қаватли конвертларда қабул қилинади. Ишчи органнинг номи ва манзили кўрсатилган ташқи конвертда тендер қатнашчиси томонидан закалат қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлади. Ички конвертда тендер таклифи, савдо эълон қилинган товарнинг номи ва таклифларни қабул қилиш учун белгиланган сана тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлади. Барча ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш дафтарида топширувчи ва қабул қилиб олувчи шахснинг тилхати остида сана ва қабул қилиш вақти қайд этилган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатдан ўтказиш дафтари ип ўтказиб тикилган, тартиб рақами қўйилган ва буюртмачи ёки ишчи орган (ихтисослаштирилган ташкилот)нинг гербли муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.


33. Конвертларни очиш тартиб-қоидаси регламенти, уларни кўриб чиқиш ва маҳфийлик чора-тадбирларига риоя қилган ҳолда уларни сақлаш тартиби тендер комиссияси томонидан белгиланади.


34. Тендер комиссияси тендер буюртмаларини қабул қилишнинг сўнгги санасини, конвертларни очиш вақти ва жойини белгилайди. Кўрсатиб ўтилган санадан кейин олинган таклифлар кўриб чиқилмайди ва конвертлар очилмасдан тендер қатнашчисига қайтарилади. Агар тендер қатнашчиси кўрсатиб ўтилган санадан кейин ўзгартиришлар киритса ёки ўз таклифини қайтиб олса, закалат унга қайтарилмайди. Тендер қатнашчиси ўз таклифини тендер буюртмаларини қабул қилишнинг охирги санасидан камида 5 кун олдин қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир.


35. Тендер комиссияси мажлисини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг 70 фоизини ташкил этади. Тендер комиссиясининг барча мажлислари ва қабул қилинган барча қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилиши керак. Тендер қатнашчиларининг таклифлари мавжуд бўлган конвертларни очиш бевосита тендер комиссияси мажлисида амалга оширилади. Тендер комиссияси мажлисининг баённомасида тендер қатнашчилари томонидан таклиф этилган таклифларнинг тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги қайд этилади.


36. Тендер таклифларини кўриб чиқиш муддати тендер комиссияси томонидан конвертлар очилган пайтдан бошлаб белгиланади. Ушбу муддат харид қилинадиган товарнинг турига боғлиқ бўлади ва 3 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Таклифларни кўриб чиқишда уларнинг тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги аниқланади, зарур ҳужжатлар мавжудлиги ва улар расмийлаштирилишининг тўғрилиги текширилади.


37. Тендер комиссияси тушган таклифларнинг тендер шартларига мувофиқлигини текширади ва республика шароитларида таклиф этилаётган препаратларни синаб кўришнинг ижобий натижасини ҳисобга олган ҳолда ғолибларни "нарх-сифат (самарадорлик)" принципи бўйича аниқлайди.


38. Тендерни ташкил этиш ва ўтказиш чиқимлари, шунингдек эксперт ташкилотларининг хизматларига сотиб олинган тендер ҳужжатлари учун қатнашчилар томонидан қўшилган маблағлар ҳисобига ҳақ тўланади.


39. Тендер ўтказилгандан кейин буюртмачи ёки ишчи орган (ихтисослаштирилган ташкилот) қатнашчиларга (ғолибдан ташқари) уларнинг закалатларини банк операциялари ўтказиш чиқимларини чиқариб ташлаган ҳолда қайтаради. Закалат тендер ғолиби эълон қилган пайтдан бошлаб белгиланган муддат мобайнида, бироқ 11 банк кунидан кечикмай қайтарилади. Тендер ғолибининг закалати кафолат ва тендер ғолиби томонидан бундай контракт шартлари зарур тарзда бажарилиши сифатида контракт шартларини бажариш тамом бўлгунга қадар тендер буюртмачисининг тасарруфида туриши мумкин.


40. Тендерда қатнашиш ҳуқуқини бошқа юридик шахсларга беришга йўл қўйилмайди.


41. Агар:

тендер ёпилиши муддати тамом бўлган пайтгача бирорта ҳам тендер таклифи тушмаса;

тендерда фақат битта қатнашчининг таклифи тақдим этилган бўлса;

тақдим этилган барча тендер таклифларида ҳужжатларнинг зарур комплекти мавжуд бўлмаса, тендерлар тендер комиссияси томонидан бўлиб ўтмаган деб эълон қилиниши мумкин.


42. Агар тушган тендер таклифларидан ҳеч бири тендер ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаса, тендер бўлиб ўтган, бироқ салбий натижали деб ҳисобланади.



X. ТЕНДЕР ТАКЛИФЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


43. Тендер таклифларини баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган муддат мобайнида ўтказилади. Тендер қатнашчилари ёки уларнинг вакиллари тендер таклифларини баҳолашда ҳозир бўлишга ҳақли эмас. Баҳолаш давомида тендер комиссияси тушунтиришлар олиш учун талабгорларни таклиф этиш, улардан қўшимча маълумотларни ва тасдиқномаларни сўраш ҳуқуқига эгадир. Тендер якунларини чиқаришда тендер қатнашчилари ёки уларнинг ишончли шахслари ҳозир бўлишлари мумкин.


