Умная подшивка
2019 й. / НМ, 28 /Биз яшайдиган уй
БИЗ ЯШАЙДИГАН УЙ*
Ҳовлида тўхташни истамайман, лекин мажбурман
Чилим, сауна, сунъий ҳовуз, кўп қаватли уй...
Тақиқланмаган нарсаларнинг барчасига рухсат этилган
ҲОВЛИДА ТЎХТАШНИ ИСТАМАЙМАН,
ЛЕКИН МАЖБУРМАН
ИИББ пойтахт аҳолиси орасида турар жойлар оралиғидаги ҳовлиларда тўхташни тақиқлаш тўғрисида сўров ўтказмоқда.
Турар жой мавзеларидаги ҳовлиларда автомобилларнинг тўхташ жойлари масаласи ҳаммани шу қадар безовта қила бошладики, ҳатто Тошкент шаҳар ИИББ ўзининг https://iibb.uz/ru/news/avto-vo-dvorah-zhilyh-domov-kto-za-kto-protiv расмий сайтида ким турар жой ҳовлиларига машиналарни олиб кириш ва тўхтаб туришни тақиқлашни ёқлаб чиқади, деган мавзуда аҳоли ўртасида сўров ўтказди. Сўров натижалари йўл ҳаракати хавфсизлиги, шу жумладан турар жой ҳовлилари ва мавзе оралиғидаги кўчаларда хавфсизликни ошириш чора-тадбирларига йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқиш учун зарурдир.
Аслида "тарафдор" ва "қаршилар"ни аниқлаши лозим бўлган сўров ижтимоий тармоқларни росмана баҳс-мунозара ўчоғига айлантирди. Мавзу вазиятни таҳлил этган ҳолда таклифлар, "ким айбдор?" деган саволлардан тортиб, "нима қилмоқ керак?" деган жавоблари топилган мунозаралар билан тўлиб-тошди. Муаммо нимада? Пойтахт шаҳар маъмурлари автомобиль эгаларига замонавий ва кўп қаватли тўхташ жойларини қуриб беришни ваъда қилган ҳолда гаражларни бузиб ташлади. Ваъдалар эса бажарилмади. Бузилган гаражлар ўрнидаги ер участкаларида шошилинч равишда янги иншоотлар, кафе, гузар, савдо-кўнгилочар марказ ва бошқалар қад ростлади, бу эса муаммони янада кескинлаштирди. Гаражи бузилган шахсларнинг сафи тезкор суръатларда янги иншоотлар қуриб олган хонадон эгалари билан алмаша бошлади. Улар орасига савдо-кўнгилочар инфратузилма ходимлари ва ташриф буюрувчилари ҳам қўшилди. Замонавий автотўхташ жойлари масаласига доир пухта ўйланган сиёсати эса шаҳар маъмуриятида мавжуд эмас.
Фуқаролар ўз автомашиналарини қаерда сақласин? Пойтахтда тўхташ жойларининг сони ниҳоятда кам. Шунинг учун ким қандай эпласа машинасини шундайлигича тўхтатиб кетмоқда: кимдир тақиқлаш белгилари бўлмаган йўл бўйида икки қатор қилиб, кимдир кўп квартирали уйларнинг ҳовлиларига, қўшниларнинг деразаси тагига қўймоқда. Гарчанд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда, Йўл ҳаракати қоидаларида (24.12.2015 йилдаги 370-сон ВМҚга 1-илова), КМК-2.07.01-94 да бир қатор тартибга солувчи меъёрлар мавжуд бўлса-да, лекин тўхташ жойлари билан боғлиқ масала амалда назоратдан ташқарида қолган. Бу худди қоидаларсиз ўйинга ўхшайди. Мавжуд қоидалар биз ҳозирда яшаётган воқеликка мос келмайди. Улар ишлаб кетиши учун воқеликни ўзгартириш керак. Шаҳар маъмурияти замонавий тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича чуқур ўйланган, ҳар томонлама пухта ечим ва ҳаракатларни илгари суриши лозим.
Пойтахтнинг кўпгина микротуманларида муаммо пишиб етилган - уй атрофидаги ҳудудлар автомобилларга тўлиб-тошган. Машинанинг нақ деразангиз тагида туриши
...