44. Тендер комиссияси тендер таклифларини баҳолаш учун эксперт ва консалтинг ташкилотлари вакилларини жалб қилиши мумкин.


45. Тендер қатнашчиларининг тақдим этилган таклифлари билан танишгандан кейин тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси асосланган ёзма хулоса ёзишга ҳақлидир.


46. Тендер ғолиби тўғрисидаги қарор тендер комиссияси томонидан қабул қилинади ҳамда таъсирчан моддалар ва тайёр кимёвий препаратларни импорт қилиш учун контракт тузишга асос ҳисобланади.


47. Тендер таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборот баҳолаш тартиб-қоидасига расман алоқадор бўлмаган шахсларга маълум қилинмайди. Тендер комиссияси аъзолари ва жалб этилган экспертлар ушбу ахборот ошкор қилинганлиги учун жавоб берадилар.


48. Арифметик хато ёки бошқа хатолар мавжуд бўлган тақдирда тендер комиссияси тендер таклифини рад этишга ёхуд тендер доирасида тендер таклифини бундан кейин кўриб чиқиш шартларини белгилашга, бу ҳақда тендер қатнашчисини хабардор қилишга ҳақлидир.


49. Тендер таклифларини баҳолаш ва тендер ғолибини аниқлаш тендер ҳужжатларида баён қилинган мезонлар асосида амалга оширилади. Шунингдек тақдим этилган тендер таклифларининг қўшимча техник, ташкилий ва тижорат устунликлари, шунингдек тендер қатнашчисининг нуфузи ҳам эътиборга олиниши мумкин.


50. Тендер комиссиясининг баённомасида қуйидагилар ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлади:

тендер ғолиби ва тендер ғолибидан кейин энг юқори балларга эга бўлган захирадаги қатнашчилар номи;

тендер комиссияси таркиби;

овоз бериш натижалари;

тендер қатнашчилари тендер таклифларининг йиғма жадвали;

тендер ғолиби билан контрактни имзолаш муддатлари.

Протокол тендер комиссиясининг ҳозир бўлган аъзолари томонидан имзоланиши ва тендер комиссияси раиси томонидан тасдиқланиши керак.


51. Агар тендер ғолиби контракт тузишни рад этса, контракт тузиш ҳуқуқи биринчи захирадаги қатнашчига ўтади.


52. Агар тендер бўлиб ўтмаса ёки салбий натижали бўлса тендерни қайтадан ўтказиш мумкин.


53. Тендер ўтказиш билан боғлиқ низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



XI. ТЕНДЕР НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА КОНТРАКТЛАР

ТУЗИШ, ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ВА

УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИ МОНИТОРИНГИ


54. Тендер комиссияси мажлиси протоколининг тасдиқланган нусхалари ва тендер шартлари "Ўзбектендерконсалтинг" агентлиги томонидан тилхат остида Ўзбекистон томонидан буюртмачига ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига берилади.


55. Буюртмачи қонун ҳужжатларига, тендер шартларига ва тендер комиссияси мажлисининг протоколига мувофиқ тендер ғолиби билан контракт тузади. Контракт тузилгандан кейин ғолиб умумий қабул қилинган халқаро қоидалар ва урф-одатларга мувофиқ контракт суммасининг 10 фоизигача миқдорда буюртмачи фойдасига контракт бажарилиши кафолатини тақдим этиши шарт (перфоманс бонд).


56. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги қонун ҳужжатларига, тендер шартларига ва тендер комиссияси мажлиси протоколига мувофиқ контрактни экспертизадан ўтказади.


57. Тендер ғолиби томонидан қабул қилинган контракт мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб бориш "Ўзбектендерконсалтинг" агентлиги томонидан амалга оширилади. Тендер контрактлари бажарилиши устидан назорат қилиш буюртмачи томонидан "Ўзбектендерконсалтинг" агентлигига тақдим этиладиган маълумотлар асосида тендер комиссияси томонидан амалга оширилади.


58. Тендерларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



XII. ЖАВОБГАРЛИК


59. Қуйидагилар:

ишчи орган таркибига кирадиган шахслар - тушган тендер таклифларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва маҳфийлиги;

тендер комиссияси раиси ва аъзолари - ахборот ошкор қилинганлиги, тендер қатнашчилари, тендер комиссиясининг қолган аъзолари ва жалб этилган экспертлар билан битишувга йўл қўйилмаслиги, шунингдек бошқа ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар учун қонунда назарда тутилган тарзда жавоб берадилар.


60. Контрактни миқдор, сифат ва техник параметрлар бўйича бажармаган тендер ғолиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тарзда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 8-сон, 54-модда.